(Бировга айтиб берган эдим, «ўлай агар, ишонмадим», деди. Майли, ишонмаса ишонмасин, аммо ўлмасин.)
Йўққулободда ким кўп, омад қуёши кулиб турганлар кўп. Войқул ҳам шуларнинг бири. Омади кулмаса, юк машинаси сотиб олардими? Йўққулободда омади бор одамнинг хўрози ҳам тухум қилади, дейишгандай, ҳосил ҳам мўл бўлди-ю Войқул бир машина сара қовун билан «Қайдасан, Кенгқош!» деб йўлга тушди. Қўлида Хотинхўжаси ёзиб берган отнинг белидек бўлмаса ҳам, думи қадар узунликдаги рўйхат. Шу рўйхат бўйича Кенгқош бозорларини овлаши керак. Минг турли орзулар билан кетаётувди, бир йигитча ола таёғини кўтариб «Тўхта!» деди. Айтмоқчи, бунақа азаматларни Масков томонларда илгари “ГАИ” дейишарди, Йўққулободда биров «йўлларингдан айланай, сен салом бергин, алик олмаган – номард” дейди, яна бирови қисқагина қилиб, “ВОИ”. Ола таёғидан ҳам номи узайибди, барака топгурларнинг. Топиш-тутиши ҳам шу номига қараб узайса майли-я! “ВОИ бола”, ҳужжатларни текширгиси келиб турган экан, Войқул ҳамма қоғозларини берди. «Ака, ҳамма ҳужжатингиз жойида экан, эсон-омон бориб келинг, Худо бозорингизни берсин», дейишини кутиб, у нодонгина: «Янгангиз билан деҳқончилик қилувдик, энди меҳнатнинг роҳатини кўрадиган бўлиб турибмиз» деб юбормайдими? «Ие,- деди «ВОИ бола»,- ҳали янгам билан бирга деҳқончилик қилдингизми? Бунинг ҳужжати йўқ-ку?» Войқул, ҳомкалла, хотини билан бирга далада ишлагани ҳақида қоғоз қилиб олмаган экан. «ВОИ бола» «бу ҳужжатсиз сизга шаҳарга йўл йўқ»,- деб туриб олди. Яхшики, Войқулнинг калласи ишлаб қолди. «Болангдан айланай, ВОИ бола, иккита қовун берсам, ўша ҳужжатнинг ўрнини босадими?» дедим. “ВОИ бола” «Нима, мен порахўрманми!»- деб уни жеркиб берди. Войқул вой-войлаб ўтирмай, савдони барибир пишитди. «ВОИ бола»нинг китобидаги қоида бўйича ўн донагина қовун порага кирмас экан, ўзи танлаб олиб, Войқулга «оқ йўл» тилади. Йўлда «ВОИ бола»лар ҳам кўп экан. Ҳаммасига ола таёқ етказиб берганларга ҳам қойил қолиш керак. Ҳаммаси Войқулни кўриши билан таёғини ўйнатиб қолса-я! Биттаси: «далада бирга ишлаганингиз чин хотинингизми ё ўйнашингизми, нега ҳужжати йўқ», деса иккинчиси: «ўша аёлингиз хотин жинсидан эканига гинекологдан ҳужжат олишингиз керак эди»,- дейди. Аммо буларнинг орасида биттаси ҳам порахўр эмас экан, шуниси аж-жойиб! Войқул ўнта-ўнта қовун билан ишларини ҳужжатлаштириб бораверди. Кенгқошга етай деганида машина тепасига чиқиб қарасам, худди атай санагандай ўнтагина қовун қолибди. Ният – холис-да! Бу қайси бахти кулганга насиб қилганийкин, деб турувди, яна битта «ВОИ бола» келди. Қоғозларни ўқиб чиқиб: «Ҳужжатга қараганда машина эркак кишиники экан», деди. «Ўша эркак – аканг қарағай бўлади, акаси жонидан»,- деди Войқул. У эса Войқулга яхшилаб қараб олиб: «Бу ерда эркаклигингиз ҳақида ҳужжат йўқ-ку?»- деди. «Эркаклигимни кўриб турибсан-ку?» деса, бола пақир, «Мен кўриб турганимга ишонмайман, ҳужжатга ишонаман»- деди. Хуллас, қолган ўнта қовун эвазига эркаклигига ишонтирди. Қовун кетса кетсин, обрў кетмасин, деди-да!
Шаҳаргача келиб, орқага қайтиб кетавермай, деб бир айлангиси келди. Яхши ҳамки хотини қовун сотилгунча паттачи-маттачига ишлатиб турарсиз, деб пича пул берган эди. Шаҳар ичида ҳам олатаёқлар кўтарилиб турар экан. Ҳар кўтарилганда чўнтак қоқилаверди. Охири ютқизган ночор қиморвоз хотинини тиккандай, Войқул ҳам машинанинг биттадан бўлагини ташлаб кетаверди. Тўртта ғилдиракка қаноат қилган “ВОИ бола»нинг инсофи бор экан, қоқ суяги қолган машина «склети»ни йўловчи «Камаз»нинг кажавасига ортиб берди. Қовун ортиб Кенгқошга келаётганида қадрдон бўлиб қолган “ВОИ бола»лар қайтишини интиқ кутиб туришган экан, Войқул уларни ҳам қуруқ қўймади. Қишлоққа кираверишда елкасида битта тўн-у, қўлида машинанинг калитигина қолган эди. Охирги «ВОИ бола», отасига раҳмат, калитни олмади, «сизга биздан эсдалик бўлсин», деди аммо тўнини олди. «Эскироқ бўлса ҳам сизники табаррук, итимнинг тагига соламан»,- деди.
Войқул “Саргузаштларимга уйдагилар ишонишмас», деб хавотирланганди, йўқ, калитни далил қилгач, хотини дарров ишонди. Аммо ҳеч ким ранжимади. Йўққулободда туғилиб-ўсмаган Афанда битта тақа топиб олиб, «яна тўртта тақа топилса, тепасига биттагина эшак топсам бас», деган экан. Войқулда калит бор, тўртта ғилдираг-у, битта мотор, яна кузов деганларидай… топиш қийин эканми? Лекин кейинги йил Борқандга боришни мўлжал қилиб қўйди. Ўйлаб қараса, шу шаҳарни кўрмаган экан. Тижорат бўлмаса зиёрат, деганлар, а, лаббай?

Биз бу баённи ёзиб ўтирганимизда Войқул шошиб турган эди. «Қаёққа кетяпти?» дейсизми? Хотинининг қайнонасига қиз экани, ўзининг эса қайнонасининг куёви экани ҳақида ҳужжат олиб қўйиши керак. Яна ким билади, йўл узоқ…