Қандай шамол учирди, Алқул билмайди. Лекин кўзларини юмиб очгунича ўн саккиз минг оламнинг бирида пайдо бўлиб қолди. У ердаги одамларнинг турқу-таровати йўққулободликларникидан сал бошқачароқ: оғиз-бурун башаранинг олдида, кўзлари эса орқада. Қулоқ эса умуман йўқ. Қилар ишлари ҳам мутлақо ўхшамайди. У шундай жой эканки, аравалари отдан олдин юраркан, пашшалари филларга хўжайин-у сичқонлари йўлбарс овлаб кун кўраркан. Алқул «Во, ажаб!» деб турганида тескарикўзлардан бири келиб, тескари кўзлари билан синовчан боқди-да:
– Шу юртнинг тобеси бўлиб, яйраб яшашни истайсанми?-деб сўради.
Яйраб яшашни истамайдиган аҳмоқ бормикин, бу ўн саккиз минг олам аро? Алқул саволга жавобни ўйлаб ҳам ўтирмай “албатта-да!” деди.
– Амирлардан бўлишни хоҳлайсанми?-деб сўради тескарикўз ундан кўз узмай. Алқул: «Бекорга сўрамаётгандир, яна бирон шикаст етказиб қўймасин», деган ҳадикда дарров «йўқ» дейишга қўрқди. «Амирлик қийинмасдир, биз томонларда кимлар амир бўлмади», деган қарорга келиб «Хоҳлайман», деди.
– Унда кўрик-танловдан ўтишинг керак,-деди тескарикўз.
– Сайловданми?-деб сўради Алқул тушунмай.
– Сайлов кейин бўлади. Аввал кўрик-танловдан ўтасан, қани юр!
Алқул унга итоат билан эргашди. Қараса, бир бино атрофи тумонат одам. Ҳаммаси қулоқсиз ва тескари кўзли.
– Булар ҳам амир бўлишмоқчими?-деб сўради Алқул.
– Агар танловдан ўта олишса,-деди тескарикўз.
Алқул «навбатим бир йилда ҳам келмаса керак», деб юраги сиқилиб турувди, уни меҳмон деб сийлашдими, дарров чақира қолишди.
– Сенинг қулоғинг бор экан, шунинг учун қўшимча сайловдан ўтасан,- дейишди унга.
Хуллас, биринчи танлов – эшита туриб, эшита олмаслик экан. Алқул қийналди. Кўзни юмса, кўрмаслик мумкин. Лекин қулоқни қандай беркитсин? Лекин ақлни ишлатиб, иложини топди.
– Биз томонларда муттаҳамлар кўп, кўрдингми?-деб сўрашди ундан.
Алқул кўзларини жавдиратганича эшитмагандай бўлиб тураверди. Бу саволни такрор ва такрор, жаъми бир юз саккиз марта сўрашди. У эса гунг ҳолини ўзгартирмади. Унинг бу санъатидан ҳаяжонланишиб, энг юқори баҳо – ўн балл қўйишди. Иккинчи танлов гапирмасликдан эди. Қизиғи шуки, бу мамлакатнинг амирлари мутлақо гапирмасликлари керак экан. Алқул шунга ажабланиб турганида: «Порахўрликка қарши кескин чора-тадбирлар қўллаш керак», деб айтгин», деб буюришди. Биринчи танловда кар бўлган одам энди бинойи соқов бўлиб берди. Бир юз саккиз марта буюришди, бир юз саккиз марта тилини тишлаб тураверди. Кейинги танлов осонроқ экан: бир амр лойиҳаси овозга қўйилди. Алқул қўл кўтариб, маъқуллаши керак экан, лойиҳанинг ярмини ҳам эшитмай шарт иккала қўлини кўтариб овоз берди. Тескари кўзлар бунақасини сираям кўришмаган эди, қойил қолишди. Лойиҳа минг марта овозга қўйилди, Алқул минг бир марта тасдиқлаб ташлади. Яна овозга қўйишса, оёғимни ҳам кўтараман, деб турувди, йўқ, шу билан кифояланишди, иш оёқ кўтаришга бориб етмади. Тўртинчи танлов ундан ҳам осонроқ экан. Қонун қабул қилиндими, энди чапак чалиш шарт экан. Алқул чунон қарсак уриб берди-ки, иморат титраб кетди. Атрофда амирлик умидида турганлар бу қарсак зарбидан карахт бўлишиб, «энди бизга бу ерда нон йўқ экан», деб тарқаб кетишди. Қоида бўйича икки дақиқа қарсак чалиш шарт эди. Алқул «бу ёғи кўтара савдо бўла қолсин», деб уч ойлигини бир қилиб чалиб бера қолди.
Алқул амирлар сайловидан ҳам ўтди. Очиғи, қандай ўтганини ўзи ҳам сезмай қолди. Энди Алқул тескари кўзлар оламида амирлик айшини суриб юра турсин, гапни унинг Йўққулободдаги қишлоғидан эшитинг: эрининг йўқолиб қолганидан ташвишга тушган хотини бир пойи тешик калишини судраб, уни излайверганидан калишининг иккинчи пойини ҳам тешиб олди. Нима қиларини билмай ўтирганида ғойибдан бир овоз келдики: «Эй Алқулнинг хотини! Эрингдан ташвишланма, у ўн саккиз минг оламнинг тўққизинчисида амирлик айшини суриб юрибди». Хотин бу овозга аввал ишонмади. Кейин синаб кўриш учун: «Амир бўлса бўлаверсин, лекин менга янги калиш олиб берсин»,- деди. Ғойибдан келган овоз буни эшитдими, Алқулга талабни етказдими, биз билмаймиз. Бизнинг билганимиз хотинга ҳали ҳам янги калиш битгани йўқ. Хотин эридан ҳам, калишидан ҳам ажраб ўтирибди, дейишяпти, лекин бу гапга ишонишимиз қийинроқ.
Тоҳир Малик. Тескари кўзлар (ҳажвия)
(лофчининг липпасидан тушиб қолган ҳангома)