Тоҳир Малик. МишТАГ хизматингизда (ҳажвия)

МишТАГ хизматингизда

Ҳозир нима кўп, шахсий корхоналар кўп. Каминага ўхшаган ношуд бандалар бунақа ишларни эплолмайди. Лекин бошқадан қолсак, қулоғимизни кесамиз, деган одатимиз бор. Ўйлаб-ўйлаб биз ҳам шахсий корхона очмоққа бел боғладик. Қайси бир мамлакатда одамлар ғалвирда сув ташир эканлар. Биз уларга тақлидан ғалвирда гап ташишга ният қилдик. Корхонамизга МишТАГ деб ном қўйдик. Бунинг маъноси – менинг ихтиёримдаги шахсий телеграф агентлиги. Демак, биз миш-мишлар, лоф-қоялар, олди қочди гапу эълонлар билан тирикчилик қилишни бошламоқчимиз.
Омадимизни берсин, омийн!
Ишни МишТАГ ғалвирига тушган дастлабки эълонлар баёнидан бошлаймиз.

Ҳокимликда:
Қиш мавсумида  шаҳар кўчаларига сув сепувчи автомашиналарда ишлаш учун ҳайдовчилар таклиф этилади. (Изоҳ: ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши шарт эмас.)
***

Шаҳар кўчаларида ёнмайдиган светофорларнининг ишлаб қолгани ҳақидаги хушхабарни етказган кимсага аталган суюнчи маблағи сарф қилинмагани сабабли бу пуллар келгуси йил ҳисобига тўлалигича ўтказилади. Қадрли пиёдалар, диққатингизни сусайтирманг, суюнчи сизни кутмоқда!
***
Тўхташ жойида тушувчи йўловчиларга қулайлик яратиб, орқа эшикни очган автобус ҳайдовчиси шу мардлиги туфайли Гиннес китобига киритилди. Бу мардлик бошқа ҳайдовчиларга юқмаслиги учун автобус ҳайдовчисининг номи сир тутилмоқда.
Ишхонада:
Бозор иқтисодига ўтиш муносабати билан декрет отпускасига чиқадиган аёллар маъмуриятни камида ўн тўрт ой аввал огоҳлантиришлари шарт.
Ресторанда:
Ресторанимизга кимё факультетини битирган ошпазлар, физика факультетини битирган овқат сузувчилар, бошланғич синф маълумотли, аммо арифметикани билувчи официантлар, жисмоний тарбия факультетини битирган фаррошлар ва ўзбек тили факультетини битирган юк ташувчилар керак.
Ошхонада:
Хўрандаларнинг истак ва талабларини инобатга олган ҳолда, таомларнинг ҳилма-хиллиги ва тўйимлилигини таъминлаш учун кунлар қуйидагича тақсимланади: пайшанба – балиқ куни, жума – ўрдак куни, шанба – товуқ куни, якшанба – пашша куни, душанба – чивин куни. Сешанба ва чоршанба кунлари овқатларга гўшт умуман солинмайди.
Мактабда:
Кундалик дафтарим йўқолиб қолди. Уни топиб олган одамдан қайтариб бермаслиги сўралади.
Ҳайвонот боғида:
Бугун зоопаркимизда очиқ эшиклар куни ўтказилади. Қадамларингизга ҳасанот.
Кўчада:
Икки хонали уйни сотаман. Қўшнимни кеч соат еттидан сўнг кўришингиз мумкин.
Майдонда:
Беш кишидан иборат талабалар оиласи бир хонали уйни ижарага олади. Уй топилмаса, каравотнинг ўзини олади. Бунинг ҳам иложи бўлмаса, каравотнинг бир бурчагини ижарага олишга ҳам розимиз.
Қабулхона эшигида:
Бошлиқ 10 дан 100000000гача қабул қилади.
Маҳаллада:
Эрим йўқолиб қолди. Алоҳида белгилари йўқ. Топилганидан кейин алоҳида белгилари ҳам бўлади.
Газетада:
Машҳур олим Ру Сафга профессор унвони берилди. Жаноб Ру Саф беш йил илгари тухум туғадиган хўроз яратган эди. Бу йил у тухум туғмайдиган товуқ яратиб, жаҳон фанига улкан ҳисса қўшди.
Ҳорижда:
Америкада “Айсбергларни ҳимоя қилиш” ҳаракати таъсис этилди. Ҳаракат айсберглар эриб битгач ўз фаолиятини бошлайди.
Австралияда:
Кенгуруларнинг бўшаб қолган халтаси филларга ижарага берилади.
Метрода:
Метрополитен маъмурияти йўловчилар ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадида метрополитендан фойдаланиш қоидаларига ўзгартириш киритилганини маълум қилади:
1.Келгуси якшанбадан эътиборан, ёмғир ёғаётган кезлари метрополитенга узун қўнжли резина этиксиз кириш ман этилади.
Изоҳ:
А) Этикнинг қўнжи тиззадан паст бўлмаслиги керак;
Б) Мазкур қоида эркагу аёл учун бир хилда қўлланилади.
2.Ўн олти ёшга тўлмаганлар учун чўкишдан қутқарувчи чамбарак бўлиши шарт.
3. Ёмғирли кунлари метрополитенда балиқ тутиш қатъиян манъ этилади.
4.Ёмғир ёққан кунлари вагонлардан то юқорига олиб чиқувчи зиналарга қадар бўлган масофада эшкакли қайиқлар хизматидан фойдаланишингиз мумкин. Хизмат ҳақи – шартнома асосида. Чакка ўтувчи дунё метрополитени тажрибаларидан фойданилган ҳолда яқин ойлар ичида эшкакли қайиқ ўрнига  сув ости кемасидан фойдаланиш режалаштирилган (бу хизматдаги кира ҳақи алоҳида эълон қилинади).
Изоҳ: Эшкакли қайиқларни тешиб қўйиш, эшкак дасталарига исмни ўйиб ёзиш қатъиян таъқиқланади.
Китоб дўконида:
Дўконимизнинг пештахталари янги асарлар билан бойиди. Китоб мухлислари атоқли ўзбек ёзувчилари Уилямжон Коллинзнинг “Женшина в белом”, Жекбой Лондонийнинг “Белий клик”, Александрхўжа Дюмабекнинг “Три мушкетёра”, ва шунингдек, Жоним Стейнбек ва Жоним Голсуорси, Ивонжон Турғунов каби улуғларнинг асарларини харид қилишлари мумкин.
Театрда:
“Фарҳод ва Ширин” томошасида Фарҳод рўлини узлуксиз олтмиш йил бадалида ўйнаб келган артист вафот этгани муносабати билан Ширин маъшуқининг бўшаб қолган  ўрнини эгаллаш учун ижодий танлов – конкурс эълон қилинади.  Конкурс шартлари қуйидагича: конкурсда иштирок этувчининг бўйи 160 сантиметрдан, оғирлиги 65 килодан ошмаслиги ва албатта эркак жинсидаги актер бўлиши шарт.
Ўрмонда:
Ўрмон суди арслоннинг қизини зўрлашда айбланган қуённинг жиноий ишини кўриб чиқиб, қуённи айбдор деб топди. Суд қуённи йўлбарс хизматига юборишга ҳукм қилди.
***
“Булбул-2006” қўшиқ конкурсида Олақарға ғолиб чиқди. Унга ғолиблик нишони ва “Консерватория профессори” фахрий унвони берилди. Шу йилдан эътиборан Олақарға “булбул наволари” фанидан талабаларга дарс беради.
***
Эшак яйраб ҳанграётган пайтда  Саман от беҳос кишнаб юборгани учун кишнаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Итлар оламида:
Ҳаммомдаги  хотинлар бўлмасига қараб вовуллагани учун Тўрткўз ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилди.
***
Ҳамма тишлари бутун Бўрибосар ит эканимни маълум этиб, ўзимга қаллиқ излаётганимни эълон қиламан. Бўлажак хотинимнинг думи кесилмаган бўлиши шарт. Баҳор ойларида орқасидан эргаштириб юрадиган итларнинг сони ўнтадан ошмаслиги зарур. Кечаси таом топиб келиш учун қўшни маҳаллага икки соатга бориб келишга руҳсат этилади. Мен билан тақдирини боғламоқчи бўлган ит каминани эски молхона ёнидаги қуриб қолган зовурдан топади. Кўприк остида икки итлик жой ҳозирлаб қўйганман. Қулоғим оғирлашиб қолгани сабабли қаттиқроқ вовуллашингизни сўрайман.
***
Дайди ит Олапар хонимни Саримсоқдаҳадаги биронта урғочи итга бартер усулида алмашади.
***
Лайчахон ит мистер Бўрибосар билан овчарка итлар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларга солиқ солинмайди.
***
Този итлар тумов бўлиб қолгани сабабли Бўрибосар итлар бедана овига таклиф этилади.
Янгиликлар:
“Балли, қизлар!” клубида қизлар орасида сақич чайнаш бўйича мусобақалар бўлди. Мусобақалар кескин,  муросасиз ва дўстона руҳда ўтди. Мусобақага меҳмон сифатида таклиф этилган йигирма олти ёшли Кимсанбой Мерганов барчани ҳайратда қолдирувчи ютуққа эришди. Ҳакамлар Кимсанбойни сақич чайнаш бўйича мутлақ чемпион, деб топишди. “Балли, қизлар” клуби эса янги чемпионни клубнинг фахрий аъзолигига қабул қилди.
***
Темирйўлчилар йўловчиларни зериктирмасликнинг антиқа усулини ўйлаб топдилар. Энди поезд ўрнидан жилиши билан йўловчилар ўртасида чойшабларни қуритиш мусобақаси бошланади. “Тошкент – Китоб” йўналишидаги поезд йўловчилари нам чойшаб, ёстиқжилд, сочиқларни ким тез қуритиш мусобақасини биринчилардан бўлиб  бошлаб бердилар. Мазкур мусобақада чойшабларни Самарқандга қадар қуритишга эришган Собиров биринчи ўринни, иккинчи ва учинчи ўринларни эса чойшабларини Қарши бекатига қадар қуритишга эришган Алиева ва Валиевалар эгалладилар. Уларга  қайтиш маҳали нам чойшаблардан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Бундай мусобақалар ҳозир барча йўналишларда давом этмоқда.
Ҳурматли йўловчилар, танловда иштирок этинг ва бахтингизни синаб кўринг!
Врач маслаҳати:
Дори-дармонларнинг сифатига ишонч йўқолгани сабабли сизларга чиниқишни маслаҳат берамиз. Чиниқиш йўллари ҳар хил. Сиз кун обдон қизиган пайтда  югуриб ёки бошқа жисмоний ҳаракат қилинг-да, сўнг сўнг музхонада турган ярим литрли идишдаги сувни  нафас олмай, бир кўтаришда ичинг. Агар ўн икки соат ичида иситмангиз чиқмаса,  бу машғулотни  такрорланг ва қўшимча равишда ярим кило музқаймоқ енг. Бу ҳам таъсир қилмаса, яна такрорланг ва музлатгич (холодильник) ичига кириб, уч соат ўтиринг. Шундан сўнг томоғингиз оғриса ёки иситма чиқса, ўзингизча даволашга киришмай, албатта, врачга мурожаат қилинг.
***
Ёз маҳали кўпчилик қорин оғриғидан нолийди. Бунинг олдини олиш учун ҳам чиниқиш керак. Яъни  пишиқчилик пайтида селитрага тўйинган бодринг, хандалак, гилос, қулупнойни тўйиб еб, устидан бир литр қайнамаган хом сув ичасиз. Агар бу ҳам ёрдам бермаса, устидан ўрик еб, яна сув ичасиз. Бу ҳам кор қилмаса, бир кило бодринг еб, устидан бир литр мағзава ичасиз. Шундан сўнг агар иситма чиқиб қолгудай бўлса, албатта врачга мурожаат қилинг.
Янгича таклифнома
Ҳурматли————————!
Сизни ва  оила аъзоларингизни олтмиш икки ярим йиллик юбилейим муносабати билан ёзиладиган тўкин дастурхонга лутфан таклиф этаман. Юбилей зиёфати 32 апрел соат 25дан 71 дақиқа ўтганда «Бетайин» тўйхонасида бошланади. Врачлар каминага Италияда ишланган пойабзал (45-размер), Алмонияда ишланган костюм (62-размер), Англияда ишланган палто кийиб юришни буюришганини минг истиҳола билан илова қилишни лозим топдим, айбга буюрмайсиз.
Камтархўжа Каттахўжаев

Кимга нима етишмайди?
Нима учун “бири кам дунё?” дейишади, биласизми? Чунки инсон зотининг кўнгил кўчаси ғоят кенг, шунинг учун у доим нолийди. Доим унга нимадир етишмайди. Ё нотўғрими? Қани, биргалашиб мулоҳаза қилиб кўрайликчи?
Сахрога сув етишмайди. Хотинга битта гап етишмайди. Эркакка битта хотин етишмайди.  Ўғрига пул тўла темир сандиқ етишмайди. Итга сўнгак етишмайди. Газетачига қоғоз етишмайди. Талабага имтиҳон чоғи пул етишмайди. Ҳайдовчига бензин етишмайди. Лайлакка илон етишмайди. Чойхоначига ошхўрлар етишмайди. Чўнтакка пул етишмайди. Гўрковга ўлик етишмайди. Иғвогарга олтинчи бармоқ етишмайди. Қизларга сариқ сочбўёқ етишмайди. Қиморбозга бешинчи “туз” етишмайди. Сутчига сув етишмайди.  Заргарга тилла етишмайди. Мушукка сичқон етишмайди. Сичқонга дон етишмайди. Севишганга орзу етишмайди. Божхоначига чегара етишмайди. Ғийбатчига вақт етишмайди. Имомга тугун етишмайди. Дояга ҳомиладорлар етишмайди.  Осмонга юлдуз етишмайди. Ашулачига тўй етишмайди. Деҳқонга ер етишмайди. Ялқовга ёстиқ етишмайди. Олимга китоб етишмайди. Жоҳилга илм етишмайди. Пахтага арзон теримчи етишмайди. Бозорга инсоф етишмайди. Тарозибонга виждон етишмайди. Қассобга гўшт орасига яширишга суяк етишмайди. Чойхонадаги фисқу-фасодчига чидамли одам етишмайди. Бахилга қишда қор етишмайди. Телевизорга Мексика кинолари етишмайди. Радиога жавраш етишмайди. Автобусга эшик етишмайди. Асаларига гул етишмайди.
Эски мақолларга янгича изоҳлар:

“Юз сўм пулинг бўлмасин, юзта дўстинг бўлсин.”
Изоҳ: Ҳар бири еб кетарга юз доллардан бера олувчи дўстлар назарда тутиляпти.
“Қазисан, қартасан, ўз наслингга қайтасан.”
Изоҳ: Қази-қарта қимматлашгани ҳисобга олинмайди.
“Икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамайди.”
Изоҳ: Айниқса битта калла аҳмоқроқ бўлса, янада қийин.
“Ит ҳурар – карвон ўтар.”
Изоҳ: Эҳтимол карвоннинг қулоғи оғирроқдир…
“Деҳқон бўлсанг, куз ҳайда.”
Изоҳ: Трактор топилса,  ёзда ҳайдаса ҳам бўлаверади.
“Олтин айнимас.”
Изоҳ: Сизнинг олтинингиз ер қаърида айнимай ётибди. Ишонмаганлар, қазиб олаверсин.
“Тил тойганидан кўра, оёқ тойгани яхши.”
Изоҳ: Иккови тоймаса, янада яхши. Чунки ҳар икки ҳолда ҳам ҳақ тўланади.
“Дўст бошга қарар, душман оёққа”.
Изоҳ: Агар бошда маъно бўлмаса, дўстнинг ҳам оёққа қарашдан ўзга чораси йўқ.
“Сўраб-сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим”,
Изоҳ:Отангнинг пули кўп бўлса, сен орланавер, пулсизлар сўраб-ўрганаверишсин.
“Бошига урсанг – туёғи зирқирайди”.
Изоҳ: Овора бўлиб бошига урмай, тўғри туёғига урилгани маъқул.
“Аҳмоққа Тўйтепа нима йўл”. (“Аҳмоққа Қува бир тош”,)
Изоҳ: Самолёт учиб турса,  Америка ҳам нима йўл?
“Қўшнинг кўр бўлса – кўзингни қис”.
Изоҳ: Жой олишда қўшнининг кўзига қараб олсанг, кўз қисиш балосидан қутуласан.
“Ўйчи ўйига етгунича, таваккалчи тўйига етади”.
Изоҳ:Ўйчи ноумид бўлмасин, у ҳам қуруқ қолмас, хотин ошига етиб борар.
“Сочи узун – ақли калта”.
Изоҳ: Айримларнинг сочи ҳам, ақли ҳам калта бўлар эмиш, во ажабо!
Реклама учун текин сценарий

1. Энг олий қимиз – ола буқанинг қимизидир. Чанқоғингга ишон! Ўзинг ҳал қил!
***
2. «Беминнат» фирмаси Канада хўрози тухумини бозорга нисбатан арзон нархда пуллайди. Канада хўрозларининг тухумини емабсиз, дунёга келмабсиз. Ишонинг: биринчи қошиқдаёқ севиб қоласиз. Мурожаат учун манзил: «Беминнат» фирмаси. Мўлжал: қўшни уйнинг шундайгина ўнг биқинида.
***
3. Телемухбир:- Нима учун ханги эшакларни севамиз? Биз шу савол билан харидорларга          мурожаат қилдик:
1-харидор: -Мен эшакнинг думини ёқтираман. У менга севган ёримнинг кокилини эслатади.
2-харидор: – Бу эшакларнинг қулоғини ҳеч бир одамда учратмайсиз.
3-харидор: – Нархи ҳам арзон, хиди ҳам мазали.
Телемухбир: – (Ҳаяжонини яшира олмай) Эшак бозоридаги хангиларни сотиб олинг. Менинг шаҳрим, менинг эшагим!
***
4. Қиз (кўзгуга қараб ўкиниб) – Вой ўлмасам, энди нима қилдим? Севгилимнинг кўзига энди қандай қарайман?
Дугонаси: – Нима гап дугонажон?
Қиз: – Қарагин, сочимга қазғоқ тушибди. Менинг йигитим қазғоқни сираям ёқтирмайди. Ўзинг ўйлагин, ўпишаётганимизда сочимдан қазғоқ ёғилиб турса?
Дугонаси: – Сен сира қайғурма, дугонажон. «Ачиган қатиқ» қўшма корхонаси биз билан! Улар бизнинг ғамимизни еб қўйишган. Сен бошингни ачиган қатиқ тўла челакка етти марта ботирасану қазғоқ балосидан бутунлай қутуласан. Кейин шу қатиқдан севгилингга ичирсанг, ўпишишларинг янада тотли бўлади.
Телемухбир: – Унутманг: «Ачиган қатиқ» қўшма корхонаси сизнинг халоскорингиз.
***

5. Бева чолларга: Анзират кампирнинг ачиган шўрвасини ичмабсиз, дунёга келмабсиз. Ичинг ва бир қошиқда севиб қолинг!

Текин сценарийга қалам ҳақи олиш умиди билан қолувчи: Тоҳир Малик