Тракторчиларнинг бугун ҳам ишлари унмади. “Туф” деса тупук музлайди. Ер метин бўлиб қотган, ярим таноб ҳайдалмасдан лемех ё қайрилиб қолади, ё плуг синади. Темирга қўл урилса чиппа ёпишади. Тракторчилар тўрт киши – унча-бунча совуқни писанд қилмайдиган чиниққан одамлар. Айримлари иссиқ пахталик шим, фуфайка, қалин пайтава ўраб, кирза этик кийиб олишганига қарамай, кабинада бир зумда дилдираб қолишади.
Бошпана – пахсадан қурилган, бийдек дашт ўртасидаги на туйнуги, на деразаси бўлган мана шу омонатгина уйча. Шишаси қорайиб кетган фонус хира нур сочади. Ўртадаги ерўчоқдан чиққан аччиқ тутун димоқни ачиштириб, кўзни ёшлантиради. Хўжалик марказидан эллик километр узоқдаги бу тоғ участкасига тракторчилар амаллаб етиб келишганига бир ҳафта бўлди. Тоғ орасидаги қишлоқ ва отарлар олис бўлгани учун шу уйчада қўним топдилар. Бу участкада жамоанинг йилқилари, отарлари боқилади, тоғ этагига туташ минг гектарча паст-баланд лалми ерга ғалла экилади. Ёғин-сочин мўл бўлган йили нари борса гектаридан тўрт-беш центнер ғалла олинади. Қурғоқчилик йиллари шу ҳам йўқ. Хўжалик ер ҳайдаш, экиш, уруғлик, ўрим-йиғим харажатларига куйиб қолаверади.
Тракторчилар ташвишланиб қолишди: озиқ-овқат, ёнилғи тугаяпти. Икки кун аввал хўжаликка кетган механикдан дарак йўқ. Увадаси чиққан кўрпага ўраниб олган, ҳар хил воқеаларни кифтини келтириб айтишга уста Ғани яқинда тоғдаги қишлоқда бўлган воқеани ҳикоя қилаяпти. Лекин бу ҳамкасбларининг қулоғига кирмайди. Уларнинг хаёли раиснинг шудгорни биринчи февралгача тугалланглар деган топшириғи билан банд. Ҳар бири камида икки юз эллик гектардан ер ҳайдашлари керак. Қаҳратон совуқ эса бунга йўл бермайди.
Ташқарига чиққан Эрназар уйча томон қоқиниб-суриниб келаётган кишини кўрди. “Механикмикан, машинаси қорга тиқилиб қолган бўлса, пиёда келаяптимикан” деган ўй ўтди хаёлидан. Йўловчи Эрназар рўпарасига келиб қаддини ростлади, бегона киши экан. У қаршисида турган тракторчини кўриб, довдираб қолди.
– Кечирасиз! – у совқотиб қолганидан саломлашишга ҳам лаблари қовушмай ғудранди.
Унинг аҳволини кўрган Эрназар суриштириб ўтирмай ичкарига таклиф қилди.
– Совқотиб қолибсиз, қани, ичкарига марҳамат!
Йигит бироз хавотир билан унинг ортидан уйчага кирди. Кўзи нимқоронғиликка кўникмай эшик ёнида туриб қолди. Тракторчилар “бу ким бўлди экан”, дейишгандай унга қарашди. Йигирма беш ёшлардаги истараси иссиққина йигит, устида қалин чопон, бошида дўппи, устидан қалин жун рўмол ўраб олган. Кўзларида аллақандай ҳадик зоҳир.
– Меҳмон, – деб қўйди Эрназар изоҳ бергандай.
– Бундай совуқда яхши хўжайин итини ташқарига чиқармайди, – деди тракторчилар бригадири Раҳмат ака. – Қандай шамол учирди, биз томонларга? Қани, ўтиринг!
– Тоғ орасидаги Тошкамар қишлоғиданман, – деди йигит хижолатомуз, ўчоқ ёнига чўкар экан. – Қўшни қишлоққа қариндошларникига борувдим, ҳали ёруғ-ку, етиб оларман, дегандим, бўрон қўзғалиб йўлдан адаштирди, даштга чиқиб кетибман…
– Ҳечқиси йўқ, омадингиз бор экан, бизга дуч келдингиз, Худо кўрсатмасин, ҳолдан тойиб музлаб қолишингиз, ё бўриларга ем бўлишингиз ҳеч гап эмасди, – деди Раҳмат ака.
– Мана, шоҳона бўлмаса-да, бошпана кулбамиз бор, биз билан тунайсиз, танишиб оламиз, гурунглашиб чиқамиз, эртага Худо пошшо, бир гап бўлар, – деди Эрназар.
Ҳикояси чала қолган Ғани ўчоқда қайнаб турган чойнакдан темир кружкага чой қуйиб узатди. Дастурхондаги синдирилган қотган нонни олдига суриб қўйди. Эндигина кўрпасига кирган Юсуф тракторчи меҳмон томонга ўгирилиб қараб: “Қизиқ!” деб қўйди. Қаттиқ совуқданми, аччиқ тутунданми йигитни йўтал тутиб қолди. Ўқчиб-ўқчиб йўталиб, анчагача ўзига келолмади.
– Мана бунга ўраниб олинг, исийсиз, – деди Эрназар унга тўнини узатиб.
– Раҳмат!
Орага жимлик чўқди. Тракторчилар унинг кимлигини суриштириб ўтиришмади. Ҳамма яна ўз хаёлларига берилди. Жимликни Эрназар бўлди.
– Ғани, ҳали тоғдаги қишлоқда нима бўлибди, деяётгандинг?
– Ҳа, тоғдаги қишлоқда сочи тақимини ўпадиган сулув қиз бор экан, – дея давом этди Ғани ҳикоясини эшитмоқчи бўлишганидан руҳланиб. – Ой деса оғзи, кун деса кўзи бор экан, кўрган кишининг ақли шошаркан…
– Бахши бўлиб кет-е, – луқма ташлади вужуди қулоққа айланган Эрназар. – Бундай қўшиб-чатмай индаллосини айт, қўй-да!
Бошқалар ҳам қулоқларини динг қилишди. Фақат ўчоқдаги оловга кўксини тоблаб ўтирган меҳмон йигитнинг юзида ҳеч қандай ўзгариш сезилмади.
– Гапни белига тепма-да, – норози бўлган Ғани бироз жим қолди.
– Бўпти, бўпти, гапир!
– Ўша ҳурлиқонинг ошиқлари кўп экан, – давом этди Ғани. – Лекин у армияга кетган бир йигитга сўз берибди. Аммо совчилар эшик турумини бузиб келавергач, ота-онаси бошқа йигитга унаштириб қўйишибди. Қизнинг зор-зор йиғлагани ҳам отанинг аҳдидан қайтара олмабди. Энди буяғини эшитинг!
– Эшитаяпмиз, эшитаяпмиз!
– Яқинда қиз билан аҳду паймон қилган йигит армиядан қайтибди. Воқеани эшитиб ўзини қўярга жой тополмай қолибди, бечора ошиқ. Қанчалик уринмасин, севгилиси билан учрашишнинг иложи бўлмапти. Пайт пойлаб, ярим тунда девор ошиб қизнинг уйига кирибди, олиб қочмоқчи бўлса керак-да.
– Офарин, жасур йигит экан, – Эрназар завқланиб гувраниб қўйди.
– Муҳаббат оташи кишини нима кўйга солмайди, – деди хўрсиниб Раҳмат ака. – Ўзингни ўтга ҳам, сувга ҳам уришдан тоймайсан.
– Бу дейман, сизни ҳам жигардан ургани бўлганми, ака, – кулди Эрназар.
– Жим бўл-ей, сен севгини тушунармидинг, – деди Раҳмат ака. – Ғани, давом эт!
– Қиз ётган тўшак бошига келиб, секин… қулоғига “мен келдим, жоним”, деб шивирлабди. Қўрқиб уйғониб кетган қиз дод солиб юборибди. Бошқалар ҳам уйғониб қий-чув бўлиб кетибди. Отаси “ўғрини ушланг”, деб йигитга ташланибди. Воқеа бундай тус олишини кутмаган йигит саросимага тушиб нима қилишини билмай қопти. Кейин ҳушини йиғиб олгач, қизнинг отасини чангалидан юлқиниб чиқибди-да, дағ-дағ титраб турган қизнинг елкасига ёйилиб тўлғаниб турган сочларини тутамлаб шартта тубидан кесиб олибди. “Бу менга сендан ёдгорлик” деб уйдан отилиб чиқиб, девордан ошиб ғойиб бўлибди. Ҳозир милиция қидириб юрганмиш. Унаштирилган йигит “қиз бадном бўлди”, – деб уйланишдан воз кечибди…
– Қиз мабодо сизнинг қишлоғингиздан эмасми? – Меҳмон йигитга ўгирилди Раҳмат ака. Лекин жавоб бўлмади. Йигит ўчоқ ёнида чопонга ўралиб ғужанак бўлиб ухлаб қолган эди.
– Роса ҳолдан тойган эканми, – деб қўйди Эрназар. Кейин Ғанига юзланиб қитиқ патига тегди.
– Мабодо воқеа устида бўлмаганмидинг? Чўпчакни қотириб қўйдинг-да ўзинг ҳам.
– Нима, мен ичимдан тўқибманми, одамлардан эшитганимни айтдим-да, – деди Ғани ранжиб.
– Вақт ҳам алламаҳал бўлди, йигитлар, қани биз ҳам энди ётиб ухлайлик. Қайғули воқеа экан, бўлса бўлгандир, – деди Раҳмат ака ўрнидан қўзғалиб.
Йигит қаттиқ чарчаган экан, қотиб ухлабди. Тонг ғира-шира ёришганда тетикланиб уйғонди. Тракторчилар ҳали хуррак отиб ухлаб ётишарди. У шошиб ўрнидан турди-да, қўйнидаги соч ўрамини пайпаслаб кўрди. Жойида эканлигига ишонч ҳосил қилгач, оҳиста уйчадан чиқиб кетди. Ташқарида совуқ забтига олган, изғирин увуллаб, қор бўралаб ёғарди.