Тоғай Мурод. Эр-хотин (ҳикоя)

Йўқ, улар Анҳор бўйида учрашмади. Учрашувда ўзиники қилиб айтиш учун китоблардан шеърлар кўчириб олмади. О, мен сени севаман, сенсиз яшай олмайман қабилидаги мавсумий сўзларни сўзлашмади. Лаблар топишганда қизнинг узун товони ердан сал кўтарилмади. Йўқ, йигит қизни безорилардан қутқариб қолмади…
Яхши шоир Ўролбой кўрпага бурканиб, ишқий шеър битди. Мисраларини фарзандидай ардоқлаб, вояга етказди. Беихтиёр ўзининг биринчи муҳаббатини — синфдоши Холбувини эслади… Қоронғини қучоқлаб, Холбувини бағрига босгандай бўлди. Кўнглига оқшомдай маъюслик чўкди. Тўшакдан имиллаб туриб, тимирскиланиб бориб чироқни ёқди. Биринчи китобини варақлади. Шеърлари кўзига жуда бачкана кўринди. Юзларини бужмайтириб, китобни каравот остига отиб юборди…
Йўқ, шоир аввало ўзининг шоҳ асарини яратиши лозим экан. Ўролбой мана, ўттизга тўлибдики, шоҳ асари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмабди. Буюк асари қолиб, иккинчи даражали асарлари билан овора бўлибди…
У зўр пушаймон билан ўзига қайлиқ излади. Топди: оддий тикувчи Барчиной. У Барчиной билан сохта бўлса-да, жилмайиб гаплашиб, шаҳар истироҳат боғига борди. Ярим килодан музқаймоқ ейишди. Ўролбой бўлажак кайлиғининг кўзларига тикилиб… кўнглига доир ҳеч нимани ҳис этмади. «Ҳаётда жуфт бўлиб яшаш керак экан, иложимиз қанча», деди ичида. Сўнгра, ўз гапини ўзи маъқуллаб, бош ирғади. Барчиной эса ҳатто унинг шоирлигига ишонмади: «Поезия дегани нафосат, жозиба-ку, шоирнинг ўтиришини қаранг…»
Қиз, у мени писанд қилмаяпти, деган хулосага ҳам келди. Шундай бўлса-да, тўйга розилик берди. Чунки унинг ҳам ёшлиги ўтаётган эди…
Тўй ресторанда бўлди.
Ниҳоят, шоҳ асар яратилди! Чақалоқни деразадан кўрсатдилар. Ўролбой илжайиб, ўғлига термулди: «Ана буюк асар, ана! «Анна Каренина»! Йўқ, «Хамса»!
У буюк асарига сўнгги нуқтани қўйган адибдай яйраб, керишди.
Ўролбой яхши кунларнинг бирида кечаси узоқ ўти-риб шеър ёзиб, кеч ётди. Эртасига тушда уйғонди. Балконга чиқди. Ҳаво жуда соф, сайрбоп… У ўйлаб, Василий Шукшиннинг «Қизил бодрезак» филмини ҳали кўрмаганини эслади.
—    Кийин, кинога борамиз, — деди Барчинойга.
Барчиной янги мода бўлган камзул-шимини кийиб чиқди.
Ўролбой қовоғини уюб, уф-ф, дея тиззасига урди:
—    Барчиной, мен аёлимни атлас кўйлакда кўришни хоҳлайман!
—    Шоирга қолса-ку, кўп нарсаларни хохлайди.
—    Аёл аёлдай бўп юрса-да.
—    Юринг, кечикамиз.
—    Бормайсан, ўзим бораман.
—    Ажаб бўпти, обормасайиз оборманг.
—    Нимага гапни айлантирасан? Мен сенга гапиряпман!
—    Вой, жа-а қизиқсиз-а, бир манда борми шунақа кийим? Ҳамма маданиятли хотинлар кийишади-ю…
—    Анови атласлар маданиятга ёт матоми? Қайси мамлакатда шунақа мато бор? Сенлар ношукур: пешонангдаги маданиятни кўрмайсанлар…
—    Сиз доим шунақасиз. Топган гапингиз — ўзбек атласига бутун жаҳон харидор, Самарқанддаги тарихий бинолар жаҳонда йўқ. Унақа-бунақа…
—    Бас қил!
—    Ҳо-о, бас қилмасам қўлийиздан нима келади…
—    Келмайдими, келмайдими?
Ўролбой шиддат билан ирғиб туриб, анграйган Барчинойнинг юзига тарсакилаб юборди.
Барчиной диванга учиб тушди. Юзларини қўллари билан яшириб йиғлади.
Ўролбой унга бирпас анграйиб қараб турди-да, торгина ишхонасига кирди. Стулга ўтирди. Сочларига бармоқларини ботириб, кўзларини юмди.
У аёл зотига биринчи марта қўл кўтарди…
Барчиной ўпкасини босолмай йиғлаб ётди. Ухлаётган ўғли йиғлади. Тоқати тоқ бўлиб, ўрнидан турди. Юзларини ювиб артди. Ойнага қараб, бир сесканди. Чап ёноғи кўкарган эди. У аламидан лабларини буриб яна йиғлади. Ўғлини бағрига олди. Ўғли овуниб, мулойим лаблари билан унинг кўкракларини сўра бошлаб эди… кўнгли ёришди. Кўкарган жойининг оғриғи қолгандай бўлди. Ўғлининг сийрак сочларини силаб, пешонасидан ўпди: «Ўғлим, ўйлаган эдим-а, кўнгилсиз турмуш бўлмайди деб. Мана, айтганим келди».
Барчиной деразадан осмонга қараб хаёл суриб ўтирди. Ўғлини ухлатиб ўзи ҳам ётди. Эри бош қўядиган ёстиқни муштлаб-муштлаб қаппайтирди.  «Ёлғиз ўзи ётмайди, барибир ёнимга ётиб, овутиш учун бағрига босади, эркалатади…»
У шундай хаёл қила-қила тескари ўгирилиб ухлаб қолди.
Эрталаб турса, ёнида эри йўқ. «Ҳатто ёнимга келиб ётмадиям. Мени кўргиси йўқ. Бўлди, энди бўлди. Кетамиз, ўғлим, кетамиз. Кўнгилсиз турмуш барибир турмуш бўлмайди», деди.
Ўкинч ҳам алам билан орқасига бурилиб қаради: «Ақалли хонасидан чиқиб, кўнгил учун бир оғиз кетма, демади-я. Кишлоқилигига борди-да… Ҳеч бўлмаса, ўғли билан хайрлашмади-я. Шунчалик жонига теккан эканман, шу кунгача билмабман».
Эшик қўнғироғи жиринглади.
Барчиной эшикни истар-истамас очди. Остонада Ўролбойнинг қишлоқда яшайдиган тоғаси билан икки нотаниш одам турди.
Барчиной зўрға жилмайиб, меҳмонларни ичкарига таклиф этди.
Ўролбой чиқди. Меҳмонлар ўтирди. Сўрашдилар.
—    Эртага қурултой экан, шунга келиб эдик. Бир
кўриб кетайлик деб… — деди, тоғаси.
— Яхши, яхши, — деди Ўролбой сохта жилмайиб.
—    Ҳа-а, ишлар яхшими ўзи, шоир? Шеър планлари қалай бўлаяпти? Шеър планларини ошириб бажараяпсизми? Мана, биз пахта планларини юз эллик
протсентта бажардик. Биз ҳақимизда ҳам шеър ёзинг
энди…
Ўролбойнинг тоғаси дала ишларини гапираётиб, дастурхон тузаётган Барчинойнинг юзидаги кўкариғни кўрди.
—    Э, юзга нима бўлди, келин?
Ўролбойнинг юраги шув этиб кетди. Ирис қоғозидаги  кучукчага тикилиб, бир дақиқа нафас олмай қолди.
Барчиной жилмайиб, кўкариғни силади:
—    Ҳозир янги уйларга манавунақа линолиум тўшалади. Бу ўлгур ювса сирғанчиқ бўлиб қолади. Кеча юваётиб денг, сирғаниб кетиб, юзим билан тушсам бўладими…
—    Уҳ, чуқ-чуқ, эҳтиёт бўлинг-э, иш адо бўлармиди…
Ўролбой энтиканидан нафаси титраб кетди. Бошини янада эгиб, қизарди. Барчиной ҳам қизарди. Тураётиб, меҳмонларни дастурхонга уннади:
—    Олинглар, олиб туринглар. Ўролбой ака, чойдан қуйинг.
Ўролбой шундагина ўзига келди. Бўш пиёлаларга чой қуйиб, қани, олинглар, деди.
Меҳмонлар ҳалигидай арзимаган фалокатлардан келиб чиқадиган бахтсизликлар ҳақида эшитган-билганларини гапириб ўтирдилар.
Барчиной овқатни олиб келди. Дастурхонга болгар коняги билан шампан виносини қўйди.
—    Манавиларни қуйинг, Ўролбой ака.
Ўролбой қадаҳларга коняк қуйди. Тоғаси боши билан Уролбойни кўрсатиб, Барчинойдан сўради:
—    Шоир қалай, келин?
—    Яхши, жуда яхшилар.
—    Агар сал ёмонлиги бўлса айтаберинг, гапиришиб қўямиз?
—    Йўқ, нега энди, яхшилар. У кишини ойимларам мақтайдилар…
Ўролбой ён-верига аланглади. Меҳмонларнинг олишини кутиб ўтирмай, қадаҳдаги конякни бир кўтариб ичиб қўйди. Барчиной эрига тузланган бодринг узатди. Эри конякнинг зўрлигидан кўзларини юмиб, бодрингни олди.
Меҳмонлар ўзоқ ўтириб, уларни қишлоққа таклиф қилиб кетди.
Ўролбой меҳмонларни кузатиб қўйиб, ишхонасига кирди. Йиғма каравотга чалқанча ётди. Қўлларини чалиштириб, боши остига қўйди. Ўтган воқеани шоирона мушоҳадалади… Юзларида табассум ўйнади. Ирғиб туриб, деразадан ташқарига қаради. Икки кафтини бир-бирига завқ билан ишқади. Папирос чекавериб-чекавериб сарғайиб кетган тишларини кўрсатиб, илжайди. Орқасига кескин бурилиб, меҳмонхонага кирди. Барчиной йўқ. Эшик тарафга юрди. Барчиной эшик олди-да қовоғини уюб, лабларини чўччайтириб, аравачада ўтирган ўғлини чойшабга ўради.
Ўролбой унинг қўлини ушлади.
—    Қўй энди, одам қизиганда нималар қилмайди.
Барчиной  унинг юзига қарамай,  қўлини  силтаб ташлади.
—    Барчиной, биласан, шоир халқининг асаби ёмон…
Барчиной индамай, яна эшикка қўл чўзди. Шунда, Ўролбой унинг қўлидан ушлаб, яна ўзига қаратди-да, белидан маҳкам қучоқлаб… ўзи кўкартирган ўша ёноқларидан ўпди. Лабларини Барчинойнинг лабларига узоқ босиб турди.
Барчиной эрининг бўйнига осилиб… йиғлаб юборди. Унинг кўзларидан оқаётган илиқ ёшлар эрининг бўйнига томди…
Оқшом бир-бирига тикилиб, юзма-юз ўтирдилар.
Ўролбой меҳмонлардан қолган конякдан бир қадаҳ ичди. Барчинойга термулди. Олис термулди… Барчиной кўзларини олиб қочди. Кўзлари учрашиб, бир сонияча тикилиб қолдилар. Ўролбойнниг қалбида аёлига шундай илиқ, маъсум туйғулар кўпириб тошдики… Бу туйғулар ўша синфдошининг кўзлари билан кўзлари учрашганда… Ҳа-ҳа, ўшанда шундай кўпириб тошган эди…
1970 йил