1
Макиён бургут тепаликдаги йириккина туятошга қўниб, ўзидан таҳминан эллик-олтмиш қадамча қуйидаги кичикроқ уйдай келадиган туятош ёнида барра майсаларни чимдиётган кулранг қуённи диққат билан кузатарди. Унга ҳаялламай човут соларди. Лекин қуёндан атиги эллик қадам наридаги ўтлар орасида пусиб ётган овчини ҳам кўрган. Қўлидаги ғалати қурол унга таниш. Пақиллаб эшитиладиган баланд товушидан жуда қўрқади.Унинг кўп жонлиларни жонсизга айлантирганини кўрган. Шу сабабдан ҳозирча қимирламай қулай фурсатни кутмоқда.
Овчи қуённи аллақачон отган бўларди. Атрофидаги тошлар, анчагина бўй тортиб қолган ўт-ўланлар аниқ нишонга олишига ҳалақит бераётган бўлса керак, очиқроқ жойга чиқишини сабр билан кутиб ётарди…
Бир маҳал қуён ўзига дўнаётган хавфни пайқади шекилли, кутилмаганда ўт-ўланлар ҳамда тошларни паналаб ура қочди. Макиён зувиллаб қуйига учди. Қачондан буён сабр билан кутаётган нақдинасининг қочиб кетаётганини кўриб, овчини унутиб қўйди. У эса ўрнидан даст кўтарилиб, бургутни нишонга олди. Пақиллаб ўқ овози эшитилди. Бургут жон талвасасида бир марта чархпалакдай айланди-ю, қуйидаги туятошга боши билан қаттиқ урилди ва қум-шағалли ерга шалвираб тушиб қимирламай қолди.
Овчининг бутун диққати қуёндалигига қарамай, тепасида айланиб учаётган Чипорни назардан қочирмаганди, у ҳам қуённи пойлаб юрган бўлса керак, деб ўйлади. Аммо ортиқча эътибор бермади. Қуён қулайроқ жойга чиқса отмоқчи бўлиб, қўшотар милтиғини шайлаб ётаверди. Ўқ овозини эшитгач, иккала бургут ҳам қўрқиб, кўтарилиб учиб кетишига ишонарди. Бироқ бундай бўлмади.Овини у қочириб юборди деб ўйладими, аламдан беихтиёр ўрнидан туриб, Макиённи нишонга олди.
Бу пайтда нар бургут юз метрлар чамаси баландликда давра ясаб, сассиз-садосиз учиб юрарди. Тўшидаги ва бўйни тагидаги патлар яқинроқдан қандайдир чипорроқ рангда кўринганидан, одамлар уни бошқа бургутлардан яхши фарқлар ҳамда ўзларича Чипор деб ном қўйиб олишганди. Анча тажовузкор эди у. Баъзи-баъзида одамларнинг товуғу жўжалари, қўзию улоқларини олиб қочишдан ҳам тап тортмасди. Шу туфайли турли майда зараркунандалар – кемирувчиларни қириб фойда келтиришига қарамай, айримлар чипорни унчалик хушламасди. Қишлоқлари тепасида учиб юрганини кўрса: “Отинг ўчсин” – дейишарди ғижиниб. Кўпчилик эса бургутларни куч-қудрат, эрк тимсоли деб биларди…
Чипор анча юксакда парвоз қилаётганига қарамай овчини ҳам, қуённи ҳам яқингинасида тургандай аниқ кўраётганди. Шу туфайли Макиёнининг туятошда сабр қилиб кутаётганидан, овчидан чўчиётганини сезди. Бўлмасам аллақачон қуёнга човут соларди. Унинг ўрнида бўлганида, шубҳасиз, ўзи ҳам шундай қилган бўларди.
Бари бир, Чипорнинг юрагида нимадандир ҳадиксираш пайдо бўлди. Нимадан ҳадик олаётганини ўзи тузукроқ англамай бир поғона пастга шўнғиди. Шу баландликда яна аввалгидек давра ясаб учаётганида пақиллаб ўқ овози эшитилди. Чипорнинг кўз ўнгида Макиён чарх уриб бир айланди-ю, учиб бориб боши билан пастдаги туятошга зарб билан урилди.
Ногоҳ Чипорнинг вужуд-вужудини қаттиқ оғриқ ғижимлаб ўтгандай бўлди. Жажжи юрагидаги қон қайнаб, беихтиёр овчидан ўч олиш ҳиссини уйғотди. Чангалларини кенг очганича, зувиллаб у томонга учди.
Овчи Чипорнинг тепасида айланиб юрганидан хавфсираганми ё ҳушёрлик юзасиданми, дарҳол осмонга қаради-ю, ўқдай учиб тушаётган бургутни кўриб ақли шошди. У жуда яқинлашиб қолганди. Шошилиб қўшотаридаги иккинчи ўқни бўшатди. Аниқ нишонга ололмаганидан ўқи хато кетди: ўнг қанотининг орқа патларидан икки-учтаси узилиб, ҳавода пирпираб қолди. Ўзи эса унинг шундоққина боши ёнидан яшиндай учиб ўтиб, тепалик ортида кўздан йўқолди.
Милтиқнинг товуши Чипорни ҳам ваҳимага солди. У яна ўқ узилишидан қўрққанми, беихтиёр йўналишини салгина ўзгартирди ва балки ҳаётида биринчи мартадир, мақсадига етолмади – овчининг юз-кўзларига чангал уролмади. Шунга қолганида журъати етмай, йўналишини озгина ўзгартирганини ўзи сезмай қолди. Овчи эса қўшотари қувуридаги бўшаган патронларни чиқариб, қайта ўқлашга улгурмади. Тайёр бўлганида бургут анча узоқлаб, тоғ чўққилари томон шиддат билан кўтарилиб борарди.
2
Чипор юксак тоғ тепасидаги қоятошга қўниб олганича, диққат билан овчининг ҳаракатини кузатди. Бу пайтда инига киришга улгурган чоғи, қуён кўринмай қолди. Овчи эса шошилмай келиб, милтиғининг сумбаси билан ўлган бургутни жойидан кўтарди. Боши ва елкасини ўқ титиб юборганини кўргач, унга қўл теккизмай бир четга улоқтирди-да, йўлида давом этаверди.
Овчи анча узоқлаб кетгач Чипор шувиллаб пастга шўнғиди. Шу тезликда жуфтига яқинлашиб, озроқ баландга кўтарилди ва хоки туроб бўлиб ётган макиёни ёнига аста қўнди. Қимирлаб қолишидан умидвор бўлдими, бир зум жасадга ғамгин тикилиб турди. Сўнгра панжаси билан секин иккинчи тарафига айлантириб қаради. Шундагина ундан абадий ажралганини ҳис қилиб, алам билан панжаларида ер тимдалаб чуқурча ковлади. Унга жасадни тушириб, устига қум-шағал аралаш тупроқ торта бошлади. Мурдани яхшилаб кўмиб бўлгач, устидан ўзи кўтароладиган йирик ва оғир тошлардан келтириб бостирди. Жуфтининг ўлигини бирор йиртқич еб хор қилмаслиги учун инсонларга хос шу аъмолни кам-кўстсиз бажарди. Эҳтимол шундай қилиш уларнинг ҳам азалий одатларидир…
У жуфтига сўнгги дафъада ҳам меҳрини дариғ тутмаса-да, болаларига анча қаттиққўллик қилган пайтлари бўлган. Вақтида ота-оналари ўзини ҳам шундай тарбиялашган эди.
Тўғри, ота-оналари уларни овқатнинг сархили – лаҳм гўшт билан боқишди, чўққиларнинг салқин тунларида бағрига олиб иссиқ сақлашди. Учирма бўлгунларига қадар зовдан қулаб нобуд бўлишидан хавфсираб, ковак оғзига яқинлаштиришмади. Шўхлик қилмоқчи бўлганларини аямай уясига ирғитарди. Учириш пайти етганида бадтар шафқатсизлашиб кетишди: учишдан қўрқаётган болаларини бирин-сирин тумшуқ ва панжалари билан тош ковагидан ташқарига улоқтираверди. Бу ҳам камлик қилгандай, иссиқ ўринларига яна қайтмасликлари учун уясини батамом бузиб ташлади. Уя керак пайтида бургутларга уни қайтадан ясаб олиш қийин ишмас. Асосийси, жўжалар шу уяга қайтиб келишмаса бўлгани…
Анчагача уларга учиш-қўниш, нималарни ва қандай овлаш мумкинлигини ўргатиб, ёнларида юришди. Шу орада ўлимтик емаслик кўникмасини ҳам сингдириб боришди. Ўзлари мустақил яшаб кетоладиган бўлгач, ота-оналари бирдан қораларини ўчиришди. Қаёққа кетди, нега кетди – жўжалар буни билишмади. Зотан, билишларининг кераги ҳам бўлмай қолди. Ўз кунларини ўзлари кўравергач, уларни тездаёқ унутиб юборишди.
Ота бургутда кўринган баъзи белгилар Чипорга тўлиғича кўчди. Ердан деярли кўзга ташланмаса-да, унинг кўксида ола-була патлар бор эди. Чипорда эса бу белгилар анча қуюқ, паст учганида ердагиларга ҳам сезиларди…
Кузнинг охирларида “етим” жўжалар боши оққан томонларга тарқалиб кетишди. Бургутларнинг йиллар давомида шаклланган темир қонуни шундай: вояга етдингми, ўз бошингга бошқа макон топ! Чипор бу қонунга бўйсунмади. Нисбатан қисқа муддатдаёқ ўзига ёқиб қолган ва ота-оналари учун ҳам қадрдон бўлган бу тоғларни ташлаб кетгиси келмади.
3
Чўққилардаги қаҳратон изғиринларга тоб бериб, Чипор қишни амаллаб ёлғизликда ўтказди. Хон тоғига яна баҳор келди. Ниш уриб бўй чўзаётган майсаларнинг ифори баланд-баландларга кўтарилиб, унинг бошини айлантираётган пайтда ота-оналари пайдо бўлишди. Лекин уни яқинларига йўлатмади – етти ёт бегонадек ҳайдашди. Чипор ноилож учиб кетди-ю, кузнинг охирларигача бу атрофларда қораси кўринмади.
У Хон тоғининг юксак чўққилари, шарқироқ сойлари ва Ёзкечув даштларининг серўт яйловларини жуда соғинган эди. Қиш олдидан тағин қадрдон гўшасига қайтди. Бу сафар ёлғиз эмасди. Ёнида ўзи қатори бир макиён бургутни ҳам эргаштириб келди.
Аввалига улар бир-бирларига яқиндек кўринган Хон тоғи, Ирғайли, Қорақуш ва Канали чўққиларини айланиб учишди. Кейин Ёзкечув даштлари орқали Қорачатоғу Ғўбдин тоғларигача боришди. Сиртдан қараганда Чипор Макиёнга бу ҳудудларни шунчаки таништираётгандек кўринди. Аслида у бирон жойда кўриниб қолармикан деган, тасаввурида хирагина жонланаётган ота-оналарини излаганди. Улар аллақачон кетиб бўлганини пайқаб ортга қайтишди. Тахминан икки-уч юз чақирим масофани айланиб учишгач, Хон тоғининг юксак чўққисига ёнма-ён қўнишди…
Ёнида Макиён бўлгани туфайлими, Чипорга қиличини қайраб келган бу йилги қиш билинмай ўтиб кетгандай туюлди. Емиш масаласида мутлақо танқислик сезишмади. Атрофда қуён, ёввойи қушлар кўп. Баъзан қишлоқлар ва чўпонларнинг отарлари тепасида пайдо бўлишади. Бу ерлардан ҳам қандайдир ўлжа топилади. Одамлар қўлидаги аллақандай темиртакнинг ваҳимали овоз чиқарганини ҳам илк дафъа шу ерларда эшитишган. У пақиллаб товуш чиқарганида яқинроғида турган бирор ёввойи жонзотннинг йиқилиб жон берганини кўришган. Шу сабабли ундан ўта эҳтиёт бўлишади.
Изғиринли кечаларда чўққи тагидага эски ковакка кириб жон сақлашди. Бу жой унга бегона эмас, қачонлардир ўзи ўсган ва пастга улоқтирилгач бузиб ташланган иссиқ уяси эди. Кунлар илий бошлагач, вужудида уни барқарор маконга айлантириш туйғуси уйғонди. Улкан туятош бағрини қўл билан ўйиб ишлангандай пайдо бўлган бу ковак ҳар тарафлама қулай ва ҳар қандай об-ҳавода ичига на изғирин шамол, на қор-ёмғир сувлари киролади. Афсус, Чипорнинг ширин ҳиссиётлари амалга ошмади. Бултурги рақиблар (энди улар ота-она эмас, ҳақиқий рақибларга айланишди) ковакни зўравонлик билан тортиб олишди ва ўзлари унда уя ясашга киришиб кетишди.
Бари бир Чипор Хон тоғини қолдириб, қаёққадир улоқиб кетишни истамади. Ўжарлик билан чўққи атрофида парвоз қиларкан, қўлидан чиққан жойдан бор-йўғи эллик қадамча нарида яна бир ковак борлигини илғади. Уни илгари ҳам кўп кўрганди-ю, оғзини ўргимчак тўри ўраб турганидан деярли эътибор бермаганди. Фақат ўзи улғайган қўналға кўзига ўтдай иссиқ кўринарди. Туйғулари фақат шу инда муқим қолишга ундарди.
Янги ўйиқда уя қуриб яшаса бўладими-йўқми – Чипор буни билмасди. Шунинг учун енгил бурилиб, ковакнинг оғзига қўнди. Ўргимчак тўрини бир зумдаёқ у ёқ-бу ёққа суриб ташлагач, ёнига Макиён ҳам жойлашди. Ичкарини биргалашиб диққат билан кўздан кечиришди. Бирор хавфли жонзот эгаллаб олмаганмикан, деб чўчишди шекилли.
Ўйиқнинг ичи бўш, ақалли ўргимчак ҳам йўқ эди. Эҳтимол мезон билан илаштириб қачонлардир тоғ шамоллари олиб келгану жойнинг қулайлигини сезиб дарҳол озуқа ғамида тўр тўқишни бошлагандир. Бироқ бу баландликда унга озуқа бўладиган чивин-чиркайлар қаёқда! Бирда-ярим келиб қоладиганиниям тез-тез эсиб турувчи шамоллар пастликларга суриб кетади. Ўргимчак оч қолиб ё ўлган, ё вақтида жуфтагини ростлаб қолган. Пайдо бўлганидан буён бу баландликка одам ёки заҳарли судралувчилар тугул майда эчкемарсимонлар ҳам кўтарилолмаган бўлса керак. Қоя озроқ қиялаб тушгани туфайли текис ва силлиқ юзасида бирор ўсимлик ҳам кўкармаган. Бинобарин ҳеч нарсадан хавфсирамай макон қилаверса бўлади.
Ковак ҳар иккаласига маъқул келди: аввалги жойларидан озгина пастроқда бўлса-да, ичи кенг ва шинамгина.
Савқи табиий, фурсат ўткизмай бирин-кетин чуқур дарага шўнғишди. Пастдан хас-хашак, аллақандай ҳайвонларнинг буталарга илиниб қолган ва ерга тўкилган жунларини тўплаб, бўлажак маконларига ташишди. Ҳафсала билан уя қура бошлашди. Бу сафар раҳм-шафқатсиздай кўринган қўшнилари уларга монелик қилишмади. Шундай бўлганида ёш бургутлар қонли олишувга ҳам тайёр эдилар. Ўлсалар ҳам ўз топилдиқларини рақибларга осонликча топшириб кетишмасди.
Кўп ўтмай уя тайёр бўлди. Сал фурсат ўтгач Макиён унга кириб, тухум қўйишни бошлади. Ёш бўлгани учунми, атиги учта тухум қўйгач, биратўласи уларни босиб қолди. Энди Чипорнинг иши кўпайди. Ўзини тўйдиришдан ташқари, Макиённи ҳам боқиши керак бўлди.
Улар ҳам аждодлари каби анча-мунча очкўз ва мечкай эдилар. Чипор ўлжасини инига яқин келтириб терисини шилар, кейин гўштини парча-парча узиб макиён ва жўжаларига киритиб едирарди. Қолган-қутганини ўзи еб тери ва суяк-саёқларини дарага ирғитганича, яна учиб кетарди. Жўжалар тухумдан чиққанидан кейин баттар тиними бўлмай қолди: қанча типратикон, жайра, юмронқозиқ, хатто зирҳли тошбақаю заҳарли илонларнинг – гўштли нима учраса шуларнинг додини берди. Баъзан тоғу даштларда сергўшт ҳайвонларнинг лошини ҳам учратиб қоларди. Бироқ бургутлар ўлимтик емасди. Жўжаларига ҳам бундай гўштни раво кўрмасди.
Бургутлар ер юзининг энг кучли паррандаларидан бири ҳисобланса-да, жўжалари тухумдан танаси тивитсимон юмшоқ, сийрак патлар билан қопланган, кўз ва қулоқлари юмуқ ҳатто оёқда ҳам яхши туролмайдиган нимжон бўлиб чиқишади. Кунлар ўтгани сари ота-оналари каби қўмақайлашиб, бақувватлашиб боришади. Шунда Чипорга ёрдам тариқасида ўзи ва жўжаларини етарлича тўйдириш мақсадида Макиён ҳам овга чиқишга мажбур бўлди…
Ниҳоят жўжаларни учириш пайти етди. Чипор уларни уясидан ҳайдаб чиқарди. Лекин биронтаси зовдан пастга сакрашни истамади. Қўрққанларидан иссиқ уяси тарафга интилишди. Бундан оталарининг ғазаби қўзиди шекилли, уларни панжалари билан енгил чангаллаганича бирма-бир ташқарига аёвсиз ирғитаверди. Сўнгра жўжалар яна шу ерга қайтмасликлари учун уясини вайрон қилиб ташлади ва одатдаги вазифаларини бажариш учун ўзи ҳам ташқарига парвоз қилди. Шу билан кузнинг охирларида мустақил ов қилишни пухта ўрганган жўжалар турли томонларга учиб кетишди. Ота-оналари уларнинг қаёққа кетганини билишмай, одатдагидай Хон тоғида қолаверишди.
4
Чипор билан Макиён ўз ковакларда кўп йиллар тинч-тотув, аҳил-иноқ яшадилар. Бу орада кўплаб жўжаларни тарбиялаб учириб юборишди. Кунларини ўзлари кўрадиган бўлгач, болалари бирин-кетин бошлари оққан томонларга улоқиб кетишди. Бу йилига қайтиб келганлари ҳам бўлди. Ота-оналари бегонадек уясига яқинлаштирмагач, улар ҳам бутунлай қорасини ўчиришди.
Бу ҳол Макиён овчининг ўқидан ҳалок бўлгунига қадар давом этди. Кейин Чипорнинг қора кунлари бошланиб, тамомила яккаю ёлғизликда қолди. Негадир бошқа жуфт изламади. Қаттиқ совуқ ва ёғин-сочинларда паналамаса, уясига деярли кирмасди. Шунингдек, бошқаларни ҳам унга асло яқинлаштирмади. Ғамбода дилида гўё Макиёни ана-мана дегунча ёнига учиб келадигандай, гўё яна аввалгидек биргаликда давру даврон суришадигандек туюлган шекилли.
Кундузлари ов қилиб, қорни тўйгач тоғ ва даштлар устида шунчаки ўзини овутаётгандай сокин учиб юради. Тунда Хон тоғининг чўққисидан узоқларга – охири кўринмас кенгликларга ғамгин тикилганича, ўзига ҳам маълум бўлмаган туйғулар оғушида тонгни қаршилайди. Субҳи содиқда маълум бўладики, тун бўйи юрагини чирмовуқдай ўраган умидбахш ҳисларининг биронтаси рўёбга чиқмаган. Шунда қарийб икки метр келадиган қанотларини алам билан парвоз учун ёзади.
Кечаги кун яна такрорланади…
Баъзи пайтларда Чипорнинг кичик юрагида жуда ҳам катта, орзусимон бир туйғу гупуриб, уни беихтиёр Макиённинг қабри томон етаклайди. Овни йиғиштириб, жуфти ётган жойга шошилади. Яқинидаги уйдай келадиган яссироқ туятошга қўниб, ўзи кўмган қабрга мунғайганича соатлаб термилиб ўтиради. Баъзан қабр устига ўзи келтириб босган тошларни у ёқ-бу ёққа ирғитиб, жасад устига тортилган қум-тупроқларни тит-пит қилиб юборгиси келади. Шундай қилса тагида кўмилиб ётган Макиёни оёққа қалқиб турадигандай, яна у билан бирга учиб кетадигандай туюлади. Бироқ нимадир шаштини босади. Онда-сонда қўшнилари ҳам учиб келиб, Чипорнинг у ёқ-бу ёғига сассизгина қўнишади. Гўё отасига ҳамдардлик билдираётгандай, қабр тарафга мунгли тикилишади. Бироқ тирикчиликлари эсларига тушадими, қанчадир фурсатдан сўнг яна учиб кетишади.
Чипорнинг мотамсаро аҳволини кўриб, шу тарафга йўли тушган кишиларнинг унга раҳми келади, ачинишади. Халал бермаслик учун иложи борича четлаб ўтишади. Қишлоққа қайтишгач кўрганларини бошқаларга айтиб, овчига дашном берганлар ҳам бўлди. Ўша қуёнини Макиёнга берганида беш пули куярмиди! Арзимас ўлжасини қочиргани учун уни ўлдириши шартмиди!..
Айни маҳалда одамлар Чипорнинг ўз жуфтига кўрсатаётган садоқатига қойил бўлишарди. Кимдир қабр ёнидаги у қўниб ўтирадиган ва яралганидан буён ном қўйилмаган туятошни билиб-билмай “Садоқат тоши” деб атади. Бу атама жуда тез оммалашиб кетди. Инсон деб аталмиш буюк ва онгли хилқатнинг кўплари бемаҳал вафот этган жуфти ҳалолига шу онгсиз паррандачалик узоқ йиллар (балки умрбод) мотам тутмайди, вафо-садоқат ибратини кўрсатолмайди!..
Дашномлар овчига малол келди. Бу зиддиятли дунёда ким ўз нафси йўлида курашмайди. Макиён ҳам балойи нафси касрига қурбон бўлди-ку. Сал бўлмаса Чипор ўзини ҳам ўлдираёзди. Ҳали-ҳанузгача ундан хавфсираб юради. Жамоат ичида даф қилолмайди. Овда ёлғиз юрганида қўлида қуроли бўлади. У милтиқнинг нималигини жуда яхши билади. Оддийгина калтак кўтариб юрса ҳам Чипор уни милтиқ ўрнида қабул қилади, керагидан ортиқ яқинлашолмайди…
Одамларнинг гапи асар қилиб, овчи аввалги сафар эплолмаган ишини биратўласи поёнига етказиб қўяқолмоқчи бўлди. Милтиғини шайлаб, ўқдонини белига боғлади. Чипорни ўлдириш қасдида уйидан чиқди.
Ови бароридан келяпти шекилли, узоқданоқ қабр яқинидага туятошга қўнганича мунғайиб ўтирган Чипорни кўриб, дарҳол ўзини панага олди. Аста-секин мўлжалидаги жойга етди ҳамки ғаними (овчининг кўзига у душмандек кўриниб қолганди) булк этмади.
Бургутлар – табиатан зийрак қуш. Осмону фалакда учиб юриб ҳам ерда ўзини ҳар ёққа уриб, озуқа қидираётган сичқонни кўради. Юз қадамча наридаги чўпнинг “чирс” этиб синганини эшитади. Нега овчини пайқамаяпти? Балки жонига қасд қилаётгандир – Макиёнини ўлдирган бераҳмга ўзини ҳам қурбон қилдирмоқчидир. Жуфтисиз яшаш жонига теккан бўлса, ўлимни афзал билиб қолганмикан? Уни шу азобдан бутунлай қутқармоқ учун ҳам отиши керак!
Овчи ниятидан қайтмади, Чипорни учириб отмоқчи бўлди. Шунда балки гуноҳи камаяр, бир махлуққа ўйламай қилган дилозорлигини Худо кечирар. Эҳтимол ўқи хато кетиб, Чипор қутулиб қолиши ҳам мумкиндир.
У нишонни кўздан қочирмаган ҳолда уч қадамча очиқ жойга чиқди. Бургут ақалли қимирлай демади. Уни кўрмаётгандай, ҳатто ўзини ҳам унутгандай бўлиб ўтираверди. Бу нарса овчига айрича таъсир қилди: ов эмас – бу, бу – бориб турган қотиллик!!
У юзлаб ёввойи паррандалару ҳайвонларни панада, пусиб ётиб отган. Лекин бирортасида қотиллик қиляпман, деб ўйламаган. Бу фикр миясига қаердан келди ўзи!
Қаёқдан келган бўлса ҳам, бу ўй овчининг вужудига ногаҳоний ларза солди. Қўшотарининг сумбасини анча тепароққа кўтариб, биринчи тепкини босди. Ўқ овозидан Чипор чўчиб тушди-ю, беихтиёр осмонга дувиллаб кўтарилди. Иккинчи тепки босилмади. Нишонни аниқ мўлжалга олиб, уни тез босишга овчининг виждони йўл қўймади. Чунки Чипорнинг ҳақиқий мотамда, ўзлигини унутган ҳолда ўтирганини англаб етган эди…
Қилган ишидан кўнгли тўлди чоғи, овчи шу ерданоқ уйига қайтди. Бу сафарги валломатлиги ўзининг феъли-ҳуйига унчалик мос келавермаса-да, кўнгли осмон қадар ўсган эди…
Чипор ўқ етмас юксакликдан овчини кузатди. У отаман деса ўша холатида омон қололмаслигини ҳис қилди. Негадир отмади.
Шу сабабли адоватни унутиб, у ҳам ўз қўналғасига – Хон тоғи чўққисига бадар учиб кетди.
5
Бу пайтда Чипор ўттиз ёшдан озроқ ошганди. Кейинги қарийб ўн йилда ёлғизлик, умид ва умидсизликда юраги зардобга тўлиб кетди. Бугунги ҳодиса тамом ортиқча бўлди. Овчи-ку раҳм қилди. Бундай борлик ва йўқлик орасига тушиб қолаверса, бир кунмас-бир кун фожиа рўй беришини сезди. Овчи бўлмаса бошқа бирор йиртқич осонгина тинчитиб қўйиши мумкин. Садоқат тошининг орқа тарафи анча япасқи, ҳар қандай йиртқич: бўрими, тулкими – қир тарафидан келиб, бемалол устига чиқиб кетавериши мумкин. Шунинг учун муқим яшаётган жойини ҳам, Макиёнининг қабрини ҳам, овчини ҳам ва ниҳоят Садоқат тошини ҳам унутиб, бу ўлкалардан бадар кетиши кераклигини ҳис қилди. Энди у ҳамма нарсадан безган ва кўзига ҳеч нарса кўринмай қолганди.
Тун бўйи юрагини безовта қилган туйғулар тонгга бориб бир изга тушди ва қатъийлашди. Атроф ёришгач, негадир қадрдон уясига кириб чиқди. Кейин ўзи айланиб парвоз қиладиган, мўл-кўл озуқа билан таъминлайдиган суюкли тоғлари ва дашт устидан давра ясаб бир марта айланиб чиқди-да, қайтиб яна Хон тоғи чўққисига қўнди. Мўлтираб Макиённинг қабри тарафга қаради. Оралиқ анчагина бўлса-да уни аниқ кўрди. Лекин бошига бормади. Борса ташлаб кетолмай қолишидан қўрққандай эди.
У баланд чўққида туриб кўрганларининг ҳаммасига: чуқур даралару тоғлар силсиласи орасида яшнаб турган экинзорлар, гўзал боғлар, ўтлари қовжираган яйловчалар, қолаверса бутун ўтмишига алвидо айтгандай бўлди ва дувиллаб кўкка кўтарилди. Ортига қарамай жанубга – Ғўбдинтоғ томонга учди. Тоғ чўққисига қўниб озроқ нафас ростлагач, яна парвоз қилди. Бунда ҳам ортига бир қур ўгирилиб қараб қўймади.
Шу кетишида неча марта қуёш чиқиб, неча марта ботганини билмади. Қаерлардадир тоғлар устидаги улкан тошларга қўниб тунади. Кундузлари қаерлардадир ов қилди. Қорнини тўқлагач озроқ шарққа оғиб, яна жануб томонга учди. Бир куни ёзнинг чилласида ҳам қор ва муз қоплаб ётадиган жойга – Помир ва Ҳимолай билан Ҳиндикуш туташадиган юксак тоғларга бориб қолди. Оралиқдаги баландроқ тоғларни ёнлаб, пастроқларидан ошиб Ҳинд дарёсининг Тибет томондан оқиб келаётган асосий ирмоғига чиқиб олди. Шунда кўзи чап тарафидаги баҳайбат чўққига тушди. Орти кўз илғамас уфқларга туташиб кетган, муз ва қор билан қопланган бузуқ тоғлар.
Чипор бундай жойларда ов қилиб ҳам, яшаб ҳам бўлмаслигини сезди. Шунинг учун дарё оқими бўйлаб қуйига учди. Эртасига Ҳинд дарёсининг нисбатан кичикроқ икки ирмоғидан учиб ўтиб, Ҳинд-Ганг пасттекислигига келиб қолди…
Хон тоғида Чипор ҳар қандай об-ҳавода тайсалламай парвоз қиларди. Энг нобоп кунларда ҳам овга чиқиб, каттами-кичик ўлжа билан қайтарди. Бу жойлар унга бутунлай нотаниш. Шунинг учун эҳтиёт бўлиб учмоқда эди.
Ҳимолайдан ўтганидаёқ Чипор гуркираган баҳорни кўрди: баланд тоғ чўққилари қор кўрпасига ўралиб ётишса-да, воҳалар гулга бурканган, ҳамма ёқ ям-яшил ўтлар билан қопланган. Яшаш учун жуда қулай бўлиб кўринди. Овлоқларида озуқабоп жонзотлар сероб бўлгни учун шундай туюлди шекилли.
Қизиқсиндими ё бунда ҳам қандайдир беҳаловатликни туйдими, кейинроқ яна жанубга учди. Бир-икки кундан кейиноқ билдики, бунда авжи ёз. Қуёш осмондан бамисоли олов пуркайди. Суғорма экинзорлар ва боғлар яшил рангини умуман йўқотмаган эса-да, яйловлардаги ўт-ўланлар ҳарорат домида тамом қовжираб қолган. Одамлари ҳам жазирамада куйиб қорайиб кетгандай. Ер бағирлаб учганида иссиқдан нафаси қайтади. Юксакларда салгина эркин нафас олгандай туюлади-ю, бари бир қуёш устки патларини куйдиргудек бўлади.
Бу ерларнинг катта-кичик ҳайвонлари тунда ҳам озуқа қидиришга мослашган шекилли, аввал оқшомда ва эрта тонгданоқ изғиб юришади. Чипор кундузлари ов қилишга мослашган. Қуёш чиққач, кўп ўтмай атроф қизиб кетади. Барча жонзотлар тентирашни тўхтатиб, ин-инига кириб олади ва қанча уринмасин, ови унчалик бароридан келмайди. Эрталаб тутгани битта-иккита сичқон ё юмронқозиқ билан қорни тўймайди. Шу туфайли иссиқда ҳам осмону фалакда парвоз қилиб, ер юзасини синчковлик билан кузатади. Қани энди кўзига бирор жонзот ташланса.
Бир куни ёлғизоёқ сўқмоқда тез судралиб кетаётган узун ва йўғонгина илонни кўриб қолди. Ҳар замонда терисининг қайсидир буралган жойи қияроқ тушаётган қуёш нурида ойнадай ялтираб кетади. Афтидан бу совуққон жонивор ҳам иссиқдан қочиб, бошпанасига шошилаётган бўлса керак.
Чипор шошилмай, пастлай бошлади. Илон уни пайқади. Ўзига хавфли душман пайдо бўлганини сезиб, шартта орқасига ўгирилди ва бошини анча юқорига кўтарганича тилини билтанглата бошлади. Бўйнининг икки томони кенгайиб, шапалоқ кўринишидаги шаклга кирди. Кўзлари қонга тўлгандай қизарди. Афтидан ғаними тарафга шиддат билан сапчийдиган. Аммо сапчимади. Бургутни мўлжалидаги жойга келиб қолди дебми, кўзини шошилинч мўлжалга олиб, тизиллатиб заҳарини отди. Хайрият, заҳар Чипорнинг кўзига атиги икки қаричгина етмай пастга тўкилди. Аксинча олшувсиз ҳам уни маҳв қиларди.
У илоннинг бундай турини шунча яшаб сира кўрмаганди. Хон тоғида заҳарли илонларнинг турлари кўп. Уларнинг дуч келганини тап тортмай овлаган пайтлари оз бўлмаган. Аммо у тоғу даштларда капча (кобра) илонлар йўқ.. Бунисининг хавфли томони шундаки, душманини тишлаб эмас, тўрт-беш қадам наридан кўзига заҳар пуркаб тинчитишини пайқади.
Табиат ато этган турғун сезгиси орқали Чипор буни жуда тез илғаб, унга қарши чора кўрди: илон қайта заҳар отишга улгурмасидан устидан шувиллаб учиб ўтди. Нарироқдан қайтиб, қанотларини вазмин силкитганича, аввалгисидан сал тепароқда тўхтади. Илон бу сафар бор кучини тўплаб, уст-устига икки марта заҳар отди. Олдингиси, барибир, бургутгача етиб бормади. Кейингиси ваҳимали очилиб турган оғзидан узоқламай ерга тўкилди. Бу унинг заҳари қарийб тугаганини билдирарди.
Заҳари деярли тугаб, ҳар қанча кучаниб пуркаганида ҳам бургутнинг кўзини нишонга ололмаслигини илон сезди. Жонини асраш учун сўқмоқдан чиқиб, ўзини қовжираган буталар орасига урди. Ўтлар ва буталар орасида учиб юрувчи ҳар қандай душманнинг ўзига човут солиши қийинлигини биларди чоғи.
Чирсиллаб қуриган бутасимон ўтлар орасидан уни ўзига зарар бергизмасдан тутиш осон эмаслигини Чипор ҳам пайқади. Шунинг учун қулай пайтни кутиб, тепасида бамайлихотир учиб бораверди. Буни илон ҳам билиб турарди. Бир пастқамликда шамол учириб келиб босган хас-хашакларнинг тагига кириб жон сақлашга уринди. Бошини ерга босиб олдинга силжимоқчи бўлаётганида Чипор яшин тезлигида бўйнидан ғарчча чангаллади ва бир тирноғи билан бошини пастга босганича осмонга кўтариб кетди.
Ҳиндистоннинг бирор йитқичию паррандаси журъат қилиб бундай илонларга ташланолмасди. Ярим очлиги сабаблими ё билмаганиданми, Чипор шунга журъат қилди. Тасодифан омади келди. Бошини пастга босиб турган тирноғи ҳадемай миясини тешиб юборадигандай бўлаётганди. Шу туфайли илон жон талвасасида буралиб, думини бургутнинг қанотлари орасидан ошириб ташлади ва уни сиқувга олмоқчи бўлди. Аммо эплолмади. Чипор фурсат ўткизмай иккинчи панжаси билан унинг ҳали кўтарилиб улгурмаган белидан қаттиқ чангаллаб пастга босди ва думини қанотлари орасидан чиқариб юборди.
Чиқмаган жондан умид деганларидай, илон бари бир олишувни давом эттирди. Бу сафар думини айлантириб ёвининг бўйнига ташлади. Чипор шошилинч чора кўрмаса ўзи ҳам омон қолмаслигини ҳис қилди. Бошини сиқиб турган чангалига тақаб, иккинчи оёғининг ўткир ва бақувват тирноғи билан бир тортишдаёқ илоннинг қайиш бўлиб кетган терисининг устки қисмидан бир қаричини пичоқдай тилиб юборди. Бақувват тумшуғи билан гўштларини парча-парча юлиб, бир зумдаёқ умуртқа суягини очиб қўйди. Сўнг икки ёққа тортиб, бошини узиши қийин бўлмади.
Боши узилганидан кейин илоннинг икки метрлик танаси бўшашиб, думи пастга шалвираб тушди. Эндиги буралиб – ўралишлари Чипор учун хавфсиз эди…
6
Бу дўзахнинг нафасни қайтарувчи иссиқлари Чипорга ёқмади. Боз устига қуёш кўтарилгач, овланадиган жонзотлар ҳам кўринмай қолади. Шунинг учун орқага – қўклам нафаси уфуриб турган жойларга қайтди. Бунда тез-тез ёмғир савалаб турса-да, емиш ташвишини тортмас ва об-ҳаводаги беқарорлик унга таъсир қилмасди.
Доимий умргузаронлик қилиш учун келган бўлса-да, негадир у ҳанузгача бу ерларнинг инжиқ об-ҳавосига кўниколмади. Жуфт топишни хаёлига келтирмай яна қарийб ўн йил ёлғизликда яшади. Баъзида ихтиёрсиз Макиённи эслаб қолади. Бундан чуқур ғамга ботгандай, бирор баландликда қунишганича узоқ ўтиради. Мисоли хаёлга толганга ўхшаб кўринади. Кўзларида ғалати бир мунг тўнғиб қолгандай. Хон тоғи чўққиси, салгина қуйироқдаги ўйиқда жойлашган уяси, Ёзкечув даштлари кўз олдида бор салобати ва жозибаси билан гавдаланади. Шундай пайтларда озуқалари мўл бўлса-да, яшаётган бу бегона жойлар кўнглига сиғмай қолади. Яна узоқларга бош олиб кетгиси келади. Лекин қаёққа?!
Шунда Хон тоғи, унинг чуқур даралари кўз олдида липиллаб қолади. Уларни яна кўришни, тепасида бир марта бўлса-да қанот кериб сокин парвоз қилишни қўмсайди. Вақти-вақти билан соғинч туйғуси юрагини жунбишга солиб, жуда ҳам азоб беради. Айниқса Садоқат тоши пойидаги ёлғизгина қабр тез-тез кўзига чалиниб, вужудига жаҳаннам оловини ёққандай бўлади. Ўша қабрни ўткир тирноқлари билан ўзи қазиб, Макиённинг жасадини чуқур дард, чидаш қийин бўлган юрак оғриқлари билан ўзи кўмганди!
Ўқтин-ўқтин ҳаприқадиган дилгир кўнглида ортида қолган ўша қадрдон диёрга бутунлай қайтиш майли уйғонди. Аммо уни амалга оширишга юраги дов бермайди. Пайқашича, жуда бемаҳал қариётгандай, тумшуғи ва панжаларидаги бақувват тирноқлар анча узайиб кучсизлангандай. Ушлаганини аввалгидай бир зумдаёқ тилка-пора қилолмайди. Қанотларидаги патлар ҳам узунлашиб вазмин тортган, олдингидай енгил ва чаққон ҳаракат қилолмайди. Шунга қарамай ўлжасини амаллаб тутаётир. Аммо баланд ва давомли парвозларда қанотлари толиқади.
Илгарилари осмону фалакда кун бўйи учганидаям чарчаш-толиқиш нималигини билмасди…
Анчагача узоқ парвозларга журъат қилолмади. Вужудини кемираётган соғинч туйғуси қанчалик азоб бермасин, юрагида шунчалик қўрқув ҳисси ҳам бор эди. Энг қўрққани – катта куч сарфлаб ўтиладиган ва йўлида ҳафталаб бирма-бир тўсиқ бўлиб турадиган улуғ тоғлардан ошиб ўтиш. Келаётганида баланд чўққилар уни шиддатли бўронлари билан кутиб олганди. Уларни ёнлаб учишнинг ўзи ваҳимага солади. Чўққилар бўронлар уясида қарс уриб бўй чўзгандай, уни пардай учириб, улкан қоятошларга хамирдай ёпиштириб қўядигандай туюлади.
У ортга қайтаётганимдаям шундай бўлади деган сезимда эди…
Чипор умрининг катта қисмини йил тўрт фаслга бўлинадиган юртда яшаб ўрганган. Баъзи йилларда ўн-ўн беш кунга фарқ қилмаса, уларнинг алмашинувини кунигача билиб турарди. Хон тоғидан ёзнинг қоқ чилласида парвоз қилиб, қисқа муддатдаёқ қаҳратон қишга келиб қолгандай бўлувди. Доимий қор ва музликлар билан қопланиб ётишини ҳисобга олмаганда, бу тоғларда ҳар доим кучли шамол ва бўронлар бўлавермаслигини билмасди. Хотирасида биринчи кўрганлари тошдай қотиб қолганди.
Сокин тонгларнинг бирида мудраб туш кўрдими ё миясининг қайсидир пучмоқларида сақланиб қолган кўҳна хотиралари жонландими, кўз олдида бирдан Садоқат тоши пойидаги ёлғиз қабр пайдо бўлди. У очилган, устидаги тош-тупроқлар ҳар томонга сочиб ташланган! Юраги шувиллаб туятошнинг тепасига қаради. Унда бўйнини чўзганича ўзига тикилиб турган ёшгина Макиёнини кўриб юраги ёрилаёзди. Фавқулодда шиддат билан у томонга кўтарилди.
Белгисиз безовталик ва вужудини қамраган кучли ҳаяжон таъсирида сачраб ўзига келди ва беихтиёр ўқдай учиб кетди. Хайриятки, қаёққа учаётганини билмагани ҳолда йўли ғарби шимол томонга ўнгланган. Балки томирларида шиддат билан оқаётган қонга аралашган табиий ҳислар уни шунга ундагандир. Энди ўзини бегона ерларда тутиб қололадиган куч бу оламда йўқ эди. Инти-жинти билан тирик кўргани – жуфти томонга интиларди. Унинг тирилгани ва ўзини кутаётганига ишонч туйғуси кўксини лиммо-лим тўлдирганди!..
Бир кунлари или-милиқ кўкламга, кейин жазирама ёзга йўлиқди. Табиатнинг турли жойларда турлича терс ўзгаришларидан бехабар бўлса-да, бундай иқлим ўзига таниш ва қадрдон эди.
Меъёридан ошиб оғирлашган қанотлари билан кўзлаган манзилига етолмай, ўлиб қолиши мумкинлигини бошданоқ ҳис қилганди. У ғайриихтиёрий равишда ўлимни бўйнига олди. Бегона тупроқларда жон берганидан кўра, ўзи учун муқаддас майл-истаклар йўлида оёқ узатиш афзалроқ туюлгандир. Лекин ҳаракат, интилиш ва Макиёнига етишиш майли унга қувват берди – ўлмайгина соғинган манзилларига яқинлашди. Бундан руҳланиб, бор овозида қийқириб юборди:
“Қи-и-ийқ-қ!!!”…
Бу сафарги парвози жуда ҳам хайрли кечди – ўтган жойларида бўрон тугул анчайин қаттиқроқ эсган шамолга ҳам дуч келмади. Ҳимолайдан кейинги тоғлар силсиласидан бемалол ошиб ўтди-ю, ўзига таниш мўътадил иқлимга тушганини ҳис қилди. Бу вужудига журъат ва қувват эндириб, кейинги парвозларини унчалик қийналмай давом эттирди. Қаерлардадир мадорини тиклаш учун ов қилди, қаерлардадир чўққиларга қўниб узоқроқ дам олди, хуллас, ўзи соғинган ва мудом талпиниб яшаган сарҳадларга етиб келди.
Ғўбдин тоғи билан Қатормоя тизмалари оралиғида ястаниб ётган Ёзкечув даштларини кесиб ўтиб, биринчи қўнган жойи Садоқат тоши бўлди. Лекин унда ўзини кутаётган Макиёни йўқ. Қабр ҳам очилмаган, аввалгидек ёлғиз, мунғайиб турарди. Атиги бир ойгина илгари кўрганлари билан бу кўраётганлари орасидаги фарқни англолмай Чипор ҳайратда эди.
Унинг қайтганини кўриб, яна тўртта бургут учиб келди ва у ёқ-бу ёғига қўнишди. Чипор уларнинг бегона бўлиб кетган ўз авлодлари эканлигини сезди. Гарчи тумшуқ тирашиб “кўриш”маган эсалар-да, атрофига келиб қўнганининг ўзи қондошлик ифодаси. Балки пастдаги ёлғиз, ғариб қабрда қайсидир момокалонлари ётганини улар ҳам ҳис қилишгандир. Лекин боболари шу юртнинг меҳригиёси, шу қабрнинг соғинчи туфайли қаёқлардан зўрға етиб келганини билишмасди.
Ёш бургутлар бирпасдан сўнг бирин-кетин учиб кетишди. Чипор кейин ҳам анча ҳаяллади. Жуфтининг қабрига тикилиб ўтириб нималарни ҳис қилган экан? Балки бундан қирқ йиллар илгариги ҳодисалар – жуфти билан илк учрашув пайтларидаги тотли хотираларни эслагандир. Балки ўзи учун муқаддас бўлган ва қаттиқ соғинтирган тупроқларга ўлмайгина етиш матлабида тиришиб-тирмашганлари ёдига тушгандир. Нима бўлганида ҳам у кўзлаган жойига етиб келди ва шу жойда узоқ ўтирди. Қуёш заволга юз тутган маҳалда оғир қўзғолиб, Хон тоғи чўққисига кўтарилди.
Айтишларича бургутлар ўлими яқинлашганини пайқашгач юксакларга кўтарилиб, ўзини қуйидаги улкан тошларга зарб билан уриб ўлишаркан. У ўлишидан аввал чўққи пойидаги чуқур дараларни кўздан кечирди. Кейин узоқ йиллар ўзи ва наслларига ризқу рўз берган Ёзкечув даштларига назар ташлади.Уларнинг ҳаммасида ажиб бир сокинлик, ажиб бир гўзаллик борлигини илғади. Кўзлари нимани кўрган бўлса, ҳаммаси чарчоқ вужудига куйдиргудек бир ҳарорат уфурди. Юрагида енгиб бўлмас бир истак уйғонди: шундай чиройли ва меҳригиёси бор масканларни ўз ихтиёри билан тарк этиб, ажалга таслим бўлсинми?! Йўқ! Бундай аҳмоқона ўлимдан алҳазарки, йўқ! У ҳали-бери ўлмаслиги керак!
Мағрур бургутларга ҳос қарор шундай бўлади! Аксинча унинг мусичадан фарқи қолмайди…
Дафъатан дилида уйғонган ғурур Чипорнинг юрагида ана шундай акс садо берди.
7
Чипорнинг ўлгиси келмай қолди. Уларнинг насли касаллик ёки овчининг ўқига учрамаса шунчаки ўлиб кетишмайди. Ўлимтик емаганлари туфайлими, умрларининг охиригача касал ҳам бўлишмайди. Овчилар бургут овлашмайди. Бир марта қон душманига айланган овчи ҳам уни иккинчи марта отмай кетди. Буни у ўшандаёқ пайқаганди. Макиённи қандайдир мудҳиш хато туфайли отиб қўйган шекилли.
Макиённи тирик кўролмаганиданми ё бошқа сабабданми унинг бирдан жунуни қўзиди, ўзи қўниб турган қоянинг тошини бор кучи билан тимдалай бошлади. Шундай тимдаладики, панжасидаги баъзи тирноқлари синиб, баъзилари қўпорилиб қонига беланди. Гўё шу билан тортган барча аламларига чек қўймоқчидек, жони оғриганига ҳам парво қилмади. Ўсиб ўтмаслашган тирноқларидан қутулгач, қанотларидаги узайиб вазмин тортган ва баландроқ учишига халал бераётган патларини ҳам аёвсиз юла бошлади. Навбат тумшуғига етгач уни ғазаб билан тошга уриб, деярли ишга ярамай қолган учини синдирди. Сўнгра тошга ишқалаб қайраб, қийшиқ синган жойларини тўғрилади…
Дастлабки ойларда у жуда қийналди: қанотларидаги патларни юлиб ташлагач, баландлаб учолмай қолди. Чангаксимон қайрилган бақувват тирноқларсиз ҳатто қуён катталигидаги ҳайвонларни ҳам тутолмади. Ноилож майда кемирувчилар ва ҳашаротлар билан қаноатланишга мажбур бўлди. Неча ойлар ер бағирлаб учиб, ярим очликка кўникиб яшади.
Орадан чамаси беш ойлар ўтди. Чипорнинг синган ва қўпорилган тирноқлари ўрнига янги тирноқлар, тумшуғи ўрнига янги тумшуқ ўсиб чиқди. Қанотларида янги, рисоладагидай патлар пайдо бўлди. Энди у ўн яшарлик пайтларидагидай куч-қувватга тўлиб, соғлом ва чайир бургутга айланди. Юксакларда парвоз қилиб, замин юзини хотиржам кузата бошлади.
Бу баландликлардан унинг иккинчи қўналғаси – катталиги қарийб уйдай келадиган Садоқат тоши инсон кўзи билан қаралса, гугурт қутисидайгина бўлиб кўринади. Аммо табиат уларга шундай неъматни ато этгандики, Чипор тошни ўз катталигида кўради. Бугина эмас, жуфтининг дўмпайиб турган ва устига тош бостирилган қабрини ҳам, тоғларнинг ёнбағирларида ғимирлаб юрган майдароқ жониворларни ҳам кафтида тургандай кўраётир. Истаса милтиқнинг ўқидай отилиб, хоҳлаганини бир зумдаёқ тутиб олиши мумкин. Бироқ бунга эҳтиёжи йўқ. Эрталаб битта жайра билан битта булдуруқни тутиб еб олганди. Ҳозирча шунинг ўзи кифоя қилмоқда.
Чипор яна юксакларда парвоз қилаётганидан сармаст эди. Узоқ давом этган ранж-алам ва азоблардан кейин танасида пайдо бўлган куч-қудрат, соғломлик бақувват юрагида янгича бир шукуҳ уйғотди. Серзавқ ёшлигини эслатармиди, Садоқат тошига юксаклардан кўз ташлаганида вужудини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайдиган ғуборсиз бир лаззат қамраб олади.
2016 – 2017 йил
Дўрмон – Учқун.