Яқинда мен ишлайдиган бошкармада демократия сари бир қадам қўйилди.
Биз зиёли инсонлармиз, демократияни баъзи бировлар тушунганидек “хоҳлаган одам хоҳлаган овозда хоҳлаган гапини гапира олиши” деб тушунмаймиз. Агар кичкина одам каттакон одамни асосли танқид қилиб чиқса ва ўша кичкина одам калтак емаса – бу бошқа гап. Шу биз учун демократия тантанаси.
Бошқармамизнинг бошлиғи бир илмий китоб ёзган. Имло хатоларига қоқилиб-суқилиб у китобни ўқиб чиқишга мажбур бўлганмиз. Аслида бу китобни у эмас, кичик ходимимиз умидли аспирант Кенжаев ёзганини қоровулимизнинг ити ҳам билади. Лекин қайсидир бир журналистнинг Ъъодатда китобнинг муаллифлари кўпчиликни ташкил этса, исм-шарифи энг охирида қайд этилгани китобни ёзган ҳақиқий муаллифи бўладиЪЪ дегаи қитмирона сўзларини бошлиғимиз қаердадир эшитган экан. Яхшиси Кенжаевнинг фамилиясини умуман муаллиф ёнига йўлатмай қўя қолибди. Энди худди шу асарнинг муҳокамаси пайшанба куни бўлиши керак. Энг қизиғи, биласизми, нима бўлди? Ташкилотимизга вазирликдан “муҳокамада албатта баҳс ва танқид бўлиши керак” деган мазмунда буйруқ келди!
Оббо, буёғи қизиқ бўлди-ку!
Йўқ. Сиз ўйлаб кўряпсизми, ка-аттакон, серсавлат, қориндор бир инсоннинг китобидан камчилик топиб, ҳамманинг олдида баралла валдираб, изза қилишни тасаввур қила оласизми?
Сирасини айтганда илгарироқ ҳам шунга ўхшаш томдан тушган тарашадек оғзаки буйруқ келганди тепадан. Мустақилликка энди эришган йилларимиз эди, чамамда. “Совет даврида соҳамизда нима ишлар қилинди?” деган мавзуда тезлик билан доклад ва мақола тайёрлашимиз лозим бўпқолди. Ёздик. Мақоладаям, докладдаям совет даврининг роса пўстагини қоқдик, соҳамизга эътибор бўлмаганлигига фактлар келтирдик, кўксимизга офтоб тегмаганини далиллар билан исботладик. Сал кейинрок билсак, совет даврида соҳамизнинг ривожи тўғрисида ижобий тарзда ёзилиши керак экан. О, ўшанда ёзганларимизнинг мазмунини бир соатдаёқ тескарисига ағдариб чиққандик. Юқоридан келган буйруқни икки қилиш яхшиликка олиб бормайди.
Ана-мана дегунча пайшанба куни келди. Катта залимизга ташкилотимизда катта-кичик лавозимда ишловчилар йиғилишди. Бизга алоқадор қўшни ташкилотдан ҳам меҳмонлар чақирилибди. Илмий ходимларнинг чумчуқдеккинасидан тортиб савлатидан от ҳуркадиганигача курсини эгаллаб ўтиришибди. Муҳокамани кузатиш учун юқоридан йўлланган вакилга сўз беришганда шундай деди:
– Марҳамат, дилингиздагини сўзланг. Очиқ-сочиқ гапиринг. Асосли танқид тўғри қабул қилинади. Қизғин баҳслашишни ва танқид қилишни ўрганайлик. Замон биздан шуни талаб қилмоқда.
Каттаконимиз барчамизга кулимсираб боқиб турибди. Худди “қани, мени танқид қиласизларми?” дегандай.
Илмий ходим Исматов сўз бошлади:
– Ҳурматли ҳамкасблар. Биласизлар, мен китоб, умуман илмий ва адабий китоблар шайдосиман. Мен мактабга кирганимда биринчи марта сеҳрли қалпоқча тўғрисидаги китобни катта завқ-шавқ билан ўқиб чиққанман. Бу китобни биласизлар – қалпоқчани кийиб олган бола йўқ бўлиб қолади. Иккинчи марта эса мен А. Қодирийнинг романини ўқиб таъсирландим, унда мен юқори синфда ўқирдим ва унча-мунчага ақлим етарди. Ва шу китоблар асосида дунёни англадим, идрок қилдим, дўстлар. Мен учинчи марта беҳад катта қизиқиш билан мутолаа қилган асар бу ҳаммамиз учун ҳурматли Ғишматулла акамизнинг барчамизга таниш илмий асарларидир. Мен анчадан бери соҳамизда шундай жиддий асар яратилишини кутиб келардим. Соҳамизни энди шу асар орқали идрок этаман. Китобда илмийлик ва шу билан бирга ўқувчига тушунарли соддалик уйғунлашган. Соҳамиз бўйича таҳсил олувчи олий ўқув юрти талабалари учун бу айни муддао булди. Барча учун ғоят керакли китоб муборак бўлсин, – дея сўзини тугатди у.
Сўз пенсия ёшидан ўтган фан номзоди Тусматовга берилди. У гапни узоқдан, яъни барча ҳужжатлар ва илмий китоблар бегона тилда ёзилган замондан бошлади. “Бизнинг она тилимизга қарата росмана ўт очишган эди”, дея ўкинч билан эслади у. ЪЪБегона тилга ўрганмаган биз каби қишлоқдан келган талабалар фанни ўрганолмай домлалардан дакки ер эдик. Ҳозиргидагидек эмин-эркин ўзбек тилида соф илмий асарлар битадиган олимларимиз қаерда эди у пайтларда”, деди.
– Асарда нефт-газ пайдо бўлишига оид қимматли фаразлар баён қилинган. Масалан “эркак динозаврлар мурдаси нефтга, урғочиларининг жасади газга айланганлиги” дарҳақиқат фан оламида улкан янгилик. Асарда динозаврлар шундай тасвирланганки, мен худди қулоғим билан уларнинг қийқириғини эшитгандай бўлдим.
Китобга узоқ ҳамду санолар ўқигач, бунга тўртта диссертациянинг материали сарфланганини эътироф этиб, муаллифни бемалол академик атайвериш мумкин, деб хулоса ясади.
Ёмғирдай ёғилаётган мақтовлардан пешонаси тобора тиришиб бораётган вакил муҳокамани шартта тўхтатиб бўкирди:
– Ҳой, тили мақтовдан бошқа гапга айланмайдиган бандалар! Сиздан нимани талаб қилдим? Танқидни, эшитдингизми, танқидни!? Китобнинг камчилигини кўрсатинг. Дўст ачитиб гапиради, дўст дўстнинг камчилигини кўрсатади. Раҳбарининг камчилигини кўрсатадиган ботирлар борми? Бўлди, мақтов тамом, бундан буён фақат танқид ва баҳс бўлади. Мақтовчи сўзамолларни шу залдан ўзим қувиб чиқарганим бўлсин.
Биласизми, инсон жуда мослашувчан ва яшовчан жонзот, шундай эмасми?
Иложсиз вазиятда имкон топганлар, чорасиз жойдан тадбир билан чиқа олганлар бор. Бизга ҳазилакам шарт қўйишмади. Ўйланг: асрлар давомида қонимизга сингган қадриятга қарши чиқиш талаб этиляпти.
Лекин барибир иложи топилди. Муҳокамада фақатгина илмий асарни танқид қилибгина қолмасдан, кимсан Ғишматулла акага ҳам дакки беролдик.
Жиддий сўзлаяптими, ҳазил қиляптими – аниқлаб бўлмайдиган Хушторов деган ходимимиз бор. Шу қўл кўтарди, эҳтимол, зарурият юзасидан ташқарига чиқишга рухсат сўрамоқчидир. Лекин ўртани бошқарувчи “сўз сўрамоқчи” деб ўйлаб “марҳамат” деб юборди.
Хушторов дарров ўзини ўнглаб олиб:
– Бу китобнинг катта камчилиги бор, – деди. Ҳамма унга ажабланиб боқди. -Бунга муаллиф жиддий эътибор бермаган. Америка ва Россияда босиладиган «Оил анд гас» цингари журналларни ҳаммамиз кўрганмиз. Нефт-газ соҳасига оид янгиликлар босилади. Ғишматулла акамнинг китоблари шу журналнинг бир йиллик сонларидан кўра аҳамиятлироқдир. Хўш, нега энди қаёқдаги журнал ялтироқ, пишиқ, сифатли қоғозга босилади-да, Ғишматулла аканинг китоблари оддий қоғозга босилиши керак. Бу катта нуқсон, ўртоқлар. Ахир бу китоб нефтчилар орасида талашиб ўқилишини муаллиф билмайдими? Эҳтимол, билади, аммо бунга етарли эътибор қаратмаган. Ахир бунака китоб пишиқ ва сифатли қоғозга босилмаса, бир-икки йилда титилиб варақлари йиртилиб кетади-ку! Биз муаллиф олдига шу талабни қўямиз: китобингиз сифатли бўлсин, кейинги нашрларда буни ҳисобга олинг.
Мана қўрқмай гапирса бўларкан-ку. Кейин Ўрдаев сўз олиб китобнинг электрон нусхаси интернет саҳифаларида ҳанузгача пайдо бўлмаганлигини камчилик сифатида баҳолади. У сўзини “эҳтимол баъзилар, зарурияти бормикан, деб қараши мумкиндир, аммо китоб етиб бормаган ерга интернет етиб боради. Ғишматулла ака асарларини интернетга жойламаганликлари соҳамиз мутахассисларини қийнашдан бошқа нарсамас. Буни кечиктирганни кечириб бўлмайди”, деб тугатди.
Шундан сўнг муҳокама қизиб кетди. Молқўзиев Ўрдаевнинг фикрига қўшилган ҳолда китобни бетўхтов инглиз, франтсуз, испан, араб ва япон тилларига ўгирилмаётганини гапирди. “Муаллифга агар бу зарур бўлмаса чет эллик нефтчиларга керак”, деб чинқирди. “Кимки бунга панжа орасидан қарар экан уни аяб ўтирмайман. Ва қараб ҳам ўтирмайман. Шарқшуносликда ўқиётган ўғлимга айтиб туриб шартта индонез тилига таржима қилдираман”, дағдаға килди у.
Шу орада фан номзоди Тусматов билан профессор Домлаев қизғин баҳслашиб кетишди. Ҳали Тусматов “динозавриинг товушини эшитдим” деганди. Домлаев эса китобнинг палеонтологик қимматини эслатиб “мутолаа чоғида ўша даврга саёҳат қилгандай туюлганини” билдирди. “Миямизга бор-йўғи 16 фоиз информация қулоқ орқали, 80 фоиз информация эса кўз оркали етказилади”, деб қўйди.
Тусматов буни эшитиб қолиб “сиз мени китобнинг қимматини тушунмасликда айблаётибсизми. қулоқ орқали кам информация ўтадиган бўлса нега унда радио дегани болалаб кетган?” деб жириллади. Домлаев “кимнинг қайси аъзоси яхшироқ ишласа, ўша орқали информация олади”, деб сирпанчиқрок гап қилганди, буни Тусматов кўзи яхши кўрмаслигига шаъма қилаётибди, деб тушуниб, “аъзоларимга тил теккизманг”, деб қўлини пахса килди. Биз маза қилиб кулдик, иккала олим бўлса дакан хўроздек чўқишиб кетди.
Ҳаммани ҳайрон қолдириб умидли аспирант қимтинганча сўз сўради. Ўзи китоб ёзиб, яна ҳамманинг олдида ўзи танқид қилишини ақлимизга сиғдиролмай турибмиз.
– Китобнинг адади кам, – деди Кенжаев. Залда “адад” нималигини билмайдиганлар бор экан “тираж”, деб қўйди. – Ҳурматли устозларимиз юқорида бу дурдона асар барчага зарурлигини таъкидлаб ўтишди. Модомики, барчага бирдек зарур экан, нега бор-йўғи икки минг нусха чоп этилди. Беш минг, ўн минг, эҳтимол, йигирма беш ё эллик минг нусхада босиб чиқариш пайти келмадими? Ададини кўпайтирмаслик – фанимиз учун хиёнатдир. Бунга асло чидаб бўлмайди.
Қаттиқ қарсак бўлди.
Шу даргоҳда ўттиз йилдан бери ишлайдиган, бир мартаям эрга тегмаган, сандиқдай бўлиб семириб кетган шаддод Саври опамиз:
– Мен Ғишматуллонинг ўзининг айбларини юзига айтмоқчиман, – деб наъра тортиши билан хамма қизиқиб унинг оғзига қаради. – Ғишматулло ҳар йили баҳорда хориждаги санаторийда, кузда эса ўзимизнинг республикамиздаги санаторийларда дам оладилар. Яқинда адир томондаги санаторийда дам олганларида кўргани бордим. Бор-йўғи саккиз хил овқат тайёрланар экан. Ваннахонасининг тоши қизиллигини айтмайсизми? Асабга таъсириниям ўйлашмайди қишлоқи врачлар. Қишки чўмилиш ҳавзаси бутунлай тўғри келмайди. Маиший буюмлари Хитой билан Эронники, биттаям европейскийси юк. Ғишматулло, дўстим, – мурожаат қилди ғамхўрларча. – Балки сиз ўйламассиз, аммо саломатлигингиз бизга керак, қолаверса оилангизга керак. Камтарлик ҳам эви билан-да. Шунинг ўрнига Швейтсариягами ёки ўзимизнинг Кавказгами йўлланма олсангиз нима қиларди? Сизнинг катта айбингиз – дам олишга бепарвосиз. Юзингизга айтганим учун хафа бўлманг, – деб кулиб-кулиб ўтириб олди.
Ғишматулла ака жилмайганча унга бош ирғади.
Шундан кейин бошлиқ номига танқидлар ёғилди. Биров қабулхонани ойнаванд қилиб қайта қурилмаганлиги ва эшиги релели эмаслигидан айб топса. иккинчи биров тушликка зинҳор чойхонага эмас, фақатгина марказдаги ресторанларга бориш лозимлигини тавсия қила кетди. Бошлиқнинг бир пиёниста ўғли омборда ишларди ва иш пайтида отасининг “служебний” машинасини ҳуда-беҳудага миниб чиқиб кетаверарди. Шу ўғилчагаям битта “служебний” ажратиб берилишиии уч-тўрт киши қаттиқ талаб қилди, Ҳамма гапиргач, мен четда тураманми, деб “токайгача Ғишматулла ака “эсперо”да юрадилар. Аллақачон “хундай соната” олишлари керак эди. “Служебка”ни бетўхтов янгилашларини қатий талаб қиламан”, десам ҳамма қарсак чалиб юборди.
Молқўзиев яна сўз олиб хўжайиннинг кадрлар бўлимида ишловчи учинчи хотини аллақачон етук мутахассис бўлиб етишганлиги, бироқ ҳанузгача унинг лавозими кўтарилмаётганлиги катта хато эканлигини билдирди. Кадрлар бўлимининг бошлиғи эса хўжайинни айнан бугун долзарб бўлиб турган масала -ёшлар келажагига бепарволикда айблади. Шу йил иккита талаба ўқув амалиётини ўтаб кетган эди. Уларни дарҳол ишга қабул қилинмаганлигини афсус билан таъкидлади. “Икковларининг ҳам ўта зукко ва билимдонликларини кўзларидан пайқагандим. Хўш бири қизингиз, бири жиянингиз бўлса нима бўпти? Биз учун улар – эртанги кун ворисларидир”, деди.
Вазирликнинг вакили яхши кайфиятда жўнади.
Хўш, биродар, энди айтинг-чи, сизнинг даргоҳингизда биров журъат этиб каттаконнинг хатосини юзига айта оладими? Ишончим комилки – йўк, каттаконингиз “икки карра икки – беш бўлади” деса ҳам “тўппа-тўғри” деб тасдиқлайсизлар. Агар тажрибамиз сизга маъқул келган бўлса, кадрларингизни юборинг қайта тарбиялаб жўнатамиз.