Шукуржон Исломов. Пайпоғим… (ҳажвия)

Пайпоғим ва галстугимнинг ранги бир хил,

– дейди биз билан суҳбатда эстрадамизнинг ёрқин юлдузи, ёшларнинг севимли қўшиқчиси Калон Димоғов

Газетамизга ёғилиб келаётган хатлардаги талаб ва истакларни инобатга олиб, бугун  телеекран ва ФМ тўлқинлари орқали Сизга яхши таниш бўлган ёш санъаткор Калон  Димоғов билан суҳбат қуришни лозим топдик .
Мавзуга доир латифа:
Эстрада юлдузи ва журналист.
– Сиздан интервю олмоқчи эдим…
– Марҳамат , интервю матнини ёзиб келинг, қўл қўйиб бераман.
– Сиз мени тушунмадингиз. Матн тайёр, имзо керак..

198… йил.Тошкент. Болалар боғчаси.
Жажжи қизил тувакчасидан яйрабгина туриб боғча опаси ўз хизматини адо этишини бир зумга кутаётган кичик Калоннинг бежирим тувакчасини тенгқури зўравон Шерхон олиб қочади. Кичик Калон чириллаб йиғлаб юборади. Шу пайт Шерхон қоқилиб йиқилади ва боши тўппа-тўғри тўла тувакка тегиб, тувак чайқалиб, қопқоғи очилиб кетади. Унинг бўялган афт-башарасини кўрган Калонча ёшли кўзлари билан хандон отиб кулади. Жаҳли чиққан зўравон ўша ярим-ёрти қолган тувак билан Калоннинг бошига шақиллатиб туширганда эса шу заҳотиёқ яна ўкириб йиғлай бошлайди.
Кичик Калоннинг бир зумда бунчалик турлана олишини кузатиб турган боғча опаси Марзия опа:
– Омон бўлсанг сендан бир артист чиқади, – деб қилган каромати амалга ошди. У қисқа муддат ичида саҳна юлдузига айланиб қолди.

Шахсий  досе (шахсан ўзининг жавоблари асосида)
Севимли рақами – 6
Мучали – сир
Севимли автомобили – Роллс-Ройс
Севимли ранги – мовий (чунки мовий кўзни севаркан)
Ёқтирмаган ранги – “голубой” экан (сабабини билолмадик)
Санъатга киришига сабабчи инсон “дядя Марат”
Севимли китоблар – Алпомиш, Хамса, Қобуснома, Шоҳнома
Хоббиси – машина ювиш

Калонни учратиш қийин бўлди. Қўл телефонига сим қоқсак ҳали у, ҳали бу студияда бўлади. Клип ташвишлари билан тинмай изланаётган пайтида “қўлга туширдик”. У шунда ҳам бор йўғи йигирма дақиқа суҳбатлашишга зўрға кўнди.
М: Санъатга қандай кириб келгансиз?
К.Д.: Менинг опамлар ёшлигимизда музикага меҳр қўйишимизда катта сабабчи бўлганлар. Музикалний школада, тоес, музика мактабида дарс бериш билан бирга халқ хизматига ҳам чиқиб турардилар. Бола эдим. Опам тўйларга баъзан олиб борар, баъзан уйга ташлаб кетардилар. Опамлар гуруҳининг гитаристи дядя Марат бир куни опамни машинасида олиб кетаётганда йиғласам, кичкина ўйинчоқ гитара совға қилди-ди, “сен артист бўласан, ўзим поддержка қиламан, танишларим бор”, деди. Музикалнийда ўқидим. Ҳозир ижод билан консерваторияда ўқишни бирга олиб бормоқдаман.
М: Қўшиқларингизни ёшларимиз севиб тинглашади. Ўтган ҳафта хит-парадимизда сизнинг “Тантиқ қиз” қўшиғингиз биринчи ўринни эгаллагани ҳам буни тасдиқлаб турибди. Сизга…
К.Д.: Мени ва санътимни севган мухлисларимни мен ҳам севаман. Сиз – газета ижодкорлари буни мухлисларимга етказинг. Телеекранда ва ФМ каналларида қўшиқларим тинимсиз айланяпти. Уларга СМС орқали овоз бераётганларга ҳам “ишларингиз ОК бўлсин” дейман.
М.: Мухлисларимиз оилангиз ҳақида билишни исташади.
К.Д.: Шахсий оилам – бу менинг шахсий ишим. Ойим ҳақларида гапирдим. Иккита итим ҳам оиламиз аъзосидай саналади. Адам ҳақида гапиришни истамайман.
М: Нега?
К.Д.: Нима ишингиз бор?
М: Ихтиёрингиз. Санъатимизда ўзаро дўст хонандалар кўпчиликни ташкил этади.Сир бўлмаса дўстингиз ким?
К.Д.: Дўстим бор. Панжи Кенжаев билан клип олиш жараёнида танишганмиз ва ҳозиргача қил ўтмас дўстмиз. Унинг ҳаёт йўли ҳақида филм ишланган, хабарингиз бўлса. Обид ака бош ролни ўйнаган.
М:  Хоббингиз машина ювиш эканидан ашаддий мухлисларингизнинг хабарлари бор. Бўш вақтингизда яна нималар билан машғул бўласиз?
К.Д.: Турли хил китоблар йиғишга қизиқардим ёшлигимда, лекин сўнгги пайтларда ижод, гастроллар, клиплар яратиш билан бўлиб китоб ўқишга вақт бўлмаяпти. Охирги марта ўқиганим “Қайсар чумчуқ” китоби эди. Боулинг, биллиард ўйнашга қизиқаман. Мана бу газеталарнинг ҳаммасини ўқиб чиққанман (У олдимизга бир даста газета ташлади. Муқоваларида ўзининг расмлари бор экан).
М: Дарвоқе, куни кеча ФМ каналида премера бўлган қўшиғингизнинг мусиқаси машҳур рус қўшиқчисининг ижодида учрайди-да. Ушбу қўшиғингизнинг оригиналлигини эътироф этган ҳолда, сизни кўчирмачиликда айблаётганларга айтадиган гапларингизни билмоқчимиз.
К.Д.: Билмайсизми, бу қўшиқни аввал мен куйлаганман, кейинроқ  Юра Шатунов куйлаган.
М: Шуни билмаймиз-да.
К.Д.: Ўзбекистон жаҳонга юз тутмоқда. Албатта бунда биз – санъаткорлар четда турмаймиз. Менинг қўшиқларим турк хонандаси Мустафо Сандал, америкалик эрони Анди, араб Амр Диаб ва яна бир талай ҳинд қўшиқчилари ижодида учрайди. Яна Аҳмад Зоҳир ҳам бир қўшиғимни…
М: Кечирасиз, Аҳмад Зоҳир бу қўшиқни куйлаганда сиз туғил…
К.Д.: Нима қилибди, у бўлмаса бошқаси куйлагандир. Мен ҳам баъзиларнинг  қўшиқларини куйлаб тураман. Асосийси: мен кўчирмайман – ўрганаман.
М: Сизни айрим матбуот нашрлари танқид ҳам қилишди.
К.Д.: Мевали дарахтга тош отилади. Овозим ёқмаса, телевизорни, радиони бошқа каналга олинглар. Барибир бошқасидаям ўзимнинг қўшиғим янграйди (У бирдан ха-халаб кулади)
М: Суҳбатимиз ўртасида қанақа кийинишингиз ҳакида гапириб кетинг.
К.Д.: Одатда енгил спорт кийимини хуш кўраман. Саҳнага ҳам кўпинча шу кийимда чиқиш қулай. Пайпоғим ва галстугимнинг ранги бир хил.
М: Севимли инсонингиз борми?
К.Д.: Бор, аммо бу сир.
М: Қачон оила қурмоқчисиз?
К.Д.: Вақти келганда. Биласизми турк хонандасининг  бир ажойиб гапини ётоғимга ёзиб қўйганман “Никоҳ бу бирлашиб яшашнинг догматик шаклидир”. Мухлисаларим сабабли телефон рақамимни бир  ҳафта да икки марта ўзгартираман. Тинч қўйишмайди. Уларга айтмоқчиман – мен ҳали оила қуришга шошилганим йўқ. Мен учун ижод бирламчи.
М: Яқинда таҳририятимизга хоразмлик устоз санъаткор Мўминахоним Мўминова ташриф буюриб “Калонбек бир қўшиғимни сўроқсиз куйлаб менга жилла қурса раҳмат айтмади, бунинг устига сўзларини алмойи-алжойи қилиб, орасига немисча, қозоқча, татарча, африканча, хитойча, лўлича сўзларни қўшиб куйлади”, деб хафа бўлдилар.
К.Д.:Кўзларини бузмадим, бироз замонавийлаштирдик, аранжировкачи Кашмат билан ишладик. “Ёринг бўлай” деган жойини “эринг бўлай” деб ўзгартирдик, чунки “ёр” деб қизларга айтилади, йигитларга эмас. Қўшиқларимизнинг матни талабга мос.
М: Ижодингизнинг дастлабки йилларида “Туршак” гуруҳида эдингиз. Сўнг якка ўзингиз ижод қила бошладингиз. Бунинг сабаби нима? Гуруҳнинг бошқа аъзоларининг кейинги тақдири нима бўлди?
К.Д.: Рамил ота касби тижорат соҳасидан кетди. Гуруҳимиз ташкил бўлганда музика инструментлари, жой топиш учун асосий маблағни мен сарфлаганман. Эдик ва Батик билан шу хусусда тортишиб қолгандик. Чунки улар кейинчалик менинг пулим кетганини тан олишмади, ғирромлар. Қолаверса бирга ижро этган иккита қўшиғимизнинг мусиқаси ва матнини ҳеч кимга қарамай битта ўзим ёзганман. Бирортасиям ёрдамлашмаган, дискотекалардан бўшамаган сўтаклар. Майли уларга омад тилайман.
М:  Эдик ва Батик бир учрашувда шу фикрнинг тескарисини баён қилишган.
К.Д.: (кескин) Бекорларнинг бештасини айтибди. Ҳаммаси мени кўролмайди. Ҳали кўрасиз – санъатдаям омади чопмайди уларнинг.
М: Ҳозир мухлислар севимли қўшиқчиларига метрлаб хат ёзиши урф бўлган.
К.Д.: Менгаям бунақа хатлар кўп келган. Туғилган йилим қанча бўлса шунча метр, ёшим неча  бўлса шунча метр яна бўйим, оғирлигим, телефон номерим, машинамнинг номери, туфлимнинг ўлчамига мос метрлаб хат ёзган мухлисларим ва мухлисаларим бор.
М: Калонбек, беҳад мазмунли суҳбатингиз учун катта миннатдорчилик билдирамиз.
К.Д.: Тўхтанг, пул қани?
М: Қанақа пул?
К.Д.: Ахир, шоу-бизнес қонун-қоидасига кўра интервю берган машҳур санъаткор ҳақини олишга ҳақли. Ўзи аввалданоқ тўланиши керак эди, мен одамгарчилик, ўзбекчилик қилдим.
(Биз таҳририят билан боғланиб унинг талабини қондирдик)
М: Ана энди ўқувчиларимизга, мухлисларимизга тилакларингиз.
К.Д.: Йигитларимизга омад, қизларимизга қомат, чўнтакларига даромад тилайман. Қўшиқ тинглаб кайфиятингиз баланд бўлаверсин. Тез кунларда аудиоалбомимиз ва дискимиз чиқади, санъатимизга баҳо бериш сиздан.

П.С. Шу кунларда КД Халқлар Дўстлиги саройида яккахон контсерт беришни режалаштирмоқда.”Зални тўлдира олармикансиз?” деган саволимизга у ўта бандлиги сабаб узр сўраб жавоб беролмади. Омадини берсин.