Шукур Холмирзаев. Кекса ғижжакчи (ҳикоя)

Ғани ака ишшайиб, ғижжакка тикилди. Камонни олди-да, ғийқиллатиб чала кетди. Бу — эски куй эди. Машшоқ ва хонандалар бу куйга аллақачон таҳрир киритган, лекин Ғани ака ундан воз кечмас, чалар, бу эса эшитувчиларга ёқмас эди. Шунинг учун Ғани ака гоҳо хафа ҳам бўлар, ўкинар, лекин яна… ўз билганидан қолмасди… У ғийқиллатиб чала бошлади. Унинг рўпарасида турган меҳмон йигитлар сой тарафга кетишди; оппоқ тошлоқдан ўтиб, кўпириб оқаётган сувга етишди. Ечиниб, сувга тушишди ва бир-бирларига сув сачратиб, чўмила бошлашди.
Ғани ака чалар эди. Лабида ўша юмшоқ хокисор ва алланечук ўжар табассум. Силлиқ сочлари манглайига тушган. Хром этикли оёқларини узатиб юборган. Унинг ёнида тиниқ булоқ, ундан нарида ажриқзор, юлғунзор… Бу йигитлар шаҳардан совхоз директорининг уйига меҳмон бўлиб келишган, энди дам олгани чиқиб, новвойхонани ҳам кўришган ва Ғани ака ғижжакни кўтариб, уларга эргашиб чиққан эди… Ғани ака бир замонлар театрда ишлаган, сўнг шаҳар ҳаваскорларига бошлиқ бўлган. Ниҳоят, айланиб-айланиб, шу совхоздан қўним топган; унинг ота-бобоси новвой ўтгани учун ўзи нон ёпишга чапдаст эди — совхоз директори бир гал унинг нонидан татиб, ўзининг новвойхонасига олиб келганди.
Ғани ака, ниҳоят, хўрсиниб, ғижжакни ётқизиб қўйди. Хомуш бўлиб, меҳмонларга тикилди: яхши замонлар ўтиб кетди! У тушган давра гуллар эди! Устма-уст куй чалиш, ашула айтишини сўрар эди меҳмонлар. Буям кам: айлангани чиқишганда ҳам уни бир қадам ўзларидан ажратмас, мана шундай вақтларда меҳмонлар чўзилишиб, у кишини хизматга қўйишарди: о, у чалиш, ашула айтишлар хизматмиди?
Ғани ака ўрнидан ирғиб турди-да, ажриқзор ёқасида ётган корзина бошига борди. Очди, ичидан арақ билан қовурдоқ олди. Арақдан ярим пиёлани қуйиб, отиб олди-да, яна корзинага жойлаб қўйди… Ғижжагини кўтариб, новвойхонага қайтди.
Новвойхона. Шифтларини ис босган, одам бўйи баландда тандир. Унинг пастида узун пештахта. Орқада қоп-қоп ун, четда ёғоч каравот. Унга шолча ва кўрпача тўшаб қўйилган. Лекин ер тоза қилиб супурилган. Шипдаги ис, ун, кўмир ҳидига қарамай, новвойхона озода эди.
Ғани ака ғижжакни михга илиб қўйиб, каравотга ўтирди. Энгашиб, сочларини таради. Чуқур хўрсиниб, яна ғижжакни олди-да, тағин шахд билан чала бошлади… Ғани аканинг учта боласи, хотини бор, улар шаҳарда. Новвой ҳар бозор куни улардан хабар олади. Агар иши ривож топиб, директор уй берса, кўчиртириб келмоқчи.
— Салом бердик!
Ғани ака эшикда тик бўлган новча, галифе шим-китель кийган, ўттиз беш ёшлардаги совхоз директо-рини кўрди.
— Ваалейкум ассалом, директор бобо! — дея каравотдан ирғиб тушди. Ғижжакни ётқизиб қўл қовуштирди.
Директор ичкарига кириб, уёқ-буёққа қаради:
— Қани, зерикмай ётибсизми?
— Э, зерикиш қайда, оғажон!
— Бўлмасам гап мундай! Шу ҳафтанинг охирида тўйчиғимиз бор…
— Э-э, қуллуқ бўлсин!
— Ёз ҳам ўтиб кетяпти. Тўйни қилиб олмасак бўлмайди.
— Умрлари узун бўлсин!
— Энди бир ғайрат қиласиз-да, Ғани ака. Бир-икки юзта нон ёпиб берасиз!
— Хўп бўлади, жоним билан! Андак… сиёдона керак бўлади. Бирон кило кунжут бўлсаям зарар қилмасди. Агар, қиздирилган ёғдан ҳам бўлса, нонни кўп чиройли қилади, оғажон!
— Ҳаммасини топиб берамиз. Лекин сиёдонани… ўзингиз топинг. Мен пулини бераман.
— Хўп бўлади, хўп! Қўшни совхозга бориб келишга тўғри келади-да. Агар бир улов бўлсамиди…
— Кечга томон меҳмонлар кетишади. Кейин машиналар бўшайди. Улар сойдами?
— Сойда…
— Хўш… хўп. Бошқаси ҳақида кейин гаплашамиз. Директор чиқиб кетди. Ғани ака каравотга ўтирди яна. Ғижжакка мунғайиб қаради ва: «Артист ҳам керак, — деб ўйлади. — Кимларни чақиртирар экан… Э, замон ўтди, Ғанижон!»
Маслаҳат оқшоми Ғани ака айвонда шофёрлар ва бўлим хизматчилари билан ўтирар, ичкарида қўшни совхоз директорлари, район ходимлари ҳам бор, улар бемалол кулишиб гаплашар, булар эса, бир қадар паст овозда, имкони борича уларга халақит бермасликка тиришар эди.
— Хўш, биздан маслаҳат сўрасангиз, маслаҳат шу! — деди бир маҳал ичкаридаги меҳмонлардан бири. Ҳамма жимиди. Ташқарида ўтирганлар ҳам жимиди: — Тўйни катта қилмайсиз, ўртоқ директор! Биламан, бир марта ҳам уйингизга меҳмон чақирмагансиз. Ҳаммасининг ҳиссасини бирйўла чиқармоқчимисиз… Лекин бу ҳар хил гапга сабаб бўлади, дўстим! Тушуняпсизми? Директор совхозни еб кетди, шундай тўй қиляпти, деган гаплар ҳам чиқади. Ҳа-ҳа! Шофёр данғиллама тўй қилса, унинг гапи оз бўлади. Сизники кўп бўлади, дўстим!.. Бу ёғини ҳисобга олиш керак! Сўнгра, бир илтимос сиздан, артист чақирмайсиз! Зинҳор ёдингизда бўлсин шу! Пул қистириш, артистга ҳақ тўлаш — бу масалалар кўп нозик, дўстим! Бизгаям гап тегади… Одамларни тийиб бўладими?! Бири бир сўм қистирса бўлди, ким ошарга айланиб кетишиям ҳеч гапмас! Хўп… агар, жуда истасангиз, райондан ҳаваскорларни чақиринг! Улар келиб гуллатиб кетишади. Домкультурада бор-ку, беш-ўнта ҳаваскор! Шундан фойдаланиш керак… Қаршилик йўқми?
Ҳеч ким қаршилик билдирмади. Бироқ кўплар, айниқса, ташқаридагилар хомуш тортди. Ғани ака ҳам ўйланиб, бош чайқаб ўтирди.
Тўй кечаси Ғани ака новвойхонада эди. Пешма-пеш ёпилган нонлар етмас, дастёр бола нон ташиб улгурмасди… Соат ўн иккидан кейин тўйхона тинчий бошлади. Ғани ака дам олгани ўтирди ва дастёрдан сўради:
— Бизни унутишмадими? Бирон нарса опкелинг, укам!
— Аллақачон опкелиб қўйишган! — деди дастёр.
Ярим соат ичида новвойхона тўйхонага айланди.
Ғани ака ширакайф кўзларини сузиб, ғижжак торини тортар, хириллаб ашула айтар, дастёр бола чирпирак бўлиб ўйин тушар, ҳар иккаласи ҳам «дод», деб қўйишар эди. Бир маҳал ташқарида тапир-тупур бўлди ва:
— Ғани ака! — деди кимдир.
Бўлим бошлиғи экан:
— Юринг-э! — деди у. — Тўй эмас, бир ғалати иш бўлди, ака! Ҳаваскорлар гастролга кетган экан. Келишмади. Ҳамма хомуш бўлиб ўтирибди. Ашула, ўйин бўлмаса бўладими! Юринг! Олинг!…
Ғани ака томоғини қириб қўзғалди ва яна ўтирди:
— Укам, биз эски, асбоб ҳам эски, ашула ҳам… Қандоқ бўларкин?
— Э, ҳозир шунисигаям зормиз! Директор юбордилар мени! Бўлинг!
Ғани ака алланечук қалтираб, қўзғалди.
— Сабр, қиласиз энди! — дея, костюмини ечиб ташлаб, дастёрига буюрди: — Сув қуй, ука. Ювинай.
Ювиниб, артинди. Каравот тагидан эски чамадон чиқариб, янги оқ кўйлак олиб кийди, қора галстук тақди. Янги костюм кийди ва этигини артиб, ғижжакни қўлига олди.
Тўнғиллаб, диққати ошиб ўтирган бўлим бошлиғи йўл тортди.

* * *

Ғани ака тўйхонадан соат учларда қайтди. У кайф қилган, лекин тетик, оғзи қулоғида эди. «Э!» деб новвойхона ўртасида тўхтади. Асбобни жойига илиб, каравотга ўтирди ва бошини қуйи солиб, нималар бўлганини эслади:
Ғала-ғовур, шовқин-сурон. Одамлар туриб кетишган. Супа пастида қур тутиб олишган. Ўйнамаган одам қолмади. Ҳар мақомда ўйнашяпти. Айниқса, ўйин билмайдиганлар кўп. Ғани ака ғижжакни қорни устида тутиб олиб, муқом билан чаляпти. Тўхтамайди: куйлар бир-бирига уланади. Одамлар қийқиради, раҳмат айтади… Уша эски, эшитишни истамаган куйларини ҳам жон деб эшитишган, ўша эски, хонандаю машшоқлар қарамай қўйган ашулаларга ҳам жўр бўлишган… Директор қизишиб, Ғани акани ўпади, битта катта серкани етаклаб келиб, чилвиридан тутқазади. Ғани ака уялади, қизаради.
Тонг отди. Ғани ака боши оғриб уйғонди. Кийим-бошини алмаштириб сойга ўтди. Сувга тушди. Қайтди. Булоқ бошида тўхтади. Яқиндаги дард-аламларини эслади. Хомушланди. Ниҳоят… ўзини бахтиёр сезиб, балки умрида биринчи марта тўла бахтиёр сезиб, новвойхонага қайтди. Эҳтимол бундан кейин у ҳеч маҳал бунчалик бахтли бўлолмас — бироқ у бу ҳакда ўйламас, кимлардандир ўч олгандай, кимларгадир ўзини танитгандай сезар ва энди ҳамма нарсага — ҳар қандай ғам-ҳасратга ҳам розидек, мамнун кўринарди… Ғани ака ғижжакни жойига илиб қўйиб, енгларини шимарди. Ишга тушди.