Шукур Холмирзаев. Бодом қишда гуллади (ҳикоя)

Мен бурчакда, каравотимда чалқанча ётардим, беҳол. Кўкрагимда Стендалнинг «Қизил ва қора» романи. Эшикдан оқ халатли, семиз Полина, унинг кетидан пакана, қора патли халатининг этаги ерга тегиб турган бир йигитча кирди. Унинг ияги олдинга туртиб чиққан, кўзи чуқур, пешанаси ботиқ эди.
— Сизларга янги меҳмон олиб келдим, — деди Полина ҳаммамизга тегишли қилиб. Сўнг мен томонда ётган жўрабошимиз Зиганшинга қаради: — Қабул қилинг, ўртоқ староста. Бу кишининг исми… — У йигитчадан сўради: — Исмингиз нимайди?
— Носир, Носиржон! — деди меҳмон ҳозиржавоблик билан.
— Ана, Носиржон экан, — деди Полина. — Палатанинг тартиб-қоидасини ўргатинг. — Сўнг электр чойнак қошида турган курсини унга кўрсатди: — Ўтиринг, Носиржон. Мен ҳозир келаман.
Носиржон онаси иш буюрган ёш боладек курсига ўтириб, калта қўлларини тиззасига қўйди. Сўнг бирдан ирғиб туриб, дам у, дам бу томонга қараб:
— Ассаломалайкум, ассаломалайкум! — деди.
— Ваалайкум, — деди Зиганшин. — Энди танишиб оламиз-да. Қани, ўзлари нима иш қиладилар?
— Курьер, — деди Носиржон ўрнидан туриб.
— Ўтиринг… Курьер? Қаерда?
— Аптобус паркида.
— А, нима бўлиб… сиз ҳам жигар касалми?
— Жигар! — Носиржон ўнг биқинига кафтини босиб қўйди. — Ҳеч мунақа касалим йўқ эди. Эрталаб паркка келсам, битта таниш шопир: «Кўзинг сарғайипти,, медпунктга кир», деб қолди. Медпунктга кирсам, жигар касали, деб айтишди. Кейин «скорий помош»га ўтқазиб, буёққа юборишди. Пастда текширишди. Чўмилтириб, мана буларни кийдиришди. Кейин бу ерга… ўзингиз нима иш қиласиз, ака?
Зиганшин ғурур билан кулди:
— Каравотсозлик фабрикасида инженерман!
Носиржон жуда улуғ одамга дуч келгандай ўрнидан туриб кетаёзди. Сўнг бошқа беморларга ҳам ҳурмат ва сезиларли қўрқув билан бир-бир қаради.
— Бу ерда ётган бошқалар ҳам… чакана одамлармас! — деди Зиганшин. — Анави одам ёзувчи! — деб мени кўрсатди.
Носиржон менга тикилди. Мен унга «шунақа айбим бор», дегандек синиқ илжайдим. Лекин унинг кўзлари катта очилиб кетган эди. Жўрабошимизнинг сўзи давомига қулоқ солмай:
— Мен шоир Рафиқийни кўрганман! — деди у ҳаяжон билан. — Апиша заказ қилиш учун босмахонага борамиз-да! Ҳе, кўча деворларига, автобусларга ёпиштирилади-ку апиша? Ўша учун… Ўшанда кўрганман. Оқ сочли кишй экан.
Дам ҳажвиянамо, дам қасиданамо шеърдар ёзиб юрадиган, қалам аҳли орасида обрўсиз, менга ёқмайдиган бир тизмакаш эди Рафиқий. Мен ҳорғин бош ирғаган бўлиб:
— Танийман… Яхши, — дедим.
Зиганшин ҳамхоналарини таништиришда давом этди: бу киши — тилшунос, институтнинг илмий ходими; бу киши — машҳур монтёр, ушбу касалхонага иккинчи бор тушишлари: у киши — Қодир этикдўз, аммо зўр китобхон; анави йигит — бухоролик. Газли зилзилаларини кўрган, холаларининг уйига келганда шу касалга йўлиқиб, бу ерга тушиб қолганлар; нариги киши — милиция капитани, ёшликларида лўли қизга ошиқ бўлганлар…
Полина кирди. Қўлтиғидаги чойшаб ва адёлларни бурчакдаги бўш каравот уетига қўйиб, бирин-кетин ёзди. Қаппайтирилган оппоқ ёстиқнинг ён-верига тап-тап уриб, сочиқни каравот бошига ташлади. Тумбани очиб, бир пачка қоғозни ғижимлаб олди-да,. Носирга жилмайб, таъзим қилди:
– Марҳамат, Носиржон!
Носир сакраб турди. У ҳам беўхшов таъзим қилган бўлди.
— Шуми менинг каравотим, шуми? — дея тумба қошига ўтди.
— Шу, шу! — деди Полина фахр билан.
Носирни бир мен эмас, бошқалар ҳам кузатиб ётишарди. У жилмайганча оппоқ чойшабни силаб кўрди.
Естиққа қўл тегизди. Сўнг тўшак четини қатлаб, каравот қирғоғига ўтирди. Полина кулиб:
— Хўп. Тезроқ тузалиб кетинг. Тартиб-интизомга риоя қилинг… Кўп ҳаракат қилманг. Ҳозироқ ётинг! — деб чиқиб кетди.
Носир шоша-пиша халатини ечди. Қидириниб, эшик яқинидаги илгичга илди. Кейин зимдан бизнинг қандай ётганимизни кўздан кечириб, аста адёлни кўтарди. Товони қийшайиб кетган эски туфлисидан кичкина оёқларини чиқариб, каравотга тиззалаб чикди. Аста чўзилди. Адёлни кўксигача тортди.
— Хўп, гурунг беринг энди, Носиржон! — деди Зиганшин.
Чиндан ҳам палатада айтилмаган гап кам қолган, кўп латифалар икки-уч мароталаб айтилган, кимнинг нима тўғрисида гапириши ҳам тахминан маълум эди.
Бундай вақтда киши эрмакка муҳтож бўлади.
Носиржон Зиганшинга ўхшаб каравотининг боши томон сурилиб ўтирди.
— Шу бизнинг ишимиз қизиқ-да, — деди.
— Нимаси қизиқ?
— Дейлик, ўзим… — Носир бу томонга ўнгарилиб олди. Бирдан ҳаяжонланиб: — Одамларга ҳайронман! — деб хитоб қилди. — Ўзлари аптовусга чиқадиган бекатнинг номини билишмайди, ака! Уни билса, нариги бекатни билишмайди. Уни билса, қандай аптовуслар тўхтаб ўтишини билишмайди!
— Ўшаларни билиш жуда шартми?
— Э, қизиқ экансиз-ку, сиз ҳам! Билмаса адашади-да!.. Адашади! — деб таъкидлади у зўр қаноат билан. Сўнг ўзича маза қилиб давом этди: — Десангиз, бизга… менга ҳар ой бепул абонемент қоғоз беришади. Бўш вақтим бўлдими, дуч келган аптовусга тушаман. Шаҳарни айланаман… Мисол учун, аптовусда кетяпман. Кўриб қоламанки, бекатда бир чол аланглаб турипти. Сезаман: йўлни билмайди, адашган… Шартта аптовусдан тушаман. «Саломалайкум, отахон! Йўл бўлсин?» «Э, болам, адашиб қолдим. Фалон жойга бормоқчи эдим». Мен дарров у кишига тушунтираман: шундоқ аптовус келади, ўшанга ўтириб, фалон бекатда тушасиз… Вассалом. Чол бизни дуо қилади. Мен яна аптовузга тушиб кетавераман. Яна бир бекатда…
— Ў, сиз жуда олижаноб экансиз! — деди тилшунос қўшним овозида сезиларли киноя ва қувлик билан.
Носиржон яйраб кетди.
— Э, унчалик эмас, ака!
— Носиржон, уйланганмисиз? — дея ётган жойидан туриб ўтираркан, сўради Эшим монтёр.
Ҳамма кулиб юборди: Эшим аёллар ҳақида, нуқул ўшалар ҳақида суҳбатни ёқтиради ва ўзи ҳам шундан сўзлаб чарчамайди. Бу борада беҳаё гапларни ҳам айтиб юбораверади.
Носир Эшимга тикилиб қолди-да, дув қизарди.
—- Э, қўйинг-э! — деди ёш боладек.
— Ия, нега қўяр эканман! – дея авж қила бошлади монтёр. — Ҳаёт — ўшалар билан ҳаёт, ука! Бизни бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам ўшалар, сизга айтсам! Масалан, ўзим! Уйланганман. Иккита болам бор… — У давомини айтишдан ўзини тийиб, Носирга тикилди. — Ҳали… яхши кўрганингиз ҳам йўқми?
Носиржон баттар қизариб, бошини эгди. Сўнг қандайдир титраб…
— Одамдан кулманг-да, ака, — деди.
— Нега кулар экан? Сиз йигит кишисиз! — дея луқма ташлади бухоролик Аминжон.
Носиржон ўзининг йигит киши эканини илк бор эшитгандек, Аминжонга ҳайрат, аралаш ўқрайди. Кейин ўзича жиддий тортйб, бемалол шифтга бокди. Ўйланди.
— Йўқ, — деди.
Унинг жиддияти ҳам кулгили, ҳам ёқимли эди.
— А, болапақир-а! — дея хитоб қилди Зиганшин. — Дунёнинг лаззатидан бенасиб юрган экансан-ку, ука! О, муҳаббат! — Яна бир парда кўтарилди: — Санъатсиз турмуш — ваҳшийлик, деймиз. Лекин муҳаббатсиз турмуш-чи?!.
Носир «Рости биланми?» дегандек жўрабошига узоқ тикйлиб қолди-да, сўнг бирдан менга қаради. Ўрнидан қўзғалмоқчи ҳам бўлди. Полинанинг гапини эслади шекилли, яна ётди.
Мен бундай содда йигитни кўрмаган эдим.
Осма уколларни олиб келишди. Одам бошига биттадан. Сепоя устига шиша идиш ўрнатилган, идишнинг биқинида — қизил резина ичак. Ичак учида — игна. Шу игна билак томирига санчиб қўйилади. Идишдаги қонни тозаловчи суюқлик шу орқали томирга ўтади. Қон суюлиб, бадан совиб кетади.
Навбат Носиржонга етганда Полинанинг иши ўнгидан келмади. Палатамизга қаровчи врач — Қобил докторни чақирди. Қобил доктор, одатдагича — лабида сигарет, Носирнинг бошида хўб куйманди. Охири:
— Сиз дорили сув ичасиз. Стаканга қўйиб беринг, Полина! — деди-да, менинг ёнимга келди. — Қалайсиз, шоир? — У қўлларини халати киссаларини йиртгудек қилиб тираб, менга тикилди. Ёнбошимдан Стендалнинг китобини олди. — А, — деди. — Буям шеър ёзганми?
— Мен шеър ёзмайман, — дедим.
— Бари бир, — деди у. — Эски замонда ҳаммаларингни, шоир деб аташган.
У табобатдан ҳам ўша замонлар муолажасини кўпроқ тан олади. Ота-бобоси табиб ўтган.
— Бу гашгагиз тўғри, доктор, — дедим.
— Оқшом бир шеър олиб кираман. Кўриб берасиз.
У нуқул Усмон Носирнинг шеърларидан кўчириб келиб, менга кўрсатади. Мен унга «Яхши шеър ёзибсиз», дейман. У: «Мен бари бир шоир бўлмайман. Шунчаки кўнгил учун…» деб қўяди. Ўзининг аҳволи-ку, маълум, менинг ёлғон гапиришимни ҳам билса керак. Майли-да. Вақтни аямай бир шоирдан шеър кўчирибдими… яхши кўрганидан кўчирган. Рафиқийга ўхшаш даъвогарлардан шулар тузук-да.
— Носирга… ичишни буюрдингизми?.. — деб сўрадим.
— Томири эт орасида қолиб кетган. Ёшлигида рахит бўлган. Ничево, — деди у. Кейин сигаретини бемалол буруқсатиб чиқиб кетди. Полина ҳавода сузаётган паға-паға тутунни сочиқ билан елпиган бўлиб, зорланди:
— Қобил ака ҳаммани ҳайрон қилади, тавба!
— Лекин қўллари енгил-а? — деди монтёр.
Полина кўзларини катта очиб:
— Вой, аста сўраманг! ТошМИгаям чақириб туришади! — деди.
Идишдаги суюқликнинг камайиши, тамом бўлишини кутиб ётиш керак. Киши зерикади. Қўл увишади.
Полина чиқиб кетгач, Носиржон тумба устига олиб қўйилган идишдаги суюқликни бирпасда ичиб бўлди. Кейин, ўзига фавқулодда бир енгиллик берилгану, биз бечоралар атай машаққатга солингандек, мамнуният билан жилмайиб каравоти қошида бир оз турди. Сўнг қўшниси — Аминжоннинг ёнига аста ўтди. Энгашиб унинг билагига қаради.
— Ў, қон чиқяпти-ку, яна!
— Бор экан, чиқади-да, — деди Аминжон. Носиржон бош чайқаб кулди.
— Менинг томиримни топишолмади, — деди қувонч билан. — Илгариям топишолмаган. Кейин оёғимга укол қилишган.
Беморлар томирларидан игна чиқиб кетмаслиги учун оҳиста кулишди. Носиржон ҳар бир бемор ёнида бир тўхтаб, менинг қошимга етиб келди. Стулни олиб ўтирганида Зиганшин тоқат қилиб туролмади:
— Мулла йигит, ҳамшира нима деди сизга?.. Нега юрибсиз? Жигар касал дейдилар буни! Жимгина ётиш керак!
— Рост, — дедим мен ҳам. — Сизни бу аҳволда кўрса, уришади.
Носиржон сапчиб стулдан турди-ю, ночорлик билан эшикка қараб, бир зум тек қолди. Кейин:
— Сиздан бир-иккита гап сўрайман, — деб шивирлади менга…
Полина сепояларни иккитадан-учтадан қилиб кўтариб чиқиб кетгач, эшикдан Қобил доктор кўринди. Менга кўз қисиб, хотиним келганини, ҳозир киришини айтди.
Уйга қишлокдаги бир дўстимдан хат келган экан. Садаф шуни олиб келибди. Хатга бир бахши шоирнинг тўрт қатор шеъри ҳам қистирилган экан. Менга ёқди. Шоир осмондан турналар карвони ўтаётгани, аллақаердан сумалак ҳиди келаётгани, ҳаволар ипакдек майин бўлаётганини айтиб: «Энажон, билмадим, наврўз келдими», деб шеърни якунлайди. Айниқса, шу сатри ёкди.
— «Энажон, билмадим, наврўз келдими…» Яхши-я? — дедим хотинимга.
У ҳам йиғламсираб, ҳам кулимсираб:
— Ташқарида эса қиш! — деди.
— Қор қалинми?
— Ҳаммаёқни қоплаб ётибди. Сирпанчиқ… Анави врач яхши. Мени киритворди.
— Яхши. Бўпти. Жигар касал ҳам юқумли. Қайтавер энди.
Носиржон каравот қошига келиб турган экан.
— Ассаломалайкум, кеннойи! — деди.
Садаф алик олди.
— Тузаляпсизларми? Тезроқ тузалиб чиқинг-лар-э.
— Э, ҳадемай отдай бўлиб кетамиз! — деди қувониб Носир. — Бу ернинг шароити!.. Жаннатда топилмайди! Қаранг, кеннойи, ҳаммаёқ ошюқ, озода… Ҳозир осма укол қилишди! Шу денг, мен дорини ичдим. Бари бир фойдаси бўлар экан!
Турган гап, Садафга унинг хунук қиёфаси ёқмади. Лекин у андишали аёл — билдирмади:
— Докторлар танишингиз бўлса керак-да, — дея кулиб қўйди.
Ҳамиша ҳамманинг гапига қулоғи динг Эшим монтёр гап отди:
— Бу укамиз устаси фаранг экан, келин!
Тушлик овқатни аҳволи оғирроқ беморлар тўшагида ўтириб ейди. Бу ерга олдинроқ тушганлар, яъни тузалиб қолаёзганлар эса ўртадаги столда тамадди қилишади. Кастрюль ва бошқа идишлар қаланган аравачани ҳам кўпинча Полинанинг ўзи ғилдиратиб киради.
Полина асли яҳудий бўлса ҳам, жуда ўзбеклашиб кетган, нуқул «Ўзимизнинг ўзбеклар-да…», деб гап бошлайди. Касалларга меҳрибон. Ичида Қобил докторни яхши кўрса керак. Айниқса, зонд ютган пайтларимизда унга суяниб қоламиз. Зонд — ярим газдан ошадиган резина ичак. Бир учидан аста-секин юта бошлайсан. Томоғинг қичимсираб кетаверади. Ўқчисанг, бўғилиб қоласан. Полина далда бериб: «Оз қолди. Йигитсиз-ку! Ҳа, бўлинг!» деб туради. Зондни суғуриб олиш ўзингнинг қўлингдан келмайди. Боёқиш ҳамшира иккинчи учидан сочиқ билан ушлайдию кўз очиб юмгунча чиқариб олади. Жуда енгил тортиб кетасан.
Тушки овқатдан кейин бир муддат гангир-гунгур суҳбат; сўнг уйқу элитади. Жигари оғриган беморлар жуда заиф, мадорсиз бўларкан. Овқатнинг ҳам мазаси йўқ. Кучли таомни эса докторлар йўлатмайди.
Туш кўрибман шу куни. Томда турган эмишман. Кўкдан турналар карвони ўтаётганмиш. Осмоннинг у ер-бу ерида паға-паға, қучоқ-қучоқ оппоқ булутлар. Ёш бола эмишман. «Энажон, наврўз келди!» деб бақирармишман.
Биз уйғонганда Носиржон ухлаб ётарди. Унинг ғий-бати бошланди. Тилшунос қўшним ёнбошлаб:
— Кечирасизу мен шу йигитчани… маймунга ўхшатдим, — деди.
Мен кулиб қўйдим. Тилшунос шивирлаб гапирган бўлса ҳам, қўшни — Қодир зтикдўз эшитган экан.
— Абдулла Қаҳҳорнинг «Синчалаги»да Эшон бор-ку, худди ўшанинг ўзи! — деди.
Аминжон ҳам уни Эшонга ўхшатган экан. Жўрабошимиз Зиганшин:
— Келинглар, уни Эшон деб атаймиз! — деди.
Милиция капитани жилмайиб:
— Ҳар қайсиларингнинг биттадан-иккитадан болаларинг бору ўзларинг болага ўхшайсизлар-а! — деди.
Ошпаз уйғур йигит:
— Э тангрим, ўзинг кечир, — деб қўйди.
Бу йигит эллик бешинчи йилларда Қашқардан буёққа ўтган, кўп художўй, кўп куйган банда эди.
— Жим! Қимирлади! — Эшим монтёрнинг шу гапидан кейин ғийбат тўхтади.
Носиржон уйғониб, бирдан туриб ўтирди. Бир дақиқа бизга бегона назар билан қарагач, оппоқ пишиқ тишларини кўрсатиб жилмайди:
— Яхши ухлаб турдиларингми, акалар?
— Ўзингиздан сўрасак? — деди Зиганшин.
Носиржон жилмайиб, тиззасидаги адёлни икки томонга қаратиб силади. Оппоқ деворларга қувонч билан боқди. Унинг анча фақир оилада ўсгани кўриниб турарди. У жилмайишини қўймай бирпас ўтирди-да, каравотдан тушди. Сочиқни олиб:
— Бетни ювиш керак, бетни ювиш керак, — деб чиқиб кетди.
— Ичимизда ёлғиз мусулмонимиз шу экан! — деб хитоб қилди уйғур йигит.
Унинг гапида жон бор: уйқудан кейин истаганлар чиқиб бет-қўлини чайиб келар, истамаганлар турибоқ турпми, олмами кавшашга тушар эди. Сираси, ҳадеб йўлакка чиқаверишимизни врачлар, ҳамширалар ҳам хушламасди. Айниқса, энди тушган касалларнинг чиқишини… Шу куни Носирнинг қили-ғими, ошпазнинг гапими таъсир қилиб, ҳаммамиз ювиниб келдик.
Носир менинг ёнимга келди.
— Ака, муҳаббат нима?
Мен ҳорғин кулимсирадим.
— Уни бошидан кечирмаган одам билмайди… У юракка содир бўлади, Носирбой. Уни кўрсатиб ҳам бўлмайди. Жаҳлингиз чиққанда, бировни урасиз. Қувонганда — суясиз… Муҳаббат ҳам шунга ўхшаш нарса… Лекин у нодир ҳис. Бояги ҳислар ҳам, кези келганда, унга бўйсунади, укам. — «Қизил ва қора»ни қўлга олдим. — Мана шу китобни ёзган одам, ҳаётнинг асл маъноси муҳаббатда, дейди…
— Ў-ў!
Мен ҳам зериккан эдим, шундай мавзуларда узоқроқ гапиришни истардиму, лекин ҳамхоналарнинг диққатини ортиқча жалб этиш, уларга маҳмадана бўлиб кўринишдан чўчирдим.
— Шунақа, — деб қўя қолдим. — Ҳа, сиз чиндан ҳам бирон қизни…
— Қўйсангиз-чи, ака.
— Ота-онангиз бордир, Носиржон?
— Отамиз ҳаёт…
— Ака-укалар?
— Йўқ. Ёлғиз фарзандмиз.
— Нечанчи синфни битиргансиз?
— Э! — деди у кулиб. — Бешинчидан ўқишни ташлаб кетганмиз, ака! — Сўнг шод-хуррамлик билан давом этди: — Шўх бўлганмиз-да, ёшликда! Лекин бир бола узун темирни боши устида айлантираман деб бизнинг бошни ёриб қўйган. Шунда ўзимдан кетиб қолган эканман… Олти ой касалхонада ётдим. Тузалишга тузалдим-у, ҳарфни танимай қолдим, ака. Кейин жавоб беришди. Лекин «ўқима», дейишади. Бу қанақаси, дедим. Мактабга чопдим. Синфга кириб ўтирдим. Лекин, ака, докторлар рост айтган экан, салга бошим оғриб қолаверди. Бошим оғриса муаллимга айтаман. У киши менга жавоб беради. Охири: «Бошинг оғриса, бемалол чиқиб кетавер», дедилар. Кейин, истаган пайтимда дарсга кириб, истамаганимда чиқиб юравердим. Болаларнинг менга ҳаваси келарди… Битта физика ўқитувчимиз бор эди. Ҳе, еттинчига ўтганда! Еттигача мактабга қатнадим-да. — Носиржон қаҳ-қаҳ отиб кулди. — Лекин мени синф журналига ёзишмаган экан. Бешинчи синфда қолаверган эканман… Ўша физика ўқитувчимизни яхши кўрардим… Баъзан ўзлари: «Энди бор!» дер эдилар. Мен чиқиб, боқчадан у кишининг боласини уйларига оборардим. Ҳовлисида ишлардим. Гул кесардим, мева терардим…
Полина кирди. Носиржон каравотига қочиб борди. Ҳамшира бизга биттадан ҳарорат ўлчагич бериб, Носирга бармоғи билан пўписа қилди-да, тағин чиқиб кетди.
Жигар касалининг тузалаётгани ҳароратда ҳам кўринади. Бироқ, энг ишончли белгиси — кўз билан бадандан сариқнинг кетиши, киши ўзини тетик тута бошлаши. Яна бири — жигардаги шишнинг пасайиши, йўқолиши. Ниҳоят, қоннинг тозаланиши.
Олдинроқ тушган касаллар жигарининг усти қичий бошласа, шиш қайтяпти, деб қуврнишарди.
Шу куни ҳарорат ўлчагични олгани қайтиб кирган Полина шивирлаб, милиция капитанига икки кундан кейин жавоб берилишини айтди. Ҳаммамиз қувониб кетдик, у кишига ҳавас билан боқдик.
Кечки овқатга бир оз вақт бор, ҳар ким ўз иши билан машғул. Биров кавшанади, уйғур ўртоғимиз каравоти тагига яшириб қўйган банкадаги балиққа тикилиб ўтиради. Аминжоннинг икки кўзи деразадан ташқарида. Мен «Қизил ва қора»ни ўқийман. Зиганшин билан Эшим ўзаро шивирлашиб, пиқ-пиқ кулади. Мен онда-сонда уларга қараб қўяман. Аниқ эсимда: Носиржон каравотда қўлларини тиззасига қўйиб, жиддий, алланарсани ўйлаб ётарди.
Хуббижамол кириб келди. Хонамиз тўлиб, гўё ҳаммамиз тузалиб қолгандай бўлдик. У ТашМИнинг тўртинчи курс студенти. Бизнинг номи хунук касалхонамизда практикасини ўтар, ҳафтада икки-уч кун навбатчилик ҳам қилар эди. Уни ҳали врач деб бўлмасди, албатта. Бироқ, кўзлари хиёл қийиқ, хипчагина бу қизда кишининг руҳини дафъатан кўтарадиган, уни олис кенгликларга ундайдиган ва яхши кунларини ёдга соладиган бир ўктамлик, ҳаётбахшлик бор эди.
— Ассалому алайкум, акажонлар!
Носир ўрнидан туриб кетиб, ҳаммамиздан олдин алик олди:
— Ваалайкум. Келинг, опа!
Хуббижамол Носирга қизиқиш билан тикилди. Чеҳрасида киноя ҳам, истеҳзо ҳам, йигитчанинг маймунга ўхшаш қиёфасидан ҳайронлик аломати ҳам кўринмади. Ичимда қиздан миннатдор бўлдим.
— Сиз… қачон келдингиз? — деб сўради қиз.
— Бугун, бугун! — деди Носиржон ҳовлиқиб. — Ҳали… тушдан олдин. Шу денг, опа, ҳеч мунақа касалим йўқ эди. Эрталаб гаражга келсам, битта шопир: «Кўзинг сарғайипти, медпунктга кир», деб қолди. Медпунктга кирсам, сен «желтуха» деб, мана… — У мунғайиб елкасини қисди. — Ҳозир…
Хуббижамол аллақандай суйиб йигитчанинг кифтига қоқди.
— Ўтиринг. Ётинг… Исмингиз нима?
— Носиржон! — деди Зиганшин.
— Йўқ. Эшон… Эшонжон! — деди Қодир этикдўз.
Эшим ҳам кулиб, унинг сўзини маъқуллади.
— Ё тавба. Қулоғига азон айтиб қўйилган оти бор-ку! — дея хитоб қилди уйғур йигит.
Хуббижамол қаҳ-қаҳ отиб кулиб, Носирга:
— Қайси исм ёқади сизга? — деди.
— Менга.. ўзимники-да! Бизда эшон ўтмаган, — деди Носиржон.
— Бўпти. Бўлмаса, сизни Носир эшон деймиз. Ёқадими?
Носиржон «Бу кишига нима дейин?» дегандай, биз томонга кўзларини каттартириб қаради.
— Рози бўлмайсанми? Рози бўл! Шундай қиз… сени эшон деб турса-я! Э, Хуббижамол, менга айтмайсизми, ҳақингизга дуо қилардим!
Носиржон энди Хуббижамолга қаради.
— Ихтиёр ўзингизда, — деди қиз.
— Йўқ. Майли! — деди Носиржон бирдан ҳаяжон билан. — Хоҳласангиз, Носир эшон деяверинг, опа! Майли!
— Ҳаҳ, ёқмай қолсин, — дея қийқириб кулди Эшим.
Хуббижамол ҳам кулиб:
— Бўпти! — деди. — Сиз бугундан эътиборан — Носир эшонсиз!
— Ура! — деди этикдўз.
Хона кулгига тўлди.
— Бўлмаса, Носир эшоним, сиз ҳам бу акаларингизга ўхшаб ётасиз! — деди Хуббижамол ва ниҳоят биз томон бурилди. Бироқ унинг «эшоним» дегани янгидан кулги уйғотган эди. Ҳар ким Носирга ҳар ёқдан гап отади. Эшим эса, ҳамманинг сўзидан хулоса чиқаргандек, мен томон келаётган Хуббижамолга сирли овозда:
— Бу, жуда ғалати бўлди-ку! — деди. — А, синглим? Эшоним дедилар… Ҳой, Носирбой, нима бало қилиб қўйдингиз ҳозир? Хуббижамолнинг сўзини эшитдингизми ?
— Нимани эшитдим? — деди Носиржон гап нимадалигини уқолмай.
— Ахир, сизни «эшоним» деб, ўзлариники қилиб гапирдилар-ку?
Носиржон ялт этиб, ҳатто кўзлари олайиб қизга қаради. Хуббижамол кула-қула:
— Ҳа, нега энди ўзимники қилиб гапирмас эканман! — деди. — Балки…
Хона яна қийқириққа тўлди.
— Балки… балки-я! — деб оҳ чекди Эшим. — Ў, эшон! Бахтинг бор экан, ука! Ёки бўлмаса… ўлгудек ухажур экансан, ука! Бирпасда шундай қизнинг бошини айлантириб ташладинг-а!
Носиржон қўрқиб, аммо ишшайганча дам унга, дам бунга боқар эди. Хуббижамол каравотим олдига келиб, уни тўсиб қўйди. Қиз шу кунгача бизнинг ҳар биримизни ўрганиб бўлган, ҳар биримизга тегишли гапни аллақандай ички сезги билан ҳис қилиб айтар эди.
— Китоб… Ҳалиям китоб! Зерикмаганингизга ҳайронман! — деди менга. — Кеннойимнинг ўрнида бўлга-нимда, китобдан бошқа нарсалар ҳам бор, дер эдим…
— Худди хотинимнинг гапини айтдингиз, синглим, — дедим.
Қурмағур йигитлар шу гапдан ҳам қийиқ топиб кулишди.
Хуббижамол тилшуносга унинг тузалиб қолгани, врачлар нима учун жавоб беришмаётганига ҳайрон эканини айтди: ҳолбуки, унинг кўзидан ҳали сариғи кетмаган эди. Монтёрга:
— Касалхона сизга ёқипти. Бу гал ҳам чиққандан кейин тухумдан кўпроқ енг. Ўзимиз опкеламиз! — деб ҳазиллашди.
Яна қийқириқ, яна кулги бўлди. Эшимбой ўтган гал тузалиб чиққач, хотинига бозордан ўнта тухум келтиртириб, ўновини ҳам паққос ютиб, эртаси кечга қолмай яна касалхонага келиб тушган экан.
Хуббижамол Зиганшинга касалхонадан чиққач, кўпроқ ичишни «маслаҳат» бериб, Аминжондан:
— Газлини соғинмаяпсизми? — деб сўради. Сўнг шундай барваста йигитга касал бўлиб ётиш ярашмаслигини айтиб, капитан билан сўрашди. Ошпазга етганда каравот тагига қараб олиб: — Раҳмингиз келсин-а? — деди.
Яна Носиржоннинг ёнига қайтиб, унга қандайдир ҳам ачиниш, ҳам меҳр билан бокди. Сўнг яна ҳаммамизга тегишли қилиб:
— Акажонлар, бугундан бошлаб яна хизматингиздамиз! — деб чиқиб кетди.
Носиржоннинг Хуббижамол билан учрашуви шундай бўлган эди. Бунинг давоми… Давомини ким ўйлабди дейсиз!
Ўша куни Хуббижамолнинг Носирга «эшоним» деганини эслатиб, мен ҳам қандайдир илмоқли гаплар қилдим. Эшим-ку тинмади. Ҳатто милиция капитани ҳам Носиржонга: «Сизга жуда бошқача қаради», — деди. Кейин, қизнинг хонага кирибоқ Носирга қизиққани яна анча гап бўлди…
Оқибатда Носиржон ўйланиб қолди. Одамзод қизиқ-да: унинг жиддий ўйланиши ҳам ёқимли, қизиқ; ҳам кулгибоп, эрмакбоп эди. Агар бу гап-сўзлар оқибати Носирни қандай кўйларга солишини илганимизда… Йўқ. Аксинча, унга ҳазил қилиш, қизни эслатиш бизга ёқар, бунга сари Носиржоннинг Хуббижамолга қизиқиши ортар эди. Буни кўриб, биз худаи ёлғон-яшиқ гаплар билан бир муҳим натижага эришаётгандек туярдик ўзимизни.
Булар — кейинги гаплар. Лекин ўша куннинг эр-таси Хуббижамол Полина билан хонага кирганда Эшим:
— Синглим, эшонингиз туни билан киприк қоқмай чиқди! Ошиқи беқарор бўлиб қолганга ўхшайди! — деди.
Қиз қаҳ-қаҳ отиб, укасининг елкасини силагандек, Носиржондан:
— Шундайми? — деб сўради энгашиб.
Носиржон, кўзлари катта очилиб, аста каравотдан
туша бошлаган эди, қиз унинг тиззасига шап-шап уриб: «Ётинг, қимирламай ётинг!» — деди. Носиржон ётди-ю, лекин қиздан кўз узмади.
Ҳа, Хуббижамол ўзига хос гўзал, барно қиз эди. Бўйи Носиржондан бир ярим қаричча баланд.
— Агар шу гап рост бўлса, бўлди! — деди Хуббижамол қаддини кўтариб. — Ғанимлар куйсин! Тўғрими, эшоним?
— Севгилим, денгда-е! — деди Эшим.
Қиз қўлларини орқасига қилиб, қаддини кўтарди.
— Севгилим, десам, нима қипти!
— Ура! — деди Қодир этикдўз.
— Ура-а! — деди Зиганшин.
— Айтмовдимми, сиз… зўр йигитсиз! — деди Аминжон.
Носиржон бир унинг оғзига, бир бунинг оғзига қарар, кўзлари яна ҳам каттариб кетган, кўриниб турибди, ичидан қаттиқ ҳаяжонланар эди. Полина, одатдагича, яна биттадан ҳарорат ўлчагич улашди. Ҳарорат ўлчагични қўлтиғимизга қисиб, уёқ-буёқдан гаплашиб ётдик: ташқари қор… Ўзга хоналардаги касаллар. Кимдир Полинадан: «Қобил доктор қаерда?» деб тагдор қилиб сўради. У қизариб кетиб: «Энг ёмон палата, шу, Жамол… Тағин сиз шу хонага кирасиз-а!» — деди. Бу гап яна йигитларнинг жағини очиб юборди.
— Нега кирмасинлар? Бу ерда севикли эшонлари ётипти-ку!
— Оббо эшон-э! Уста экансиз, пирим!
— Ура!..
Ярим соатлардан кейин Қобил доктор сигарет тутатиб кирди. Ҳар бир беморнинг қорнини очиб, жи-гари устини чертиб кўрди. Тилига, кўзига тикилди. У айтган гапларни, одатдагича, Полина ёзиб олди. Чиқа туриб:
— Шоир, кеча иш чиқиб қолди, бугун кираман, — деди менга.
Овқатландик. Гурунг. Кимлардир ухлади. Мен ҳам бир оз мизғиб, китобни қўлга олган эдим, Носиржон бир-бир босиб қошимга келди.
Тумба олдидаги стулга ўтирди. У анча ҳоркин эди. Кулгим қистади.
— Кеча яхши ухламаганингиз ростми? — деб сўрадим.
— Мен? Йўқ… Ухладим, — деди у нимадандир ҳайиққандек. Сўнг эшикка қараб олди-да, қизариб, аста шивирлади: — Ўзлари чиройли-я опанинг?
Тилшунос эшитиб ётган экан:
— Нега опа дейсиз? Нега? — деди бирдан дўқ қилиб. Уйғоқлар кулиб юборишди. Носиржон энди оқариб:
— Опа-да! У киши мендан катта! — деди.
— Вей-вей, ўламан! — деб нидо қилди Эшим монтёр. — Шу каттами? Хўп, катта бўлса бўпти-да… Менинг хотиним ҳам ўзимдан беш ёш катта. Бўйи икки қарич баланд!
Яна кулги бўлди. Уйғур йигит:
— Ё обло! Бузилдинглар, жўралар! — деди. Капитан ҳам уни қувватлади:
— Буларнинг гапига ишонманг, Носиржон. Носиржон менга тикилиб турди-турди-да:
— Шундайми, ака? — деди.
У менинг «Шундай эмас», дейишимни кутарди. «Нега бунинг кўнглини чўктирай?» деб ўйладим-да:
— Ким билади, — дея елка қисган бўлдим. Носиржоннинг чиройи очилди. Тағин эшикка қараб қўйди. Шунда мен бир адиб сифатида… одамда бўлаётган ўзгаришни кўрдим; уни кузатиш аҳдим бўлиб қолди. Ёзувчилик касби баъзан шафқатсизликни талаб этади. Дейлик, айбдорни сўроқ қилишяпти. Унинг қариндошлари йиғлаяпти, томошабинлар ҳайратда. Терговчи эса пинак бузмайди. Ёзувчи ҳам баъзан шундай ҳолга тушади. Бироқ, сизни ишонтириб айтаман, унинг терговчидан фарқи бор — у қийналиб, ўртаниб кузатади, «суроқ қилади». Аммо, табиий, буни сиртига чиқармайди. Тўғри, у ҳам одам, баъзан сиртига тепиб ҳам қолади.
— Раҳмат, раҳмат, ака, — деб шивирлади Носиржон ва жойига қайтиб кетди.
Яна осма укол кирди. Носиржон шиша идишдаги дорили сувни стаканга қуйиб яна ичиб олди. Кейин лабларини ялаб:
— Менга ёкди. Мен тузаляпман, акалар! — деди.
Полина сепояларни йиғиб чиқаркан, Несиржон унга бир нима демоқчи бўлиб кўп шайланди. Ниҳоят унинг орқасидан чиқди. Эшим монтёрнинг ҳам кетишига саноқли кунлар қолган, қони тозаланаётган эди. Энди ўзига эҳтиёткор бўлиб қолган. Шунга қарамай, каравотдан шошиб тушиб, эшикдан мўралади. Анчадан кейин қорнини ушлаганча қайтиб жойига келди. Пиқ-пиқ кулиб:
— Приёмний покойгача борди, — деди. — Қобил қувиб солди… Хуббижамолни сўрамоқчи эди!
Кулга кўтарилди. Носиржон шумшайиб кириб, жойига ўтди.
— Бор эканми? Гаплашдингизми? — деди Эшим.
— Ким? — дея талмовсиради Носир.
— Ким бўларди, жонон-да. Носиржон совуқ ўқрайди. Менга қараб:
— Ака, жонон дегани яхшими, ёмон? — деди.
— Қандай айтилишига боғлиқ, — дедим мен. — Менимча, Эшим акангиз беғараз…
Носиржон Эшимга ишончсизлик билан қараб қўйди. Кейин тўшагига чиқиб ётди. Шу бўйи тушки овқатгача гап қотмади. Туриб-туриб менинг унга раҳмим келар, лекин уни кўнглида кечаётган хаёлларидан айи-ришга кўзим қиймас эди. Бунинг устига, бу ҳолатларнинг давоми менга қизиқ туюлар, назаримда, шунчаки ўйин бўляпти-ю, Носиржон буни пайқагач, кулиб юборадигандек… эди!
Овқатдан кейин ҳам Хуббижамол кўринмади. Кечки уйқудан уйғонсам, у эшик оғзида қўлларини қовуштириб турибди. Ҳамма уйғоқ. Чамаси, мен китобга берилиб, кеч ухлаган эдим.
— Менинг қадримга етмадинглар, энди кетаман… — деяётган экан у. Овозидан ширин бир шўхликни, беозорликни уқдим. Илгарилари ҳам кетаётганида, чамаси, шундай дер эди. — Йўқ, имтиҳонларимиз бошланиб қолди, — дея давом этди Зиганшинга қараб. Сўнг ёнида тик турган Носиржонга уқтирди: — Ҳар имтиҳонни топширгандан кейин келиб сизни… мана буларни кўриб кетаман!
— Вой-вой, чидолмайман! — деб бақирди Эшим. — Сизни… дедингиз-а, Хуббижамол?!
Хона яна кулгига тўлди. Бир қарашда, ширинсухан ҳамширалар билан бундай ҳазил-ҳузул ўзга хоналарда ҳам бўлиши мумкин эди. Лекин улардан фарқи… бизнинг хонадаги ҳазил «чети»да титраб-қалтираб Носиржон турар, чамаси, Хуббижамолнинг кетаётганидан у қаттиқ изтиробда эди.
— Хўп, эшоним, ҳозирча хайрлашамиз, — деди қиз ниҳоят. Кейин бизларга ҳам бир-бир қараб, бир оғиз-ярим оғиз гап отиб, яна Носиржонга боқди. Унга қаттиқ тикилди-да, кулиб юборди. Кулгисида қандайдир ачинишни аниқ сездим. — Нега мундоқ турибсиз? — деди. — Ўтиринг!.. Ётинг. Ҳа-ҳа, ётинг, дарров ётинг! Хафа бўламан!
Носиржон «Рости биланми?» дегандай, унга хўмрайиб боқди-да, шоша-пиша каравотига чиқиб ўтириб олди. Хуббижамол қўлини орқасига қилиб хиёл эгилди.
— Мувваффақият! Фақат «беш» бўлсин! «Беш», — дея тилак тилади йигитлар.
— Лекин, — деди қиз бирдан қовоқ солиб, — мен «беш» олиб келганимда, сизлар ҳам бемалол юрадиган бўлмасаларинг, биласизларми, хафа қиламан!
У эшикдан чиқар экан, Носиржонга тағин илиқ, хайрхоҳ табассум ҳадя қилди.
Мен Носиржонни кузатар эдим. У бир нафас қотганча ўтирди. Кейин қовоғини уйиб каравотдан тушди. Туфлисини оёғига илиб, кичкинагина бўлиб, эшикдан чикди. У чиққан заҳоти Қобилнинг шовқини эшитилди. Носиржон қочиб кириб, шу бўйи ётиб олди.
Кейин Қобил кириб:
— Нима иш қилсанг, қил, лекин ҳозир ётишинг керак, бола! — деди… — Қадимдаям табиблар ётқизиб даволаган!.. Ўзинг дори ичиб ётибсан. Томирларинг… ҳалигидай! Коридорда нима бор?!
— Нима, нима… йўқми? — дея тўнғиллади Носиржон.
— А?
Носиржон тескари қараб ётди. Қобил шошилмай келиб, каравотим ёнидаги стулга ўтирди. Катак дафтар варағига ёзилган шеърни узатди. Илк жумласини ўқиб, кулимсирадим. Бу ҳам Усмон Носирнинг шеъри эди.
Севги, Сенинг ширин тилингдан
Ким ўпмаган, ким тишламаган…
Унинг ҳурмати учун шеърни охиригача ўқидим, ичимда маза қилиб ўқидим. У бемалол сигарет тутатар, менинг ҳукмимни кутар эди.
— Аъло шеър! — дедим.
— Шунақа. Бўш вақтда ёзамиз, — деди у. — Мен бостиришга қизиқмайман… Сизда қолиши мум-кин.
— Раҳмат! — дедим. У чиқиб кетди. Тилшунос қўшним варақни сўраб олиб, бир оз тикилди-да, баланд овозда ўқий бошлади:
Севги! Сенинг ширин тилингдан
Ким ўпмаган, ким тишламаган…
Мен бу шеърни илк марта ўқиган чоғларимни, эрта баҳор собиқ омборхонани дарсхонага айлантириб, лампачироқ шуъласида ўтирган кезларимни эслаб, кўзимни юмдим.
Йигитлар шеърни ўзларича муҳокама қилишди, қўлдан-қўлга ўтказиб ўқишди. Қаттиқ кулгидан кўзимни очдим. Варақ Носиржоннинг қўлида, у титрабгина турарди. «Ажабо, йигитлар уни алдаяпти-ку! — деб ўйладим. — Чакки бўлди, Хуббижамол ҳам уни алдади. Ёки ҳазиллашди, балки кўнглини кўтармоқчи бўлди… Умуман, у ҳар биримизга ҳам шу тахлит ҳазиллар қилиши мумкин…»
— Нимага куласизлар? — деди Носиржон. — Ўқишни билмайман, вассалом… ана, ёзувчи домлага айтдим, ёшликда касал бўлганман. Одамдан кулади булар! — У каравотга таппа ўтирди-да, Аминжонга фавқулодда ҳаяжон билан сўзлай кетди: — Лекин киноапишаларни биров ўқиса, дарров ёдимда қолади…
Аминжон хўрсинди.
— Ишқилиб, курьерликдан хурсандмисиз, ука?
— Жуда! — деди Носиржон ишонч билан. Гаражни шундай яхши кўраман! Бир кун бормасам, бензин ҳидигача соғиниб қоламан. — У яна яйраб ҳикоя қила бошлади: — Мени бутун шопирлар танийди… Иш буюради. Ўзиникидай… Директорга бозордан сомса опкелишга чиқсам, уларгаям опкеламан.
Ҳаётда ким ночор кимсаларни кўриб, уларга ачин-маган? Ҳа, ачиниш мумкин, холос… Бироқ Носиржон ачинишдан «баланд» йигит эди. У ўз ишини яхши кўрарди, унда одамийлик ҳам мўл-кўл эди. Энг муҳи-ми — соддадиллик, ишонувчанлик…
Бундай кишини ҳурмат қилмай бўладими? Лекин бундай мўрт кишиларни ҳар кўйга солиш ҳам одамларнинг қўлида. Айниқса, зериккан, эрмакка зор кимсалар қўлига тушса…
— Хуллас, бу шеър сиз учун битилган, Носиржон эшон! — деди Эшим.
Носиржон бу гапдан хайрон бўлиб, вараққа қараб олди. Кейин яна аста юриб, қошимга келди. Варақни узатиб, илтимос қилди:
— Ўқиб беринг, ака.
— Едлайсизми? — дедим.
— Ҳа! — деди у ҳаяжонланиб. — Менинг хотирам яхши!
— Майли… — шеърни ўқимоқчи бўлдиму ундаги Отелло, Шекспир, Дездемона каби номларни Носиржонга қандай тушунтирсам экан дея ўйладим. Кейин, бу шеър фақат севги ҳақида ҳам эмас, зеро унда:
…Қандай қабоҳат,
Ки одамнинг ўзигинамас,
Ҳиссини ҳам хароб қилса давр! —
деган гаплар бор.
— Носирбой, сиз шу қаторни яхши билиб, тушуниб олсангиз етар, — дедим. — Шоир бу сатрларда: «Севги заҳматини чекмаган, севги учун қонлар ютмаган одам борми?» деяпти… Менимча, шоир ўзи билган одамларни кўзда тутяпти. Ҳолбуки, севги нималигини билмай ўтиб кетадиганлар ҳам бўлади…
— Севги нима? — дея шивирлади Носиржон яна.
— Кеча айтдим, шекилли.
— Севги… сизнинг Хуббижамолга бўлган муносабатингиз! — дея уқтириб қолди тилшунос. — Билдингизми? Уни кўргингиз келяптими? Ростини айтинг!..
— Айтинг-да, энди! — деди Эшим ҳам,
— Ў, кўргиси келганда қандоқ! — деди Зйганшин.
— Ана ўша ҳис — севги… севгининг боши! — деб хулоса ясади тилшунос.
Уялиб, қимтиниб турган Носиржон кўзларини йириб менга тикилди. Сўнг варақни олиб ўрнидан турди.
— Менда турсин-а? — деди. Кейин бир-бир босиб келиб, қулоғимга шипшиди: — У кишига бераман… опага.
Мен кулиб:
— Майли, — дедим. — Лекин опа деманг-да.
— А, шундайми?
— Уят бўлар.
— Ҳа, рост айтасиз.
Носиржон каравотига бориб ётгач, вараққа узоқ тикилди. Алланарсалар деб пичирлади. Чоғимда, ўша икки сатрни такрорлади.
Кечки овқатдан кейин яна суҳбат бошланди. Аминжон билан капитан қарта ўйнамоққа тушди. Уйғур ўртоғимиз каравот тагидан балиқли банкани олди. Эшим Зиганшинга ўзининг ишқий саргузаштларидан ҳикоя қила кетди. Носиржон дам йўлакка чиқади, дам хонага кириб, полга тўкилган тарвуз уруғларини теради; капитаннинг кичкина қўл приёмнигини қулоғига тутиб, қўшиқ эшитади, дам менинг ёнимга келиб, севги ҳақида бир нимани сўрайди.
Полина кириб, яна ҳароратимизни ўлчади.
Мен «Қизил ва қора»ни ўқишда давом этдим: Садаф билан қандай танишганимиз, совуқ қиш кезларида кимсасиз, қор босган истироҳат боғида юрган чоғларимиз бир-бир кўз олдимдан ўтди.
Чироқ ўчирилгач, Эшим монтёр капитандан лўли қиз билан яна қандай саргузаштлар бўлганини сўради. Капитан:
— Эртага кетаман, ука, — деди. — Унақа гапларни эркак одам кўп эсламаслиги керак. Тажрибадан-да, бу… Хотиннинг олдидаям оғиздан чиқиб кетса борми, барча тоат-ибодат бир пул бўлади!
Аминжон унинг гапини маъқуллаб, Газлида танишган қизини маст ҳолда хотинининг номи билан чақир-ганини айтиб берди. Зиганшин қайсидир ёз куни икки ўртоғи билан бутун бошли бир товуқни еб қўйганларини ҳикоя қилди. Уйғур йигит хўрсиниб Қашқарни эслади…
Кечаси шамол туриб, деразаларни зириллатди. Мен бу кўклам шамоли бўлгани учун қорларни тезда эритиб юбориши, ҳаво майин тбртиб қолишини ўйладим. Тилимга хотиним келтирган хатдаги сатр тушди: «Энажон, билмадим, наврўз келдими…»
Назаримда, Носиржоннинг ўзгариши асосан шу куннинг эртасидан бошланди. У руҳан тетик бўлиб уйғонди. Ҳа, касалга сира ўхшамасди. Шиша идишдаги дорили сувни ичиб бўлгач, сепояларни олиб чиқишда Полинага кўмаклашди. У ҳарчанд дўқ қилиб, ётишни буюрмасин, Носиржон билганидан қолмади. Полина икки-уч сепоя кўтариб кетиши ҳамон яна биттасини йўлакка чиқариб қўйди.
Тушки овқат маҳали Полина тақсимчани қўлимга бераркан:
— Домла, Носирга нима бўлди? — деб шивирлади. — Нуқул Хуббини сўрайди. Телефон қилсалар, салом айтинг, дейди.
Мен елка қисиб қўйдим:
— Парво қилманг, опа… Балки севиб қолгандир? Бўлиши мумкин-ку?
— Ҳай-ҳай, ундай деманг-а!.. Хуббининг бир йигити бор, ҳавасингиз келади!
Буни билмас эдим.
— А-а? — дедим. — Унга арзиса, яхши.
— Бир-бирига муносиб!
Шу куни тушдан кейин милиция капитанига жавоб берилди. Биз у кишини ҳавас билан кузатиб қолдик. Бошқа жойларда, саломатликда учрашайлик, дедик, ният қилдик. Кўпинча бир хонада ётган беморлар, соғайиб чиққач, тез-тез учрашиб турайлик, деб бир-бирларига адрес берадилар. Аммо кейин жуда озчилиги борди-келди қилади.
Капитан Носиржон билан хўшлашаётиб:
— Носир эшон, буларнинг гагшга ишонманг, иним. Амакингиз лўли қизнинг гапига ишониб лўли бўлиб кетишига оз қолган, — деди.
Носиржон кулиб, завқланиб хайрлашди: капитаннинг гапи унга, чамаси ҳеч нарса бермади.
Тунги шамол кўклам шамоли эса-да, қиш қишлигини қилди. Кечга томон қор ёға бошлади. Қор деразамиз кўзига шитирлаб урилади. Хонамиз илиққина. Мен «Қизил ва қора»ни яримдан ошириб қўйдим. Унда машҳур ёувчининг ҳаёт қатламларини нақадар маҳорат билан бера олгани ҳақида ўйлайман. Хаёлим ўз асарларимга оғади; министрлар, давлат арбоблари ҳақида асар ёзишни истайман. Истайману бари бир ёза олмаслигим, улар қалбини очадиган калитим йўқлигига иқрор бўламан.
Кунлар тез ўтар эди. Мен ҳам вужудим бир енгиллик сезадиган, йўлакка чиқиб чекиб келадиган бўлдим. Ана шундай кунларнинг бирида Эшим монтёр, ҳам хонани тарк этди. У билан ажралиш анча оғир бўлди. У кетгач, икки-уч кун азиз бир нарсамизни йўқотгандек бўлиб юрдик.
Эшим ҳар биримиз билан ўпишиб хўшлашди. Носиржонни ўпар экан:
— Хуббига айтиб қўй, рашк қилмасин. Ҳа-ҳа-ҳа! — деб кулди. Кейин унинг кифтидан қучиб: — Ҳазил», ҳазил, — деди. — Ҳазилни тушунасан-ку, ука!
Эшим бу гапи билан нимани кўзда тутганини тусмоллаш мумкин. Бироқ, Носиржон бу гапни ҳам ўзича тушунди:
— Э, нега рашк қилар экан! — деб қўйди.
Носиржон Хуббижамол ҳақида худди бир-бири билан аллақачон оила қуришни ҳам келишиб қўйгандек, гапирар, ўқтин-ўқтин унинг бўйи баландлигини айтиб, «кўчада уялсалар керак», дер эди. Баъзан шаҳарда квартира олишнинг машаққатларига қизиқар, лекин шу ондаёқ ўзининг кўпинча гаражда — бузуқ автобусда ётиб қолишини завқ-шавқ билан ҳикоя қилар эди: «Қоровул менга ишониб қолган. Шунинг учун у киши уйга кетсалар, ўзим қоровуллик қиламан… Э, менга ҳамма ишонади, ака… Аммо-лекин гаражни соғиндим. Бензиннинг ҳидини биласизми! Ў!..» Баъзан Хуббижамолнинг қиёфасини ўзича таҳлил қилиб кетади: «Чиройли, а?..»
Унга фақат уйғур ошпаз дакки берар, қизни эсламасликка ундар эди. Шунда Носиржон унга совуқ тикилар, гапи адо бўлгач: «Охун ака, сиз овқатни билинг… Муҳаббат бошқа нарса!..» деб йўлакка чиқиб кетар эди.
Аста-секин биз Носиржоннинг Хуббижамол ҳақидаги гапларига парво қилмайдиган бўлиб қолдик. Бу ҳолга кўникдик. Шундоқ гапирар эдики, улар чиндан ҳам бир-бири билан ошиқ-маъшуқ… Носиржон касалхонадан чиққач, Хуббижамол уни кутиб олади… Кейин у Хуббижамолга уйланади. Ҳа, дарвоқе, у яқинда имтиҳонларини топшириб бўлиб, қайтиб келади. Лекин Хуббижамол имтиҳонларининг бир-иккитасини аллақачон топшириб бўлганига шубҳамиз йўқ эди, шунга қарамай, келмаётгани учун парво ҳам қилмас эдик.
Қизиқ бўлди: бир куни ҳаммамиздан қон олишди. Эртаси натижасини билсак, Носиржоннинг қони топ-тоза чиқди! Уни Қобил доктор ҳам табриклади. Полина қувониб: «Ҳаммадан олдин сиз кетадиган бўлдингиз!» — деди. Носиржон ўша куни талай вақт ҳеч кимга гап қотмади.
Аминжонга жавоб берилди. Бу новча, қиррабурун, ёш эса-да, кўп саргузаштларни бошидан кечирган йигит бизни Бухорога чин дилдан таклиф этди. Адресини қолдирди. Носиржон билан хўшлашар экан, унга негадир ўйчан боқиб:
— Сиз ҳавас қилса арзийдиган йигитсиз. Биз… бўлганча бўлганмиз, ука, — деди.
Зиганшиндан кейин Қодир этикдўз билан уйғур ошпаз ҳам кетди. Хонада тилшунос, Носиржон ва мен қолдик. Хона, бизлар чиққач ремонт қилиниши керак эди, шунинг учун одам қўйилмади. Хонамиз ҳувиллаб қолди. Кўп каравотлар бўш. Тўшаклари букланиб қошига суяб қўйилган. Хонанинг иссиғи ҳам одамларнинг тафти билан экан. Иситгич батареялар кечаю кундуз қизиб турса-да, энди совуқ туюлар эди.
Полина кириб, мен билан тилшуносга ҳарорат ўлчагич берди-да, Носиржоннинг ёнига бориб:
— Ўйнанг, ўйнаб беринг, эшоним! Кейин бир гап айтаман! — деди.
Носиржон ҳаяжонланиб, ҳатто сал қўрқиб:
— Нима гап? — деди.
Шу тобда у нимани ўйлади, ким билади. Отасию қариндош-уруғини ўйлади, улар ҳаётида бирон-бир янгилик содир бўлганини гумон қилди, дейиш қийин: шу пайтгача уни сўроқлаб биров келмаган эди. Носиржоннинг ўзи ҳам биров келишини, чамаси кутмас, шунга қарамай ўша бировлар ҳақида яхши сўзлар эди. Ножоиз бўлса-да, айтиб қўйиш лозим: жигар касалига докторлар, айниқса, ҳўл мева ва сабзавот ейишни буюришади. Албатта, бунда ётиб кетган йигитларга шундай емаклардан келиб турарди. Ўз-ўзидан маълум, қишда бундай тармеваларни топиш маҳол… Биз, албатта, ўзимизга келган мевадан Носиржонга ҳам берардик. Дастлаб мен: «Олмас, уялар», деб ўйлаган эдим. Йўқ, у иккиланмай, бироқ синиқ жилмайиб олди. Кейинчалик ким қоғоз халта кўтариб келса, у кириши ҳамоно ўрнидан даст туриб бориб, халтани қўлидан олар, элтиб тегишли йигитнинг тумбаси устига қўяр, келган кишига курси қўйиб берар эди. Албатта, унинг бу ҳаракатларини кузатиш кишини аллақандай азоблайди. Бироқ, ўйлаб қаралса… бунга ҳам кўникиш мумкин. Хуллас, Полина ҳарорат ўлчагични орқасига қилиб: «Ўйнаб беринг, бир гап айтаман», деганда Носиржон нима учун қўрқди, нима учун қаттиқ ҳаяжонланди — билмайман. Фақат, ғира-шира тусмол қилиш мумкин: бунда Хуббижамолга алоқадор бир нима бўлиши керак.
— Нима у? Олдин айтинг. Айта қолинг! — деб бирдан йиғламсиради Носиржон.
— Хуббижамол сизга салом айтди!
— Менга?
— Сизга… «Эшонимга, севгилимга!» деди.
Хиёл энкайиб турган Носиржоннинг қўл-оёғи титраб кетганини тилшунос ҳам кўрган экан. Тилшунос:
— Ҳой, Полинахон, ётиғи билан айтинг-да. Ўзини ташлаворди-ку! — деди.
Носир тилшуносга еб қўйгудек бўлиб қараб:
— Ишингиз бўлмасин! — деди. Сўнг Полинага ялтоқланди. — Салом дедиларми?
-Ҳа.
— А, эшонимга… яна… ҳм…
— Ҳа-ҳа.
— Ўйнаб берайми?
Полина бизга қаради. Чеҳрасида аянч бор эди. Бошини сарак-сарак қилди-да:
— Кейин, кейин, — дея ҳарорат ўлчагични бериб чиқиб кетди.
Ажойиб аёл бу Полина!
Носиржон каравот четига ўтирди. Сўнг тура солиб ёстиқни кўтарди. Тумбани очиб қаради. Ҳамхоналар берган меваларни у тумбага солиб, асраб ер эди. Барини чиқариб қўйиб, тортманинг тўридан бир қоғоз олди. Кўзига тутиб қаради. Танидим. Усмон Носирнинг шеъри битилган ўша қоғоз. У бирдан шошиб лапанглаб менинг қошимга келди. Қоғозни кўрсатиб кулди.
— Қаранг, — деди. — Салом айтиптилар.
— Севгилимга салом айтинг, дептилар, — дея қўшимча қилди тилшунос.
Носиржон унга яна ўқрайди-да:
— Ҳа, — деди. — Алам қилсин!
— Оббо!
У яна менга юзланди.
— Қизиқ-а?
Менинг унга бўлган бутун ачинишим, у ҳақдаги ўйларим, иккиланишларим — бари бир зумда қайтадан янгиланди. Унга айтган гапларимизнинг бари ёлғонлиги, бунинг эса ўта ишонувчанлиги яна миямга санчилди. Шу тобда ўзимизни ҳам, ишонинг, Носиржонни ҳам бир зумга ёмон кўриб кетдим. Кейин хаёлим Хуббижамолга оғди… Ўйланиб қолдим: унда нима айб? Эҳтимол, Носиржоннинг тез тузалиб кетишига унинг ўша ҳазиллари сабаб бўлгандир? Бироқ, бу… Носиржоннинг ҳозирги қилиқлари… ғашни келтиради-да.
Ўзимни бир амаллаб босиб, ичимда: «Майли, қувонсин. Уям қувонсин, деб салом айтган-ку», дедим-да:
— Ҳа, қизиқ, — деб уни маъқуллаган бўлдим.
— Муҳаббат ҳақиқатан қизиқ бўларкан! — дея давом этди Носиржон ҳаяжон билан. — Мен, мен… тез-тез туш кўраман, ака… сиз ёзувчи, биласиз-ку? Тушимда ҳу бола пайтларимни кўраман. Уйимиз олди-да чучмомалар ўсарди. Биз уларни бўтакўз деб терар эдик. Қўзиқориннинг сигирқуйруқ дегани бўлади. Оппоқ!.. — У тилшуносга қараб олиб, гапдан қолди.
Хонага гурс-гурс юриб кирган Қобил доктор:
— Носир эшон, вешмешокни ҳозирланг, кетасиз! — деди. — Ҳалиям биз гумонсираб сизни беш кун тутиб турдик.
Носир секин ўрнидан турди.
— Қаерга?
— Қаерга?.. Уй борми, уй?
— Уй… бор.
— Ана ўша уйга-да! — У Носиржонни четга суриб, стулга чўкди. — Қалайсиз, шоир?
Мен ўртадаги вазиятни юмшатиш учун:
— Ҳалиям мени шоир дейсиз-а? — дедим.
— Бари бир. Мана… яна битта ёзган эдим. Бу Полинага бағишланади.
— Ў, зўр-ку! — Унинг қўлидан ўшандоқ катак дафтар варағига битилган шеърни олдим. — Полинани, а?
— Севамиз-да, — деди Қобил доктор.
Мен вараққа кўз югуртирдим:
Яхши қол,
Оқ денгиз, яхши қол,  
Тўлқинлар, қўйнимга қиздек кирдингиз…
Бу ҳам Усмон Носирнинг навбатдаги шеъри эди.
— Нима, сиз ҳам бирон ёққа кетмоқчимисиз? — дедим.
— Ҳа, илмий-текшириш институтига чақиришяпти. Ўқинг… Қалай?
Шеърни ўқиб чиқдим: хаёлимда оппоқ кўпикланг ган тўлқинлар ўрмалаётган денгиз жонланди. Бу орада Носиржоннинг ташқарига чиқиб кетганини пайқагану, лекин ўзимни пайқамаганга солган эдим. Шеърни мақтаб, тилшуносга узатдим.
— Шунақа, — деб ўрнидан турди Қобил доктор. — Ёзиб турамиз… Бу бола қаерга кетди? Ўзи ул-були борми? — У тумбочкани очиб қараётганда Носиржон кирди. Афтига қараб ҳайрон бўлдим. Рангида ранг йўқ, боши сочиқ билан боғланган. Оғзини қўли билан тўсганча каравотга ҳансираб ўтирди-да, бирдан туриб, ўртадаги стол тагидан корсонни олди. Энгашиб оғзини очиши билан ярим пақирча сув отилди… Бу ердан кетгиси йўқ. Шунинг учун водопроводдан сув ичиб келган. Ўзини касалликка солмоқчи.
Ҳақиқатан ҳам у қусиб бўлгач, Қобил докторга қарамай каравотига бориб чўзилди. Устига адёлни тортди. Сўнг қизарган кўзларини катта очиб:
— Мен ҳали тузалганим йўқ! – деди.
— Э! Э! — Қобил доктор келиб, корсонга тикилди. Ҳидлаб кўрди. — Сув-ку бу!
— Сув бўлса, сув! — деди Носир.
— Тавба! Ҳа, бу ер ёқиб қолдими?
— Ёқиб қолди!
— Ҳей, бола… одамлар бу ердан тезроқ кетишни истайди. Сен бўлсанг…
— Мен касал!
Қобил доктор шошилмай сигарет тутатди. Бизга қараб елкасини қисди. Чиқиб кетди. У чиқиши билан Носиржон ўрнидан туриб ўтирди. Овози ҳириллаб:
— Акалар, мен қолишим керак!.. Хуббижамол келадилар. У кишини кўришим керак! — деди ва бўғилиб давом этди: — Ахир, ўйлаб кўринглар, мен қандай қилиб кетаман? Уят бўлади-ку? Мана, салом айтиптилар… Келадилар. Севгилимга, дептилар! Ахир, мен ҳам йигит кишиман! Ахир, муҳаббат нималигини биласизлар… Кўнглимда орзуларим бор… Мен у кишини ўшандан бери кутаман, ахир! Кеча-кундуз кутаман!..
Полина кирди.
— Эшоним?
— Йўқ, опа! Мен кетмайман! — деди Носиржон ва тағин ётиб олди. — Кўриб турибсиз, ётибман. Касалман. Ана, қусдим!..
Полина туриб-туриб хўрсинди.
— Хуббижамолни чақирайми?
Носиржон бошини кўтарди. Сўнг ярим туриб ўтирди. Қўлларини олдида қовуштириб:
— Жон опа, жон Полина опа!.. — деди. — Мен, вақти келса, ишингизни қиламан. Адресингизни айтинг. Боғчангиз борми? Менинг қўлимдан ул-булни тузатиш ҳам келади, опа…
Тушдан кейин тилшуносга ҳам жавоб бўлди. Мен уни «тилшунос» деб атадим. Ўзининг гапи бу. Аммо унинг ўз соҳаси тўғрисида бир оғиз ҳам эшитганим йўқ. Онда-сонда узр сўраб, бир оғиз-ярим оғиз қитмир гап қиларди, холос. Менга ўзининг адресини ёзиб бериб, Носиржонга:
— Дўстим, жўрабошимиз Зиганшин бир яхши гап айтган эди… Биздан ўтган бўлса, узр. Кўнглимизда тирноқча ғайирлик йўқ. Мен сизни ҳурмат қиламан, — деди.
Бир неча марта дўқ қилган, ёвуз кўз билан қараган Носиржон жуда хижолат чеккандек каравотдан тушиб, унга қўл берди.
— Сиз кечиринг, ака. Биз ёш, биз ёш, — деди.
Ҳа, Носиржон кекни билмайдиган йигит эди.
Носиржон билан иккимиз қолдик. Хона ниҳоятда кенгайиб кетгандек туюлди. Менинг ҳам эрта-индин кетишим аниқ; икки текширишда ҳам қоним тоза чиқди. Носиржоннинг эса бу ерда ёлғиз қолишини тасаввур қилолмайман. Назаримда, Хуббижамол келса, улар ўзаро нимадир деб гаплашишади-да, кейин Носиржон ҳам такдирга тан бериб, автобус паркига йўл олади…
Тушки овқатдан кейин деярли ухламадим. Носиржон каравотда муштдек бўлиб ўтирар, ўқтин-ўқтин ёстиғи орасидан Усмон Носирнинг шеърини олиб қараб қўяр ва менга кутилмаган саволлар берар, ўзича жиддий мулоҳазалар юритар эди.
— Ака, бир яхши ишлар қилгим келяпти! — деб қолди энди кўзим илинганда. — Ўша киши учун!.. — дея сўлғин давом этди. — У киши бир жойда адашиб қолган бўлсалару мен аптовусдан тушиб кўрсам-да, кулиб, йўлга солсам… — У бирдан қувнаб, ҳатто жилмайиб менга тикилди. — А, яхши-я! — деди ҳаяжонланиб. — Мен биламан, у кишиям шаҳарнинг ҳамма йўлларини билмайдилар… Ҳеч ким билмайди, менчалик! Э, қанча одамларни…
Йўлакдан дўқ-дўқ қадам товушлари эшитилди. Носиржон донг қотди. Қадам товушлари ўтиб кетди.
— Аммо-лекин ҳаво илияпти, — дея Носиржон каравотдан тушди. Яхлит ойнали дераза қошига борди. Дераза баланд. Оёғи учида кўтарилиб пастга қаради. — Ия, гулзор бор экан, ака! Ана, у ер-бу еридан қор кетипти! Қаранг-а, кўрмаган эканман!… Ака дейман, шу ўзимизнинг пушти гул бор-ку, ўша сўлий бошлаганда тагини ковлаб шамоллатиш керак экан. Мана шу бармоқдай-бармоқдай қурт тушар экан-да, томирини ер экан… Кўрганман…
Носиржон менинг ёнимга ҳали етиб келмаган эди, эшик ишонч билан тортилиб, очилди. Бир жонон кирди. Эгнида бельгия пальтоси. Ёқасида оппоқ мўйна. Оёғида пошнаси баланд қизил этик. Қўлида тасмаси узун сумка. Мен Хуббижамолни фақат оқ халатда ва шиппакда кўрар эдим. Бу паризоднинг, зиёли кўри-нишли қизнинг ўша Хуббижамол эканига дафъатан ишонмадим. Лекин бу кулча юзли, ёноклари хиёл чиқиқ, кўзлари хиёл қисиқ, оппоққина, чеҳрасида шўхлик ва ҳаётбахш бир нур ёғилиб турган қиз Хуббижамол эди.
— Вей, нима бўлди сизларга? Ё, бу хонага касал кирмасин, деб кетишдими йигитлар? Ҳувиллаб қопти-ку! — Хуббижамол тез-тез гапирар, бироқ ичдан ҳаяжонланаётгани сезилиб турар эди.
— Ҳа, йигитлар номардлик қилиб бизни ташлаб кетишди, — дедим.
— Йўқ! Сизлар номардлик қилиб ётибсизлар! — деди у. Сўнг Носиржонга бокди. — Эшоним, сизни аллақачон тузалиб кетди, дейишган эди.
— Мен тузалдим… Мен… аллақачон тузалиб кетдим! — деди Носиржон ҳаприқиб.
— Бўлмасам…
— Сиз билан…
— Хайрлашай деб ётибсиз? — У қаҳ-қаҳ отиб кулди. — Ҳурматли ёзувчи, мана, эшонимдан ўрнак олинглар! Садоқатни қаранг! Раҳмат сизга, Носиржон… — Сўнг овозидаги ҳаяжон босилмагани ҳолда, қандайдир ҳисоб бераётгандек давом этди: — Имтиҳонлар оғир… Сўнгги имтиҳонлар… Қийин бўлди! — У яна кулди. — Лекин телефонда сўраб турдим… Ҳаммангизни… Вой-вой! — Хуббижамол унинг елкасини силамоқчидек икки қадам босди-ю, иккиланиб тўхтади. — Албатта сўрайман-да! — деди. — Бусиз бўладими? Аммо-лекин хурсандман. Ҳаммаларинг отдай бўлиб кетибсизлар… Ёзувчи ака, сиз ҳам эртага чиқаркансиз!
— Шундай гап бор.
— Кеннойимга телефон қилиб қўяйми?
— Ўзим…
Хуббижамол тараддудланиб, соатига қаради. Унга бу чиройли уст-бошигина эмас, шу ҳолатда соатига қараш ҳам ярашарди.
— Бўлмаса, эшоним, қўлни беринг, — деб у Носиржоннинг қошига дадил келди. Носиржон каловланиб, қўлини узатди, сўнг дарҳол тортиб, кафтигсира-ди, яна узатди. Хуббижамол ўзининг бармоқдари узун, оппоқ қўлига Носиржоннинг бармоқлари калта-калта, биққигина қўлини олиб силкитди. — Омон бўлинг, Носиржон… Бир-биримиздан сира хафа бўлмаслигимиз керак. Бир-биримизни тушунишимиз керак. Биз табиб эдик, сиз бемор эдингиз. Тўғрими? Сизнинг вазифангиз бўлак эди, бизнинг вазифамиз бўлак. Тўғрими?
— Ҳа. Албатта! Сиздан миннатдормиз, — деди Носиржон. Сўнг хаёлидан чалғиди. — Ўртоқлар ҳам кета туриб, сизга раҳмат айтишни тайинлашди. А, домла! Менга айтишди…
— Саломат бўлишсин! — Хуббижамол шундай деб қўлини тортди. Мен томон икки қадам босиб: — Ётиб ўқиш — зиён, — деди. — Сиз ҳали кўп ўқишингиз керак-ку, кўз жонивор керак бўлади… — Табассум қилди. — Хайр.
Мен ўрнимдан турдиму қўл узатмадим, унинг ҳам қўл беришига ҳаракат кўрсатмадим.
— Раҳмат, — дедим.
Хуббижамол шошиб сумкасидан чарм қўлқоп олди. Биттасини кия-кия эшикка йўналди. Етганда бурилиб, Носиржонга тикилди.
— Носиржон, ортиқча ҳазил-ҳузул қилган бўлсам, кўнгилга олмайсиз, — деди. — Майлими?
Носиржон ҳовлиқиб:
— Э, нега?! — деди. — Раҳмат, опа!
Хуббижамол тез бурилиб чиқди. Эшикни зичлаб ёпди. Носиржон эшикка тикилганча бир он турди. Кейин «нега ундай?» деган каби менга ҳайрат билан боқди. Сўнг ошиғич эшикка борди. Ланг очиб, қаради-да, дарров бошини тортди. Қобил докторни кўрди, шекилли. Бирпас тургач, яна очиб қаради. Яна ёпди. Сўнг шошиб дераза қошига келди. Мен энди бу ерда чекиш мумкин деб ўйладимми, сигарет чиқардим. Тутатиб, Носиржон қатори деразадан қарадим. Биз учинчи қаватда эдик. Пастга қараяпмиз. Паст — оппоқ. Гулзордаги қорга кўмилган баъзи гулларнинг юзи очиқ — қори ё эриган, ё шамол учирган. Йироқда баланд дарвоза — касалхона дарвозаси. Ундан берирокда «Тез ёрдам» машинаси турибди. Орқасидан тутун чиқяпти. Носиржон дераза рафига қўлини тираб, ўша томонларга ҳам бир-икки қаради-да, яна чопиб эшик оғзига борди.
— Носиржон, нима гап? — дедим.
— Э, қизиқмисиз! — деди у ва илгичдан патли халатини олмоқчи бўлди-ю, чиқара олмади. Оқ кўйлак, оқ лозимда йўлакка чиқди. Мен бориб, ортидан қарадим. Бошяланг, «Приёмний покой» томон кетиб борарди. Ўша ердаги оқ парда билан тўсилган жойда кимгадир дуч келди. Гаплашди. Сўнг бурила солиб, зинадан пастлаб кетди.
Изимга қайтдим. Дераза олдига келдим. Хона чиндан ҳам ҳувиллаб қолган, наздимда. ўзим ёлғиз бўлиб қоладигандек эдим.
Деразадан пастга қараб турардим. Қора пальтоли… Хуббижамолни кўрдим. У машина томон бораётган, машина олдида эса новча, тимқора қундуз телпак кийган йигит турар эди. Хуббижамол унга етай деганда сал тойган эди, йигит чаққонлик билан уни билагидан тутиб қолди. Шунда Хуббижамолнинг ортидан худди касалхонадан қочган жиннидек оқ кўйлак, оқ лозимда оппоқ қор кечиб бораётган Носиржонга кўзим тушди. Деразага интилдим. Носиржон калтабақай қўлини қимирлатиб нимадир дер эди. Хуббижамол тўхтади. Носиржон қизга етиб олди. Қизнинг олдида у ёш боладек эди. Шунда бу ёкдан уларга қараб лапанглаб бораётган Полинани кўрдим. Носиржон Хуббижамолга алланималар деди. Хуббижамол кулди, чоғи. Кейин, у Носиржоннинг кифтига қўл қўйиб, бу ёққа қаратди. Полина етиб бориб, Носиржоннинг билагидан ушлаб тортди. Қундуз телпакли йигит Хуббижамолнинг тирсагидан олиб машина томон жилди. Носиржон Полинанинг қўлидан чиқиб четланди. Улар орқасидан қаради. Полина тағин уни судради. Телпакли йигит машина кабинасини очди. Хуббижамол Носиржонга қараб қўл силкитди-да, ичкарига кирди. Ортидан йигит ҳам кирди. Тутун таратиб турган машина жилди. Дарвоза қия очиқ эди, катта очилди. Машина чиқиб кетди.
Полина ҳамон Носиржоннинг қўлидан тортар, у тисланиб чиранар эди. Ниҳоят, унга бўйсунгандек юрди-да, гулзор ёқасида қаққайган бир туп дарахтдан анча ўтганда тўхтаб қолди. Яна Полинанинг қўлидан чиқиб, дарахт тагига борди. Қори супу-илмаган скамейкага ўтирди. Дарахт шохларига қаради.
Бу манзара менинг ёдимдан чиқмас бўлиб қолди.
Носиржонни олиб келишгач, уни ўраб ётқизишди. У ҳеч кимга қаршилик кўрсатмади. Қобил докторнинг дўқ-пўписаларига ҳам миқ этмади. Улар чиқиб кетишгач, ёнига бордим. У буғриқиб кетган, нақ ёнар эди. Менга синиқ илжайиб:
— Кетдилар, — деди. — Мени, эшоним, дедилар. Ҳамиша эшоним бўлиб қоласиз, дедилар. Лекин бир йигит билан кетдилар…
— Ҳаёт шунақа, дўстим, — дедим мен.
— Ҳаёт… — дея ўйга чўмди у. — Қизиқ… Аммо-лекин муҳаббат ҳам қизиқ экан!
— Сиз уни чиндан ҳам…
— Э, ғалатимисиз, домла! Сиз ўзингиз кеннойимни севганмисиз?..
У жиддий гапирар, бироқ ранги қизариб бормоқда, пешанасига, чаккасига парча-парча жигарранг доғ тушган эди. Баданим увишиб, йўлакка чиқдим.
Носиржоннинг дарҳол иссиғи чиқди. Алаҳсирай бошлади… Бир амаллаб тунни ўтказдим. Ҳамхоналарнинг бу содда йигитчага қилган муомалаларини эслаб, жуда-жуда ўкиндим. Ўзимни ҳам сўкдим. Бироқ, тағин нимадир менга тасалли берар, нималигини билмас эдим.
Эрталаб турсам, Носиржон олти ойлик касалдек. Кўзлари сап-сариқ, бир ҳолатда. Лекин у менга жилмайди.
— Ака, муҳаббат қизиқ… Муҳаббатни билмабсиз, бу дунёга келмабсиз… Ҳа! — У қандайдир ички фахр билан қимирлаб қўйди. — Мен буни… гаражга борсам, айтиб бераман. Директоргаям айтаман!.. — У синиқ жилмайди. — Отам йўқ… Алдаган эдим сизларни. Бўлади-ку! У кишиям қазо қилганлар. Лекин ҳовли-жойимиз бор! — дея ҳаяжонланиб давом этди. — Гулзоримиз бор! — Сўнг бир зум кўзларини юмиб қолди-да, яна чарақлатиб очди. — Пастдаги дарахт бодом экан! Гуллапти! — Ўрнидан турмоқчи бўлди. — Ана, қаранг! Ана… Гуллапти… — Сўнг бўшашди. — Лекин совуқ уради.
— Ҳа, бевақт гуллаган дарахтни совуқ уради, — дедим. Дедиму бу гапимдан рамзий бир маъно чиқмаслиги учун, демакки, Носиржонни чалғитиш учун дераза ёнига бориб қарадим. Бодом гуллари менга кўринмади.
Тушга яқин менга ҳам жавоб берилди. Уйга телефон қилиб, хонага қайтдим. Полина кийим-бошимни чиқариб берди. Кийиниб, хотинимнинг келишини кута бошладим.
Носиржон ухлаб ётар, бироқ ҳамон аҳён-аҳёнда бақирар, алаҳлар эди.
Полина оҳиста кириб, Носиржонга қаради. Бошини сарак-сарак қилди. Лабини қимтиб келиб:
— Тушаверинг энди, — деди.
— Раҳмат, Қобилжон шу ердами?
— Институтга кетдилар. Шошилинч чақиришди. У кишини биласиз-ку, зиғирча одамгарчилиги йўқ.
— Ундай эмас. Сизни… яхши кўради.
— Э-э!
Мен Носиржоннинг тепасига бордим. У терга ботиб ётарди. Ўзи одатда шундай бўлади: баъзан ухлаб ётганингда устингга биров келса, дарҳол сезасан. Носиржон ҳам сездими, бир қимирлаб кўзини очди. Менга ёвузларча тикилди. Кейин шоша-пиша тагига қўл суқди. Ғижимланган шеърни олди. Вараққа бир қаради-да:
— Унутибман. Бермоқчийдим, қаранг. Манг, — деб менга узатди.
— Қолаверсин. Сизга, — дедим.
У ғамгин жилмайиб, қоғозни ўзига қаратди. Шунда мен бир мўъжизани кўрдим… Унинг кўзлари қинидан чиққудек бўлиб кетди. Кўкраги кўтарилиб тушади. Лаблари пичирлайди. Бирдан менга боқди. Худли мен —- мен эмас, ўзи ҳам — ўзи эмасдек боқди. Яна қоғозга тикилди. Лаблари пичирлайди. Тағин менга тикилди-да:
— Ака, — деди беҳоллик билан. — Мен ўқияпман-ку… Ўқияпман. Мана, қаранг… «Севги, сенинг ширин тилингдан…» Ўқияпман! — У бўғиқ, ёввойи овозда чинқириб юборди-да, юзини ёстиққа босиб ҳўнгради. Сўнг ўрнидан турмоқчи бўлди, мадори етмади.
Мен ҳайрон эдим: ҳа, у ҳарфни танимай қолган экан… Ажаб! Наҳот бу кутилмаган тўлғоқ унинг онги-да ўзгариш ясади! Эшитганман: қўрқув ё ҳаяжон асноси тилдан қолганларнинг, тағин қаттиқ қўрқув таъсирида тилга кирганларини… Аммо бу ҳолни… Энди мен Носиржонни танимагандек унга тикилдим.
— Ундай бўлса, жуда яхши.
У шарт бурилди.
— Яхши-да, яхши-да!.. Мен ҳам одам… Яримтаман деб юрардим. Муни қаранг, ака… Мана, мана… «Тилингдан… ким ўпма…» Ўқияпман, Полина опа!
Полина йиғлар эди.
— Мен жуда хурсандман, — деди ва «тўғри гапирдимми?» дегандек менга қараб қўйди: у Носиржоннинг ўтмишини билмасди. Мен «тўғри» дегандай бош ирғадим.
Кейин сездимки… жуда хурсандман. Хурсанд экан-ман! Сездимки, ўша йигитларнинг шўхлиги, ўзлари билиб-билмай эрмак қилганлари… ўшалардан ҳам хурсандман. Борингки, «Олижаноб бўламан», деб буни йўлдан қайтаришга уринмаганим учун ўзимдан ҳам хурсандман… Тўғри айтадилар: ҳаётнинг ҳар бир кўриниши ўз натижасини беради. Уни сунъий равишда бузмаслик керак.
Дераза пастида такси сигнал берди.
— Носиржон, энди мен ҳам кетаман, — дедим.
— Раҳмат… — Носир қўлларига тиралиб ўрнидан турмоқчи бўлди. Полина уни босиб ётқизди. — Ҳа-ҳа, ётишим керак, — дея бошини ёстиққа қўйди. Сўнг қўлини узатди. Қисдим. Бармоқлари лов-лов ёнарди. — Ака, қаранг, ўқидим… Ў! — У беҳол кулди. — Ўша… ҳалигининг кучида буям?
— Рост айтасиз, — дедим. Нимага ишора қилганй, чамаси, Полинага ҳам тушунарли эди. — Энди тезроқ тузалиш пайида бўлинг.
— Э, мен тузаламан! — деди у. — Албатта… — Кейин менга яна синиқ тикилди. — Кетдилар-а?
— Кетдилар.
— Ҳа-ҳа… ўзим ҳам… Ҳа, майли! Лекин, — деб жилмайди у, — мен унутмайман… У кишиям айтдилар. «Эшоним, сизни унутмайман», дедилар…
— Мен ҳам сизни унутмайман.
— Кеннойимни сўранг…
Шундан кейин мен Носиржонни кўрмадим. Қайсидир куни автобус бекатида кўзлари ёшли болакай билан чўнқайиб туриб гаплашаётган йигитчага кўзим тушди. Машинада эдим. У Носиржонмиди, бошқамиди — билолмай қолдим.
1984