Шукур Холмирзаев. Табассум (ҳикоя)

Жалил ака дераза тагида ётарди. Тўшакда. Болиши баланд. Унга суяниб, бошини кўтарса, боғни кўради. Ўзи обод қилган боғ у. Энг қари ёнғоқ «олтмиш»га кирди. У билан бир вақтда экилган тут кесилиб кетди. Каллакланавериб қуриди. Кейин йиқитиб, ғўла қилиб олишди.
Жалил аканинг ўзи ҳам кетиш олдида. Ўсма билан оғриган. Билади. Докторлар кўп вақт яшириб юришди. Лекин Жалил ака овқатдан қолаёттани, озиб кетаётганидан қўрқиб юрарди. Бир куни севимли невараси — ёлғиз ўғлининг ягона қизи Садафдан сўради: «Болам, дардни касал одам билса, ўзиям тузалишига кўшиш кўрсатар экан. Эшиттаним бор. Сен бегона докторлардан сўра, болам. Дардим нима экан? Фақат ростини айтасан, хўпми?» «Хўп, бобожон», деди Садаф. Орадан бир кун ўтмай Садаф қути ўчиб келди. Бобоси ёнига чўккалаб хўп йиғлади. Кейин: «Бобожон, айтишга тилим бормайди-да», — деди. «Неварам, мен сени ўзим катта қилдим… кўтариб. Мени… бобонгни яхши кўрсанг, ҳурматласанг, борини айт». «Бобожон, ўзингиз ҳам унга қарши… иш қиласиз-а?» «Албатта-да! Нима деб эдим сенга?». «Бобожон, касалингиз — рак экан». Садаф яна изиллаб йиғлай бошлади.
Жалил ака, одамлар айтишича, Жалил ота карахт тортиб қолди: қаёқдан пайдо бўлди бу дард? Кўп-а, ҳозир… Қария анча сукутга толиб ётгач, хўрсинди. Бу дард — бедаво эканини эшигтан ва чамаси ўзининг «касаллиги» ҳам шунга яқинроқмикан деган хаёлларга ҳам борган эди.
«Қисмат экан-да, — деди. — Во дариғ. Йўғ-е… Ўксиш бекор. Бирники ўтдан, бирники сувдан… Меники шундан экан. Ўзи бир ҳисобда ёшимниям яшаб бўлдим. Мен тенги қурдошларимдан кимлар қолди? Ҳа-а, Мўмин… бор. У мендан икки-уч ёш катта-я. Юраги бутун экан-да! Ҳа, унинг юраги бутун. — Жалил ота ғашланиб ўйлай бошлади. — У бошқача… Ёмонга, номардга… ўлим йўқ дейдилар-ку! Ҳа-е, майли… Уям яшасин. Бари бир дунёга устун бўлмайди. Бировга ўлим тилагандан…»
У ўзининг рак экани, яъни ўсма касалига мубтало бўлганини эслаб аянч жилмайди. Кунлар ўтди, ой ўтди.
Қария баъзан тонгга етиши гумондек сезарди ўзини, баъзан шу ётишда минг йил яшайдигандек эди. Лекин кейин-кейин ўғлининг ҳам, келинининг ҳам ўзига тикилиб-тикилиб қарашидан англадики, касали нималиги уларга ҳам маълум. Бироқ миқ этмади. Улар… улар отанинг ҳадемай туриб кетишини башорат қилишарди.
Бир куни ҳовлида югур-югур кўп бўлди. Кимлардир келишди. Жалил ота кечаси ухлолмагани, ўйланиб чиққани учун кундузи уйқу босиб ётган эди.
«Ҳа, биронтаси келгандир-да», деб қўйди.
Бироқ, кечга томон ҳовлида тағин югур-югур бўлиб қолди-да, кейин ҳаммаёқ тинчиди. Кейин қош қорайганда, ўғли Шокир новча қоматини эгиб, эшикдан кирди.
— Салом алайкум, ота.
— Ке, ўғлим, ўтир.
— Э, бир-икки одам келди. Сизни безовта қилмасин, деб бу ерга киритмадим.
— Ким экан улар?
— Совчилар-да! Неварангизга.
— А-а, Садафнинг ҳам бўйи етиб қолди. Шунинг тўйини… тинчиганини кўрсам, армоним йўқ эди.
— Э, ҳали чевараям кўрасиз, ота.
— Йў-ўқ, болам… ўлим — ҳақ. Бир ерда гурунг бўлиб эди. Ҳе, ёш эдим ўшанда. Лекин эсимда қолган. Бир командиримиз бўлгич эди.
Шокир кулимсиради.
— Командир…
— Ҳа, энди, муллаям билганини ўқийди-да, болам… Бизнинг ёшлик ўз йўлига ўтди. Жанг-жадал…
Жалил отанинг умри чиндан ҳам «жанг-жадаллар»да ўтган. Инқилоб ғалаба қилганда ўн беш ёшларда эди. Иигирманчи йилларда кўнгилли бўлиб қизил аскарлар сафига қўшилди: улар хизматини қилиб, отларига ем ташиб, тагини кураб юрди. Етимча қиёфасида босмачилар қароргоҳларига неча марта бориб келди. Аммо-лекин бир гал… Ўшанда…
Кейин «Қизил калтакчилар» сафига қўшилди. Кейин қулоқларни тугатиш… Ватан уруши…
Шуниси қизиқки, Жалил… Жалил ака ўша қилган хизматлари ҳақига штифоқо битта ҳам нишон тақмади. Нишон қайда, бир парча ёрлиқ ҳам олмади.
Лекин бу нарсаларни орзу қилмаган ҳам эди: у қилиши лозим деган ишни қилар, аксини қилмас, йўқ: ўзлигига қарши бормас, бунга кучи етмас эди. Шунинг учун баъзи ўринларда «тирсакланди» ҳам.
Зеро, оддий иш… хушомад қилиш, катталарга таъзимда бўлиш, кези келганда, бир гапдан қолиш ҳам… қўлидан келмади. Аксинча, шундай қилиб, обрў топган, мартабага минган кишилардан нафратланади ҳамон…
Унинг бори — шу экан.
— Ҳа, яхши гапмиди ўша гап?
— У-у, доно гап. — Жалил ота шифтга тикилди. — Раҳматли командиримиз ўзи хўжалардан чиққан эди. Лекин янги ҳукуматга… советга содиқ эди. Номардлик ёмон…
— Уни айтгансиз, — деди Шокир. — Хўжасан деб қамашган.
— Ҳа, ўз жўраси қамади.
— Ҳалиги гап…
«Шошиляпти» деб ўйлади Жалил ота ва гапни қисқа қилди:
— Шу киши раҳматли айтгич эди-да: «Ўлимдан қочиш керак! Лекин ўлимниям бўйинга олиб юриш керак!»
— Қўйинг, ота, ўлимдан гапирманг.
— Э, болам, мен кўрдим…
— Яна…
— Сен ишингдан қолма… Менинг дори-дармоним бор. Иштаҳам яхши… Фақат сизларга жуда қараб қолганимдан хижолатман, ўғлим. Йў-йўқ, сен гапирма… Шокир жим қолди.
— Шундай. Энди, на чора!
— Омонатини олгунча кутаман-да.
Шокир илиққина кулди.
— Ёшингиз ўтиб, жудаям тақводор бўлиб қолдингиз.
Жалил ота ҳам кулди.
— Ўзимам ҳайронман.
— Ота дейман… Ҳалиги…
— Лаббай, гапиравер.
— Садафингиз бу йил ўнни битиради. Кейин ўқишга бормоқчи.
— А-а.
— Майли. Менинг қаршилигим йўқ. Лекин унга ёрдам ҳам беролмайман.
— Ҳа-а.
— Лекин қаерга кетсаям боши боғлиқ бўлиб кетса дегандим. Кейин ўқишини сиртқига ўтказиш мумкин. Қисқаси, қиз боланинг бир шаҳарга кетиши…
Жалил ота яна кулимсиради.
— Сен ҳам мендан қолишмайсан.
— Нимада?
— Э…
Шокир ўрнидан турди.
— Майли.
Бир ҳафтадан кейин яна ҳовлида югур-югур бўлиб қолди. Жалил ота ҳушёр эди. Бироқ, бу гал ҳам меҳмонларни бу хонага киритишмади. Бу гал ҳам улар кетиб бўлишгач, Шокир келин билан кирди. Отага қўш салом бериб, четга ўтиришди. Кейин Шокир гап бошлади:
— Ота, сиз жанг-жадал, уруш, командир… деб бежиз гапирмайсиз, — деди. — Ўша йилларни сиз жуда яхши биласиз. Ёшликдан кўп нарса бошингиздан ўтган…
Чол тетикланиб ётган жойида бош қимирлатди.
— Ҳақиқат, рост.
— Ўша даврдаги тенгдош жўраларингиз ҳам саноқли қолган-а?
— Ҳа, болам.
— Шу, Мўмин ота билан қалайсиз?
Чол ўғлига тикилиб қолди. Кейин, ижирғаниб, кўзини пастга олди.
— Нимага сўраяпсан?
— Энди… сизларнинг мундай нон-қатиқ бўлиб ўтирганларингни ҳеч кўрмадик-да.
— Ҳа, кўрмайсан ҳам. Шокир совуқ тикилди.
— Нима учун?
Чол яна бирпас сукутга толиб қолди-да:
— Сўрама, — деди. Кейин юзи тиришиб кетди. — Сўрама… Онт ичганман.
— А?
— Қасам ичганман.
— Тавба!
— Қўй уни.
— Энди…
— Болам, овора бўлма.
— Қизиқ одатларингиз бор-да.
— Шу-шу.
— Ҳа. Оқшом яна кираман.
— Хўп.
Шу билан ота-боланинг ораси совий бошлади. Шо-кир келиб, Мўмин ака ҳақида гап бошлайди. Жалил ота кўзини юмиб олади. Ўртада бошқа гап қолмагандек. Шокир чиқиб кетади, чол хаёл суриб, ижирғаниб ётади.
Кейин-кейин тусмоллай бошлади. Мўминда ҳам икки-учта невара бор. Энг кичиги Садаф билан тенгдош, ё ундан бир-икки ёш катта.
Ўша одам қўяяптими Садафга?
Чол титраб кетди.
У Мўмин ака билан бир умрга ажралишган. Тўғри, жойи келганда у билан сўрашган бўлади. Бир даврада ўтиради ҳам. Бироқ, бегоналардек.
Бироқ унинг орқасидан… бир оғиз сўз демаган, демас ҳам.
Уни эсласа борми, дарров кўз олдига Боботоғ йўллари, Ёлғизкапа ўркачидаги овчиларнинг пистирмаси, қилич, милтиқ, ўқ-дори, совуқ тунлар, юлдузли осмонлар гавдаланиб кетади. Ўксиб жимиб қолади.
Ўшанда, тоғдан қайтиб тушаётганда, Мўминга берган ваъдасини эслайди.
Кейин: «Ҳа-е, шундайи ҳам бўлар экан-да», деб қўяди. Шу, холос.
…Гап шундаки, Жалил ака Жалилбек бўлиб, Орзихўжа командирнинг отрядида юрганда, бир тун уни ўчоқ бошига чақириб, Орзихўжа шундай деди:
— Қуюн қўрбошини биласан-а?
— Ҳа, — деди Жалил.
— Унинг ишларини?
— Эшитганман.
— Бизга топшириқ келди. Уни тириклай қўлга олиш керак.
— Бу қийин.
— Қулоқ сол. Қийинлигини мен ҳам биламан. Лекин унинг тўпида Мўмин деган йигитимиз бор…
— Танимайман.
— Кўрсанг, танирсан.
— Бораманми?
— Ҳа. Қуюннинг йигитлари озайиб қолган. Шу кунларда Боботоғнинг Ёлғизкапа деган довонида эмиш. Бир чўпон кўрипти. Хабар берди.
— Уни тутиш керакми?
— Ҳа..
Эртаси куни Жалил жанда кийиб, қўлига таёқ олиб, ҳеч қандай қуролсиз ҳолда йўлга чиқди. Йўлакай чўпонларнинг овулида тунаб, ўз кунини кўриб, Боботоққа етди.
Ниҳоят, Ёлғизкапага рўпара бўлди.
Шунда олдидан бир кийик чиқиб қолди. Кейин бир овчи кўринди. Кийик Жалилдан ҳуркиб, овчига бурилди. У отиб олди. Жалил чопиб бориб, кийикнинг оёғини босиб турди. Овчи сўйиб ҳалоллади.
Кейин Жалил:
— Оға, биздан ҳуркиб сизга йўлиқди, танимизни бермайсизми? — деди.
— Кимсан ўзинг?
— Бу дунёда отаси ўлмаган ким бор, онаси ўлмаган ким бор?
— Кимсан? Кимлардан бўласан? Нима қилиб юрибсан?
— Таги етимман, оға… Лекин отамиз бели бақувват одам ўтган. Ундан беш-ўнта ушоқ мол бир чўпоннинг қўлида қолган деб эшитар эдим… Мана, фурсати етди деб шуни қидириб чиқдим. Топсам, инсоф қилса…
— Босмачилар еб кетган бўлса-чи?
— Тешиб чиқсин.
— Қизиллар еган бўлса-чи?
— Оға, етимнинг ҳақига ким кўз олайтирса, топади…
— Оти нима экан у чўпоннинг?
— Шуни билмайман-да… Бир чўпон дейишди. Отам ўлим олдида тилдан қолган эди.
— Шуни излаб юрибсан?
— Ҳа, қаерда овул кўрсам, бораман. Бир кеча ётаман. Чўпонларни гапга соламан…
— Бу ёқда овул йўқ.
— Ҳе, тепаликда бир дидбон кўринади.
— А, уми? Қани, юр-чи.
— У ерда одам яшайдими?
— Билмадим.
— Эса, қайтсам…
— Ҳа, юр-чи.
Овчи кийикнинг оёқларини куликлаб, даст кўтарди. У баланд бўйли, сариқ чакмон кийган, барваста йигит. Лекин кўзлари ҳорғин, зериккандек эди.
Жалил унинг кимлигини билолмай, бироқ босмачиларга алоқаси борлигига ишонган ҳолда эргашди. Салдан кейин, кийикни мен кўтарай, деди. Йигит қарамади.
Пистирма қора сувоқ қилинган, тошқалама деворли уйча эди. Атрофда хас-чўп, суяклар ётибди. Нарироқда бир кўлмак сув. Лекин ранги қора ҳамда ундан сассиқ ҳид келар эди. Пистирманинг ичи шинамгина. Бироқ уч томонда тўрт-беш қават қилиб кўрпачалар солинган, улар эскириб кетган ва мой тўкилган. Тўр деворига учта пилта милтиқ ва иккита қийшиқ қилич осиғлиқ турарди. Ўртада ўчоқ.
Қуюн қўрбоши шу овчининг ўзи экан.
— Ука, балки сен қизилларнинг одамидирсан, — деди у кийикнинг бир сонини қовуриб, ўртага қўйгач. — Майли… мен Қуюн қўрбоши бўламан. Эшитган бўлсанг…
Жалил қўрқиб кетиб, ёқасини ушлади.
— Агар…
— Қасам ичма. Мен дунёда қасамдан қўрқаман, ука… Бир вақтлар қасам ичиб эдим… «Шунча қизилни ўлдиряпман. Шунча мусулмонни қийратдим. Шунча уйга ўт қўйдим. Шунча сурув молни афғонга ўтказиб, қуролга алмашдим…»
— У-ў! — деди Жалил.
— Юрт озод бўлмаса, ука… биз енгилсак, ўзим пастга эниб бораман деб қасам ичиб эдим… Қайтар дунё дейдилар. Одам мард бўлиб ўлиши керак, ука…
— Ҳим…
— Шуйтиб ўтирибмиз.
— Бир ўзингиз?
— Йўқ.
Мўмин ҳам овга кетган экан. Иккита қуённи елкасига ташлаб келди. У ўрта бўй, кўзлари кичкина ва чағир, сергак ва жонсарак йигит эди.
— Бу ким? Сенга нима бор? — деб дўқ қилди Жалилга.
Қуюн қўрбоши орага тушди.
— Қўй, тегма… Буям сенга ўхшаган бир дарвеш-да, Мўмин. Сен ҳам қаландар бўлиб келиб эдинг-ку! Тегма бунга… ўтир.
Мўмин Жалилга ўқрая-ўқрая ўтирди.
— Менинг жўрам, — деди Қуюн қўрбоши Мўминни кўрсатиб. — Отган ўқи тегмайди-ю, ўзи менга содиқ… Ука, қовурдоқдан ол. Бу ҳалол гўшт… — У ғамгин кулди. — Ўзинг кўрдинг-ку, ўғирликдан келган эмас…
— Ҳа, оға.
Қовурдоқни еб бўлиб, чой ичишди. Кейин ташқарида гулхан ёқиб ўтиришди. Анави қора кўлмакда ер-мойи бор экан. Бир арча шохини ботириб олиб, ўтга қўйилса, талай вақт ёниб туради.
Бир маҳал тоғдан совуқ шамол эсди.
— Турайлик, — деди Мўмин. — Лекин шу ерда гулхан ёқишимиз ҳам чакки иш, бегим.
Қуюн ҳеч нарса демай уйга кирди. Ечинмасдан тўрга ўтиб ётди.
— Сен бу ёкда ёт, — деб оёқ томонидаги тўшакни кўрсатди Жалилга. Кейин Мўминга деди: — Эшикни ёпма, жўра. Ҳаво кириб турсин.
Кечаси алламаҳал. Жалил безовта. Қўрқади. Қуюндан қўрқади. У ҳўкиздек кучли. Энг ёмони — ўзининг кимлигини сезгандек: жуда майин гапирди.
Гулхан ҳам ёқтирди…
Бир пайт Мўмин уйқусираб туриб кетди-да, сўкиниб бир муддат ўтирди. Кейин инқиллаб ташқарига чиқди. Эшик оғзида бир оз серрайгач, ён томонга ўтди.
Жалил турмоқчи. Лекин Қуюндан қўрқади. Охири Мўмин билан гаплашиш учун бундан қулай пайт бўлмаслигига ишониб, секин қўзғалди.
Тоғдан изғирин эсарди.
— Ҳа, қаёққа? — деб бақирди Мўмин ва лапанглаб юриб, Жалилга яқинлашди.
— Орзихўжа ака юборди мени… — шивирлади Жалил. — Тириклай тутиб борар эканмиз.
— Жим.
Улар уйга қайтиб киришди. Мўмин ўз жойига, Жалил ўз жойига ётди.
Жалил энди Мўминдан қўрқа бошлади… Бироқ, сал вақт ўтмай унинг ўз одами эканига ишонди. Лекин у нима қилмоқчи? Билолмасди. Қуюн қўрбошини эса, ўлдирмасдан қўлга олишга иккисининг ҳам кучи етмаслиги аниқ.
Балки келишиб, бирдан устига ташланишса…
Йўқ…
Эшикдан осмон этагидаги юлдузлар кўринар, улар ҳам бу изғиринда совқотиб, шунинг учун зўрға милтиллаётганга ўхшар эди. Қуюн қўрбоши бир текис нафас олиб ухлаяпти. Қоронғида Мўминнинг қимирлаб қўйгани кўринади.
Бир пайт Жалил уйқу аралаш тепасида бир сояни кўрди. Кўзларини очди. Иўқ: тепасида эмас. Нарироқда. Мўмин!.. Қўлида қилич. У хиёл тисланиб, Қуюн қўрбошига тикилди. Энгашди. Қилични кўтарди-ю:
— Во-о! — деб юборди. Жалил туриб ўтирди. Қуюн қўрбоши ёнбошлаб:
— Ҳе, Мўминбой-е, — деди.
Жалилни совуқ тер босиб, қалт-қалт титрай бошлади.
— Бегим, мени афв этинг! — Мўмин тиз чўкканча бошини ерга уриб олди.
Қуюн элан-қаран қўзғалиб, чордана қурди.
— Айт, айт, — деди. — Тўқи энди бир нарса.
— Йўқ, мен…
— Нима?
— Манави бола… — Мўмин бурила солиб, Жалилга ўқталди. — Чопиб ташлайман. Бу айғоқчи, бегим… Мени йўлдан урди…
Қуюн қўрбоши кулиб, ёнидан милтиқни олди. Қўндоғи билан шифтга қадалиб-солланиб турган қилични туртди. Қилич ерга тушди.
— Э, Мўминбой-ей! — деди. — Ташқарида нари борса, икки оғиз гаплашдиларинг, шунда алдаб олдими?
— Бегим, бегим!
— Ҳа, майли. Ётинглар… Ё яна ўт ёқамизми? Тонг ҳам бўзариб қолди.
Жалил энг орқада чиқди. Ҳар нарсага тайёр: жумладан, қочишга ҳам. Бироқ қочиб қутила оладими? Қуюн қўрбоши пастроққа тушиб керишди. Кейин ермойли кўлмак бошидан қумғонни олиб, пастга энди.
Мўмин бурила солиб, Жалилга шивирлади.
— Милтиқни опчиқ!
— Тириклай тутиш керак.
— Тур-е!
Мўмин ўзи чопиб, уйчага кирди. Милтиқни олиб чиқди. Лекин пилта милтиқни отиш осон эмас. Пахтани тутатиш учун чақмоқни тошга урар экан, Қуюн аста-секин қайтиб чиқди.
— Нима қиляпсан?
— Шу… тонгда ов…
— Ҳа-ҳа-ҳа!
— Э-э!
— Шошилма.
У милтиқни олиб, ўқ-дорини тўкди, деворга суяб қўйди.
— Ўт ёқамиз.
Кийикнинг яна бир сонини кабоб қилишди. Оғиз-бурунлари, қўллари қоракуя ва мой бўлиб, чой ичишаркан, қуёш ҳам чиқди.
— Йигитлар, энди гап мундай, — деди. — Мени Денов бозорига олиб борасизлар.
— Бегим?
— Бек йўқ… — кулимсиради Қуюн қўрбоши. — Қаршингда бир саёқ беватан турипти.
— Бегим…
Қуюн қўрбоши уйга қаради. Шимолга — тоғларга, чўққиларга қаради. Суяклар сочилиб ётган ерга қаради. Чакмонини кийиб, ўрнидан турди.
— Боғланглар.
У қўлини орқасига қилди.
Мўмин Жалилга қаради, Жалил… Қуюн қўрбошига қаради ва негадир йиғлагиси келди. Мўмин ҳам Қуюн қўрбошига тикилди-да, аста тисланди.
— Э, йигитлар-е, — деди Қуюн қўрбоши. — Жойларингда мен бўлмадим-да!..
— Энди…
— Рост, — деди у ўйчанлик билан. — Ватан қўлдан кетганига олдинроқ ишонганимда, олдинроқ ўзим тушиб борар эдим. Шаҳид кетишга нима етсин.
Мўмин бир қадам четга босди.
— Қўрқма, — деди Қуюн қўрбоши. — Боғла, ука. Лекин тағин бир нарсага ишонишни истайман.
— Айтинг, бегим!
— Мени суд қилишсин.
— А?
— Бозорда.
Бирпасдан кейин Қуюн қўрбоши — олдинда, қўллари ортида боғлиқ ҳолдд, хотиржам кетиб борар, унинг орқасида — Мўмин, қўлида бир милтиқ, елкасида бир милтиқ, шахдам одим отар, Жалил — энг орқада, кийикнинг қолган гўшти ва бир бўхча шол рўмол кўтариб олган эди.
Боботоғдан энаверишда Мўмин анча ўзгарди. Ово-зи ҳам баландлаб, Қуюн қўрбошига:
— Буёқдан, уёқдан юринг! — дейдиган бўлди. Кейин уни сенлашга ўтди.
Йлк қишлоққа яқинлашганда, Жалилга қараб:
— Кўрдингми, босмачини ушлаш қандай бўлади? — деди.
Жалил гарангсиб:
— Сиз ушлаганингиз йўқ, — деди. Мўмин таққа тўхтади.
— Эса сенми?
— Боғлашга боғладингиз. Шунда Қуюн қўрбоши ўгирилди.
— Бола экансан-ку, Жалил, — деди. — Буни мен биламан… Бу сениям отиб қўйиши мумкин.
— Бас!
— Шунинг учун, ука, бунга хўп де… Сендан нима кетди? Ё сен ҳам Қуюн қўрбошини тутдим деб…
— Нега?
— Ундай бўлса, майли, де.
— Ўт олдинга! — бақириб юборди Мўмин.
Жалил қўрқа-писа ўтаркан, Қуюн Мўминга ўгирилиб:
— Болага тегма, — деди.
— Ишинг бўлмасин!
— Сен бола, қасам ич, — деди у Жалилга. — Мени бу қўлга тушириб боғлади.
— Нимага?
Мўмин аста милтиқни унга тўғрилади.
— Ана, — деди Қуюн қўрбоши. — Кўрдингми? Сенга бари бир-ку. Тўғрими?
— Ҳа..
— Бўлди-да.
— Нима қилай?
— Мўмин ака Қуюн қўрбошини қўлга туширди де.
— Ахир…
— Дейсан!
Жалил кўзлари дўлайиб:
— Хўп, — деди.
— У ёқдаги гап-сўзни унут.
— Хўп.
… Уни тўғри қизилкалтакчиларнинг қуролланган отрядлари қароргоҳига олиб бордилар. Орзихўжа Қуюн билан бемалол гаплашди. Кейин уни Деновга олиб жўнади. Суд бўладиган кун жар чақиртирилди. Оломон атрофда девор бўлиб турар экан, ревком, ЧК ва қишлоқ шўролари номидан Орзихўжа Қуюн қўрбошига иккита савол берди.
— Нима учун курашдинг?
— Дин учун… — деди Қуюн босмачи. Орзихўжа вакиллар ёнида саф тортиб турган домла, сўфи ва масжид имомларига қаради.
— Қуюн қурбоши нима жазога лойиқ?
— Ўлим! Улим! — дейишди улар қўрқа-писа. Орзихўжа яна Қуюндан сўради:
— Тағин нима учун курашдинг? Қуюн қўрбоши:
— Озодлик… учун, — деди.
— Халқ! — хитоб қилди Орзихўжа, — Қуюн қўрбоши нима жазога лойиқ?
— Ўлим, ўлим…
Қуюн қўрбоши шу ерда отилди.
Жалил ота Мўмин ака ҳақида ўйлаганда, мана шулар кўз ўнгидан… Шокир кирди.
— Ота, — деди бир тиззасида чўккалаб. — Биз шошишимиз керак…
Чол ёнбошлаб унга тикилди.
— Мўминнинг неварасигами? — Ҳа..
— Йўқ.
— Ота… -Йўқ.
Шокир бир нафас лунжлари тиришиб турди-да:
— Ахир, уни ёмон кўрсангиз — ўзингизга, — деди. — Лекин бизга маъқул.
— Нимаси?
— Мўмин бобо… граждан урушининг қаҳрамони…  Орден-медаллари бор. Республика аҳамиятига эга… пенсионер. Гапи ҳар ерда ўтади…
— Ҳа. Менгаям ёрдами тегади де?
— Одам сал… орқали бўлиши керак-ку!
— Ў, бечора болам.
— Қўйинг кулманг… Сиз ўшандай бўлмаган бўлсангиз, биз айбдор эмас.
— Аттанг.
— Тўғри-да… Ҳозир қайси қария билан гаплашманг, ўзидан сал обрўли тенгқурини ғийбат қилади…
— Мен ҳеч нарса демадим-ку!
— Бари бир-да!
Чол тўшакда чалқанча бўлиб ётди. Унинг хўрлиги келар, лекин аллақандай жирканчли нарса атрофида бор-у… хўрландим деса, у мараз ёпишадигандек эди.
Кунлар ўтди.
Бир куни яна ҳовлида югур-югур бўлиб қолди-ю, Садаф чолнинг ҳужрасига кирди. Ьнида тиз чўкиб, чойнакни ушлаб кўрди. Иссиққина. Қопқоғини очиб кўрди.
— Бобожон, ичмабсиз-ку!
— Иштаҳам йўқ.
— Бобо!
— Гапир.
— Мени…
— Айт.
— Мўмин бобонинг кичик неварасига… Чол кўзини очди.
— Ўзингни кўнглинг борми?
— Вой, мен уни танимайман ҳам. Чол бирдан яйраб, табассум қилди.
— Эса…
— Хўш?
Чол кўзини юмди.
— Бобожон…
— Мендан домангир бўлманглар… Ўзларинг биласизлар.
Шу оқшом уйда, ҳовлида жанжал бўлди. Шокир бақириб хотинини сўкди. Хотини итни теша билан уриб вангиллатди. Садаф ўзича йиғлади.
Тағин бир ойча вақт ўтди.
Жалил чол фавқулодда сезиб қолдики, ўғли билан келини беҳад шошиляпти.
Садаф овқат олиб кирганда Жалил ота:
— Бир оз ўтир, — деди. — Сен менга ёлюн гапирмагансан…
— Ҳа, бобожон.
— Ота-онанг нимага шошяпти?
— Айтолмайман…
— Йўқ, айтасан… Мен хафа бўлмайман-ку! Бошга тушганини кўз кўради…
— Сизни…
— Нима?
— Термизга юборишмоқчи.
— Ҳа-а! — чол ҳиқиллаб кулиб юборди. — Кўздан панада турсин деб-а?
— Йўқ.
— Ҳа?
— У ёқда катта докторларга кўрсатишади.
— Ҳе, она қизим-е, бари бир-да! Садаф йиғлаб юборди.
— Бари бир эмас. Чол бошини кўтарди.
— Нима?
— Сизни… ўлиб қолса… Жалил ота тушунди.
— Тўй орқага сурилади? — Ҳа..
— У йигитни кўрмадингми?
— Йўқ.
Садаф зира солинган шовлани чолга суриб қўйди. Қария овқат ҳидидан иштаҳаси очилиб бурилди-ю, шовладан кўз узмай қолди.
Кейин яна чалқанча бўлди.
…Эрталаб докторлар келишди. Чолни Термизга жўнатишларини айтишди. Жалил ота:
— Мен тузалиб қолдим, — деди.
Докторлар чолни текшириб бир-бирига қарашди.
— Ростдан ҳам! — деди бири остонада турган Шокирга.
— Ўзгариш бор…
— А, ундай бўлса… — У икки қадам босиб, отаси қошига етди.
Чол майин жилмайди.
— Нимага кеча овқат емадингиз?
— Қорним тўқ эди.
— Бекор гап!
Докторлар чиқишди.
Чол бугунги кун ҳам овқат емади. Кейинги кун ҳам. Ундан кейин…
Ўрмалаб бориб, обрезга тўкади. Қўлини ювган бўлиб, устидан сув қуяди.
У… ҳолдан тойиб, ўрнидан қимирлолмай қолди. Шунда ҳам туз тотмади. Энди, келган овқатни тўшаги ёнида нос тупуриш учун қазиб қўйилган чуқурчага ағдаради.
У карахт бўлиб қолди.
Кейин ўғли, келини ва Садаф тепасида кўзёши қилиб турганда, кетди.
Ҳаммани даҳшатга солган нарса — унинг юзида қотиб қолган табассум бўлди.
Тўй қолди.
1984