Шуҳрат. Машраб (роман)

«… ҚОШИ ҚАРОСИНИ КЎРУНГ»

Омади келган йигитнинг севгани ҳам олдидан чиқади.
Баҳор нафаси қайта бошлабди. Аммо саратон яллиғи ҳали олисда. Қамиш бўтотларга баҳор кўркини бахш этган кўкатлар орасида унган мунчоқкўз сариқ чечаклар ва лолақизғалдоқлар қорамтир тортиб, ял-ял ёнган гулларини тўкканлар. Болаларнинг чўнтагида ҳовуч-ҳовуч ғўра, тиши йўқ кексалар оғзининг сувини келтириб, касир-касир чайнайдилар. Барра ўту турли-туман гул-чечагини кўз-кўз қилмаган боғу хиёбон йўқ.
Бу пайтда жажжи шаҳар — Наманганнинг тили чучук қизлари-ку, жуда очилиб кетадилар. Қирқ кокил қилиб соч ўриигу сатанг қилиб фарқ очишни ўшаларга чиқарган! Хипча белларни янада хипча ва нозик қилиб чиққан беқасам нимчалар уларни самбитқомат қилиб юборади. Уларнинг бу пайтдаги юриш-туришлари ва гап-сўзларида ўзгача бир латофат ва назокат бор. Токзору олмазор, анжирзору анорзорлардан янграган, завқ-шавққа тўлиб тошган ашулаю яллалари баҳор нафасини гуркиратиб, олис-олис умид манзилларига чорлайди. Кампирлар ёшлигини қўмсаб, димоғига ялпиз тутса, чоллар неварасига ясаб берган варракларининг учишини ҳассага энгаҳини тираб томоша қиладилар. Фақат дала бошида деҳқоннинг иши жадал. Айни тут пишиғи.
Машраб жилдини бўйнига осиб, тор кўчани ёқалаб бораркан, бир тўда қизларнинг беғубор ва шўх қийқириғи диққатини тортди. Товуш келган томонга қараб эди, аввалон кўзига тарвақайлаб ўсган тут ва таги билан битта бўлиб тўкилган марварид тутлар кўринди. Тутнинг қалин шохлари орасида бир одамнинг шарпаси кўзга чалингандай ҳам бўлди. Тутнинг бир шохи кўча томонга қанотини ёзиб тушган, баҳор ёмғирида ивиб нураган деворга тиркалиб турарди. Устидаги одам шу шохни силкиган шекилли кўча томонда ҳам тут ер билан битта бўлиб ётибди!
Йигитнинг кўнгли суст кетди-ю, лекин териб ейишга журъат этмай турган эди, яна қизлар чуғиллашиб бердилар. Машраб уларнинг сўзларини аниқ эшитди:
— Ҳой, сал тўхтаб тур, ердагиларни териб олайлик, ахир.
— Вой, ўл, бошимни ғурра қилдинг!
— Вой-вой-вой, бўйнимдан ичимга тушиб кетди. Бунча муздай экан!
Тут устида шериклари қотиб-қотиб кулар, тепадан уларга таъна қиларди:
— Мен тутнинг устида қаққайиб, сенларнинг териб бўлишларингни кутиб тураманми! Кетмайди! Чодир топларинг! Бўлмаса ҳозир тушиб кетаман!
Ораларида тутга чиқадиган «азамат»лари йўқ шекилли, қизлар чувиллашиб қолди:
— Жон Арзигул, бу шахтингдан қайт, ўзинг яхши қизсан-ку.
— Ақлли қизсан, доносан!
— Чиройлисан, жиблажибонсан!
Кулги орасида бошқа бири кекса хотинлардек салмоқлади:
— Илойим, яхши жойлардан ато қилсин!
Яна чуввос кулги-қийқириқ кўтарилди. Ҳовлида қизларнинг ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ шекилли, улар беғубор ҳазиллашар ва беҳадик кулишарди.
Тутдан туриб Арзигул «кекса хотин»га пичинг қилди:
— Ўзингга тила, ўзингга, мингяшар ойим! Меники тайёр!
— Вой, ўлмасам!! — бу кутилмаган гапдан қизлар ҳайрат аралаш чувиллашди. Уларни биттаси босди:
— У бир қоп ёнғоқ-ку, шунга ишониб ўтирибсизларми, суф-е, ҳаммаларингга!
— У ичидан пишган! — деди барибир қайси бири унинг оҳангида.
Шу маҳал жиддий товуш янграб қолди:
— Чодир йўқ, Арзигул, чойшаб топиб чиқдим, мана.
— Нима бало, ачангни ўлимлигини олиб чиқдингми? — тепадан тегишди ўша Арзигул дегани.
Арзигулнинг гапига кимдир пастдан жавоб қайтарди, лекин уни Машраб эшитолмади. Яна кулги кўтарилди. Тепадаги қиз уларга қўшилиб хандон солаётган бўлса ҳам, товуши алоҳида ажралиб турарди, худди бўғиқ қувурдан отилиб чиққан баҳор тошқинидек жарангдор ва шўх эди. Машраб бу алоҳида кулги келган томонга ялт этиб қараб, бўз кўйлакли, сочини бошига ўраб танғиган, ялангоёқ, дуркунгина бир қизни кўрди. Унинг юз-кўзи қалин барглар орасида яхши кўринмас, бунинг устига ёни билан турарди. Шу баҳорда товуши дўриллаб, қиз деса, қулоғи қимирлайдиган бўлиб қолган йигитнинг шундай ёқимли товуш эгасини кўриш иштиёқи шу онда уйғониб қолди. Йўлнинг у бетидан бу бетига ўғри юриш қилиб ўтди. Бўйнини чўзиб аста мўралади. Эшикдан биров чиқиб қолса ё бирон қиз кўриб қолса нима бўлади, деган андиша хаёлига ҳам келмади. Хуллас, у ёққа ўтиб аста қаради, бу ёққа ўтиб барглар орасидан мўралади — ахийри, башарасини кўрди. Кўрди-ю, илон авраган қурбақадай қотди-қолди. Умри бино бўлиб бунақа истарали қизни кўрмаган! Ҳалигина ердан териб олган тутнинг қўлидагиси қўлида, оғзидагиси бўғзида қолди.
Оламнинг бу ташвишларидан бехабар қиз ҳамон шўхлик билан ўртоқларига гап отар, гоҳ у шохни, гоҳ бу шохни силкиб, гоҳ кичкина оёқлари билан гурс-гурс тепиб, ўртоқларини шоширарди. Марварид тутлар дув-дув тўкиляпти.
Ана шунда тут устидаги қиз торгина кўчанинг четида бақа бўлиб турган йигитни кўриб қолди.
— Вой, ўлмасам, кўчада бир киши қараб турибди! — деди-ю бир қўлини юзига парда қилди. Шу заҳотиёқ бир қиз кўча эшигини очиб қаради ва уни кўрибоқ эшикни тарс ёпди, ичкаридан товуш келди:
— Ўпкангни бос! Киши эмас, ёшгина бола-ку!
Шу гап сабаб бўлдими ёки бояги ҳаракати бир ҳазилмиди, тут устидаги қиз қўлини юзидан олиб, пешанабоғининг бир учини қайириб тишлади ва қиё боқиб йигитга гап қотди:
— Силкитиб берайми, тут ейсизми?
— Майли, — деди Машраб оёқ-қўли бўшашиб.
Қиз икки шохни ҳатлаб ўтиб, кўча томон шохига оёғини қўйди ва гурс-гурс тепди. Марвариддек тут, гарқ пишиб, бир имо-ишорага илҳақ турган экан, дув тўкилди. Ярми кўчага, деворнинг у ёғига, ярми ҳовлига тушди.
Машраб миннатдор қараб, саралаб-саралаб тера бошлади. Тут чиндан ҳам роса пишган экан, қўлида шираси қолиб, бармоқлари бир-бирига ёпиша бошлади. Гарчанд кўзи ерда, тўкилган тутларда бўлса ҳам хаёли тепада, тўғриси, тут устида турган соҳибжамолда эди. Хаёлида у қиз кўзини узмай кузатиб тургандек туюларди. Шу сабаб бошини кўтариб юқорига қарашга ботинолмас эди. Вужудида аллақандай майин титроқ ва қалбида шу замонгача бўлмаган алланечук ҳаяжон бор эди. Уни тизгинлаб, ерга қаратиб турган куч ҳам шу титроқ ва шу ҳаяжон эди. Йўқ, бу куч ҳам эмас, бошқа бир нарса. У нарсанинг нималигини Машрабнинг ўзи ҳам ҳали билмасди. Хуллас, у бошини кўтаришга, қалби интилган қизга қарашга журъат этолмас, аммо хаёли унда, унинг ёнган кўзларида, қўнғироқ овозида эди.
Қиз чиндан ҳам уни кузатиб турган эканми, Машраб ердан сал бошини кўтариши билан яна гап қотди:
— Тўйдингизми, ё яна силкиб берайми?
— Бўлди, раҳмат, тўйдим, — деди Машраб ва қизнинг кўзига кўзи тўқнашиб, бугун аъзойи бадани ловиллаб ёниб кетди. Унинг қаршисида ўн гулидан эндигина бир гунчаси лаб кўрсата бошлаган навниҳол қиз турарди! Қиз эмас, пари, дейсиз: қош-кўзи келишган, ғунча даҳан, оғзидан шакар тўкилади.
Шу ҳушини олиб қочдими ёки йигитлик журъати жўш уриб кетдими, Машраб бирдан луқма отди:
— Сиз қоқсангиз, қанча бўлса, еганим бўлсин!
— Вой, ўлмасам! — деган қиз тутнинг устида шошиб қолди. Тапир-тупир шохдан-шохга ўтиб, ўзини ерга «гуп» этиб отди. Унинг кўзи Машрабнинг кўзига қамти бўлган, унинг қаршисида кап-катта йигит, йигит бўлганда ҳам кўзлари алланечук ҳаяжон билан ёнган чиройли йигит турарди. «Сиз қоқсангиз, қанча бўлса еганим бўлсин!» деган сўзни ҳам шунақа чертиб айтдики, унинг юрагига ўқдек санчилди. Маъноси ялт этиб, ҳозиргача бепарво бўлган қизнинг кўзини мошдек очиб юборди. У келишган бир йигит билан ҳазил-мутойиба қилаётган экан! Ана, холос!
Арзигулнинг юраги гуп-гуп урар, хаёлида тут тагидаги йигит ҳамон ўша сўзини такрорлаб турарди.
— Ҳа, бунча! — деди дугоналари у томонда. — Ёв қувдими? Ўзингни бос.
— Ё даданг келиб қолдими?
Қизлар бири олиб, бири қўйиб сўроққа тутар, лекин Арзигул нимадир деб жавоб беришдан ожиз эди. Фақат:
— Бола эмас, кап-катта йигит экан-ку! — дея олди. Қизлар яна жонланиб, бир нечтаси яна кулгига олди, бир нечтаси эшикка чопди.
— Йўқ, кетиб қолибди! — деди биттаси. Бошқаси гап қўшди:
— Келишгангина эканми? Балки қисматингдаги йигит ўшадир.
— Яхшилаб кўриб олдингми, тагин йўқотиб қўйиб, қидириб юрма! — деб кулди бошқаси.
— Ҳей, ўл, ҳазилинг қурсин! — деди Арзигул ва лекин бу сўзидан қалбининг аллақаери ғалати бўлиб кетди. Ичидан «Ҳа, шунақами, ҳали,ўйлаб гапир», деган нидо келди. Бу нидони унинг ўзигина эшитиб турарди. Шу боис гапни чалғитди:
— Менга териб қўйганларинг қани?
— Мана шу чодирдагининг ҳаммаси сеники, ўртоқжон! — деган қиз унинг башарасига қараб, Арзигулнинг ранги қўрққан кишиникига ўхшамай, ўзи ҳам тил билан айтиб беролмайдиган аллақандай ҳис-туйгулар тўфонида эканини аниқ кўрди. Ниманидир фаҳмлагандек бўлиб, пастки лабини аста тишлади. Буни Арзигул фаҳмлади ва кўзини олиб қочди.
Бу пайтда кутилмаган учрашувдан карахт бўлиб қолган Машраб тўрвасини йўқотган гадойдек талмовсираб, бошини қуйи солиб боради. Ўзи нима гап? Бутун вужуди ўт бўлиб ёниб кетяпти. Умрида ҳеч бунақа бўлган эмас. Ҳа, тиззасида ҳам жиндай титроқ бор-а! Оғир юк кўтаргани йўқ-ку, ё чарчадими? Нимадан чарчайди? Тутга чиққани йўқки, оёғи толиққан бўлса! Тутда қиз, Арзигул эди-ку! Ҳа, ростданам, қиз нима деди-ю, у нима деб жавоб қилди, нега қиз тутдан ўзини ташлаб қочди?
Машраб бу қизиқ лаҳзани таг-томири билан идрок этиб ололмас эди. Анча ерга боргач, яна орқасига, ўша тутга, қиз турган шохга қарагиси келди, бир нарсадан ҳаё қилгандек тортиниб қаради. Ҳеч ким йўқ. Салдан кейин яна қандайдир куч орқага ундади. Яна қаради. Бу гал ҳам ҳеч кимни кўрмади. У қидирган одамни кўролмай энтикарди.
Машрабнинг бутун бадани мис бўлиб қизиб кетган, назарида ловуллаб ёнарди. Кўча ёқалаб оққан, қирғоқларини майса-гиёҳ қоплаган ариқдан чатаноғини кериб, юз-қўлини ювди. Муздай сув шундай хуш ёқардики, асти қўяберасиз! Бутун вужудига ҳузур-ҳаловат нур бўлиб унсиз тараларди. Бунга сари яна юзига сув сочар, бўйниларини қўшиб юварди. Оромбахш томчилар қизиган юз-кўзининг тафтини олиб, нурли из қолдириб пастга думаларди, хаёлидаги кимсани янада равшанроқ, янада жозибалироқ кўрсатгандек, унинг кўркини очаётгандек бўларди.
Машраб ички бир ҳаяжон ва қалбини ларзага солиб келган нотаниш қувонч билан сувни ҳовучлаб, юзига сепмоқчи бўлиб эди, қўллари соҳилдаги гиёҳларга тегиб кетди. Ялпиз ҳиди анқиб, атроф атрга тўлди. Бу унга яна ҳам хуш ёқди. Ўсиб кетган, илк баҳорги кўм-кўк рангини кул тусига алмашган, узун ва сершох ялпизнинг иккита нозик шохчасини тирноги билан узиб, димоғига тутди. Ундан таралган ҳидга тўймай, бармоқлари билан эркалади. Ана шунда ҳаммаёқни тутган алламбало бўй кўнглини яшнатиб юборди. Наҳот, ялпиз шунақа ёқимли ҳид таратса?! Шу оддий ялпиз-а! Бу мўъжиза она тупроқнинг ҳикматими ёки баҳорнинг кишиларга сахий инъомими? О, бу ерларда не-не гул-чечак, не-не гул-лолалар бор. Ҳаммасининг ўз ҳусни-кўрки, ўз атри-анбари бор!
Машраб яна иккита ялпиз баргини узиб ҳидлади, ҳузур қилди. Шу алпозда туриб қолди. Беихтиёр белидан қийиғини ечиб, бир учига бетини артди. Артарди-ю, хаёлини яна ўша тутдан, тутда турган ўша қиздан узиб оломасди, у қуюндек беҳадик босиб келарди.
Машраб бошқа оламга кириб қолганга, бу оламда ҳали хаёлига келтирмаган ҳис-туйғулар ҳукмронга ўхшар эди.
Машраб яна орқасига қайтиб, ўша тутли ҳовлининг эшигида туриб қолди. Аланглаб, аллакимни қидирди. Тутнинг устларига қаради. Ғарқ пишган тут марвариддек йилтиллаб, қуёш шуълалари тушган баланд шохлари эса, алоҳида товланади. Чумчуқлар ғужғон ўйнаб, базм қурадилар, уларнинг тумшуғидан узилган тутлар ерга тап-тап тушиб турибди. Бояги бижилдоқ қизлар эса, қаёққадир гумдон бўлишибди. Шу вақт бирдан нимадир даранглаб қолди-ю, юз чумчуққа бир кесак дегандек, паррандалар дув кўтарилдилар. Яна ҳаммаёқ жимиб қолди.
Машраб овоз келган томонга қараса, чумчуқларнинг ўтини ёрган тутнинг баланд шохига богланган эски челак экан. «Ипини ким тортди экан? Ўша қизми? Исми нима эди? Ҳа, Арзигул деб эди-я! Қандай чиройли исм! Арзи гул эмиш, арзи гулга ўхшармиш! Қизиқ! Бу номни қўйган одам шу маънони билармикин? »
Бу исм Машрабнинг кўнглига шунақа яқин тушдики, агар биров «Бу исмни сен ҳалигина эшитдинг» деса, асти ишонмас эди. Гўё эсини таниганидан буён бу исмни биладигандек ва кунда такрорлаб юрадигандек эди.
Машраб хаёл билан қанча туриб қолганини билмайди, бир вақт бундоқ қараса, тутни яна чумчуқлар талай бошлабди, чуғур-чуғури оламни бузяпти.

Романнинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг