Шуҳрат. Олтин зангламас (роман)

БИРИНЧИ ҚИСМ

Меҳрибон онам,
севикли муаллимим,
қадрдон дўстим,
азиз фарзандларимга
бағишлайман.
МУАЛЛИФ.

1. АТЛАС КУЙЛАКЛИ ҚИЗ

Қодир умри бино бўлиб бунақа келишган қизни кўрмаган эди!
У боғда, майса устида, кўйлагини чиқариб, ботинкасини ечиб, майкада дарс тайёрлаб ўтирарди. Ҳаво дим. Қилт этган шамол йўқ. Дарахтларнинг барглари қўрғошиндан қуйилгандек вазмин солланиб туради. Фақат анҳор четидаги ўсиқ гиёҳларни сув эпкини ўз ҳолига қўймай тортқилайди, «юр биз билан!» дегандек букиб кетади.
Қодир на ҳавонинг димини, на вақтнинг ўтганини биларди. У билан ўчакишгандек бир жуфт мусича парр этиб қаёқдандир олдинма-кейин учиб келди-да, унинг ёнига тушди. Олдин учиб келгани кеиингисига тутқич бермас, у «ку-ку»лаб қаршисига борса қочади. Йўрғалаб ёнига ўтса, учиб сал нарига тушади. Яна кейингиси хушомад қилади… Бирдан чўқилашиб кетишди. Икки юввош парранданинг бу ножўя иши Қодирнинг гашига тегиб, энди ҳайдамоқчи бўлиб турган эди, биттаси дарахтга учиб ўтди, кейингиси кетидан қараб қолди. Қодир «қани, энди нима қилар экан!» деб турган эди, қаршисида бир қиз кўринди. У кенг атлас кўйлагига шамол тўлдириб, қаршисидаги соясини қувгандек елиб келарди. Қиз Қодирга яқинлашгач, қадамини секинлатди. Қодир унга тузуккина қарагунча бўлмай, қиз сўради.
— Шу ердан иккита қиз ўтмадими? Биттаси чамандагул дўппили.
— Пайқамадим, — деди Қодир. У илон авраган қурбақадек бақрайиб қолган эди.
— Олдидан ўтган қизни пайқамайдиган қанақа йигит экансиз!
Қиз шу сўзни кулиб айтди-ю, йўлида давом этди. Кулганда икки қатор садаф тишлари бир ҳуснига ўн ҳусн қўшиб юборди. Қиз нарироқ бориб «гапимни уқдингизми, яхши йигит» дегандек яна бир орқасига қараб қўйди. Мана шу қараш умрида бирон қиздан, айниқса, «бугун тушдан кейин дум бераман» деб турган қовундек етилган қиздан икки оғиз ширин сўз эшитмаган Қодирни адойи тамом қилди. Қўлида дафтари билан кетидан бақрайиб қолганини анчадан кейин пайқади. Пайқади-ю, фикрида шу кунгача бўлмаган ажиб ғалаён бошланганини, бу ғалаён унга ҳам ширин, ҳам ваҳимали алланарсалар ваъда қилаётганини ҳис этди. Унинг фикри-ўйи шамол шопирган ўша атлас кўйлак қатига ўралиб кетган эди. «Ойиси баҳорда, қизил гул сайлида туққанми, бунча кулиши чиройли бўлмаса», деб қўйди ўзича.
Қиз ўша бедана йўрғалашида сўқмоқ йўлдан бориб дарахтлар орасида кўздан ғойиб бўлди. Бир оздан кейин ўша томондан қизларнинг кулгиси эшитилди! Бу кулги ичидан Қодир қизнинг овозини таниди ва юраги гурсиллаб уриб, ларзага келди…
Қодир ўзини зўрлаб дарс тайёрламоқчи бўлган эди, кўзи китобда яхмалак отиб, ҳеч нарса бошига кирмади. Лекин, нима учундир, бирдан хаёлига ўша атлас кўйлак, чилвир соч, кулиши ёқимли қиз эмас, бояги мусичалар келди. Атрофига қараб уларни кўрмади. Шунда яна хаёлига келди: қизиқ, улар ўша қиз келгунча учиб кетишдими, ёки кейинми? Нега мен пайқамай қолдим? Улар ярашганмикин, ёки ҳали ҳам қувлашиб юришибдими? Ярашгандирлар! Ярашишлари керак. Гуноҳи бўлса ҳам кечириши керак, ялиниб-ялпоғланиб ўляпти, бечора! Бағри тошлик яхши эмас. Аҳиллик, меҳру муҳаббатга нима етсин!
Қодирнинг хаёли мусичаларда бўлса ҳам, кўзи қиз кетган томонга йўл чизиб қолди.
Уни яна бир кўргиси, жонон пиёла жаранггидай товушини эшитгиси келди. Юраги қиз кетган томонга ундаса ҳам, оёғи тортмади. Лекин кечаси шундай аҳволга тушдики, орада тубсиз жар бўлса ҳатлаб ўтишга, чўққида бўлса тирмашиб чиқишга тайёр эди. У қизни кўриш орзудан кўра эҳтиёжга айланган эди.
Эрталаб туриб, «йўқ, боққа чиқмайман, шу ерда дарсимни тайёрлайман», деб аҳд қилди у. Йўғон қайрағочга суяб қўйилган тумбочкага мук тушди. Бир оз тайёрлаган бўлди. Сал ўтмай сояси қалин, япасқи қайрағоч тагида кулги кўтарилди. Кимдир хуштак чалди. Атрофга қараб қулай жой тополмади: институт ҳовлиси каравотларга тўла. Уларнинг усти қурама. Бирининг устига беқасам тўн кўндаланг ташланган бўлса, бирида шинель, бирининг ёстиғи остида каттакон тугун, бирида кимдир ҳалигача ухлаб ётибди…
Ҳаммаси кўзига эриш кўриниб, ҳар куни шу ерда бепарво дарс тайёрлаганига, тинимсиз, шовқин-суронни пайқамаганига ажабланди. Фақат кечагина боққа чиққан эди.
Боғ эсига тушди-ю, қалби ўша томонга ундади. Назарида, кечаги атлас кўйлакли, кулиши ёқимли қиз кутиб тургандек, ёки у бориб ўтириши билан яна олдидан ўтадигандек бўлиб кўринди. Лекин қиз у ерда йўқ эди, Қодир тушгача дарс тайёрласа ҳам ўтмади. Олдинроқ ўтиб кетдими, деб кеча кулги келган томонга қулоқ солди: жимжит. Фақат тўғондан ошиб тушган сувнинг шарқирашигина эшитиларди. Кимдир унинг қулоғига «энди кулишмасдан тўғри гаплашиб ўтирибди» дегандек бўлди. Қодир бу меҳрибон ғойиб ҳамроҳининг сўзига жон деб ишонди. Ўрнидан туриб кеча қиз кетган томонга йўл олди. Юраги гуп-гуп урар, кўз олди баъзан жимирлашиб кетар эди. Ҳар дарахт, ҳар чечак, ҳар гиёҳ жонли, кўзи тўрт бўлиб уни кузатиб тургандек. Олам нақадар чиройли! Ҳар нарсанинг ўз ҳаёти, ўз ҳусни, ўз камолоти бор. Ўз кўрки, ўз фазилати билан бир-бирини тўлдиради, бир-бирининг ҳуснини очади, бир-биридан ажралмас бир бутунлик ташкил этади.
Қодир илгари ҳеч қачон пайқамаган ажойиботлар орасидан ўтиб бораётгандек завқланиб, ҳар япроққа, ҳар гиёҳга, ҳатто маржондек тизилишиб сўқмоқни кесиб ўтаётган чумолиларга гап қотгиси келар, улар дунёсини қалбига яқин сезар эди. Лекин бу билан бир вақтда унинг юрагида номаълум бир ташвиш, ҳис-ҳаяжон ётарди. Нимадандир чўчир, нимадандир ҳадиксираётгандек бўлиб, аланглаб қўярди. «Тўхта, — деди ички бир нидо, — хўш, у қизни топдинг. Кейин нима? Унга айтадиган бирон гапинг борми? Йўқ!! Шундай бўлгач, қидириб нима қиласан. Бор, жойингга ўтир, дарсингни қил, у қиз баҳор шамолидай ўтди-кетди!»
Қодир чиндан ҳам бундоқ ўйлаб қараса, у қизда ҳеч қандай иши ҳам йўқ, айтадиган сўзи ҳам! Шундай бўлса-да, кеча кулги эшитилган томонни айланиб келди. Учратиб қолса, нима дейишини билмаса ҳам, уни қидирди. Ҳеч қаерда йўқ: на ерда, на кўкда.
Қайтиб кеча ўтирган жойига келса, мусичалар донлашиб юрибди. Жуда аҳил, бир-бирига меҳрибон, сахий. Ё кечагилар эмасми? Йўқ, ўшалар. Ўшаларнинг ўзи! Аҳиллик, меҳрибонлик қандай яхши!!
Атлас кўйлакли, кулгиси ёқимли ўша очиқ қиз Қодир учун олтин узукнинг сувга тушиб кетган зумрад кўзи бўлди.
Эртасига, индинига, бир ҳафтагача уни шу боғдан излади — топмади, кўча-кўйни кузатиб борди — учратмади. Унга қизнинг ўзидан ҳам хаёли ширин бўлиб қолган эди.
Охири, «тушимда кўрдиммикан», деди ўзига-ўзи.
Атлас кўйлакнинг оловидан бағрига тушган учқунни кул босгандек бўлди.

* * *

Қодир институтга қабул қилиниб, уч-тўрт кун она шаҳрининг ҳавоси билан нафас олгани қайтганида имтиҳонлардан яхши ўтганидан хурсанд бўлса ҳам, юрагининг аллақаери нимадандир ачишиб турарди. Ўсиб-улғайган ҳар битта тошигача унга таниш бўлган она шаҳрини тарк этганида юраги қанча энтиккан бўлса, институтга кириб, ўз шаҳрига қайтаётганида ҳам кўнгли шунчалик ғалати бўлиб кетди. Бегона шаҳарда нимасидир эсидан чиқиб қолгандек, нимасидир кўнглига ғашлик солаётгандек туюлди. Ҳеч ким уни кузатгани чиқмаган бўлса ҳам, кўзлари жавдираб кимнидир қидирди, кимгадир айтадиган гапи бордек ўзича пичирлаб қўйди. Поезд жилганда-ку, купеда туролмай, ўзини деразага урди, кимнидир кўрмоқчи эди… Бу ҳолатнинг боиси ўша атлас кўйлакли, кулгиси ёқимли қиз, олтин узукнинг сувга тушиб кетган зумрад кўзи эканини Қодир яхши биларди.
Қодирдаги бу ўзгаришни ҳаммадан олдин унинг онаси Адолат хола оналик қалби билан сезди шекилли, катта ўғли Содиққа:
— Йўқ, болам, укангга бир нарса бўлган. Бунақа эмас эди, — деди.— Ўқишга киргани ростми? Ё номусдан ёлгон гапириб, ич-этини еб юрибдими?
— Қоғозини кўрсатди, ўз кўзим билан кўрдим,— деди Содиқ ишонч билан.
— Бўлмаса уканг касал, биздан яширяпти.
— Чарчаган бўлса керак, менинг кўзимга ҳам шунақа кўринади. Яна суриштирарман.
— Шундай қил, жон болам, ёш, билмайди.
— Хўп, хўп!
Фарзанд доғини кўравериб, юраги безиллаб қолган Адолат хола, Қодирнинг дардини билолмай армонда эди. Бир чеккаси, ёлгиз ўзини ўқишга юборишга ҳам раъйи йўқ. Шунинг учун, Содиқ укаси ўқишга кирган шаҳарга кўчиш, у ердаги катта докторларга Жаннатни кўрсатиш, ўзи ҳам аспирантурага кириш ниятида эканини айтганда, аввалгидек, «мени ота-онам ёнига қўйгин, кейин ўз билганингни қил» демади, тезгина кўна қолди. Икки йил Армияда «мусофир» бўлган Қодирни яна бегона шаҳарда ёлғиз ўзини мусофир қилгиси келмадими, ёки яна соғиниб кўз ёши тўкишга бардоши етмаслигини билдими, Содиқни қувватлади:
— Майли, жон болам, ҳаммамизнинг бир жойда бўлганимиз маъқул. Қодир ҳам иссиқ-совуқсиз қолмайди, ёнимда бўлади.
Содиқ бу қарорни Қодирга билдирганда, унинг ортиқча қувонмаганидан ҳайратда қолди.
Бу лоқайдлик Содиққа оғир ботди. Укасига бир нарса бўлганига шубҳа қилмай қўйди. «Ойим бекорга ташвишланмаган экан», деди-ю, сабабини билишга жиддий киришди. Уни бошлаб сойга кетди. Йўл-йўлакай укасининг қўйнига қўл солди. Бир-икки шўнғиб чиқиб, офтобда ўтиришар экан, пайти-пайти билан унинг харакатини кузатиб, гап ташлади:
— Марказда анчадан бери бўлганим йўқ, жуда обод бўлиб кетгандир.
—    Ҳа.
— Боғларида ҳалиям дам олиш кунлари одам кўп бўладими?
«Боғ» сўзи Қодирни уйқудан уйғотгандек бўлди, ғалати бўлиб кетди.
Содиқнинг бугунги сайлдан фаҳмлагани шу бўлдики, Қодир аввалгидан кам гап, кишилар билан учрашишга майли йўқ, ёлғизликни хуш кўради. Тани-жони соғу, фақат қаттиқ чарчаган. Вақти билан ёзилиб кетади. Икки йил Армия хизматини ўтаб, бугунги кунда институтга имтиҳон бериб киришнинг ўзи бўладими!
Лекин Қодир имтиҳон азобларини аллақачон унутган, очиғини айтганда, унчалик ҳис қилмаган, фақат ёшликнинг бошқа бир имтиҳони олдида минг бир хаёл билан турарди.
Бу имтиҳон аввалгисидан осон эмас эди.

Романнинг тўлиқ матнини PDF форматда сақлаб олинг