Шойим Бўтаев. Мактаб қоровули (ҳикоя)

Эшниёз чол эрта уйғонади. Намозини ўқиб, мол-ҳолларга қарайди-да, чойини ичиб мактаб томон жўнайди. Унга йўлда саҳархез кишилар дуч келади. Чолнинг қаёққа отланганини кўриб-билиб турган бўлишса-да, салом бериб, кўнгил учун сўрашади:
— Ишгами, Эшниёз ота?
— Ишга.
— Э, яшанг.
— Эрмак-да.
— Нимасини айтасиз.
Эшниёз чол мактаб қоровули. Баъзилар, сизга шу даҳмазанинг нима кераги бор, оёқни узатиб ётмайсизми, дейишади. У беозоргина илжайиб, ўрганиб қолганман-да, мактаб болаларини кўрмасам туролмайман, деб очиғини айтиб қўя қолади. У ўз мулк-моликонасини текшираётган заминдордек дастлаб мактаб ҳовлисини бошдан-оёқ айланиб чиқади. Тонг қоронғусида қоғоз парчалари, хас-чўпларни битта қолдирмай йиғиштириб олишига бошқалар ҳам ҳайрон қолиб, чолнинг кўзи қандай кўраркан-а, дея ажабланишади. Сўнгра майдончадаги гулларга сув қўяди. Иши тез тугайди.
Йўл бўйидаги қадимий  чинор улканлигидан мактаб ҳовлисининг деярли ярмига олачалпоқ соя ташлаб туради. Унинг остида ерсупа бор, Эшниёз чолнинг супаси, дейишади. У ишини тугатиб, қоровулхонадан шолча олиб чиқиб супага ёзади. Чордона қуриб ўтиради. Бирин-кетин муаллимлар ҳам кела бошлайди. Улар чолга қуюқ салом бериб ўтишади. Баъзилари сўраб қолади:
— Ҳаммадан аввал келиб олган экансиз-да?
Эшниёз чол хижолатомуз жилмаяди:
— Энди-и… мактаб эшикларини очиб турайлик дедик-да.
— Омон бўлинг, отахон.
— Илмингизга худо барака берсин.
Эшниёз чол яна кимларнингдир келишини интиқ кутаётгани унинг юз-кўзларидаги ифодалардан яққол билиниб туради. Кутаётгани — болалар. Мана, ниҳоят, болаларнинг ҳам қораси кўринади. Уларнинг баъзилари мўмин-қобил бўлса-да, кўпчилиги шумтака — бир-бирларини туртишиб, қувлашиб-қочишиб кела бошлайди. Эшниёз чолнинг ортига келиб яширинадиганлари ҳам топилади, ундайлар зўравонни чолга кўрсатишиб:
— Бобо, қаранг, — дея ўзларини унинг паноҳига оладилар.
Бундай лаҳзаларда чолнинг боши осмонга етади. Унинг хурсандчилигини насиҳатга ўта бошлаганидан ҳам билса бўлади. Ҳуштак чалманглар, ҳуштакни ўғрилар чалиб, бир-бирларини чақиради, дейди у. Бир-бирларингни туртманглар, ургандан туртган ёмон, дейди. Болалар салом бериб ўта бошлашганида, у беихтиёр ўрнидан туриб кетади, кўзлари чарақлайди, қўлини кўксига қўяди:
— Ваалайкум ассалом. Баракалла, баракалла.
Шундай пайтларда Эшниёз чол ўзини етти қават осмон устидагидек ҳис этади. Қий-чув тиниб, дарс бошлангач, Эшниёз чол ёнбошлайди. Тилининг остига бир чимдим нос ташлаб олиб, қандайдир хаёлларга берилади. Ўтган-кетганга, қани-и носдан битта отсинла-ар, дея манзират қилади. Нос олиб юрмайдиган носкашлар илжайиб келаверишади. Нос баҳонасида ўтган-кетгандан гаплашиб оладилар.
— Бу йил пичан қалай бўлди?
— Чалғи кутиб белга уриб ётипти.
— Дуруст-дуруст. Подани суғоргани ҳалиям Ҳасан ҳовузга олиб боришяптими?
— Ҳа, ҳалиям ўша ёққа олиб боришяпти.
— Бир замонлар биз ҳам подани Ҳасан ҳовузда суғорардик.
Пода боққан йилларини эслаб, Эшниёз чол хаёлга чўмади, кўз ўнгидан дашту далаларнинг манзаралари ўтади, димоғига турфа гиёҳларнинг ҳиди уфургандек бўлади, оғир хўрсинади. Суҳбатдошининг туриб жўнаганини пайқамай ҳам қолади.
Эшниёз чол баъзан зерикади. Қаёқларгадир кетгиси келади. Қаёққаям борарди? Қолаверса, иши шу — мактабга қоровуллик, ўтириши керак. Фаррош аёллар у ёқ-буёққа супурги уришади. Сўнгра қўлбола ёғоч ўриндиқда қатор тизилишиб ўтирганча ғийбатни бошлашади. Эшниёз чолнинг қулоғи динг бўлади, баъзида қулоғига чалинган гапларнинг бердисини эшитишга ичида қизиқиши кучайиб бораётганини пайқайди-ю, астағфирилло, астағфирилло, деганича истиғфор айлайди.
Кейин негадир:
— Ҳай, қуриб кетсин-а! — деб қўяди.
Ёғин-сочинли кунларда супа бўшайди. Чинор ҳам алланечук мунғайиб қолгандек кўринади. У танаффус бўлишини сабрсизлик билан кутади. Қўнғироқ чалиндими, бас, болалар чолнинг олдига ёпирилиб келади. Бир-бирларига гал бермай чувиллашади:
— Бобожон, битта эртак айтиб беринг.
— Биттагина…
— Э, қўйинглар-э, — чол қўл силтаб, қиёфасига жиддий тус бермоқчи бўладию эплолмайди, илжайиб юборади. Юзига қон тепади. Болалар тиқилинч қилавергач:
— Қўймадиларинг-да, — дея жисму жонига таралган аллақандай ҳузурданми, бошқа нарсаданми, кўзларини бир оз қисганича ўйланиб қолади.
Болалар ялинаверишади:
— Жо-он бобожон!
— Айтгингиз келиб турибди-ку.
Қора-қура мунчоқ кўз болакайларнинг мўлтайиб туришлари унинг кўнглини юмшатади. Дадилланиб, икки тиззасининг устига иккала кафтини тираб… тантанали сукутдан сўнг бошлайди:
— Шу-у Гермонияда кетяпми-из, қўлда бешотар! Бир пошист ўтди олдимиздан — ҳаҳҳ дедим! Пешонасидан ўқ тегди пошистнинг — йиқилди, чўзилди, жон берди! Ортидан яна бири келяпкан экан. Уям уҳ дедию кетди…
— Кейин-чи, кейин?
— Шошманглар. Гапнинг бердисини эшитинглар-да!..
Болалар жим бўлади. Қий¬шанг¬лаб-қийпанглаётганларини туртишиб, дўқ уришиб тинглашга мажбур қиладилар. Сукунат. Эшниёз чолнинг кўзлари яна ўша-ўша ғалати ифодаларга тўлади. Эртаги ҳам ўша-ўша. Унинг урушда кўрган-билгани шу. Қаҳрамонлигию хотираси ҳам шугина, холос. Уруш ҳақида бошқа гап айтолмайди.
Эшниёз чол бир пиёла қайноқ чой илинжида қоровулхонага кирди. Печкадаги оловнинг тафтидан икки бети қип-қизариб кетганича қоровулхонадаги тахта караватнинг ўртасида Ҳамида деган фаррош аёл жун титиб ўтирарди. Бир томонида урчуқ, иккинчи томонида пўстак парчаларидай сочилган титувсиз жун. У ўгирилиб Эшниёз чолни кўрдию ёш болани тергаётгандай:
— Эшикни ёпинг, эшикни, — деди.
Эшниёз чол эшикни ёпиб остонада нима қиларини билмагандек хижолатомуз туриб қолди.
— Қаёқларда юрасиз-а? — тергашда давом этди фаррош.
— Орқа ҳовлидайдим.
— Директир сўради сизни.
— Ҳалигина кўрувди-ю.
— Билмасам, дарров учрашсинлар, деди.
Эшниёз чол кифт қисди. Йил ўн икки ой унинг директор билан шошилинч учрашадиган иш-юмуши бўлмасди, шунга ажабланди.
Директор ўз хонасида нималарнидир ёзиб ўтирарди. Чол томоқ қирди.
— Келинг, — директор креслога ястаниб ғалати илжайди.
— Шу… Ҳамида айтдики… — чол энди сўз бошламоқчийди, директор шу лаҳзада туйқусдан ҳол сўрашга ўтиб қолди:
— Аҳвол қалай?
— Тузук…
— Михдек бўлиш керак! — директор кўзларини чақнатиб бош бармоғини кўрсатди. — Бугун армия ташкил топган кун-а? Учрашув қиламиз, хабарингиз борми?
Эшниёз чолнинг бундан хабари йўқ эди. Нима деярини билолмай иккиланиб қолди.
— Шунақа, — директор ўзининг сўзини ўзи тасдиқлаб давом этди. — Болаларга ота-боболаримизнинг жасоратлари ҳақида сўзлаб берсангиз. Ахир, урушда бўлгансиз. Немис-фашист бос¬қинчиларидан бир нечтасини ер тишлатгансиз. Танклару пушкалардан ҳам бир-иккитасини яксон қилган бўлсангиз керак. Ўқувчилар даврасида ана шуларни айтиб бериш керак-да, энди. Эсдан чиққан жойларига қўшиб-чатилса ҳам майли, ёлғон айтдинг, деб биров ёқангиздан тутмайди, келишдикми? — директор ишшайди.
Эшниёз чол қизариб кетди ва ўйланиб қолди: нимаям дерди? Директор сўраяпти-я, кўпчиликка йўл-йўриқ кўрсатадиган катта одам, йўқ деб бўладими унга? Ер остидан қанчалик тикилмасин, у директорнинг ҳазиллашаётганини ҳам, жиддий айтаётганини ҳам фарқлолмади. Қулоғига яна ўша сўз ўқдек урилди:
— Келишдикми?
Эшниёз чол сесканиб бош ирғади. Шундан сўнг чиқиб ўз ишига машғул бўлди. Учрашув ўтказиладиган синфнинг печкасига кўмир қалади. Ўт ёқди. Каттакон қаҳрамонни кўрар эканмиз, дея болалар олдинги парталарда ўтиришга талашиб-тортишишди.
Директор қаламининг орти билан столга ура-ура тўс-тўполонни тинчитди. Кейин у армия тўғрисида, уруш ҳақида гапирди, ҳозирги кун билан боғлади.
— Мана-а, бугун шу муносабат билан ўтказиладиган учрашувимизга, — дея асосий мақсадга кўчди у, — мактабимизнинг заҳматкаш қоровули Эшниёз Тошниёзовни таклиф этганмиз. Мар¬ҳамат, сўз сизга, ўртоқ Тошниёзов!
Болалар бирваракайига ие, деб юборишди. Эшниёз чол ўрнидан турди. Нажот кутаётгандек теварак-атрофга мўлтираб, нигоҳ ташлади. Йўталди. Қўлларини қаерга қўйишни билмай дам кўксига чалиштирди, дам саланглатиб осилтирди. Бироз титроқ товушда ҳикоясини бошлади:
— Шу, Гермонияда кетяпмиз, қўлда бешотар!..
«Гурр» кулги кўтарилди. Чолнинг оёғидан мадор қочиб, кўз ўнги қоронғилашди. Болаларнинг кулгиси уни ҳайрон қолдирган эди. Ҳар гал танаффусда, биттагина айтиб беринг, деб ялиниб-ёлворадиган болаларнинг ҳозирги ҳолати унга тушунарсиз эди. Чол директорга қаради. У қўлидаги бояги қалам билан столни тақиллатди. Болалар жим бўлишди.
— Давом этинг, — директор негадир чолга ҳам ўқрайиб қаради.
— Бир пошист ўтди олдимиздан, — «давом этди» Эшниёз чол, — ҳаҳҳ, дедим. Пешонасидан ўқ тегди пошистнинг — йиқилди, чўзилди, жон берди! Ортидан яна бири  келяпкан экан, уям уҳ деди-ю кетди… — сўнгги жумлани чайнаб, қийнала-қийнала айт¬ди.
Синфни бошга кўтаргудек қаҳқаҳа янгради. Эшниёз чол янаям ҳайрон бўлди. Жойига ўтирмоқчи бўлганди, директорнинг афти бужмайиб:
— Тамомми? — деб сўради.
— Тамом бўлди, тамом бўлди, — чолнинг ўрнига болалар чуғурлашиб жавоб берди.
Директор пешонасини қашиганча ўрнидан турди.
— Ўртоқ Тошниёзов фалон-пистон фронтларда шундай-шундай қаҳрамонликлар кўрсатган, — дея ўзининг уруш ҳақида эшитган-билганларини айтиб бергач, директор учрашув тугаганини маълум қилди.
Болалар ўзларини эшикка урдилар. Эшниёз чол уларнинг чиқиб бўлишларини кутди. Директор йўл бошласин, ҳар қалай раҳбар одам.
— Бешинчи «А»га йўлаб бўлмайди — музхона! — ғўлдиради директор папкасини қўлтиғига қистираркан, унга тегишли қилиб.
Эшниёз чол тушунди. Енгил тортди. Ташқарига йўналди. Кўмирхонадан кўмир тўла челак ва куракчани олди. Муаллимлар хонасининг рўпарасида Саиднинг ерга урса кўкка сапчийдиган невараси ўқийдиган синф; унинг дастидан арзу дод қилмаган муаллим йўқ. Шу болани кўрса Эшниёз чолнинг юраги ғалати бўлиб кетади. Ўғлимга, деб, унинг онасига нон ҳам синдириб қўйганини эслайди, Саиднинг ўғли қандайдир жигаридай туюлади.
Эшниёз чолнинг мижжалари намланди. Бориб бешинчи «А»нинг эшигини очди. Болалар дув ўгирилишди. Чол ўнғайсизланди. Муаллимга қаради. У бош ирғаб машғулотини давом эттираверди. Чол дераза ёнига борди. Чўнқайиб чўян печканинг кулини тозалай бошлади. Қулоғига муаллимнинг сўзлари кириб турди. Бу сўзлардан у ҳеч вақони англамаётган бўлса-да, зап илми бор-да, барака топкурнинг, деб ўйлади. Ишини тугатгач, Эшниёз чол челакни кўтариб чиқиб кетди. Куракчани печка устида унутиб қолдирди. Бу ташқарига чиққанида хаёлига келди. Қайтиб кирмади. Челакни ерга қўйиб белбоғи қатидан носқовоғини олди ва кафтига бир чимдим нос тўкди.
Уни хаёл элитди. Кўз ўгнида ранго-ранг халқачалар жимирлаша бошлади. Пешонасидан негадир совуқ тер чиқиб кетди. Айни шу лаҳзада қандайдир иш билан йўлакка чиққан директор у томон кела бошлади. Чол каловланиб қолди.
— Ўзи икки фашист ўлганидан кейин нима бўлувди, — деди директор кинояли тарзда Эшниёз чолнинг оқариб кетган юзига қараб қўйиб. — Шу бўлган гапми ўзи? Урушга борганларнинг ўзлариям тўқишса кераг-ов! Наҳотки, иккисиниям ўзингиз отган бўлсангиз? Тушингизда эдими, ўнгингиздами? — директор шундай деб изига қайтаркан, барча саволларнинг жавобини ўзи топгандай, — гапниям эплолмайсиз-а, — деганича хулоса қилди.
Эшниёз чол шомда уйига келди. Кампири танча четида белини тўнга ўраб, инқиллаб ётарди. Чолнинг унга ичи ачиди, бироқ тилида:
— Ётаверар экан-да, — дея тўнғиллади.
Кампирнинг кўзлари ялтиради. Ўрнидан қимирлашга уриниб:
— Жўрттага ётипманми, чол, омонатини тезроқ ола қолса эди, — дея хира кўзларида ёш кўринди.
Чолнинг юраги ториқди. Ҳовлига чиқди. Тўлин ой муздек нур сепарди. У сомонхонага кириб, тоғорага сомон олди, оғилга олиб келиб, сигирнинг охурига солди, охуридаги нишхўрдни эшакка ташлади. Қайтиб юриб уйга кирганда, кампир, уйқуга кетганди. У аҳён-аҳёнда ихраб, ғўлдираб, инқиллаб қўярди. Эшниёз чол танчанинг кўрпасини кўтариб косов билан чўғни қўзғади. Танчанинг бошқа бурчагига ўзи ёнбошлади. Уйқуси келмади. Кампирига айтган гапи учун афсус чекди.
Учрашувни, директорни кўнгли ғашланиб эслади.
Эшниёз чол субҳи-содиқда уйғонди. Қор қалин ёғибди. Қуруқ таппи келтириб, ўчоққа қалади. Ўт ёқди. Молларга қараб келгунча қумғондаги сув қайнаб, таппидан қўр тушганди. Қўрни танчага солди. Дастурхон ёзди. Чой дамлади. Шопиёлада кампирига илиқ сув келтирди, олдига дастшўй қўйди.
— Ўзим чиқардим, — деди кампири ийманиб.
— Соғайиб ол, кейин чиқасан, — деди чол кечаги аччиқ гапи  учун узр сўраётгандай.
Улар жимгина нонушта қила бошлади.
— Ишга бормадингиз? — кампирнинг меҳри ийиб Эшниёз чолга саволомуз қаради.
—    Энди бормайман.
Кампирнинг чеҳраси очилди.
— Яхши қиласиз…
Бироқ орадан ярим соат ўтар-ўтмас Эшниёз чол махсисини кия бошлади.
— Қаёққа? — деб сўради кампир.
— Бир кўчага чиқай-чи, — деди чол.
У махси устидан тўзибгина қолган калишини илди-да, ташқарига чиқиб кетди.