Шойим Бўтаев. Ҳисомиддин ал-Ёғий (ҳикоя)

Қиш чилласи оёқланди.
Совуқ забтига олди.
Масжид айвонида тирик жон кўринмасди, узоқ-ёвуқдан оқиб келишган намозхонлар ўзларини ичкарига олишган.
Беш-олти юз намозхонни бемалол сиғдира оладиган бу бинони ҳар бирига дурадгорлар томонидан ойлаб ишлов берилган ўн икки ёғоч устун ўз кифтида тутиб турарди. Бу устунларда ўн икки мамлакатнинг санъатини, урф-удумини кўриш, дидини пайқаш мумкин эди. Ўн икки мамлакатдан келишган усталар ўзларининг бор ҳунарларини ёғочларга муҳрлагандилар. Энди улар оддий ёғоч эмас, балки, масжиднинг кўркига кўрк, салобатига салобат бағишлаб турган юксак санъат намуналари эди.
Жума намози бўлгани учун масжидда одам тирбанд; улар бир-бирларига озор ва халақит бермасликка уриниб, намознинг бошланишини бетоқат кутар эдилар.
Меҳроб олдида дарвешлар дарвеши, шайхлар шайхи Ҳисомиддин ал-Ёғий сукут сақлаб турарди.
Эгнида жанда қабо, бошида ранги ўнгиб кетган калонсуво.
Бундай кийим-бош масжиднинг ҳашами, айрим намозхонларнинг зарбоф тўнларига муқоясан қаралганда жудаям бечораҳоллик аломати бўлиб туюларди.
Бундан ташқари, шунча одамнинг ана шу бечораҳолдай кўринган кекса шайхнинг оғзига тикилганча, илҳақ туришида ҳам қандайдир илоҳийлик мужассам эди.
Етмишлардан ошган оппоқ соқолли шайхнинг нур ёғилиб турган юзида, ўткир қарашларида, озғин елкаларини адл тутишида масжидни файзиёб этадиган, намозхонлар сафини жипслаштириб-боғлаб турадиган алланарсалар мавжуд эди.
Намоз бошланишига саноқли дақиқалар қолди.
Намозхонлар безовталана-ташвишлана бошладилар.
Уларнинг нигоҳларида, энди нима бўларкин, деганга ўхшаш сўроқ соялари изғирди.
Энди нима бўларкин?
Бу савол бежиз эмасди.
Гап шундаки, ҳамон улуғ султон Алоуддин Тармашириндан дарак йўқ эди.
Хитой, Ҳиндистон, Ироқ подшоликлари ва Ўзбек мулки орасидан мусти мустаҳкам ўрин олган Мовароуннаҳр султони Алоуддин Тармаширин қўшинининг ҳисобсизлигаю ёвқурлиги, сарҳадларининг поёнсизлигию илкидаги заминнинг жаннатмаконлиги, аҳли раиятнинг фаровонлигию улар орасида адолатни қарор топдирганлиги туфайли енгилмас ва қудратли деб ном олган эди. Шу боис, наинки чегаралари туташ мамлакатларга, балки, узоқ-узоқларга — уммон оша, тоғлар оша донғи кетган эди.
Неча йилдирки, султон жума намозини шу масжидда ўқийди.
Султоннинг хос маҳрами бироз аввалроқ намоз ўқиладиган гиламчани меҳроб ёнидаги мақсурага  тўшаб кетар; шундан сўнг маҳрамлари, акобирлари, шотирлари қуршовида султон етиб келар, гиламча устига чўккалар, у билан бирга келганлар ён-атрофидан, ортидан жой олишарди.
Бугун эса…
Ҳали гиламча кўтарган маҳрам ҳам кўринмади.
Нима бўлдийкин?
Бу ҳол Ҳисомиддин ал-Ёғийга қандай таъсир қиларкин?
Кекса шайхнинг нигоҳида қилт этган ўзгариш сезилмасди.
У фақат намозни бошлаш тадоригини кўрар, теран кўзларида бугунги ваъзини кўнгилларга чуқур жойлай билишини англатувчи ифодалар бор эди.
Оғир эшик ғийқиллаб очилди.
Ичкарига совуқ ҳаво ёпирилди.
Эшикка орқа ўгириб ўтиришгани учун намозхонлар «гувв» этиб елкалари оша ортларига ўгирилиб қарашди.
Намозхонлар билан юзма-юз турган шайх кўзининг киринигина ташлаб қўйди. Наинки эшикнинг очилиши, балки қўпорилиб тушиши ҳам уни заррача безовта этолмаслиги аён бўлди.
Эшикка яқин ўтирган, кўринишидан-да, кийинишидан-да бу ерликка ўхшамаган ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги ўрта бўй, катта-катта кўзларидан муғомбирликка қоришиқ ақл порлаб турган киши қалингина пўстин кийганига қарамай, ўзини совуқдан четга олаётгандек беихтиёр силжиб кўйди.
Бу одам юртма-юрт, сарҳадма-сарҳад кезиб юрган марокашлик сайёҳ эди.
Унинг йўлга чикканига ўн йиллардан ошиб кетди.
Э-ҳе, бу вақт ичида нималарни кўрмади-ю!
Олиму девона, бою фақир, доною нодон, камтару муттаҳам, пасткашу олижаноб, хасису сахий зотларнинг бетиним оқимидан мисли уммондек тўлқинланиб ётган шаҳарлардан тортиб таҳқирланган одамлари жоҳилликка, ёлғон даъволарга, мункирликка юз тутганликларидан ерпарчин қилинган элларгача у кўрди.
Одамзод мисли ҳашарот, дея ўйлади.
Аммо, уни юксалтирувчи биргина нарса бор, дейишади.
Нима ўша нарса?
Сайёҳ бетиним қидиради, кидираверади…
Оёғи етган нотаниш жойлар уни ҳайратга солади.
Бу ҳайрат яна қадам босишга ундайди.
Ахийри, ҳайрати етаклаб келган жой шу бўлди.
Аввал Шайх Ҳасан ва Ҳисомиддин ал-Ёғий билан танишди.
Сайёҳ уларга отасининг ҳам фақиҳ бўлганлигини, ўзининг кўплаб мусулмон алломаларининг ваъзларини тинглаганлигини, ҳадисларни ёд олганлигини айтиб, баъзи масалалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиргач, лаҳза ичида дунёни бир неча марта кезиб чиқа олгулик кароматга эга иккала шайх марокашлик сайёҳ ҳам оламни фақат оёқ билан айланиб юрмаганини зоҳиран бўлмаса-да, ичдан тан олишди.
Улар сайёҳни султонга юзма-юз килишди.
У ҳақда гапириб беришди.
Султон унга илтифот кўрсатиб, кулимсиради:
— Хушмисан, яхшимисан, қутлуғ ўлсун, — деди соф туркий тилда. Сайёҳни султон илтифотидан ҳам кўра у сўзламиш тилнинг жозибаси, улуғворлигию тантилиги лол этди.
Султон айтган сўзларни ёдлаб олди.
Тақлид қилаётганини ўйлаб ҳам ўтирмай, ким билан кўришса-да, шу сўзларни айтди:
— Хушмисан, яхшимисан, қутлуғ ўлсин!
Бу тилга меҳр уйғонди сайёхда.
Кўпроқ туриб, кўпроқ сўз ўрганиш ҳаракатида бўлди. Сайёҳ ҳамиша шу масжидга келиб намоз ўқир, айниқса, Ҳисомиддин ал-Ёғийнинг намоздан кейинги ваъзларини берилиб тингларди.
Бугун сайёҳ масжидга кириб келганида одам лиқ тўла эди.
Шу боис, унинг жойи пойгаҳда бўлиб қолди.
Ҳисомиддин ал-Ёғий масжидда ҳеч кимга сиз у ёққа ўтинг, сиз бу ёққа ўтинг, деб айтмасди.
Остонада чопар пайдо бўлди.
У бошига мўғулча қалпоқ бостирган, эгнидаги мўғулча пўстиннинг жунлари жони бор жониворникидай ҳурпайиб турарди.
Чопар елка оша ўзига тикилган юзлаб нигоҳлардан бир зум талмовсираниб қолди.
У ўзга сайёрадан келиб қолгандек эди.
Нақ султоннинг ўзидан чопар бўлиб келганлиги ёдига тушгач, дадиллашди.
Меҳробгача олиб боргулик йўл қидирди.
Йўл топмади.
Намозхонлар-да ўринларидан туриб, унга йўл беришмади.
Шайх ҳамон миқ этмай турарди.
Ахийри чопар сукунатни бузишга журъат этди:
— Сизга хабар келтирдим!
Шайхнинг ўктам товуши масжид гумбазларида акс-садо берди:
— Не хабар экан?
— Сизнинг ўзингизга айтиш буюрилган.
Намозхонлар талмовсиранишди.
Шайхнинг қонсиз лабларида истеҳзоли табассум ўйнади. У озғин қўлларини олдинга чўзиб, қулоғини очди, намозхонларни бағрига босмоқчи бўлгандек бир ҳаракат-ла:
— Буларнинг бари-да менинг ўзим! — деди. Ўтирганлар енгил хўрсинишди.
Сайёҳ завқланганидан бош чайқаб қўйди. Чопар нима қиларини билмади. Шайх буйруқ оҳангида:
— Айтаверинг! — дегач, чопар ғоз туриб, қоғоздан ўқиб бераётгандек эълон қилди:
— Соҳибқирони аъзам, улуғ ҳоқонимиз султон Алоуддин Тармаширин ҳазрати олийлари бугунги намози жумага муҳим давлат ишлари билан ушланиб қолганликлари туфайли бир оз кечикиб келишларини эълон қиладилар!
Оломон қалқди!
Бу ҳеч кўрилмаган ҳодиса эди!
Айрим намозхонлар бетоқат бўлишиб, ичларида, э, намозни бошлайверайлик-да, султони-мўлтонига нима ишимиз бор, дея енгилтаклик билан ўйлашар, мусулмонликнинг бу фарзини тезроқ юмалоқ ёстиқ қилиб, кўчага чиқишга интилишарди.
Намозни бошлаш вақти етганди.
«Имомликка ўтган Ҳисомиддин ал-Ёғий ноқулай аҳволга қолди, — ўйларди сайёҳ. — Ҳозир султонни кутса, намоз вақти бўлди, намозхонлар ундан ўпкалашади, кутмаса, султон ғазаби…»
Чопар остонада шайхдан жавоб кутаётгандек қимир этмай турарди. Шайх бошини кўтарди.
— Соҳибқирони аъзам, улуғ ҳоконимиз султон Алоуддин Тармаширин ҳазрати олийларига чопар жаноблари етказсинларки, — дея ҳирқироқ товушда, тантанали равишда эълон қилди шайх Ҳисомиддин ал-Ёғий, — вақт шундай ҳакамдирки, унинг қаршисида шоҳу гадо баробардир. Биз учун энг улуғи Аллоҳимиз буюрганидир!
Чопар ўзини четга олди.
Унинг ёнида гиламча кўтарган хос маҳрам пайдо бўлди.
Уям чопар каби меҳробгача олиб боргулик йўл қидирди.
Гиламчани ҳамишаги жойига — меҳроб олдига тўшамоқчи эди.
Йўл топмади.
Гиламчани кўрсалар-да, намозхонлар-да ўринларидан туриб, унга йўл беришмади.
Шундан сўнг маҳрам гиламчани қайтариб олиб кетишни ҳам, кетмасликни ҳам билолмай пича саросар туриб қолди. Ўйлай-ўйлай бир қарорга келди шекилли, гиламчани биргина бўш жойга — шундоққина остона остига, сайёҳ ёнига оҳиста тўшаб, ортга чекинди. Эшик ёпилди.
Шайх имомликка ўтди.
Намоз бошланди.
Орадан анча вақт ўтгач, эшик очилиб, султон остона ҳатлади.
Унга ҳеч ким эътибор бермади.
Ҳамма ўз тоат-ибодати билан машғул, ўқтин-ўқтин, шайхнинг елкаларига назар ташлаб қўйишарди.
Жанда қабонигина базўр кўтариб тургандай кўринган шайхнинг озғин елкаларида кишини беихтиёр ўзига жазм этувчи, кўзини олиб қочувчи алланарсалар бор эди. Унга иқтидо қилувчилар ҳар доимги намоздан кейин бир-бирларига кўпинча:
— Имомимизнинг елкаларида ҳамиша фаришталар ўтиради-я, кишини ўзига қаратиб олаверади, — деяр эдилар.
Султон Алоуддин Тармаширин вазиятни пайқаб, беихтиёр эшикни оҳиста ёпди.
Ўзининг гиламчаси устига чўккалади.
Гиламчанинг у ёқ-бу ёғини тўғрилади.
Масжиднинг умумий руҳи уни ўзига сингдирди.
Буюклиги абас топди.
Хоқонлиги унут бўлди.
Шайхнинг ўктам овози ҳаммани якдилликка чақирарди:
— Аллоҳу акбар!
Шу эди улуғ саодат:
— Аллоҳу акбар!
Мунавварлик-да шу эди:
— Аллоҳу акбар!
Юксаклик-да шу эди:
— Аллоҳу акбар!
Борлиқ-да шу эди:
— Аллоҳу акбар!
Шу эди, шу эди, шу эди — ялакат бир вужуд-да шу эди, ягона бир овоз-да шу эди:
— Аллоҳу акбар!
Султоннинг кўзларидан беихтиёр ёш тирқиради.
Султонга эргашиб келишиб, масжидга кира олишмаган, тўғрироғи, кириб ўтиришга жой топишолмаган аъёнлар ташқарида қолишди.
Шу чоқда улар ҳоконнинг ёдидан беихтиёр кўтарилиб кетишганди.
Уларнинг ғамини ҳамиша еб, устини бутлаб, қорнини тўқпаб келган султон энди ўзининг ғамини емоқда эди.
Ўз руҳининг ғамини емоқда эди!
Аъёнларга малол келди бу: чунки, улар руҳ-ла душман эдилар, султон ўз руҳининг ғамини еса, бизнинг баданимизни ғамини емай қўяди, деб ўйлар эдилар: ўз баданларини дунёнинг ҳукмдори деб билар эдилар.
Уларнинг баданларида ҳамма аъзолар мужассам эди — юрак бор эди, мия бор эди, қорин-да жуда-жуда бор эди; фақат, руҳ йўк эди, руҳ йўқ эди — эгаси ташлаб кетган ташландиқ ҳовлидай ҳувиллаб ётишарди.
Намоз давом этарди.
Аҳён-аҳёнда шайхнинг ширали овози масжид гумбазлари аро таралар, бу овоз ҳар етган еридан нур сачратаётгандек бўларди.
Ташқарида қолишган султон аъёнларидан совуқ ўта бошлади.
Улар кафтларига «куҳ-куҳ»лашиб, намознинг тезроқ тамом бўлишини кутишарди.
Эшикни қия очиб қарашгаям юраклари дов бермасди, чунки эшикнинг таккинасида нақ султоннинг ўзи ўтирарди.
Аъёнлар бир-бирларига бундай кучли совуқ анча йиллардан буён бўлмаганини гапиришарди, ҳолбуки, яқиндагина бундан-да бешбаттар совуқлар бўлиб ўтган, иссиққина ўрдуда май ичиб, эт еб, суяк чайнаб, соҳибқирони аъзамни шарафлаб, кўкларга кўтариш билан овора бўлиб қолишган аъёнлар у совуқларни пайқашмаганди.
Намоз тугади.
Аъёнлар қалт-қалт титрашларини зўр-базўр босиб, султоннинг чиқиши тадоригини кўриб туришганда, шайх Ҳисомиддин ал-Ёғий ваъз бошлаб юборди.
Аъёнлар яна қалтирай бошлашди.
Ҳисомиддин ал-Ёғийнинг ваъзи қисқа бўлди.
— Ўзларининг вақтинчалик куч ва мансабларини суиистеъмол этиб, шулардан фойдаланиб, халққа жабр-зулм ўтказувчилар, албатта, киёматда эмас, бу ҳаётнинг ўзида ҳам жавоб берадилар, — дея сўз бошлади Ҳисомиддин ал-Ёғий сокин товушда. — Улар ўзларини халқда яхшилик ва меҳр-мурувватда бўлгандай кўрсатарлар ёинки хақиқатдан ҳам ўзларининг қандай аҳволда, равиш-рафторда эканликларини билмасларидан халққа яхшилик қилиб, меҳр-мурувват кўрсатяпман, деб астойдил ишонарларки, бу уларнинг сўқирликлари белгисидир, шу туфайли орттирган гуноҳлари яна чандон ортади. Тилидан болу қўлидан қон оққан золимлар бу дунёнинг энг жирканч махлуқларидир, — шайхнинг кескир сўзлари, ўктам товуши ҳамманинг бошини ҳам қилган, ҳамма ҳам ўзининг қанақа одам эканлигини ўйлаб ўтирар, айнақса, султон Алоуддин Тармаширин кўзларидан оқаётган ёшларни яширишга ҳам уринмасди.
Шайхнинг сўзлари беозор эди.
Боиси, у ҳеч кимга бармоқ нуқиб, эй сен, деб айтиб-кўрсатмаётганди.
Шайхнинг сўзлари кескир эди.
Боиси, унинг сўзларида ҳаммага ҳам тегишли нималардир бор эди.
Масжидга йиғилганларнинг асосий қисмини мамлакатни кўлда ушлаб туришган боёнлар, мулкдорлар, султон ўрдусига яқин кишилар ташкил этишган эди.
Шайх барчага бир-бир кўзгу тутмоқда эди.
Ҳақиқий қиёфани алайно-ошкор кўрсата оладиган кўзгу тутмоқда эди у.
Виждонга кўзгу тутмоқда эди.
Кўзгуда кир-чирлар, хас-хашаклар, чанг-тўзонлар акс этмоқда эди, холос; шу боис, барчанинг боши ҳам эди, кўзи юмуқ эди.
Бошлари ҳам эса-да, кўзлари юмуқ эса-да кўзгуни кўриб туришарди.
Ваъз тугади.
Кимларнингдир кўз ўнгидаги кўзгу шу заҳотиеқ йўқолди, кимларнингдир кўз ўнгида абадул-абад қолди.
Намозхонлар ўринларидан туришиб, дарҳол ўртадан йўл очишди, султон Алоуддин Тармаширинга таъзимда бўлишди.
Султон аста-секин юриб, имомнинг олдига келди.
Жилмайди.
Қўл узатди.
Имом султонга кўз қирини ташлаб қўйди-да, илтифот кўрсатаётгандек қавима қабонинг титилиб кетган енглари орасидан озган қўлини чўзди.
Намози жума интиҳосига етди.
Султон Алоуддин Тармаширинни намозхонлар таъзим-ла кузатишди.
Султон хиёл таъзимда бўлиб турган сайёҳ ёнидан ўтаётиб, унга жилмайди. Сайёҳ яна-да эгилди.
Султон ортидан намозхонлар ҳам бирин-кетин ташқарига чиқишди. Зум ўтмай улкан бино бўшади. Меҳроб олдида тик турган шайх билан пойгахдаги сайёҳдан ва муаззиндан бўлак ҳеч ким қолмади.
Сайёҳнинг бу юртга келганига эллик кундан ошган, сафари қаримоқда эди. Келганидан буён шу масжидда намоз ўқиб, шайх билан бот-бот суҳбатлар қуриб турарди. Ҳисомиддин ал-Ёғийнинг салоҳиятию қувваи ҳофизаси уни лол қолдирарди. Бу чолнинг билмаган нарсаси йўқ эди: коинотнинг барча сир-синоатидан тортиб одам боласининг феъл-атворигача унга аён эди, шу боис, улуғ фақиҳ номини олганди. Сайёҳнинг бугун ўзини жуда муносиб тутган шайхга нисбатан меҳри яна-да товланиб кетганди.
Сайёҳ ҳозиргина намозхонлар ўтиришган намат устидан шайхнинг олдига юриб борди.
— Ҳаво совуб кетди, — деди сайёҳ гувиллаб совуқ ёпирилиб турган очиқ эшикка қараб олиб.
— Ҳа, совуқ, — деди шайх бепарво.
— Тўнингизни қаранг, анча уриниб қолибди-ку, тақсир, — деди сайёҳ кўзи билан шайхнинг эгнидаги айрим жойларига ямоқ тушган қавима қабога ишора қилиб.
Шайх жилмайди. Жилмая туриб:
— Ўғлим, бу ҳам меники эмас, қизимникидур, — деди. Сайёҳ эгнидаги пўстинни ечишга уринаётиб:
— Марҳамат қилиб, мана шу пўстинимни олиб кийсангиз, — дея таклиф қилди.
— Йўқ-йўқ, уринма, ўғлим, — шайх сайёҳнинг қўлидан ушлаб пўстинни ечдирмади.
— Сизга совға деб…
— Раҳмат, ўғлим, раҳмат, — деди шайх миннатдор бўлгандай. — Мен эллик йил муқаддам ҳеч кимдан туҳфа олмайман деб Аллоҳга қасам ичганман, мабодо, совға олгудай бўлсам, албатта, сендан олган бўлардим.
Сайёҳ таъзим қилди.
Шайх қўлини унинг кифтига қўйиб:
— Қаддингни кўтар, ўғлим, — деди. Сайёҳ қад ростлади.
Унинг ранги оқариб кетганди.
Қўлини кўксига қўйганча тисарила-тисарила чиқиб кетди.
… Эртаси куни султон Алоуддин Тармаширин яна йўлга отланаётган сайёҳ шарафига катта зиёфат берди.
Зиёфат ўрдуда бўлди.
Султоннинг ўрдуси чодирдан тикланган бўлса-да, ичкариси ҳар қандай ҳашаматли саройдан қолишмасди.
Тўрдаги тахтда султон ёнбошлаб ўтирарди. Оёқ остларига, тахтнинг ён-атрофига қоплону йўлбарснинг терилари тўшаб ташланганди. Тахтни қуршаб олишган хизматкорлар султоннинг ҳар бир сўзига илҳақ туришар, ҳозир у, осмондаги ойни олиб келинглар, деса, шунга-да югуриб кетгудай эдилар.
Мамлакатнинг барча акобирлари, номи чиққан устунлари, олиму фузалолари, шоиру маддоҳлари… қўйингки, салтанатни эмиб ётишган жамики кўкалдошлар бугун ўрдуга йиғилишганди. Сарой аҳли, вазиру вузаро, амирлар — ҳар ким ўз мансабию мавқеига қараб жой эгаллаган эди.
Сайёҳни султоннанг чап ёнига ўтказишганди.
Йиғилганлар олдларига қўйилган товоқлар ва кўзаларни бирин-кетин бўшатишар, уларнинг ўрнига янгилари келарди.
Султон уларнинг барчасига кўз остидан эринчоқлик билан назар ташлар, бу қарашидан ўтирганларнинг бирортасиям уни қизиқтирмаслиги кўриниб турарди.
Султоннинг негадир кайфияти йўқ эди.
Кечаги масжиддаги воқеа уни анча-мунча матаассир этган бўлса-да, шоҳлик ғурурига ҳам тегиб кетганди.
У бугун сайёҳ баҳонасида бериладиган зиёфатда шайх Ҳисомидцин ал-Ёғийга ўзининг кимлигини кўрсатиб ҳам қўймоқчи бўлганди.
Тўғри, Ҳисомиддин ал-Ёғий ҳеч вақт ўрдуга қадам босган эмас.
Султоннинг бирортаям совғасига қия боқмаган.
Борди-ю, Алоуддин Тармашириннинг сахийлиги тутиб, бутун мамлакатни ҳадя этмоқчи бўлсаям, шайх менсимаслигини яхши билади.
Шайхнинг ундан устунлиги шунда эди.
Шайхнинг сайёҳ билан алоқаси дурустлигидан султон унинг шу баҳонада саройга ташриф буюришига умид боғлаганди.
Бироқ ундан дарак бўлмади.
Султон чопар юборди.
Чопар қайтиб келиб, Алоудцин Тармаширинга шайхнинг жавобини етказганда, султон ғазабдан кўкариб кетди.
Теварак-атрофга илкис қирғий қараш қилиб олди.
Хайрият, чопар етказган гапни унинг ўзидан бошқа ҳеч ким, ҳаттоки, ёнида ўтирган сайёҳ ҳам эшитмаганди.
Ҳисомиддин ал-Ёғий чопарга зиёфатга келолмаслигининг сабабини султонга етказишни буюриб, мана бундай деган эди:
— Подшоҳнинг зиёфати хос кишилар учун ҳаром. Унинг қилаётган хайру эҳсонлари оломон учундир, чунки, оломон шундай нарсаларга ўч, шу туфайли унинг барча гуноҳларини кечириб юбораверади. Лекин Аллоҳ кечирмайди, хос кишилар ҳаммавақт итлар олдига ташланадиган суякка ижирғаниб қарайдилар. Шу сабабли, ўзлари фақир бўлсалар-да, ҳеч қачон ҳеч кимга бош эгмайдилар. Султонга етказингки, шу боис мен ўрдуга боролмайман, ҳаром киймайман, ҳаром емайман деб, эллик йил бурун Аллоҳга қасам ичгандирман.
Алоуддин Тармаширин нима қиларини билмай қолди.
Нима қилсин?
Жанда қабосию эски калонсуводан бўлак бойлиги бўлмаган кекса шайхга қандай жазо лойиқ кўрилади?
Агар ҳозир у бир имо қилса пойида бўридай ириллаб туришган югурдаклари лаҳза ичида унинг бошини кўтариб келишлари мумкин-ку!
Йўқ!
Султон Алоуддин Тармаширин бундай қилмайди.
Етти иқлимга адолатпешатиги, фуқаропарварлиги билан донғи кетган султон бундай қила олмайди.
Алоуддин Тармаширин даврага худди бегоналарга карагандай оғир-оғир қаради.
Унинг миясига фикрлар қуюни чақмоқдай урила бошлади.
«Мана бу зиёфатхўрлик қилиб ўтиришган, ўз манфаатлари йўлида ҳеч қандай қабиҳликдан қайтмайдиган, кичкинагина туҳфа учун итдек тавон ялашга ҳам тайёр олчоқлардан жисми увоққина чол нақадар юксак, улуғ, кудратли-я, дея ўйларди султон Алоуддин Тармаширин. — Менинг ўзим-чи? Адолатли шоҳ эмишман! Ахир, аҳли раиятга солинган солиғлару фуқаронинг пешона тери эвазига мана бу текинхўрларни боқиб ётганим ёлғонми? Йўқ, йўқ: шайх тўғри сўзлайди, бундан-да аччиқроқ сўзлар айтса-да, бари рост: бироқ султонлик мартабамнинг бир томони нега, нима учун тўнғизбоқарликка айланиб кетаётганини ўзим ҳам англолмай доғдаман…»
Султоннинг миясида кўнгилни хира қиладиган бир-биридан қора фикрлар ғужғон ўйнай бошлади. Қовоқ-тумшуғи осилиб дову дунёси қоронғилашди.
Унинг кайфияти даврадагиларга ҳам юқди, секин-аста кавшанишиб, айримлари овқатдан қўл узди.
Сайёҳ зийраклик ва эҳтиёткорлик билан кузатиб ўтирарди.
Султон ихтиёрсиз равишда олдидаги товоқда турган сергўшт каттакон иликни олди-да, кескин бир ҳаракат-ла пастга томон улоқтирди:
— Қани ушланглар!
Пастдагилар эсанкираб-довдираб қолишди. Султон улоқтирган суякнинг ерга тушиши унинг кайфиятини баттар ёмонлашувига баҳона бўлиши мумкинлигини ҳамма яхши англаб турган эди.
Тўрт-бешта амалдорлар гавдаларига номуносиб ҳолда чаққонлик билан ҳаракат қилдилар. Улар ҳаволаб келаётган суякка қўлларини чўзганча, ўзларини отдилар. Суяк битта эди, шу боис уларнинг бирига насиб этди, лекин барчалари суякка эга бўлгандек қувондилар, уларгина эмас, даврадагиларнинг барчаси қийқириб юбордилар.
Суякни тутиб олган амалдорни олқишлай кетдилар:
— Яшанг, Бурғубек!
— Ҳалолингиз бўлсин!
— Султонимиз ҳимматларига балли!
— Умрлари узоқ бўлсин!
— Дунё тургунча турсинлар!
Шу тариқа даврага хушнудлик қайтгандек бўлди.
Шовқин-сурон, вағур-вуғур яна авж олди, дастурхондан қўл узганлар яна қўл чўздилар.
Алоуддин Тармаширин чап қўлини хиёл кўтариб даврани тинчитди. Сўнгра эллик кундан ортиқ мамлакатларида турган марокашлик сайёҳ Шамсиддин Абу Абдуллоҳ ат-Танжий шаънига илиқ сўзлар айтиб, унга иккита от ва иккита туя туҳфа қилганини билдирди.
Сайёҳ ўрнидан туриб таъзим қилди. Даврадагилар султонни олқишладилар.
Сўнгра султон ўрнидан туриб, сувсар мўйнали оқ пўстинни ўз қўли билан сайёҳга кийгазди.
Ҳар томондан ҳар хил овозлар қушлардай учиб келдилар:
— Қуллуқ бўлсин!
— Буюрсин!
— Султонимизга офарин!
— Қуллуқ султонимизга, қуллуқ!
Султон қўли билан ишора қилиб, гала-гала овозларни ортларига қайтариб юборди, улар учишга пайт пойлаб, инларига қайтиб қўнишди.
Султон Алоуддин Тармаширин сайёҳга оқ йўл тиларкан, лаблари четида нимтабассум билан шундай сўзларни айтди:
— Сизнинг оёғингиз хали дунёнинг кўп давлатларига етади. Улар, албатта, биз ҳақимизда сўрашади. Сиз уларга бизнинг мамлакатимиз ҳақида сўзлаётганда у ерда ўз султонининг таклифини ҳам рад қила оладиган қудратли одамлар бор экан, деб айтинг. Улар у одамларнинг қудрати нимада экан, деб сўрашса, ҳалолликлари ва тантиликларида экан, деб айтинг. Шуларни айтсангиз, бизнинг буюклигимиз ва кучимиз ҳақида халқларнинг ўзлари хулоса чиқариб олишаверади.
Султон Алоуддин Тармаширин тахтга чўкиб, кўз остидан ўрдуга сочилган одамларни кузатганча юмшоқ болишга ёнбошлади.
Сайёҳ таъзим қила-қила ўз жойини ишғол қилди.
Ўрдуда қийқириқ, олқишлар авжига чиқди.
Нима учун қийқириб, нимани олқишлаётганликларини фикр-ёдлари зиёфатда бўлган бу шўрликларнинг ўзлари ҳам билмасдилар. Султонга яхши кўриниш, унинг кайфиятини бузмаслик — уларнинг муддаолари шу, бошқаси билан ишлари йўқ эди.
Зиёфат тонггача давом этди.
Сайёҳ зиёфатдан турибоқ йўлга тушди.
Унинг хаёлини сертўлқин уммонлар, номаълум шаҳарлару мамлакатлар безовта қилгани қилган эди.
Ҳақиқатдан ҳам, бу тиниб-тинчимас одамнинг оёғи дунёнинг энг чекка сарҳадларигача етиб борди.
Қаерда бўлмасин, ўша кўрганларини бот-бот эслаб, ровийлардек ривоят қилиб юрди марокашлик сайёҳ Ибн Баттута.