Шодмон Отабек. Сен учун яшайман (икки пардали пьеса)

Иштирокчилар
РАУФ – ота, 30-35 ёшларда.
Раҳима – она, 30 ёшларда.
Умида – қизи, 7-8 ёшларда.
Рустам – меҳмон, оиланинг дўсти, 30-35 ёшларда.

БИРИНЧИ ПАРДА

(Оддийгина жиҳозланган, мўъжаз хона. Раҳима уй ишлари билан банд. Умида қўғирчоғини ҳафсала билан йўргакламоқда. Эшик қўнғироғи кетма-кет жиринглайди. Умида қўғирчоғини дарҳол бир четга қўйиб, эшик томон ошиқади).
УМИДА: Отам келди! Отам келди! Отам! Отам!
РАҲИМА: Ошиқма, ўзим очаман! Намунча эшикка осиласан, нари тур, ҳозир, ҳозир!
(Раҳима эшик тирқишидан ташқарига бир зум тикилиб тургач, эшикни очади. Остонада новча, хушрўй йигит – Рауф кўринади. У ичкарига кириб улгурмай қизалоқ бўйнига осилади. Ота-бола шу кўйи бир муддат туриб қолишади. Кейин ота қизини ўпиб-эркалайди, сочларини силайди. Бу манзарани хомуш кузатиб турган она хўрсиниб, нигоҳини четга ўгиради. Беихтиёр елкалари титрайди. Ниҳоят, кўзларини артиб, уларга яқинлашади).
РАҲИМА: Умида, бўлди энди қизим, пастга туш. Отанг кийи­м­­ларини ечиб олсин.
УМИДА: Йўқ, йўқ! Отам яна кетиб қолади!
(Ота-она нигоҳлари беихтиёр тўқнашади. Рауф қизини оҳиста пастга туширади).
РАУФ: Ў-ҳў-ў-ў, кап-катта қиз бўп қолибсан-ку! Сочларинг ҳам узун бўлиб кетибди. Ўзимни асал қизим, шакар қизим! Қани яна битта ўпиб қўяй-чи, энди бу томонидан ҳам…
УМИДА: Энди мен ўпаман.
РАҲИМА: Бўлди, қизим, тушақол энди. Отанг йўлдан толиқиб келган. Қани энди, ичкарига кирамиз.
УМИДА: Йўқ, йўқ! Отам яна кетиб қолади!
РАУФ: Кетмайман, қизим, кетмайман. Тушақол энди.
УМИДА: Йўқ! Йўқ! Йўқ!
РАУФ: Аканг кўринмаяпти, қизим?
УМИДА: Азиз тоғамларнинг ҳовлисига кетган. Улар қишки таътилга чиқишди.
РАУФ: Сен бормадингми?
УМИДА: Мен кетсам, ойим ёлғиз қолади-ку!
РАУФ: Баракалло, қизим! Эсли қизим! Ойингни ёлғиз қолдирмаганинг яхши бўпти.
(Ота қизидан кўз узмай, кийимларини еча бошлайди. Она унинг кийимларига қўл узатади).
РАУФ: Қўявер, мен ўзим…
(Ота кийимларини илиб қўйгач, диван четига омонатгина ўтиради. Бир четда бошини қуйи солинтириб, хомуш турган Умидага қарайди).
РАУФ: Ие, ие, аразлаяпсанми, она қизим? Энди сен кичкина эмассан. Эсли, ақлли қизсан! Қани энди, ёнимга ўтир-чи!
УМИДА: Сиз… ёлғончисиз!    
РАУФ: Э, нега энди… ёлғончи бўларканман?
УМИДА: Алифбо байрамига келаман, деб келмадингиз. Азизнинг синф мажлисига ҳам келмадингиз. Азиз роса йиғлади, энди таътилдан кейин мактабга бормайман деяпти. Ўша ёқда тоғамларга ўғил бўлиб қоларкан.
РАУФ: Ҳмм… Ҳалиги… мажлисга ойинг бормадими?
УМИДА: Ойим касал бўлиб қолдилар. “Тез ёрдам” чақирдик. Дўхтир укол қилиб кетди. Мен дори ичириб турдим. Сиз… сиз… яна келмадингиз.
РАУФ: Иложим бўлмади-да, қизим. Ишим кўпайиб кетди… Келаси сафар албатта бораман.
УМИДА: Ҳар доим ваъда бериб, бажармайсиз. Синфимиздаги болалар айтишдики, сиз бизни…
РАҲИМА: (жаҳл билан) Умида! Қани, тезда ошхонадан конфетларни олиб кел-чи!
УМИДА: Хўп бўлади, ойижон.
(Умида ошхонага чиқиб кетади. Она диван ёнидаги мўъжазгина журнал столига дас­турхон ёза бошлайди).
РАУФ: Овора бўлма! Қорним тўқ!
РАҲИМА: (қўлини белига қўйиб) Э-э, шундайми? Мен сизни очмикинсиз, деб ўйлабман.
РАУФ: Рост айтяпман, келаётиб…
РАҲИМА: Ҳа, сиз энди эркин қушсиз! Хоҳлаган жойингизда, хоҳлаган одамингиз билан овқатланасиз. Атрофингизда онаси ўпмаган фаришталар парвона! Бу ёққа ҳам ўшалар тўйғазиб юборишгандир…
(Умида қўлида конфетлар тўла ваза, хона ўртасида гоҳ отасига, гоҳ онасига мўлтираб қараганча туриб қолади. Онаси қўлидан вазани олади ва қулоғига бир нималар дея шивирлайди. Қизалоқ кетгиси келмай, ноилож, оҳиста чиқиб кетади).    
РАУФ: Сен… нималар деяпсан ўзи?
РАҲИМА: Ҳо-о!.. Мени ҳеч нима билмайди деб ўйлаяпсизми? Сиз шохида юрсангиз, мен баргида юраман. Ўз кўзим билан кўрдим.
РАУФ: Хўш, нимани кўрдинг?
РАҲИМА: Кўрдим. Эски ишхонангиз олдида ўйнашингиз билан қаймоқлашиб ўтирганингизни ўз кўзим билан кўрдим.
РАУФ: Тентак, у билан бирга ишлаймиз-ку. Ҳамкасбим. Иш юзасидан…
РАҲИМА: Ҳмм! Иш баҳона, дийдор ғанимат! Бунақа чўпчагингизни бошқага айтинг!
РАУФ: (жаҳл билан) Ҳой, менга қара, нима сенга ҳисоб беришим керакми? Ажрашиб ҳам қутулолмайманми сендан? Кимсан ўзи? А? Кимсан?
РАҲИМА: (хўрсинади) Ҳа, тўғри айтасиз. Мен… кимман энди? Эри икки боласи билан ташлаб кетган бир бечора, муштипар… (йиғламсирайди)
РАУФ: (шошиб қолади) Қўйсанг-чи энди. Ахир… ахир, мендан нима истайсан яна?
РАҲИМА: (бирдан ўзгариб, ўзини қўлга олади) Ҳеч нима! Ҳеч нима истамайман. Ҳеч нима керак эмас менга! Рашк қиляпти, демак, яна бир илинжи бор экан деб ўйламанг! Лекин битта нарсани унутманг – сиз, барибир, отасиз! Умидага отасиз! Ёмон йўлга кириб кетсангиз, биронта суюқоёққа илакишиб қолсангиз, касофатингиз болага урмасин дейман, холос.
РАУФ: Ўзинг яхши биласан, мен бу ерга фақат Умидани деб келаман. Уни қанчалар яхши кўришимни, қанчалар соғинишимни билсанг эди. Тушларимда кўриб, уйғониб кетаман. Жинни бўлиб қолмасам эди деб қўрқаман. Ҳафтада бир марта насиб этадиган мана шу кунни орзиқиб кутаман. Сен бўлсанг… Ҳеч бўлмаса… (қўл силтайди) Тушунаман, сени қизимнинг, суюмли қизимнинг онаси сифатида ҳурмат қилишим керак. Сен бўлсанг, ҳар гал бир ишкал чиқарасан, асабимни эговлайсан.
РАҲИМА: Ҳа, ҳаммасига яна мен айбдорман! Мен!..
РАУФ: Сени айблаётганим йўқ, тушунгин. (пауза) Биласанми, статистика маълумотларига қараганда, бизда ўрта ҳисобда ҳар ўнта оиладан биттаси қўйди-чиқди бўларкан.
РАҲИМА: Хўш, ўрта ҳисобда бунга ким айбдор экан?
РАУФ: (пичингга эътибор бермай) Энди бу ёғини эшит. Ана ўша ажрашганларнинг тўқсон фоизи кейинчалик болалари туфайли бир-бири билан ўзаро борди-келди қиларкан. Қолган ўн фоизи юз кўрмас бўлиб кетаркан.
РАҲИМА: Демак, биз ана шу… кейинги тоифага кирарканмиз-да!
РАУФ: Мен, ҳарқалай, буни хоҳламасдим. Бизнинг ҳаётимиз нима бўлса бўлди.Энди… болаларни ўйлашимиз керак. Сен бўлсанг, шуни ҳам тушунгинг келмайди.
РАҲИМА: Тушунмай нима қилдим?
РАУФ: Арзимаган нарсадан жанжал чиқарасан, киноя-пичинг қиласан.
РАҲИМА: Олдингизга лоақал дастурхон ёзишим ҳам малол келса!.. Овора бўлма деб кесатсангиз…
РАУФ: Уфф!.. Ростдан ҳам сени овора қилгим келмади. Нега тушунмайсан? Нега?
РАҲИМА: Қўрқманг, дастурхон ёзиб, сизни иситма-совутма қилмоқчи эмасман. Биз энди собиқ эр-хотинлармиз, холос!.. Собиқ!.. Аммо болаларга собиқ ота-она эмасмиз! Шуни тушунасизми?
РАУФ: Қизиқ, нега энди бу ҳақда менга сен гапиряпсан? Сен? Бу билан нима демоқчисан? Бурчимни эслатмоқчимисан? Буни ўзим ҳам яхши биламан. Лекин сен шуни билиб қўйки, болалар олдида ҳар иккимиз баб-баробар жавобгармиз! Йўқ-йўқ, баб-баробар… гуноҳкормиз! Болаларда гуноҳ йўқлиги учун ҳам гуноҳкормиз!
(Хонага Умида чопиб киради ва отасига эркаланиб, суйкалади).
УМИДА: Отажон! Нега сизни узоққа ишга юборворишди? Айб иш қилиб қўювдингизми?
РАУФ: Қанақа ишга? Нималар деяпсан? (Онага саволомуз қарайди).
РАҲИМА: Кҳм… Мен… вақтинча бошқа ёққа ишга кетганингизни айтувдим.
УМИДА: Ҳамма болаларнинг отаси ҳар куни ишдан кейин уйига келади. Сиз нега келмайсиз, отажон? Мактабда болалар айтадики, сиз бизни…
РАҲИМА: Бас қил! Сенга минг марта айтганман – отанг вақтинча узоққа ишга кетган! Тўтиқушга ўхшаб ҳадеб бижиллайверма!
УМИДА: (отасининг кўзларига жавдираб тикилади) Отажон! Сиз бир кунга ишингиздан жавоб сўраб кела оласизми? Атиги бир кунга?..
РАУФ: Ҳаракат қиламан, қизим. Хўш, келдим ҳам дейлик. Нима қилишим керак?
УМИДА: Синфимиздаги Жаҳонгир айтадики, сиз бизни…
РАҲИМА: (қизининг қўлидан ушлаб, қаттиқ силкийди) Овозингни ўчир, тентак! Маҳмадона!
(Умида баралла йиғлаб юборади).
РАУФ: Нега болага бақирасан? Нега… дилини оғритасан?
РАҲИМА: Э-э, дили оғриб бўлган! Бундан баттар бўлмайди!
РАУФ: Қўй, ундай дема! Боланинг олдида-я. (Қизининг бошини силаб, юпатади). Қўй, қизим, йиғлама. Мен ўзим бориб ўша Жаҳонгир билан яхшилаб гаплашиб қўяман.
УМИДА: Ростдан ҳам борасизми?
РАУФ: Бораман, қизим, бораман.
УМИДА: Қачон борасиз?
РАУФ: Ҳмм… хўш… ҳалиги…
РАҲИМА: (секин шипшийди) Бунга энди… аниқ борсангиз ваъда беринг. Бўлмаса ҳар куни “Отам қачон келади?” деб минғирлаб еб қўяди.
РАУФ: Худо хоҳласа, кейинги шанба куни албатта бораман, қизим.
УМИДА: Тезроқ бора қолинг! Менинг ҳам отам бор, десам болалар ишонишмаяпти. Агар сиз борсангиз…
РАУФ: Бўпти, она қизим, албатта бораман.
УМИДА: Вой, қандай яхши! Урре! (Суюниб, отасини қучоқлайди).
РАҲИМА: Бўлди, ҳадеб отангнинг бўйнига осилаверма, чарчаб келганлар. Энди бориб ухлагин, қизим. Вақт ҳам кеч бўлди.
УМИДА: Йўқ, йўқ! Ухласам отам кетиб қолади.
РАУФ: Кетмайман, қизим. Майли, бориб ухлайқол.
(Умида норози қиёфада чиқиб кетади).
РАҲИМА: Ҳар куни отам қачон келади, нега биз билан турмайди, деб безор қилади. Бола экан-да, ҳозирча алдаганга кўнади. Назаримда, сизни мендан кўра кўпроқ яхши кўради. Мана шунисига чидолмайман. Яна алам қилгани – “она” деб эмас, “ота” деб тил чиқарганди. Тўғрисини айтсам, сиздан кўнглини совутиш учун баъзан сизни ёмонлайман! Шунда у баттар ўчакишади. Ҳатто ишонсангиз, “Агар отамни ёмонлайверсангиз, сизни ташлаб, отам билан кетиб қоламан” дейишгача борди-да. Ўтирволиб роса йиғладим.
РАУФ: “Хотин кишининг хатти-ҳаракатида ҳамиша мантиққа, соғлом ақлга тўғри келмайдиган нарсалар бўлади” деган экан биттаси. Ҳақ гап. Бунинг исботи – сен!.. Ишқилиб, Оллоҳ инсоф берсин!..
РАҲИМА: Уфф… Яна мен… мен айбдорман!
РАУФ: Ахир, ўзинг ўйлаб кўр, бола отасини яхши кўрса, бундан онанинг ғаши келса… (иккиланиб, тўхтаб қолади).
РАҲИМА: Айтаверинг давомини, тортинманг. “Бундай онанинг боридан йўғи яхши!” демоқчисиз-да! Донолар шундай демаган эканми?
РАУФ: (уф тортиб) Мен бу ерга сен билан ади-бади айтишиш учун эмас, Умидани кўриш учун келаман. Биз сен билан тортишиб, уришиб бўлганмиз. Энди… нима ҳам дердим, яна ўша гап – ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин!
(Орага жимлик чўкади. Раҳима деворга осиғлиқ отасининг суратига яқинлашиб, узоқ тикилиб қолади).
РАҲИМА: Раҳматли отам тирик бўлганида бу кўргиликлар йўқ эди.
РАУФ: Ҳа, раҳматли отанг яхши одам эди. Агар сен отангга тортганингда ҳаётимиз бутунлай бошқача бўлармиди…
РАҲИМА: (жаҳл билан) Мен кимга тортибман?
РАУФ: Онангга тортгансан, шунинг учун…
РАҲИМА: Онамга тил теккизманг, сизга оғирлиги тушаётгани йўқ.
РАУФ: Худога минг қатла шукурки, энди оғирлиги тушмайди.
РАҲИМА: Намунча ўлиб кетган онамнинг гўрига тош отасиз? Сизга нима ёмонлик қилувди?
РАУФ: Онангга хусуматим йўқ, у ҳам бир хом сут эмган банда эди! Фақат узоқ вақтгача унинг ким эканлигини, асл қиёфасини билмаган эдим. Онангнинг бир гал жанжалимиз устидан чиқиб қолиб айтган гапи эсингдами…
ҚАЙНОНА: (овози) “Сиз, куёвбола, кечагина битта жомадон билан шу табаррук хонадонга сиғинди бўлиб келган, ялангоёқ бир бола эдингиз. Сиз Шожалиловлар хонадони билан ўйнашманг. Қадамингизни билиб босинг! Акс ҳолда, ўша осилиб келган поездингизда қишлоғингизга бадарға қилворамиз!”
РАУФ: Онангнинг оғзидан бемалол чиқиб кетган бу сўзларни эшитиб, ҳанг-манг бўлиб қолганман. Мен бўлсам, отангнинг қазосидан кейин ўзгариб қолганингни, ҳурмача қилиқлар чиқарганингни ойингга айтиб, насиҳат қилиб қўйишини илтимос қилмоқчи бўлиб юрувдим. Онангнинг ҳалиги гапидан кейин билдимки, чучварани хом санаб юрган эканман. Агар билсанг, онанг ўша гапи билан отангнинг хотирасига ҳам ҳурматсизлик қилганди. Чунки отангнинг менга муносабатини, менга ихлоси баландлигини, келажагимга ишонишини яхши биларди. Аммо била туриб унинг фикри билан ҳисоблашмади, мени камситди. Мен ўша можарода ҳатто ноҳақ бўлган тақдиримда ҳам онанг сенинг олдингда бундай демаслиги керак эди. Чунки… чунки мен ёмон бўлсам ҳам, сенга эр эдим! Онанг эрни хотини олдида қаро ер қилди. Менинг оиладаги ўрнимни-даражамни кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Ҳа, мен ўшанда ҳамма нарсани бирдан яққол тушуниб қолдим. Сен биринчи галда онангнинг қизи эдинг!
РАҲИМА: Мен онамнинг қизи эканлигимдан фахрланаман, онам яхши аёл эди. Сизга ҳам ёмонлик қилмаган, сиз уни тушунмагансиз…
РАУФ: Ҳеч бир инсон, айниқса, аёл киши онасини ёмон деёлмайди. Шу боис сен онангга холис баҳо беролмайсан, сен унинг қизи эдинг. Халқимизда: “Отаси ёмон – биттаси ёмон, онаси ёмон – ҳаммаси ёмон!”, “Онасини кўриб қизини ол!” деган мақоллар бор. Афсуски, сен бу ҳикматларнинг маъносини тушунмайсан. Чунки сен, аввало, онангнинг таъсирида эдинг. Онанг эса сени катта ҳаётга, рўзғорга, оилага тайёрлай олмаган. Ҳамма бало ана шунда!..
РАҲИМА: Туҳмат қилманг! Бизнинг оилага ҳамма ҳавас қиларди. Онам маҳалланинг кайвониси, қўни-қўшнилар ўртасида обрў-эътибори баланд эди.
РАУФ: Одамнинг оласи ичида бўлади. Онангнинг ким эканлиги, ҳақиқий башараси, кейинчалик, сен билан яшаб, совунингга кир ювиб кўрганимда маълум бўлди.
РАҲИМА: Демак, ҳамма можароларга фақат онам сабабчи экан-да.
РАУФ: Афсуски, гап фақат онангда эмас, гап… (қўл силтайди) э-э, қўйсанг-чи энди, фойдаси йўқ. Тўй ўтган…
РАҲИМА: Хўш, сизнингча, онамнинг асосий камчилиги нимада эди?
РАУФ: Асосий камчилиги… Эсингдами, мен уйда китоб, газета ўқисам, ғашинг келарди. “Ўқиган одамга кўп пул берарканми?” деб кесатардинг. Мен ўша китоблардан ўзимни қийнаётган саволларга жавоб қидирардим. Гоҳо жўяли жавобни топардим ҳам ва мавриди келганда бу ибратли ўгитларни қулоғингга қуйиб туриш учун ён дафтаримга кўчириб ёзиб қўярдим. Ҳалиям ўша дафтарни ёнимда олиб юраман. Ишонмасанг мана, кўрсатишим мумкин. Истасанг, айримларини ўқиб бераман.
РАҲИМА: (истар-истамас) Қани, эшитайлик-чи.
РАУФ: Майли, ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам эшитиб қўй. (дафтардан ўқийди) “Фарзанднинг туп қўйиб, палак ёзадиган замини – она. Бола жисман, маънан оладиганининг тўқсон фоизини онасидан олади. Демак, зотнинг сифат унсурларини, асосан, оналар ташийдилар. Биз – тарбиячиларнинг энг зарур ишимиз ва ҳар кунги юмушимиз қиз бола тарбиясидир”. (Ўқишдан бир зум тўхтаб, Раҳимага қараб қўяди). “Оналар қизларига ёруғ дунёдан қандай фойдаланишни ўргатишдан аввал дунёнинг баҳосини, унинг қадрини, энг буюк неъмат – инсон эканлигини, инсонни тушуниш ва унга ёқиш илмини ўргатиши ҳам фарз, ҳам қарздир”.
РАҲИМА: (бир нуқтага тикилганча) “…инсонни тушуниш ва унга ёқиш илми”… Тавба, дунёда шунақа илм ҳам бўларкан-да!
РАУФ: Ҳа, бу энг муҳим илм! Хўш, яна… ўқийверайми?
РАҲИМА: (энсаси қотиб) Ўқинг, ўқийверинг.
РАУФ: “Қизимиз қошида ота-оналикнинг энг ширин, ибратли муносабатларини кўрсатайлик. Токи ундан иймони бой, нозик таъб сулолалар тарқалсин”.
РАҲИМА: Бас, етади. Мен ҳазм қилолмайдиган, жуда… ақлли гаплар экан. Қизиқ, шу гапларни ёзган одам ўзи шунга амал қилармикин?
РАУФ: Гап бунда эмас. Бу ҳикматларни битган донишманд, аввало, онангга ўхшаган, сенга ўхшаганларга фойдаси тегармикин деб, куйиниб ёзган. Менимча, жуда муҳим, керакли гаплар. Қанийди, ҳамма унга амал қилса… Нима, сен бу гапларга… қўшилмайсанми?
(Раҳима индамайди).
РАУФ: Онанг, янглишмасам, умрининг сўнгги йилларида тақвога берилганди. Аммо у сенга “Хотин учун ибодатларнинг энг афзали эрига хизмат қилишдир” деган муқаддас ҳадисни айтганмиди-йўқми, билмайман.
РАҲИМА: Нима, мен хизматингизни қилмадими?
РАУФ: Қандай хизмат қилганингни яхши биласан. Хотин киши эрни писанд қилмадими – тамом. Бунақа оила омонат бўлади! Эсингдами, ўртамиздаги… англашилмовчилик деймизми… хуллас, ўртамиздаги кўнгилсизлик тўйнинг эртасигаёқ бошланган эди. Ўшанда эрталаб эрингга нонушта тайёрлаш сенга малол келганди. Ҳа, ҳа, малол келганди. Сенга ётиғи билан танбеҳ берганимда айтган гапинг ҳам эсимда. “Мен сизнинг чўрингиз эмасман!” деворгансан таптортмай. Мен машъум, тузатилмас хатога йўл қўйганимни англаб, тилимни тишлаб қолганман. Аммо буниси ҳали ҳолва эди. Кейинчалик антиқа, хурмача қилиқларинг бирин-кетин ошкор бўлаверди. Чунки энди… ниқобга ҳожат қолмаганди. Ниқоб йиртилганди…
РАҲИМА: Ниқоб деганингиз яна нимаси?
РАУФ: Тўйгача қиз ҳам, йигит ҳам беихтиёр ўзининг асл қиёфасини яшириб, фақат яхши томонини кўрсатишга ҳаракат қилади, демак, ниқобда юришади. Тўйдан кейин эса ниқобга ҳожат қолмайди, асл қиёфа қанчалик хаспўшланмасин, охири, барибир, ошкор бўлади.
РАҲИМА: Демак, сизнингча, мен ҳам…
РАУФ: Ҳа, шундай. Асл қиёфангни яширгансан. Акс ҳолда…
РАҲИМА: Акс ҳолда, сенга уйланмаган бўлардим демоқчисиз-да!
РАУФ: Худди шундай – уйланмаган бўлардим!
РАҲИМА: Аввал ўзингга боқ – кейин ноғора қоқ! Нима, сиз ўзингизни фаришта деб ҳисоблайсизми?
РАУФ: Мен фаришта эмасман, одамзод фаришта бўлолмайди. Ҳаммамиз хом сут эмган бандамиз.
РАҲИМА: Бўпти-да! Унда нега фақат мени ёмонлаяпсиз?
РАУФ: Ёмонлаётганим йўқ, тушунсанг-чи! Мен… оиламизнинг нима учун барбод бўлгани ҳақида… ўз фикримни айтяпман, холос. Ҳаёт мураккаб нарса. У ҳаммани, ҳар лаҳза синовдан ўтказиб туради. Мундоқ қараганда, инсоннинг бутун умри синовлардан иборат.
РАҲИМА: Нима учун биз бу синовдан ўтолмадик? Нега оиламизни сақлаб қололмадик?
РАУФ: Мен бу ҳақда жуда кўп ўйлаганман. Биз асрлар давомида шаклланган миллий урф-одатларимиздан, миллий қадриятларимиздан узоқлашдик. Айниқса, аёллар қуюшқондан чиқиб кетди. Оилашунос олимлар шундай бир сўровнома ўтказган экан. “Аёлларнинг жамиятдаги мавқеини янада ошириш керакми?” деган саволга жавоб берган эркакларнинг тўқсон етти фоизи “Аёлнинг жамиятдаги ўрнини ошириш шарт эмас! Аёл уйга, оилага, эрга эътиборини кучайтирсин!” дебди. Менимча, бу гапда жон бор. Ота-боболаримизнинг қандай умр кечиргани, қандай рўзғор тутгани бизга ибрат бўлиши керак эди. Афсуски, биз ўзимизни улардан кўра ақллироқ, билағонроқ ҳисоблаймиз. Мен болалик йилларимни яхши эслайман. Мабодо, отамнинг жаҳли чиқса, онам меҳри билан уни шаштидан туширган, тарозининг палласини тўғрилаб турган. Отам ишдан қайтишига онам овқатни тайёрлаб, дастурхонни чиройли ясатиб, йўлига кўз тикиб, кўчага термилиб ўтирарди. Бу чиройли манзара ҳеч қачон кўз олдимдан кетмайди. Мен шундай муҳитда ўсганман. Истасам-истамасам сени раҳматли онамга қиёслардим. Мен ишдан чарчаб келардим, сен кўпинча уйда бўлмасдинг, қўни-қўшниларникида гап сотиб ўтирардинг. Сени чақиртиришга мажбур бўлардим. Бу эса сенга ёқмасди, норози бўлиб, тўнғиллаб чиқиб, ноилож овқатга уринардинг. Пала-партиш қилинган, маза-матрасиз овқатинг томоғимдан ўтмасди. Сен умуман овқат қилишга эринардинг. Шу боис овқатни кўпроқ, биратўла уч-тўрт кунга етадиган қилиб тайёрлардинг. Эсингдами, бир куни Умида ўша эски овқатингдан заҳарланиб, касалхонага тушиб қолган эди.
РАҲИМА: Хўш, яна нималарим сизга ёқмасди? Айтаверинг, дардингиз ичингизда қолиб кетмасин.
РАУФ: Ҳа, айтаверсам ичимда дардим кўп. Ўзинг тилимни қичитиб қўйдинг. Энди эшитасан. Уйга меҳмон келса, юрагим безиллаб турарди. Чунки сен меҳмонни ёқтирмасдинг. Айниқса, менинг қариндош-уруғимни кўрсанг, энсанг қотарди. Уларнинг иззат-ҳурматини жойига қўймасдинг. “Ҳў-ўв инсон, меҳмон отангдан улуғ, бағрингни сал кенгроқ қил!” десам писанд қилмасдинг. “Бунақа пайпоғи сассиқ меҳмонлар менга керак эмас!” деб қишлоқдан келган қариндошларимни камситардинг. Сенинг авзойингни, қовоқ-тумшуғингни кўрган меҳмон шўрлик уйда кўп ўтирмасди. У кетгандан кейин уй тозаланмас, идиш-товоқлар бир неча кунгача ювилмас эди. Покизалик, саранжом-саришталик сенга ёт эди.
РАҲИМА: Ахир, булар ҳаммаси майда гаплар-ку!
РАУФ: Йўқ, булар майда гап эмас! Агар билсанг…
РАҲИМА: Тавба, шунақа камчиликларим бор экан, нега мен билан шунча йил чидаб яшадингиз? Нега? Сизни ким мажбурлади?
РАУФ: Фарзанд кутаётганимиздан кейин сен билан ажрашишга журъат қилолмадим. Она бўлганингдан кейин, зора, инсофга келиб, феълинг яхши томонга ўзгарса керак деб… умид қилувдим. Кейин, отангнинг ҳурмати…
РАҲИМА: Отамнинг нима дахли бор эди бизнинг можаромизга?
РАУФ: Раҳматли отанг мени ўғлидай кўрарди. Сиқилиброқ юрганимни сезган шекилли, бир куни мен билан очиқроқ гаплашди. “Биламан, ўғлим, қизим сал эркароқ ўсган, сизни бироз қийнаб қўйган бўлиши мумкин. Мен унга яхшилаб насиҳат қиламан, мана яқинда фарзанд кўрасизлар, ҳаммаси изга тушиб кетади” деган эди. Ростдан ҳам отанг­нинг таъсиридами, сал инсофга келиб қолгандай бўлувдинг. Афсуски, бу кўп давом этмади. Отангнинг қазосидан кейин яна асл қиёфангга қайтдинг.
РАҲИМА: Наҳотки, мен отамнинг қазосидан кейин ўзгариб қолган бўлсам? Йўқ, йўқ, бу гапингиз ёлғон!
РАУФ: Далиллар ўжар бўлади! Майли, энди исботи билан гапираман. Хўш, қани айтчи, қўшнингнинг эри бозорда оддий паттачи бўлса-да, мендақа ландавур, номи улуғ, супраси қуруқ илмий ходимдан кўпроқ пул топишини юз марта юзимга солганинг ҳам ёлғонми? Мени тап тортмай “ландавур” дер эдинг! Ҳатто бир куни мени ҳеч ким танимаслигини, машҳур одам эмаслигимни айтиб, таъна қилдинг. Бу ҳам ёлғонми? Шунақа қуюшқондан чиқиб кетганингда баъзан калтак ҳам еб турардинг.
РАҲИМА: Кучингиз хотин кишига етарди-да…
РАУФ: Вей, мен ахир, эрман, эркакман! Ўзимга яраша ор-номусим бор, ҳамиятим бор! Ўшанда сени уриб ўлдириб қўймаганимга шукур қилгин!
РАҲИМА: Ўшанда устингиздан шикоят қилиб, қаматвормаганимга шукур қилинг.
РАУФ: Қаматолмасдинг! Чунки сенга… номига бўлса ҳам эр керак эди. Чунки иккинчи марта турмуши бузилган аёлни ҳеч ким яхши демайди. Сен буни яхши билардинг. Азиз ўгай бўлса ҳам уни ўз ўғлимдек яхши кўрардим. Бир куни жанжал пайтида унга ўзинг “Бу сенинг отанг эмас!” деб оиламизнинг сирини очиб қўйдинг. Азиз эс тортиб қолганди. Боёқишга раҳм қилиб ўтирмадинг. Ахир, мен ўгай бўлсам, сен ўз онаси эдинг-ку!
Ўшанда бу заҳарли сўзларингнинг оқибатини ўйламадинг. Мен болаларимиз ўксимаслиги учун ҳам ҳаммасига чидаб келдим. Узоқ чидадим. Ўша – савдогарлик қилиб, ҳаддингдан ошган, ишончни йўқотган пайтинггача чидадим. Аммо ҳамма нарсанинг чеки-чегараси бўлганидек, сабр-тоқатнинг ҳам чегараси бўларкан. Отангнинг вафотидан кейин масала ойдинлашиб қолувди. Сен ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан тап торт­май қўйдинг. Сен, ҳарқалай, отангдан ҳайиқардинг-у, аммо, барибир, онангнинг кучли таъсирида эдинг.
РАҲИМА: Энди бу гапларнинг фойдаси йўқ. Тўй ўтди. Мен уйланинг деб бўйнингизга осилиб олмаганман. Ўзингиз… ёқтириб уйлангансиз.
РАУФ: Ҳа, мен ўшанда кўр эдим. Муҳаббатдан кўру кар эдим. Сени бир кўришдаёқ… севиб қолгандим. Мени оиланг ҳам, ўтмишинг ҳам мутлақо қизиқтирмаган. Мен учун фақат сен бор эдинг, холос. Ҳа, тонмайман, сени ўшанда… чин юракдан… севганман. Шоир айтганидек,
 Алданган эдимми сенга, билмайман,
Ё мени масхара қилгансан, чоғи.
Аммо онт ичаман, ўзим севганман,
Қолди менда ўша муҳаббат доғи.
РАҲИМА: Муҳаббат доғи… Наҳотки, муҳаббат тугаган жойдан нафрат бошланса?! Наҳотки, муҳаббат қайтадан аланга олмаса? Қани, менга тўғрисини айтинг-чи, сиз ўшанда мени ростдан ҳам… севганмидингиз? Фақат… тўғрисини айтинг!
РАУФ: Тонмайман – ўшанда сени қаттиқ севганман. Хаёлан ўтган кунларни эсласам, менинг ўшандаги ҳиссиётимни бундан бўлакча сўз билан ифодалаш қийин. Ҳа, мен сени жуда қаттиқ севгандим. Сени кўрган заҳотимоқ ҳаётимни сенсиз тасаввур этолмаганман. Ажабо, ўша аёл ростдан ҳам сенмидинг? У қани? У қаёққа ғойиб бўлди?
РАҲИМА: (ажабланиб) Мана мен – ёнингиздаман. Мен… ўша-ўшаман.
РАУФ: Йўқ, йўқ, сен – у эмассан, у – сен эмас. У – бутунлай бошқа, у бошқа одам, бошқа олам эди… У энди йўқ… Йўқ…
РАҲИМА: Хўш, сиз-чи, сиз? Ҳойнаҳой, сиз ҳам ўзингизни ўша-ўшаман деб ўйларсиз?
РАУФ: Мен… ҳарқалай, кўзингга илгаригидай ўт-олов бўлиб кўринмасам-да, ўша-ўшаман!
РАҲИМА: О-о!.. Ўт-олов ҳам гапми?! Сиз менинг ҳаётим, қувончим, суянган тоғим эдингиз. Учрашувларда айтган гапларингиз, суйиб-эркалашларингиз ҳали-ҳамон қулоқларим остида жаранглайди. Суратингизни тумор қилиб бўйнимга осиб олгандим. Менинг суянчиғим – бахтим бўлган ўша йигит қани? Қани? (унсиз йиғлайди )
РАУФ: (ҳайратда бир зум лол қолади) Демак, сен ҳам, демак…
(Раҳима сўзсиз бош ирғаб, кўзёшларини артади).
РАУФ: Демак, ҳаммаси сароб, ҳаммаси бир туш экан-да…
РАҲИМА: Ҳа, ширин бир туш…
РАУФ: Ажабо, инсон бир умр илоҳий муҳаббатга талпиниб, топиниб яшайди. Бир умр… Аммо энди унга етдим деганда, ҳаммаси сароб бўлиб чиқади. Нега шундай бўлади? Нега?.. Нега ҳаёт бу қадар шафқатсиз?..
(Хонага Умида қўғирчоғини кўтариб киради).
УМИДА: Бобоси, бобоси, қўғирчоғим ухламаяпти. Жуда бебош бўлиб кетяпти. Ўзингиз бир насиҳат қилиб қўйинг. Ёки эртак айтиб беринг, бобоси!
РАУФ: (ҳайрат ва завқ билан) Қизиқ, бобоси… дедингми?
УМИДА: Ахир, сиз менинг отаммисиз?
РАУФ: Ҳа, отангман.
УМИДА: Қўғирчоқ менинг қизимми?
РАУФ: (кулиб) Ҳа, шундай.
УМИДА: Унда қўғирчоқ сизнинг неварангиз, сиз унга бобосиз!
РАУФ: Бобоман! Бо-бо! Ҳо-ҳо-ҳо! Оббо қизим-ей! (қизини кўтариб, ўпиб-эркалайди).
(Умида қиқирлаб кулади, сўнг отаси билан стол атрофида қувлашмачоқ ўйнайди. Бу машғулот анча давом этади. Ота-бола ўйинга андармон бўлиб, бир четда уларни хомуш кузатиб турган онани унутишади).
РАҲИМА: Бўлди, қизим, бас қил. Отанг ишдан чарчаб келган, дам олиши керак.
РАУФ: (бирдан сергак тортади) Э, дарвоқе, мен… кетишим керак эди. (шошиб ўрнидан туради)
РАҲИМА: Мени нотўғри тушундингиз. Сизни… ҳайдаётганим йўқ.
РАУФ: Йўқ, йўқ, тушунаман, тушунаман. Мен… ростдан ҳам кетишим керак, вақтим зиқ. Зарур ишларим бор.
УМИДА: (отасига йиғлаб ёпишади) Отажон, кетманг! Кетманг! Ойижон, сиз айтинг – отам кетмасин!
РАУФ: (қизининг бошини силаб, столга беҳол ўтиради) Хўп, қизим, хўп…
УМИДА: (бирдан яна жонланиб) Отажон! Кетмайсиз-а? Кетмайсиз-а?
РАУФ: (оғир хўрсинади) Хўп дедим-ку! Кетмайман, кетмайман…
УМИДА: (қўғирчоғига) Ана! Эшитдингми? Бобоси кетмас экан! Бобоси бизни яхши кўради.
РАҲИМА: Отанг кетмайди, борақол, энди қўғирчоғингни ухлат.
УМИДА: Ана, эшитдингми? Энди ухлашинг керак. Биз кетдик, бобоси!
(Умида хонадан чиқади).
РАУФ: (хаёлчан) Бобоси деди-я! Бобоси!.. Ҳа, ҳа, ростдан ҳам бобо бўладиган вақт ҳам узоқ эмас. Умр эса ўтиб боряпти, бесамар, беиз, бенишон… Аммо биз ҳеч қачон ўлмайдигандек, худди дунёга устун бўладигандек яшаймиз. Умр эса ўтмоқда… Икир-чикирлар, майда манфаатлар билан заҳарланган файзсиз умр ўтиб бормоқда. Балки инсоннинг энг катта фожиаси ҳам ана шунда – майда манфаатларнинг қули бўлиб қолганидадир. Энг ажойиб, бетакрор давр – ёшлик, навқиронлик ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Қарабсанки, бобо бўладиган ёшга кириб қолибсан    
РАҲИМА: Ташвиш чекмасангиз ҳам бўлади. Сиз ҳали-бери бобо бўлмайсиз. Сиз ҳали ғунчасиз. Очилмаган, очилиш арафасида турган ғунча!
РАУФ: Яна бошлаяпсанми? Илгари майли, тушунарли эди. Аммо энди…
РАҲИМА: Тўғри, энди ҳаққим йўқ бундай дейишга. Энди… бегонаман. Энди номаҳрамман…
РАУФ: Гап бунда эмас. Сен ҳалиям мени озодликка эришиб, ўзинг айтганингдек, ғунча бўлиб, яна биронтасига уйланиш учунгина ажралишди деб ўйлайсан, шекилли. Янглишасан!..
РАҲИМА: Ҳарқалай, дунёдан сўппайиб ўтмассиз. Барибир, бир кунмас бир кун уйланасиз… Эркакка танмаҳрам керак, барибир. Уйланмай иложингиз йўқ. Албатта, менга ўхшаган содда, лақма аёлга эмас.
РАУФ: Қўрқма, энди… уйланмайман.
РАҲИМА: Вой-вой, мен нега энди қўрқарканман? Қизиқ гапирдингиз-ку!
РАУФ: Бўлмаса, нега ҳадеб ғунча-пунча деб бошимни қотиряпсан?
РАҲИМА: Э, менга деса, мингтасига уйланиб, мингтасидан ажрашмайсизми?! Подумаешь!..
РАУФ: Раҳмат! Ташаккур! Сен кўзимни мошдек очгансан! Агар хотин зоти шунақа бўладиган бўлса, бир умр уйланмайман! Ғунчалигимча қолавераман. Сира-сира очилмайман. Билдингми?
РАҲИМА: (кесатиб) Чакки қиласиз. Ўзингизга қийин бўлади. Ёлғизлик – ёмон!..
РАУФ: Ҳа, тўғри айтасан – ёлғизлик ёмон! Аммо энг даҳшатли ёлғизлик нима – биласанми? Бу – ёнингда сени тушунмайдиган одам билан яшаб, ўзингни ёлғиз ҳис қилиш! Бу ҳаммасидан оғир! Тушундингми? Шунинг учун сен мен ҳақимда ортиқча ташвишланмасанг ҳам бўлади. Сен энди кўпроқ ўзингни ўйла. Ҳозир айни эрга тегадиган пайтинг. Кейинроқ… кеч бўлиши мумкин.
РАҲИМА: Тўғри айтасиз. Иккита боласи билан икки марта эрдан чиққан, ёши ўттиздан ошган хотинга кўзи учиб турганлар кўп бўлса керак.
РАУФ: Жа-а унчалик эмас. Ўша икковимизни таништирган дугонангга айтсанг, яна биронтасини топар.
РАҲИМА: Э минг раҳмат! Мен ҳам худди ўзларига ўхшаб (бармоқларини томоғига тирайди) роса тўйганман! Эр шунақа бўладиган бўлса – бир елкамга водород, иккинчисига атом бомбасини қўйиб, турмуш қурмасанг портлатвораман дейишса ҳам эр қилмайман!
РАУФ: Наҳотки, шунчалик… жонингдан тўйдирган бўлсам?!
РАҲИМА: Сиз нима деб ўйловдингиз? Қарс икки қўлдан! Эр-хотин – қўш ҳўкиз!
РАУФ: Эскиларнинг гапини ҳам ўзингнинг жайдари фалсафангга мослаб айтяпсан.Аслида, “Қўш ҳўкиз” дегани нима – биласанми?
РАҲИМА: Сиз билсангиз бўлди, биз – билмаймиз! Биз – тушунмаймиз!
РАУФ: (кинояга эътибор бермай) Қўш ҳўкиз дегани, нима десам экан, бу… бир умр бир-бирини тушуниш, ўла-ўлгунча бир-бирига ҳамдам, ҳамдард, суянчиқ бўла олиш дегани! Ахир, ота-боболаримизда қўйди-чиқди деган нарса мутлақо бўлмаган. Ваҳоланки, улар бир-бирини илк марта чимилдиқда кўришган, бизга ўхшаб севишиб, аҳду паймон ҳам қилишмаган. Мана, ўзингнинг ота-онанг қандай топишиб, қандай яшашганини биласанми?
РАҲИМА: Дадам катта раҳбар бўлган, катта ишларда ишлаган.Уруш-жанжалга вақти бўлмаган.
РАУФ: Яхшиям вақти бўлмаган! Агар вақти бўлганда борми, уруш-жанжал қўйди-чиқдига айланиб, сен туғилмаган ва биз… кўришмаган бўлардик. Аммо-лекин онанг… ўша суюкли онанг… сенинг туғилмаслигинг учун қаттиқ ҳаракат қилган. Ҳа, ҳа! Ажабланма! Онангнинг турфа хил, хурмача қилиқларига фақат отангга ўхшаган мўмин-қобил, ювош одамгина чидаши мумкин эди. Лекин раҳматли… узоқ чидай олмади. Онангдан ўлиб қутулди!..
РАҲИМА: (жаҳл билан) Оғзингизга қараб гапиринг!
РАУФ: (хотиннинг жазавасига парво қилмай) Мен отангни ҳам, онангни ҳам айбламоқчи эмасман. Ҳаммамиз тасодиф фарзанди ва тасодиф қурбонимиз! Мундоқ қараганда туғилишимиз ҳам, севги ва нафратимиз ҳам тасодиф!
РАҲИМА: Тасодиф фарзанди!.. Қизиқ…
РАУФ: Ҳа, тасодиф! Ахир, биз туғилмаслигимиз ҳам мумкин эди-ку! Демак, мана шу ёруғ дунёга келганимизнинг ўзиёқ катта бахт. Ҳа, бизга берилган ҳаётни ҳадя деб тушунсакгина у мазмун касб этади. Лекин биз буни жуда кеч англаймиз ёки ҳеч қачон англамаймиз. Энг катта фожиамиз – бизга ҳадя этилган ана шу олий бахтни ўзимиз, ўз қўлимиз билан барбод қиламиз! Ўзимиз!
(Улар хонага кириб, бир четда ҳайрон туриб қолган Умидани сезишмайди).
РАҲИМА: Анча ақлли, доно бўлиб қолибсиз. Илгари бунақа эмас эдингиз.
РАУФ: Одам оддий, маълум ҳақиқатларни ўзи учун қидириб топиши, ўзи учун кашф этиши керак экан. Лекин кўзнинг очилиши учун пешона деворга урилиб ёрилиши шарт эмас. Чунки умр жуда қисқа нарса. Яшашга улгуриш керак.
УМИДА: Отажон! Ойижон! Нега сизлар артистларга ўхшаб гапиряпсизлар? Ёки… репе-ти-ция қилаяпсизларми?
РАУФ: Қанақа артистлар? Қанақа репетиция? Нималар деяпсан?
РАҲИМА: Бу гапни қаердан олдинг?
УМИДА: Синфдошим Муниранинг отаси билан онаси артист-ку! Кечалари мана шунақа биз тушунмайдиган гапларни айтиб, репетиция қилишаркан. Баъзан уришиб ҳам қолишаркан. Сизлар… уришмайсизлар-а?
РАҲИМА: Биз… уришиб бўлганмиз, қизим.
РАУФ: (Раҳимага ўқраяди) Биз… уришмаймиз, қизим. Бунақа гапларни қўй…
УМИДА: Отажон, арча байрамида келадиган қорбобони артистлар ўйнайдими?
РАУФ: Ҳмм… ҳалиги… сенга нима десам экан…
УМИДА: Арча байрамида мактабимизга келган қорбобо менга ёқмади.
РАУФ: Нега энди… ёқмади?
УМИДА: У артист экан. Биз уни чинакам қорбобо деб ўйловдик.
РАУФ: Артистлигини қаердан билдинг?
УМИДА: Билдим-да. Бошқа болалар ҳам билиб қолишди.
РАУФ: Қорбобо сизларга совға бердими?
УМИДА: Берди. Олдин ўғил болаларга берди. Қиз болаларни яхши кўрмас экан.
РАУФ: Қорбобо ҳаммани яхши кўради.
УМИДА: Қизиқчилик қиламан деб баланд-баланд сакраб юборди.
РАУФ: Шуниси сенга ёқмадими?
УМИДА: Кулмаган болаларни уришиб берди. Кейин… сакраганда соқоли тушиб кетди. Шунда уни таниб қолдик. У қорбобо эмас, мактабимизнинг қоровули Сувонқул тоға экан. Сиз мени бошқа – чинакам қорбобога олиб боринг.
РАУФ: (оғир хўрсинади) Албатта олиб бораман.
УМИДА: (қувониб) Ҳайвонот боғига ҳам борамизми?
РАУФ: Борамиз, қизим, у ерга ҳам борамиз.
УМИДА: Қўғирчоқ театрига-чи?
РАУФ: Қўғирчоқ театрига ҳам борамиз.
УМИДА: Урре! Синфимиздаги болалар мақтанганда мен ҳам қаёққа борганимизни айтиб бераман. Отажоним олиб борди, менинг ҳам отам бор дейман!
(Девордаги соат жиринглайди. Рауф ўрнидан сапчиб туради-ю, ўзига меҳр ва илинж билан тикилиб турган қизига қараб, туриб қолади).
РАУФ: Мен… кетишим керак. Қизим, сенинг ҳам энди ухлайдиган вақтинг бўлди, бориб дамингни ол!
УМИДА: (жон-жаҳди билан отанинг қучоғига ташланади) Йўқ, йўқ! Кетмайсиз! Кетмайсиз!
РАҲИМА: Отанг яна… келади.
УМИДА: Айтгандек, отажон, уй вазифамни текширмасдан кетиб қоласизми?
РАУФ: Уй вазифангни ойингга кўрсатмадингми?
УМИДА: Ойим кўрдилар. Сиз ҳам кўришингиз керак. Чунки… чунки мен сиз ҳақингизда ёзувдим.
РАУФ: Мен ҳақимда? Қизиқ… Нималарни ёздинг мен ҳақимда?
УМИДА: Ўқитувчимиз ҳар ким ўз отаси ҳақида билганини ёзиб келсин деб топшириқ берувди. Мен ҳам ёзувдим, жуда қисқа бўлиб қолди. Бошқа сўз тополмай қолдим.
РАУФ: Қисқа бўлса ҳам… мазмуни яхши бўлса кифоя, қизим.
УМИДА: Майлими, ёзганларимни ўқиб берсам?..
РАУФ: Майли, ўқийқол.
(Раҳима секин бошқа хонага чиқиб кетади. Умида сумкасидан дафтарини олиб, ўқий бошлайди).
УМИДА: “Мен отамни жуда яхши кўраман. Отам узоқ жойда ишлайдилар. Шунинг учун ҳозир биз билан яшамайдилар. Мен отамни доимо соғинаман. Соғинганимда отам тушимга киради. Уйга узоқ келмай қолсалар, соғиниб йиғлайман. Ойим мени юпатмоқчи бўлиб, ўзлари ҳам қўшилиб йиғлайдилар. Мен отамнинг доимо биз билан яшашларини истайман”.
(Рауф бир нуқтага тикилганча чуқур ўйга толади. Рўмолчасини олиб, юз-кўзларини артади).
УМИДА: Отажон! Сизга ёқдими ёзганларим? Нега индамаяпсиз?
РАУФ: Яхши ёзибсан, қизим. Фақат… фақат… “ҳозир биз билан яшамайдилар” деган гапни ёзишинг шарт эмас эди.
УМИДА: Нега шарт эмас, отажон? Тўғри гапни ёзиш… мумкин эмасми?
РАУФ: Мумкин, қизим, мумкин. Майли, истасанг шундай қолаверсин.
УМИДА: Отажон! Мен сизга яна бир нарса кўрсатсам майлими? Фақат ойим… (Умида ойиси кириб кетган эшикка хавотир билан қараб қўяди).
РАУФ: Хўш, яна нимани кўрсатмоқчисан?
(Умида кийим жавонидан эркакларнинг чиройли оқ кўйлагини олади).
УМИДА: Мана бу кўйлакни танияпсизми?
РАУФ: Танигандай бўляпман. Нимайди?
УМИДА: Бу – ойим билан тўйинглар бўлган куни сиз кийган кўйлак экан. Ойим уни тез-тез ювиб, дазмоллаб, яна авайлаб илиб қўядилар. Бир гал бувим уни кўриб қолиб, “Бу кўйлакда пол артиш керак!” деб ерга отиб юборган эканлар, ойим зўрға сақлаб қолибдилар.
РАУФ: (ҳайратланиб) Шунақа дегин?
УМИДА: Отажон! Ўша… тўйингларнинг видеога ёзилгани борми? Тўйинглар қандай ўтганини жудаям кўргим келади.
РАУФ: Бизнинг тўйимиз бўлганда видео деган нарса ҳали унчалик расм бўлмаганди, қизим. Худо хоҳласа, сенинг тўйингни яхшилаб видеога туширамиз. Зўр артистларни таклиф қиламиз.
УМИДА: (суюниб) Вой, қандай яхши!..
(Хонага Раҳима кириб келади).
РАУФ: (шошиб соатига қарайди) Энди мен қайта қолай. (ўрнидан қўзғалади)    
УМИДА: Отажон! Ташқари совуқ-ку! Совқотасиз! Уйимиз иссиқ… Кетманг, отажон!.. Барибир, ҳозир ишга бормайсиз-ку!
РАУФ: Ишхонам бу ердан узоқ. Ҳозир бориб тайёргарлик кўришим керак.
УМИДА: Уфф!.. Шу ишингиз жудаям жонимга тегиб кетди-да! Қачон тугайди ўзи?
РАУФ: Яқинда… тугаб қолади.
УМИДА: Яқинроқ жойдан иш топсангиз бўлмайдими?
РАУФ: Мен… қидириб кўраман, қизим.
УМИДА: Топсангиз кейин доим биз билан яшайсизми?
РАУФ: Мен… ҳаракат қиламан, қизим. Энди хайрлашамиз. Бориб ухла. Соатни қара (девордаги соатга қарайди) … кеч бўлиб қолди.
УМИДА: Ухласам кетиб қоласиз-да!
РАУФ: Майли, кетмай тураман. Бўлди энди, борақол. Дарвоқе, қўғирчоғинг ухладими?
УМИДА: Йўқ, ухласам бобом кетиб қолади деб қўрқяпти.
РАУФ: Ҳо-ҳо-ҳо!.. Шунақами? Ундай бўлса, қўғирчоғингга алла айтиб бергин, дарров ухлаб қолади. Алла айтишни биласанми?
УМИДА: Биламан, ойим ўргатганлар. Сиз-чи? Сиз биласизми?
РАУФ: Мен? Мен… айтиб кўрмаганман.
УМИДА: Отажон! Нега аллани фақат оналар айтади?
РАУФ: (ўйланиб) Чунки… чунки оналар яхши айтади. Аллани оналарга чиқарган, қизим. Ҳамма оналар боласига алла айтади.
УМИДА: Сизнинг ҳам онангиз алла айтганми?
РАУФ: Албатта айтганлар.
УМИДА: Яхши айтармидилар?
РАУФ: Ие, қизиқ гапирдинг-ку! Мен унда чақалоқ бўлганман.
УМИДА: Вой, сиз ҳам чақалоқ бўлганмисиз?
РАУФ: (кулимсираб) Ҳамма туғилганида чақалоқ бўлади-да, қизим.
УМИДА: Сиз ойингизни кўпроқ яхши кўрармидингиз ёки отангизни?
РАУФ: Икковини ҳам яхши кўрардим.
УМИДА: Сизнинг отангиз… кетиб қолмасмиди?
РАҲИМА: Кҳм… Энди борақол, алла айтиб, қўғирчоғингни ухлат.
(Умида норози қиёфада хонадан чиқа бошлаганда эшик қўнғироғи жиринглайди. Ота билан она бир-бирига ҳайрон тикилиб қоладилар. Парда ёпилади).

ИККИНЧИ ПАРДА
    
(Ўша – олдинги хона, ўша жиҳозлар. Хонада РАУФ билан Раҳима. Эшик қўнғироғи ҳамон кетма-кет жирингламоқда).        
РАУФ: (киноя билан) Очмайсанми эшигингни? Тунги… меҳмонни кутиб ол энди!
РАҲИМА: (жеркиб) Кечаси меҳмон чақирадиган одатим йўқ!
(Қўнғироқ тинимсиз жиринглайверади)
РАУФ: (эшикка ишора қилиб) Бунга нима дейсан?
РАҲИМА: (елка қисиб) Билмасам. Балки биронтаси… адашиб…
РАУФ: (Қўлини маънодор ҳаволатади) Йў-ўқ! Адашган одамга ўхшамайди ! Ҳадди сиққанидан, тап тортмай, астойдил жиринглатяпти!
РАҲИМА: Нима бало – рашк қиляпсизми?
РАУФ: Ҳо-ҳо-ҳо!.. Рашкка бало борми энди? Рашк қилиб бўлганман! Тўйганман! Ҳаммасидан тўйганман! Тўйдиргансан!
РАҲИМА: Бўлмаса нега (масхара қилиб тақлид қилади) “Тунги меҳмонни қабул қилиб ол энди!” деб илмоқли гап қиляпсиз?
РАУФ: Ҳарқалай, ташқари совуқ, боёқиш совқотиб қолмасин деяпман-да. У ҳам бировнинг боласи. Умид билан келгандир.
(қўнғироқ ҳамон жиринглаяпти)
РАҲИМА: Қизиқ, ким экан у бемаҳалда келган?
РАУФ: Шундоқ эшикни очсанг, биласан-қўясан! Очақол энди! Боёқишга жабр бўлди.
(қўнғироқ ҳамон жиринглаяпти)
РАҲИМА: Тавба, ким бўлиши мумкин?
РАУФ: Иложинг қанча – очасан-да энди. Бечора ташқарида совқотиб қолди.
(қўнғироқ яна устма-уст жиринглайди)
РАҲИМА: Вой ўлмасам! Юрагим бетламаяпти… Илтимос – ўзингиз… очиб қўя қолинг.
РАУФ: Йў-ўқ!.. Бунақаси кетмайди. Ўзлари пиширган ош – ўзларига ҳавола! Фақат сен… қўрқма! Ахир мен энди сенга номаҳрамман! Мени йўқ деб фараз қилавер. Мен тушунаман ҳаммасини, тушунаман. Ахир… ҳаёт давом этиши керак-ку!
РАҲИМА: Нималар деяпсиз? Жинни бўлдингизми?
РАУФ: Майли, мен Умиданинг хонасига кириб тураман. (Кийимларини қўлига олади) Меҳмонинг тағин шубҳаланиб юрмасин. Меҳмонни бирон баҳона билан ошхонага чиқарганингда мен лип этиб жўнаб қоламан. Қалай, бўладими?
РАҲИМА: (бошини чангаллаб) Бузуқ каллада бузуқ хаёл! Ҳаммани ўзингизга ўхшатманг!
(қўнғироқ ҳамон жиринглаяпти)
РАУФ: Очсанг-чи! Ҳозир кетиб қолади, кейин пушаймон қиласан.
РАҲИМА: Бас! Яна бир оғиз гапирсангиз, дод деб юбораман.
(қўнғироқ жиринглаяпти)
УМИДА: (хонасидан чиқиб келади) Ойижон, бу Сафар тоға бўлса керак, оча қолайлик!
РАУФ: Қани айтчи, қизим, Сафар тоға ким ўзи? Яна бошқа… тоғалар, бошқа амакилар ҳам келиб турадими?
УМИДА: (иккиланиб, бир отасига, бир онасига қарайди) Ҳмм, келиб туришади.
РАУФ: Шунақа дегин?
РАҲИМА: Умида! Нималар деяпсан?
УМИДА: (йиғламсираб) Ахир ўзингиз… ҳамиша тўғри гапиргин дейсиз-у…
РАҲИМА: Ахир отанг… тўғри гапингни эгри тушуняпти! Ўша кунги амаки телевизор тузатгани келди-ку! Ўзинг ҳам кўрдинг-ку!
УМИДА: Ҳа, энди эсладим. Отажон, сиз ўша амакидан шар билан айиқча бериб юборган экансиз.
РАУФ: (Ҳайрон бўлади) Қанақа шар? Қанақа айиқча?
УМИДА: Ўзингиз бериб юборибсиз-ку! Биласизми, ўша амаки шарларни пуфлаётганда кўзлари олайиб, лунжи мана бундоқ – худди шардек катта бўлиб кетди. Ёрилиб кетармикин деб қўрқиб кетдим.
РАУФ: Ҳо-ҳо-ҳо! Оббо сен-ей! Хўш, ўша амаки сенга ёқдими?
УМИДА: (секин бош тебратади) Ўша куни ўзингиз келганингизда бирга шар ўйнардик. Ойимга ўйнайлик десам ҳечам ўйнамайди, нуқул бошим оғрияпти деб ётиб олаверади.
РАҲИМА: Ўшанда Умиданинг туғилган куни эди. Сизни узоқ кутдик. Сиз… келма… келолмадингиз. Икки кун олдин телевизорга уста чақириб қўйгандим. Ўша куни келди. Шар билан айиқчани ўзим олиб қўювдим. Уста ишини битиргач, ундан ҳалиги совғаларни сизнинг номингиздан Умидага бериб қўйишини илтимос қилдим. Бола пақирнинг кўнгли чўкмасин дедим-да. Бекор шундай қилган эканман. Боёқиш “Нега отам ўзи келмади?” деб, тонг отгунча… йиғлаб чиқди. Совғаларга ҳам қарамади.
(Эшик қўнғироғи яна устма-уст жиринглайди. Умида югуриб бориб эшикни очмоқчи бўлади, лекин бўйи етмайди. Онаси иккилана-иккилана ноилож бориб эшикни очади. Остонада бир қўлида кичкина дипломат сумка, иккинчисида каттакон гулдаста кўтарган Рустам кўринади)    
РУСТАМ: Ассалому алайкум! Э, бормисизлар ўзи? Бир соатдан буён жиринглатаман. Ҳеч ким йўқмикин десам ичкарида гурунг эшитилиб турибди. Ҳай майли, бугун ахир…
РАУФ: О-о! Рустам! Ўзингмисан, дўстим! Кел, кел! Қандай шамол учирди? (қучоқлашиб кўришадилар)
РАҲИМА: Келинг, Рустам ака!
РУСТАМ: Мана бу гул сизга, Раҳима!
РАҲИМА: Раҳмат. (гулни олади) Қани, ичкарига марҳамат.
(Ҳаммалари стол атрофига ўтиришади. Дуога қўл очилади)
РУСТАМ: Илоҳо омин! Мана шу хонадонда ҳамиша тинчлик-осойишталик, тан сиҳатлик, хотиржамлик, файзу баракот бўлсин, омин!
ҲАММА: Омин! Омин!
РАУФ: Хуш кўрдик, дўстим! Қандай шамол учирди?
РАҲИМА: Хуш келибсиз, Рустам ака!
РУСТАМ: Раҳмат, хушвақт бўлинглар! Хайрият, сизларни ҳам кўрар кун бор экан! Биласизларми, кўришмаганимизга қанча бўлди? Минг йил! Охирги марта қачон кўришувдик – эсимда йўқ. Эҳ, йиллар ўтаверар экан. Умр ҳам елдек ўтиб кетяпти. Умида, қани бир ачом-ачом қилайлик-чи! Оббо сен-ей, катта қиз бўлиб қолибсан-ку! Аканг қани? Азизмиди исми? Нега кўринмайди?
УМИДА: Азиз тоғамларникига кетган. Таътилни ўша ёқда ўтказаркан.
РУСТАМ: Шундайми? Афсус, уни кўролмас эканман. Мен ҳаммангларни соғинганман. Умида, мана бу ширинликлар сенга! Мана бу патирларни ўзи келинойинг ёпиб, бериб юборди. Сизларни табриклайман! (РАУФ билан Раҳима бир-бирига ҳайрон тикилиб қолишади) Дарвоқе, меҳмонлар қани? Кетишдими? Ахир бугун тонг отгунча ўйнаб-кулсанглар арзийди-ку! Сизлар эса… шаштинглар пастроқ. Тантана руҳи ҳам сезилмаяпти.
РАУФ: (елка қисади) Тушунмадим, қанақа тантана?
РУСТАМ: Ахир бугун… турмуш қурганингларга роса ўн йил тўлди-ку! Наҳотки шундай кунни унутган бўлсангизлар?! Сизлар унутган бўлсанглар ҳам мана мен унутганим йўқ. Ахир Раҳималарникига совчи бўлиб боравериб битта туфлини йиртганман-ку! Шундай кунни унутиб бўладими? Тўхта, тўхта, балки мен… янглишаётгандирман.
РАУФ: (бошини қашлаб, кўзларини олиб қочади) Сен… янглишганинг йўқ! Лекин биз… янглишдик… Биз… хато қилдик…
РУСТАМ: Бу нима деганинг, РАУФ? Мундоқ… очиқроқ гапирсанг-чи!
(РАУФ бир четда турган Умидага қарайди. Она қизининг қулоғига энгашиб бир нималар дейди. Умида чиқиб кетади)        
РАУФ: Биз… Раҳима билан… ажрашдик.
РУСТАМ: Йўғ-э?! Нималар деяпсан? Наҳотки?..
РАУФ: Ҳа рост, энди… шундай бўлиб қолди.
РУСТАМ: Ажабо, ҳар қандай одамни ларзага солиши мумкин бўлган фожиани сен бемалол, киприк қоқмай, шунчаки “хато қилдик”, “шундай бўлиб қолди” деяпсан.
РАУФ: Майли, бўлар иш бўлди – бўёғи кўчди. Ҳамма нарсанинг давоси вақт. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Менга… (хотинига бирров қараб қўяди) бизга ҳам осон бўлгани йўқ.
РУСТАМ: (тутақиб) Барибир тушунмайман, тушунолмайман! Нега? Нега энди… шундай бўлиб қолди? Нима жин урди сизларни? Нимани… бўлишолмай қолдинглар? Шундай чиройли, бахтли оилани нега барбод қилдирнглар?
РАУФ: “Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг ҳар бири ўзича бахтсиз”, деган ўша машҳур гапни биласан.
РУСТАМ: Биламан, лекин сизлар бахтли эдингизлар-ку?! Тўғрими?
РАУФ: Афсуски, бизнинг бахт қасримиз қумдан қурилган, омонат экан. Енгил бир эпкинда қулаб тушди.
РУСТАМ: Мен… тушунаман, ҳаёт… мураккаб, ҳар қандай бахтли оилада ҳам келишмовчиликлар бўлиб туради. Аммо… Наҳотки ажралиш сўнгги чора бўлса?
РАУФ: Кечирасан, дўстим, шу тобда эсимга бир латифа тушиб қолди. Афанди хотини билан қўйди-чиқди бўлиб, судлашибди. Судья ундан нега ажрашмоқчи бўляпсизлар деб сўраган экан, Афанди бошқаларга ўхшаб “Характеримиз тўғри келмай қолди” де­йиш ўрнига “Характеримиз… тўғри келиб қолди” дебди. Судья баттар ҳайрон бўлибди. Шунда Афанди “Хотиним ҳам ичади, мен ҳам ичаман, кайфчиликда тўполон қиламан, хотиним ҳам қараб турмайди, демак, ажрашмасак бўлмайди!” деб жавоб берибди. Айтмоқчиманки, Раҳима билан бизнинг характеримизда ҳам ўхшаш томонлар кўп: мен инжиқман, ўжарман, Раҳимаям бу борада мендан қолишмайди.
РУСТАМ: Тўхта, тўхта, тўхта! Кўп бошимни қотирма! Ахир дунёда муросаю мадора деган гаплар ҳам бор-ку! Хом сут эмган ҳар банданинг ўзи – бир олам! Дунёда мана шу икки оламнинг бирлашиб, ягона оламга, бир бутун вужудга – бахтга айланиши ростдан ҳам жуда ноёб мўъжиза! Инсон ана шу мўъжизага қодир-ку!
РАУФ: Бундай мўъжиза юз бериши учун икки қалб бир-бирини сўзсиз тушуниши, юраклар бир-бирига монанд уриши керак. Акс ҳолда оқибати… Оқибатини мана ўзинг кўриб турибсан. Шоир айтганидек,
         Кўрмай десам кўзим кўр эмас,
         Юрмай десам оёғим бутун.
         Аммо қалблар ортиқ жўр эмас,
     Хаёлларга бўламан тутқун.
РУСТАМ: “Аммо қалблар ортиқ жўр эмас” …Шоир топиб айтган экан. Ҳа, инсоният минг йиллар мобайнида ўта даҳшатли хасталикдан – бир-бирини тушунмаслик касалидан азоб чекади.
РАУФ: Айниқса, яқин одаминг сени тушунмаса, дунёда бундан ортиқ, бундан аламлироқ фожиа йўқ!
РУСТАМ: Дунёда даволаб бўлмайдиган хасталик йўқ, буниям унутма!
РАУФ: Тўғри, лекин ҳаётда ҳамма нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси бўларкан. Қолаверса, ажрашиш деган нарса бу биркам дунёда ҳар лаҳза содир бўлаётган сон-саноқсиз кўнгилсизликлар, фожиалар олдида арзимас бир нарса, оддий воқеа бўлиб қолди.
РУСТАМ: Афсуски, шундай бўлиб қолди. Ажралишга бўлган муносабат ҳам ўзгарган. Муборак ҳадисларда айтилишича, мубоҳ, яъни рухсат берилган амаллар ичида Яратганга энг хуш келмайдигани талоқ – ажрашиш экан. Бу сўз айтилганда Арш ҳам ларзага тушаркан!
Биз – хом сут эмган бандалар ана ўша фожиага, энг катта фожиага ҳам кўникиб қолаётганга ўхшаймиз! Инсон ҳаётини алғов-далғов қилиши мумкин бўлган қўйди-чиқди ҳам энди сен айтгандек оддий воқеа! (Пауза) Ахир ўртада… фарзанд бор-ку, фарзанд! Дунёда фарзанддан ҳам ширинроқ, азизроқ нарса борми? Бола ота-онаси билангина бахтиёр бўлиши мумкин. Наҳотки шу оддий ҳақиқатни тушунмадинг­лар? Боланинг уволидан қўрқмадингларми? Фарзандни дунёга келтирдинг­ларми – энди улар учун умрбод ота-она мақомида бўлишга мажбурсизлар! Ҳа, мажбурсизлар! Ажабо, бу биркам дунёда кимдир тирноққа зор бўлиб ўтади. Кимдир бу неъматни хор қилади. Ахир биз ўзи учун эмас, бола-чақаси учун яшайдиган халқмиз-ку! Фарзанд деб ҳамма нарсадан, ҳатто ўз ҳаётидан воз кечадиганлар бор. Энди бир зум фараз қилинглар: фарзандлар вояга етиб, эс тортиб қолди дейлик. Шунда улар: “Бизни сизларнинг ўзаро муносабатларингиз қизиқтирмайди, бу сизларнинг ишингиз. Аммо бизни тирик етим қилишга нима ҳақингиз бор эди!?” дейишса нима деб жавоб берасизлар?
(орага узоқ, ноқулай сукунат тушади)
РАУФ: Рустам, дўстим, четдан туриб мулоҳаза юритиш осон. Лекин бизнинг муносабатларимиз бутунлай бошқача, сен ўйлагандан кўра мураккаброқ.
РУСТАМ: Психологларнинг кузатишича, қўйди-чиқдиларнинг объектив сабаби деярли бўлмас экан. Ҳамма муаммо субъектив, яъни эр-хотин ўртасидаги муносабатларга бориб тақаларкан. Сен “Бизнинг муносабатларимиз бутунлай бошқача, сен ўйлагандан кўра мураккаброқ” деяпсан. Ахир мен – ўзим гувоҳман, муҳаббатинглар ҳам бутунлай бошқача эди-ку! Дунёда иккита бахтли оила бўлса, биттаси сизлар, агар битта бўлса, бу ҳам сизларнинг оилангиз деб ҳисоблардим. Наҳотки янглишган бўлсам? Тўйингларда қўша қаринглар, бахтли-саодатли бўлинглар деган яхши тилакларга наҳотки фаришталар омин демаган бўлса? Афсус… афсус…
РАУФ: Оилавий ҳаётда тўйдан олдингиси эмас, тўйдан кейингиси муҳимроқ экан. Ҳақиқий муҳаббат синови ҳам тўйдан кейин бошланаркан. Биз… бу синовдан ўтолмадик. Ҳаёт биз ўйлагандан анча мураккаб экан.
РУСТАМ: Ҳамма мушкулотларни ҳаётнинг мураккаблигига тўнкаб қўйиш осон. Ахир ўша мураккаб ҳаётнинг қандай бўлиши ўзимизга ҳам боғлиқ эмасми? Бир донишманд айтган экан: “Ҳаёт – имконият, уни бой бермаслик керак. Ҳаёт – гўзаллик, унга ҳайрат билан боқиш лозим. Ҳаёт – фожиа, унга бардошли бўлиш талаб этилади. Ҳаёт – бахт, уни ўзимиз яратишимиз зарур”.
РАУФ: Биз ўша имкониятни бой бердик, шекилли…
РУСТАМ: Ёшлик инсонга хатоларга йўл қўйиш учун, улғайиш эса уларни тузатиш учун, кексалик афсусланиш учун бериларкан. Ҳалиям кеч эмас. Қариб қолмагансан, бир йигит қирқ йилда бино бўлади. Сен лоақал ўша ошиқу беқарор бўлиб юрган кунларингни, ажойиб, унутилмас дамларингни бир эсла! Яхшилаб эсла!..
РАУФ: Тўғрисини айтсам, энди эслагим келмайди. Мен энди… биз энди бутунлай бошқа-бошқа одамлармиз! Ўтмишнинг бизга ҳеч қандай дахли йўқдай… Ўтмиш , ўша сен айтган муҳаббат… бир саробга ўхшайди.
РУСТАМ: Сароб эмас, ширин хаёлга дегин ҳеч бўлмаса! Ўтмишингдан, муҳаббатингдан тонма энди! Унда… баттар гуноҳинг ортади!
 (Орага сукунат чўкади) Сизлар мени… кечиринглар. Шахсий ишингизларга аралашгандай бўляпман. Лекин мен… бу фожиага бефарқ қарай олмаганимдан куйиняпман! Яна қайтараман – ҳалиям кеч эмас. Хатони тузатиш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди. Оила – муқаддас нарса! Керак бўлса оила учун ҳамма нарсани қурбон қилиш мумкин. Бунинг учун меҳрдан ташқари кучли ирода, эркакча журъат ҳам керак! РАУФ, сен ахир эркак кишисан-ку!
РАУФ: Ҳа, эркак кишиман! Аммо бу дунёда эркак бўлиш ҳам осон эмас экан. Аёлнинг бошига озгина иш тушса, оилада салгина англашилмовчилик бўлса, у дарров жабрдийда, муштипар қиёфасига кириб олади. Унинг арзини тинглайдиган махсус идоралар, йўл кўрсатадиган сон-саноқсиз маслаҳатчилар бор. Аёлларнинг алоҳида байрами ҳам бор. Ҳамма аёлга ҳамдард, хайрихоҳ! Аммо эркак-чи? Унинг ҳам ўзига яраша дарди-армони бўлиши мумкин-ку! Хўш, эркак дардини кимга айтади? Унинг додига етувчи борми? “Тишини тишига қўйиб яшаётган аёллар” ҳақида гапирамизу оилада ноилож, ўзини мажбур қилиб яшаётган эркаклар ҳақида ўйламаймиз. Нега? Нима учун эркак­ларнинг ўртача умри аёлларникидан анча кам? Аёл дардини бошқалар билан баҳам кўриб, ҳасратлашиб, кўзёши қилиб енгил тортиши мумкин. Эркак бундай қилолмайди. Дардини ичига ютади. Бу дард охир оқибат уни кемириб, адои тамом қилади.
(орага яна сукунат чўкади)
Эркак – оила устуни деймиз-у ана шу устуннинг жонли одам эканлигини унутиб қўямиз. Рўзғорнинг асосий юки эркакнинг бўйнида. Хўш, аёлнинг вазифаси-чи? Фақат уйга қараш, бола боқиш, овқат қилишдангина иборат эмасдир. Аёл энг аввало эрини сўзсиз тушуниши, кўнглига йўл топиши, лоақал шунга интилиши керак. Ана ўшанда эркак киши уйидан тополмаган нарсасини кўчадан ахтармайди…
Мундоқ қараганда эркакка кўп нарса керак эмас ўзи. Эркак аввало ўз уйида тинчлик-осойишталик, файзу баракот бўлишини истайди. Булар аёлнинг фаҳму фаросати, назокати, меҳри, қалб қўри билан яратилади. Оиланинг иқлими, об-ҳавоси асосан аёлга боғлиқ. Агар эркак излаган нарсасини уйидан тополмаса, оиласидан, рўзғоридан кўнгли совийди.
РУСТАМ: Ў-ҳў!.. Ичингда шунча дардинг бор экан, Раҳима билан мундоқ бақамти ўтириб, очиқчасига гаплашиб олсанглар бўлмасмиди? Наҳотки эр-хотиннинг бир-бирини тушуниши шу қадар қийин бўлса?
РАУФ: Мана энди ўзингга келяпсан, дўстим! Ҳамма гап ана шунда! Эр-хотиннинг бир-бирини тушунишида! Аммо бир қарашда осондек туюлган бу нарсага эришиш осон эмас экан-да! Дард бору, дармон йўқ…
Бизнинг турмушимизда оила аҳиллиги, муросаю мадорани англатувчи “Ҳа”, “Хўп” деган сўзлар кам-кам тилга олинарди, унинг ўрнига “Йўқ”, “Бўлмайди”, “Сиз олдин мени эшитинг!” каби кескин раддия-тўмтоқ сўзлар кўпроқ ишлатиларди.
Хотин эрни тушуниши учун аввало эрнинг кўнглига қараб иш тутиши керак эмасми? Бу оддий ҳақиқат-ку! Мундоқ қараганда бунинг ҳеч қандай қийин жойи йўқдек. Бунинг учун аёл ўша эр деган зотда ҳам кўнгил деган нарса борлигини билиши, ҳис қилиши керак, холос. Эсимда, онам раҳматли сигир соғаётганда молнинг феълини ҳисобга оларди. Сигирга чап томондан келса соғдирмаслигини билиб, ўнг томондан ёндошарди. Дарров елинга қўл урмасди, олдин силаб-сийпаб, говмишни обдан ийдирарди. Болалигимдан хотирамга муҳрланиб қолган ана шу ҳолатни ҳар гал эр-хотин жанжаллашганимизда эслардим. “Ахир мен инсонман-ку, наҳотки битта ҳайвончалик эътиборга лойиқ бўлмасам, нега хотиним менинг кўнглимга қарамайди?” деб хуноб бўлардим.
РАҲИМА: Сизнинг кўнглингизни олишдан кўра гўдакни парваришлаш минг марта осон. Сал нарсага жириллайверасиз. Фақат ўзингизникини маъқуллайсиз. Одам деган бунақа бўлмайди. Шунақа ноёб феълингиз билан мени ҳам, ўзингизни ҳам қийнаб келдингиз. Кўнглингиз жудаям нозик!
РАУФ: (Рустамга) Ана! Кўряпсанми? Кўнглимнинг нозиклиги айб экан. Ахир инсоннинг кўнгли… нозик бўлиши керак-ку! Шунинг учун ҳам у инсон! Унинг ҳайвондан фарқи ҳам ана шунда! Мен… худога шукур, айрим кимсалардек тўқимтабиат эмасман. Феълимни-характеримни хархашанинг феълига мослаб ўзгартиролмайман.
РУСТАМ: “Хархаша” дедингми?..
РАУФ: Ҳа, буюк шоиримиз РАУФ Парфининг ибораси. У хотинларни “хархаша” деб атаган. Дарвоқе, у ҳам бир умр хотиндан ёлчимай ўтган.
(Раҳима жаҳл билан идиш-товоқни тарақлатади, сўнг столдан чойнакни зарда билан кўтариб, хонадан чиқиб кетади)
РУСТАМ: Сени энди сал-пал тушунгандек бўляпман. Ҳа, мундоқ ўйлаб кўрсам, сенга ҳам осон эмас экан. Начора, бошга тушганни кўз кўради. Идеал, яъни ҳар жиҳатдан мукаммал хотинни топиш осон эмас. Донолардан бири “Хотининг яхши чиқса – бахтли бўласан, ёмон чиқса файласуф!” деган экан. Вилоятда сенга ўхшаган бир инжиқ дўстим бор. Ҳалиям уйланмаган. Мукаммал аёлни учратсамгина уйланаман дейди. Яқинда кўриб қолиб, топдингми шунақасини десам, топдим, аммо у ҳам мукаммал эркак қидириб юрган экан, рози бўлмади дейди. Ана, кўрдингми, борига шукур қилаверасан энди. Хотин танлашда адашмаслик кафолати фақат Одам Атога насиб этган, чунки унда Момо Ҳаводан бошқа аёл бўлмаган. Шунинг учун сен билан бизнинг йўриғимиз бошқа, муроса қилишга мажбурмиз. Қолаверса, хотиндан ёлчимаган битта сен эмас. Акс ҳолда бечора шоир “Асл ёрни тушларимда кўрдим фақат…” деб ёзмасди. Лев Толстойдай буюк ёзувчи ҳам бир умр хотинидан норози бўлиб яшаган. У соддаликни ёқтирган, оддий ҳаёт кечиришни афзал кўрган, ўзи катта мулкдор бўлса-да, хусусий мулкни қоралаган. Инсонга икки газ ер кифоя деб ҳисоблаган, бу ҳақда ҳикоя ҳам ёзган. Хотини эса унинг акси бўлган, бойликка, дабдабали ҳаётга, шону шуҳратга ўч бўлган. Шунинг учун бир умр бир-бирининг асабларини эговлаб яшашган. Ахийри Толстой бунга чидолмай, саксон икки ёшида уйдан бош олиб чиқиб кетган. Шу кетишда узоққа боролмай, темир йўл бекатида жон берган.
РАУФ: Демак, барибир… кетган экан-да!..
РУСТАМ: Ҳа, у… бошқа иложини тополмаган.
РАУФ: Мен ҳам… иложини тополмадим.
РУСТАМ: Унутма – сен Толстой эмассан!
РАУФ: Тўғри, лекин мен… саксон икки ёшгача чидолмасдим. Раҳима билан яшаган эркак саксон эмас, қирқ ёшга ҳам бормайди.
РУСТАМ: Дўст ачитиб гапиради, хафа бўлсанг ҳам сенга тўғрисини айтаман. Менимча, сен кўпроқ ўзингнинг ҳаловатингни ўйлагансан. Боя сени тушунгандек бўляпман деганим оиладан кетганингни маъқулладим деганим эмас. Сен аҳён-аҳёнда қизингни кўргани бир келиб қўйиб оталик бурчимни ўтадим деб ўйлайсан. Ўзинг истамаган ҳолда ҳар гал боланинг дардини янгилаб кетасан. Ахир болага аҳён-аҳёнда қилинадиган садақа-мурувват эмас, бир умрлик ота-она меҳри керак. Айниқса ота тарбияси жуда муҳим нарса! Бунинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Ҳаёти издан чиққан, ахлоқсиз одамлар ҳақида гап кетганда бежиз “Фалончи ота тарбиясини олмаган!” дейишмайди. Отасиз ўсган бола мўрт бўлади, осонлик билан ёмон йўлга кириб кетаверади. Отасиз ўсган қизни турмушга узатиш ҳам осон эмас. Бу ёғи энди ўзбекчилик… ўзинг яхши биласан… Демак, сен иложи борича Раҳима билан муроса қилишинг лозим эди.
РАУФ: Тўғри, лекин муросанинг ҳам чеки-чегараси бўлади! Эҳ, (қўл силтайди) барибир танаси бошқа дард билмас экан-да! Сен… гарчи яқин дўстим бўлсанг ҳам… мени охиригача тўлиқ тушунолмаяпсан. Девонаи Машраб бежиз “Дилда дардинг бўлмаса, сар дафтаримни кавлама!” демаган.
РУСТАМ: Дарвоқе, биринчи хотининг билан нега ажрашувдинг?
РАУФ: Э-э, бунинг тарихи қизиқ, сенга айтмабмидим?
РУСТАМ: Йўқ, айтмагансан.
РАУФ: Институтда мени беш йил ўқитиб, ўз кафедрасида ишга олиб қолган домламнинг қизига уйланувдим. Домламнинг уйига бориб, анча-мунча хизматини қилиб турардим. Унинг бўйи етган икки қизи бор эди. Кичигини ўзимча ёқтириб юрардим. Ўзиям чиройликкина, ёқимтой эди. Назаримда, у ҳам бефарқ эмасдек эди. Учрашув, муҳаббат изҳори деган гаплар мутлақо бўлмаган. Тортинардим-да. Хуллас калом, унаштирилдик. ЗАГСга борган кунимиз мундоқ қарасам, ёнимда кичиги эмас, катта қизи турибди. Чамаси, домлам мени ҳойнаҳой катта қизини ёқтиради деб ўйлаган шекилли. Англашилмовчиликни тузатишга журъат қилолмадим! Домламнинг юз-хотирини қилиб, миқ этолмадим. Кейин… турмушимиз узоққа бормади. Ўз ихтиёрим билан ишдан ҳам бўшаб кетдим!
РУСТАМ: Тавба! Кўз очиб кўрганинг… шунақа бўлган эканда!
РАУФ: Ҳа, шунақа бўлган! Бу гапни бировга айтсанг ишонмайди!
(Раҳима чойнак кўтариб киради. Пиёлага чойни қайтариб қуяди ва Рустамга узатади)
РАҲИМА: Чойдан ичиб ўтиринг, Рустам ака.
РУСТАМ: Раҳмат!
РАҲИМА: Сизлар яна бироз суҳбатлашиб ўтиринглар, мен ҳозир овқатни тезлатвораман. (ўрнидан туради)
РУСТАМ: Йўқ, йўқ, сиз овора бўлманг. Овқатга қололмайман, қайтишим керак.
РАҲИМА: (иккиланиб, яна ўтириб қолади) Озиб-ёзиб бир келганингизда… можаромизни дастурхон қилиб, кайфиятингизни буздик. Биздан хафа бўлманг…
РАУФ: Ҳа, дарвоқе, бизни қўявер энди, бизнинг бўларимиз бўлди. Энди ўзингдан гапир. Ишларинг қалай?
РУСТАМ: (бошини чангаллайди) О-о! Ишимни эслатма! Менинг ўз дардим, ҳар кунги изтироб-аламларим каммиди? Қолмишига энди сизларнинг бу …можаронгиз дард устига чипқон бўлди.
РАУФ: Дарвоқе, сен “Меҳрибонлик уйи”нинг директори эдинг-а?
РУСТАМ: Ҳа, пешонамга етмишта тирик етимга ҳам ота, ҳам она бўлиш ёзилган экан.
РАҲИМА: Қизиқ, нега тирик етим деяпсиз?
РУСТАМ: Чунки “Меҳрибонлик уйи”даги болаларнинг тўқсон фоизининг ота-онаси тирик! Лекин мен учун улар ўлик! Тирик мурда! Улардан нафратланаман! Улар инсон эмас!
РАҲИМА: Нега бундай деяпсиз? Улар шу қадар… ёвузми?
РУСТАМ: Ундан ҳам баттар! Ахир боласини тўққиз ой қорнида кўтариб, унга бахтли ҳаёт ҳадя этиш ўрнига, етимхона остоналарига, ҳожатхоналарга, ахлатхоналарга, кўчаларга, бозорларга, поездларга, кўп қаватли уйларнинг йўлакларига, ертўлаларга ташлаб кетаверадиган одамларни инсон деб бўладими? Гуноҳсиз гўдакнинг уволидан қўрқмаганларни барча мавжудотлар ичида онгли, азиз ва мукаррам деб эътироф этилган ИНСОН деб бўладими? Мен бу гумроҳларга қарата “Фарзанд Оллоҳнинг сизга берган ширин меваси, асл мўъжизаси! Ундан меҳрингизни, оқ сутингизни дариғ тутманг! Сиз бугун ташландиқ қилаётган фарзандингиз эрта бир кун ҳеч бўлмаганда кўзингизга бир бора тикилиб қарамоқ учун сизни қидириб топса, сиз ўзингиз хўрланган жигарбандингизнинг кўзларига қандай қарайсиз?” дея ҳайқиргим келади!
РАҲИМА: (ҳайратланиб) Наҳотки шундай бўлса!.. О-о! Қандай даҳшат!.. Қандай шармандалик!
РУСТАМ: Мен дастлаб иш бошлаганимда кўрган-билганларимдан даҳшатга тушиб, жинни бўлиб қолаёздим. Узоқ ишлай олмасам керак деб ўйладим. Кейинчалик, ўша гуноҳсиз гўдакларнинг тақдирига ўзимни дахлдор сезиб, иродамни қўлга олдим. Ахир кимдир шу ишни қилиши керак-ку!
РАУФ: Мен бирон марта “Меҳрибонлик уйи”ни кўрмаганман. У ерда болаларнинг қандай яшашини тасаввур қилолмайман.
РУСТАМ: “Меҳрибонлик уйи”да болаларга ҳамма шарт-шароит яратилган. Ҳамма нарса етарли. Фақат… болаларга энг керакли нарса – меҳр йўқ, холос, ота-онагина бера оладиган меҳр йўқ! У ерда ота-она деган сўз жуда кам тилга олинади. Тилга олинганда ҳам кимдир алам, кимдир қасд, кимдир меҳр ва соғинч билан эсга олади. Гарчи бу даргоҳни “Меҳрибонлик уйи” дея чиройли номласак ҳам, барибир у моҳият эътибори билан етимхона! Етимхонада эса ҳамиша меҳр танқис. Меҳрга зор бўлиб ўсган боланинг кўнгли ярим! Бахти ярим! Бундай болалардан келажакда яхши инсон етишиб чиқиши ҳам қийин! Уларнинг орасидан аламзадалар, қасоскорлар етишиб чиқса мен бунга ажабланмайман!
РАҲИМА: Тирик етимларнинг ота-оналари ҳаёт бўлса, наҳотки болаларидан хабар олишмайди?! Наҳотки улар шунчалик тошбағир бўлишса?!    
РУСТАМ: Ҳамма фожиа ана шунда-да! Улар кераксиз буюмдай ташлаб кетган болаларидан хабар олиш у ёқда турсин, ҳатто фарзандларининг қон ютиб битган хатларига жавоб ҳам ёзишмайди. Бечоралар соддадиллик билан мактубларига жавоб кутишади, ота-оналаримиз албатта бизни йўқлайди, бизни бу ердан олиб кетади деб умид қилишади. Боласини хор-зор қилиб, дуч келган жойга ташлаб кетган инсон қиёфасидаги махлуқлардан бундай мурувват кутиб бўлмаслигини етимлар тасаввур қилолмайди. Уларни сўнгги умидларидан маҳрум қилгим келмайди, ёлғон бўлса-да ёзган хатларига ота-онасининг номидан ўзим жавоб ёзаман, ўзим совға-саломлар уюштираман. Яқинда бир фожиа рўй берди. Эсласам ҳалиям титраб кетаман. Эс тортиб қолган, таъсирчан бир болакай бор эди. Жуда қобилиятли, зийрак эди. Яхши расмлар чизарди. Кутилмаган, ғаройиб саволларидан ҳайратланардим. Унинг онасига ёзган мактубларидаги нолалар, оҳу фиғонлар ҳар қандай тошбағир одамни ҳам ларзага соларди.
БОЛА: (овози) “Онажон! Мен сизни жуда-жуда яхши кўраман. Сизни шунчалар соғинаманки, бир бор келиб болам деб эркалашларингизни, сени олиб кетгани келдим дейишингизни эшитиш учун кунларни тунларга улаб кутаман. Сиз мени бу ерга ташлаб кетаётганингизда “эртага албатта сени олиб кетаман, болажоним, атиги бир кунга сабр қилиб тургин, тонг отиши билан сенга янги кийимлар ва чиройли ўйинчоқлар олиб келиб, сени бу ердан олиб кетаман” дегандингиз. Келишингизни интизорлик билан кутаман. Агар мени бу ердан олиб кетсангиз, ҳамиша яхши бола бўлишга, хархаша қилмасликка, мактабда аъло ўқишга сўз бераман. Мабодо келолмай қолсангиз, тушларимга кириб туринг. Тезроқ келинг. Мен сизни барибир яхши кўраман ва соғинаман…”
РУСТАМ: Болакай ҳар гал онасига мактуб ёзганда қоғозга бармоқларининг ҳам расмини чизиб, онасидан ҳам бармоқларининг расмини юборишни илтимос қиларди. Мен боланинг кўнгли чўкмаслиги учун ўзим ёзадиган жавоб мактубига онанинг бармоқларини ҳам ўзимча тасаввур қилиб, чизиб қўярдим. Афсуски, бир куни яхши ниятда қилинган бу ёлғоним тасодифан ошкор бўлиб қолди. Болакайнинг мурғак қалби бу ёлғонни ҳазм қилолмади. У бешинчи қаватдан ўзини ташлаб юборди. Жон бераётиб “Онажон! Мен сизни яхши кўраман!” деб шивирлади.
РАҲИМА: (кўзлари ёшланади) Ахир… бола асраб олмоқчи бўлиб юрган фарзандсиз оилалар ҳам бор-ку. Тирик етимларни шунақа оилаларга берсангизлар бўлмайдими?
РУСТАМ: Гоҳо шундай ҳам қиламиз. Аммо бу билан муаммони тўлиқ ҳал қилиб бўлмайди. Одамнинг оласи ичида бўларкан. Болани асраб оладиганларнинг ҳаммасини нияти холис, яхши одам деб бўлмас экан. Яқинда шаҳарга иш билан тушган тарбиячиларимиздан бири шунақа асраб олиш учун берилган бир болакайнинг метро бекатида тиланчилик қилиб ўтирганини кўриб қолибди. Болакай собиқ тарбиячисига ёпишиб олибди, мени бу ердан олиб кетинг деб йиғлаб ёлворибди. Маълум бўлишича, болани асраб олган одам уни тиланчилик қилишга мажбур қиларкан. Ҳатто, пулни кам топяпсан деб ҳар куни аёвсиз калтакларкан. Хуллас, болани қайтариб олдик. Шунақа кўнгилсиз воқеалардан кейин қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган бўлиб қолдик. Энди мен одамларни болага бўлган муносабатига қараб икки тоифага бўламан.
РАУФ: Унда… бизни қайси тоифага қўшасан?
РУСТАМ: Ўзим ҳам ҳайронман. Албатта, сизларнинг бу можаронгларни оқлаб бўлмайди. Тарозининг иккинчи палласига фарзанднинг тақдирини, унинг келажагини қўймагансизлар. Узр, очиқроқ гапирвордим…
РАУФ: (секин уф тортади) Гапларингда жон бор, дўстим. Нима учун шундай деётганингни ҳам яхши тушунаман. Балки биздан ҳам хатолик ўтгандир. Оллоҳ бизни фаришта қилиб яратмаганки, бир текис, хатосиз яшасак. Ҳай майли, энди фойдаси йўқ, ғишт қолипдан кўчган.
(орага ноқулай сукунат чўкади)
РУСТАМ: Дарвоқе, ўзинг… ишларинг ҳақида гапирмадинг. Диссертациянг нима бўляпти?
РАУФ: Диссертация ҳам қулоғини ушлаб кетди.
РУСТАМ: Нега энди? Анча-мунча меҳнат қилиб қўйган эдинг.
РАУФ: Сен боя керак бўлса оила учун ҳамма нарсани қурбон қилиш мумкин дединг. Мана мен ҳам ҳамма нарсани, ҳатто диссертацияни ҳам қурбон қилдим.
РУСТАМ: Тушунмадим. Нега, нима учун?
РАУФ: Қўшниларнинг эрига ўхшаб… кўпроқ пул топиш учун!
(Раҳима саросимада, гапирай дейди-ю, журъат қилолмайди)
РУСТАМ: Афсус! Афсус! Ҳеч бўлмаса меҳнатингга ачинмабсан-да.    
РАУФ: (елка қисиб) Мен нима қилишим керак эди?
РУСТАМ: Наҳотки… шунчаликка борган бўлсанглар? Бу қандоқ гап ахир? Нега индамайсиз, Раҳимахон?
РАҲИМА: Мен… нима ҳам дердим. РАУФ акамга қўлимдан келганча шароит яратиб беришга ҳаракат қилдим. Бўлмади барибир. Муросамиз тўғри келмади.
РАУФ: Космосга ҳам фикри бир жойдан чиқадиган, бир-бирини сўзсиз тушунадиган одамлар бирга учишаркан. Оила қуриш масъулияти космосга учишдан кам эмас. Биз Раҳима билан фақат битта масалада якдил бўлишимиз мумкин эди. Қандай масалада дейсанми? Мабодо уйга ўт тушгудай бўлса, бир эшикдан қочиб чиқишимиз мумкин эди.
РАҲИМА: Кўряпсизми, Рустам ака? Тилларидан ҳамиша шунақа “бол” томиб тургандан кейин муроса ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Ахир илгари бунақа эмас эдилар.
РАУФ: Балки ростдан ҳам илгари бошқача бўлгандирман. Сени ҳам илгари бошқача тасаввур қилганман. Ҳаётда ҳамма нарса ўзгариши мумкин, одамнинг феъл-атвори, характери ҳам ҳар хил таъсирлар оқибатида ўзгараркан. Умид билан бир ёстиққа бош қўйган хотининг сени тушунмаса, тушунишни истамаса, кўнглингга қараб иш тутмаса, ҳатто сенда кўнгил деган нарса борлигини билмаса, кўнглингга ошкора тупурса, албатта ўзгарасан!.. Ҳатто ўзгаришга мажбурсан!
РАҲИМА: Бу гапларга ишонманг, Рустам ака! Ҳаммаси уйдирма! Туҳмат!..
РУСТАМ: Демак, икковингиз ҳам бир-бирингизни чув тушириш учун, шахсий ҳаётингизни барбод қилиб, болаларингизни зор қақшатиш учун асл башарангизни яшириб, ниқобда юрган экансизлар-да! Тўйдан кейин ниқобга ҳожат қолмабди-да!
РАУФ: Қизиқ, ниқоб ҳақидаги шу гапларни боягина мен ҳам айтган эдим. Гапимиз бир жойдан чиқди.    
РУСТАМ: Йўқ, йўқ, мен сизларга ваъз айтиб, ақл ўргатмоқчи эмасман! Насиҳатга муҳтож ёшда эмассизлар. Мен…
(Хонага Умида кириб келади, меҳмоннинг сўзи бўлинади)
УМИДА: Ойи!..
РАҲИМА: Ҳалиям ухламадингми, она қизим?    
УМИДА: Уйқум келмаяпти.Ухласам, отам кетиб қолади деб қўрқяпман.
РАУФ: Кетмайман дедим-ку, қизим, борақол, ухлайвер.
УМИДА: Ҳар сафар кетмайман деб яна кетиб қоласиз. Амаки, сиз айтинг, отам энди кетмасин.
РУСТАМ: (шошиб) Хўп, хўп, мана, ҳозир айтаман…
УМИДА: Сизнинг ҳам қизингиз борми, амаки?
РУСТАМ: Бор, сен билан тенгдош.
УМИДА: Оти нима?
РУСТАМ: Оти – Феруза!
УМИДА: Бизникига олиб келинг Ферузани, бирга ўйнаймиз.
РУСТАМ: Хўп, албатта олиб келаман.
УМИДА: Эртага олиб кела қолинг.
РУСТАМ: Эртага… эмас, бошқа вақтда олиб келарман.
УМИДА: Нега эртага олиб келолмайсиз?
РУСТАМ: Чунки Феруза бу ердан узоқда яшайди.
УМИДА: Унда… қизингизни соғингандирсиз?
РУСТАМ: Соғиндим, жудаям соғиндим.
УМИДА: Мен ҳам отамни жуда-жуда соғинаман. Соғинсам ҳам кетиб қолаверадилар. Отамни узоққа ишга юборворишган. У ёқдаги ишларини битириб келганларидан кейин­ доимо биз билан яшайдилар. Ойим айтдилар. Бугун бизникида қолинг, агар сиз қолсангиз, отам ҳам қоладилар.
РАҲИМА: Қани, юрақол энди , она қизим.
(Раҳима Умидани етаклаб хонадан чиқади)
РУСТАМ: Қизинг эс тортиб қолибди. Қиз бола отага меҳрибон бўлади. Ҳеч бўлмаса шу қизингга раҳм қилмабсан-да, РАУФ!
РАУФ: Рустам, жо-он дўстим! Мени қийнама! Сенга қандай тушунтирсам экан? Мана, масалан, туфлимнинг қаери оёғимни сиқаётганини фақат ўзим биламан! Ахир инсон дунёга бир марта келади! Мен ҳам одамман! Мен ҳам одамдек яшагим келади.
РУСТАМ: Ахир ўртада…
РАУФ: Тўғри, ўртада фарзандлар бор. Уларга жабр бўлди. Ўртада фарзанднинг борлиги оила мустаҳкамлигининг кафолати бўлганда эди, ҳаётда бунчалик кўп кўнгилсизликлар, қўйди-чиқдилар, сен айтган ўша тирик етимлар бўлмасди. Фарзандлар соғлом, бахтли оила муҳитида ўсиб-улғайиши керак. Тўғри, ҳар қандай идеал-намунали оилада ҳам айрим келишмовчиликлар, тортишувлар бўлади. Чунки эркак ва аёл мусбат ва манфий ҳодиса! Орада ўт чиқиб туриши табиий. Сен “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” дейишинг мумкин. Афсуски, биз уришганда бу рўмол қурғур ҳадеганда қурийвермасди. Раҳима бир араз қилганда баъзан бир неча ойгача мен билан гаплашмасди. Ваҳоланки, мусулмончиликда уч кундан ортиқ аразлаб юриш гуноҳ ҳисобланади. Қизиғи шундаки, аразлашганимиз Раҳимани ортиқча ташвишлантирмасди. Боёқиш Умиданинг мунғайиб, жавдираб қарашларига ҳам парво қилмасди. Аксинча, “Менга барибир, сенсиз ҳам куним ўтаверади” дегандек, бемалол уйда қўшиқ айтиб, хиргойи қиларди. Гўё менинг уйда бор-йўқлигим ҳам уни қизиқтирмасди. Эр-хотин тилдан қолгандек соқов бўлиб юраверардик. Шундай пайтларда уйга қадам босгим келмасди. Аммо уйда менинг ёлғиз илинжим – Умидам бор эди. У ёш бўлсада менга ўрганиб қолганди. Онаси билан орамизда ола мушук ўтганда унинг изтироб чекиб, хомуш тортганини кўрсам юрагим эзилиб кетарди. У мурғак қалби билан оиладаги кўнгилсизликни пайқарди, бундан қийналарди. Ахийри шайтонга ҳай бериб, ғуруримни ичимга ютиб, эркак бошим билан мен ён берардим, биринчи бўлиб мен гапирардим. Раҳима бўлса “Ҳолинг шу экан-ку!” дегандек, ўзини ғолиб сезарди. Қани энди ўзинг айтчи, аёл киши инсон сифатида аввало самимий, оқкўнгил бўлиши керак эмасми? Мусулмончиликда аввало аёл киши эрига ён бериши керак эмасми?
РУСТАМ: Гапингда жон бор, албатта. Оллоҳга шукур, ҳаммамиз ота-она бўлиш бахтига муяссар бўлдик. Хўш, ота-она дегани нима ўзи? Ота-она – биринчи галда тарбиячи! Педагогикада шундай олтин қоида бор: “Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлмоғи керак!” Инсон табиати шу қадар мураккабки, буни тасаввур қилиш ҳам қийин. Гоҳо унинг хатти-ҳаракати жайдари мантиққа тўғри келмайди. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон инсон бўлиб қолиши керак. Бир умр комил инсонни орзу қилиб ўтган ҳазрат Навоий “Бу дунёга келиб гуноҳлардан фориғ бўлмай кетиш, ҳаммомга кириб, ювинмай чиқиш билан баробар!” деган эди.
РАУФ: Бўлиб ўтган нохушликларни ўйласам, болаларнинг тақдирини кўз олдимга келтирсам, виждоним қийналади, албатта! Тузатиб бўлмас хатога йўл қўйганимни юрак-юракдан ҳис қиламан. Бундан эзиламан.
Биз Раҳима билан кўзни чирт юмиб, оппа-осон ажрашиб кетмадик. Йўқ! Сенга ўхшаб орага тушганлар, хайрихоҳлар кўп бўлди. Оилавий можаромиз ҳар гал қўйди-чиқдига бориб тақалар, ҳар гал болаларни ўйлаб шайтонга ҳай берар эдим. Хуллас, оилани сақлаб қолиш учун қўлимдан нима келса ҳаммасини қилдим. Аммо иложи бўлмади. Ахийри асабларим тамом бўлди. Соғлиғимдан ажрадим. Ҳеч нарсага қизиқмай қўйдим. Илмга ҳам. Ниҳоят, сўнгги чора қолди. Бошқа иложим йўқ эди. Хуллас, (қўл силтайди) қўй энди, бу ҳақда гаплашмайлик.
РУСТАМ: Майли, ихтиёринг… Аммо барибир ақлим бовар қилмаяпти. Ажабо, агар ҳаётда сизларга ўхшаб астойдил севишиб турмуш қурганларки ажрашиб кетаверса, унда севишмай турмуш қурганлар қандай яшар экан? Наҳотки ажралиш сўнгги чора бўлса?
РАУФ: Майли, мен сенга ўша – нохуш кунлардан фақат бир шингил айтиб берай, қолганини ўзинг тасаввур қилиб олаверасан. Бир куни ишдан келсам, Раҳима арзимаган нарсадан жанжал чиқариб, аюҳаннос сола бошлади. Девор-дармиён қўшним Маҳкам ака можарони эшитиб, ноилож музокарага чиқди. Раҳима одатдагидек, ҳе йўқ, бе йўқ, юзингда кўзинг борми демай, мени қўшнига ёмонлай кетди. Жазавага тушганда фаросат туйғуси ўтмаслашиб қоларди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Менинг устимдан аёвсиз мағзава тўка бошлади. Айни чоғда у беихтиёр ўзининг асл башарасини намоён қилаётган эди. Мен бир четда ичимдан зил кетиб, индамай туравердим. Маҳкам ака ҳам гоҳ кулимсираб, гоҳ хўмрайиб, тоқат билан тинглаб турди. Кейин у кутилмаганда шундай деди: “Гапириб бўлдингизми, келин? Энди мендан эшитинг. Биз келинойингиз билан турмуш қурганимизга қирқ уч йил бўлди, Оллоҳга шукур, шу вақтгача сиз оғзимиз сенга бормади. Овозимиз девордан ташқарига чиқмади. Агар мабодо фалакнинг гардиши тескари айланиб, келинойингиз ҳам сизга ўхшаб шунақа қилиқ қилса, бошқалар олдида юз-хотир қилмай обрўйимни тўкса, бунақа хотиннинг уруғи Ҳиротдан келган бўлса ҳам мана шу уйнинг бешинчи қаватидан пастга ташлаб юборардим. Билдингизми? Гапим тамом! Энди зинҳор можаронгларга аралашмайман! Оллоҳ ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин!”
Раҳима оғир-вазмин қўшнимдан бундай гапни кутмаган эди, бақа бўлиб қолди. Аммо барибир инсофга келгани йўқ. Қайтангга “Ҳамма эркаклар бир гўр!” дея бутун эркак зотини қарғаб чиқди.
РУСТАМ: Аёл зоти биз эркаклар тасаввур қилганимиздан кўра мураккаброқ, бутунлай бошқача хилқат. Уларни тушуниш осон эмас. Аёлларнинг руҳий дунёси, психологияси ҳам бутунлай бошқача. Масалан, хотинлар булбулигўё бўлиб сайрагиси келганда биз эркаклар сукут сақлаб, жим туришни хоҳлаб қоламиз. Ўша лаҳзада кайфиятингни уларга тушунтириш, уқтириш қийин. Улар дунёни бошқача идрок этишади, бошқача кўришади. Биз эркаклар буни ҳисобга олмаймиз, оқибат – ўзимизни ҳам, уларни ҳам қийнаймиз…
РАУФ: Балки гапингда жон бордир… Ростдан ҳам уларни тушуниш қийин. Айниқса оқни қора, қорани оқ деб тураверса, ҳафсаланг пир бўлиб, ҳамма нарсадан тўйиб кетасан, ҳатто яшагинг ҳам келмай қолади.
РУСТАМ: Ҳаётда ҳеч нарса сабабсиз содир бўлмайди. Аёл учун эътиборсиз қолишдан ортиқ жазо йўқ. Унга ҳам меҳр, эътибор, ширин сўз ва эркалашлар керак. Руҳшунослар “Хотинлар қулоғи орқали севади” деб бежиз айтишмаган.
РАУФ: Тўғри, аммо эркак ҳар икки гапнинг бирида хотинига севги изҳор қилиши шарт эмас. У хотинига меҳрини амалий ишлари, ҳаёт тарзи билан ҳам кўрсатиши мумкин. Масалан, у ошхонадаги носоз жўмракни вақтида тўғрилаб қўйса, рўзғорнинг асосий юкини, бозор-ўчарни ўз зиммасига олса кифоя эмасми?
РУСТАМ: Гапингда жон бор. Лекин барибир сизларнинг қўйди-чиқдиларингга асосий туртки бўлган нарса нима ўзи? Мен дўстингман, очиғини айтавер энди.
РАУФ: Очиғини айтганда… Биз турмушнинг оғир синовлари, рўзғор деб аталмиш оғир юк елкага тушганда мувозанатимизни йўқотиб қўйдик. Кичик илмий ходимнинг маоши ўзингга маълум, зўрға амал-тақал қилиб рўзғор тебратардик. Диссертацияни ёқлаб олсам, маошим сал кўпаяр, кейинчалик дурустроқ ишга ўтиб оларман деб ўйлардим. Аммо аксига олиб, бизнинг илмий-текшириш институтимизда штатлар қисқариб кетди. Ишдан бўшаб, уйда ўтириб қолдим. Раҳима ҳам ишламасди. Ётиб еганга тоғ чидамас дейдилар. Етишмовчилик, йўқчилик ёмон бўларкан. Анча қийналиб қолдик. Мен умримда бозор-ўчарга, савдо-сотиққа қизиқмаганман, бунақа ишларга уқувим ҳам йўқ. Телефон олдида ўтирволиб, рекламаларга қўнғироқ қилардим, ўзимга мосроқ иш қидирардим. Аммо ҳадеганда омадим юришавермади, мен шунда ҳам умидсизликка тушмадим, бу қийинчиликлар вақтинча эканлигига ишонардим. Фақат… шундай қийин-қисталанг паллада умид билан бир ёстиққа бош қўйган хотиним кайфиятимни кўтариш, менга далда бериш ўрнига ҳар куни минғирлаб асабимни эговларди, мени ношудликда, ялқовликда, одамларнинг эрига ўхшаб пул топишни билмасликда айбларди. Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига дегандек, ҳали уни олиб беринг, ҳали буни олиб беринг деб хархаша қиларди. Бу ҳам етмагандек, ойисига бориб мени ёмонларди. Ойи­си бир неча марта келиб, “Битта рўзғорни эплолмаган эр эрми?” дея ярамга туз сепиб кетди. Мен хотин киши билан айтишиб ўтирмадим, оғирлик қилдим, тишимни тишимга қўйиб, барига чидадим.
Бир куни Раҳима кўчадан янги гап топиб келди. Бозорда қандайдир савдогар аёл билан танишиб қолибди. У кичикроқ фоизи билан қарзга пул бериб турадиган бўлибди. Иккови биргаликда савдо билан шуғулланармиш. Ҳар “рейс”дан катта фойда қолармиш. Бу гапларни эшитиб, тепа сочим тикка бўлиб кетди. “Эсингни едингми? Умрингда савдо билан шуғулланмагансан-ку! Яна чув тушиб қолмагин!” десам, “Одам қилган ишни одам қилади, бу ёғини ўзимга қўйиб беринг!” деди. “Йўқ, мен хотинини бозорга чиқариб, ўзи уйда ўтирадиган эрлардан эмасман! Ўзимга яраша ғурурим бор. Яна бироз сабр қил, бир-икки жойдан ишнинг дараги чиқяпти, ҳаммаси яхши бўлиб кетади”, дедим. Аммо у ўжарлик қилиб сўзида қаттиқ туриб олди. Ҳар куни шу ҳақда гап очиб, асабимни қақшатарди. Ахийри бир куни тоқатим тугаб, “Э бор-э, билганингни қил!” деб юбордим. Раҳима шундан кейин енг шимариб ўзи топган янги ишга шўнғиб кетди. Уйда кам бўларди. Ноилож, болаларга ўзим қараб қолдим. Илгари хотинини тирикчилик учун кўчага чиқариб, ўзи уйда ўтирадиган эркаклардан нафратланардим. Тақдирнинг ўйинини қарагинки, энди ўзим ўшаларнинг биттасига айланиб қолгандим.
Раҳима савдодан анча-мунча пул топадиган бўлгач, юриш-туриши, муомала-муносабати ҳам ўзгарди, мени назарига илмай қўйди. Мен бу хонадонда ортиқча одамга айланиб қолгандай эдим. Ортиқ бу уйда яшолмаслигимни билиб, костюмни елкамга илдиму уйдан чиқиб кетдим. Энди бу ерда биргина илинжим – Умида! Шу гуноҳсиз норасидани деб келаман.
РУСТАМ: Ҳа, болада гуноҳ йўқ. Катталарнинг гумроҳлиги учун болалар изтироб чекмаслиги керак. Достоевскийнинг бир ибратли гапи бор: “Бутун дунё цивилизацияси гўдакнинг бир томчи кўзёшига арзимайди!”
(орага сукунат чўкади. Рустам сигарет чекиб, хонада юра бошлайди)
РАУФ: Янги асрга қадам қўйганимизда хом сут эмган банданинг табиати яхши томонга ўзгарармикан деб умид қилгандим. Тараққиётда кўп оламшумул ютуқларга эришдик, аммо инсон табиатидаги ноқисликлардан ҳали-ҳамон қутулолмаяпмиз.
Агар янглишмасам, ҳозирги ёшлар яқин ўтмишдаги “Хотин-қизларнинг озодликка чиқиши” ёки “очиққа чиқиши” деган тушунча-ҳаракатни яхши билишмайди. Бу энди тарих бўлиб қолди-да. Тарих эса ҳақиқатнинг онаси. Айрим жумбоқларнинг туб моҳияти ва сабабларини чуқурроқ англашда биз барибир тарихга суянамиз. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида хотин-қизлар ихтиёрий-мажбурий равишда озодликка чиқарилди. Ҳа, ҳа, ихтиёрий-мажбурий! Аслида “озодликка чиқарилди” деган сўзни қўштирноққа олиб айтилса мантиқан тўғрироқ бўларди. Хотин-қизлар қамоқхонадан озод этилмаган, фақат паранжи-чачвондан қутулишган, эркаклар қатори ўқийдиган, ишлайдиган бўлишган. Тўғри, тараққиёт нуқтаи назаридан буни ижобий баҳолаш керак, албатта.
РУСТАМ: Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор-да, дўстим. Аёллар озодликка чиққач, айни чоғда кўп нарса йўқотди ҳам. Аввало, аёл сифатида, она ва уй бекаси сифатида кўп нарса йўқотди. Озодликни суиистеъмол қилди. Ҳақ-ҳуқуқим тенг бўлди дея ҳаддидан ошиб кетди. Кўрмаганнинг кўргани қурсин деганларидек, четдан келган, бизнинг менталитетимизга, миллий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган бегона ахлоқнинг таъсирига берилди. Қолмишига бу ёқда энди “оммавий маданият”, “замонавий турмуш тарзи”, “шахс эркинлиги” деган балои азимлар хуруж қиляпти. Оқибатда аёл ўзининг асл вазифаси, бурчи нимадан иборат эканлигини унутди. Натижада, энг ёмони – шоирлар асрлар давомида куйлаган, улуғлаган бебаҳо қадрият – шарқона одоб-ахлоқдан узоқлашди. Бунинг аянчли оқибатини ҳар қадамда кўриб турибмиз.
РАУФ: Ҳа, бугунги кун аёли юз йил олдинги аёл эмас! Оилада сал таранглик, муаммо пайдо бўлса, ён бергиси келмайди, хавфнинг олдини олиш ўрнига, дарров ҳақ-ҳуқуқини рўкач қилади, “Мустақил яшасам ҳам кунимни кўриб кетавераман, керак бўлса болаларимни ҳам боқиб оламан” дейди.
РУСТАМ: Аммо ҳамма аёллар ҳам ёмон десак адолатдан бўлмайди, дўстим. Яхшилари ҳам бор, албатта.
РАУФ: Улар… ухлаётганда яхши дейишади…
РУСТАМ: Ҳа энди, сенинг оғзинг куйган, нима десанг деяверасан. Аммо билиб қўй, қарс икки қўлдан. Сен ҳам барибир фаришта эмассан.
РАУФ: Тўғри, фаришта эмасман. Мен бурнидан нарини кўролмайдиган тентакман, ўйламай иш қиладиган гумроҳман. Азобини ҳам мана ўзим тортяпман. Мен лоақал Раҳиманинг нима учун олдинги турмуши бузилганини тузукроқ суриштиришим керак эди.
Бир куни қизиқ воқеа бўлди. Хизмат сафарига кетаётиб поездда ўзим тенги бир йигит билан ҳамроҳ бўлиб қолдим. У журналист экан. Гап айланиб келиб оила масаласига тақалди. Боёқиш кўнгли очиққина экан, бор дардини тўкиб солди. Менга ўхшаб у ҳам хотиндан ёлчимаган экан. У гапиряптию менинг ҳайратим ошиб бораяпти. Йигит ўзининг эмас, худди менинг ҳаётимни, менинг изтироб-аламларимни ҳикоя қилаётгандек эди. Унинг хотини ҳақидаги гапларни эшитарканман, беихтиёр кўз олдимга Раҳима келаверди. Ахийри суҳбат давомида маълум бўлдики, у Раҳиманинг олдинги эри экан!
РУСТАМ: Ана холос! Тоза қизиқ бўлибди-ку! Кундошлар роса ҳасратлашибсизлар-да!
РАУФ: Аммо мен ўзимни танитмадим.
РУСТАМ: Ғуруринг йўл қўймадими?
РАУФ: Гап фақат бунда эмас. Айтдим-ку, у журналист экан. Ўзимни танитсам, бунақа антиқа воқеани биронта сариқ матбуотда ёзворса шарманда бўламан-ку! Оила сири барибир муқаддас нарса, уни овоза қилиш яхши эмас.
РУСТАМ: Сен айтган ўша сариқ матбуот шунақа оилавий можароларни элга достон қилиб ёзиб чиқяпти-ку! Энг ёмони – одамлар шунақа юзаки, енгил-елпи нарсаларни ўқишга ўрганиб қолди. Жиддийроқ нарсаларга қизиқмайди.
РАУФ: Афсуски, шунақа бўлиб қолди. Жиддий нарсалар билан бошини қотиргиси келмайдиганлар, қорин орқали фикрлайдиганлар кўпайди. Шунақа тоифанинг кўпайгани кимларгадир қўл келаётганга ўхшайди…
(Раҳима хонага чойнак кўтариб киради)
РАҲИМА: Чойинглар совиб қолибди. Ичиб ўтиринглар. Овқат ҳам ҳозир тайёр бўлади.
РУСТАМ: Овора бўлманг, Раҳима. Айтдим-ку, мен ҳозир қайтаман.
РАҲИМА: Овораси бор эканми, озиб-ёзиб бир келибсиз…
РУСТАМ: Ҳа, озиб-ёзиб бир келувдим, бунақа нохушликка гувоҳ бўлганимдан пушаймонман. Кўрмасдан, билмасдан, ўша – узоқларда ғойибона сизларни эслаб, сизларни соғиниб юраверганим тузук эди. Сизларни Наврўзда биз томонларга – тоққа таклиф қилмоқчи эдим. Энди бориб Насибага нима дейман? Ҳай майли, ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ! Сизлардан бутунлай умидимни узмайман. Балки кейинги келишимда… инсофга келиб, ярашиб кетарсизлар. Яхши ният – ярим мол.
РАҲИМА: Яхши ниятингиз учун қуллуқ, Рустам ака, лекин…
РАУФ: Лекин бу ишда мажбурият олиб бўлмайди. Янглишмасам, Раҳима ҳам худди шундай демоқчи. Қолаверса, шоир айтганидек, “Сен ёшсан, қалбингнинг гўзал маҳали, Кўпларга севимли бўларсан ҳали”.
(Раҳима ўзини тутолмай, бирдан йиғлаб юборади ва шошиб чиқиб кетади)
РУСТАМ: Чакки қилдинг. Ҳарқалай, яхши бўлмади. (девор соати жиринглайди) Майли, мен борай энди. Раҳимани безовта қилмай қўя қолайлик.
РАУФ: Дарвоқе, шаҳарда ишларинг битгунча яна бир-икки кун турарсан?
РУСТАМ: Йўқ, узоқ туролмайман. Айтдим-ку, тирик етимларга қаттиқ боғланиб қолганман. Тезроқ қайтишим керак. Эртага машҳур ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовга учрашиб, уни “Меҳрибонлик уйи”га таклиф қилмоқчиман. Болалар унинг китобларини ўқиб, учрашувга шай туришибди. Ёзувчига берадиган анча-мунча саволлари бор. Ўткир ака билан олдин ҳам учрашув ўтказгандик. Ўшанда у совға қилган бир китобига шундай дастхат ёзиб берувди: “Илоё, бу болаларнинг ота-оналари ўтган бўлса, худо раҳмат қилсин. Борди-ю ҳаёт бўлса, бахти қаро бўлсин, бахти қаро бўлсин…”
РАУФ: Ҳа, таъсирли гап айтибди. Нима бўлса ҳам ёзувчи-да.
РУСТАМ: Афсуски, бундай таъсирли гаплар эгасини топмайди. Топганда ҳам у манқуртларга таъсир қилмайди.
РАУФ: Ҳа, тўғри айтасан.
РУСТАМ: (шошиб соатига қарайди) Ў-ҳў-ў, гап билан бўлиб вақтнинг ўтганини ҳам сезмай қолибмиз. Борақолай энди. (ўрнидан туради)
РАУФ: Шошма, мен ҳам сен билан кетаман.
РУСТАМ: Сен… қолавер. Бемаҳалда энди қаёққа ҳам борасан? Нима бўлганда ҳам… ўрганган жойинг. Боёқиш қизинг ҳам кетиб қолганингни билса, баттар куйиниб, ичикади. Болани ўкситма. Кейин… сезишимча, Раҳима ҳам қилмишидан пушаймон бўлиб юрганга ўхшайди. Бечоранинг дарди ичида. Унга синчиклаб қарагин, ўзинг ҳам сезасан. Хаёлингга фақат битта фикр – “хотиним ёмон” деган фикр ўрнашиб қолган. Одамзод – хом сут эмган банда, у фақат яхши ёки фақат ёмон бўлиши мумкин эмас! Сен – олим одамсан, буни тушунишинг ва кечиримли бўлишинг керак! Ахир инсоннинг бутун умри муросадан иборат!
РАУФ: Гапларингда жон бор, дўстим, аммо мен… (бир зум иккиланади) Йўқ, барибир кетишим керак! Кетдик!
РУСТАМ: (елка қисиб) Нима ҳам дердим, ўзинг биласан.
(РАУФ билан Рустам чиқиб кетишади. Эшик очилиб, яна қарсиллаб ёпилади. Бироздан сўнг хонага Раҳима оҳиста, секин кириб келади. Қиёфасидан касалманд одамга ўхшайди. У шошмай стол устидаги идиш-товоқларни йиғиштира бошлайди. Ногоҳ кўкрагини ушлаб, туриб қолади. Сўнг, энгашиб, диванга омонатгина ёнбошлайди. Умидани бемажолгина, заиф товушда чақиради. Хонага Умида чопиб киради)
РАҲИМА: (оҳиста, инграб гапиради.) Кетди… Кетди… Вой, менга нималар бўляпти? Умида, қаердасан, қизим?        
УМИДА: Ойижон, мен шу ерда – ёнингиздаман! Сизга нима бўлди? Яна юрагингиз оғрияптими? Келинг, дурустроқ ётиб олинг. Ие, отам қани? Кетиб қолдими? Меҳмон амаким-чи? Отажон! Қаердасиз? (йиғлайди) Ойим… Ойим яна касал бўлиб қолди…Отажон!
РАҲИМА: (зўрға ҳарсиллаб гапиради) Жавондан… ҳалиги дорини олиб келгин.
(Умида чопиб кетади ва бироздан кейин қайтиб киради)
УМИДА: Тополмадим, ойижон.
РАҲИМА: Тузукроқ… қидиргин, қизим.
(Умида яна бўшашиб қайтиб чиқади ва анчадан сўнг қайтиб киради)
УМИДА: (йиғламсираб) Тополмаяпман, ойижон. Қаерга қўювдингиз ўзи?
РАҲИМА: Майли, қўявер. Энди бор… Йўқ, тўхта, бир пиёла чой қуйиб кел.
(Умида чой қуйиб келади. Раҳима чойни ичиш учун бош кўтаради-ю, яна кўкрагини чангаллайди)
УМИДА: Мана чой, ойижон.
РАҲИМА: Қани бер-чи.
УМИДА: Юрагингиз яна оғрияптими, ойижон? Кўзингизни очинг, ойижон, қўрқиб кет­япман, ойижон… (йиғлайди)
РАҲИМА: Қўрқма, қизим, мен… ҳеч нарса… Д-дори…
УМИДА: Ҳаммаёқни титиб чиқдим, ойижон, йўқ экан.
РАҲИМА: Жавоннинг тепасини қараб кўр-чи!
(Умида чиқади-ю, яна қайтиб киради)
УМИДА: Бўйим етмаяпти, ойижон.
РАҲИМА: Стулни олиб бориб, устига чиқ.
УМИДА: Ҳозир, ойижон, ҳозир…
(Умида стулни судраб чиқиб кетади. Кўп ўтмай нариги хонадан ниманингдир тарақлаб ағдарилгани ва Умиданинг йиғиси эшитилади)
РАҲИМА: (хаста овозда) Умида! Нима бўлди, қизим?
(Она ўрнидан турмоқчи бўлади, туролмайди. Юзларидан тинимсиз тер қуйилади. Оғир-оғир нафас олади. Анчадан сўнг ярим ёнбошлаб, қаддини ростлашга уринади. Хонага бурни қонаб, пешонаси ғурра бўлган, сочлари тўзғиган Умида кириб келади. Она-бола бир-бирининг аҳволини кўриб, серрайиб қолишади. Умида бирдан онасининг қучоғига отилади. Иккиси ҳам тўлиб-тўлиб йиғлашади)
УМИДА: Ойи! Ойижон!
РАҲИМА: Қўй, болам, йиғлама! Йиғлама дейман.
УМИДА: Отам энди қачон келади? Отам келса биз… ёлғиз қолмаймиз-а, ойижон?
(Она қизини бағрига босади)
УМИДА: Нега индамайсиз? Отам энди қачон келади? Айтинг, қачон келади отажоним?
(Она қизини бағрига маҳкам босганча унсиз йиғлайди. Шу маҳал эшик қўнғироғи кетма-кет жиринглайди. Умида сапчиб эшик томон отилади)
УМИДА: Отам! Отам! Отажоним! (Қалтироқ қўллари билан эшикни очмоқчи бўлади. Ҳаяжонланиб очишга қийналади. Ойисига мўлтираб тикилади) Ойижон! Тезроқ очинг, отажоним кутиб қолдилар!
(Раҳима эшикни очади. Остонада РАУФ кўринади.
Умида отасининг қучоғига отилади. Бўйнидан маҳкам қучоқлаб олади)
УМИДА: Отажон! Отажоним! Қайтиб келдингизми?
РАУФ: Ҳа, қайтиб келдим, қизалоғим, келдим. (қизининг сочларини силайди, юзларидан ўпади) Сен учун келдим! Сени деб келдим! Қизалоғим, шириним, сени деб келдим…
УМИДА: Бутунлай келдингизми?
РУСТАМ: Ҳа, бутунлай келдим!
УМИДА: Вой, қандай яхши! Қандай ажойиб! Энди ҳамиша бирга яшаймиз! Ҳамиша бирга бўламиз! Қандай яхши! Ойижон, нега индамаяпсиз?
РАҲИМА: Сен хурсанд бўлсанг, мен ҳам хурсандман, қизим! (елкалари йиғидан титрайди, рўмолчаси билан кўзёшларини артади)
УМИДА: Отажон! Мен қайтиб келишингизни барибир билардим.
РАУФ: Қандай… қаердан билардинг?
УМИДА: Чунки сиз мени яхши кўрасиз-ку, тўғрими?
РАУФ: Тўғри, тўғри!
УМИДА: Менсиз яшолмайсизку, тўғрими?
РАУФ: Тўғри! Сенсиз яшолмайман! Шунинг учун ҳам… келдим. Энди сен учун яшайман! Сен менинг ҳаётимсан! Сен менинг ягона қувончимсан! (Умидани бағрига босади)
УМИДА: Отажон! Бир-бирини яхши кўрган одамлар ҳамиша бирга бўлишлари, бирга яшашлари керак!
РАУФ: Жудаям тўғри фикр! (ҳайратланиб) Қизиқ, бунақа ақлли гапларни қаердан биласан? Мактабда… ўргатишадими?
УМИДА: Йўқ! Сизни соғиниб юрганимда… соғиниб-соғиниб йиғлаганимда ўйлаб топганман! Энди… соғинтирмайсизми?
РАУФ: Энди, худо хоҳласа ҳамиша бирга бўламиз!
УМИДА: (яна отасини қучоқлайди) Вой, қандай яхши! Қандай мазза!
РАҲИМА: Қизим! Бунақада отангни толиқтириб қўясан. Энди юринглар, чой ичамиз.
(РАУФ билан Раҳима Умидани ўртага олиб, етаклаб ошхонага чиқадилар)
            
“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 2-3-сонлар