Иш қидира-қидира янги ташкил этилган газета таҳририятига келиб қолдим. Котиба бош муҳаррирнинг банд эканлигини айтгач, қабулхонада ўтириб кута бошладим.Кутганда вақт ўтиши қийин, аммо кутмай иложим қанча. Орадан ярим соатлар чамаси вақт ўтса ҳамки бошлиқ бўшай қолмасди. Ахийри сабрим чидамай котибадан сўрадим:
— Кечирасиз, ичкарида муҳимроқ масала кўриляптими?
— Ҳа, жудаям муҳим масала! — котиба шундай деди-ю негадир нозик бурнинижийириб, кулиб қўйди.
— «Летучка» бўлаётгандир-да? — дедим таҳририят ишидан хабардорлигимни писанда қилиб.
— Э-э, қанақа летучка? Шахмат ўйнашяпти!
— Йўғ-э?! Ростданми? — беихтиёр суюниб кетдим. — Бошлиғингиз…шах-матни биладими?
— Биладигина эмас, Боқибой Сагатович ғирт шахмат жинниси! — олдинига ҳовлиқиб кетганимдан андак ҳайратланган котиба кейинги сўзларни деярли шивирлаб айтди. Мен худди ишим ҳал бўлгандек мамнун эдим. Чунки мен ҳам шахмат жинниси эдим-да. Икки жиннининг тил топиши қийин бўлмаса керак. Камбағалнинг ишини худо ўзи ўнглайди.
Яна кута бошладим. Энди сиқилмасдим. Бошимни кўтариброқўтирдим. Ўзимча кулимсираб қўйдим. Чунки кўнглим тўқ эди. Котиба мендаги ўзгаришни тушунолмай юзимга ажабсиниб қараб қўйгач, шундай деди:
— Агар ишингизжуда зарур бўлса, секин рухсат сўраб кира қолинг.
— Бу…мумкинми ўзи?
— Айтяпманку – рухсат сўраб…
— Шахмат ўйнаётган бўлса, жаҳли чиқмайдими?
— Бу ёғи энди омадингиз, агар ютаётган бўлса жаҳли чиқмайди.
Мен бошлиққа ғойибона омад тилаб, секин эшикни тақиллатдим. Ҳадеганда жавоб бўлавермади. Чамаси, жанг қаттиқ кетаётганга ўхшарди.
— Қаттиқроқ тақиллатаверинг, — деди котиба, — булар ўйинга бир мукка кетса, бор дунёни унутади.
Котибанинг далдасидан дадилланиб, қаттиқроқ тақиллатдим, ичкаридан садо чиқавермагач, эшикни қия очиб, «Мумкинми?» деб сўрадим.
Тўладан келган, сийрак сочлари тўзғиброқ кетган бошлиқ менга беписанд қараб, «Киринг!» деди-ю олдидаги шахмат тахтасига энгашди. Қаршисидаги озғин рақиби эса худди бурни билан сипоҳларни сузишга чоғлангандек мукка тушиб ўйлаяпти. Буришган пешонаси сузмахалтага ўхшарди. Юзи деярли кўринмасди. Мен нима қиларимни билмай бир лаҳза кенг хона ўртасида туриб қолдим. Бошлиқ ёнидаги стулга ўтиришимни ишора қилгач, омонатгина жойимга чўкдим. Беихтиёр тахтага кўз ташладим. Жанг айни авжига чиққан эди. Малакали шахматчи эмасманми, бир қарашда бошлиқнинг қўли баланд эканини пайқадим. «Хайрият!» деб қўйдим ичимда. Рақиби эса ҳамон ўйлар эди. Бошлиқ бетоқатланиб, асабий томоққирди. Сўнг, жаҳл билан сўради:
— Юриш сизданми ўзи?
— Ҳа, мендан, мендан, — деди рақиби ичидан зил кетиб.
— Сиздан бўлса юрингда, дўстим! Юракни қон қивордингизку!
— Сиз ўйласангиз мен шоширмайманку! — деди рақиби аччиғланиб.
— Барибир мен сизчалик кўп ўйламайман.
— Ўйлайсиз, ўйлайсиз.
— Шахматни ўйлаш учун чиқарганда, дўстим. Агар истасангиз, бундан кейин соатни қўйиб ўйнаймиз. Ўшандаям барибир ютқазасиз.
— Катта гапирманг.
Мен бу даҳанаки айтишувдан уларнинг бир-бирига ҳадди сиғадиган эски рақиблар эканини пайқадим. Жанг яна келган жойидан давом этарди. Тахтага жиддийроқ разм солиб қарадиму бошлиқнингикки юришда рақибини мот қилиши мумкинлигини кўриб қолдим. Четдан қараганга яхши кўринади-да. Бошлиқ эса қаёқдаги кераксиз юришларни қиларди. Ичим қизиб кетди. Ўша юришни айтворай дедиму ўзимни аранг тийиб қолдим. Шахматнинг ҳам ўзига яраша одоби бор-да. Қолаверса, ишим тушиб турган бошлиқнинг олдида шаккоклик қилишим яхши эмас.
Ўйин унчалик узоқ давом этмади. Бошлиқ шахматни яқинда ўрганган ҳаваскор янглиғ рақибининг ҳамма доналарини эринмай, битта қўймай қириб ташлагач, якка қолган шоҳни бир амаллаб мот қилди. Суюнганидан семиз юзлари ёйилиб кетди, кўзлари оловланди. Қўлларини бир-бирига ишқаб, ўзича ғалаба нашидасини сурди:
— Аммо-лекин сиз ҳам чакки эмассиз, дўстим, яхши қаршилик кўрсатдингиз. —Бироқ зўрдан зўр чиқса…
— Мақоламнинг кейинги тақдирини ўйладимда, — деди рақиби пайровни давом эттириб ва эски сумкасидан қўлёзмасини чиқариб, бошлиқнинг столига қўйди. — Зўр нарса, номерга берворсангиз ҳам бўлади.
— Рақибларнинг ҳурмати бор, албатта босамиз, — деди бошлиққўлёзмани шунчаки йўлига варақлаб кўргач. — Агар ёқмаса, ёқмаса… босиб ётаверамиз.
Бошлиқ билан ёлғиз қолгач, столда тартибсиз сочилиб ётган шахматга қараб, бояги фикримни ботиниб-ботинмай айтдим:
— Сиз аллақачон икки юришда мот қилишингиз мумкин эди.
— Йўғ-э?! — бошлиқ ишонқирамай, юзимга хайрат билан тикилди.
— Мана, ҳозир кўрсатаман. — Мен шоша-пиша доналарни ўша жанг қизиган ҳолатида қайта тикладим ва оддийгина мот қилиш йўлини кўрсатдим.
— Э қойил! — деди бошлиқ худди кўзбоғлоғичнинг ҳунарига танберган томошабиндек. — Сиз ҳам…ўзимиз қатори экансиз-да?!
— Ҳа энди…баъзан ўйнаб турамиз, — дедим камтарлик билан.
— Ундай бўлса, қани бир қўл ташлашайликчи, — бошлиқ жавобимни ҳам кутмай доналарни тера бошлади. Ноилож кутилмаган янги рақибимга рўпара бўлдим. Хаёлимда минг хил ўйлар ғужғон ўйнайди. Мен ҳам анойи эмасман, ишим тушиб турган бошлиқни ютиш хавфли. Мабодо ютқазсам…ютқазсам осмон узилиб тушмас. Ким билиб ўтирибди, ёнимда уяладиган гувоҳлар йўқ, ёлғизмиз. Бемалол ютқазиб, ишимни битирсам бўлдида. Лўлини эшагини суғор, пулини ол.
Ниҳоят, ўйин бошланди. Бояги ғалаба нашидасидан ғурурланган бошлиқ мени назар-писанд қилмай, дадил-дадил юра бошлади. Аммо шахматда дадил юрган эмас, тўғри юриш қилган ютади. Кўп ўтмай бошлиқ шахматнинг энг оддий қонун-қоидасидан, дебют, миттелшпил, эндшпил деган назариялардан мутлақо бехабарлиги маълум бўлди-қолди. Илк юришларданоқ йўл қўйган қўпол хатоларидан унумли фойдаланиб, дарҳол попугини пасайтириб қўйишим мумкин эди, аммо шайтонга ҳай бердим. Ютқазишнинг оқилона йўлини излай бошладим. Аммо мен ўқиган шахмат китобларида бу усул ўргатилмаган эди. Шу боис уни ўйин жараёнида ўзим ихтиро қилишимга тўғри келди. Рақибинг кучингга мос бўлмаса, бу иш ҳам осон эмас экан. Уриниб-суриниб, ҳарқалай бу мушкулотнинг уддасидан чиқдим. Атай сезмай қолган бўлиб, кетма-кет сипоҳларимни текинга олдириб қўйдим. Аммо бошлиқ тушмагур оёғидан боғланган ўлжани ҳам отолмаётган овчи янглиғ ютиш йўлини тополмасди. «Э-э, мана бундоқ-бундоқ юрмайсизми?» деворишимга сал қолди. Ахийри,астойдилқилган «саъй-ҳаракатим» бесамар кетмади. Ғалаба сурури залворлироқ бўлиши учун то мот бўлмагунимча қаршиликни тўхтатмадим. Ахийри мот бўлгач, сал енгил тортдим, шоҳимни рамзий йиқитиб қўйиб, бошлиқнинг қўлини астойдил сиқиб табрикладим.
— Яхши ўйнар экансиз, қойилман! — дедим кўзимни чирт юмиб.
— Мен бир вақтлар биринчи ўзбек шахмат устаси Мамажон ака Муҳитдинов билан дона суришганман! — деди бошлиқ яйраб-яшнаб. — Агар жиддийроқ шуғулланганимда мен ҳам аллақачон шахмат устаси бўлардим.
Бошлиқ жамики шахматчилар каби «камтар» эди, шу жиҳати билангина шахматчига ўхшарди. У билан тортишиш ортиқча эди. Тараддудланганимни кўриб, ўзи гап очиб қолди.
— Дарвоқе, бизга нима хизмат?
— Мен…иш масаласида келувдим.
— Ҳмм, шунақами? — бошлиқ бирдан жиддий тортиб, қошларини чимирди. Олдин қаерларда хизмат қилганимни, нега ишдан кетганимни обдон сўраб-суриштирди. Кейин негадир бир четда турган шахматга тикилиб туриб қолди. Анча фурсатдан кейин, бир қарорга келди шекилли, секин гап қотди.
— Спорт бўлимини эплай оласизми? Мана, шахматга қизиқар экансиз, аммо спорт дегани фақат шахмат эмас.
— Тушунаман, майли десангиз ишончингизни оқлашга уриниб кўраман.
— Оқланг, укажон, оқланг! Ишончда гап кўп. Сизни ҳозирча уч ойлик синов муддати билан ишга оламиз. У ёғи ўзингизга боғлиқ.
— Хўп, раҳмат.
Енг шимариб янги жойда иш бошладим. Ходимлар билан тезда тил топишиб кетдим. Қизиғи шундаки, бу ерда мендан бошқа шахмат ўйнайдиган одам йўқ экан. Шу боис ўз-ўзидан таҳририятнинг эркатойига айланиб қолдим. Бошлиқ худонинг берган куни хонасида мен билан шахмат ўйнайди. Ўз вақтида материалларни топширолмай қолсам ҳам индамайди. Имтиёз катта. Гоҳо тушликка ҳам чиқолмай қоламиз, котибанинг ўзи қаердандир совуброққолган сомсами пирожкими келтириб, чой дамлаб беради. Мукка тушиб ўйинга бериламиз. Натижа ўша-ўша. Энди бошлиққа ютқазишнинг анча ҳадисини олволдим. Атай ютқазганимни билиб қолмасин деб гоҳо қаршиликни анча чўзаман, баъзан дуранг қиламан. Агар истасам сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган қилиб доимо дуранг ўйнашим ҳам мумкин эди. Аммо мен шахматда дурангни ёқтирмайман. Ўйнаганга яраша натижа бўлгани яхшида. Иккинчидан, ишхонада менга ижод қилишим учун барча шароитни муҳайё қилиб қўйган, ҳамиша мукофотлар бериб, летучкаларда мақолаларимни мақтаб турган шундайолийҳиммат муҳаррирга ютқазиб бермасам инсофдан бўлмас. Бунинг устига, ҳали синов муддатидаман.
Ҳамма нарсанинг аввали, охири бўларкан. Менинг таҳририятдаги дориломон кунларимга ҳам кўз тегди. Гадонинг душмани гадо бўларкан. Таҳририятдаги мавқе-обрўйимни кўролмаганлар шундай гап тарқатишибди: «Бошлиққа ёқишнинг осон йўлини топиб олган. Агар мард бўлса, қўрқмаса, бошлиқни шахматда бир ютиб кўрсинчи! Ўшанда кўрамиз!»
Мен ёш эдим, қизиққон эдим, бирдан ориятим қўзиб кетди. Ўша гапни тарқатган ходимни суриштириб топдим. У ҳам сўзидан қайтмайдиганлар хилидан экан, тап тортмай айтган сўзини такрорлади. Тортишувимизга беихтиёр гувоҳ бўлган ходимлар ҳам ўзларича бош чайқаб, ўша ходимга хайрихоҳликларини яширмадилар. Ахийри бошлиқ билан ходимларнинг кўз олдида шахмат ўйнашга келишдик. Беллашувни йўлини топиб («Юксак маҳоратингиздан биз ҳам бир баҳраманд бўлиб, завқланайликда, Боқижон Сагатович!») ходимларнинг ўзлари тушликдан кейин ташкил этадиган бўлишди.
Ниҳоят, менинг тақдиримда катта бурилиш ясаган ўша тарихий ўйин бошланди. Мен икки ўт орасида қолгандек эдим. Ютсам ҳам бир бало, ютқазсам ҳам. Мен иккиланар, ўйин бошланганда ҳам бир қарорга келолмаган эдим. Атрофда ходимлар кўзларини лўққилиб қараб туришибди. Уларга қарамасликка ҳаракат қилиб, доналарни истар-истамас сура бошладим. Барибир хом сут эмган бандамиз-да, жон ширинлик қилиб, бошлиққа ютқазиб бердим. Ходимларнинг негадир ҳафсаласи пир бўлди, худди ўзлари ютқазгандек мулзам тортиб, серрайиб қолишди. Уларга томоша керак-да. Ҳадеб бошлиқ ютаверса қизиғи йўқ. Шундагина уларнинг менга ён босиб туришганини сездим. Нимадир алам қилди. Ичимни ит тирнай бошлади. Бошлиқ эса ҳаммангдан ўзим зўрман дегандек мағрур тиржайиб қўйди. Орага азобли сукунат чўкди. Шунда ходимлардан бири гап қотди:
— Битта ўйин билан масала ҳал бўлмайди.
— Тўғри, яна битта ўйнанглар! — уни бошқалар ҳам қувватлади.
— Майли, ўйнасак ўйнайверамиз, — деди бошлиқ худди мурувваткўрсатаётгандек ва доналарниқайта тераркан, қўшиб қўйди. — Менга кеча тухумдан чиққан бунақа чурвақалар писанд эмас. Билиб қўйинглар, мен Мамажон ака билан беллашган одамман-а!
Бу гап ҳамиятимга тегди. Ичимда нимадир қалқиб кетгандек бўлди. Бир лаҳза дунё кўзимга қоронғу кўринди. Энди ортга чекинолмас эдим. Чурвақа қандай бўлишини бир кўрсатиб қўяй дея хезланиб, тушовланган оёқ-қўли ечилган навкардай жангга ташландим. Бор маҳоратимни ишга солиб, чўнг рақибимни ўнюришга бормаёқ мот қилиб қўйдим. Бошлиқнинг пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди. Боёқиш бошини кўтаролмай қолди. Юзларидаги ўйноқи ифодани яширишга беҳуда уринишаётган ҳамкасбларим «хайрият!» дея енгил нафас олишди.
— Яна икки партия ўйнанглар! — кимдир шундай таклиф қилиб қолди.
Биз яна тўрт партия ўйнадик. Шахматда жаҳд қилганимда ақлим яхши ишлаб кетадиган одатим бор. Ўладиган ҳўкиз болтадан қайтмас дегандек, бошлиқни беш карра ютдим, тенгсиз жангни муддатидан олдин тўхтатиб қўядиган ҳакам бўлмагани учун нокаут ҳолатига туширдим. Япасқи бурнини ерга ишқаб, хумордан чиқдим. Қақшатқич мағлубиятдан талмовсираб, гарангсиб қолган бошлиқ аранг ўрнидан туриб, оғир қадамлар билан хонасига кириб кетди. Шу кетганча кечгача ичкаридан чиқмади, ҳеч кимни қабул қилмади.
Иш вақти тугашига яқин қолганда масъул котиб хонамга кириб, бошлиқнинг топшириғини айтди. Зудлик билан Қорақалпоғистонга бориб, фермерлар ҳақида газетанинг навбатдаги сонига мақолаёзиб келишим керак экан. Ғаройиб топшириқдан ажабланмасам-да, совуқ шамолнинг бу қадар тез эсишини кутмагандим: «Ўйнашмагин арбоб билан…»
— Биринчидан, бу менинг мавзум эмас! — дедимжиғибийроним чиқиб. —Иккинчидан, йўл олис, кейинги сонга сираям улгуролмайман, учинчидан…
— Бошлиқнинг буйруғи бунақа муҳокама қилинмайди, агаристамасангиз ўзига кириб айтинг, — деди нимкосани пайқаб турган котибкулимсираб.
Бошлиқнинг олдига кириш учун юрагим дов бермади. Боёқишнинг дарди ўзига етарли.Унга яхши сабоқ бўлди, энди катта гапирмайди.
Хизмат сафарига бормадим, буюрилган мақолани ҳам ёзмадим. Оқибати – «Синов муддатидан ўтолмагани учун» деган айб билан ишдан бўшатилдим.
Энди шахматни мендан кўра яхшироқўйнайдиган бош муҳаррирни қидириб юрибман. Ҳозир «Рақибингиз бошлиқ бўлса…» деган ихчамгина рисола-қўлланма ёзаяпман. Иш қидириб юрганларга асқотиб қолиши мумкин…