Шодмон Отабек. Аравакаш (ҳикоя)

Тошкентга борадиган бўлиб киракаш машиналарга яқинлашдим. Қўлида калит ўйнаб, мижоз пойлаб турган ҳайдовчилар бир зумда атрофимни қуршаб олишди. Лом–мим демасимдан бири қўйиб–бири савол беради:
– Ўзингизмисиз?
– Тошкентнинг қаерига борасиз?
– Қанча бермоқчисиз?
Мен ҳам анойи эмасман. Тажрибам етарли, йўл юравериб пишиб кетганман. Ҳайдовчи билан қандай келишишни, қанақа машинага ўтиришни яхши биламан. Аввало, йўлкирани узоқ савдолашаман, сўнг машинанинг ҳолатини кўздан кечираман, иложи бўлса янгироғига чиқаман, йўлда бирор ишкал чиқмасин дейман-да. Кейин, олдинги ўриндиққа ўтириш, узоқ йўлда зерикмаслик учун албатта, менга қўшиқлари маъқул ҳофизни эшитиш шартини қўяман. Орқа ўриндиқ бошқа мижозлар билан тўлишини узоқ кутолмаслигимни ҳам айтаман.
Тирикчилик важидан боёқиш ҳайдовчи ҳамма шартимга кўнади, инжиқликларимга ҳам чидайди. Аммо негадир бу гал таъбимга мос машина ҳа деганда топилавермади. Қора нимча кийган, найнов, турқи–туриши совуқроқ ҳайдовчи билан узоқ тортишдим. У деярли ҳамма шартларимга кўнди, фақат нархини келишолмадик. Шунда бир четда тортишувимизга жимгина қулоқ солиб турган, ёши қирқлардан ошган, хушрўй ҳайдовчига кўзим тушди. Унга яқинлашиб, энди гапирмоқчи эдим, ҳалиги найнов дарҳол ўртага тушиб, ҳамкасбига иддао қилди:
– Сен биздан кейин келгансан, ҳаққинг йўқ олиб кетишга!
– Хўп–хўп, – деди хушрўй ҳайдовчи қўлини кўксига қўйганча кулимсираб.
– Сендан ортса олиб кетаман, фақат… муомалани ширин қилгин.
– Ие, бу ёғи қизиқ бўлди-ку, – дедим найновга тик қараб. – Сиз нега тазйиқ қиляпсиз? Сиз билан келишолмадик, нима, энди бошқа ҳайдовчи билан кетолмайманми?
Найнов бундай темир мантиқ олдида бир лаҳза талмовсирагандек бўлди, аммо барибир отдан тушса ҳам эгардан тушмади.
– Кейин келган кейин кетади, барибир кутиб туриши керак.
– Эй инсон, – дедим жаҳл билан. – Ҳеч ким нонингизни яримта қилаётгани йўқ, нега тушунмайсиз? Одамларни норози қилманг, йўлда юрасиз, қарғиш эмас, дуо олинг.
– Э, менга ўргатманг! – деди найнов тўнғиллаб.
– Ука, муомалани ширин қилгин, шунда… ҳаммаси яхши бўлади, – деди хушрўй ҳайдовчи яна муросага ундаб.
“Муомалани ширин қилгин”. Ибратли гап экан, ўзиям икки марта айтди. Шу йигит билан кета қолай. Яхши йигитга ўхшайди.
Мен уни четга тортдим. Йўлкирани осонгина келишдик. Бошқа мижозларни кутиб ўтирмасданоқ йўлга чиқишимиз мумкинлигини айтганда ҳайрон бўлдим.
– Бунақада тирикчилик нима бўлади? Топганингиз бензин пулига ҳам етмайди–ку!
– Қаноат қилганга худо ўзи етказади, ака, – деди у кулиб. Ишонқирамаганимни сезиб, қўшимча қилди. – Кечки самолётга улгуришим керак. Ҳамқишлоқларни кутиб оламан. Мени хизматимга яраша рози қилишади.
– Э шундайми? Унда кетдик, – дедим омадим чопганидан хурсанд бўлиб.
Йўлга чиқдик. Вилоят марказидан ўтиб, довонга борадиган катта йўлга бурилдик. Оқ “Нексия” пахталари териб олинган қорамтир–қўнғир далалар, барглари сарғайиб тўкила бошлаган дов-дарахтларни ортда қолдириб елиб кетди.
– Ака, йўлимиз узоқ, агар хўп десангиз, гурунглашиб борамиз-да энди, – деди ҳайдовчи.
– Мен гаплашишни яхши кўраман.
– Яхши бўларди, – дедим-у, андак ўйланиб қолдим: ишқилиб, тинимсиз эзмаланиб бошимни қотирвормасмикин?
– Аввало, танишиб қўйсак, менинг исмим Маъмуржон.
Мен исмимни айтдим.
– Раҳмат, ака. Шоир айтмоқчи, энди “Ўртада бегона йўқ”.
Машҳур шоирнинг машҳур шеъриниям биларкан. Ўқимишли йигитга ўхшайди. Бунақалар аравани қуруқ опқочмайди.
Орага сукунат чўкди. Машина бир маромда, енгил силкиниб борарди.
– Дарвоқе, мана шу юришим бўладими, ака? – деб сўради Маъмуржон қўлини рул чамбарагига уриб қўйиб. – Мен бундан тез юролмайман.
– Шуниси яхши, бехавотирроқ.
– Агар ишингиз шошилинч бўлса…
– Шошаётганим йўқ, хижолат бўлманг.
– Эсимни таниганимдан буён машина ҳайдайман, ака, – деди Маъмуржон енгил тортиб. – Тажрибам етарли. Тайгада икки йил ишлаб келганман. Агар истасам, тезроқ юришим ҳам мумкин. Аммо етмиш, саксондан оширмайман, шуни ўзимга қоида қилиб олганман. Айтгани­нгиздек, шуниси бехавотир. Ўша бориладиган жойга ярим соат кейин борилса нима бўпти? Инсоннинг ҳаёти ҳамма нарсадан азиз-ку. Мен машинамга ўтирган одамнинг ҳаётига ҳам жавобгарман. Уни эсон-омон манзилига етказиб қўйишим керак. Афсуски, буни ҳамма тушунмайди. Ахир, ҳамма бало-фалокатлар шу тез юриш оқибати эмасми? Ҳозир айрим кишиларнинг ўпкаси йўқ. Бир нарсадан қуруқ қолаётгандек тез юришади. “Права”ниям ўқимай олишадими, нима бало?! Яқинда йўл ҳаракати қоидалари қайта кўриб чиқилди. Озгина қоидани буздингми, тамом – отнинг калласидек жарима тўлайсан. Менимча, тўғри иш бўлди. Шўпирлар ҳам анча ҳовридан тушиб қолди. Ҳамма нарсада тартиб-интизом бўлиши керак-да, шаҳар бедарвоза эмас-ку! Тўғрими, ака?
Машинанинг бир маромдаги тебранишидан кўзим илиниб, андак мизғибман, Маъмуржоннинг луқмасидан кўзим очилиб кетди.
– Тўғри, тўғри, – дедим кўзларимни ишқалаб.
– Агар уйқунгиз келса, ухлайверинг.
– Йўқ, бўлди энди…
– Ака, мен бир аравакашман, – деди Маъмуржон йўлдан кўз узмай. – Тирикчилигим мана шу машинанинг орқасидан. Тўртта ғилдирак айланиб турса бўлди, қора қозон қайнаб туради. Институтда ўқиш насиб қилмади. Мактабда ёмон ўқимагандим. Мендан пастроқ ўқиганлар ҳам йўлини қилиб дипломли бўп кетишди. Мен унақа… йўлини қилгим келмади. Ҳаётимдан нолимайман. Ўқимаган бўлсам ҳам, оқ-қорани танийман, пайти келса ҳақимни талаб қилишниям биламан. Умрим асосан йўлда ўтади. Ҳар хил одамларни кўраман. Яхши ҳам, ёмон ҳам учрайди. Менимча, яхши одамлар кўпроқ. Акс ҳолда, бу ҳаёт кун-паякун бўлиб кетарди. Боя айтдим, шекилли, Тайгада икки йил ишлаб келиб, шу машинани олдим. Ҳамқишлоғим ўша ерда ишбошқарувчи эди. Уни қора тортиб борувдим. Олдинига ишим туппа-тузук юришиб турди. Кейинчалик мен ишонган одам ғирромлик қила бошлади, ҳақимдан уриб қоладиган бўлди. Охирида ярим йиллик маошимни бермади. Менга роса алам қилди. Унга тавалло қилиб, “Яхши иш қилмаяпсан, мен бу совуқ ерларга сенинг бир оғиз гапингга ишониб, бола-чақа боқаман деб келганман. Бозори ва мозори бир одамлармиз, ҳақимни берақол” дедим. “Ҳақинг менда қолиб кетмайди, оларсан бирор кун”, деди мужмал қилиб. Нимаям дердим, бегона юртда ҳаммага кулги бўлиб ҳамқишлоғим билан ёқа йиртишмайман-ку. Худога солдим. Инсофсиз экан, барибир ҳақимни бермади. Юртга қайтгач, дуч келиб қолганимизда мени кўрмагандек тескари ўгирилиб кетадиган бўлди. Кишининг кўнг­лини оғритиб бўлмас экан. Кўп ўтмай худо уни жазолади. Кўкнори билан қўлга тушиб, қамалиб кетди. Барибир унга ачиндим. Бола-чақаси чирқиллаб қолди-да. Иссиқ-совуғидан хабар олиб турдим. Нима бўлгандаям, ўша эски гап – мозоримиз бир. Билса – балиқ, билмаса холиқ билади, дегандай…
Бир маромда елиб бораётган машинамиз довонга яқинлашиб қолган эди. Ярим очиқ ойнадан ураётган салқин шамолдан жунжикдим. Фаросатли ҳайдовчи буни дарров пайқади.
– Ойнани сал кўтариб қўяйми?
– Майли, – дедим.
Маъмуржон қўлини узатиб, тугмачани босди. Шамолнинг ғувиллаши пасайиб қолди.
Бир аравакашнинг суҳбатларидан завқланардим. Одамга малол келмайдиган, кўнгилга яқин туюладиган бундай гурунгни яна қаерда эшитиш мумкин?
Суҳбат пилигини кўтариш учун сўзамол аравакашни яна гапга солгим келди.
– Маъмуржон, бола-чақадан қалай?
Аравакаш беихтиёр жонланди, юзида мамнунлик ифодаси пайдо бўлди.
– Худога шукр, беш фарзандим бор, – деди Маъмуржон чеҳрасига қизиллик югуриб, ғурур билан. – Бир қиз, тўрт ўғил. Мана секин-секин уйли-жойли ҳам қиляпман. Ҳаммасидан кўнглим тўқ, фақат шу… қиз боланинг иши қийин бўларкан. Фарзанд ўнта бўлса ўрни бошқа, аммо шу қизимга бўлакча меҳр қўйганман. У ҳам мени еру кўкка ишонмайди. Қиз бола отага меҳрибон бўлади, дейишади. Ҳақ гап экан. Уни ёлғиз қиз деб ортиқча эркалатмаганмиз, уй-рўзғор ишларига пишиқ-пухта. Мундоқ қараганда бир оилани гуллатади. Энди қарангки, шу қиз ҳам гоҳо қайнонасига ёқмай қоларкан, бир ойда, икки ойда кўзида ёш билан уйга йиғлаб келганда дунё кўзимга қоронғи кўриниб кетади. Орага тушиш ноқулай бўлса-да, фарзанд тақдирига бефарқ қарай олмас экансиз. Аввало, бетимни шартта сидириб, куёвбола билан очиқчасига гаплашиб олдим. Балки хотиндан кўнгли совиганмикин деб ўйладим-да. Йўқ, унақа эмас экан. Дадил туриб, хотиним билан яшайман, менга бошқаси керак эмас, деди. Хайрият, дедим ўзимча. Кейин инжиқ қайнона билан жиддий гаплашдим. Қани айтинг-чи, келин қайси ишингизни қилмаяпти? Гарчи ўзим қўйди-чиқдини ёмон кўрсам ҳам, шундай дейишга мажбур бўлдим. Хайрият, ўшандан буён қизим оиласи билан тинч-тотув яшаяпти. Пайти келганда керакли гапни керакли жойда айтиб ҳам туриш лозим экан. Мен шундай хулосага келдим.
– Тўғри айтасиз, – дедим Маъмуржоннинг куйиниб айтган гапларидан таъсирланиб.
Ажабо, унинг бир қарашда оддийгина туюладиган гапларида ҳам бир ҳикмат бордек эди: “Керакли гапни керакли жойда айтиб ҳам туриш лозим экан”.
Машина довондан ўрлай бошлади. Ойнага майда ёмғир томчилари урилар, атрофни ғира-шира қоронғилик ва туман чулғай бошлаган, олдинда илонизи йўл зўрға қорайиб кўринар эди. Маъмуржон тезликни янада пасайтирди. Суҳбат ҳам ўз-ўзидан узилиб қолди.
Маъмуржон дискни магнитафонга жойлагач, ҳофизнинг овози янграй бошлади:
Карвон кўрдим, туялари бўзлаб келар,
Нортуяда мени ёрим излаб келар.
Бир зум бошимни орқага ташлаб, кўзларимни юмдим. Куй сеҳри бутун вужудимни аллалаб, сарҳуш қилди. Ҳузурбахш шу ҳолатнинг яна узоқ давом этишини истардим. Тезлиги оша бошлаган машина аста силкита бошлагач, оҳиста кўзларимни очдим. Туман ҳам тарқаб кетган, оқшом қуюқлашган, машина чироғида йўл анча равон кўринар эди.
– Истасангиз, бирор жойда тўхтаб, чой-пой ичволамиз, – Маъмуржон йўлдан кўз узмай таклиф қилди.
– Майли, – дедим рози бўлиб. – Ўзингиз аэропортга кечикмайсизми?
– Самолёт кеч соат ўнда келади, бемалол улгураман, – Маъмуржон соатига қараб қўйгач, тезликни пасайтириб, йўл четидаги чойхона қаршисида тўхтади.
Чойхона сўлимгина, файзли экан. Шарқираб оқиб турган тип-тиниқ булоқ сувида юз-қўлимизни ювгач, якондозлар тўшалган сўрига чиқиб ўтирдик. Чироқлар ёқилган, атроф чароғон. Ғир-ғир шабада эсиб турибди.
Ёшгина ўсмир йигит чопиб келди. Тавозе билан саломлашгач, қандай овқат ейишимизни сўради. Маъмуржон менга юзланди.
– Сиз нима десангиз – шу, овқат танламайман, – дедим.
– Мен ҳам йўлда овқат танламайман, – Маъмуржон завқланиб гапирди. – Бизга ўхшаган аравакашларнинг ризқи-насибаси йўлларга сочилган. Шунинг учун борига, етказганига шукр қиламиз.
Оқшом чўкиб, мижозлар сийраклашган, чойхонада шўрва билан кабоб бор экан, холос. Борига қаноат қилиб, тоғ йўлида иштаҳа билан овқатландик. Кейин кўк чойни майдалаб, суҳбатлашиб ўтирдик. Буни одатдаги суҳбат деб бўлмасди, чунки асосан Маъмуржон гапирар, мен тинглар эдим. Қизиқ, мундоқ қараганда унинг гап-сўзлари, ҳикоялари янгилик эмасдек, ҳар куни ўзимиз кўриб-эшитиб юрган воқеа-ҳодисалар… Аммо ҳайдовчининг тилида бўлакча бир маъно касб этар, шуниси билан қизиқ ва мароқли туюлар эди. Назаримда, ҳали Маъмуржоннинг асосий гап халтаси очилмаган, йўлда бундан ҳам ғаройиб-ажабтовур тафсилотларни эшитадигандек эдим. Тахминим тўғри чиқди.
Довондан ўтиб, ярим соатлар йўл юрганимиздан сўнг. Маъмуржон ногоҳ йўл четида турган машинани кўриб, дарҳол тўхтади. Кабинадан тушаркан, “Мен… ҳозир”, деди-ю, ўша машина томон тез юриб кетди. Ҳайдовчи билан бир оғизгина гаплашди-ю, тезда қайтиб келди. Машинасини қайта ўт олдираркан, изоҳ берди.
– Тинчлик экан, мен бирор ишкал чиққан бўлса, ёрдам-пордам керак эмасмикин деб тўхтовдим.
– Ҳамма ҳайдовчи ҳам бундай қилмаса керак? – хаёлимга урилган саволдан ўзимни тиёлмадим.
– Ҳар кимнинг гуноҳ-савоби ўзининг бўйнида, ака, – деди Маъмуржон жиддий тортиб. ­
– Ҳайдовчи халқи ҳам хом сут эмган банда: яхшиси бор, ёмони бор. Ҳалиги саволингиз бир воқеани эсимга солди.
– Қани-қани, эшитайлик, – дедим қизиқсиниб.
– Тошкентга тўрт йўловчи билан келаётгандим. Манзилга беш-олти чақирим қолганда машинам бузилиб қолди. Шу уринаман, қани энди, тузала қолса. Қоронғи тушиб қолган, йўловчилар безовта-тажанг. Ўзим ҳам…
Йўл четига чиқиб, қўл кўтараман, қани энди, бирортаси тўхтаса. Ахийри биттаси тўхтади. Хайрият дея ёнига чопиб бордим. Янги ўттиз бир “Волга” экан. Бунақа машина кучли бўлади. Машинамни шатакка олиб, манзилга обориб қўйди. Хурсанд бўлиб шўпирнинг қўлига ўн минг сўм берсам, пулимни юзимга отиб юборди. Қолмишига “Бу пулингни фалон жойингга тиқиб қўй!” деса бўладими? Жоним халқумимга келди. Шартта бўғиб қўяй дедим-у, аммо шайтонга ҳай бердим. Нима бўлса ҳам менга яхшилик қилувди-да. Укажон (кўринишдан мендан анча кичик эди), аввало раҳмат сизга, кам бўлманг, шунчалик яхшилик кўрдим сиздан, кечаси мушкулимни осон қилдингиз, барака топинг, аммо… бунақа эмас-да, муомалани ширин қилинг, агар берган пулим камлик қилган бўлса, кам деб айтинг, қанча бўлади, ўзи, бу хизматингиз, десам, безрайиб, ўттиз минг бўлади, деди. Вей, инсофинг борми, ўзи, дедим тутоқиб, мен ҳам бола-чақа боқаман деб юрибман, ўзи, Тошкентгача битта йўловчини ўн беш мингга олиб келаман, сен…сен… одам эмас экансан-ку, мана, ол дея яна олдинги пулга ўн минг қўшиб, йигирма минг­­ни қўлига тутқазиб жўнавордим. Анчагача ўзимга келолмадим. Шунақа инсофсизларни кўрсам чидолмайман-да. Одатим шунақа. Сут билан кирган қон билан чиқади. Ўзимни ўзгартиролмайман. Ҳа айтгандек, бошқа такси кутаётган йўловчиларим ҳали шу ерда, бу можарога гувоҳ бўлиб туришганди, улар ҳам ўша шўпирнинг қилиғидан дарғазаб бўлишди, ҳатто хезланиб, уни урмоқчи эдилар, мен ҳай-ҳай, қўйинглар, ёмоннинг жазосини худонинг ўзи беради, дея аранг шаштидан туширдим. Биласизми, ҳаётда яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам албатта қайтаркан. Илгари қирқ йилда қайт­­са, энди жуда тез – қирқ кун ёки қирқ соатда қайтяпти.
– Наҳотки ўша шўпир билан яна учрашган бўлсангиз? – деб сўрадим.
– Топдингиз! Худди шундай бўлди. Бу кенг дунё баъзан жуда торайиб ҳам қоларкан.
– Уни таниб қолувдингизми ёки у сизни… ўзи танидими?
– Унақа одамларнинг башарасини ҳеч қачон эсимдан чиқаролмайман. Довондан қоқ ярим тунда водийга қайтаётгандим, йўл четида челагини кўтариб, ўтган-кетган машиналарга музтар тикилиб турган шўпирни кўриб қолдим. Бензини тугагани аниқ эди. Қоқ ярим тун. Бунақа овлоқ жойда анча-мунча шўпир тўхташга ботинолмайди. Боёқишга раҳмим келиб, секингина машинани бир четга олиб, тўхтатдим. Тўғри, уни аввалига танимадим, челагини кўтариб ёнимга чопиб келгандагина таниб қолдим. Шунда ҳам тўхтаганимга афсусланмадим. Аммо у мени дабдурустдан танимади. Капотни очиб, бензин тўла канистрни ерга қўйдим. У челагини канистрга яқинлаштирди. Челакка қуйиб беради деб ўйлади-да. Мен канистрни кўтариб, қўлига тутқаздим.
– Қанча керак бўлса қуйиб олаверинг, – дедим сир бой бермай. Овозим унга танишдек туюлди, шекилли, юзимга ажабсингандек қараб-қараб қўйди, канистрни иккиланиброқ олди, машинасига бориб, бензинни қуяркан, мендан кўз узмас эди. Орадан кўп ўтмай канистр­­ни ерга қўйди. Мўлжалимча, бензиннинг ярмини ҳам қуймаган эди.
– Ҳаммасини бемалол қуяверинг, – дедим унга. – Бакимда бензин етарли.
– Йўғ-э, ҳаммасини дейсизми? – деб сўради. Сўнг чўнтагини сийпалаб қўйди. Пулим етармикин деб ўйлади, шекилли. Менга яна бир карра қараб қўйгач, қолган бензинни ҳам қуйиб олди. Ёнимга келиб, чўнтагидан пул чиқараркан, сўради:
– Қанча бўлади?
– Сизга текин, – дедим кўзига тик қараб.
– Тушунмадим, нега энди менга… текин? – деди у ҳайрон бўлиб.
– Чунки биз сиз билан эски танишлармиз. Танишлардан пул олинмайди. – Мен киноясиз, самимий гапирардим. У менга узоқ тикилиб қолди. Ниҳоят, ўша тунги воқеани эслади, шекилли, кўзларини ғалати пирпиратиб, ғудранди:
– Э-э, узр, энди танидим, сиз… ўша…
– Ҳа, мен… ўша…
Энди у кўзимга тик қарай олмасди. Ерга боқиб, ўзича минғирлади:
– Узр, мен ўшанда… аҳмоқлик қилиб… ёшлик экан… Мени кечиринг.
– Мен аллақачон кечирганман. Келинг, ака-ука бўлиб қолайлик.
У билан қўл олишиб, гўё қайтадан танишдик. Пулини ёнимга қайта тиқиштирмоқчи бўлувди, кескин силтаб ташладим.
– Уят бўлади! – дедим. – Агар илгари шунчаки таниш бўлсак, энди ака-ука бўлдик. Ҳозиргина дунёда пулдан ҳам азиз, пулдан ҳам зиёда турадиган нарсалар борлигига гувоҳ бўлдик, шекилли. Бояқишнинг кўзларида ёш йилтиллади. У билан самимий хайрлашдик.
Маъмуржоннинг ғаройиб ҳикояси мени ўйлатиб қўйди. Балки, унинг ўрнида бошқа, чапанироқ, тезоброқ одам бўлганда, ҳалиги шўпирнинг юзига нордон-нордон гапларни айтиб, ачитиб-ачитиб ўч олган бўлармиди… Шундай қилишга ҳақлидек ҳам эди. Хўш, бундан кимга фойда-ю, кимга зиён? Ўч олган томонга шох-бутоқ чиқармиди? Бир замбил лой бўлган одам шу билан инсофга кириб, бир юмалаб яхши бўлиб қолармиди? Менимча, Маъмуржон бирдан-бир тўғри йўлни танлаган эди. Шундай мулоҳазалар хаёлимдан ўтаркан, унга ихлосим янада ортди. Ҳаётий ҳикояларини тағин эшитгим келди.
– Маъмуржон!
– Лаббай ака!
– Шу… шўпирларга йўловчи қиёфасидаги бе­зорилар ҳужум қилиб туради дейишади. Бунақа воқеалар кўпроқ тунда содир бўлса керак.
– Менинг ўзимга куппа-кундузи иккитаси дуч келган.
– Йўғ-э, бу қандай содир бўлган? – қизиқ воқеани эшитиш умидида яна қулоғимни динг қилдим.
– Ўшанда Тошкентда таксичилик қилардим, – дея янги ҳикоясини бошлади Маъмуржон. – Шаҳарнинг ҳар бир кўчаси, ҳар бир гадойтопмас бурчаги менга яхши таниш. Бир куни Чилонзордан икки ёш йигит машинамга ўтирди. Мўғулбашара, бақалоқроғи ёнимга, қорачадан келган, қотмароқ шериги орқага ўтирди. Қўйлиққа борамиз, дейишди. Шаҳарнинг нарига чеккасига суриб кетдим. Таксопарк­­да ишлардим, отнинг калласидек кунлик план бор. Манзилга етгач, бақалоқ беш қаватли бир уйга кириб кетганча гум бўлди. Тажангланиб, орқамда ўтирган шеригига вақт ўтаётганини айтсам, хавотир олманг, кутганингиз учун қўшимча ҳақ тўлаймиз, деди. Хўп дея ўтиравердим. Бир маҳал бақалоқ чиқди. Қўлида қандайдир катта тугун. Энди Юнусободга ҳайданг, дейишди. Бу ёғи қандоқ бўлади, йигитлар, десам, ҳаммасини биратўла оласиз, хавотирланманг, дейишди. Ичимдан қиринди ўтса ҳам, ноилож машинани ўт олдирдим. Юнусободда кўпқаватли уй олдида тўхтатишди. Бақалоқ яна ичкарига кириб кетди. Бу гал бир соатча кутиб қолдим. Сабр-тоқатим тугади. Чиқса, бир тузлайман деб яниб турибман. Қуёш ботиб, атроф ғира-шира бўлиб қолган эди. Ниҳоят, бақалоқ чиқди. Ёнимга ўтириши ҳамон энди заҳримни сочмоқчи эдим, улгуролмадим. Қай кўз билан кўрайки, томоғимга ва биқинимга иккита пичоқ қадалиб турарди. Юрагим шув этиб кетди. Ҳаммаси тамом деб ўйладим. Биз шўпирлар бунақа воқеаларни кўп эшитганмиз, аммо менинг бошимга тушмайди деб ўйлаймиз. Мен ҳам шундай ўйлардим-да. Хом сут эмган бандамиз-да.
Гапирай дейман, томоғим қуруқшаб, тилим калимага келмайди. Аранг ўзимни қўлга олиб, гап қотдим:
– Йигитлар, буниси қандоқ бўлди?
– Жим! Гапирма!
– Ахир, шунча вақт хизматингларни қилдим, эвазига…
– Жим! – томоғимдаги пичоқ қаттиқроқ тиралди. Яна гапирсам, суйворишдан ҳам тоймайдигандек. Алам ва нафрат омихта бўлиб, миямга қаттиқ урилди. Томирларимда қон эмас, алам ва нафрат оқарди. Жунбушга келаётган ғазабимни аранг жиловлаб, бўйнимни қимирлатмай гапирдим:
– Э, қўлингдан келса сўйвора қол! Сўйвор, тортиб юбор пичоғингни! Қўлингдан келадими шу иш! Сўйвор, агар қонсираб турган бўлсанг! Бир бошга бир ўлим! Аммо айтиб қўяй, сенларни барибир топишади. Жазодан қочиб қутулолмайсанлар. Бешта болам бор, шуларнинг уволи сенларнинг бўйнингда!
Дадиллигим таъсир қилдими ёки бошқа сабабданми, безорилар андак саросимага тушгандек бўлди. Қаттиқ тиралган пичоқлар сал четга сурилди. Эшик тутқичига секин қўл узатгандим, яна ўша таҳдид эшитилди:
– Қимирлама!
– Хўш, мендан яна нима истайсизлар? – дедим хит бўлиб. – Мана, айтган жойингизга қайта-қайта олиб келиб қўйдим, яна нима керак?
– Пулдан чиқар! – деди бақалоқ хириллаб.
Ўша куни тушумнинг чўғи пастроқ эди, бардачокдаги бор пулни чиқариб бердим. Жон ширин-да. Қароқчилар пулни чўнтакларига уриб, жўнаб қолишди. Уларнинг орқасидан қувиш ёки мелисага хабар бериш ўша лаҳза хаёлимга келмади, нест-гаранг эдим. Қандай катта хавф-хатардан қутулганимга ҳали-ҳамон ишонқирамасдим. Ҳаётим ёнимга қолгандек эди.
Ўша машъум воқеадан кейин бир неча кунгача ўзимга келолмай юрдим. Безориларни қидириб топиш ва жазосини бериш керакми ёки худога солиб қўя қолган маъқулми – бу ҳақда иккиланардим. Агар ҳамма қўл силтаб кетаверса, жиноятчининг кетидан тушмаса, безори эртага бошқа одамни қақшатади. Бунақада ҳаёт бориб-бориб дўзахга айланиб кетмайдими? Демак, жиноят албатта жазоланиши керак. Бунақаларни энди яхши гап ёки панд-насиҳат билан тузатиб бўлмайди, ғишт қолипдан кўчган, энди уларнинг жойи қамоқ! Мен бу оддий хулосага ўз аччиқ тажрибам мисолида келдим. Мелисахонага учраб, бор гапни айтдим. Уларга қуруқ гапнинг ўзи кифоя қилмас экан, ёзиб ҳам бердим. Катта дафтар-китобига тикиб қўйишди берган маълумотларимни. Рўйхатда турадиган жиноятчиларнинг фотосуратлари ҳам “дело”га тикилиб қўйилар экан, бир ҳафтагача эринмай суратларни кўриб чиқдим. Мелиса билан ихтиёрий ҳамкорлик қилаётган эдим-да. Ҳар куни ишдан кейин мелисахонага бориб, “дело” титкилайман. Қани энди, ўша жирканч башаралар топила қолса. Ниҳоят, ҳафсалам пир бўлиб, энди тополмасам керак деганимда лоп этиб ўша бақалоқ қароқчининг фотосурати чиқиб қолди. Худди лотереясига ютуқ чиққан одамдек ҳовлиқиб кетдим. “Дело”да бақалоқнинг тураржойи ҳам ёзилган экан, мелиса билан бориб дарров топдик. Унга юзма-юз бўлишим билан башарасига боплаб бир мушт туширдим. Ерга йиқилганча кучала еган итдай букчайиб қолди. Яширмайман, шу лаҳза бир маза қилиб олдим. Муштим ҳам темирдек қаттиқ эди-да. Қорнига тепмоқчи эдим, мелиса ҳожати йўқ дегандек тутиб қолди. Бақалоқ орқали шериги ҳам осонгина топилди. Улар суд қилинди, жазоланди. Ҳаётда бунақа жиноятчиларнинг урчиб кўпайиши ёки камайишига ҳам ўзимиз сабабчимиз, ака. Мен шундай оддий хулосага келдим. Ўзимиз қандай бўлсак, ҳаётимиз ҳам шундай бўларкан.
Машина тунги чироқлардан чароғон бўлган шаҳарга кириб борар, мен оддий аравакашнинг жайдари фалсафасини хаёлан такрорлаб борардим: “Ўзимиз қандай бўлсак, ҳаётимиз ҳам шундай бўларкан”.

«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 9-сон