– Сан барибирам тушунмайсан, ўртоқ, буни тушунишинг қийин, – у шундай деб сигарет тутатди.
– Нимани тушунишим керак? Аҳволингга бир қара, Санжар, тирик мурдага ўхшаб қолгансан, – дедим димиқиб кетган хона деразасини очишга чоғланиб.
– Зато, ҳали тирикман, – Санжар ҳиринглаб кулганча каровати гунчида осилиб ётган одеялни елкасига ташлаб олди.
– Тирикман дейсанми?! Итдай ўлиб кетасан-ку, бу кетишингда!
Нам тортган ромлар ҳам очила қолмади. Қаттиқроқ итариб юбордим чоғи, тарақлаб бирваракайига икки табақасиям очилиб кетди.
Илгариги қил ўтмас дўстлигимизга орқа қилибми, аямай гапиришга ҳаддим сиғаётган эди.
Санжар билан коллежда, у пайтларда техникум дейиларди, бир гуруҳда ўқиганмиз. Институтга киролмагач, ўзини тижоратга уриб кетди. Иши авж бўлиб, секин-секин бизнинг доирадан узоқлашди.
Рақамимни кимдан олган, билмадим, ўтган ҳафта телефон қилиб “бир келиб кет, гап бор” деб қолди. Кўришмаганимизгаям уч-тўрт йил ўтиб кетибди.
Эски шаҳардаги туғилиб ўсган ҳовлисига қайтган экан, топиб бордим. Охирги марта бу ҳовлига отасининг жанозасида келган эканман. Ҳеч нарса ўзгармагандай гўё.
Тасаввуримга сиғдиролмаганимдан бўлса керак, Лазиз “Санжар нинага ўтириб қолган” деганида ишонмаган эдим. Илжайиб қаршилаган дўстимнинг аҳволини кўриб, ўпкам тўлиб кетди.
Олдин онасидан ҳол сўрай деб, дарвозахона устидаги болахонага кўтарилдим. Хушламайгина сўрашганидан ўнғайсиз бир аҳволда қолдим. Шундай бўлса-да ўзимни танитиб, илгари, Санжар билан бу ҳовлига келиб юрганларимни эслатган бўлдим. Негадир эслаёлмади. Сўнг, “аср қазо бўлмасин” дея хонтахта устидаги тасбеҳни олиб, ўрнидан қўзғалди.
Ҳайрон бўлдим, ҳали пешин вақтиям кирмаган эди.
Кўнглим хижил тортиб тушдим. Аҳволимни тушунган Санжар “Мамашканинг тоблари йўқ”, деганча ҳовли этагидаги ўзининг хонасига бошлади.
Изидан борарканман, оёғидаги орқаси босилган жигарранг туфлисига кўзим тушди. Ҳув бирда, битта “каттакон”нинг машинасини туртиб олганимда қарз сўраб келганимни эслатди у менга. Ўша туфли.
“Уч ой катта срок. Бир ой де, бериб турай”, деган эди ўшанда дўстим негадир кўзимга ё юзимга эмас, оёғидаги мана шу туфлига қараб.
– Қолганлар кўринмайди? – дедим хаёлимни чалғитиш учун. Ҳайҳотдек ҳовлидаги жимжитликка кўниколмаётган ҳам эдим.
Ичкари кирдик.
– Хотин ишда, болалар боғчада, – деди Санжар девордаги соатга қараб қўяркан.
– Сен уйда ётибсан, лўлининг эркагидай, – дедим кароватдаги ўринга ишора қилиб.
Жавоб бергиси келмадими, индамади. Хонадаги яккаю ягона курсини мен томон суриб қўйиб, ўзи кароватига чордона қуриб ўтириб олди.
Оиламни, ишимни сўраган бўлди.
Дўстингдан “ишларинг яхшими” деб сўролмасанг, ғалати бўларкан.
Курсига чўкиб, дўстимга тикилдим. Жуссаси майдароқ бўлсаям, чайир, мушаклари пўлатдай йигит эди. Янаям кичрайиб кетгандай кўринди кўзимга. Бардошим етмади.
Ҳовли саҳни кўриниб турган деразага қараб олдим.
Нимадир етишмаётгандай туюлди. Топдим.
– Гилос қани? – сўрадим бир пайтлар дарахтнинг учигача чиқиб терганимиз “буқакўз” гилослар эсимга тушиб.
– Кесиб ташладим, – деди Санжар қуруққина қилиб.
– Эсинг жойидами, гилосни-я?
– Қуриб бошлади, ўртоқ. Кейин кесиб ташладим. – у уйқудан энди уйғонган одамдай хомуза тортди-да, қўшиб қўйди: – Уям манга ўхшаб қурий бошловди…
Томоғимга бир нима тиқилди. Беихтиёр стол устидаги охирлаб қолган сигарет қутисига қўл чўздим. Анчадан бери чекишни ташлаш учун ўзим билан олишиб юрувдим, шу тобда босиб-босиб чекким келди. Қутини бир муддат ушлаб туриб, уёқ-буёғини айлантириб кўргандай бўлдим-да қайтариб жойига қўйдим. “Шунинг олдида чекмай…”
– Эшитган гапларим рост экан-да? – сўрадим унинг кўзларига тикилиб.
Жавоб ўрнига свитери енгини шимариб, кўкариб ётган билакларини кўрсатди-да, “Аҳвол шунақа” деб қўйди.
Тилимга келганини қайтармай сўка бошладим.
Тутақишимга парво қилмай, тиржайганча ўтираверди. “Итдай ўлиб кетасан” деганим оғир ботди, чоғи, туси ўзгарди.
– Сани сўкиш эшитиш учун чақирмадим, ўртоқ, – деди сигаретни кулдонга босиб эзғиларкан, – Биринчидан, бунақа гапирма манга, кейин, олдингда жиноятчимас, касал одам ўтирибди.
Унинг гап оҳанги ҳовуримдан тушириб қўйди.
– Ўзи нега бунақа бўлди? – сўрадим бироз ошириб юборганимни тушунгандай бўлиб.
– Айтдим-ку, буни тушунишинг қийин деб.
Индамадим. “Илгари ибодатгўй эдинг-ку”, демоқчи бўлдим-у, тилимни тийдим. Садқаи…
У фикримни ўқигандай гапириниб қўйди: “Тақвоимни ушлолганимда қатта эди бу кунлар…”
– Диспансерда… диспансерда рўйхатдамисан? – сўрадим худди бу ниманидир билдирадигандай.
– Бир йилдан ошди.
– Фойдаси бўмадими? Бир хиллар тузаларкан-ку.
– Ким айтди наркоман тузалади деб?
– Нарколог танишим «тузалиб, нормалний ҳаётга қайтганлар бор» дейди…
– Тузалиши мумкин, лекин жа қийин масала. Дўхтиримни алдамасам манам тузалардим.
– Энди…
– Ўша танишинг айтмадими “”наркоманлар дўхтирни алдайди” деб? Кўчанинг бошида мандақа биттаси бор. Герадан қутиламан деб араққа ёпишди. Ҳозир натуралний алкаш-де.
Санжарнинг жағи очилди.
– Мана сан, бир пайтлар еганинг гилосни эсладинг. Ман-чи? Эсломийман, ўртоқ. Эслайдиганим қачон, қатта зўридан урганим.
“Дом”да яшаганимда икки подъезд нарида қайнона-келин героинфурушлар бўларди. Қамалиб кетди. Қаттан олган, биломийман, зўри ўшаларда эди.
Индамай ўтираверсам, “ўтлашни” бошлаб юбормасин деган хавотирда гапини бўлдим:
– Хўш, ман билан нимани маслаҳатлашмоқчийдинг?
– Онамнинг аҳволини кўриб турибсан, ўртоқ. Хотиним-ку, мани кўришниям хоҳламайди. “Болаларим учун чидаб юрибман” дейди, ёлғон. Ҳовли-жойдан умидвор. Ман ўлсаму… Онам шўрликка қийин.
Қариндошлар бу уйдан оёқ узишган. Биласан, ҳаммаси “интеллигентлар”, ор қилишади шакилли. Йўқлайдиган участковой билан нарколог дўхтирим. Улар манга нима қибберади? Бири “қамаласан” дейди, бири “ўласан” дейди санга ўхшаб. Хуллас, сан ўзинг болларга бош бўлиб мани одам қилларинг…
Охирги гапини айта туриб, Санжарнинг бўғзига йиғи тиқилди.
Икковмизам деразага қараб индамай қолдик.
– У куни, – бироз ўзини босиб олган Санжар яна гапира бошлади, – “ломка”да ётганимда ўғлим Жавоҳир шпритс кўтариб келди олдимга… Дод девордим. Бўлмаса ўзим нима аҳволдаман. Кўрганмисан ўғлимни, кўрганмисан? – у энди ростакамига йиғлаб юборди. – У энди уч ёшга тўлди. Уч ёш! Мани қийналвотганимни кўриб чидолмаган-да болам. Хумор тутганда укол қилиб тинчишимни кўрган, билади. Героинни дори деб ўйлаган Жавоҳирим…
Санжарнинг ўғлини кўрмаганман, лекин пилдираб юрган уч ёшли бола кўз ўнгимдан ўтди. Хумори тутиб жазавага тушаётган, азобдан бақираётган отасининг аҳволига ачинган болага ачиндим.
Ҳалитдан бери миямда айланиб тинчлик бермаётган “бекор келдим, келмаслигим керак эди” деган ўй қаёққадир йўқолди.
Мен унга таққослаганда ўзимни рисоладагидай одам санаб, охиригача дадил туришга бефойда уринаётган эдим.
Нимадир деб дўстимнинг кўнглини кўтаргим, бир чора топгим келди.
Нималар деганим эсимда йўқ. Фақат “баҳорда битта гилос кўчати олиб келаман, ҳовлингнинг ўртасига ўзинг экиб қўясан” деганим эсимда.
Кетаримда дарвозагача кузатиб қўйди. Ҳали айтар гапи ичида қолганини тушундим…
Кўча бошига етганимда Лазизга телефон қилиб “Худди сен айтгандай бўлди. Олдинига “мани одам қилларинг” деб йиғлади. Кейин “ўлмасам бир ойда қайтараман” деб қарз сўради” демоқчи бўлдим.
Фикримдан қайтдим. Қўл телефонимни бутунлай ўчириб ташладим.