Шаҳодатбону Имомназарова. Илинж (ҳикоя)

Куз эди. Мунгли ва музтар куз… Дарахтлар келажак изғирин кунларга тайёргарлик кўраётгандек тумтайиб олган, рутубатли кунлар эди.
Бугун негадир қишлоқнинг кунгай бетидаги ну­рай-нурай деб турган дўкон олдида ҳам сукунат. Дўкон олдидаги иккита тут дарахти ўртасига маҳкамланган ёғоч ўриндиқ ҳам бўм-бўш. Эртадан кечгача эзмаланиб ўтирадиган чоллар, қишлоқнинг номи дунёга достон уч-тўрт такасалтанглари ҳам бугун негадир кўринмайди.
Узоқдан пайпанглаб келаётган кампир иккиланиб қолди. Наҳотки дўкон ёпиқ бўлса… Одамлар қани? Шу пайт дўкондан уч-тўрт болакай югуриб чиқди. О, дўкон очиқ экан. Кампир дўконга йўналди.
– Э, ассалому алайкум, келинг хола! – деди пештахта ортида туриб пул санаётган Амир табассум билан.
– Амиржон болам, яхшимисан, келин тузукми?
– Раҳмат, хола! Нима керак бўлиб қолди? – Амир қўлидаги пулни ёнидаги қутига ташлади-да, кампирга яқинлашди.
– Шу… одатдагидай яхши қанд-қурсларингдан бир ҳовуч-бир ҳовуч олсам дегандим-да. Кеча пенсияни берди барака топгур Карим почтачи, – деди кампир синиққина илжайиб.
– Яқинда олувдингиз-ку, хола? Дарров еб қўй­дингизми?
– Қаёқда дейсан, болам. Ҳамсоям Бибигулнинг тўрт невараси остонамдан нари кетмайди. Май­ли, шуларнинг борига шукур! Рустамжон келиб қоладими дейман-да болам, а, нима дединг!
– Келади хола, албатта келади!
– Ўтган ҳафта Янгибозордаги ромчига бориб келдим. Ўғлингиз тирик, катта одам бўлиб кетган, тез кунларда кириб келади, деди, – кампир беўхшов илжайиб қўйди. – Ростдан ҳам катта одам бўлиб кетган деб ўйлайсанми, Амир? Бу ромчини ҳамма нарсани билади дейишяпти-ку!
– Хола, олдинги сафар ҳам айтдим-ку, Рустам ўладиган бола эмас. Хизматга кетмасдан олдин ҳам бир ўзи бештасига бас келарди. Биздан икки синф пастда ўқиса ҳам, гап талашиб-тортишгани қўр­қар­дик. Соғ-омон қайтиб келса, зиёфатнинг бошида ўзи­миз турамиз-да.
– Ҳалиги… айтганинг ҳам ростмиди, болам?
– Қайси?
– Аллақаёқда бир солдатнинг нобуд бўлганидан кейин уч ой ўтиб уйига кириб келгани…
– Ҳа, уми, албатта тўғри, хола! Газетада ўз кўзим билан ўқидим. Газет ёлғон гапирмайди, хола.
– Чин-чин, газетнинг гапи-гап. Рустамжон келсин, худойи қилиб, қўй сўяман. Ўтган бозор Мамажон қассобга илтимос қилиб, боқиб юрган қўйимни каттароғига алмаштириб келдим.
– Чолларга худойи, бизга зиёфат! – деди илжа­йиб Амир.
Кампирнинг юзи ёришди, ёғоч ҳассасини қўл­тиғига тираб, икки кафтини дуога очди:
– Илойим, айтганинг келсин, болам. Ўғлим эсон-омон кириб келиб, уйим тўйхона бўлсин. Сен ҳам бола-чақангнинг орзу-ҳавасини кўргин.
Амир дуога қўшилиб, юзига фотиҳа тортди.
Сўнгра:
– Амир, – деди кампир оғир тин олиб, – Сен менга кўп яхшилик қилдинг, ҳар доим кўнглимни кўтарасан, сенга инимдай ишонаман. Бу қишдан эсон-омон чиқаманми, йўқми, буни Ўзи билади. Шунга…
– Э, хола, яхши ният қилинг!
– Тўхта, сен гапни эшит, – деди кампир қатъий қилиб. – Ўлсам, сенга бир омонат қолдираман. Шу омонатни эгасига топширасан, хўпми?
– Нима у, хола? Тилла-пилла эмасми?
– Вақти келганда биласан, – деди кампир. Сўнг­ра индамай ташқарилади.
Амир буруқситиб сигарет тутатар экан, кампирнинг ортидан чуқур хўрсиниб қўйди.

* * *

Кампир янгибозорлик фолбиннинг уйига етиб келганида, кун пешиндан оққан эди. Ёғоч дарвозани секин очиб, ичкарига мўралади. Тўртта темир устун устига шифер ташлаб омонат қилинган соябон тагидаги ўриндиқда ўтирган хотин кампирга ўгирилди.
– Тезроқ кириб, дарвозани ёпинг. Одам кириб чиққанини мелиса кўриб қолмасин экан.
Хотин ўрнидан туриб, кампир билан сўрашди. Ўриндиқда йиғилиб қолган тўшакни тўғрилади. Кампир омонатгина ўтириб дуо қилди.
Гарчи кўнгли сезиб турса-да, хотиндан “фолбиннинг уйи шуми?” деб сўради, тасдиқ олгач, хотиржам бўлди.
– Ичкарида биров бормикин, болам?
– Бир хотин кириб кетувди, бир соат бўлди, ни­ма қиляпти, ҳайронман! – хотиннинг фиғони фалакка чиқди. Сўнгра кампирга юзланди.
– Узоқдан келяпсизми, хола?
– Ҳа, қизим. Эрталаб йўлга чиқдим. Учта аптовуз алмашиб келдим. Уйи анча ичкарида экан. Сўраб-сўраб топдим. Хотинлар “янги чиқди, айтгани келади” дейишганди, шунга келавердим-да, болам.
– Худо мушкулингизни осон қилсин! – деди хотин йиғламоқдан бери бўлиб, сўнгра ўзи гап бошлаб қолди. – Хола, ҳозирги қизлардан қўрқиш керак экан. Пешонамда тилаб-сўраб олган ёлғиз ўғлим бор. Дадаси билан папалаб ўстирдик, ўқитдик, таниш-билиш билан яхши ишга жойлаштирдик. Патинка фабрикада ҳисобчи бўлиб бинойидай ишлаб юрувди. Бир қизга илакишди-ю, ҳамма нарсани эсдан чиқарди. Уйлансам, шунга уйланаман, деб туриб олди.
– Қизим, ёшлар шунақа-да. Бир-бирига кўнгил қўйган бўлса…
– Э, хола, келиб-келиб гулдай болам шу қизга кўнгил қўядими-а? Бориб маҳалласидан суриштирдим. Бир қўшниси тайин гап айтмади. Уч уй наридаги қўшнисидан сўрасам, “бир-иккитаси билан олдин яхшигина “юрган”, онаси ҳам зиқна, паст хотин, деди. Қизни кўрсангиз, андига ўхшайди.
– Қўйинг, бировнинг қизини ундай деманг. Ўғ­лингизга ёқса, қаршилик қилманг, айланай.
– Йўқ, бу ерда бошқа гап бор. Ҳозир расмга қараб “ўқийдиган”, “иссиқ-совуқ” қиладиган одамлар ҳам чиққан. Боламнинг аҳволини кўриб, дарров каллам ишлади. Иккита фолбинга бориб қайтариқ қилдим, фойдаси бўлмади. Қани бунисини ҳам бир кўрай-чи, деб келувдим.
Кампир жимиб қолди. Эҳ, Рустамжон келса, ўзи танлаган қизини олиб беради. Анди бўлса ҳам майли, ўзига ёқса бўлди-да! Бу йил йигирма тўққизга кирди-я. Синфдошларининг олди икки болалик бў­­­­лишди. Ё ўша ёқларда уйланиб олганмикан? Бир сафар Учкўприкдаги фолбин “уйланган, бола-чақаси ҳам бор” деганди. Хотини қанақа бўлса? Ўрис бўлса-я? Майли, ўша мегажин чулчит бўлса ҳам! Кампир бир амаллаб тилини ҳам, кўнглини ҳам ўрганиб олади.
Шу пайт уйдан юз-кўзлари қизариб кетган, семиз бир аёл чиқиб қолди. Кампирга дийдиё қилаётган хотин “дик” этиб ўрнидан турди-ю, ёшини ҳурмат қилдими ёки бошқа хаёлга бордими, ҳартугул нав­батини кампирга берди.
– Хола, майли, сиз кира қолинг, – деди у муло­йимгина қилиб.

* * *

Кампир дўкондан олиб келган қанд-қурсларини токчага жойлар экан, беихтиёр деворга осиб қў­йилган халтага қараб қўйди. Мана, ўн икки йилдирки, бу халтанинг оғзи очилмайди. Унда тарашадек қотиб қолган иккита нон бор. Рустамжон тишлаб кетган нон! Ўғлимнинг уйдан ризқи узилмасин деб, ўғли ҳарбийга кетар куни шу иккита нонни тишлатиб қолган эди. Шундан буён она ўғлини эслаганда шу халтага бир қараб қўяди.
Девордаги бошқа михларда қалампирмунчоқ, кўзтикан, яна аллақандай туморлар, тугунлар осиб ташланган. Кампирнинг одати шундай: тўй-маъ­ра­ка­­­ларда “илинган” неъматлар, унга аталган насиба­лар тугунда етиб келиб михга илинганича қолиб кетган.
– Ая, уйдамисиз?
Кампир беихтиёр чўчиб тушди. Сўнгра ёқасига “туф-туф”лаганча ташқарига йўналди.
– Кираверинг, ким у?
Дарвоза очилиб, Озода муаллима кўринди. Унинг ортида супурги, белкурак, пақир кўтарган бир тў­да болалар турарди.
– Келинглар, айланайлар, келинглар!
Болалар бирин-кетин кампирга салом беришди.
– Синфимиз билан келишиб, сизни маҳал­ла­миз­нинг кекса онахони сифатида оталиққа олдик. Энди болалар билан тез-тез келиб хабар олиб, уй ишларида қарашиб турамиз. Дарслар тушдан кейин бўлганлиги сабабли эрталабдан келавердик-да, ая!
– Минг раҳмат, фақат болаларни овора қи­либ­сиз. Ҳовлидаги ишларга маҳалланинг ёш-ялан­ги бор, барака топишсин. Қизим ишга ўтганда-қайт­ган­да ҳол сўраб туради.
– Майли-да ая, озгина фойдамиз тегса ҳам хурсанд бўламиз. Бир томондан, болалар ёшлигидан меҳнатга ўрганади. Суҳбатингизни олади.
Кампир муаллимани уй саҳнидаги чорпояга так­лиф қилиб, ўзи ичкарига кириб кетди. Сал ўтмай тол саватчада сабзавотлар, косада гуруч, лаганча ва пичоқ кўтариб чиқиб, муаллима олдига бориб ўтирди. Болалар эса дарров ишга киришишди. Ўғил болалар томорқага, қизлар ҳовлига сув сепиб супургани ариққа чопишди.
– Аяжон, дастурхонга овора бўлманг, – деди Озода муаллима. – Болалар ҳам, мен ҳам уйдан нонушта қилиб келяпмиз. Ёки бирор меҳмон кутаяпсизми?
– Меҳмон келиб бўлди, қизим. Сизлар меҳмон бўлмай ким? Болалар ишлаб қорни очади, уйга бориб чой ичмай, дарсга югуришади. Тушликлари бугун шу ерда бўлади. Райҳон солиб, мастава қилиб бераман. Аксига олиб гўшт сал ҳидланиб қолибди. Сизга малол келмаса, гуручни бир қараб беринг, қаричилик, кўзим ўтмай қоляпти.
Кампирнинг раъйини қайтаролмаслигига кўзи етган муаллима косани қўлига олди.
Кампир ҳовлида қий-чув қилиб юрган болаларга қараркан, Озода муаллимага юзланди:
– Болам, Рустамжонни ҳам ўқитгансиз-а?
– Биламан, ая! Рустамжоннинг ҳам синф раҳ­бари ўзим бўлганман-ку. Ўғлингиз фақат синфнинг эмас, бутун мактабнинг фахри эди.
– Шундай боламни неча йиллардан бери кўр­мадим, Озодахон. Боламни соғиндим, – кампирнинг киртайиб қолган кўзлари ёшланди. – Ҳар куни беш-олти марта чиқиб йўл қарайман. Кеча-ю кундуз дарвозани қулфламайман. Кўчада машина тўхтаса, юрагим шувиллаб кетади. Кечалари кўзим илинмайди, ўзим билан ўзим гаплашиб чиқаман. Кўрпа-тўшакларини янгилаб қўйганман, ёз бўлди дегунча кун ора офтобга ёйиб, қайтариб тўшайман. Келмаяпти, Озо­дахон, келмаяпти…
Озода муаллима кўзини олиб қочди. Нима қил­син? Нима деса, кампирнинг кўнгли жойига тушади? Ҳақиқатни айтсинми? Ўша “темир қути” уйингизга шунчаки келмаган, Рустамжон ростдан ҳам хизмат вазифасини ўтаётган пайтда бахтсиз ҳодисадан вафот этган десинми? Буни қандай айтади? Буни айтган билан кампир ишонади деб ўйлайсизми? Ахир ўн йилдан ошибдики уни бу гапга ҳеч ким ишонтиролган эмас. Озоданинг хаёлини яна кампирнинг юракни ўр­тагувчи саволлари бўлди.
– Мени соғинмадимикин?
– Ая, нималар деяпсиз? Рустамжон унақа йигитлардан эмас.
– Ҳаҳ, болам-а! Унга Худонинг зорини қилдим: армияга борма! Уришдим, ялиндим, барибир кўн­ма­ди-да!
Муаллима ноқулай аҳволда қолди. Кўзларидан шашқатор ёшлар оқиб, юрагининг тубида йиллаб йи­ғилган ҳасратларини тўкаётган кампирни юпатишни ҳам, жимгина қараб ўтиришни ҳам билмасди.
– Ўлганига ишонмайман, ичимда нимадир “боланг тирик” деб айтади. Кутаман, фақат кутаман. Отасининг ҳам шу ҳасратда кўзи очиқ кетди. Ёшим саксондан ошди, қаддим букилди. Беш кунлигим борми, йўқми, Худонинг ўзи билади. Фақат Рус­тамжоним кўзим юмилган куннинг эртасига кириб келса-чи? Мен боламнинг кўзларини кўрмай кетсам, болам келиб мени тополмаса, руҳим шу ҳовли тепасида чирқираб юраверадими? Шуларни ўйлаб, Худодан эрта-ю кеч озгина, яна озгина умр бер деб сўрайман.
– Хафа бўлманг, ая. Ҳали келади, бағрингиз тў­либ, бу кунларингиз эсдан ҳам чиқиб кетади.
Озода муаллима кўз ёшларини артди. Рўмолини ечиб, қайта ўради.

* * *

Замҳарир қиш эди. Бироқ ўша куни кутилмаганда эрталабдан қуёш чарақлаб чиқди. Аммо бундан ҳеч ким хурсанд эмасди. Тўғрироғи, Санам кампирни билганлар, таниганлар, ҳамдард бўлганларнинг кўнглини замҳарирнинг чарақлаган қуёши ҳам ёри­толмади. Пастаккина ҳовли дарвозасига тумо­нат одам йиғилди. Ичкаридан хотин-халажнинг қий-чуви баралла эшитилар, дераза ёнида иккита қотган нонни қучоқлаганча Амир дўкончи юм-юм йиғлаб турарди.

“Ёшлик” журнали, 2015 йил, 2-сон.