Алекс Ла Гума. Ўз уйим (ҳикоя)

Эрталабки қуёш тоғ ёнбағрини иситди, майса ва гуллардаги шудринг бирпасда қуриб қолди. Қияликда буталар, ёш қарағай ва акаслар ўсаётганди. Уларнинг устида улкан қарағай ва эманлар кўкка бўй чўзганди. Тўқ яшил шох-шаббалар, зангори осмон, сариқ гранит ва кул ранг оҳактош тоғни улкан қуроқ кўрпага айлантирганди. Лекин куз келади, ундан кейин қиш бошланади, тоғ бўзаради, гуллар сўлади, тоғ бағрининг харсанг тошлари совуқ ва сирпанчиқ бўлиб қолади – энди яланғоёқ юролмайсан. Она-ер қатъиятли, бераҳм, кутиб турмайди. Ёз ўтганини сезмай қоласан.
Тош йўлдан айрилган сўқмоқ бўйлаб тепага кўтариларкан, Жонас ғамгин ўйлар билан банд эди. Коранинг: “Қанийди қандайдир бир бошпана тополсак эди”, – деган шикоятомуз сўзларини эслар экан, у ўз-ўзидан уялиб кетди. Ҳа, бирор бошпана ва ўчоқсиз кун кўриб бўлмайди. Қаёққа бош урса экан? Тоғнинг энг чўққисида ғорлар бор, лекин улар шаҳардан ва тош йўлдан анча олис. Бунинг устига, Кора фарзанд кутяпти…
Жонас бирдан тўхтаб қолди. Майсазор ўртасида каттакон бир сув солинадиган бак ётарди. Илма-тешик ва ҳеч кимга керак бўлмагани учун ташлаб кетилганга ўхшайди. Қалин тунукадан ясалган бундай бакларни биноларнинг томларида кўриш мумкин. Бакнинг таги пачақланган бўлиб, оғиз томони улкан консерва очадиган пичоқ билан қирқиб ташланган эди. У занглаган бўлса-да, кўринишидан анча мустаҳкам эди. Бак баланд ўсган ўт-ўланлар орасида ётарди. Кимдир уни тоққа олиб келган-у, шу ерда ташлаб кетган, шекилли. Ён томонида каттагина думалоқ тешиги ҳам бор эди.
– Мана сенга уй, – шивирлади ўзича Жонас.
У яқинроқ бориб, бакнинг атрофини айланиб чиқди, ниҳоят, қўлини чўзиб қуёш қиздирган тунукани ушлаб кўрди. Кейин чўккалаб ўтириб бакнинг ичига қаради. Унинг ички деворлари ачимтир занг билан қопланган, бурчакларига ўргимчак ин қўйган, тагида сичқон қумалоқлари кўзга ташланарди.
Жонасни қувончли ҳаяжон қоплади. Юраги тез-тез ура бошлади. У тиржайиб қўйди, сарғайган тишлари кўриниб кетди, панжаси билан бакнинг ёнини шапатилаб қўйди. Сўнгра атрофга кўз югуртириб чиқди. Адирни икки томондан тепалик тўсиб турарди, улар буталар ва арчагуллар билан қопланганди, учинчи томондан чуқур жарлик четида қалин шохлари гавжум баланд эман ўсиб турарди. Майсазорнинг тўртинчи томонидан тоққа қараб сўқмоқ бошланарди. Ёз қуёши нурига чўмган майсазор эртакларидагидай гўзал кўринарди.
Мана, Жонас билан Кора бакка ўрнашиб олишди. Жонас эски ботинкасининг қалин пошнаси билан ўргимчакларни эзиб ташлади ва бакнинг тагини яхшилаб супуриб-сидирди. Улар – эр-хотин бакнинг занглаган деворларини қиртишлаб, тозалаб артдилар. Ниҳоят у анча тоза ва силлиқ бўлиб қолди. Кейин унга мумланган қоғоз ва картон ёпиштириб чиқдилар. Жонас ҳар куни шаҳардан турли-туман эски-тускиларни – қоп-қанор парчаларини, жулдур кийим-кечак, мева-чевалардан бўшаган қутиларни, бўш консерва банкаларини, эски газеталар тахламларини ташиб келтирарди. У шаҳар бозорида ҳаммол бўлиб ишларди. Кора қаердандир дастасиз това излаб топди, тўрт галлонли машина мойининг тунука қутиси эса плита вазифасини бажарарди. Жонас тош ўчоқ ясаб берди, хотини унга бозордан олиб келган сабзавотлардан овқат тайёрларди. Ёқилган оловдан чиққан тутун кўкка ўрларди.
Жонас ходалар ёрдамида бакни ердан бироз кўтариб, тагига харсанглар қўйди. У қўпорилган тунука парчасини авайлаб эгиб, эшикка айлантирди. Думалоқ тешик эса дарча вазифасини ўтарди. Кора ҳар хил рангдор қийқимлардан парда тикди, эшик олдига эса қанақадир эски гилам парчасни тўшади. Эр-хотин эски-туски латталар ва қоплардан тикилган тўшакда ётишарди. Газеталардан қирқиб олинган қийқимлар билан ёпилган иккита олма ташиладиган қути жавон вазифасини бажарарди. Мана шу бакка иккита одам зўрға сиғарди, лекин барибир бу уларнинг бошпанаси – ўз уйлари эди!..
Ҳар куни Жонас бозордан бироз сабзавот олиб келарди. Бир сафар эса тош йўл ёқасидаги уйлардан бирида яшовчи аёл унга кечки овқат қолдиғи ва нон бўлакларини берди!
Илиқ ёз оқшомларида тепалик устида ёнма-ён ўтириб, тош йўлдан ғизиллаб ўтиб бораётган машиналарни кузатишарди. Уларга бутун шаҳар ва юлдузлар шуъласида милтираётган денгиз кўриниб турарди. Кечалари латталардан тикилган тўшакда бир-бирига қисилиб, ухлаб қолгунга қадар шивирлашиб ётардилар.
Улар бак ичида ана шундай яшар эдилар. Кора ҳам тўлишиб борар, унинг кўзларида эрта баҳорда она-ерни чароғон этгувчи нур чақнар эди.
Лекин бир куни катта йўлдан келаётган юк машинаси сўқмоққа қараб бурилиб, тўхтади. Ундан мош рангли полиция кийимидаги бир неча одам тушди. Улардан бири тўппонча қинли оқ камарбандда эди. Полициячилар сўқмоқ бўйлаб тепага кўтарила бошладилар, олдинда – паст бўйли бақалоқ – тўппончали зобит борарди. Улар майсазорга етиб келганда зобит бутунлай ҳолдан тойганди. Шу боис ҳаддан ташқари ғазабланганди.
Жонас билан Кора полициячиларни олисданоқ кўришганди. Зобит майсазорга қадам қўйганда Жонас Корани тўсиш ниятида бир қадам олдинга босди. Иккита полициячи қўлида мисранг олиб келишарди. Жонас уларнинг мақсадини тушунди.
Зобит нафасини ростлади, атрофга кўз югуртирди ва Жонасга қараб:
– Зўр ўрнашиб олибсан-ку! – деди.
Полициячилар “уйча” олдидаги ўчоққа, эшик олдидаги гилам парчасига, думалоқ дарчага тортилган пардага ҳайрат билан тикилиб турардилар.
Жонас кўзини пирпиратиб:
– Бу бизнинг уйимиз! – деди.
Зобитнинг юзи бўзарди, камарининг мис тўқаси ён томонига ўтиб кетганди.
– Ўзингни жинниликка солма! Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кўрсатмасига биноан бу ерда яшаш тақиқланган, сен буни жуда яхши биласан.
У ўз одамларига томон бурилди ва буюрди:
– Қани, бошланглар!
Жонаснинг қаҳри келди, олдинга бир қадам ташлади. Лекин зобитнинг ҳайқириғи уни тўхтатиб қолди:
– Ҳой, сен, бошингни балога қўйма, бекорга ўт билан ўйнашма! Акс ҳолда ўзингни анави қизчанг билан зиндонга ташлаймиз.
– Унда биз, сизнинг марҳаматингиз билан, қаерда яшаймиз, – тўнғиллади Жонас.
Кора унинг енгидан тортди.
– Жонас, Жонас, кераги йўқ, – деди ялиниб. – Агар сени қамаб қўйишса мен нима қиламан?
У ўзини йиғидан зўрға тутиб турарди, кўз олди қоронғилашди. Шу аснода иккита полициячи елкаларини бакка тираб, уни ўрнидан жилдиришди. Бакнинг тош устида турган бир бурчаги гумбурлаб ерга қулади. Бошқа полициячилар мисрангларни бак остига тиқиб, кўтаришди ва у тўнтарилди. Унинг остидаги қутилар ғичирлади, илгакдаги парда узилиб кетди.
Жонас йиғлаб юборди, кўз ёшлари ёноқлари бўйлаб оқиб тушарди.
– Биз одамларга ўхшаб яшашга уриниб кўрдик, лекин мумкин эмас экан-да!
Зобит Жонаснинг сўзларига парво ҳам қилмади. Полициячилар яна мисранглар билан бакни юмалатиб жарлик ёқасига олиб бордилар ва итариб юбордилар. Ва у пастга қараб гумбурлаганича думалаб кетди. Жар тагига қулаб тушган тунука бак аччиқ инграгандай бўлди.
Полициячилар ўчоқни вайрон қилиб, тошларни турли томонга улоқтирдилар, мисранглар билан товани ва мой идишини майдалаб ташладилар. Ҳамма иш тугаллаб бўлингач, зобит яна Жонасга қаради ва тишлари орасидан тўнғиллади:
– Кечгача бу ердан қораларингни ўчиринглар. Бутун тоғни булғаб ташлабсизлар. Яна қўлга тушсанг, турмадан қочиб қутулолмайсан.
Жонас майсазорга кўз югуртирди. Тепкилаб ташланган ўчоқ устида қора поғалар учиб юрарди. Кора жимгина йиғларди, ғазаб ва қайғудан карахт бўлган Жонас эса унинг йиғисини эшитмасди ҳам.
Полициячилар сўқмоқ бўйлаб пастга тушдилар, машинага ўтирдилар ва тош йўлга чиқиб жўнаб қолдилар.

Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2013 йил, 4-сон.