У муштчалари билан кўзларини ишқаркан, чўзиб хомуза тортди, оғзидан беихтиёр «а-а-а» деган мудроқ аралаш овоз чиқиб кетди. Ёнида ўтирган сариқ сочли пучуқ қизалоқ кафтларини лабига босганича, пиқ этиб кулди. Орқароқдан кимдир унга ўхшатиб «а-а-а» дея атай такрорлади. Доскага нимадир ёзаётган ориққина, кўзойнакли опа орқасига ўгирилди, хўмрайиб қўйди. У қўрқиб кетди ва худди кўзойнакли опа ҳозир унинг овозидан таниб ёнига келадигандек, олдинги партада ўтирган боланинг панасига яширинди. Лекин опа жойидан қимирламади. Ўтирганларга бирма-бир разм солди-да, яна ишини давом эттирди. Ёзиб бўлгач, болаларга қараб, тушунтира бошлади:
— Бу катта «А», бу кичкина «а»…
«Боғча опа бўлганда албатта танирди, — деб ўйлади у ичида, — кейин келарди-да, қулоғимдан чўзиб бурчакка турғазиб қўярди. Кўзойнакли опа эса танимади. Йўқ, кўзойнакли опа эмас, отини қизиқ қилиб айтган эди. Му… мула… Э-э, «боғча опа» дейиш осон эди, боғчага — боғча, опага — опа. Нега уларнинг отини «мактаб опа» қўйишмаган? Мактабга — мактаб, апага — опа бўларди. Айтишга ҳам осон эди».
Кўзойнакли опа қўлидаги бўрни доскадаги ҳарфларга тақ-тақ урганича ҳамон бир гапни такрорларди:
— Бу катта «А», бу кичкина «а»…
«Униси катта «А», буниси кичкина «а»… Шуни юз марта қайтариш шартми?» Кўзимни юмиб ҳам айтишим мумкин: Униси катта «А», буниси кичкина «а»… Э э…»
Хаёллари чувалаша бошлади. Яна боғчаси, оппоқ тўшакли каравотчаси ва ҳар нарсага танбеҳ бераверадиган дум-думалоқ боғча опаси кўз олдида гавдаланди. Боғча опасини «Бўғирсоқ» дейишарди. Лекин бу номни унга болалар қўйишмаган. Биринчи бўлиб Нигоранинг аяси айтган. Ниманингдир устида айтишиб қолишганда: «Текин овқатни еганинг учун бўғирсокдай семиргансан-да, ичи пўк бўғирсоқ», деган. Гапи тўғри. Ростдан ҳам боғчада овқат текин эди. Бу ерда эса пулга беришаркан. Кўзойнакли опа ҳам шунинг учун ориқ бўлса керак-да!..
— Қани, такрорланглар-чи: буниси катта «А», буниси кичкина «а». Чийилдоқ, баданд-паст овозлардан қулоклари битиб қолаёзди. Ёнидаги пучуқ қиз «Сен такрорламайсанми?», дегандек, туртиб қўйди. Унинг такрорлагиси келмади. Кафтлари билан қулоқларини бекитганча кўзойнакли опа ва болаларни кузата бошлади. «Вуй, роса қизиқ! Худди овозсиз кинодагига ўхшаркан. Қўллари, лаблари, кўзлари қимирлайди-ю, лекин нима дейишаётганини билиб бўлмайди». Кафтларини сал очган эди, ундан ҳам қизиқ бўлди. Қулоқлари худди ари уясига ўхшаб ғувиллаб кетди.
— Эй, Қодиров! Сен нега такрорламаяпсан?
У кўзойнакли опанинг нима деганини эшитмаган бўлса-да, ўзи томон келаётганини кўриб қўрқиб кетди ва дарҳол қўлларини қулоқларидан олиб, қотиб қолди.
— Нега сен такрорламаяпсан, а Қодиров! Ё бунинг сенга даҳли йўқми? У ўрнидан сакраб туриб, шоша-пиша чийиллади:
— Униси катта «А», буниси кичкина «а».
— Қайси бири катта «А?» Унисими, буниси? — Кўз ойнакпи опа орқаси билан юрганча доска ёнига борди-да, столдан узун кўрсаткич таёқни олиб, шакллардан бирига тегизди: — Қайси бири каттаси?
«Қайси бири эди? Униси… йўқ, буниси… Йўқ, каттаси катта бўлади-да. Анави бўйи узуни — каттаси!»
— Биринчиси кагта «А», иккинчиси кичкина «а», — деди кўзойнакли опага хавотирлик билан мўлтираб.
— Яхши, Қодиров! Ўтир жойингга. Диққатинг бир жойда бўлсин!
У атрофга мағрур кўз ташлаб, жойига ўтирди. Ёнидаги пучуқ қизга: «Кўрдингми?», дегандек мамнун қараб қўйди. Қизча унга ҳавас билан боқди.
Лекин лаҳза ўтмай, уни яна эсноқ тутиб, кўз олдида ғалати ҳалқачалар пайдо бўла бошлади. «Бир, икки, уч…», дея ҳалқачадарни санашга киришганда улар шу қадар кўпайиб кетишдики, ўнтага етганда адашиб қолди. Болалар, синф, доска ва парталар айқаш-уйқаш бўлиб, хира пардага чулғанди. Кўзойнакли опанинг ингичка овози узоқдан келаётган майин бир куйдек вужудини аллалай бошлади. Боғчада маза эди. Овқат ейишарди, ўйнашарди, ухлашарди — шу. Бу ерда эса нуқул қўнғироқ чалишади — ўқишади, нуқул қўнғироқ чалишади — ўқишади…
У қалқиб кетди. Бу сафар сариқ сочли қизнинг жаҳли чиқди шекилли, кўзойнакли опага имлаб, «Эй, ухлама, ўласан!», деб шивирлади. Унинг лаблари жавобга шайланди-ю, аммо гап тополмай каловланди. «Кўзойнакли опа кўриб қолмадимикан?», деган ҳадик билан у томонга қараркан, калласига бир фикр келди.
— Боғча опа! — дея секин қўлини кўтарди. — Ёзилиб келсам майлими? Кўзойнакли опа орқасига ўгирилиб, болаларга бирма-бир алангларкан, унга кўзи тушиб, шу томон йўналди.
— Аввало, Қодиров, мен сенга «боғча опа» эмасман, муаллима опаман! Иккинчидан… — У кўзойнаги остидан синчковлик билан тикиларкан, негадир бир лаҳза жим қолди, сўнг мулойим, айни пайтда, қатъий овозда: — Майли, чиқиб келақол. Кейин гаплашамиз, — деди.
«Боғча опа бўлганда ҳечам қўймасди, — деб хаёлидан кечирди у ўрнидан тураркан. — Бирпас афтингга тикилиб: «Ана, кўзларинг айтиб турибди, нега ёлғон гапирасан, тирранча? Қани, жойингга ўтир-чи» деб койиб берарди. Кўзойнакли… йўқ, муаллима опа бошқача… яхши экан».
У коридорга чиқди-ю, қаёққа боришини билмай, бир лаҳза ағрайиб турди. Кейин орқасига қайтди. Эшикдан кириб ҳали ўрнига ўтирмасдан, бирваракайига тўртта бола қўл кўтарди:
— Ёзилиб келсам майлими?..
— Ёзилиб келсам майлими?..
Муаллима опа кўрсатгич таёқни столга қарсиллатиб бир урди. Қўллар қандай тез кўтарилган бўлса, худди шу йўсинда пастга туширилди.
— Болалар, эсларингда бўлсин, биз биринчи дарсимизда келишиб олганмиз. Дарс, бу — ўйинчоқ эмас. Ёзилиш, овқатланиш, дам олиш ва ҳоказолар учун танаффус берилади. Мен Қодировнинг аҳволини тушунганим ҳолда руҳсат бердим. Лекин бу биринчи ва охирги марта. Сенинг ҳам қулоғингда бўлсин, Қодиров! — Муаллима опа кўрсаткич таёқни столга қўйиб, калта қирқилган жингалак сочларини силкитганча болаларга якин келди. — Энди сизлар боғча боласи эмассизлар. Мустақил одамсизлар! «Мустақил» дегап гапни тушунасизларми ўзи?
Болалар шошиб бир-бирларига қарашди. Йўқ, дейишса, муаллима опа койиб беришини ўйлабми, ҳеч ким миқ этмади.
— «Мустақил» дегани — бу энди ўзларинг ақл фаросат билан иш тутасизлар, дегани. Чунки, яна қайтариб айтаман, энди боғча боласи эмас, катта одамсизлар! — Муаллима опа қўлларини кўксида чалиштириб дераза ёнига борди ва кўзойнаги остидан яна ҳам катта ва чўкик кўринадиган ўйчан кўзларини болаларга тикди. Хаёлидан нималарнидир ўтказди. Сўнг олдинги партада ўтирган дўмбоқ болага мурожаат қилди: — Чўлиев, мана, сенга бир савол: дейлик, дарсдан қайтаётганингда, йўлда, ўзингдан кичкина болани биров дўппослаётганини кўриб қолдинг, шунда сен нима қилган бўлардинг? Чўлиевнинг қисиқ кўзлари бирдан чақнаб кетди.
— Калтаклаган болани урардим!
Болалар унинг жавобини тўғри деб ўйлашди шекилли, ҳеч ким индамади. Муаллима опанинг кулгиси қистади-ю, лекин ўзини вазминликка олди. Чўлиевнинг орқасидаги партада ўтирган, юзлари қизларникига ўхшаш, ориқ-озғин болага юзланди:
— Қани, Маҳмудов, эшитайлик-чи, бундай вазиятда сен нима қилардинг? Боланинг буғдойранг чеҳрасига саросима ифодаси қалқиди. У ўрнидан туриб дам муаллимага, дам болаларга аланглаганча нимадир деди.
— Унинг ўзи қўрқоғ-у!.. — деган овоз келди орқа партадан.
Ҳамма бирдан кулиб юборди. Маҳмудовнинг чўзинчоқ юзи дув қизарди. Муаллима опа гапирган болани топмоқчидек синф тўрига таҳдидли назар ташларкан, Маҳмудовнинг сочларини силади:
— Бундай пайтда, Маҳмудов, дарҳол жанжални тўхтатиб, ўша зўравон болага танбеҳ бериш керак. «Одобли болалар ҳеч қачон бир-бири билан уришмайди», дея уялтириш лозим. Бу гап фақат Маҳмудовга эмас, ҳаммамизга тегишли, болалар!
Муаллима опа ўша куни катта «А» билан кичкина «а» ҳақида бошқа гапирмади. Қўнғироқ чалингунча роса қизиқ гапларни айтиб берди. Ҳайратдан ҳамманинг оғзи карнайгулдек очилиб қолди. Қизиқ, уч кундан бери нуқул рўйхат ўқишу танишишдан бошқасига ўтмаган ориққина муаллима опа шунча гапни биларкан-а! Яна, улар билан катта одамлардек гаплашиши-чи!
— Болалар, — деди, — билиб қўйинглар, бу ерда оддий болалар эмас, келажак ўтирибди!
Бу гапни эшитиб ҳамма ағрайиб қолди. «Рост-да, қанақа келажак ўтириши мумкин? Ким ўзи, опалари айтаётган келажак?» Муаллима опа уларнинг юзидаги ажабланишни сездими, столда ётган кўрсатгич таёқни олди-да, баланд кўтариб: «Келажак бу — сизлар», — деди. Лекин улар бари бир тушунишмади. Шундан сўнг у Қодировнинг ёнидаги пучуқ қизни ўрнидан турғазди-да: «Ҳозир мен сизларга синфимизда қандай келажак ўтирганини исбот қиламан», деди. Болалар пучуқ қизга ғалати бир ажойиботни кўргандек қизиқсиниб тикилишди.
— Қани, Тўйчиева, — деди муаллима опа унинг елкасига кафтини қўйиб, — ўртоқларингга айт-чи, мактабни аъло баҳолар билан битиргач, ким бўлмоқчисан?
Тўйчиева бу саволни эшитиб, бирдан хаёлига «Масхараламаяптимиканлар?», деган ўй келди шекилли, ҳадик билан опага тикилди. Опанинг кўзлари ойнак остидан мулойим ва жиддий боқиб турарди.
— Уялма, айтавер, — деди муаллима унинг хижолат бўлаётганини кўриб. — Ҳозир бошқалардан ҳам сўраймиз.
Тўйчиева қизаринди, кейин «айтсаммикан-айтмасаммикан?», дегандек шошиб болаларга кўз югуртирди-да, паст овоз билан пичирлади:
— Раққоса…
Ён томондан кимдир чўзиб ҳуштак чалди. Уч-тўртта бола муаллима опа турганини ҳам унутиб, бор овозда «Ў-ў-ў!», деб юборди. Орқада ўтирганлар Тўйчиеванинг нима деганини эшитишмадими, олдинги партадагаларни туртиб сўрай бошлашди. Муаллима опа ингичка қошларини чимириб, ҳуштак келган тарафга ўқрайиб қаради. Сўнг Тўйчиевага юзланиб:
— Жуда яхши ўйлабсан, Тўйчиева! — деди. — Орзуингга етишишинг учун яхши ўқишинг, интизомли бўлишинг керак. Ўтир. — Кейин бир лаҳза индамай турди-да: — Қалай, Қодиров, ухламаяпсанми? — деди унга қараб.
У: «Сен ким бўлмоқчисан?», деб сўраб қолса, нима жавоб бераман?», деб ўйлаб ўтирган эди, чўчиб тушди. Болалар кулиб юборишди. Ҳозиргина қизариб-бўзариб ўтирган пучуқ Тўйчиева ҳам худди бугуноқ раққоса бўлиб кетадигандек мағрур жилмайди. Биринчи куни Тўйчиевани унинг ёнига ўтқазишганида жаҳли чиққан, кўзига у жуда бижилдоқдек кўринган эди. Қурмағур, аллақачон орзу қилишга ҳам улгурибди. У эса… Айтгандай, дадаси уйларига келган меҳмонга мақтаниб: «Менинг ўғлим катта бўлса профессор бўлади», деди-ку, орзу дегани балки шудир?
— Қани, эшитайлик-чи, келажакда Қодиров ким бўлмоқчи экан? — дея муаллима опа кўзойнагини тўғрилаб жилмайганча унга тикилди.
— Менми? — у шоша-пиша ўрнидан турди ва болаларга бир-бир қараб чиқди. Ҳамманинг нигоҳи унда эди. Ҳатто Тўйчиева ҳам: «Қани, нима деб жавоб бераркан?», дегандек оғзини очиб турибди. — Мен… ҳалиги, профессор бўлмоқчиман…
— Ва-а-а! — деб юборди ёнидаги партада ўтирган Атоев. — Дадаси тракторчи-ю, бу профессор бўлармиш! Профессорликка пулни қаёқдан оларкан?
Қодиров ўзини йўқотгудек бўлиб, муаллима опага қаради. Муаллима опанинг кўзлари катта-катта очилган эди.
— Бу… бу гапни сенга ким айтди, Атоев?
— Ўзим биламан? — Атоевнинг думалоқ юзида қатъий бир ифода пайдо бўлди.
— Дадаси совхознинг директори-ю, ҳамма нарсани билади! — деб чийиллади биров орқа томондан.
Муаллима опа исиб кетди шекилли, пешонасида ялтираб тер пайдо бўлди. Атоевга яқинлашаркан, узун, ингичка бармоқлари билан кўзойнагини олиб, атир ҳиди анқиб турадиган рўмолчасида обдан артди. Сўнг, мулойим оҳангда сўради:
— Қани айт-чи, Атоев, яна нимани биласан?
Атоев муаллиманинг ғалати бўлиб кетганини сезиб, бир лаҳза иккиланиб қолди. Сўнг, елкасини қисганча секин ўрнидан турди-да:
— Ҳаммасини биламан, — деди.
Муаллима опа кўзойнагини тақаркан, Атоевнинг қаршисидага партага оҳиста чўқди.
— Масалан, нимани? — Атоев унинг нима ҳақда сўраётганини тушунмагандек кўзларини пирпиратди. Муаллима опа энди бошқачароқ қилиб сўради: — Масалан, «профессор бўлиш учун кўп пул керак», деган гапни қаёқдан эшитдинг?
Атоевнинг кўзлари: «Шуниям билмайманми!», дегандек мамнун чақнади.
— Дадам айтганлар. Чунки ёзда акамни дўхтирликка пул билан қўйишди. Дадамнинг ўзлари айтдилар. «Дўхтир бўлишинг учун неча мингим кетди, профессор қиламан дегунча, билмадим, яна қанча пулнинг бошини ейсан», деб. Унинг дадаси тракторчи-ку! Ана, тракторчи Қобил аканинг ўғлиям пули йўқлиги учун қайтиб келди…
Муаллима опанинг бирдан жимиб қолганини кўриб, Қодиров ўйга толди. Демак, ростдан ҳам, профессор бўлолмас экан-да!?. Дадаси эса ўртоқларига мақтаниб юрибди: «Ўғлим професор бўлади?» деб.
— Гап бундай, болалар, — муаллима опа ҳамманинг хаёлини бўлиб, партадан турди-да, қўлларини кўксида чалиштирганча доска ёнига борди. — Буларнинг ҳаммаси бекорчи гаплар. Сизлар бунақа гапларга қулоқ солманглар. Чунки энди сизлар мустақил одамсизлар. Боя айтганимдек, мустақил одам ҳар бир ишни ўз ақли, ўз кучи билан бажаради. Фақат ота-онасининг кучига ишонган болани мен ҳақиқий инсон ҳисобламайман. Унақалар ўзларига ҳам, ота-оналарига ҳам, жамиятга ҳам бирон фойда келтиришмайди. Улардан ҳамма ҳазар қилади. Сен эса, Қодиров, хафа бўлма. Мана кўрасан, улғайсанг, албатта профессор бўласан, унинг учун эса ўқишинг, яхши ўқишинг керак, холос!
Қизариб кетган Атоев ўтиришини ҳам, туришини ҳам билмай қотиб қолган эди.
Шундан кейин муаллима опа бошқа болалардан ҳам келажақда ким бўлмоқчилигини бирма-бир сўраб чиқди. Бурчақдаги партада ўтирган Сатторов «Учувчи бўламан», деди. Доимо Тўйчиева билан бирга юрадиган қорача қиз — Ҳакимова эса, ўқишни битириб дўхтирликка кирармиш. «Ўзингдан кичкина болани биров дўппослаётганини кўрсанг, нима қилардинг?», деган саволга жавоб беролмаган Маҳмудов «Министр бўламан» деган эди, ҳамма кулиб юборди. Муаллима опа ҳам қўшилиб кулди. Сўнг, унинг елкасига коқиб: «Яхши ўқисанг, одобли бўлсанг, албатта, министр бўласан», деди. Фақат Атоев: «Совхозга директор бўламан», деганида негадир индамади, кўзларини ерга тикканча доска ёнига борди-да: «Ана болалар, кўрдингларми, бизнинг синфимизда кимлар ўтирибди! Бизнинг синфимизда Ватанимиз учун, халқимиз учун, фан ва маданиятимиз учун жонини ҳам аямайдиган ҳалол, пок, фидокор инсонлар ўтирибди!», деди.
Уйга қайтаркан, Қодиров севинчдан терисига сиғмасди. Муаллима опалари жуда ажойиб экан! Бунақанги яхши гапларни қаердан топаркан-а? Атоевни қизартириб қўйгани-чи! Боғча опа бўлганида бошқаларни жеркиб ташлаб: «Сизники — тўғри, — Атоевжон!», дер эди. Муаллима опа эса: «Бекор айтибсан, Атоев, мана кўрасан, Қодиров албатта профессор бўлади», деди. Ростдан ҳам, профессор бўлса-я? Дадаси росаям суюнарди-да. Иннайкейин, ўзиям кўзойнакларни тақиб, телевизорда роса гапирарди-да…
— Ҳув бола, баққа қара, Қодирни ўғлимисан? — унинг хаёли бўлиниб, овоз келган тарафга ўгирилди. «Ойпош холаси! Ойпош холаси қизиқ кампир-да! Дарчаси олдидага қари тут тагига ёғоч қути қўйиб олиб, кунбўйи писта сотиб ўтиради. Ҳеч ким билан гагшашмайди ҳам, ҳеч кимникига чиқмайди ҳам. Фақат бувиси билан ўртоқ. Бувисининг айтишича, унинг одамлардан кўнгли қолган эмиш. Айниқса, яккаю ёлғиз ўғли ҳам шаҳардан уйланиб, ўша ерда уйли-жойли бўлгандан кейин ҳамма нарсадан қўлини ювиб қўлтиғига урибди. Бувиси: «Ойпошшажон, ўғлинг шаҳарда палон жойда ишлайди-ку, сенинг писта сотиб ўтирганинг нимаси? Ундан кўра, худога шукур килгин-да, ўйна-кул, ўғлингникига бор, тўй-маъракага чиқ», деб койиса, Ойпош холаси: «Момогулжон, мен буни очимдан ўлганим учун қилаётганим йўқ, ўзимнинг пенсиям ўзимга етиб ортади, лекин номуси ўшанга тегсин, деб қиламан, едириб-ичириб, бугунги кунда керагим бўлмай қолгани учун қиламан», деган эмиш. Бувисининг айтишича, Ойпош холаси келинига ёқмаганмиш. Қизиқ, шундай яхши кампир нега ёқмаган экан-а?..
— Менга қара, ма! — Кампир бир сиқим писта узатди-да, дока рўмол танғилган пешонасига кафтини соябон килиб, киприксиз, ботиқ кўзларини унга тикди. Кейин пастида ҳам, юқорисида ҳам бир донадан қолган сарғиш тишларини кўрсатиб, ҳайратомуз жилмайди:
— Э-ҳа, кап-катта одам бўлиб қолибсан-ку, сен ҳам, а? Қани, бери кел-чи, — Ойпош холаси салқи қовоқлари остида йилтиллабгина турган думалоқ кўзларини пирпиратиб унга бошдан-оёқ хавас билан термилди. Орқасига осиб олган сумкасини ушлаб ҳам кўрди. Сўнг, бўшашибгина «уф» тортди.
Ойпош холасининг «Катта бўлиб қолибсан», деган гапи унга хуш ёқди ва кампирга сездирмай елкаларини керганча оёқ учида қаддини баландроқ кўтарди. Кампирнинг ҳозиргина кулиб турган чеҳраси негадир бирдан ўйчан тортди.
У холасининг юзида рўй берган ўзгаришни кузатаркан, бувисининг гапларини эслади: «Тавба қилдим, Худойим. Тўқ яшаганимиз сайин бир-биримиздан узоқлашиб кетяпмиз. Қишлоқда бирон-бир мард йўқки, Ойпошша бечоранинг ўғлига икки энлик хат ёзиб, уни инсофга чақириб қўйса. Ҳамма ўз тинчини ўйлайди. Худо ҳаққи, саводим бўлганда ўзим боплаб бир ёзардим».
Дафъатан унинг хаёлига бир фикр келиб, қувониб кетди. Рост-да, мана бугун катта «А» билан кичкина «а»ни ёдлашди, эртага эса бошқа ҳарфларни ўрганишади. Иннайкейин, Ойпош холасига бемалол хат ёзиб берса бўлади. Эҳ, ўшанда холаси роса қувонса керак!
— Ойпош хола, — деди у думалоқ кўзлари қисилинқираб, афти жиддийлашиб, — мен… мен хат ёзиб берайми, сизга?
Кампирнинг серажин юзи баттар тиришди:
— Қанақа хат, чироғим?
— Ҳалиги… ўғлингизга! Бувим айтганлар, «Саводим бўлганда яхшилаб бир хат ёзардим», деб. Менинг эса саводим бор. Мана… — у шоша-пиша елкасидан сумкасини олди-да, ичини титкилаб, кўк дафтар чиқарди. — Мана, қаранг, бу катта «А», бу кичкина «а»! — Севиниш ўрнига Ойпош холасининг кўзлари бирдан ғамгинлашиб, киртайиб қолганини кўриб, ҳайрон бўлди. Ё ишонмаяптимикин?» — Ойпош хола, рост айтяпман, мана кўрасиз, бир ойдан кейин ҳамма ҳарфларни билиб оламан, — деди шошиб, азбаройи куйиб пишгандан юзи қизариб, бўғриқиб кетди. — Кейин сиз айтиб турасиз, мен ёзаман. Ҳаммасини ёзаман. Кейин ўғлингиз қайтиб келади. Шунақа! Мен ўзимни ўйламайман, мен энди мустақил одамман. Муаллима опамиз айтдилар. «Энди сизлар мустақил одамсизлар, ўзларингиздан катталарга ёрдам беришларингиз керак», дедилар, билдингизми?
Ойпош холасининг тунд чеҳраси аста-секин ёриша бошлади. Пешонасидаги тиришлар ёзилди. Икки қоши ўртасидаги тугунча ҳам йўқолди. Этлари шалвираб қолган чап қўлини пешонасига соябон қилганча, ўнг қўли билан унинг елкаларига қоқди:
— Ишонаман, болам, ишонаман…
У Ойпош холасини ишонтира олганидан хурсанд эди. Рост-да, бир ойдан кейин албатта хат ёзиб беради. У, бувиси айтганидек, ўзининг ҳузурини ўйлайдиганлардан эмас. У энди мустақил одам. Ана, Ойпош холасининг ўзи ҳам айтди. «Ишонаман, болам, ишонаман», деди.
У кетиб бораркан, орқасига ўгирилиб, Ойпош холасига яна бир бор қаради. Кампир қари тутга суянганича унинг ортидан термилиб ўтирарди…