Узоқ вилоятдан келиб республика идораларининг бирида нуфузли лавозимда бўлмаса ҳам, тўрт киши қоғоз ва компьютердан бошини кўтармай ишлайдиган хонанинг бир стол ва бир стулини эгаллаб ўтирганига қарийб беш йил бўлиб қолибди. Иши кўзга кўринарлига ўхшамайдику-я, лекин моянаси чаккимас. Идорасининг ҳам номи баланд. Ҳамқишлоқлари учун у “фалон жойда ишлаяпти!” Ана шу “фалон жой” туфайли у шаҳарлик манаман деган оиланинг қизига уйланган. Агар ака-укаларига ўхшаб қишлоғида ғалтак судраб юрганида бу оила унга қизи тугул, итини ҳам бермасди. Лекин “арава”сини ўзи тортяпти. Тортганда ҳам ғилдиратиб тортяпти. Чунки, юқорида айтганимиздай, иши яхши. Хонасида ўтирганда оддий ходим, лекин иш юзасидан текширув ёки назорат учун вилоятларга чиққанда борми, нақ авлиёга айланиб кетади. Қишлоқда ҳозирда марҳум бўлиб кетган отасининг олмазор боғидан олиб, атаб йиққан бир неча йиллик даромадига тўрт йил олдин пиёз экиб сотган пулини ҳам қўшиб олган, европа усулида таъмирланиб, чет элники бўлмасаям, оҳанжамалари чет элникига ўхшатиб ишланган мебеллар билан жиҳозланган шаҳар марказидаги беш хонали уйининг икки қават эшигини оқшом тушар палла кимдир секин тақиллатди, сўнг ақли етиб қолди шекилли, булбул бўлиб сайрайдиган қўнғироғини босди.
Боймирза ҳозиргина ишдан қайтган эди. Хотинига эрта саҳарлаб вилоятларга хизмат сафарига кетиши лозимлиги боис, унинг учун йўл тараддудини кўришни уқтирганча, овқатланиш учун стулга ўтираркан, эшик томон норози қараб қўйди. Вақти-бемаҳал қишлоқдан пойтахтга тушганларнинг йўқлаб турадиган одати бор. Оға-ини ҳам майли, ҳамқишлоқман, деб ғирт бегоналар ҳам серрайиб турган бўлади эшикни очганда. “Бефаросатлар”, ўйлайди улар ҳақида.
– Ким бўлди кеч кирганда?
– Қайдам? Қўшни-пўшнидир-да, – шаҳарлик хотиннинг овозида ҳам малол оҳанги бор эди.
– Ассалому-алайкум, янга, – “хўш, хизмат”, дегандай эшикни қия очиб турган хотинига тавозе ва камсуқумлик билан салом берган йигитнинг овози таниш туюлди унга. – Мен… аканинг ҳамқишлоқлариман. Шаҳарга тушгандим. Бир кўриб кетай деб…
– Ҳамқишлоғингиз экан, – алик ҳам олмай, эрига юзланганча ичкарига кириб кетган аёлнинг эшикни очиқ қолдирганини меҳмон йигит “шаҳарликларнинг ичкарига киринг дегани шу бўлса керак”, деб тушунди-да, остона ҳатлаб қадам босди. Чунки, отаси айтгандай, остонада кўришилмайди. Шунинг учун қишлоқда эшикдан ким келишидан қатъий назар, киринг меҳмон, дея ичкарига таклиф қилинади.
– Э, Абдували, сенмисан? – У ҳамқишлоғини таниди ҳартугул, қучоқ очишга шайланган йигитга қўлини узатди. – Ке, кир ичкарига, қишлоқда нима гаплар?
– Яхшимисиз, ака? – Абдували товонини бир-бирига ишқаб қишлоқнинг тош йўли бир томонини қийшайтириб юборган туфлисини ечди-да, уни истар-истамас ичкарига бошлаган шаҳарлик ҳамқишлоғининг ортидан эргашиб меҳмонхонага кирди.
Шаҳарлик хотин шаҳарлик-да, стол устида бодом-писта, ширинликлар солинган биллур идишларнинг юзи чиройли тўр мато билан ёпиб қўйилибди. Қишлоқда онаси меҳмон учун аталган қанд-қурсларни неваралар талош қилиб юбормаслиги учун кичкина сандиғига солиб қўяди. Нон ёпилган куни тандирнинг тепасида қизариб энг чиройли пишган нонларни ҳам ўраб олиб қўяди, меҳмонга деб.
Абдували дуога қўл очди. Унга қараб, Боймирза ҳам “илоҳо-омин” дея юзига фотиҳа тортди.
– Хўш, ҳамқишлоқ, нима гаплар, қайси шамол учирди? – деди Боймирза мақсадга ўт дегандай.
Қишлоқда аввал сўрашилади, чой-нон келтирилади, меҳмон айтмагунча, мезбон нега келдинг, демайди. Шаҳарда шундайдир-да. Абдували ўнғайсизланди.
– Абдукарим ака билан пешинда келгандик. Ўғлининг ўқиши бўйича. Яна бир учрашадиган жойи бор экан, сен боравер, деганди.
“Оббо, яна битта сўлахмон келаркан-да”, – энсаси қотди Боймирзанинг.
– Қайси Абдукарим ака?
– Камол ота бор эди-ку, отангизнинг дўсти, шуни ўғли.
“Тавба, бундан ҳам узоқроғи йўқмиди”, – хаёлидан ўтди Боймирзанинг.
– Сен ўтира тур. Мен эрта саҳарлаб, машина ҳал бўлса, балки бугун оқшом ҳам вилоятга чиқиб кетаман. Командировка. Ишимиз шунақа. Шунга сал тайёргарлик дегандай… – Бугун оқшом кетмайди. Оғриқнинг олдини олиш учун, аниқроғи, манавилар тунаб қолайлик, демаслиги учун атай шундай деди. Боймирза ўрнидан тураётиб, ошхона тарафга бўйин чўзди. – Чой олиб ке!
Қишлоқда чой олиб ке, дейилмайди. Хонадон соҳибалари ўзи билиб олиб киради, ёки, бегона эркак, деб истиҳола қилса, ёш боладан киритаверади. Қизиқ, шаҳарда бошқача экан. Абдували ҳозиргина Боймирза устидан тўр матони олиб кетган ширинликларга қаради. Анави идишдаги конфет саккизтамикан, ёки тўққизта? Агар битта олса, ўрни билиниб қоларкан. Лекин идиши чиройли экан.
– Яхшимисиз, олинг, чой ичинг, – “Номига бўлса ҳам сўрашишни биларкан-ку”, – ўйлади Абдували унинг олдига чой қўйиб кетган оппоққина шаҳарлик хотиннинг ортидан қараб. Сўнг, аёлнинг ортидан қарагани учун ўзидан ўзи хижолат бўлди-да, чой қайтара бошлади.
“Дом” дегани чиройли, қулай бўлса ҳам, яхши эмас экан. Нариги хонадаги овоз беригисига эшитилиб турар экан. Қишлоқда уйининг деворлари пахсадан. Овоз эшитилмайди.
“– …Пишириб қўйибдими… Жонга тегди… Оёғини ҳидини-чи!
– Мен чақирдимми? Қўрқма, кетади…”
Боймирза шаҳарлик бўлиб кетибди. Шаҳарлик бўлса ёмон экан. Меҳмонни ёқтиришмас экан. Абдували бўлса, ўқиб, шаҳарда қолишни орзу қилиб юрибди-я! Отаси Боймирзани йўқланглар, деганда акаси бежизга “Нима қилади уникида?” – демаган экан. Чунки, ўтган гал у келганди. Қишлоқда… Абдували ўрнидан турди.
– Э, чой ичмайсанми? – деди эшикдан иккита шапатидай нон кўтариб кириб келаётган Боймирза кетишга тараддуд кўраётган Абдувалига.
– Раҳмат, ака. Отамнинг саломларини айтиш учун келувдим.
– Саломат бўлсинлар. Борардинг-да, ўтириб…
– Абдукарим ака ҳаяллаб қолди. Юким ҳам унда эди. Қишлоққа борганда, бизникига ҳам боринг экан. Отам айтиб юбордилар.
– Борамиз. Борамиз, Худо хоҳласа. – деди Боймирза уни кузатаётиб. – Бир пиёла чой ҳам ичмадинг-да. Ҳа, майли. Нимаям деймиз, шошаётган бўлсанг. Мен ҳам..
– Майли ака, соғ бўлинг. – Абдували ортидан эшик ёпилгач, енгил тин олди. “Қишлоқда ташқаригача кузатиб чиқадилар. Уйнинг аёли ҳам хайрлашади…”
* * *
Бу галги хизмат сафари сал бошқача бўлди. Улар ишчи гуруҳларга бўлиниб, вилоятнинг чет туманларида танлов асосида хонадонларга кириб, оилаларда тиббий маданиятни ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан мониторинг ўтказишлари керак эди.
Боймирза унинг ортидан қўлини кўксига қўйиб ҳамроҳлик қилаётган вилоят вакили ва маҳалла раиси билан бирга қишлоқ оралаб бораркан, олдиндан тайёрлаб қўйилган хонадонларга кирмаслик учун дуч келган эшикни тақиллатди. Эшикни олтмишдан ошиб, етмишни қоралаб қолса-да, тетик қоматли эркак очди.
– Ассалому-алайкум! Келинглар, келинглар.
Боймирза ўзининг республикадан келганини билдирмоқчи бўлмади. Чунки, топшириқ шундай эди.
– Ота, биз маҳалладан…
– Майли, қаердан бўлсаларинг ҳам. Ичкарига киринглар, болам. – Ота уларни ҳовлига бошлади. Боймирза хизмат вазифасига биноан, ҳовлининг тозалигига, хўжалик биноларининг жойлашувига назар солди.
– Қани, болам, уйга киринглар.
– Раҳмат, ота. Ишимиз кўп. Уйингизга патронаж ҳамширалар келиб туришадими?
– Келишади, болам, келишади. – Унинг сўзини бўлди мезбон. – Уйга киринглар, уйда, бир пиёла чой устида гаплашамиз.
– Йўқ, ота, вақтимиз йўқ…
– Э, бу вақт кимлардан қолмаган. Киринг, болам, киринг. – Ота уй эшигини очиб, қўли билан ичкарини кўрсатди. – Марҳамат.
“Ҳамма хонадонларни огоҳлантириб чиқишганми дейман.” – Боймирза оёқ тиради:
– Узр ота, биз киролмаймиз…
– Менга қаранг, ўғлим, – деди ота меҳмонларнинг кирмайман деганидан ранжиганини сездирмаслик учун табассум, айни дамда таъкид билан. – Мен сизларни чақирганим йўқ. Ўзларинг эшик қоқиб келдиларинг, шундайми?
– Тўғри… – “Келганимиз ёқмади шекилли,” – ўйлади Боймирза.
– Агар мен чақирганимда, менинг меҳмоним бўлардингиз. Сизни Худо шу ерга етаклаб келди. Демак, Худонинг меҳмонисиз. Меҳмон – атои Худо. Мен сизларни эшикдан қайтарсам, Худонинг олдида нима деган одам бўламан? Ичкарига киринглар.
Бу сўзлардан кейин кирмай илож қолмади. Боймирза унинг рангига қараб турган ҳамроҳларига имлаб, оёқ кийимини еча бошлади.
– Раҳмат сизларга, – деди ота дуо ўқилгач. Келини шекилли, қорамағиз жувон шошиб дастурхон тузай бошлади. – Худонинг меҳмони файз олиб келар экан. Уйимга файз кирди. Раис, чойни сен қуяқол.
– Овора бўлишмасин ота, биз кўп ўтирмаймиз. – деди Боймирза бири қўйиб бири қанд-қурс, сариқмою-қаймоқ, майиз-у ёнғоқ қўйиб кетаётган болаларга ишора қилиб.
– Майли, кўп ўтирмасаларинг ҳам. Лекин, насибаларингни олинглар. – Ота дуо ўқилибоқ ушатилган нонларни меҳмоннинг яқинига сурди.
Боймирза қайноқ чой билан нонни қаймоққа ботириб еб олгач, ён дафтарини олиб, отанинг исм-фамилиясини ёзиб олди.
– Энди, ота, хизматчилик. Қайси хонадонларда бўлганимизни қайд қилишимиз керак. Энамни исми нима, уни ҳам ёзиб қўяй?
Ота кулиб қўйди.
– Ҳозир, ўзини чақираман, айтади.
Лекин, меҳмонларга таом пиширишга бош-қош бўлаётган эна ҳадеганда киравермади. Ён дафтарини очиб, уни кутиб ўтирган Боймирза яна отани қистай бошлади.
– Ўзингиз айтаверинг, шундоқ, исмларини ёзиб қўйсам бўлди.
– Ўзи кеб қолар…
– Айтаверинг, ота.
– Дафтарингизни беринг, ёзиб берақолай. – Ота Боймирзанинг ён дафтарига “Ойпарча”, деб ёзди.
– Э, ота, Ойпарча дегани энг чиройли исм-ку! – кулди Боймирза ёзувни ўқиб. – Шуни айтишга уялдингизми?
– Ундай эмас. Бизда эр-хотин бир-бирини исмини айтиб чақирмайди. Ҳурматсизлик бўлади бу.
– И-е, нима деб чақирасизлар бўлмаса? Чол, кампир, дебми?
– Шундай деб ҳам. Ёки болаларимизнинг оти билан.
Боймирза бор-будини тўкиб меҳмон қилгач, кўчагача кузатиб чиққан ота ва унинг ўғиллари билан хайрлашаркан, кўнглидаги бор ғубори тарқаб кетгандай бўлди гўё. Бир умр уни кутиб ўтиргандай кутиб олишди-я! Қойил! Боймирза беихтиёр, кечаги кунни эслади. Абдували ҳам Худонинг меҳмони бўлган экан-да! У эса аҳмоқ хотинига қўшилиб, меҳмонни ҳайдамаса ҳам, мундайроқ қилди. Нима, шу битта одам тўласини яримлатармиди? Яна, хотини, қуруқ келибди, деб Абдувалининг қўлига қарагани-чи! Манави отаникига ҳам уч бирдай одам қуруқ кириб боришди-ку!
Кеча заррагина сезилмаган хижолатлик туйғуси бугун кўнглини ғимирлатиб ўтди.
Бу ердаги хонадонлар шаҳардаги каби ёнма-ён жойлашмаган. Бир ҳовлига иккинчисининг боғидан ҳам ўтиб кетавериш мумкин. Боймирза ҳамроҳларини эргаштирганча, девори лойсувоқ, дарвоза ҳам ўрнатилмаган хонадонларнинг бирига кириб борди. Ҳовлига кириб, овоз беришди.
30-35 ёшлар чамаси бир йигит қўлини кўксига қўйганча, пешвоз чиқиб келди.
– Ассалому алайкум. Келинглар, меҳмонлар!
Боймирзани бу йигит ҳам ичкарига киринг, дея қисталанг қилди. Лекин, Боймирза узр сўраб, туриб олди. Ҳар бир хонадонга кириб меҳмон бўлаверса, ишни қачон қилади? Ундан ташқари, бу йигит ўзи юпунгина яшайди шекилли.
Йигит ноилож кўнгандай бўлди-ю, орқасидан чиқиб келган хотинига секин имо қилди. Аёл бир пасда қуроқ дастурхон устида иккита зоғорами ўзиям, қорагина нон кўтариб чиқди ва олийнасаб меҳмонларга узатгандай, Боймирза томон тутди.
– Уйга кирмадингиз. Ҳеч бўлмаса насиба олинг! – йигит мулозамат қилмади, жудаям самимий айтди бу гапни.
Боймирза бир муддат йигитга ҳайрат билан тикилиб қолди. Эҳтимол, шу зоғора нондан бошқа ҳеч вақоси, ёки, Боймирзаникидақа бодом-писта, килоси фалон сўм турадиган тансиқ конфетлари йўқдир бу йигитнинг. Лекин унда Боймирзада йўқ, унинг қиммат бодом-писта-ю, ҳашаматли уйидан ҳам зиёда нарса бор эди. Нима эди шу нарса? Самимийлик, беғуборликми? Хушфеълликми? Балки, меҳмоннавозликдир бу? Йўқ, оддийгина, ўзбекчилик бор эди бу йигитда! Ота-боболардан мерос қадриятларга садоқат бор эди унда!
Боймирза нондан бир бўлак синдириб еди. Нақадар тотли эди бу нон! Унга хонадонидан туз тотгани учун миннатдорчилик билан тикилиб турган йигитнинг табассуми-чи! Бундай туз ичган жойга қирқ кун эмас, қирқ йил салом берсанг арзийди!
– Раҳмат! Барака топинг!
Боймирза чўнтагидан телефонини олиб четга чиқди. Аниқроғи, четга чиқиш учун телефонини олди. Ҳамроҳлари унга халал бермаслик учун берида қолдилар.
“Шаҳарда яшасам нима бўпди? Мен ҳам қишлоқда туғилган эдим-ку! Шаҳарда туғилганимда-чи? Нега минг йиллардан бери аждодлардан келаётган урфларимизни унутдим? Унутдим эмас, хиёнат қилдим! Нега? Одамларни суймай қўйдимми? Йўқ, уларни суяман. Айниқса ишим тушадиганларни. Эсимда, ёшлигимда онам меҳмонни шундай кутиб олардилар. Худди мана бу йигитнинг хотинидай. Меҳмон бўлгани учунмас, одамни одам бўлгани учун эъзозлардилар. Чунки, бу дунёда ҳаммамиз ҳам меҳмонмиз. Ота-онам-ку, менга бу қадриятни қолдирган эдилар. Мен боламга нима қолдиряпман?”
– Алло, – деди у хотинининг саломига алик олгач. – Кечаги ҳамқишлоғим, Абдувалининг телефон рақами йўқмикан дафтарда, қараб кўр-чи!
– Эрталаб, сиз кетганингиздан кейин келишувди, анави Абдукарим дегани билан.
– Нима? Келишувди? – Бир нима топгандай бўлди Боймирза. – Яхшилаб меҳмон қилдингми?
– Нега меҳмон қиламан? Иннайкейин… ўзлари ҳам шошиб туришган экан. Бир килодай сариқмой, бир халта ёнғоқ ташлаб кетишди.
– Ҳеч бўлмаса, халтасини қуруқ қайтармагандирсан!? – Асабийлашди Боймирза. Аслида хотини меҳмонларни қуруқ қайтарганини яхши биларди. Чунки, биринчи марта эмас эди бу. Ўзи ҳам шундай қилган бўларди.
– Сизга нима бўлди? Керакли одамлар эканми улар?
– Аҳмоқ! Аслида сен билан мен кераксизмиз! Ҳе… одам бўлмай ўл… – Боймирза телефонни ўчирар экан, ғудраниб қўшиб қўйди: – Мен ҳам ўлай… одам бўлмай!