Сарвар Тўраев. Зарчопон (ҳикоя)

Ўғлим, билдим, ҳақиқат
Қаҳрдан қотиб ётар.
Шамол бўлиб ҳайқирган,
Бир кун уни уйғотар.
Қутлибека

– Тунлари ғўдайган бу чўққилардан пастга қишлоғу шаҳарларга қарасам, кўнглим бузилиблар кетади…
Барот кенгликларни ишғол қилган уйлар чироқларининг жимир-жимиридан қочиб, уларга терс қараб яна ёнбошлади. У қараган томонларда осмонга бўйлаган, зимистон кечада осмон билан сарҳадларини ажратиб бўлмайдиган ҳур қоялар бор эди. Бири ёнбошлаган, бошқаси чўнқайиб олганларга фалакнинг ва чўққиларнинг бирлашиб кетган жойи кўринмас, англанилмас эдики, бунга уларнинг яқингинасида кўкка ўрлаётган, чўпон бола ёққан оловнинг ёруғи ҳам сабаб эди.
– Онамнинг зарчопонига ўхшайди.
У бу гапни овоз солиб айтдимми-я, деб ўзини ўзи койий бошлади. Бошқалар эшитдимикан… бирор шеърий сатрга ёки қўшиққа йўйишаётган бўлса яхшийди.
Бу гап унинг кўнгил тубида анча маҳаллардан буён қамалган, фурсати келибми… туйқус… сирғалиб дунёга келганди.
У шаҳарда ҳам кўп қаватли уйнинг айвонида туриб узоқларга ёйилиб кетган бу каби чироқларга қараб шундай хаёлланарди.
Гурунг-гурунгга уланади. Ёқилган гулхан чўққа ва сўнгра кулга айлана боради. Борлиқ зулматнинг қоқ ўртаси томон шошади.
Бир маҳал қоронғилик қаъридан чўпоннинг ити ҳуради, отарнинг бошқа бир томонидан иккинчи бир ит унга жўр бўлади.
– Шу энағар жонга тегди ўзиям, – чўпон қўзғалиб ўтириб олади-да, яна дейди: – Ўлиб ўлмайди, қолиб қолмайди.
Меҳмонлар бир муддат диққат қилиб рўпарадаги қоя томондан келаётган шох-шаббаларнинг шитирлашини, майда шағал тошларнинг шовуллаб тушаётган овозини эшитдилар.
“Ҳу-ҳу”лаган қандайдир овоз атрофдаги метин сукунатни бузди. Тоғнинг турли томонларидан итлар ҳурди, чўпонларнинг “ол, ҳа”, – деган қийқириғи узун дарани тутди.
– Бу айиқми? – меҳмонлардан бири овозида ҳадик билан сўради чўпондан.
– Айиқ, худди шундай овозда сайрайдиган қуш ҳам бор. Бизнинг тоғ аҳли у қушни ҳилол дейди.
Қаёққадир бир муддат ғойиб бўлган чўпон бола пайдо бўлиб, гулханни қайта алангалатди.
– Айиқ даранинг нариги томонидами?
– Йўқ, дара бизга акс-садо қайтаряпти. Бу дараларда гўштхўр айиқлар бўлмасди. Ғаму ташвишимиз ҳам кам эди.

* * *

Саҳар туриб чўпонлар гулхан ёқади. Қоравойда сув қайнайди. Тонг уйғонади. Ҳаёт ҳам қайнай бошлайди. Боботоғдан бош кўтарган қуёшнинг илк заррин нурлари Сурхонтоққа тушади. Ана шу икки тоғ орасидаги кенг воҳада яшовчилар чўпонлардан-да бир муддат кейинроқ уйғонадилар. Ана шу тоғларда тунлари изғиган жонзотлар ўз инлари томон шошадилар.
Чўпон қирнинг тумшуғилаб юқорига ўрларди. Отар арчазор оралаб ўтлаб борарди. Шу пайт итлар аллақандай шовқинними, ҳидними пайқаб олдинга отилди. Отарнинг бир қисми уларнинг югуригидан ҳуркиб, пастга эниб қолди. Чўпон ҳам овоз солиб олдинлади-да, баланд харсангтош устига чиқиб, итлар кетган томонга тикила бошлади. Рўпарада арчазор ястаниб ётардики, пайқаш қийин эди. Ниҳоят, ўша томонда чўпон аввал ўз итларини, сўнгра ундан олдинроқда лапанг­лаб кетаётган айиқни ва унинг болаларини хира-шираликда зўрға пайқади.
Юқоридаги қўшни отарнинг итлари ҳам вовуллаб пастга энди, чўпонлар ҳам уларни шундай қилишга ундашди.
Икки томондан борган итлар она айиқ ва унинг болаларини ўрашди. Она айиқнинг метин тоқатига, вазминлигига ҳам дарз кета бошлади. Ортига қайтиб, итларга ташланди-да ўкирганича уларнинг қуршовини бир зумда ёриб ташлади. Икки ит иложсиз ғингшиб, пастроқда қолаверди.
Қолган уч ит айиқваччалардан бирига ташланганида ғоят жаҳлланган она айиқ у томон шошди-да, кучуклар ортга чекинаркан, боласини тезроқ юришга ундаб, тумшуғи билан туртди. Она олдинлади, болалари мағрур эргашди. Итлар уларни изма-из таъқиб этиб келаверди.
Она айиқ бирдан чўнқайиб ўтирган кўйи оёғи остидаги катта-кичик тошларни пастга туртиб юбора бошлади. Бехосдан… у кўрмадими, унутдими, ҳайвон эканлигиданми… айиқваччанинг шундоққина тепасидаги йирик харсангтошни қўпориб ташлади ва кеч пайқаб қолиб, ўзи ҳам пастга отилди. Катта-кичик тошлар, шағаллар билан бирга айиқнинг болаларидан бири ҳам дара тубига тушиб кетган эди. Она айиқ ўкирганича пастлади-да, ҳамон изидан қолмаётган итлардан бирига чанг солиб бир уриб, пастликка отиб юборди.
Айиқ… унинг кетидан айиқваччалар овоз солганича дара туби томонга эниб кетишди.
Чўпон бу каби ҳодисотларни кўп кўргандир, шундан сўнг ҳали отарга етиб келмаган икки итига ҳам ачинмагандир, бироқ ўшанда ўз боласини ўлдириб қўйган она айиқни ўйлаб дилига хиралик қўнган эди.
Тушга яқин сувлоққа келган қўшни чўпонлар ҳам бўлган воқеани тинглашгач: “Яхши бўлмабди-да”, – дея афсусланган эдилар. Шу куни бу дарада ҳеч ким қорасини кўрсатмади. Икки ўтинчига ҳам чўпонлар томонидан бошқа йўл ва томонлар кўрсатиб қўйилди. Шу кеч борлиққа сукунат чўмганида тоғдаги чўпон-чўлиқ дарадан элас-элас келаётган она айиқнинг мунгли ноласи остида, ғамнок, шу билан бирга бироз ҳадик билан таёқларини, ов милтиқларини маҳкам тутганча уйқуга кетишди. Эртаси тонгда чўпон ҳали отарини ҳайдаб чиқмасидан аввал, унинг қўшида қишлоқ овчиларидан бири пайдо бўлди:
– Шомда эшитиб кечаси билан уйқум келмади. Сизга ўхшаган чўпонлардан бири ўлиб ётган бўрининг ёнидан ўтиб кетиб, фалончининг итига ўхшаркан, дермиш. Дарага тушиб бормадингизми? У боласини қўриқлаб ётармиди… кетади-да.
Овчи дарага эниб кетди, шу кетишда уни ҳеч ким кўрмади. Қишлоқдан қайтган чўпон болалардан бири овчини туман марказидаги касалхонага олиб кетишганини, икки гапнинг бирида ўғлига она айиқ ярадор бўлганлигини, тезда ўлишини, ўлганида унинг териси-ю, тирноғигача ўзи эгалик қилиши кераклигини таъкидлаётганлиги ҳақида гап топиб келди.
– Балки… шундан… она айиқнинг нолакор овози кучайгандир, – хаёлланганди чўпон. Бироқ бошқа ҳеч ким бу томонларга елкасига милтиқ осиб, она айиқни отаман, бойлик топаман, деб келмади.
Биродар, фарзандидан жудо бўлган онанинг ғамнок, кўпчиликка таниш бўлмаган, сўзини ҳеч ким ёзмаган ва унга ҳеч ким мусиқа басталамаган нолакор қўшиғини тинглаганмисиз? Буни фақат она ҳис қилади ва айта оладики, бу хоҳ овоз, ҳоҳ нола, ҳоҳ ўкириш бўлсин, тирик жонни, одамзодни шиддатли эврилишларига сабаб бўлмасдан қолмайди.
Бир куни дара тепасида ўлаксахўр қушлар айлана бошлаганида, чўпонлар она айиқни ўлганга йўйишди. Бироқ ўша тун ҳам одатийдек, ўша таниш овоз дарани ларзага тўлдираверди.
– Дарада айиқнинг боласидан асар йўқ! – деди унинг ёнчўпонларидан бири. – Лекин қоянинг шундоққина остида дўмпайган тошлар уюми бор, тушунишимча айиқ ўз боласини тошлар билан кўмган.
– Бўлса бордир! – пичирлайди чўпон.
Одатда бу каби жониворлар овга чиқишса, ҳамманинг, ҳамма нарсанинг ҳаттоки, осмондаги самолётнинг ҳам ўз йўли бўлганидек ўзларининг ўрганиб қолган йўллари бўйлаб юришади.
Кейинги пайтларда ўша айиқ қирлар ортидан ўкириб ялангликларга чиқар ва дарага эниб кетарди. Бир муддатдан сўнг яна пайдо бўлиб, қўтоннинг шундоққина тепасидан ўз йўлида давом этиб кетаверарди.

* * *

– Онамнинг зарчопони!!!
Бу чопон қачон сандиқнинг тубига жойланганини кўрмаган, эслолмайди ҳам.
Бир куни онаси тўшаклар тахламини тушириб, сочпопугига доим осиб юрадиган калитча билан сандиқни очганида бу ялт-юлт қилаётган нарсага кўзи тушган, эътиборини тортган, нима эканлигини сўрашга оғиз жуфтлаганида икки тақсимчада қанд-қурс тутқазиб: “Зинғиллаб дадангга етказ. Меҳмонларга салом бериб кир”, – дея жўнатганди.
Ўша болакай шу куни уйга келган меҳмонларнинг ким эканлигини, қандай гурунглар бўлганлигини, салом бериб кирдими, йўқми, улар алик олишдими, аниқ эслолмайди.
– Эна, анов тўнми? – у онаси сандиқни ёпиб олмасидан шошиб уйга кирганди, чунки доимо қулфлоқлик турадиган сандиқнинг ичидаги ноёб нарсалар уни қизиқтиради.
Она сандиқнинг тубидан зарли тўнни авайлаб олди, узоқ ҳидлади, энтикиб-энтикиб нафас олди. Шунда тўннинг ичидан бир қоғоз сирғалиб тушди. Бола уни қўлига олди-да, деди:
– Ичидан манови расм тушди.
У газетадан қирқиб олинган сурат парчаси бўлиб, унда урушга кетаётган танк­лар карвони, уларнинг ҳар бирининг устида жилмайиб турган хушрўй аскар йигитлар акс этганди.
Онаси боласининг қўлидаги газета парчасини оларкан, ранги оқаринқиради. Туйқус кўзларида ёш кўринди.
– Хотин! Пиёла ҳам келтирсанг-чи, уйда бўлмаса, ана, қўшниникида бордир! – Отасининг ҳазиломуз овози келди қўшни хонадан.
Аёл тўнни сандиқ ичига ташлаб, қопқоғини шоша-пиша ёпди-да, ташқарига отилиб чиқиб кетди.
Шу билан ўғил шаҳарга ўқишга кетди-ю, сандиқнинг тубидаги ялтироқ тўнни унутиб юборди.
Орадан йиллар ўтиб, болакай йигит бўлиб, қишлоққа қайтганида она тахмонни ағдариб ўша зарчопонни олиб чиқди. Онанинг кўзларида тасвирлаб бўлмайдиган хушнудлик зоҳир эди.
– Буни сенга деб атаб қўйгандим!
– Эҳ-ҳе! – деди йигит тўнни қўлларига олиб, айлантириб кўраркан. – Амир Олимхоннинг зарбоф тўними, бу дейман…
– Шуни бир кийиб кўргин, сенга лойиқ келар, – она сабрсизлик билан ўғлини уни кийишга ундарди.
– Даққиюнусдан қолган тўнни-я, эна.
– Бўйгинангга бўйтумор, болагинам, бу тўнни йигирма икки йилдан буён асраб келаман. Уни ҳар кўрганимда, кўнглимга қавилаётгандек игналар урилиб келади-я!
– Э, бундоқ атрофга қаранг, ҳозир тўн-дўппи киядиган замонми? Тўн-дўппининг кийиладиган жойи – жанозахонада-ку.
Ўғил истамайгина уни кийди. Лойиқ келди.
– Куёв бўлсам киярман, асраб қўяверинг-чи! – деди.
Она эса ўғлининг: “Эна, бу жуда чиройли тўн экан-ку, шу боис ҳам яшириб қўйган экансиз-да. Аввалроқ чиқариб берсангиз ҳам маза қилиб, кўз-кўз қилиб кийиб юрардим”, – дейишини кутганди. Демади.
Орадан йиллар ўтиб, туман марказидан қишлоққа элтадиган машиналар турар жойида ўғил бир аёл билан пайдо бўлди.
Тоққа томон ўрлаб бораётган автобуснинг ўрта қаторида ўтирган ўғил йўловчилар орасида бўлаётган шивир-шивирларга ҳам қулоқ тутган, аёл эса табиатнинг бетакрор гўзаллигидан сармаст, пурвиқор қояларни, дараларни томоша қилиб борарди.
– Тегирмончининг ўғлими? Ўзгариб кетибди-а… Бир замонлар одамлар ўқияпти, қишлоқ халқига ёрдами тегар дейишарди, мана, саломини ҳам бермади-ку.
– Нега ундай дейсиз, ўзи емай едирган, ичмай ичирган Абдуҳазрат тегирмончига келин олиб бораяпти-ку, – дейди иккинчиси кинояомуз жилмайиб.
– Бундай келинни… энг аввало ўғилни… – қўл силтайди биринчи отахон.
Шунда учинчи биров Баротнинг эшитиб кетаётганини пайқайди ва гапни бошқа ёққа буриб юборади.
Ота ва она ўғилу келинни яхши кутиб олишди. Она ўзида йўқ хурсанд, тўйга деб йиққан бир сандиқ матоҳларини инқиллаб-синқиллаб нариги хонадан судраб чиқди.
– Бу сизга, келинжон, сизга деб атаганидим.
У сандиқдаги бор бисотини уй ўртасига ағдарди.
– Бунинг ҳаммаси сизга.
Она келинининг: “Ойи, раҳмат сизга”, – дейишини жуда-жуда кутганди. Ҳатто қурғур чоли ҳам: “Келининг сенга ҳали шундай дейди”, – деганди ҳам. Демади. Унинг мато узатаётган қўлларини ўзидан қайтариб; “Йўқ, шаҳарда бунақасидан кийишмайди”, – деди. Онанинг қўллари сандиқ тубидаги зарчопонга тегиб, уни ҳам олди, доимгидек тўйиб-тўйиб ҳидлади.
– Буни ўғлим кияди… – деди ниҳоят. – Киймаса, кийдирасиз, келинжон.
– Шу етмай турувди… – узун қўндирма тирноқлари қўпорилиб тушмасин дегандек, қўл учида тўнни тутган келини ўғлига қараб истеҳзоли жилмайди-да, яна деди:
– Ишхонага кийиб борсангиз-а?
Ўғил ва келин мириқиб кулиб олишди.
Она ўғлининг бу гал ҳам зарбоф тўнни киймайдигандек туюлганидан сўнг, хомуш тортиб чолига бир нима десангиз-чи, дегандек илтижоли боқди.
– Онаси… кияди, олиб кетади! – деди чол қатъий оҳангда.
Шунда онанинг кўнгли борлиқда ёмғирдан сўнг чиққан қуёшдек яшнаб кетди.
– Вой, бизни ҳайдаяпсизларми? – дафъатан сўради келин улардан.
– Нега ҳайдарканмиз? Сизларнинг босган изингиз кўзимизга тўтиё-ку, болажон, – гирдикапалак бўлди она.
Чолнинг полвонлик ори келиб, юзини осмонга бўйлаган тоғларга қаратиб мум тишлаб ўтирарди. У шу кунларда янада мункайиб қолгандек туюлди.
Келганлар кетишга тараддуд кўради. Она сандиқда асраганлари билан уларнинг тугунини қаппайтиради. Келин лаб буриб айвонда ўтираверади. Чол зийрак кўз билан ёнбошлаган кўйи: “Ўғлим, қаерда бўлсанг ҳам бошинг тошдан бўлсин!” – дейди-да, кетаётганларни кузатгани ҳам чиқмайди.
Кампир эса ўғли ва келинини автобусгача кузатиб қўяркан, унинг ҳолати тилла топган гадойни эслатарди. Автобус ўрнидан жилади. Кампир унинг ортидан қўл силкиб анча жойгача чопиб боради. Қишлоқ одамлари уларга ҳам томоша, ҳам бироз ачиниш билан боқадилар.
Орадан кунлар ўтиб, она кўрпа-тўшаклар орасидан келини “Олиб кетаяпман”, – дея алдаган ўша зарчопонни топиб олиб, кўзида ёш ҳалқаланди, ўкраб-ўкраб йиғлади.
– Қўй, йиғлама, неваралар кияр, ҳали буларинг ҳаётни қанд деб, уни еб юрганлардан… Эси кириб, қадрлаб қолар. Қадр топибди-ю, қадрлашни билмабди-да, – юпатади чол.
Ўғилнинг шу билан, ўзининг айтишича, иши кўпайганлигиданми, катта бир ташкилот оғзидан чиқадиган гапга қараб турганлигиданми, ўша томонларда илдиз отиб, ўша илдизларни шақирлатиб олиб келишга кучи етмаётганлигиданми, “гадой топмас бу томонлардан” оёғи бутунлай узилиб кетди.
Чолни кексаликми, касалликми, ўйловми, томоқми, тўшакка йиқитди. Олис шаҳарда яшаётган ўғлига бу хабарни етказиш ҳам анча душворликларни келтириб чиқарди. “Биз эрингизнинг қишлоғиданмиз, гап бор”, – дейишганида хотини, “Биз Баротжоннинг қишлоғиданмиз, у кишини чақириб беринг”, – дейишса котиба қиз телефон гўшагини ташлаб қўяверди.
Ўша шаҳарда ўқийдиган, фақат телевизорда кўрган бўлса-да, Барот Абдуҳазратович бизнинг томонлардан деб фахрланиб юрадиган талаба йигит ишхона эшигининг олдида кута-кута тушлик пайти бўлганда кўриб, отанинг касаллигини айтди-да, бир вақтлар танишишни мақсад қилиб қўйганидан воз кечиб тез-тез юрганча кетиб қолди. Ўғил бугун бораман, эртага бораман, деб юрди-да, отасининг жанозасига ҳам етолмади.
– Озроқ кутайлик, битта ўғлидан бўлак кими бор, йўлдадир! – деди кимдир.
Оломон норози, паст овозда чувиллашди.
– Бир ҳафта келмаган, энди учиб келармиди…
– Садқаи фарзанд кет-э, она айиқ ўз боласини кўмганида… эҳ, одамзод!
Ўғил хорижда чиққан енгил машинада қишлоқ кўчаларини чангитиб кириб келганида, одамлар қабристондан бош чайқаб-бош чайқаб қайтиб келишаётган эди.
Барот маърака кунлари қишлоқда қолганида, келиб-кетаётган одамлар худди синчиклаб тикилаётгандек, ўзи туғилган уйнинг харобага айланганлигидан уялиб кетди. Ахир Барот Абдуҳазратович шу маҳаллада туғилган, деб эшитганман дейишса, шу чолдевор уйни кўрсатишадими…
Ҳовлида шаҳардан олиб келинаётган қурилиш материаллари хирмондек уйи­либ қолди.
– Ҳашар қил! Эл-улус ёрдам қилади, – деди она.
У яқинларни, қариндош-уруғни ҳашарга айтди. Биров келмади. У пешонасига бир шапати туширди-да, деди:
– Эҳ… одамлар… отамнинг маъракасига келиб овқатланиб кетишни билади, ҳашарга чақирса, жони чиққудек бўлади. Пул бу – дунё эканлиги рост гап-да!
У шаҳардан мардикор ишчиларни ёллаб келди-да, тез кунларда қишлоқдаги энг ҳашаматли уйни тиклатди.
Кунлардан бирида кампир уйдан унутилиб кетган зарчопонни яна кўтариб чиқди.
– Ўғлим, буни кийиб юргин, сен туғилмаслигингдан олдин ният қилгандим.
– Энди, эна, биз тўн киядиган пайтдан ҳам, ёшдан ҳам ўтдик. Ана, Хайруллага беринг, кийиб юради, – дея кампирга қараш учун ўз уйига кўчириб келтирган жияниини кўрсатди.
Ўғил яна ўзининг таъбири билан айтганда маданийлашмаган, қолоқ қишлоқдан тараққий топган, зиёлинамо шаҳарга йўл олди.
Биродар, эр аёли учун пайғамбаридек гап. Бир замонлар Сулаймон подшонинг қиличидек кесгир ва чаққон бу аёл энди ўша пайғамбарнинг қурт тушган ҳассасидек емирилиб борарди.
Кампир тўшакка ётмади. Қишлоқ одамларининг таъбири билан айтганда, “Азроил осон қилди-ю”, ҳеч кимга бу дунёнинг яширин сирларидан гапирмай, васият ҳам қилмай, хайр-хушлашмай қўл силтади-кетди. Биров билди, биров билмади.
Биродар, ота-она кишига кўринмас устун. Улардан кейин нимага суянишни билмай, ҳоли бир муддат ҳароб бўларкан одамзоднинг. Ана шунда кичкинагина, ўзинг ясаган сунъий суянчиқларинг ҳам мўрт чиқса, алданиб лойга йиқилиб оломонга кулги бўларкансан.
Ўғилнинг аҳволини чархпалакнинг сувни юқорига олиб чиқиб, сўнгра уни сув йўлига тўкиб бўлгач, бўшаб қолган челагига қиёсласа бўларди.
Маст-сармаст гурунгларнинг бирида хотини: “Ҳамма нарсага мен туфайли эришдингиз, ёки гапим нотўғрими? Дадамнинг биргина қўнғироғи билан ишга жойлашдингиз, мансабингизни ҳам кўтаришди. Уй ва машина олиб беришди. Сизнинг раҳбар бўлишингиз ҳам дадамнинг уйларидаги бир банкетда ҳал бўлганди…”
Ана шунда бу оиланинг устунлари дарз кетди. Аслида ҳам бу оиланинг пойдевори мустаҳкам эмасди. Кўп ўтмай ишдан ҳам бўшатишди.
Одамлар авваллари биринчи бўлиб унинг қўлини олишни истаган бўлишса, энди янги раҳбар томонга қўл қовуштириб кетишадиган, унинг қўллари эса ҳавода муаллақ қоладиган бўлди.
Барчасидан воз кечди. Ўзида яшириниб ётган, ота-бобосидан ўтган полвонлик ғурури оз бўлса-да бор экан, биродар. Қўл силтади. Дунёнинг бу каби ишларини тушуниб, англаган одамлар учун эса унинг бу ҳолати ғоят ачинарли, бечораҳол кўринарди. Кўнглига ҳеч нарса сиғмаган бир пайтда, тоғлар орасидаги дўппидеккина қишлоқда қолиб, ҳеч бўлмаганида атрофдаги икки-учта қишлоқда ҳам номи чиқмай умрининг кўпини яшаб қўйган дўстлари уни топиб келишди.

* * *

– Ота-она дегани одам учун пуфлаб шиширилган шарга ўхшайди. Бир куни пақ этиб ёриларкану, ҳеч вақо қолмаскан. Биздан оёқ учида узоқлашиб кетишавераркан. Бизни уйғониб, безовта бўлмасин, деркан-да. Улардан сўнг одамзоднинг аксари ғафлатда қолиб, аюҳаннос соларканки, унда кеч бўларкан.
– Жўра, онанг умрининг охирги пайтларида бир зарчопонни эгнидан қўймай кийиб юрди. Вафот этиши арафасида ҳам бу тўнни тобутимнинг устига ташланг деган экан, айтганидек қилдик.
– Онамнинг ўзи кийибди, – хаёлланди у чуқур бир ғамда ўртаниб.
– Ўша тўннинг ҳам алоҳида сири бор. Баротбой, сиз биласизми шуни?
У шу дамда бошқалар билган, бироқ ўзи билмаган ўша тўннинг тарихини, не сабабдан қадрли эканлигини бир бор сўрамаганлигига жуда афсусланди.

* * *

Инсоният тарихида сабаб сўралмайдиган, сўралганда ҳам елка қисиб қўя қолинадиган номли ва номсиз урушлар кўп бўлган. Баротнинг тоғаси ҳарбий хизматдалигида ана шундай урушлардан бири бошланиб, уни ҳам ўша ёққа олиб кетишади. Ҳарбий хизматга кетмаслигидан аввал унга синфдош қизни унаштиришган. Урушдан унинг ўзи эмас, ҳалок бўлганлиги ҳақида бир парча қоғоз келди. Барча куйди.
Биродар, бу дунё ўлмаганники, деб тўғри айтишган экан.
Ҳамма нарса унутиларкан. Қиз бошқага эрга тегар бўлди ва негадир йигитни эслатадиган барча нарсага ўт қўйди. Ўшанда Баротнинг онаси етиб келмаганида, акаси кийиб кўрган, тўйга деб асралган куёвлик тўни ҳам ёниб кетарди ва балки бизнинг сизга айтажак бу ҳикоямиз ҳам бўлмасмиди…
Ўшанда… Баротнинг онаси ўшанда шундай хаёлланганди: “Эримга кийдираман, ундан сўнг боламга, набирамга шу тўнни кийдираман. Одамларнинг кўнгли ўшанда ана шу тўндек ловулласин”.

* * *

Яна бир тонг отди. Бу тонгни тоғ чўққиларидан бирида оттиргани учунми у Барот учун ўзгача эди. Пастда ястаниб ётган улуғ воҳанинг қуёшни қарши олишини томоша қилиб ўтирди. Отар қўтонида бир ўзи қолган, чўпон бирга келган қишлоқлик жўраларини ўзи билан эргаштириб кетган эди. Унинг хаёлини эшакнинг ҳанграши бузди. “Айтганча, ахир у жиянининг эшагини миниб тоққа чиқиб келган эди-ку”.
Ўрнидан туриб, ўтган оқшом чўпон бола томонидан арқонланган жойда жониворни кўрди. “Ана у, хайрият-э, кечаги она айиқ… тегинмабди. Ҳартугур, бировнинг мулки…”
Ҳайвоннинг жули бир томонга оғиб қолган, авваллари шундай ҳолатни кўришганларида, болалар бир-бирларига қарата: “Фалончибой, эшагингиз сумкасини олиб қаёққа кетаяпти”, – дея шўх қийқиришарди.
Ўша дамларни эслаб, болаликка қайтгиси, ҳаммасини бошидан бошлагиси келди.
Эшакни ўтли томонга етаклаб бориб, гулмихини ерга қадади. Жониворнинг жулини текислаб жулламоқчи бўлди. Тўғрироғи, болаликни янада кўпроқ эсламоқчи бўлиб, эшакнинг белтортиғини бўшатди. Ва унинг устига кичрайтириб махсус тикилган жулларни бирин-кетин ташлаб, тахлай бошларкан, кўзлари эшакнинг устидаги ўша таниш зарчопонга тушди. Зарчопонга узоқ тикилиб қолди. Сўнгра уни силай бошлади ва ниҳоят, ёш болалар сингари ўксиб-ўксиб йиғлашга тушди.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 8-сон