Сарвар Тўраев. Кеч бўлганда (ҳикоя)

Ўшанда ҳам нофармон тонглар худди шундай отарди, миллиардлаб йиллардан буён зиё сочиб турган ва дунё зулматларини, қораликларини яширинишга мажбур қилиб келаётган бобо қуёш ўшанда ҳам шарқдан чиқиб келарди. Ўшанда ҳам минг йилликлар оша доимо ғафлат домига тушиб юрадиган одамзодга тонг отганлигини ўз қичқириғи билан билдирадиган хўрозлар овози баланд тоғлар пинжидаги овулни тутарди. Бугун бу манзилдаги бир-бирига уланиб кетган уйларга эргашсангиз, катта-катта шаҳарлар томонга келиб колганингизни билмай қоласиз. Шу кунларда келиннинг ҳовлига ширт-ширт сув сепгани эшитилар, ҳовлини тупроқ ҳиди тутарди. Баҳор ва ёз кунлари қуёшни қишлоқ тепасидаги тоғларда чўпонлар ёққан гулхан ва кўплар ҳавас қиладиган хонадондаги ҳалим келиннинг сув сепиши уйғотарди гўё.
Ана шунда қишлоқ жонлана бошлар, қаердандир машиналар овози ғуриллаганча йўловчиларини дўппидеккина қишлоқдан олиб, серташвиш шаҳар томон елиб кетарди. Чўпонлар ва подага ўз қўйини қўшишга шошган, уст-боши чанг кўчаларда ўйнаверганидан афтодаҳол, иштони ўрнида турмай, пойчаси суд­ралган болакайлар оғилхоналардан ўз чорваларини ҳайдаб чиқишарди.
Келин ва куёв тўйдан сўнг орадан бир йиллар ўтиб, бу қишлоқ аҳли яшашни ҳавас қиладиган шаҳарга йўл олишиб, серғалва, серташвиш шаҳри азимнинг юз минглаб катта-кичик болалари ичида кўмилиб кетдилар. Уларни бу манзилга етаклаб келган мақсад ҳам бошқача эди. Давраларнинг бирида куёв дегичимиз гапдан гап чиқиб:
– Фалончибойга шаҳарда нима бор эди, пул топаман деб, мардикорлик қилиб юрибди. Ҳамма бойлик, мана, қишлоқда. Бир кетмон ургулик ер ағдарса, бир сиқим буғдой олади, – деди.
– Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради, биродар. Аммо шаҳарнинг ҳам ўз қонуни бор. Эплаган, кўнган яшайди. Сизу бизга йўл бўлсин? – деди аллаким.
Бироз шошқалоқлиги бор куёв, “Истасам, бу шаҳар тугул, марказга бориб ҳам ризқимни тераман, нима деяпсиз!” – деди тутақиб.
Атрофга разм соларкан, унга эътибор қилган одамларнинг юз ифодасидан бу гапга ишонишмаётгандек туюлди. У лаб тишлади-да:
– Агар шаҳарда яшай олмасам, эркак эмасман, – дея шахд туриб, биров билди, биров билмади, кимдир елка қисиб кулди, у жўнади. Жўнаганда ҳам кўч-кўронни ортиб, хайр-маъзурни насияга қолдириб жўнади.
Айтишганидек, шаҳарда яшаб кетиш қийин эмас, аммо ҳаммасини бошидан бошлаш қийин экан. Атрофда уларни танишлари учун етти йил вақт кетди. Энди у уйли-жойли бўлган, ўша тонгларни уйғотган аёл олий маълумотли ва юриш-туриши ибратли театр ходимасига, эркак эса ўзининг савдо дўконига эга мулкдор, шаҳарнинг олифта кишиларидан бирига айланган эди.
– Хотинжон, – деди кунларнинг бирида. – Мен бир… четга чиқиб келсамми деб турибман.
Аёл унамади.
– Тўғри, шу ерда ҳам, у ерда ҳам бир коса овқатга қорин тўяди, – деди эр муросанамо. – Аммо атрофга қара, ҳамма ҳашаматли уйлар қуриб ётибди. Машинани турли-туманини минганлар қанча. Менинг улардан кам жойим йўқ, шекилли. Кейин… ўзимни дўхтирларга бир кўрсатмоқчиман… хоҳласанг, театрингда ишла, анави бетайин, суюқоёқ режиссёрнинг минғирлишидан кўнглинг безган бўлса, ишлама.
Аёл мум тишлади. Улар бефарзанд бўлганликлари сабаб, аёл бойликдан кўра фарзандли бўлишни жуда истагани сабабли унади.
Эр кетди. Кетганда ҳам бедарак кетди. Тоғдан қариндош-уруғ аёлни эрнинг дараги чиққунча қишлоққа бориб туришга кўндирмоқчи бўлиб келиб, қуруқ қайтиб кетишди.
Аёл дастлаб ишга келган пайтлари кўпгина одати, айниқса енгилтак эканлиги туфайли ҳам ёқмаган бош режиссёрнинг хурмача қилиқларига энди анчагина ўрганиб қолган эди. Шу туфайли ҳам авваллари, истеъдодига қараб эмас, ўзи хоҳлаганига роль бериб, ёқтирмаган одамини, хусусан ёш, саҳнабоп қиёфага эга, иқтидорли бу актрисани саҳнага чиқармасликка одатланган саҳна эгаси энди ундан таниқли санъаткор яратишга жиддий бел боғлади ва бунга эришди ҳам.
Кунлардан бирида эрнинг дараги чиқди. Телефон орқали боғланган эр соғ-cаломат эканлигини, кўп қийинчиликлар кўргани, ҳозир озод бўлса-да, қайтиш имконини тополмаётганлигини айтди.
– Кимдан, қандай бўлмасин қарзга пул ол-да, мени бу дўзахдан қутқар! – деди охири болалардек йиғламсираб эр. – Сенга яна бир яхши янгилигим бор, мен энди ота бўла оламан.
– Шукр, соғ-саломат экансиз. Қийинчиликлар ўтиб кетади. Имконини топарман. Даволандингизми?
– Йўқ, ҳали даволанганим ҳам йўқ… ҳа, ҳа даволандим.
– Яхши, мен бирор иложини топаман.
Аёл телефоннинг ўчириш тугмасини босар экан, ҳолсизланди-да, стулга чўкди.
Оғир кунларида доимо ғамхўри бўлган режиссёр уни ўз машинасида уйига олиб бораркан, аёлнинг нимадир демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаётганлигини сезиб, унинг негадир кун сайин тўлинлашиб кетаётган ойдин юзига тикилди.
– Сизга илтимосим бор! – деди аёл ниҳоят.
– Жоним садқа!
– Менга пул берсангиз, охирги бор!
– Сенга бор бойлигим садқа. Хоҳласам, театрнинг барча ходими, директоридан тортиб фаррошигача сенинг хизматингни қилдираман-а.
– Эримнинг дараги чиқди. У ўзга юртларда мусофирликда, ортга қайтолмай юрганмиш.
Режиссёр лом-мим демади. Тўшаклари ғижимланган хонада ҳам пашша ғўнғилласа эшитгулик сукунат чўкди.
– Мен-чи, – деди бирдан режиссёр пинагини бузмай.
– Муносабатларимиз бузилмайди. Пинҳона учрашаверамиз. Бегона жойларда қолиб кетмасин, бечора.
Режиссёр индамай чиқиб кетди.
Эртасига котиба қиз актрисага режиссёр уни чақираётганлигини айтгач, аёл ўзи учун анчагина таниш бўлиб қолган хонага йўл оларкан, юраги недандир тез-тез урарди.
– Шанба, якшанба кунлари Сангардакдарё томонларга сайрга чиқсак, – деди режиссёр деразадан ташқарига қараб, сигарет тутатганча.
– Фақат… у томонларга эмас, мени таниб қолишади.
– Ҳеч ким танишига йўл қўймайман. Дўстларим, ҳудуднинг устунлари даврасида ўзимга мос бўлмаган бирор аёл билан ўтиришим керакми… бу менга муносабатингизми?
– Фақат…
– Нима “фақат”? Шунга қараб анави илтимосингизга жавоб бераман.
Аёл чурқ этолмади.

* * *

Ўшанда ҳам, қалбида ғалаёни борлар ёмғирнинг ёғиши, камалакнинг турфа ранг товланиши, қуёш ва ойнинг заминга ёғду сочиш вақтидаги уйғунликни, япроқнинг ўз дарахтидан узилиб тушишидан илҳомланишар, унинг моҳиятини қидиришар, дунёнинг сархил ифодасини кузатишдан эринмасдилар. Ўшанда ҳам ёрдан хабар келганда энтикилар ва қалбларга дилбарлик инарди.
Ўша вақтларда хатлар кабутарлар воситасида эгасига етказиларди.
Ҳукмдорнинг хабарчи кабутарларидан бири мамлакат шимолидан хабар олиб келганлигини шаҳар аҳли биларди. Боиси шимолга жўнатилган қўшин сардори билан салтанат марказини боғлаб турувчи оқ кабутар шаҳар устида бироз муддат учиб, сўнгра саройга йўналганди. Авваллари хабар келганида, хоҳ у яхши, хоҳ у ёмон бўлсин, шаҳар бозорида жарчилар томонидан тезда ўқиб бериларди. Бу гал эса ундай бўлмаган, бу каби сукутдан хослардан ташқари барча салтанат аҳли кўнглида аллақандай ғулу бор эди.
Кунларнинг бирида арки аълодан шаҳар майдонига чиқиб келган жарчининг қичқириғи оломонни жамлади.
– Салтанат бошига мусибат тушди, – деди жарчи. – Шимолдаги сарҳадларимиздан ёғийларни қувишга кетган саркарда Музаффар ғалаба қучиб, ортига қайтаётганида душманнинг дайди ўқидан ҳалок бўлди…
Оломон гувранди. Чунки салтанат аҳли учун бу саркарда шоҳдан-да азиз эди. Шоҳга давлат жиловини олиб берган ҳам, уни тутишга кўмаклашаётган ҳам, узоқ-яқинга эл орини танитган ҳам шу қўмондон эди.
– Улуғ шоҳ марҳум саркарданинг хонадонига бош-қош бўлмоқчилар…
– Музаффархоннинг жонига шоҳ қасд қилганлиги аён.
Оломон ичидан номаълум ва қўрқмас бир киши томонидан айтилган бу гапдан халойиқ қаттиқ мусибат ва беихтиёр ғайритабий бир куч билан олдинга интилди. Зум ўтмай шаҳар кўчаларида аҳоли ва шоҳ аскарлари ўртасида жанг бошланиб кетди.
Бу пайтда эса саркарда Музаффархоннинг хотини ва эндигина тетапоя бўла бошлаган ўғли саккиз-тўққиз чоғли хос навкарлар қуршовида салтанат сарҳадларидан қочиб чиқиб кетишаётган эди.
Саркарда юрт сарҳадларини гоҳ жануб томонга, гоҳ шимол томонга кенгайтириб борарди. Сўнгги пайтларда сарой аҳли ундан ҳайиқар, аъёнлар унинг ортидан фитналар тайёрлашар, шоҳ ва саркарда ўртасига кўп бор нифоқ солишга уриниб кўришар ва аксар ҳолларда бунга эришар ҳам эдилар.
Музаффархон ўғилли бўлганида подшоҳ ўз саройида базм ташкил этди ва ўшанда ўғлига исм қўйишни шоҳнинг измига топширган Музаффарнинг хотинига нигоҳи тушиб, кўзи тиниб қолди. Каттагина ҳарамга эга ҳукмдорнинг ҳаловати йўқолди.
– Саркарда, Музаффархон сенинг нега бўйинг кўкка етганлиги, жангу жадалларда доимо ғалаба қилишинг, доимо исмингдек музаффар бўлишингнинг сабабини энди билдим, – деганди ўшанда шоҳ, шаробдан сипқориб ўзини сармастга соларкан. – Менга шундай аёл тушганида менинг қўлимда етти иқлимнинг жилови бўларди.
Саркарда эса зимдан кўнглига олиб жаҳлланса-да, ўзини босди, шоҳнинг бу гапини мастликка йўйди.
Шундан сўнг шоҳ ошиқ бўлиб девонага айланди. Шаробхўрликка берилиб, шеърлар ёзди. Худосизга айланиб, мониймисол суратлар чиза бошлади. Саройда тез-тез базмлар ташкил этиб, баҳонада саркарданинг оиласини ҳам таклиф қилар, аёл келганида зуғум остидаги сарой бекалари кўмагида жувонни йўлдан оздиришга уринар, фитнакор аъёнлар, қўшиннинг садоқатсиз бошлиқлари олдида чинакам қобилиятга эга масхарабозга айланарди.
Шоҳ саркарданинг қўшин кўригига кетганлигидан фойдаланиб, унинг аёлини саройга бошқа баҳона билан чақиртириб, кўнглидагини ёрди. Ўзига эрга чиқиб, саройнинг бош маликаси бўлишга таклиф этди.
Жувоннинг сурати чиройли, дилбар бўлганидек, қалби ҳам гўзал, ақлли эди. Саройни тарк этаркан, эртасига жавоб сифатида чўрисидан икки қулоч келадиган арқон жўнатди.
Шоҳ жувон юборган арқон нима маъно билдиришини ҳар не қилса-да, чақа олмагач, маслаҳатчиларига юзланди. Уларнинг тўхтами шу бўлди: жувон – банди.
Кунларнинг бирида дафъатан салтанат соҳиби қўшинни мамлакат шимолидаги исёнчи қабилалар устига жўнатди. Саркарда дунёи дундан бехабар эди. Аёлнинг кўнгли қандайдир хираликни сезса-да олиб қололмади.
Музаффархон саройдан узоқлашгач, шоҳ жувонга юзланди.
– Мана, сиз банди эмассиз энди, – деди.
Шунда жувон шоҳ арқон ҳикматини нотўғри талқин қилганини англади-да, деди:
– Арқоннинг маъносини ҳар ким ўз фикрича ифодалайди. Мен сизга ўғри, каззоб, хиёнаткор ундан қўрқади, ақлсиз ит унга эргашади, нокас, субутсиз эса унга ўзини осгани яхши демоқчи эдим.
Шоҳ ғазабланди. Қалб кўзи кўр бўлиб қолган бу кимса энди ғирром йўлни танлади. Жангдан ғалаба билан қайтаётган саркарда Музаффархонни ёлланма қотил томонидан ўлдиртирди.
Оқ кабутар шаҳар осмонида пайдо бўлган заҳоти, саркарда пинҳона қолдириб кетган етти зобит унинг уйи олдида пайдо бўлди ва аёлни фарзанди билан биргаликда айланма йўллар орқали зудлик билан салтанат пойтахтидан олиб чиқиб кетди. Салтанат оралаб пинҳона икки кун юришгач, мамлакат шимолидан ўзга юрт сарҳадларига чиқиб кетиш йўлида яна бир аскар уларга қўшилди. Биргалашиб ўз ўлимини ва бор яширин сирни билган саркарда тайин этган манзилга йўл олишди. Бу манзилга пурвиқор тоғлар орасидаги дара орқали ўтиб борилар, манзил – баланд қоялик остидаги ўн-ўн беш чоғли уйи бўлган овул эди.
Жувонга саркарда ўлмаган, қачонлардир бу жойларни ўзи топиб келади, деб айтишди. Дўппидеккина қишлоқнинг ёнгинасидаги баланд қоялик бағридан тошни қоқ иккига бўлиб шаршара отилиб тушарди.
Жувон шу манзаранинг мафтуни эдими, ёки шаршарадан нарироқда, табиий қояликда кишининг алп келбатини, қиёфасини эслатувчи келбаттошни ўз ёрига ўхшатдими… ўша ердан кўз узолмай қолди. У саркардани кутарди.
Йиллар ўтди. Аёл ўғлини уйлантирди. Бир этак невара-эварали бўлди. Кексайди ҳамки, келбаттош ва шаршарадан бери келмасди. У шу жойда – мафтункор шаршара ва қоядаги келбаттошнинг шундоққина пойига, уларга тикилиб бу дунё билан видолашди.

* * *

– Ана у келбаттош, мана бу шаршара. Иккиси ошиқ-маъшуқдек турибди, – деди тепакал, қисиқкўз эркак. Ўзига ҳамроҳлиқ қилаётган кўҳликкина жувоннинг елкасидан қўлини ошириб оларкан, семиз қорнини силкитиб беўхшов кулди-да, яна деди: – Агар сиз истасангиз, биз ҳам шу жойларда абадий қолишимиз мумкин.
– Вой, бу ерларда яшаб бўларканми, дунёга келдингми… яйраб, яшнаб, ўйнаб-кулиб қол… – таннозланиб кулди ҳамроҳи.
Бу ердаги бешовлон, уч эркак ва икки аёлнинг ўзаро гурунглари гурунгларга яна ва яна уланарди. Олтинчи аёл – актрисанинг қалби исён кўтарган эди.
У зов ости томонга юрди. Шаршарани, отилиб тушаётган сувда кўринган камалакни томоша қилди, келбаттошни топиб унга боқди.
Кўзларидан ёш сизди шаршаранинг зилол томчилари мисол. Аёл уларга тикилиб ёлғизликда қанча вақт қолиб кетганлигини эслолмади. Шахт билан ўрнидан турди. Энди у ҳаммасига қўл силтаб, режиссёрни ҳам кутмай йўловчи машинада ўз уйига кетади. Ҳеч кимга қўғирчоқ бўлишни ҳам истамайди. Ҳаммаси тугади. У ўз ҳаётида янги даврни бошлайди.
Аёл катта йўл ёқасига тушиб борди-да, булоқнинг муздек сувига юзини чайди ҳамки, машина сигнали эътиборини тортди.
Ўгирилиб, ортда, йўл ёқасида режиссёр ўз машинасида уни кутиб турганлигини кўрди-да, беихтиёр ўша томон шошди.
Режиссёрнинг ёнига нимтабассум билан ўтираркан, режиссёрнинг паст овоздаги “Кеч бўлди”, деган гапини эшитди.
Ҳақиқатдан ҳам кеч бўлганди…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 8-сон