Тушда еткандек эрурман сарви ҳуризодима,
Кўр, ёмон толеъки, ул ҳам яхши келмас ёдима.
Соғинурманким, топилмас бир кўнгул оламда шод,
Шодлиғ ҳаргиз чу етмас хотири ношодима.
Қошлари ёйдек, кўзлари қоп-қора бир қиз мароқ билан ўқиди. Залда гулдурос қарсак янгради. Қиз бироз ҳаяжонланган кўйи ўнг қўлини кўксига олиб борди, қимтиниб, шивирлаб “раҳмат” деб қўйди. Яна бошқа бири ўрнидан турди:
Яқодек қурб агар топмон сенинг сиймин сақоқингға,
Этакдек ҳам ёмон эрмас туша олсам аёқингға.
Кўнгил — бир дарё. Ҳозир маним кўнглим тошқин дарё мисол оқарди. Оҳанг, сўз вужудим бўйлаб таралар, аъзойи баданим фароғатда, бошимни қимирлатганча, кўзимни хиёл юмиб олгандим. Шундай даврада бўлганим ҳам тақдирдан бир иноят эди. Ҳазрат Алишер Навоийнинг туғилган кунига бағишланган бу мушоира менга бетакрор бир бахт ваъда қилаётгандай, элликдан ортиқ қизнинг қай бири мен билан бутун умр навоийхонлик қилар экан, деган ширин ўй бошимда ғужғон ўйнарди.
Базм ичинда андоқ ул маҳваш хаёли ичраман,
Ким хаёл андоқ қилурменким, висоли ичраман.
Бир-биридан кўркам, хушқад, хушқомат қиз-йигитлар галма-галдан ғазал ўқишарди. Бу шундай нафис давра эдики, руҳингиз фароғат водийсида сайр этарди.
* * *
— Эсдалик бўла қолсин, — дедим.
— Ёзиб беринг-да! – деди айёрона кулимсираб.
— Тўғри, ёзиб бериш керак.
Боплаб ёздим: “Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш. Сиз эса ҳамиша хушвақт ва хушбахт бўлиб юринг, ҳурмат билан…” Исмимни илова қилиб қўя қолдим. У шарақлаб кулиб берди. Ана холос. Тамом бўлдим. Қарға какликка ҳавасманд бўлиб не кўйга тушганди. Мен ҳам шундай афтодаҳол бир ҳолатда қолдим.
— Ўзингиз ёзиб бер дедингиз. Шунга… — минғирланган бўлдим.
— Менинг гапим билан ҳамма даҳо бўлганда… — ошкора кесатиқ оҳангда кулди.
— Китобим ҳали чиқмаган бўлса айб мендами?
У бироз ҳовуридан тушди. Жилмайган бўлди. Бироқ менинг тарвузим қўлтиғимдан тушганди. Хайр-маъзурни ҳам насия қилдим. Қандайдир ички бир куч ортимдан термулиб қолганини сездирар, лекин мен ортга бурилмасдан тўғри келган автобусга ўзимни урдим.
* * *
Шундай катта гулзор, гўзалзор шаҳарда наҳот битта қиз топилмаса-я?..
— Сен тенгиларнинг боласи мактабга чиқди, — онам одатдаги тортишувга замин тайёрлади. — Одам деган бундоқ абжир бўлмайдими? Бурнингни остидаги қизни олиб кетса, қараб туравердинг. Болам пишиққина бўлсин, деб нималар қилмадим-а.
— Э, бўлди-да энди! Уйланса уйланади, уйланмаса, ана, катта кўча, — деди отам ўқиб турган газетасидан кўз узмай.
— Шунақа дейсизу одамлар нима дейди?..
— Нима деса деяверсин. Ўзи билади. Ҳамма одамларнинг уйига кириб битталаб тушунтирсин: қиз тополмаяпман. Менга Навоийни ўқиган, камида йигирмата ғазал, элликта рубоий биладиган қиз керак, десин. Зора топилиб қолса.
— Менга оёқ-қўли чаққонгина келин керак…
— Менга Навоийни ўқиган қиз керак, — дедим чўрт кесиб.
Бўлди. Яна ҳар доимгидек ҳамишаги гаплар: ўқиган бошқаю уққан бошқа, сеплисини топиш осон, эплиси қийин, олим бўлиш ҳеч гапмас, одам бўлиш мушкул, қизнинг ақллиси эрию қайнота-қайнонасининг ҳурматини қилиши керак ва ҳоказо шунга ўхшаган дийдиёлар.
Отам ҳам, онам ҳам зиёли. Ҳаётнинг пасти баландини кўриб, умр қозонида роса қайнаган. Бир оила бошидан ўтказиши лозим бўлган заҳматию фароғатини обдон тотиб кўрган. Орзу қилган — етган. Армони — ёлғиз фарзандман. Шукронаси бор — соғ-омонман. Гоҳи дили оғриб туради — Навоийни ўқиган қиз топила қолмайди. Гоҳида отам мени ёнига чақириб, қўлимга қанақадир қоғоз тутқазади:
— Домла экан… Навоийшунос…
Демак, бораман. Албатта, уйига-да! Агар қизи бўлса, Навоийни ўқиган бўлса… Кейин… учрашув…
Гоҳида ўйлаб қоламан: қизлар Навоийни ўқимай қўйдими? Шундай катта шаҳарда битта қиз йигирмата ғазал билмаса-я, уят эмасми?
Талабалик йилларим Лобар деган бир курсдошим бўларди. Ғалатироқ қиз эди: очиқ кийинар, сочини кунора турфа рангга бўяр, юзигаям алламбалоларни чаплаб юрарди. Қорачадан келган, майиздеккина эди. Юзини қанча бўямасин, томоғи эгасига “садоқат билан хизмат” қилар: сира рангини ўзгартирмасди. Шу курсдошим тўрт йил давомида битта китобни кўтариб юрди: “Евгений Онегин”. Китоб гоҳ сумкада, гоҳ қўлда, гоҳи хонада қолиб увадаси чиқди. Ўқимагани аниқ. У ё ўзини Пушкинни ўқиган қилиб кўрсатар ёки ақллироқ бўлгиси келармиди, ё биз тушунмайдиган бир балоси бормиди, буни битта ўзи биларди. Ўқишлар тугаб барча ўз йўли, тақдир кўчаларига тарқалди кетди. Китобни нима қилди, бечора Онегин нима бўлди — ўзи билади.
Қайси куни кўчада учрашиб қолдик. Ўша қадду қомат. Жодугар кўзлар, кибрга мойил нигоҳлару сертаманно юзлар. Ҳамон ўша сарғиш сумка, боғичи бироз титилибди.
— Азизим, жумлаи жаҳонда бормисиз? — дедим тавозе билан. Аввалига танимадими ё ўзини билмасликка олдими, бироз тикилиб тургач:
— Қодиров, ўзингизми? — деди шарақлаб.
— Ўзимиз, азизим, ўзимиз. Ўзгарибмизми?
— Йў-ўқ, ҳали ҳамон ўша-ўшасиз…
— Шунақа денг. Мен бўлсам ўзгариб кетибман, деб қийналиб юрибман-а?
— Сиз ўзгармайсиз! Қачонки қизил қор ёғиб, кўк қалдирғоч учса, ўшандаям ўзгармайсиз! — деди бор нафратини сўзига жамлаб.
— Ўзгариб нима қилдик, азизим…
Мен билан гаплашишга тоқати етмадими, совуққина хайрлашиб жўнаб қолди. Ўша талабалик йиллари бўлиб ўтган воқеани ҳали-ҳануз унутмаганига амин бўлдим. Ўшанда китоб ҳақида гапира туриб:
— Китоб ош-нон берармиди? Одам сал эпчил-чаққон бўлса бўлди-да, — деб қўйди.
Ўрнимдан отилиб турдим-да:
— Китоб ўқимай яшаш мумкин эмас. Мумкин эмас! Айниқса, ҳазрат Навоийдан бир мисра ёдламаган қизнинг турмушга чиқишга-да ҳаққи йўқ.
Ана энди кулгини кўринг-а. Мен яна ҳужумга ўтдим:
— Тўрт қатор шеър билмаган, алла ҳам айтолмайди. Шундоқ экан, хулоса ўзингиздан бўла қолсин, азизларим. Шуни ишонч билан айтаманки, мен эрта уйлансам, агар ҳазратнинг камида йигирмата ғазалини, элликдан ортиқ рубоийлари, яна “Фарҳод ва Ширин”ни ўқиган қизга уйланаман!
— Бунақасини тополмасанг-чи? — деб кимдир луқма ташлади.
— Унда уйланмаганим бўлсин! — дедим тантанавор овозда.
Лобар ўшандан кейин мени кўрса, бехосдан илонни босиб олган одамдай ранги оқариб кетар, ўзини тўғри келган томонга урар, то ўқиш тугагунча биз бир оғиз ҳам гаплашмадик… Мен ўзимча унинг соч остида қовоқ кўтариб юрганини айтиб қўйгандим. Ҳар ҳолда ҳамма шундай деб ўйларди-да…
Қишнинг изғиринли кунлари. Ташқари чиқсанг — музлаб қоласан. Совуқ нақ томирингга келиб қадалади. Кутубхонамдаги барча китобларни ўқиб бўлганман. Ҳазратнинг барча китоби бор. Ётиб-ётиб миямга бир фикр келди: ажойиб-ғаройиб фикр.
Китоб дўконига келганимда одам сийрак эди. Томоша қилиб юрибман. “Лайли ва Мажнун”га кўзим тушди. Мендаги китобни бир ўртоғим олиб икки саҳифасини йиртиб, бир амаллаб уйига қатнайвериб қайтариб олгандим. Тилла топган тентакдай қувониб кетдим: оламан. Олдим. Шу чоғ бир қиз келиб:
— Шу китобни олмоқчийдим, жуда ҳавасим кетувди. Атиги битта экан… — деб қўлимдаги китобга ишора қилди. — Жуда керак эди-я…
Қарасам — кўзмунчоқдай қиз. Ингичка лаблар. Тили заҳаргина бўлса керак. Ҳечқиси йўқ. Ҳазратни ўқийди-ку. Қошининг ораси олис, демак, бахтли бўлади. Ҳазратни ўқиган одам бахтсиз бўлиши мумкин эмас. Кўзларию сочи қоп-қора. Эгнида қип-қизил палто. Ҳаётни севаркан. Ҳазратни ўқигандан кейин… севмаслик мумкин эмас. Оқ жимпиргинасию оппоққина шарфгинаси ўзига ғоят ярашган. Ўзи озодагина, юзлари тиниққина. Кимки ҳазратни ўқиса ранги, қалби покланади. Хуллас, қизга диққат билан разм солдим: — Уйланса бўладиган қиз экан.
— Эсдалик бўла қолсин, — дедим.
…Автобусда кетар эканман, бир таскин мени овутарди: Ҳазратни ўқигандан кейин гапга ҳам чечан бўлади-да. Рости унинг барча камчилигини шу таскингина босиб кетарди: Навоийни ўқиган қиз…
Боғладим афғонга бел найдек, сени кўрган замон,
Заъфдин қилдинг мени охир бели боғлиқ самон.
Катта орзунинг юки ҳам оғир келади. Начора, ҳазратни ўқиган қиз истаб эдим, энди буёғига ҳам чидаймиз-да.
Навоийхонлик эса давом этарди. Бир пайт, қараб турсам… кўзларимга ишонмасдим: китоб совға қилганим. Ҳа, ўша қиз. Ўрнимдан туриб кетаёздим: бахт, муҳаббат шунчалар ширинмисан?.. Демак, ҳазратнинг ўзлари менга мададкор бўлмоқдалар. Бугун бахтимни топгандай бўлиб турибман.
Жонға кўксум чокидин жононни меҳмон айладим,
Гавҳаре топтим, ани кўнглумда пинҳон айладим.
Бу ширин-ширали овоз ким экан? Кўзимни очишни истамасдим. Ич-ичимдан шу овоз эгаси ўша китоб олган қиз бўлишини жуда-жуда истардим. Ҳа, бу унинг овози. Бироз танти, бироз эркаланган, бироз назокатга йўғрилган овоз фақат уники бўлади. Шу хаёл билан кўзимни оҳиста очдим. Қотдим қолдим: Лобар! Лобар ғазал ўқиётганди…
Сарв уза гул бутмаса, қад узра рухсори недур?
Жон агар ширин эмас, лаъли шакарбори недур?
Номаи ҳажрим кабутар парларин гар ўртамас,
Ул қаро хатлар қаноти узра ҳар сори недур?
Сиз мўъжиза деб юрганингиз бир лаҳзада барбод бўлса, эътибор бермаганингиз мўъжизага айланса, кутилмаганда кутилмаган гўзал ишлар бўлиб кетса, бир лаҳзада минг бир ҳолатга тушсангиз — нима бўлади? Мен худди шундай аҳволда эдим. Тўрт йил устидан кулганим, буям камдек, учрашиб қолганимизда яна кулганим, буларнинг бари хаёлимдан ўтиб, ёқамдан бўғди-олди. Мушоирада ғалати бир сукунат ҳукмрон: барча жим. Кўзлар бир нуқтага тикилган, қўллар жуфтланган эди. Фақат мен китоб совға қилган қизгина телефонини кавлаб ўтирарди. Кенг-мўл зал бўйлаб Лобарнинг овози тараларди.
Лобар тўхтамасди. Ўз овози, назокати билан барчани кўз ўнгимда сеҳрлаб қўйганди.
Нечта ғазал ўқиганини, рости, санолмай қолдим. У шунчалик берилиб ўқирдики, кўзи юмилган, икки қўли бир-бирига далда бергандай жипслаштирилган, бутун вужуди, нозик қадди ғазал оҳангига ҳамоҳанг тебраниб турарди:
Оҳимни сарсар айлабон, ашкимни тўфон айладинг,
Бу сарсари тўфон била оламни вайрон айладинг.
Бўлди. Бундан буёғига сабрим ҳам, иродам ҳам етмас эди. Зал уммондек чайқалар, томошабинлар тўлқинлардек мавжланиб тебранарди. Ҳазратнинг ғазали Лобарнинг овози билан қалбимизга оқиб кирар, танимизда мудраб ётган туйғуларни уйғотар, эркалатар, юр, тоғларга кетамиз, боғларни сайр этамиз, дунё кенг, дунё ададсиз, шу кўк гумбаз остида бахтли бўлмай бўладими, дея даъват этаётгандек, чорлаётгандек эди гўё. Бир вақтлар онангиз айтган алла сингари, отангиз елкасида миндириб эркалаган монанд, ҳаётингизга ранг берган илк муҳаббат кўкламлари, найсонлари янглиғ, висол қувончию айрилиқ изтиробларини шундоққина қалбингизга қадаётгандай бўлади. Сизнинг эса кўзингиз юмуқ. Қалбингиз дарё — оқиб, тошиб, тошқинланиб бораётгандай.
Тоғнинг ҳам чўққиси бўлгандай, денгизнинг-да туби бор. Ҳаяжоннинг ҳам поёни бор, ахир…
Бугун навоийхонлик кечаси эди — одамни, оламни, кўнгилни таниш кечаси бўлди. Муҳаббат кечаси эди — ҳаяжон кечасига айланди. Залда юздан ортиқ одам бўлса, барчасини Лобар сеҳрлаб қўйган эди. Ҳайрату ҳаяжонларнинг чеки йўқ. Тунлар ухламай ғазал ёдлаган қанча қиз-йигитлар онасидан аразлаган боладай хафаҳол ўтиришарди. Хаёлимда Лобар ғазал ёдламаган — қалбининг туб-тубидан бир тошқин қайнаб келар, тўполон қилар, тошар, у эса бу тошқинларни майин ва дилбар овозда бизга етказаётгандай эди…
Не рафиқеким, давосиз дарди ҳолимни десам,
Не шафиқеким, ниҳоятсиз малолимни десам.
Залнинг деворлари зириллаб кетди. Қарсаклар тинай демасди. Барча Лобарни ўраб олганди. Бир амаллаб ташқарига отилдим: мени кўрмасин! Йўлакда китоб совға қилган қизга кўзим тушди. Биттаям ғазал ўқимади. Китобни олишим керак. Бошимга келган ўй шу бўлди:
— Китобни ўқидингизми?
— Китоб? Қанақа китоб? — у мени энди кўриб тургандай бегонасираб тикилди.
— Уч кун олдин берувдим-ку? “Лайли ва Мажнун”…
— Мен ҳар куни китоб оламан. Сизни танимадим…
У шундоққина ёнимдан елкаси елкамга тегиб ўтди-кетди. Ундан куйган ёғ билан ўткир атирнинг ҳиди келарди…
Мен саҳрода адашиб қолган сайёҳдай ҳолсиз, шуурсиз туриб қолдим. Навоийни ўқиган қизга уйланаман, китоб совға қиламан, деб шу кечадан умидим катта эди. Жудаям катта эди…
— Қодиров! – деди ортимдан кимдир…
Мен эса ортга боқмай, жаҳл ва жаҳд билан кетиб борардим. Қаёққа кетяпман, нега-нимага кетяпман — ўзим ҳам билмасдим… Аммо Навоий бобога янада яқинлашиб қолганимни ҳис этиб борардим.
Эй Навоий, дема қошу кўзининг васфини эт,
Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 6-сон