Пасурхилик Саттор бобо бир кам саксонга кирди. Бир ҳафтача бурун Раҳмон даллолнинг маъракасидан чиқдию ўзини нохуш ҳис қилди. Биқинини ушлаб, “вой, юрагим”, деди. Ўғиллари дарров парвона бўлишди. Пешинга яқин машинага ўтирғизиб туман марказидаги касалхонага олиб кетишди. Сўнгги хабарларга қараганда, қариянинг аҳволи оғир. Дам варажалаб, дам беҳуш бўлиб ётган эмиш. Аммо Пасурхи аҳли бу гап-сўзга кўп ҳам парво қилмади. Чунки улар Саттор бобони ярим ҳазил, ярим чин “ўлмайдиган чол” деб аташади. Бу атамада жон бор-ов: ахир, Саттор бобо сўнгги ўн беш йил ичида уч-тўрт марта шу тарзда “ана, кетаман, мана, кетаман” бўлдию, бироқ кўп ўтмай яна оёққа туриб кетди. Тил тагига носвойини ташлаб, қўлни белида чалиштириб ҳамишагидек оқсоқолликда давом этди. Бунинг сабабини биров билди, биров билмади.
Саттор бобо бир пайтлар, маълуму машҳур раис эди. Саттор Ғаффорович бўлиб мажлисларнинг зўрида, Саттор раис бўлиб тўй-маъракаларнинг тўрида ўтирарди. Ўша машъум йиллар, “Пахта иши” деган қатағон бу кишини ҳам четлаб ўтмади. Нақ ўн йилга қамалиб кетди. Айтишларича, жабрдийда раис шўро тузуми чок-чокидан сўкилаётган пайтда республикага раҳбар бўлиб келган жўмард бир инсоннинг шахсан аралашуви шарофатидан озодликка чиққан. Тағин миш-мишларга қараганда, Саттор Ғаффорович маҳбусликда оғир машаққатларга, азоб-уқубатларга учраб, соғлигидан ажралган, ўладиган бир аҳволда бўлган. Фарзандлар, қавму қариндош ундан умидини узишган. Қарангки, тўнғич ўғил бир кун отасининг ёнига кирса, ўрин-тўшакда инқиллаб ётган собиқ раис ўрнидан туриб апил-тапил кийиниб ётибди!
“Ота, ўзингизми, тузалиб кетдингизми?” – деб ҳам қувончдан, ҳам таажжубдан қичқириб юборибди тўнғич ўғил.
“Болам, – дебди Саттор бобо, – республикамиз раҳбари менга ўхшаганларга меҳр кўрсатди, ғамхўрлик қилди. У киши мени ҳам қамоқдан, ҳам тушкунликдан, ҳам эзгинликдан қутқарди. Энди буйтиб ётишим, уят, қўлимдан келганича эл корига ярай”.
Шу-шу, Саттор бобо соғайиб, оёққа туриб кетди. Кўп ўтмай, Ўзбекистон Мустақилликка эришди. Бу хабарни эшитган пасурхиликлар байрам қилиб юборишди. Дошқозонда ош дамлаб тўю тантана қилишди. Ўшанда Саттор бобо даврани бермай, чапаничасига рақс тушаркан, “ҳали-бери ўладиган аҳмоқ йўқ, эндигина ёруғ кунларга етиб келдик”, деб баралла эълон қилди.
Собиқ раис қишлоқ оқсоқолларидан бири сифатида элнинг ташвишию қувончли кунларида камарбаста бўлиб юрди. Аммо бу ёғи қаричилик, бу ёғи қисмат, гоҳ кўкси, гоҳ биқини санчиб қолади. Дам-бадам хуруж қилаётган оғриқлар охир бир кун Саттор бобони яна тўшакка михлади. Фарзандлар зимдан дафн маросимига тайёрлана бошлади. Бемор икки ҳафтача оғир аҳволда ётди. Жума куни эди. Дарвоза ёнида зиёлинамо бир киши пайдо бўлди.
“Саттор Ғаффоровичнинг уйларими? Бобо қаердалар?” – деб сўради у таклифни ҳам кутмай ичкарига кираркан.
Тўнғич ўғил истар-истамас жавоб берди.
“Отам касал. Анчадан бери оғир ётибди”.
“Нима? – деб чинқирди нотаниш киши, – у кишининг касал бўлишга ҳаққи йўқ ҳали. Мен туман ҳокимиятидан келдим. Каттакон бобони сўраяпти. “Нуроний” жамғармасига бош-қош бўлиб, ишини бироз жонлантириб берсин деяпти”.
Бемор вакилнинг таклифини эшитаркан, юмуқ кўзлари аста-секин очилиб, нафас олиши равонлашди.
“Яхши, – деди у ҳаммани ажаблантирган кўйи ётган жойидан қаддини ростлар экан, – эрта ҳокимга ўзим учрашаман”.
Вакил кетди. Саттор бобо эртаси куни худди шу пайтгача ҳазиллашиб ётгандай тўшакдан турди. Оҳорли кийимларини эгнига ила бошлади.
“Ҳоким бова ўзлари ҳурмат кўрсатиб одам юборибди, – деди у талмовсираб турган ўғлига, – мен ҳам иззат қилиб ўзим борай, эътибори учун раҳмат айтай, лекин таклифи менга тўғри келмайди. Пасурхи марказдан узоқ”.
“Ота, ўзингиз тузукми?” – деб чайналди ўғил. У, ҳойнаҳой, қариянинг тағин дабдурустдан оёққа туриб кетганига ишонқирамай турарди.
Саттор бобо унга хўмрайиб қўйди.
“Отдайман. Нима, ўлишимни кутиб турганмидиларинг. Йў-ў, ҳали насибам узилмаган, ҳали эл корига кўп керакка ўхшайман, менга бўлган эътиборни кўрмаяпсанми?”
Ўғил мулзам бўлиб қолди.
Саттор бобонинг баланд, салобатли овози яна Пасурхи қирларида акс-садо бериб қолди. Қария тағин одатдагидек бардам, тетик ҳаёт кечира бошлади.
Орадан ҳаш-паш дегунча тўрт-беш йил ўтди. Кексалик яна ўз кучини кўрсатди. Бойсунга хос қаҳратонларнинг бирида Саттор бобо яна хасталаниб тўшакка қулади. Бу гал хийла узоқ, нақ эрта кўкламгача ётди. Ҳатто тилдан қолгандай ҳам бўлди. Дафн маросимига аталган матолар яна сандиқдан чиқди. Қишлоқ чоллари тез-тез бемор билан хабарлашиб туришар, уни зериктирмаслик учун ёнида ўзаро гурунглашиб ўтиришар эди.
“Эшитдиларингизми, – деб қолди Раҳим даллол, ўша эрта кўклам касал кўргани келганларга қарата, – бизнинг Бойсундан ҳам темир йўл ўтаркан. Ҳозир Деҳқонободгача келибди”.
“Ҳа, ўтган ҳафта Қаршига борганимда ўз кўзим билан кўрдим. Шундай воқеа бўляпти”, – деди Салим чол.
Учинчи суҳбатдош чинқириб гапга қўшилди.
“Буёғи Қумқўрғон томондан қурилиб келяпти. Ҳадемай темир йўл Бойсунга етади. Менинг ўғлим ҳам улар билан ишлаяпти”.
Бир пайт… бир пайт Саттор бобонинг қобоқлари аста кўтарилди. Сарғиш-сийрак киприклари пирпиради. Сўнг теграсида гурунг қилиб ўтирганларга сўник кўзларини югуртирди. Ҳамма ҳангу манг.
“Нима, – деди собиқ раис, собиқ бемор, – темир йўл?! Қанақа темир йўл?!”
“Пойиз юрадиган из-да, раис…” – деб ғудранди Раҳим даллол.
“Бойсундан ўтарканми?”
“Ҳа”.
“Қачон?”
“Тирамоҳгача қолмай кеп қолар”, – деб қўйди Салим чол.
Саттор бобо ҳеч кутилмаганда оҳиста қад ростлаб ўтирди. Бир пиёла яхна чой сипқорди.
“Бунга ишониш қийин-ов, – деб пўнғиллади у, аммо қароқлари қандайдир учқунланиб борарди, – шундай тоғу тошдан темир йўл ўтарканми? Одам от-эшакда аранг юради-ю…”
“Гапимиз чин, темир йўл жадал қуриляпти” – деди Раҳим даллол
Саттор бобонинг чеҳрасида қандайдир хаёллар акс берди. Кўзлари тобора порлаб, лабларида кулгу ўйнади.
“Майли, тирамоҳгача сабр қилиб тураман. Тоғда темир йўл қуриш мўъжиза-ку?! Мўъжизани кўрмай ўлгим йўқ”.
Саттор бобо ҳаммани анграйтиб ташлаганича яна соғайиб кетди. Темир йўл Дарбанддан ўтган кезлар битта катта қўчқорни сўйиб, қурувчиларга ўзи ҳашарлик олиб бориб берди.
Орадан кунлар, ойлар, йиллар ўтди. Ўша мўъжизакор бунёдкорлик ниҳоясига етди. Тоғу тошлар аро ўкириб поездлар қатнай бошлади. Темир йўлга қўшилиб олис овулларга тараққиёт кириб келди. Ҳаммаёқда улкан ўзгаришлар юз берди. Саттор бобо бундай ҳайратомуз янгиликлардан нақ ўн ёшга яшарди. Ҳатто, қувончдан терисига сиғмай, қишлоқдошлари номидан Президент номига миннатдорчилик хати йўллади.
Мана, тўсатдан, Раҳим даллолнинг маъракасидан Саттор бобо яна хасталаниб қайтди. Икки ҳафтадан бери Термизда даволаниб ётибди. Аммо бу гал вазият жуда жиддийга ўхшайди. Қария ҳатто тамаддидан бош тортаётган эмиш.
Саттор бобонинг кенжа ўғли Хайрулла ҳовлидаги супада хомуш ўтирибди. Ҳар кўринганга илҳақ қарайди. Термиздан бирор дарак опкелдимикан, деган илинж билан тикилади. Бир пайт дарвоза ёнига мотоцикл келиб тўхтади. Қишлоқ почтачиси Хонимқул экан.
– Бува қаёқда? – деб сўради у ҳовлиқиб.
Хайрулланинг энсаси қотди.
– Термизда… ўзингиз ҳам биласиз-ку.
– Ҳа-а, айтганча, – деб пешонасига шапатилади Хонимқул, – мен раис бувадан суюнчи олмоқчи эдим.
– Қанақа суюнчи?!
Хонимқул лаб-лунжи ёйилган кўйи, сумкасидан газета чиқарди.
Хайрулла худди шу газетани байроқдай кўтариб, олам-олам қувончга қоришиб, отаси ётган палатага кўндаланг бўлганида кун пешиндан оққан эди. Уни бўсағада катта акаси қарши олди.
– Тиш-ш… – деди у бармоғини лаблари устига босиб, – шовқин солма, яхши, какраз ўзинг кеп қолдинг.
– Нима гап? Тинчликми?
– Отам эрталаб ҳаммаларинг йиғилинглар, васиятим бор деган эди.
– Қанақа васият?! – дея чинқирди Хайрулла палата ичига бостириб кираркан, – мен хушхабар опкелдим.
– Қанақа хушхабар? – дея эргашди ака.
Хайрулла газетани Саттор бобонинг ёстиғи ёнига қўяркан, илжайди.
– Отажон! Табриклаймиз! Сиз Президентимиз фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан мукофотланибсиз!
Ака шоша-пиша газетани варақлашга тушди.
– Йўғ-е, наҳотки?!
Саттор бобо оҳиста кўзини очди. Чеҳрасида табассум ўйнади. Бироздан сўнг қароқларига ёш қалқиб чиқди.
– Садағаси бўлайин юртбошимнинг, – деб пичирлади у, – ҳамиша бизни ўйлайди, бизни руҳлантиради. Менимча, бундай ғамхўрликдан кейин ўлиш уят. Ҳеч қурса яна беш-олти йил истиқлол ишига камарбаста бўлиб турай.
Эртаси куни Саттор бобо қаддини тик тутган кўйи қишлоққа кириб борди.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 12-сон