— Сто-о-оп, тўх-тал-син!
Бу гапни қишлоғимиз бўйича фақат Ҳақберди ака ўхшатиб айтди. Айтганда ҳам, жуда кифтини келтириб, «сто-о-о-оп» дейди чўзиб, сўнг чуқур нафас олиб, уни чиқаргач, «тўх-тал-син!» дейди. Аммо ҳар кимга, ҳар вақт ҳам айтавермайди.
Ўзлари қўли гул уста. Ҳар қандай машинанинг у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқишади.
— Хў-ў-ўш, нима бўляпти? — деб сўрайди бош ва кўрсаткич бармоғи билан дўпписини бироз тепага кўтариб, қолган бармоқлари билан бошини қашлаганча.
Машинада борганимиздан кейин билишади-да, бир иш билан келганимизни. Дардимизни айтамиз.
— Капотни очинг-чи!
Топшириқни зумда бажарамиз. Уста акамиз гап-сўзсиз моторнинг у ёғидан ўтиб қарашади, бу ёғидан ўтиб қарашади… Остига ётиб олиб қарашади, ҳалақит бермай, «қўлимиздан келган иш» — қозонга ўт қалаб, бирор овқат уннаймиз.
— Обобакир! — ярим соатлардан ўтиб, устанинг овози эшитилади. — Очиш керак!
— Очдик, ака, очдик! — Обобакир қошини учириб, қўлидаги ароқ тўла пиёлага ишора қилади. — Келинг, устака!
Устака хиёл кулимсираб, ўчоқ бошига яқинлашади:
— Моторни деяпман.
— Моторниям очамиз, — Обобакир унга пиёла узатади. — Очилганидан олволайлик олдин!
— Об-бо! Шуна қиласизлар-да!
Овқат пишгунча машина, унга қўшилиб бошлар ҳам тузалади.
Ана шундагина ака:
— Сто-о-о-оп, тўх-тал-син! Энди турамиз, уйга боришам керак! — дейишади.
Янгиқўрғондан келар эканмиз, қишлоққа бурилганда шу сўзни эшитдик. Янглишмабмиз, Ҳақберди ака поя ортаётган трактор томондан келарди.
— Хў-ў-ў-ўш, қайлардан сўраймиз? — деди ака орқа ўриндиққа ўтираркан.
— Ўрмон том шувоқ қилаётган экан, ҳашарчиларга у, бу обкелаётгандик, — жавоб қилди Карим.
— Хмм… Божам тўй қилган экан, — ака қўлтиғидаги кўйлак тугилган «тўққиз» га ишора қилди, — ўшани ўтказиб келяпман. —Тўйам зўр бўлди-да, ўзиям. Катта-катта артисларни айтган экан, кенгаш куниёқ тўрттаси келиб олибди. Бири қўйиб, бири олади!..
Машина Ўрмоннинг эшиги олдига келиб тўхтади.
— Сто-о-оп, тўх-тал-син, демадим-ку! — Ҳақберди ака савол назари билан Каримга қаради. — Ҳайданг, уйга борамиз.
— Эрталабдан буён қайнаб ётибди, — Кирим изоҳ берди, — ярим косадан шўрва ичамиз. Ҳашарчилар ҳам бегоналармас, ўзимизникилар…
— Бўлмаса, уларга бир нарса обкелишимиз керак эди-да?
— Ҳамма нарса бор, — Карим қўлидаги сўмкага ишора қилди. — Қани, ака!..
Шўрва тортилди. Аммо аканинг ичгани ичига тушмади.
— Каримжон, машинани чудинг, паваротдан балиқ олиб келамиз, ҳашарчиларга! Бунақа бўлмайди-да, энди! — деди дастурхонга фотиҳа қилиниши билан. — Юринг, Саитали.
Турдик.
— Олдин уйга ҳайдайсиз, — у қўли билан ишора қилди, — беш-ўн сўм олволайлик.
— Ака, пул бор… — Карим кўкрагига уриб қўйди.
— У сизи чўнтагингиздаги пул-да! — деди ака кескин. — Менам устайўқлов қилишим керакми, йўқми? Кейин опангиз тўйга бориб, келганимни кўрсин, мана бу тугунчани бериб қўяй. Уч кун бўлди деяпман, уйдан чиқиб кетганимда…
Аканинг уйи томон бурилишимиз билан, буйруқ қилишди:
— Сто-о-о-о, тўх-тал-син! — Сўнг менга қараб: — Қани, Саитали, юрсинлар, — деди.
— Бошқа сафар…
— Ие, опангизни кўрмаганингизга неч ой бўлди? Бир оғиз ўтирибсизми, деб қўйсангиз, хурсанд бўлиб қолади-ю!
Эътирозга хожат қолмади, кирдик. Опа акага тумтайиб бир қараб қўйди-да, мендан очиқ чеҳра билан хол-аҳвол сўрай кетди.
— Сто-о-о-оп, тўх-тал-син! — ака мағрур туриб, бир қўли белда, иккинчисидаги тугунчани опага узатди. — Мана буни олиб қўйинг, божам бериб юборди, тўйники табаррук! Э, божамга гап йўқ-да. Тўйидан бир кун бориб қолибман. Олдин божам, мени кемайди деганмикан, ҳайрон бўлиб қараб қолди. Анчадан буён кўришмагандик-да! Кейин таниб, мени ўтқизгани жой тополмай қолди. Энди қўйлар сўйилган, ароқ сероб… Мени роса уч кун шунақанги меҳмон қилди, бўкиб қолаёздим!.. Машина олибди, уйларни ҳам боплаб тушлабди. Тўйга келган артисларни айтинг… Берган йигирма мингингизни ўшаларга қистириб юборибман! Пулдан опчиқинг.
Опа лаб бурди. Сўнг сўради:
— Ўзи қайси божангизнининг тўйга бориб келяпсиз?
— Қайси божам бўларди, синглингиз Қулпинча теккан-у, Кенагасдаги Султоналига, ўшаникига-да!
— Божангизникига тўйга бормай, сиз ўлинг, сиз ўлинг! — опа қўлини силтаб, саннай кетди. — Синглим Қулпинса Султоналидан ажраб, бошқа эрга тегиб кетганига беш йил бўлди-ю!
Акамиз дўпписни кўтариб, бошини қашлаганча бир дам туриб қолди. Сўнг секин, ўзига гапиргандай, сўз қотди:
— Айтдим-а, тўйда сизларам, божамларданам бирортаси кўринмади деб!