Хотинлар фронтида нималар бўляпти, биродарлар? Буларни тартибга чақирадиган, ҳеч бўлмаса икки оғиз панду насиҳат билан ўзига келтириб қўядиган жамият борми, йўқми?
Мана, Носирхон сўлим дўстимиз ишдан келди. Йиқилмай, бир жойи қашқа бўлмай, яна ўз оёғи билан! Хотин бўлса:
— Сизам уйим-жойим дейсизми, йўқми? — деган дебоча билан сўз бошлаб, халқаро майдонларда рўй бераётган воқеалар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг тўхталиб, уйда уннинг тамом бўлганлигини гап орасида қистириб ўтди. Қишлоқ чеккасида Мунав-варжон ака яхши ун сотаётганини таъкидлади.
Дўстимиз унинг маърузасини тишини чўп билан ковлаганча ғиринг демай эшитди. Ҳатто яқин Шарқда кечаётган воқеалар ҳақида нотўғри позицияда туриб гапирганда ҳам, жанглар мавзуси жангга уланиб кетмасин деб сукут сақлади. Сўнг сўзсиз велосипедини олиб, рулига қопни ташлаб, эшик томон юрди.
Носирхон серулфат, жа мулозаматли йигит-да! Чойхона олдидан салом бермай ўтиб кетолмади. Ўзлари билан ўзлари бўлиб қолган улфатлари алик олишмаганди, яна қайтиб ўтиб салом берди. Улфатлари ҳам одам — унга эътибор қаратишди.
— Олиб келасан-да ўша унни, Мунаввар ўлиб қолгани йўқ. Олдин мановини ол! — дея мурувват ҳам қилишди.
Бу ёғига ўз-ўзидан гап қовушиб кетди. Велосипедда юрмай, Камолиддиннинг машинасида бориб, Мунаввар аканикидан ун олиб келадиган бўлишди. Шундай меҳрибончилик бўлгач, пулнинг юзига қараш инсофданми? Олишди, ичишди, велосипедни машинага юклаб, йўлга тушишди.
Шу жойда жиндай англашилмовчилик бўлди: Камолиддин Мунаввар аканикига деб машинасини Носирхонникига ҳайдади. Натижада, андаккина пинакка кетиб қолган Носирхон ўз уйини Мунаввар аканики деб ўйлади. Ҳайдовчи:
— Носирхон, келдик! — деганди, сесканиб уйғонди.
— Ҳозир, — деб машинадан тушди ва ўз уйининг дарвозасини очиб, чақира кетди: — Мунаввар ака, ҳов, Мунаввар ака!
Хотини чиқиб келди.
— Ҳа, келдингизми, дадаси? — деди кўзларини бор бўйича, оғзини ҳам шу қатори очиб.
Дўстимиз хотинини ҳам, унинг гапини ҳам яхши англамай, давом этди:
— Мунаввар акам борми? Ун керак эди?
— Э, қанақа Мунаввар ака? Бу ерда нима қилади у? — хотиннинг негадир жаҳли чиқди.
— Ҳа, бўлмаса бошқа куни келарман, — дея дўстимиз ортига бурилди.
— Уйга киринг-э! — хотин ўдағайлади.
— Йўқ, мен эркаги йўқ уйга кирмайман! — деб Носирхон ортига қайтди.
Шу! Арзимаган воқеа, тўғрими? Энди буни хотинлари бир достон қилишибди, бир достон қилишибди — қулочинг етмайди. Шуми инсоф, шуми эрга бўлган ҳурмат!