Ҳар қандай янгиликнинг кириб келиши осон эмас-да. У каттами-кичик қурбонлик талаб этади. Мана, масалан, оддийгина шўртик — калта шимнинг қишлоғимизга кириб келиши учун Абдураҳмон ака бутун бошли битта шимини қурбон қилди.
Хуллас, Абдураҳмон акага шимнинг бели тўғри келдию, аммо бўйи тўрт энлик узунлик қилди. Хотинига бу ҳақда арз-ҳол қилди.
Хотиннинг ҳам энди шимдан бошқа ташвиши йўқми? Икки кунда бир кимдир кўпайишади ёки келин тушириб, қиз чиқаради. Ака ҳам хотини қатламани ўраб, дастурхонни бошига қўйганда айтди-да, арзини.
— Қўйиб кетаверинг, ҳали келиб қирқиб, буклаб қўярман. Бўлмаса, ҳозир қизингиз мактабдан келади, ўша тўғрилаб берар, — деб кўчага юрди.
— Шуни тўрт энлик қирқиб, буклаб бергин, жон қизим, — Абду-раҳмон ака мактабдан келган қизига илтимос қилди.
— Вой, дадажон, пахтага чиқишимиз керак, дугоналарим кўчада кутиб туришибди, — деди қизлари шимга қиё ҳам боқмай. — Келинойим уйдалар-ку, беринг, қирқиб, букиб беришади.
Акамиз юракдан чиқариб «уфф!» дея, этак кўтариб кўчага юрган қизининг орқасидан қараб қолди. Шу аснода қўшни уйдан келинлари чиқиб келди.
— Ҳа, дадажон, тинчликми? — деб сўради у.
— Шу шимни тўрт энлик қирқиб, буклаб берсангиз, — деди Абдураҳмон ака кўнгли сал ёришиб.
— Бўпти, менга беринг! — деб келин шимга қўлини чўзди.
Аммо шу пайт чақалоқнинг йиғлаган овози эшитилди. Келин чопганича уйига кириб кетди. Шим аканинг қўлида қолди. У шимни зарда билан сўрига отганча, тўйга равона бўлди.
Абдураҳмон ака жўнаб кетгач, келинлари шимни тўрт энли қирқиб, икки энли буклаб, жойига қўйибди.
Икки соат ўтиб хотинлари йўқландидан келиб, дадаси шимимни тўғрилаб бергин, деганди дея тўрт энли кесиб, икки энли буклаб, маҳоратларини кўрсатишибди.
Камига пахтадан қайтган қизлари ҳам…
Эртасига Абдураҳмон ака қишлоғимиз эркаклари ичида биринчи бўлиб шўртик — калта шимда кўчада пайдо бўлди.