Мухторжон деган ота бошқа, эна бўлак иним мактабга директорликка тайинланадиган, вилоятга бориб суҳбатдан ўтадиган бўлди. “Бирга бориб келсак”, деб қолди. Директор ўзимиздан чиқадиган, шу мактабда ишлайман, яна меҳнатдан олти соатлик факултатив дарс бўш турибди, деган гаплар ҳам бор, машинамга ўт қўйдим…
Яхшиям борганим, яхшиям борлигим, бўлмаса мактабимиз директорсиз қолиб кетармиди…
Қабулхонада котиба қиз икки-учта кетворган опойлар билан суҳбат қуриб ўтирган экан. Бу ер вилоят марказида, ҳамма нарсанинг тозаси бўлади. Келишимизни биров телефонда айтиб қўйганмикан, котиба дардимизни чала-чулпа эшитди-да:
— Кутиб туринглар, чақиришса кирасизлар! — деди.
Ҳаво дим. Енги калта кўйлакда ҳам “пишиб” кетяпман. Мухторжонни қўяверасиз: қорин катта, бўй калта, зўрға елкасидан нафас оляпти. Бунинг устига катталарнинг ҳурматини қилиб, бўйинбоғ ҳам тақиб олган.
Ичкарида ўтирармидик, ҳовлига чиқдик. Ўрикнинг остига скамейка қўйилган экан, ўша томон юрдик.
Қориннинг бўлгани яхши, аммо унинг ҳаддан ташқари катталашиши одамга унчаям наф келтиравермас экан. Менимча, қорин одам ўрнидан турганда тепага, ўтирганда эса шимнинг ичига қараб ҳаракатланса керак. Мухторжон шундай скамейкага чўкканди, “тр-тр-тр, ширр!” деган овоз чиқди. У сапчиб ўрнидан туриб, орқасини силай кетди. Афти шундай буришиб кетдики, сигири ўлганда ҳам бунчалик қайғурмаганди.
— Шим чокидан кетибди! — деди йиғлагудай бўлиб.
Орқасига ўтиб қарадим, “Ҳм!” шимнинг бир қарич жойи сўкилиб кетибди. Қора шимнинг ичидан кийган оқ шалвари ял-ял ёниб, тешикдан мўралаб турибди.
Мухторжон директор бўладиган, ҳозир суҳбатга киради. Бу ёқда шим… Уни ечиб отиб юбориш ё оёқ остига олиб тепкилаш мумкин эмас… Бемалол рўмолчани қўлга олса бўлаверади!
— Кўриняптими? — Мухторжон ранги оқариб сўради.
— Ҳм! — дедим.
— Игна-ипингиз йўқмиди?
Иним директор бўладиган, ҳозир суҳбатга кириши керак, шими сўкилиб, панд бериб ўтирибди: худди игна-ип кўтариб юрадиган одамдай, чўнтакларимни шапатилладим:
— Йўқ.
— Мен қимирламай ўтириб тураман. Сиз кириб, котибадан сўранг, игна-ипи бўлса, чеккароққа ўтиб, тикиб олармиз…
Мухторжон директор бўладиган, суҳбатга кириши керак, шими сўкилиб, панд берди, олти соатлик дарс заҳирада турибди: оёқни қўлга олиб, ичкарига ғизилладим. Аммо котиба мени эшик оғзида кутиб олди:
— Камолов қани? Суҳбатга кираркан!
Ортимга қараб чопдим. Чопаман-да! Иним директор бўладиган, суҳбатга чақиришяпти, шими сўкилиб, панд бериб турибди.
— Суҳбатга!
Сўзимни эшитиб бўлғуси директорнинг афти эшилиб кетди. Бусиз бўлмайди-да! Ичкарида бошқарма бошлиғи кутиб ўтирибди. Куттириш — суҳбатдан ўтолмади, деган гап!
— Қабулхонада аёллар ҳали ҳам котиба биланми?
— Ичкарини қаролмадим… Остонадан…
Иним йиғлагудай бўлиб менга боқди. Дарҳол зипилладим. Қабулхонага шундай бошимни суқиб, ортимга чопдим.
— Ўтиришибди!
Мухторжон афти бир сиқим бўлиб, ўрнидан турди. Шимининг орқасини обдон сийпалади. Қўлим кўксимда, йўл бошладим.
— Орқамдан юринг! Шимнинг йиртиғини тўсиб кетасиз!
Дарров орқаларига ўтдим. Қадамларига қадамимни мослаб ортига тиркалган вагондай ичкарига юрдим: директор бўладиган, орқаларини мен тўсмасам, ким тўсади, олти соат дарс…
— Камоловнинг бир ўзи кирсин! Сизга йўл бўлсин? — котибанинг бақирганига парво ҳам қилмадим. Аёллар даврасидан эсон-омон ўтиб олдик. Аммо ичкарига кириб, йиғлаб юборишимга сал қолди: қиялаб қарасам, бошқарма бошлиғига аталган курсида аёл киши ўтирибди!
— Ассалому алайкум! — деди Мухторжон.
— Ассалому алайкум! — дедим унинг ортидан бошимни кўрсатиб.
Бошқарма бошлиғи ўтирибди — салом бермасангиз, ўқитувчиликдан ҳам айрилиб қолиш мумкин.
— Ваалайкум ассалом! — бошлиқ бизга анграйиб қаради. Тўғрисини айтсам, очилган оғзи ёпилмади. Сўнг у шу қиёфада ўрнидан турди. Секин-аста бизга яқинлашиб, атрофимизда айланиб, инимга бошдан-оёқ разм солди. Кейин:
— Мен Камоловни чақирган эдим, сиз нима қилиб юрибсиз? — деди кўзларини менга қадаб.
— Мен, мен… Бу кишининг телохранители, яъни танқўриқчисиман! — дедим. Катталар сўрагандан кейин нимадир дейишим керакми, ахир? Уни устига меҳнатдан олти соат дарс бор.
Бошлиқ аёл киши бўлсаям мард экан. Шунинг учун бошқармани бошқаряпти-да!
— Танқўриқчи деганлари хўжайиннинг ёнида юради, шекилли? Ё сиз бу кишини фақат орқаларини пойлайсизми? — деб эркакчасига аския қилиб, йигитчасига кулиб юборди.
Менам илжайдим: бошлиқлар кулганда қараб турсанг бўлмайди…
Кейинми? Мухторжон қизариб-бўзариб тураверди. Воқеани бир бошдан айтиб бердим. Далил сифатида шимнинг йиртилган жойини кўрсатдим. Бошлиқ аёлларнинг эркаги экан қотиб-қотиб кулди. Бир-бир елкамга қоқди.
— Хўп, ишларингга муваффақият! Аммо энди бу ердан қандай кетиб оласизлар? Котибани чақирай, тикиб берсин, алоҳида хона бор! — деди.
— Йўқ, йўқ! — деб эътироз билдирдим баралла. — Олдингизга “поезд-поезд” бўлиб кирдик, “поезд-поезд” бўлиб чиқиб оламиз!
Бошлиқ кулиб қотди. Бизам аскияни қотириб қўядиган йигитларданмиз, Абдулла Акбаровлар ким бўлибди, бўш келмадик: меҳнатдан олти соат дарс бор-да!
— Унда оқ йўл сизларга, поездни ҳайданглар! — опа эшикни кўрсатди.
Мухторжон олдинда, мен орқасидан доира шаклида юриб, хонани тарк этдик. Котиб қиз ҳалиям жононлар билан кулишиб ўтирган экан, уларнинг олдидан “поезд-поезд” бўлиб ўтиб, машинага етволдик.
Ҳа, олти соатлик дарс, бўлган воқеалардан оғиз очмаслик шарти билан менга берилди, бировга айтганим йўқ. Фақат ёздим, уни ким ҳам ўқирди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 36-сон