Ўринбойнинг исмига “ўртар” сўзини қўшиб айтишади. Қўшмасаям бўлмайди. Юрсаям, турсаям, ҳатто уйқусираганда ҳам шу қўшиқни хиргойи қилгани қилган. Қўшиқнинг тугамаганига ҳайронлар қоласиз. Салом-аликлариям “ўртар” билан бўлади!
Бошимни силаб эшик оғзида ўтирсам, “пат-пат” мотоциклини миниб келиб қолди:
— Тузукмисан? Агар ошиқлиғим айтсам… Бола-чақаларинг қандай? … куюб жоним жаҳон ўртар. Ҳа энди бизам юрибмиз, тупроқдан ташқари. Бу ишқ сиррин баён этсам… Ишларам тузук… тақи ул хонумон ўртар.
“Дўст!” дейдиган одам йўқ.
— Шаҳарга тушиб, бир пивохўрлик қилиб келмаймизми? — оғайним давом этди. — Бу дард ила хароб ўлдим… Бош чатоқ… келиб ҳолимни сўрмайсан. Ўйланма. ўами бошқа, алам бошқа… Кетдик. Юрагимни фиғон ўртар.
Орқасига мингашдим. Қўшиғи босиқ бўлсаям, араваси учиб кетаркан-вей! Секинроқ юр, деганим сайин тезлайди-да!
— Бу — рекета, ракета — бу! — деб қўяди яна.
Ярим йўлга борганда “ракета” негадир “ғийқ” этиб тўхтади.
— Ҳа, тинчликми? — деб сўрадим.
— Бу Машраб дардини жонон… Пинжагимнинг олдини орқага қилиб кийиб олай… ҳеч ким бошиға солма… тугмаси йўқ. Агар машҳарда оҳ урсам… Шамол уриб, кўкракни тешиб юбораман деяпти… беҳишти жавидон ўртар… Агар ошиқлиғим айтсам…
Яна учиб кетдик. Нимадир “тарақ” этиб кейин йиқилдикми, ё аввал йиқилиб кейин тарақладими, билмайман. Ўзимга келиб, кўзимни очганимда зовурнинг ичида ётардим. Ўнг оёқни кўтариб, каллани буриб бўлмайди. Бир илож қилиб, эмаклаганча зовурнинг ичидан чиқдим. Ўринбой зовурдан ошиб, тутқаторга бориб тушган экан. Тепасида иккита шифокор ҳам турибди.
— Қара-я, калласи тескари бўлиб қолибди, — деди улардан бири.
— Ҳозир тўғрилаб қўямиз-да, — иккинчиси кучайди. — Сен орқасидан босиб тур. Ҳа, ҳа, яна озгина… Бураяпман… Бўлди. Калласи ўнгланди. Мабода оёқлари ҳам алмашиб қолмадимикан, ағдар-чи?
— Ие! — билағон шифокор сакраб тушди. — Боплабмиз-ку! Калласи тўғри-ю, пиджаги тескари экан.
“Дўст” дейдиган одам йўқ!