Саид Анвар. Жим жима (ҳажвия)

Қўй олдим, қоп-қора, пешонасида оппоққина ҳоли ҳам бор. Ювошлигини айтинг. Уни устига икки ҳафтадан кейин туғиб ҳам бераркан.
Ҳовлига келгач, арқонини устига ташлаб, «Кўриб қўй» дегандай хотинга қошим билан имладим. Хотин қўйни обдон айланиб кўрди, нархини айтгандим:
— Арзон олибсиз, арзон! — деб қувониб кетди.
Сўрига ёнбошладим. Чойнакни мағрур кўтариб, охирги томчиси қолгунча симирдим.
— Ишқилиб, совлиқлиги аниқми? — сўраб қолди хотинбой бирдан.
— Ҳов, бизи… — деб сўз бошлаб хотинни гап билан пачоқ қилиб ташламоқчи бўлдим-у, ўтган галги харидим эсимга тушиб, тилимни тишладим. Айтарли жа, хунук воқеа бўлмаганди: қўчқор сотиб олгандим, бир ой ўтмай «қўчқор»им туғиб берди!
— Совлиқ, совлиқ! Кўриб олдим! — дедим аламимни ичимга ютиб.
Ҳовлининг ўртасини ковлаб, гулҳовуз қилгандик. Қўйим ўша томонга юрди. «Ҳа, энди меҳмон, гул-пуллардан еяқолсин», деб турсам, Совлиқой ҳовузга калла ташлаб юборса бўладими! Эру хотин ҳай-ҳайлашиб у томонга чопдик. Қочди. Хотин супурги билан, мен косов билан қуролланиб қўйхона томон ҳайдадик. Қўй негадир, эшик қолиб деворга калла урди: «гурс» этиб йиқилди.
— Қандай бало қўй олдингиз, кўрми бу? — хотин ҳайқирди.
— Ўзинг кўр! — дедим жаҳл билан. — Кўзлари порлаб турибди-ю, кўр дейсан. Янги жой, янги одамлар — ҳаяжонланаяпти.
— Ҳаяжонланмай ўлсин! Қўй ҳам ҳаяжонланадими? Бунингиз кўр! Очиқ кўр! — хотин зарда билан супургисини қўй томонга отди.
— Тинчликми, тинчликми? — кўча эшикдан қўшним Мели жимжима кириб келди.
«Жа, кўзим учиб турганди-да!» дедим ичимда. Хотин билан энди «айтишув»ни бошласак, жанжал томоша қилгани бошқоронғу бўлганми, ҳамиша ҳозиру нозир-да. Лекин ўзи яхши бола. Ҳатто, «Ойни олиб чиқаман», деб кайф устида қудуққа калла ҳам ташлаган. Унчалик катта фалокат бўлмади: олти ойгина касалхонада ётди! Шифокорларимизга раҳмат, Меливой ҳозир зўр. Фақат чап кўзи светофорнинг сариқ чироғига ўхшаб пирпираб — жимжима қилиб туради. Безарар. Бегона аёлларнинг эрларидан, ака-укаларидан икки кунда бир калтак еб туришига ўзи айбдор. «Бегона қиз-жувонларнинг олдида кафтинг билан кўзингни беркитиб ўтгин!» деймиз, қулоқ солмайди-да!
— Пешонамга кўр қўй олиб келибди акангиз! — хотин шу дебоча билан гапини бошлаб, мени зумда тупроққа қориб ташлади. «Кўрсавдо», «Лақма» каби «фазилат»ларим ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Жимжима бармоқларини ликиллатиб, кўзига пуфлаб, қулоғини тутиб қўйни текширган бўлди.
— Ҳа-а! — деди кўзини пирпиратиб. — Ҳақиқатан ҳам кўр қўй олибсиз. Қўйингиз — очиқ кўр!
— Қалайгина арзон-гаровга олиб келибди деб тургандим! — хотинга Худо берди.
— Алдашибди-да, — дедим бўшашиб.
— Алдаганларни танирсиз? — сўради жимжима.
— Бозор бўлса, мингта одам…
— Бозор бўлса деб тўғри келган қўйни етаклаб келаверадими? «Кимсиз? Қаерликсиз?» деб сўраб, суриштириб олмайдими одам? — хотин авжига чиқди.
— Сўйиб сотсангиз қандай бўларкан? — қўшним таклиф киритди.
— Бўғоз. Икки ойдан, йў-ғе, икки ҳафтадан кейин туғиб бераркан.
— Унда сотиб қутиласиз! — Меливой хукм чиқарди.
— Кўр қўйни ким ҳам оларди… — дедим.
— Кўрсавдо фақат битта сиз эмасдирсиз бозорда! — хотин қўл силтаб, кўз-ёшини этагига артганча нари кетди.
Меливойга илтижо билан би-и-ир боқиш қилдим.
— Сотамиз, ака. Ўзим сотиб бераман, — деди умрингдан барака топкур Меливойжон.
— Айбини айтиб сотмасак гуноҳ бўлармикан? — дедим чай-налиб.
— Айбини айтиб сотамиз, бу ёғига эрисангиз бас! — дея Абдумеливойжон кулиб елкамга қоқиб, эшик томон юрди. — Бозор куни кўришамиз.
Бир ҳафта Совлиқхон билан биргалашиб ётдик, турдик, ўт едик, сув ичдик: оғироёқ, унинг устига пулга келган жонивор-да.
Якшанба куни Абдумеливойжон билан бозорга бордик. Қўйни ушлаб турибман-у, жиноят қилаётгандай қалтирайман.
— Сени қўйинг бўлақолсин, қанчага кирса сот дардисарни, мен розиман.
Арқон жимжиманинг қўлига ўтиши билан бир йигит қўйнинг атрофида айланиб қолди.
— Қўй олмоқчимисан, ука? — сўради Меливой.
— Гўнг ҳидлагани келганим йўқ, ака, — йигитдан жавоб бўлди.
— Унда қўйни кўр! — жимжима кўзларини пирпиратиб сайрай кетди. — Раз, олмоқчимисан, қўйни яхшилаб кўр. У ёғидан ҳам айланиб кўр, бу ёғидан айланиб ҳам кўр. Қўй — кўр!
Йигитга қўйим маъқул бўлдими ёки Меливойнинг тез-тез «маргат» қилиб туриши таъсир қилдими, қўйга чиппа ёпишди- қўйди.
— Оламан, ака, — деди баралла. — Нархини айтинг.
— Йўқ, олдин сен кўр! Қўй — кўр деяпман! — «Жимжима» қўлини қўйга ниқтади. — Яхшилаб кўр!
— Уфф! Мунча қўй кўр, қўй кўр деяверасиз!? — йигитнинг жаҳли чиқди. — Кўрдим. Маъқул. Нарихини келишсак олиб кетаман! — деди сўнг.
— Юз деяпман, сўрайверасан, укам! — Меливойи қурғур олганимга икки баравар нарх айтди.
— Юзни иккига бўламиз, эллик минг бераман! — йигит ҳам дангалчи экан.
— Э! — Меливойнинг афти буришиб, чап кўзи йўқ бўлиб кетди. — Қўйнинг туришига қараб баҳо айтгин, укам. Қўй — кўр. Эллик минг дейсан. Икки ойдан кейин туғиб беради бу!
— Эллик бирга бўладими? Эллик иккига-чи? Боринг ака, эллик бешга бор бараками? — йигит астойдил жимжиманинг қўлини силтай кетди.
Бош чайқайди-да, номард! Йигитнинг орқасида турволиб, «Бервор!» деб имо қиламан, ёнига бориб оёғини босаман, биқинига туртаман, қани парвойига келса Мели эш-шакнинг!
— Мени танияпсанми ўзи? Муллавалининг танти йигитларидан бўламан. Истасам, беш-ўн минг сўмни бир ўтиришда сарф қилиб юбораман! Бир минг, икки минг деб майдалашасан! Эллик бешлик қўйми шу! — дейди-да унинг устига.
Чидолмай нари кетдим. Бир оз ўтиб қайтиб келсам, ҳарқалай, савдолари пишибди шекилли, Меливойжон пул санаб оляпти. Йигит қўйни етаклаб кетди. Меливойжонқўзи ғўдайганича кабобхона томон юрди.
— Қалай қилдим? — сўрадилар виқор билан кабобпазнинг ўтирғичига чўкаркан.
— Гап йўқ, укам! — дедим елкасига қоқиб. — Аммо йигит қўйнинг кўрлигини билгач, ташлаб кетса керак. «Муллавали» деб қишлоқнинг номиниям айтвординг.
— Ташлаб кетса кетар, — укам бепарво қўл силтаб, кабобпазга кўз қиса кетди. — Ўнта жазлигидан қўйинг! — сўнг менга юзланди. — Қўйингизни олтмиш бешга урдим. Манови эллик сизга, ўн минги менинг хизматимга, бешига еймиз, ичамиз, қўлни ташланг!
— Гап йўқ. Аммо қўйни қайтариб келса, ўзинг жавоб берасан.
Қоринларни қаппайтириб, томоқларни ҳўллаб, қишлоққа тебраниб кириб борсак, айтганимдай, бозордаги йигит Мелининг эшигида қўй ушлаб турибди.
— Сенга айтмовдимми! — дедим баралла кулиб. — Хизматингни бердим, энди бу ёғи билан ишим йўқ.
Жимжима гапларимга қулоқ ҳам солмай, йигитга юзланди:
— Ҳа, ука, тинчликми?
— Бу қўйингиз кўр экан-ку! — деди йигит жириллаб.
— Ҳа, кўр эди, — қўшним бепарво жавоб қилди.
— Бозорда молнинг айбини айтиб сотмайдими! — йигитнинг овози зардали янгради. — Қанақа имонсиз одамсиз!
— Ие, ҳов, сен, менга гапиряпсанми? — Меливой қўлини пахса қилди. — Ҳали мен сенга имонсиз бўлиб қолдимми? Қўйнинг айбини айтмадимми!? Қўй — кўр! У ёғидан ҳам айланиб кўр, бу ёғидан ҳам айланиб кўр, қўй — кўр, дедимми, а, дедимми?!
— Д-д-дедингиз, — жимжиманинг дўқидан йигит дудуқланиб қолди.
— Деган бўлсам нимага жириллайсан!? — Меливой ерга туфлаб, эшиги томон юрди.
— Энди буни мен нима қиламан? — йигитнинг овози йиғламсираб чиқди.
— Хоҳласанг кўз дўхтирига обор, хоҳласанг қучоқлаб ёт — бу сенинг ишинг! — дедилар Меливойжон укам эшиклари оғзида ортларига бурилиб.
— Ака! Жон ака! — йигит чопиб бориб жимжиманинг билагига ёпишди. — Гапга уста экансиз, ўзингиз сотиб беринг, рози қиламан.
— Э, мен сенга қўйпурушмидим! — Меливой жеркиб берди.
— Қанча десангиз бераман, жон ака, йўқ деманг! — йигит ялинишга ўтди.
— Бўпти. Якшанба куни азонда бозор дарвозаси олдида учрашамиз! — Меливой ноз қила-қила рози бўлди.
Йигит қўли кўксида қўйни етаклаб кетди. Жимжиманинг устидан масхаралаб баралла кулдим. Сўнг:
— Мен қўйдан қутилдим, сен эса тутилдинг! Ўн минглик ташвиш сотиб олдинг ўзингга! — дедим.
Меливой бир сўз демай уйига кириб кетди.
Бекорга кулган эканман. Меливойжоннинг ишлари шунақанги юришиб кетди… Олти ҳафтадан буён бозорга қатнайди. Ҳар сафар қўйни сотяпти, харидор қайтариб олиб келяпти. Абдумеливойжонқўзи яна бошқасига пуллаяпти!
— Худога шукур, қўйингизнинг орқасидан бозорлигим чиқиб турибди. Олтитасига сотдим қўйингизни. Ҳали яна қанчасининг пулини оламан, ўзимам билмайман. Мабода бу кўр қўйингизнинг шериги йўқмиди? Кўр мол ёки эчки бўлса ҳам бўлаверади! — деяптилар Абдумеливойжонқўзи акам, йўғе, укамлар, бозордан қайтиб, эриб ўтирганларида. Ҳазил қиладилар-да. Ҳазиллари ҳам ўзларига бирам ярашади-ей. Бозорларини берсин, илойим!