Саид Анвар. Дорихоначи (ҳажвия)

Абдуҳамид ака дорихона очди. Қишлоққа керак-да. Турган-битгани — савоб… Қолаверса, хотиндан бир-икки сўмни яшириб қўйса ҳам бўлади…
Лекин кўп ўтмай, ака дорихонасини буткул беркитди. Ҳатто дарчасини ғишт билан уриб, суваб ҳам ташлади. Сабабини сўрасам, сирка ҳидлагандай ижирғаниб гапириб берди:
— Дорихона очдим, уйда. Менда уйдан бошқа жой бўлмагандан кейин, уйда очаман-да, домда очармидим. Хайруллонинг амбулаторияси яқин, у дори ёзиб беради, мен сотаман, деб ўйлагандим-да. Аммо… Қулоғим оғирроқ, хотин ҳам ўзимга ўхшаган, бу касаллик онамдан ўтган… Одамлар чақириб келади, биз бир-биримизга қараймиз: “Биров чақиряптими ё менга шундай туюлдими?”
— Кундузи майли, чидаймиз, — дейишди қўшнилар, — аммо кечаси…
Оқсоқолимиз уларни қувватлади:
— Савобли ишга қўл ургансан, тушунамиз. Қишлоғимизга дорихона керак. Аммо бизга уйқу ҳам лозим-да! Қишлоқнинг нариги чеккасида туриб мен эшитаман дори сўраб келган одамнинг бақирганини, сен эшитмайсан. “Девор тепилсин ёки дарвоза тақиллатилсин!” деб ёзиб қўйсанг, қандоқ бўларкин?
Оқсоқол деган номи бор, сўзини қайтаролмадим. Ҳасанбой домлага тозасидан юз грамм қуйиб бериб, “Бақирилмасин! Девор тепилсин ёки дарвоза тақиллатилсин!” деган лавҳага эга бўлдим.
Аммо деворимизнинг шувоғи кўчгани, дарвозамизнинг қулаб тушгани қолди: қулоғим оғирроқ, хотин ҳам ўзимга ўхшаган, бу касаллик онамдан ўтган… Бақирганни эшитмаганлар, тақиллатганни билармиди?
— Тўғри, савобли ишга қўл ургансан! — деди оқсоқол. — Дорихона қишлоғимизга сув билан ҳаводек зарур. Бироқ юртга тинчлик ҳам керак. Дупур-дупурлардан қўшнинг Зокиржоннинг хотини юрак ўйноғи бўлиб қолибди… Қосималининг сигири чала туғиб қўйибди… Бирорта қўнғироқ ўрнатсанг, қандоқ бўларкин?
Қулоғим оғирроқ, хотин ҳам ўзимга ўхшаган, бу касаллик онамдан ўтган… Камига дорихона банкрот: пулга қўнғироқ олармидим… Эгамназар бор, қўли гул уста, отасининг дуосини олган, мактабнинг эски қўнғироғини ўрнатиб берди. Зўр бўлди. Қўнғироқ чалиниши билан кўчага калиш ҳам киймасдан учиб чиқаман: қўнғироқни яна бир марта босвормасин дейман-да!
Аммо… Дори сўраб келадиган одам кўп-да, ярим кечасими, азондами келишаверади, дорихона бор экан деб. Бунисига мен, етмишга кирган онам, хотиним ва қисир қолган сигиримиз ҳам матонат билан чидадик. Лекин қишлоғимизнинг эси йўқ болалари кўниколмади: қўнғироқ чалинса, мактабга отланадиган бўлди.
— Тушунамиз, — деди оқсоқол, — савобли ишга қўл ургансан. Аммо бизниям тушунгин-да! Энди хотинга икки оғиз гап айтмоқчи бўлганимда, қўнғироғинг жиринглайди. Болалар туриб, мактабга отланади. “Ёт-ёт, ёт! Дорихонанинг қўнғироғи жиринглаяпти!” деб уларни ётқизгунча, тонг отиб қоляпти! Яхшиси, оёғингга ип ёки арқон боғлаб ётсанг… Дори-дармон керак одам арқонни тортади, вассалом.
Қулоғим оғирроқ, хотин ҳам ўзимга ўхшаган, бу касаллик онамдан ўтган… Аммо тирикчилик — дорихона ҳам керак. Ноилож оёғимга арқон боғлаб ётишга мажбур бўлдим. Энди бу ёғини тасаввур қилаверинг: оёғига арқон боғлаган камина хотиннинг ёнидаман… “Асалим, шакарим!” дегунимча, арқон тортилади… Майли, бунисига чидадим. Аммо шимни топгунимча, арқон яна тортилади. Қўлда шим билан гуппа қулайман. Бир илож қилиб, оёқни шимга тиқмоқчи бўламан, арқон яна тортилади. Хотинни туртаман. “Тур, ёрдам, ёрдам!” дейман, қулоғи оғир, эшитмайди, имо-ишора билан тушунтирган бўламан, тушунганча арқон тортилади, гуппа қулайман, оёғига тирмашаман. Бир илож қилиб ўрнимдан тураман. Хайрият, фаросати бор, икки-уч марта қулашим билан масалага тушунади. Мени суяшга, шимимни кийдириб қўйишга киришади. Қани энди, эплашнинг иложи бўлса. Хотин қўлтиғимга киради, мен шимни киймоқчи бўламан, арқон тортилади, гуппа қулаймиз. Хотин мени тепага тортади, арқон кўчага. Ўртада уч-тўрт бор бориб-келиб тураман — хотин билан кўчанинг қўлида. Билмадим, Ҳожи полвонга дори-дармон керак бўлиб қолганми?
А? Нима дедингиз?
Қулоғим оғирроқ, хотин ҳам ўзимга ўхшаган, бу касаллик онамдан ўтган…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 41-сон