Ҳикоячи ҳақида ҳикоя
Аскиячи биродарларимиз Баҳодир Шокиров ҳамда Мансуржон Охуновлар билан Жиззахга бордик. Жа-а зўр концертлар ўтказдик. Концертдан кейин меҳмонхонада дам оладиган бўлдик. Паспортларимизни меҳмонхона ходимасининг олдига ташлаб:
— Уччовимизга битта хона берсангиз, — дедим.
Ходима паспортларимизни бир-бир варақлаб:
— Уччовларингни битта хонага қўяолмайман, — деди қошларини чимириб.
— Нега? — баравар савол бердик.
— Битталаринг хотин киши-ю… Никоҳ қоғозларинг йўқ, — деб ходима паспортларимизни узатди.
Қарасак… Мен ўзимнинг паспортим қолиб, хотинникини кўтариб келган эканман.
Ана шу ўзиники қолиб, хотининикини кўтариб юрадиган Чақақишлоқнинг энг олди йигити — ҳикоячингиз, Содиқжон Ҳасанов биз бўламиз!
Энг гўзал эркак
Бунисиям ўзимиз. Мана мен деган рассомлар ҳам тасдиқлайди буни. Ишонмасангиз, халқаро карикатураси-рассомлар танловида ўндан ортиқ «Олтин медал»ни қўлга киритган Маҳмуджон Эшонқуловдан сўранглар.
Учрашувлардаги чиқишларим Маҳмуджонга жа-а маъқул келиб кетибди-да. «Сизнинг шаржингизни чизаман! «Муштум»да босамиз!» деб қолди. «Шарж деганларингиз қанақа бўлади?» дея сўрадим. «Расмингиз ўзингизга ўхшайди-ю, бир-иккита кулгили деталлар қўшилади», жавоб қилди Маҳмуджон. Рози бўлдим. Рассом боласи тушмагур мени столга ўтқазди. Авареядан кейин юзимда пайдо бўлган чандиқларга ўнг томонимга ўтиб қаради, чап томонимга ўтиб қаради, иягимни кўтариб қаради, бўйнимни эгиб қўйи-иб қаради! Сўнг хафсаласи пир бўлиб деди:
— Сизнинг шаржингизни чизиш шарт эмас экан. Расмингизни ўзини шундай бериб юборса ҳам шарж бўлавераркан!
Чақа деганлари қаерда?
Фарғонада бу саволни берсангиз, чақақишлоқликлар-нинг ўзлари шундай жавоб беришади:
— Учкўприкдан Палохонга қараб юрсангиз, йўлнинг бўйида иккита пақир кўтарган битта хотин туради. Ана шу хотиндан ўтиб ўнгга бурилсангиз — Чақа!
«Чақа» нима учун Чақа?
— Бунинг тарихи «Йигирма олти» деганлари бир сўму йигирма олти тийин бўлиб, дўконлардан босилиб ётган даврга бориб тақалади, — чақалик, ўзи аравадай, аммо овози аёлларникидан ҳам ингичка Райим қўрқоқ тушунтира кетади. — Ривоят қилишларича, қўшни қишлоқлик олтита сўтакдан бир сўм йигирма тийин чиқибди-ю, олти тийинга келганда олтовининг кўзи олти томонга қараб қолибди. Ўзи улар сўм топиб барака топмаганлардан-да! Шунда биздан чиққан бойвачча олтовига мағрур боқиб, «Чақаси биздан!» дея нақд олти тийинни сўрига отган экан! Шундан буён қишлоғимизнинг номи — Чақа!
Маданиятнинг кириб келиши
Маданият қишлоғимизга тў-ў-ў-ғри қўшни тумандан кириб келган.
Ҳалим бўқоқнинг ўғли Салим бўқоқ уйланадиган бўлиб қолди. Келин томон, жа-а, мурувватли эканми, сарполар ичига галстук ҳам қўшиб жўнатишибди-да!
— Катта давраларда юрасиз, ака, боғлаб беринг! — деб сўпи азон айтмасдан Салим бўқоқ келиб қолди.
Ўйлаб кўрсам, галстуклиларнинг ичида юраверган эканману, бирор марта ўзим тақиб кўрмаган эканман.
— Хо-о-о-в, қишлоқнинг чеккаси районда ишлайдиган Ҳусан галстук бор. Галстугини ечмай ухлайди дейишади. Ўша бойлашни билиши мумкин, — дедим-да, Салим бўқоққа куёвлиги ҳурмати ўзим йўл бошладим.
Ҳусан галстук дардимизни эшитгач, чуқур эснади. Сўнг майка устидан тақилган галстугининг учидан ушлаб туриб деди:
— Галстукни сотиб оламан, сотувчига боғлатаман. Шу бўйи тугини бўшаб кетгунича, тешигидан калламни киритиб-чиқариб юравераман!
Вей, ишонасизларми, галстукни кўтариб бутун қишлоқни айланиб чиқдик — боғлашни биладиган битта одам тополмадик! Яхшиям қўшни тумандан, пахта култивациясига ёрдам бергани келган тракторчи бор экан, ўша боғлаб берди.
Хотинни хафа қилган тасма
Муҳиддин Дарвешов номидаги театр-студияси ташкил қилингач, биз иштирокчилар ҳаммамизга биз хил қилиб костюм-шим сотиб олдик. Ве-ей, бизга ҳам ярашар экан қоп-қора костюм-шимлар, оппоқ кўйлаклар!.. Тасмасини айтмайсизми: боғи тоза чармдан, муштдай, кумишсимон тўқаси кўзни олади! Уйга бу формада кириб келганимни кўриб, хотин бақа бўлиб қотиб қолди. Аммо… Қурғурни тақаётиб тилини тешигига киритгандим, «чирқ» этиб ёпилганди, шу уринаман ечиб бўлмайди-да тўқасини! Хонамга кирволиб, ярим кечагача уриндик, хотин билан, ечилмайди, лаънати!
Хотиннинг, ҳам ҳафласи пир бўлди, ҳам жаҳли чиқди. Сўнг зарда билан деди:
— Шуниям сизга кириб чиқмайдиган — бузуғини беришибди!
Уйимдаги бегона эркак
Янги костюм-шимларни кийиб, эрталаб ишга кетаман, кечқурун мағрур уйга кириб келаман. Унча парво қилмагандим, аммо мени бундайин пўрим ҳолатда кўрмаган ҳамқишлоқларим аҳамият беришибди костюм-шимимга!
Лой кечиб, маккага сув қўйиб, даладан келаётсам, Абдурайим сассиқ чойхона олдида четга тортди:
— Уч-тўрт кундан буён қора костюм-шим кийган бегона эркак уйинга кириб-чиқиб юрибди, хотинингга эҳтиёт бўл!
Абдулла бақироқ
Қишлоғимиздан чиққан энг катта одам — Абдулла бақироқ колхозда партком бўлиб ишлашган. «Вильс» машинаси бўларди. Маккажўхоризорнинг олдига келдими, машина тўхтар тўхтамас ундан Абдулла бақироқ отилиб тушарди. Сўнг қўлларини оғзига варонка қилиб туриб, жўхоризорга қараб бақирарди:
— Хо-о-ов, ўғрини ушла! Ушла-а-а, ўғрини!
— Ҳеч ким кўринмайди-ю!? — дедим.
— Бу бақириқдан кейин кўринмаганлари ҳам қочади-да!
Бир куни одатдагича:
— Ҳо-о-ов, ўғрини ушла! Ушла-а-а, ўғрини! — деб бақиришган экан, жўхоризордан ярим қоп сўтани орқалаб хотинлари чиқиб қолибди. Хотинини қўлидан ушлаб, орқаларига ўтказишибди-да, яна хитоб қилармишлар: — Қолганларини ушла, қолганларини!
Кимлигини айтмайман!
Абдулла бақироқ ҳар куни азонда колхоз радиоузелидан чиқиш қиладилар. (Ўзи аслида радиода чиқмасдан, ҳовлига чиқиб гапирсалар ҳам етарди — бутун колхоз эшитарди) Уч-тўрт марта чиқиш қилишгандан кейин, акамизнинг лақаблари яна биттага ортди — Абдулла кимлигини айтмайман.
— Ҳурматли ўртоқлар! Колхозимизда ҳаммамиз учун қимматли бўлган тут баргини мол-қўйларига берадиган текинтамоқлар кўпайиб кетди. Бундайларни фош қилишимиз, жазосини беришимиз керак! Мана, масалан, кимлигини айтмайман, кўз-кўзга тушса хафа бўлиши мумкин, Узункўчанинг охирида яшайди, Умматалининг қўшниси, кимлигини айтмайман! Яна уйи катта кўприкнинг ёнида, 66-25 машинани минади, кимлигини айтмайман!