Саид Аҳмад. Юр, ювамиз (ҳажвия)

Урушнинг охирларида «Бадавлат келин» деган ҳикоям «Ёшлар» газетасида босилган эди. Ҳикояда урушдан қайтиб келиб уйланолмай юрган бир йигитнинг заёмдан 25 минг сўм пул ютгани ва шу пулга уйланиб олгани тасвирланган эди.
Ҳақиқатан ҳам ўша йилларда тирикчилик оғир, қимматчилик эди. Йигитлар тўйга пул тополмай осонгинаси шу, деб фронтдан уйланиб кайтишаётган эди.
Ўша ҳикоямни «Қизил Ўзбекистон» газетасида «Бизнинг воқелигимизга туҳмат, фаровон ҳаётимизни қоралаб кўрсатган» деб ёзишди.
Ўша куни редакция олдида хафа бўлиб турган эдим, Ғафур ака келиб қолдилар. Аҳволимни кўриб, сенга нима бўлди, деб сўрадилар. Мени газетада уриб чиққанларини айтдим. Домла кулдилар.
— Вой тентак-е. Шунга хафа бўлиб ўтирипсанми? Биласанми, бир пайтлар мени уриб чиқмаган газета қолмаган. Ҳатто Қўйликдаги корейслар газетасида ҳам дўппослашган. Бу ҳам майли-я, Ачавотдаги лўлилар маҳалласида чиқадиган «Қизил лўли» деворий газетасида ҳам «Ғафир Ғилом вараг народ» деб ёзган. Фельетон бўлмаган ҳофиз ҳофизми, газетда урилмаган ёзувчи ёзувчими. Айда, кетдик. Газетада урилганингни ювамиз. Кечгача Ғафур ака билан юриб, хафачилигим ёзилиб кетганини билмай қолибман.