Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, биринчи куниёқ тўққиз тонна пахта терибман. Аввалига ўзим ҳам ҳайрон бўлиб қолдим. Тавба, шунча пахтани ўзим тердимми, ё биров қўшиб қўйдими? Эртасига бир ғайратга ўн ғайрат билан пахта териш мана бунақа бўлади, деб ишга тушиб кетдим. Тўққиз ярим бўпти. Ўша куни областдан, Тошкентдан мухбирлар босиб кетди. Овозимни лентага ёзиб радиодан эшиттиришди. Телевизорда икки марта кўрсатишди. Ҳамма ёқни хат босиб кетди. Бунақа обрў кимнинг тушига кирибди дейсиз. Руҳим тетик, бир гапириб ўн куламан. Йўталсам ҳам лаббай, деб туришибди. Раисимиз у ёққа борсам у ёққа, бу ёққа борсам бу ёққа эргашади. Бечора мени еру кўкка ишонмайди. Икки гапнинг бирида:
— Ўзингни тут, катта-кичикнинг олдида шарманда қилма. Сен бизнинг машъалимизсан. Ҳа, шундоқ, соқолингни кунда олиб тур. Дазмол босилмаган шим кийма, — деб насиҳат қилиб туради.
Икки кундан кейин газетанинг биринчи бетида чаккамга пахта қистириб кулиб турган суратим чиқди. Ўша куни раис Бердали ака, яп-янги «Волга»сини ишлаб турган жойимга юборибди. Тез етиб келсин, деб тайинлабди. Оббо, бир гап бўлганга ўхшайди, деб ишни ташлаб идорага қараб кетдим. Борсам раис икки оёғини бир этикка тиқиб, кутиб турган экан.
— Келдингми ука, тез бўл. Кенгашга кетасан. Поезд билетинг тайёр, уйингга бориб кийиниб олгин-у, йўлга чиқ.
Кетдим. Кенгаш эртасига очилар экан, уч кун областда қолиб кетдим. Келган кунимоқ тўппа-тўғри далага чиқиб, энди машинага етай деб қолган эдим, яна ўша «Волга» келиб олиб кетди. Идора олдида, усти ёпиқ юк машинаси турибди. Идорага киришим билан етти-саккиз одам атрофимни ўраб олса бўладими. Киночилар экан. Пахта теришимни кинога оламиз, деб атайин Тошкентдан келишибди. Раиснинг гапини қаранг. Умматалининг машинасида кинога тушсин, ўша томонда пахта яхши очилган, кинода чиройли чиқади деб туриб олди. Умматалининг ерига қараб кетдик. Киночилар ўларча эзма, шошмаган одам бўлишар экан, икки кун овора қилишса бўладими. Мана, чиқиб қолса кўрарсизлар, қандоқ қилиб машина ҳайдашимдан тортиб, пешонамдаги терни қанақа қилиб, қайси қўл билан сидириб олишимгача аппаратга олишди.
Киночилардан қутулиб уйга ҳолдан тойиб келдим-у, кийим-бошим билан ухлаб қопман. Эрталаб раиснинг ўзи уйғотди.
— Тез бўл, кутиб қолишди!
— Тағин киноми? Кеча тамом қилишган эди-ку?
— Йўқ, бошқа гап. Районда янги қурилган маданият уйининг очилиш маросими бўлади. Илғор механизаторлардан бир киши табрик нутқи сўзлаши керак. Сен гапирасан. Қани, кетдик.
Гапни ҳам, аммо-лекин, бопладим. Кунора нутқ сўзлаб тургандан кейин уста бўлиб кетаркансан. Роса чапак бўлди. Ичкарига меҳмонлар учун жой қилдириб қўйишган экан. Артистлар билан бирга ўша ёққа кирдик. Роса пивохўрлик бўлди.
Уйга келиб энди ётган эдим, эшик тақиллаб қолди.
Чиқсам соч қўйган, ингичка мўйловли бир йигит турибди. Елкасида бир метрли фанер сумка.
— Хизмат, ука, ишлари бормиди?
— Атайин ўзларини йўқлаб келдим. Суратингизни ишлашим керак. Виставкага қўйилади.
Ундоқ десам, бундоқ деди, бундоқ десам, ундоқ деди. Сира гапимга кўнмайди. Жанжаллашиб раиснинг олдига бордик. Раис койиб бердилар.
— Эсинг жойидами? Бу виставкага қўйиладиган суратларнинг рўйхатини областдан тасдиқлашган. Қани, дарров бўл.
Ўзингиз биласиз, раисимизнинг гапини икки қилиб бўлмайди. Ишга тушиб кетдик. Рассоми тушмагур ҳали ёш, тажрибаси пишмаган экан. Роса тўққиз кунда ўзимга ўхшатди. Бу орада уйим хатга тўлиб кетди. Пионерлар билан учрашув, медицина ходимлари билан учрашув, мебель фабрикаси илғор ишчилари билан учрашув… Албатта раис буларга ўзи билиб муомала қилди-ю, аммо, районимиздаги пожарний командасининг кекса ходими пенсияга чиқаётгани сабабли табриклашни менга юклаб қўйса бўладими. Бордим. Буларнинг тантанаси ғалати бўларкан. Ёлғондакамига ўт кетди қилиб, бирдан гупир-гупир югуриб қолишди. Бири сув сепаяпти, бири болта билан эски яшикларни парчалаб ташлаяпти. Роса одам йиғилди. Мен учинчи бўлиб сўзга чиқдим…
Ўша куни шамоллаб қолган эканман. Тўрт кун ётиб олдим. Дармоним қуриб ишга кетаётсам, раис қовоқ-димоғини осилтириб самоварнинг сўрисида ўтирибди. Индамай ўтиб кетиш уят. Одобдан эмас. Қўрқа-писа саломлашдим. У мени кўрди-ю, кўзлари яшнаб кетди.
— Э, бормисан! Жуда узоқ ётиб олдинг-ку. Бу ёқда шунча иш, шунча жойдан таклиф. Сен бўлсанг арзимаган касални баҳона қилиб ётибсан. Аллақаёқдан атоқли полвон келаётган эмиш, вокзалга чиқиб кутиб олувчилар рўйхатининг бошида сен турибсан. Шу бугун кеч соат еттида поезд келади. Кечикмай етиб бор. Машинани тайинлаб қўйганман.
Бир нима дей десам, раиснинг феълидан қўрқаман. Чидамадим. Охири ёрилдим:
— Ахир, раис бува, бу ёқда шунча…
Айтдим-ку, раис оғиз очиргани қўймайди деб, уришиб берди.
— Унча-мунча одам қадам босолмайдиган жойларга бораяпсан. Ноз қилма. Йигит кишининг бошига бахт бир қўнади. Қани тур, тайёргарлигингни кўр! Физкультура комитетидан телефон қилиб қулоқ миямни қоқиб қўлимга беришди. Уялтирма-да, ука.
Худди соат еттида станцияга чиқдим. Копток тепадиганларнинг жамикиси гул кўтариб келган, поезднинг вагонларига югуришади. Бир маҳал қарасам олтинчи вагоннинг эшигидан бўйи салкам бир терак келадиган экскаватор нусха бир одам тушиб келяпти. Тикилиб қарасам, бир йили дом отдихга борганимда тарвузни бутун ютиб ўйин кўрсатган полвон. Районимизга тош отиб ўйнашни кўрсатгани келган экан. Тўрт киши, тўрт киши бўлиб йигирмата тошни судрашиб тушириб қўйдик. Станция буфетида жиндек ҳозирлик кўриб қўйишган экан, ўтиришдик. Полвонни табрикладик. Яхши кутиб олганимиздан севинган полвон охирида сўзга чиқиб, олти кишиликни бир қилиб косага қуйиб қадаҳ кўтарди. Ҳаммамиз кайф қилиб қолиб, тошлар станцияда қолиб кетаверибди. Қолса қолавермайдими, уни кўтарадиган мард қаёқда.
Мана, октябрь ойи ҳам охирлаб қолди. Машина терими тугай деб турибди. Ҳарна бўлса озроқ териб олай, деб далага чиқсам машинам жойида турибди. Бечорани бирам чанг босибдики, кимдир бўр билан ёнига: «Колхозимизнинг собиқ водители фалончи мавсумда бир ҳафта далага чиқиб, шу машинада пахта терган» деб ёзиб кетибди. Жуда алам қилди.
Бунақа беодоб гап ёзган одамни топиб роса таъзирини берардиму, ишим тиғизроқ эди-да. Ахир бугун, ёш дружиначилар билан район марказидаги сомсапазликни текширишимиз, калориясини аниқлашимиз керак.