Насибжон ҳовлисидан анча берида машинадан тушди. Эшик олдида икки «Жигули» турибди. Кимлар келди экан? Уни йўқлаб келадиган яқинлари йўқ эди-ку. Тинчликми ўзи? Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да, дея остона ҳатлади. Хотини чорпояда омонатгина ўтириб, гуруч тозалаяпти.
Айвонда дастурхонга тугилган уч-тўрт тоғора. Улардан сомса, хасип, варақи ва аллақандай ёқимли ҳидлар келади. Хотини оёқ шарпасидан бош кўтарди.
— Тинчликми, нима гап ўзи? — деди Насибжон ҳайрон бўлиб.
— Вой, уруғларингиз келишди, — деди қувонч билан Анзират. — Қуллуқ бўлсинга келишипти. Холангиз билан аммангиз бирам дилбар жувонлар экан. Бир гапириб, ўн кулишади-я, барака топгурлар! Тоғангизни айтмайсизми, бирам меҳрибон, бирам доно…
Анзиратнинг гапи оғзида қолди.
— Менинг ҳам уруғларим бор эканми! Дадам билан аям ўлгандан кейин буларни қарғиш тегиб қирилиб кетган деб юрган эдим…
— Э-э, гапингиз қурсин! Киринг, ичкарига киринг, анчадан бери кутиб ўтиришипти.
Айвон пешида совун қутисидек радиоприёмникни қулоғига тутиб, ўн икки ёшлардаги бир қиз ўтирарди. Унинг қулоқларида сўлкавойдек тилла балдоқ. Бўйнида шода-шода марварид. Ҳамма бармоқларида қўша-қўша тилла узук. У Насибжонга қараб, тилла тишга тўла оғзини очганча радио эшитарди.
Насибжон хотинига, бу ким, дегандек қаради.
— Вой, танимасангиз, таниб олинг. Бу келинимиз. Холангизнинг қизлари, қуда бўламиз, деб атайин кўрсатгани олиб кептилар.
— Оббо, битта шу етмай турганди.
Насибжон хотинига ёмон қараш қилди. Унинг бу қарашида, уларни нега уйга киритдинг, деган маъно бор эди.
Насибжон билан Анзиратнинг турмуш қурганларига ўн тўққиз йил бўлди. Тўнғич ўғиллари институтга борди. Насибжон бирон марта бўлсин, хотинини уруғлариникига олиб бормаган. Улар ҳам жиянимиз бор эди, деб ақалли бир марта қадам изи қилиб келишмаган. Ораларидан нима гап ўтган, билмасди. Эри шундоқ-шундоқ бўлган, деб айтмаган. Анзират ўзича, уруғларидан уйланмагани учун юз кўрмас бўлиб кетишган бўлса керак, деб ўйларди.
Насибжон қариндошлари еб-ичиб ўтирган уйга томон юраркан ўзи устидан чиқарилган ҳукмни эшитиш учун суд залига кираётгандек бир алпозда эди. У кириши билан катта холаси сапчиб турди-ю уни бағрига босди.
— Вой, сен қанақа меҳрсиз бола чиқдинг! Ахир мен онагинангни синглисиман. Холагинам ўликми, тирикми деб бирор марта хабар олмайсан! Сен ўзи кимга тортгандинг?!
— Ҳа, бу шунақа! — дея уни опасининг бағридан тортиб олди Робия холаси.
У қошини бир-бирига улаб, энлик қилиб ўсма қўйган семизгина, сўлқиллама жувон эди.
— Сен туғилганда опагинам ўғил кўрдим, деб қандоқ суюнган эди! Сени еру кўкка ишонмасдим. Эртаю кеч опичлаб юрардим. Шу елкагинамда ухлаб қолардинг, ширингина бўлиб.
Насибжон шу меҳрибон Робия холасиникига охирги марта борганида институтнинг иккинчи курсида ўқирди. Тирикчилиги оғир бўлганидан дурустроқ ўқиёлмай, стипендияга илинмай қолди. Кийим-боши тўзиган, ейиш-ичишининг ҳам мазаси йўқ эди. Бирон нима тамадди қилиб келай деб шу холасиникига борди. Холаси ош дамлаб қўйган экан. Дамланган ошнинг ҳиди димоғига урди.
— Ҳа, яхши юрибсанми? — деди холаси шу пайтда нима қилардинг келиб, дегандек столга тўқиллатиб чойнакни қўяркан. — Аксига олиб, уйда нон ҳам қолмапти. Жиянларинг бир-биридан қулоқсиз. Эрталабдан жаврайман, магазиндан нон опкелиб, кейин ишингизга кетинглар деб, қани қулоқ солса! Шунча бола ўстириб, куним қотган нонга қолиб ўтирибман!
Ўғил-қизлар бирин-кетин бирови ўқишдан, бирови ишдан келишди. Тоғажон-тоғажон, деб унинг бўйнига осилишди. Онаси уларни бирин-кетин имлаб чақириб, олиб чиқиб кетди. Бироздан кейин улар лаблари ёғдан йилтираб киришди.
Холасининг қилмишидан Насибжоннинг дили вайрон бўлди. Шу уйга иккинчи қадам босмаганим бўлсин, дедию, чиқди-кетди.
— Ҳой, шошма, ҳозир овқатга уннайман! Қуруқдан-қуруқ кетма, — деганча қолди холаси.
Мана, йигирма уч йил бўпти уни кўрмаганига. Бугун жияним катта лавозимга ўтибди, деб келибди.
— Холагинанг гиргиттон, гап мундоқ. Кимсан, энди каттакон министрсан! Ёт бегоналар ёнингда еб-ичиб юрмасин. Бош ёрилса бўрк ичида, деган гап бор. Жиянингни ёнингга ол. Помошник қилиб, ол. Нима қиласан бегоналарга сир бериб. Иложи бўлса, жиянларингдан яна биттасини ўзингга шопир қил. Худо хоҳласа, икковимиз қуда бўламиз. Кенжа қизим оқи оқ, қизили қизил бўлиб турибди. Эшигимдан совчиларнинг оёғи узилмай қолди. Шу қизим ўғлингга муносиб. Отингни қамчила, бўлмаса қуруқ қоласан!
Гапирганда ясама тиши шиқ-шиқ қилиб турадиган Нурмат тоғаси салмоқлаб гап бошлади.
— Холанг саводсиз бир нарса, аммо юрт кўрган хотин. Етти йил поездларда проводник бўлиб, бормаган шаҳри қолмаган. Ўзинг биласан проводник оғир иш, бир кунда неча-неча одам билан гаплашади. Холанг ўрислаб сўкканида ўрислар ҳам қулоғини бекитиб қочиб қоларди. Топмади эмас, топди. Топганини болаларини ўқишга жойлашга сарфлади. Ўзинг яхши биласан, ҳозирги домлаларнинг нафси ҳаккалак отиб кетган. Ноинсофлар, пешона терини тўккандек, берганингни бармоғига туфлаб санаб олади. Холанг бечора болаларининг ҳаммасини дипломли қилди. Унинг гаплари қулоғингда турсин, помошник масаласи — ўйлаб кўрса арзийдиган масала. Энди менинг гапимни эшит. Ёшим ўтиб, куч-қувватдан қоляпман. Қариганда уруғларингни қўмсаб қоларкансан. Кўргим келади. Энди қариганимда бир яхшилик қилиб кетай. Ҳали сен келгунингча ҳовлингни айланиб чиқдим. Энди сен кимсан, министрсан! Бунақа уй, бунақа ҳовли сенга ярашмайди. Олдингга ўзингга ўхшаган казо-казолар келади. Уларни манави чолдеворга қандай олиб кирасан?! Энди сенга обрўйингга яраша уй керак. Ўзимча чамалаб чиқдим. Икки қаватли уй қурамиз. Ўн икки хона бўлади. Зал уйга энг камида олтмиш киши сиғади. Тагида билиярдхона, фин ҳаммоми, спорт зали бўлади. Менга қара, ғишт заводлари ҳам сенга қарайди. Тахминан етмишта ғишт заводинг бор, деб эшитдим. Тахта искалатинг ҳам юздан ошар эмиш. Ҳар қайсисидан бештадан тахта олганингда ҳам бутун уруғ-аймоғингга етади. Директорларингга мени кўрсатиб, шу одам менинг вакилим, деб қўйсанг, тамом, у ёғини ўзим келиштираман…
Меҳрибон тоғаси уни иккинчи курсни тугатиб, энди таътилга чиқаман, деб турганда қидириб борганди. Кимсан, каттакон базанинг мудири катта бошини кичик қилиб келибди.
— Ҳой, сен кимга ўхшаган чиқдинг?! Уруғимизда бунақа одам бўлмаганди-ку?! Тоғам бечора участка қуряпти, қийналиб кетгандир деб ўйламадингми? Сендан ош-нон сўраётганим йўқ. «Ҳорма, бор бўл»га ҳам ярамайсанми? Эртага каникулга чиқасан. Умрингни бекор ўтказма. Эрта-индин қиличини кўтариб қиш келади, ишлаб беш-тўрт тангани белингга тугиб қўйсанг, тешиб чиқмайди. Мардикор бозорига чиқиб, бизни уятга қўйма! Меникига кел. Битта студент ўртоғингни ёнингга олиб, ғишт қуясан. Ҳар куни овқатингдан ўзим хабар олиб тураман. Уч ойда, ўҳ-ҳў, қанча ғишт қуйиш мумкин! Эртага бориб, машинада олиб келаман. Кўриб оласан, кейинг ўзинг бораверасан.
Насибжон қашқадарёлик ҳамкурси билан тоғасининг участкасида уч ойда эҳ-ҳе, қанча ғишт қуйиб ташлади! Саксон мингдан ошган чиқар… Тоға айтганини қилиб, ҳар куни тушликка икковига тўрттадан сомса олиб келиб, қуйилган ғиштларни кўздан кечирарди. Ва албатта, балли деб қўярди. Ғирт пиёздан иборат сомса шунчалик Насибжоннинг меъдасига тегдики, биров сомса деса, кўнгли айнийдиган бўлиб қолди.
Тоғанинг ҳисоб-китоб қиладиган пайти келди. Негадир у шошилмасди. Насибжон пулдан гап очган эди, жеркиб ташлади.
— Уялмайсанми, бегона эмасман-ку! Қочиб кетаётганим йўқ. Арзимаган шу хизматингни миннат қилиб, ҳақ сўрагани қандоқ тилинг борди? Манаву бола, майли, у бегона. Уч-тўрт сўм берсам бўлади. Аммо, сен ўзимизникисан, жиян! Ҳашарга ҳақ сўраса, айб бўлади. Унақа паст бўлма, жиян. Шу гапни сен айтмадинг, мен эшитмадим.
Уч ойлик меҳнати куйган Насибжон ҳамкурс ўртоғи олдида юзи қора бўлди.
Насибжон меҳрибон тоғасини шундан кейин кўрмади. Кўргани тоқати йўқ эди. Тўғри, бир марта кўрди. Ўша йили қиш жуда мижғов бўлганди. Қор ёғади, эрийди, ёғади, эрийди. Насибжон брезент туфлида шилт-шилт ҳўл қор кечиб, пойабзал дўконига борди. Кеча олган стипендиясига туфли олмоқчи бўлди. Бир туфлини энди қўлига олган эди, таниш овоз эшитилди. Пештахта орқасида шу Нурмат тоғаси турарди. Демак тоғаси базани силлиққина топшириб, шу дўконга ўтиб олибди-да.
— Стипендия тегибди-да, жиян? Дидинг дуруст, яхши туфли танладинг.
Насибжон пулини санаса уч сўм етмаяпти.
— Тоға, уч сўм етмаяпти. Етмаганини эртага ташлаб ўтаман.
— Унақа эмас-да, жиян! Бу ҳукуматнинг моли. Ревизия босса, шу уч сўм учун мени нима қилади, биласанми? Қўй, менга жабр қилма. Пулингни бутлаб, кейин туфлини олиб кет.
Насибжон тоғасига «хайр» ҳам демади, индамай чиқиб кетди. Мана, шундан бери «меҳрибон» тоғасини энди кўриб турипти.
— Энди мундоқ қилсак, — деди тоғаси ясама тишини шақиллатиб. — Мен ҳам қариб қолдим. Кетадиган вақтим бўлиб қолди, шекилли. Биттагина ўғлимдан кўнглим нотинч. Мендан кейин у нима бўлади, билмайман, Мана, бахтимизга сен министр бўлдинг. Бу ҳам худонинг инояти. Султон суягини хўрламас, деб бекорга айтмаганлар. Шу болани ёнингга ол. Эски шаҳар бозорини олиб бер. Ўзинг биласан, бозорда катта бўлган бола, эплаб кетади. У ёнида ўтирган ширакайф йигитни туртди.
— Тур ўрнингдан, министр тоғангга қуллуқ қил! Бозор сеники бўлди, нодон! Энди кўпам ичаверма! Бунақа ичиш раҳбар одамга ярашмайди!
Кўкрагига Брус Лининг суврати туширилган майка кийган, барзанги йигит ўрнидан туриб, қўлини кўксига қўйиб қуллиқ қилди. Унинг оғзи тўла тилла тиш, Бўйнига ҳар бири конфет донасидек тилла тросс осиб олган.
Насибжон ҳайрон. Бу тилла тросснинг баҳоси бирон минг доллар турса керак, деб кўнглидан ўтказди. Уруғларининг ҳаммаси тилла тишли, гўё топган бойлигини оғзига жойлагандай. Улар бўлар-бўлмасга хандон отиб қулишар, кулганларида оғзиларида чироқ ёниб тургандек бўларди. Хотинларнинг бўйни, кулоғи, билаги, бармоқлари, «Арча байрами»ни эслатарди. Бугун Насибжоннинг уйига уруғлари эмас, «Ювилерторг»нинг кўчма дўкони келгандек эди.
Насибжоннинг тоғаси билан холаси шунчалик ишонч билан гапирдиларки, нимайики сўраган бўлсалар оғизларидан чиқмай туриб, вазир жиянлари бажарадигандек эди. Аммо Насибжон бу гапларга на «ҳа деди, на «йўқ» деди. Нимаики эшитган бўлса, ичига ютиб ўтираверди. Ҳукумат унга бу лавозимни фақат уруғ-аймоқларингни таъминла, деб бергандек эди.
Холаси ийманиб, қимтиниб ўтирган синглисига ачитма гап қилди.
— Бошқа кўйлагинг йўқми?! Министрнинг уйига шу алпозда келдингми?! Бу штапел ўлгурни Ачавотнинг лўлилари ҳам киймайди-ку!
— Қандоқ қилай, опа, бир этак бола. Эрим рабочийгина одам бўлса! Топганини болаларнинг бошига етказсам, эгнига етказолмайман! — деди Салима ўксиб.
— Эринг ҳам ўзингга ўхшаган худо урган қайсар! Проводник вақтимда икки-уч марта, юр, олиб кетай, дедим. Эринг кўнмади. Ҳамма тишингни тилладан қўйдириб берардим. Мана, юрибсан, итнинг кейинги оёғи бўлиб!
Тоғасининг қудаси — қўзиқориндек пак-пакана, негадир бўйни йўқ, боши икки елкаси орасига чаплаб қўйилгандек, ёнига қараш учун ўрнидан туриб буриладиган, кўсанамо бир одам гап бошлади:
— Ҳой, инсофларинг борми?! Бола бечорани қўй сўйгандек, нимта-нимта қилиб бўлиб олдиларинг-ку! Менга нима қолди? Нуқул шақир-шуқур суяги қолди… Энди гап бундоқ, «Сабис»дагилар номардлик қилиб нафақанинг энг пастини бердилар. Бергани нос пулимга ҳам етмайди. «Сабис» бошлиғи бир гап айтди, жон-жонимдан ўтиб кетди. «Сенга нафақа уёқда турсин, эски пайтава ҳам хайф» деди. «Ҳукуматга сариқ чақалик фойданг тегмаган, фақат зараринг теккан!» дейди. Қандоқ қилай, бўйим паст, бўйим паст, бўйним йўқ. Ёнимга қарайман десам, ўрнимдан туриб бурилишим керак… Менга биттагина «Трудовой» ёздириб бер! Нафақамнинг бўйини ҳам жичча чўзиб қўй. Сен эшитганмисан-йўқми, яқинда мени машина уриб кетган. Бўйним ўлгур бурилмай қолди-ю машина шартта урди-кетди! Икки ой касалхонада ётдим. Ҳозир ўша уриб кетган шопирдан ойига беш юз сўлкавойдан хонаки нафақа олиб турибман.
Ҳовлида нимадир тарақлаб кетди. Маст одамнинг сўкингани эшитилди.
— Шармандаларни нега уйга киритдинг, келин! Ҳайда уларни!
Хонадагилар пилдир-пис бўлиб қолишди. Тоғанинг ранги қув ўчди. Робия холанинг ўсма туташтирган қошлари уланган жойидан узилиб кетгандек бўлди.
— Ошга пашша тушди, ака! — деди қўрқа-писа… — «Деворий газета» ўлгур келди.
«Деворий газета» — бу Насибжоннинг ўртанча тоғаси Турғунбой. Унинг шунақа ичадиган одати бор эди. Ҳафтада бир ичади. Ичганда ҳам бирваракай ичади. Кайф қилиб, ҳамма ака-ука, амма-холалариникига боради. Навбати билан бўралаб сўкади. Кайфи тарқалгунча, ўзи чарчагунча сўкади. Маҳалла уни ҳафтада бир чиқадиган «Деворий газета» деб атарди.
Турғунбой авваллари ичмасди. Мўмин-қобил, ювошгина одам эди. Қўли гул ганчкор уста эди. Шаҳарнинг муҳташам саройлари у чеккан ажиб, чиройли нақшлари билан бетакрор мўъжизага ўхшарди. Рўзғори тинч шу одамнинг хонадони бирдан ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Биттагина ўғилларини ялаб-юлқаб, шамолни раво кўрмай, пуф-пуфлаб, унга ойдин истиқбол тилаб яшардилар. Эр-хотин шу арзанда боласини Афғон урушига кузатар экан, бағирларидан бир нима узилиб кетгандек бўлди. Таги тахтли оиланинг эшигини очиб, қизига нон синдиришган эди. Келиннинг сарполари ҳам тахт эди. Ота-она орзуси чексиз эди. Олисда — Афғон заминида портлаётган бомбалар уларнинг хонадонида ҳам портлади. Темир тобутида ўғлининг жасади келди.
Эшикдан соқчилар қуршовида тобутни олиб киришганда онаси фарёд уриб ўзини тобутга отди. У қайта ўрнидан турмади. Ҳовлида қиёмат қўпди. Ўша куни эшикдан қўш тобут чиқди.
Келин тушадиган ясатуғли уй ҳувиллаб қолди. Турғунбойнинг ёрқин орзулари қора ерга кўмилди. Тўйга атаб қазилган ўчоққа ўт ёқилмай қолди. Йигирма етти йил «сен» демай, сизлаб яшаган хотинидан, ўн саккиз йил бағрига, меҳрига ўраб ўстирган боласидан туманга қоришиқ хотирларгина қолди. У ичди, ичаверди. Ёр-биродарларининг насиҳатини олмади. Тани бошқа — дард билмас, ўзимдан ўтганини ўзим биламан, деди-ю ичаверди.
Бугун дам олиш куни эмас. Турғунбой одати бўйича фақат дам олиш кунларигина ичарди, бугун у ичди. Ичмаса бўлмасди. Ўғлига унаштирилган қизни кеча данғиллама тўй қилиб, ёр-ёр айтиб куёвга чиқаришди. Турғунбой кечаси билан мижжа қоқмай, тебраниб-тебраниб ўтирди. Саҳар пайти бир дунё ғам билан, судралгандек қабристонга борди. Қўшмозор бўлиб ётган хотини билан ўғли пойига тиз чўкканича кўз ёшларини тиёлмай узоқ тиловот қилди.
Гўрков келиб қўлтиғидан кўтармаганда ҳали-бери ўрнидан турмасди.
— Болам, ўзингизни қўлга олинг. Ахир сиз эр кишисиз. Манаву ётган юзлаб марҳумларнинг ҳам ота-онаси, фарзандлари бор. Қандоқ қиламиз, бу худонинг иродаси.
Турғунбой бир сўз демай бошини экканча дарвоза томон кетди.
Қайтишда у ичди. Тўйиб-тўйиб ичди.
Унинг дардини айтадиган одами йўқ эди. Ака-укаларига ёрилмасди. Умуман, уларни кўришга тоқати йўқ. Қилаётган ишларини кўриб бир отадан, бир онадан туғилганига пушаймонлар ерди.
Бир вақтлар акаси Нурмат тоғанинг даранглаган пайтлари бўлган. Пойабзал базасида мудир пайтларида айтгани айтган, дегани деган, беш минг, ўн минг сўм деган гаплар оғзининг ели эди. Шаҳарда ўнта «Победа» бўлса, биттаси шуники бўлган.
Узоқ-яқин юртлардан келадиган мижозлар шундоқ шаҳри азимдан унинг уйини топиши жуда осон эди. Хўроз тарновли оқ уй қаерда, деса бўлди, ёш бола ҳам мана, деб кўрсатиб берарди.
У қилган тўйлар ҳали-ҳали оғизларда достон. Унинг тўйига бир марта келган ҳофиз қистир-қистирдан тушган пулга бемалол ўғил уйласа бўларди. Отасига, онасига бағишлаб ўтказган маъракаларига ҳам ҳар эҳтимолга қарши икки гуруҳ ҳофиз айтиб қўярди. Ашула айтса айтар, айтмаса ош еб кетаверади, дерди.
Унинг орқасида қанча ипирисқилар рўзғор тебратишарди. Шаҳарнинг пастқам маҳаллаларида хуфя «искалатлари» бўларди. Нурмат тоға бу жойларга бирон марта бормаган. Бу ишларни синглиси Робия бошқарарди. Чех туфлилари у вақтларда отлиққа ҳам йўқ, пиёдаларга йўл бўлсин пайтлар эди. Нурмат тоға базага келган бу хил туфлиларнинг ҳидини чиқазмай, ўша бировнинг назари тушмайдиган ҳуфя «искалат»ларга жўнатар эди.
Нима бўладию маҳалланинг «қитмирлари» ҳид олиб, хуфя омбор тўғрисида тегишли жойга хабар қиладилар. Кечаси мелиса босади. Уйнинг эгаси саксон ёшларга бориб, ҳилвираб қолган кампирни сўроқ қиладилар.
Ер тагида илон қимирласа биладиган Робия бўлган воқеани ўша кечасиёқ эшитади. Маҳаллага бормай қўяди. «Омбор»да минг жуфт туфли бор эди. Яхшиям уч кун олдин олти юз жуфтини олиб кетгани, бўлмаса салкам мингта туфлига куйиб қоларди.
Ҳовлининг эгаси Робия қаерда туради, асли оти нима, билмасди. Ижара пулини вақтида тўлаб турганидан кейин суриштириб нима қиламан, деб ўйларди.
Робия унинг уйига борганда қора халат кияр, оқ дока рўмол ўраб қари хотинларга ўхшаб оларди. Кампирнинг нурдан қолаёзган кўзлари унинг юзларини дурустгина кўрмаган. Шу сабаб ҳовли эгаси бўлмиш бечора кампир милиция саволларига тайинли бирон жавоб беролмади.
Шундоқ шаҳри азимда Робияни қидириш осон гап эмасди. Уни излаш қора пўстакдан бурга қидиришдек гап эди. Ҳилвираб, омонат бўлиб, ана кетаман, мана кетаман, деб турган кампир уч кундан кейин жон таслим қилди. Саксон йил тоат-ибодат қилган: тонг саҳарларда худодан имонимни саломат қил, деб илтижолар қилган бир муштипар кампир юзи қаро бўлиб Аллоҳ даргоҳига кўчди. Милиция тинтув пайтида олган туфлиларни эгасиз мол сифатида давлат ҳисобига ўтказди.
Ўша кезлари байрам арафасида милиционерларга янги ёзлик форма беришга тайёрланаётган эдилар. Фақат қора туфли топиш муаммо бўлиб турган эди. Шаҳар милициясининг бошлиғи юқори идоранинг рухсати билан пул ўтказиб, туфлиларни ўзларига олиб қолди.
Байрам намойишини тартибга солиб турган милиционерларнинг оёғида қора туфли кўрган Робия, «Қора туфли кийган оёқларинг синсин», деб қарғарди.
У бўлди, бу бўлди, ака-сингил бир мўмин-мусулмон, муштипар кампирнинг фожиавий ўлимига сабаб бўлди.
Бу сир сирлигича қолди деб ўйлашади. Аммо Турғунбой бу гаплардан хабардор. Шунинг учун ҳам ака-сингилларини кўришга тоқати йўқ. Кўрди, сўкаверади. Айниқса ичиб олгандан кейин уларни чарчагунча, кайфи тарқагунча сўкарди. Унинг бунақа чидаб бўлмас ҳақоратли сўзларига чидамай иложлари йўқ эди. Бу тентак пиёниста укамиз сирни очиб қўйишдан ҳам тоймайди, деб мум тишлаб ўтиришарди.
Авваллари оиласи жам, тинч пайтларда Турғунбой жияни Насибжондан хабар олиб турарди. Дам олиш кунлари ўғлини юбориб уни олдириб келарди. Ичига иссиқ кирсин, деб ўзи ош дамлаб едирарди. Кетаётганида чўнтагига зўрлаб пул солиб қўярди.
Биргина Насибжон хотини билан бориб уйини йиғиштириб, ҳовлисини супуриб келишарди. Уйда бирон тансиқроқ овқат қилсалар насиба олиб борардилар. Турмуши тангроқ Салима деган синглиси ҳам кўп келарди. У серфарзанд, қурилишда бетончи бўлиб ишлайдиган эрининг топганини учма-уч қилиб рўзғор тебратадиган мунглиғгина бир хотин эди.
У тез-тез келиб, жавраб-жавраб уйини супуриб-сидириб кетарди.
— Агар шунақа ичаверадиган бўлсангиз, билиб қўйинг — келмай қўяман! — деб таҳдид қилар, барибир акаси ичишни, Салима эса келишни қўймас эди.
Турғунбой бўлса, ичиб олиб акасиникига, опалариникига бориб эринмай сўкиб келишини қўймасди. Шу «вазифа»сини бажариб бўлиб, Насибжонникига гандираклаб келарди-ю, чорпояда оёғини осилтириб ухлаб қоларди. Насибжон уни тўшакка ётқизиб қўярди.
Эрталаб уйғониб жиянидан, келинидан уялганиданми, улар туришгунча кетиб қоларди.
Анзират унинг бу хил келишларини малол олмасди. Фақат, «Аттанг, шундай одам» деб қўярди.
Турғунбой уруғлари ўтирган хонага шердай ўкириб кирди.
— Нима қилиб ўтирибсанлар?! Бу болага етти ёт бегона эдиларинг-ку! Амалдор бўлгандан кейин ғимирлаб қолдиларингми? Қани, жўналаринг!
Ака-сингилларнинг дами ичига тушиб кетди. Суҳбатнинг гули бўлиб ўтирган Нурмат акаси тилини ютиб юборгандек жим эди. Ҳар ҳафтада уйига келиб, айтадиган сассиқ гаплари опасига ёд бўлиб кетган: «Чайқовчисан… Пулдан бошқа дардинг йўқ… Ҳаром емаган кунинг уйқунг келмайди… Сен одамхўрсан, айтайми, қанақа одамхўрлигингни? Манаву шерикларингга айтайми? Қўрқасан-а!»
Турғунбой мункиб-мункиб чой хўплади.
— Эшитдиларингми, тиш дўхтирларнинг омади кепти.
— Нима бало бўпти?! — деди тоғаси, гап бошқа ёққа бурилганидан суюниб.
— Ия, ҳали хабарларинг йўқми?! Шаҳарда янги тоифа йўлтўсар-қароқчилар пайдо бўпти. Трамвайдами, автобусдами, кўчадами — тилла тишли одамни кўрса, оғзига омбир тиқиб, тишини суғуриб олятканмиш. Кўчада, дўхтирхонада лунжини боғлаб олганларнинг сон-саноғи йўқ!
— Гапинг ўлгур ўзингдан ҳам совуқ!
Робиянинг гапи оғзида қолди.
— Итига тилла тиш қўйдирган отарчи артист бор эди-ку, шу бечоранинг бошига қора кун тушиб қопти. Итининг калласини кесиб, олиб кетишипти. Итнинг калласини олган қароқчилар тилла тишли одамни тинч қўярмиди!
— Ҳой, ярамас, топиб келган гапинг шуми?
— Гапнинг каттасини ҳозир эшитасанлар. Кетасанларми-йўқми?! — у атрофга аланглади. Токчадаги дазмолни кўриб, чайқалди, чайқала бориб қўлига олди. — Кетмасаларинг, шу билан уриб дабдала қиламан.
Қўзиқоринга ўхшаган меҳмон биринчи бўлиб ўзини эшикка урди. Катта холаси Робия дод, деганча югуриб ҳовлига чиқиб кетди. Бирпасда уй бўшаб қолди. Қўлида дазмол билан ҳовлига чиққан Турғунбой: «Ўртоқлар, бугун тозалик куни, яъни «санден», уй дизенфекция қилинади!» деди тантана билан. — Гап шу — бу уйга иккинчи қадам босмайсанлар! Қораларингни кўрмай! Сен қол, кетма! — деди у Салимага. — Сен булар тоифасига кирмайсан. Онам раҳматли ўрдакнинг тухумини босган эканми, билмадим, очиб чиққанларининг биттасига ҳам сув юқмайди-я!
— Онам раҳматлига тил теккизма, дийдоринг қурсин!..
Опаси уни қарғай-қарғай, акаси сўка-сўка чиқиб кетди.
— Энди менам кетай, — деди Салима. — Бориб, болаларга овқат қилай.
— Нима қиласан овқат қилиб?! Мана, кўраяпсанми, бир қозон палов дамлоғлик турибди. Шундан битта тоғорага босиб берамиз! Опаларингни ҳайдаганимга хафа бўлдингми? Қўй, хафа бўлма! Улар одаммас. Ачинма.
Турғунбой ҳар галгидек жаврай-жаврай чорпояда ухлаб қолди.
Насибжон йигирма йилдан ортиқ йўқ бўлиб кетган, оч-яланғоч қолганда ҳолинг не, деб бир марта хабар олмаган, бир коса ошини раво кўрмаган, брезент туфлида қор кечиб келганда уч сўм пулини аяган, саксон минг ғишт қуйдириб, ҳаққини бермаган, энди юртга қўшилиб, меҳнати билан эл назарига тушганда, ҳукумат илтифотига эришганда, вазирлик лавозимига лойиқ топилганда, гўшт исини сезган аридек пайдо бўлган уруғларидан нафратланиб кетди.
Турғунбой тоғаси маст бўлса ҳам, рост айтди.
— Э-э, жиян, буларнинг гапига кирма! Уларни қишдан қолган қарғалар деб, ўз ишингни қилавер! Билиб қўй, саратон қанча қизиса, совуқ кунларни соғинган қарғалар шунча қаттиқ қағиллайди.