Саид Аҳмад. Поччажон… (ҳажвия)

Темир-терсак буюмлари заводининг директори эллик ёшга тўлди. Мана шу қутлуғ маросимни нишонлаш учун завод активлари клубга йиғилишди. Юбилей комиссиясининг раиси — бош инженер Умрзоқов минбарга чиқди. У ноз-неъматлари билан тўлган катта столга узоқ тикилиб тургандан кейин бир тамшаниб олиб, сўз бошлади:
— Ҳурматли ўртоқлар, сўзга ёзилганлар кўп. Аммо, мен коллективлар номидан табриклайдиган расмий кишиларгагина сўз бераман. Табрик учун сўз директор ўринбосари Қорабоевга.
Минбарга қоғозга ўроғлиқ бир нарсани қўлтиғига қистириб олган, башараси фамилиясига ўхшаш қоп-қора одам чиқди.
— Директоримизнинг фазилатларини бирма-бир айтдинглар. Мен бу тўғрида гапириб ўтирмайман. Фақат бутун завод коллективи номидан жиянимга ушбу габардин макентошни кийдириш билан чекланаман.
У шундай деди-ю, қоғозга ўроғлиқ макентошни очиб директорнинг устига ёпди ва чапаклар остида минбардан тупгиб, жойига бориб ўтирди.
Табрик учун сўз завод санитария бўлимининг мудири Иристоевга.
У ҳам минбарга чиқди. У ёқ-бу ёққа жавдираб, кўзига ёш олди. Директорга узоқ мўлтираб тикилиб турди.
— Поччажон, Сиз мени одам қилгансиз. Унутмайман, поччажон. Касалхонамизда даволанаётган беморлар номидан ушбу совғани қабул қилинг. Унда уч кило сариёғ, бсш кило печенье, етти кило оқ қанд каби нарсалар бор.
Директор совғаларни қабул қилиб оларкан, семиз гандасини аранг кўтариб, ўрнидан турди-да, қайнисининг пешонасидан ўпиб, раҳмат, деб қўйди. Ундан кейин бош технорукка сўз тегди.
— Жиян, — деди у дирекорнинг кўзига қараёлмай, — мен бошқаларга ўхшаш гапга уста эмасман, завод техноруклари номидан мана бу тилла соатни билагингга тақиб қўйишга рухсат берсанг, бас. Бир ўқимаган омий тоғангни ишга олиб, бош технорук қилдинг, миннатдорман.
— Энди сўз завод таъминот бўлимининг мудири Исоқжон акага!
Худди директорга ўхшаган қориндор бир киши ҳеч кимни писанд қилмай, тўппа-тўғри юбилярнинг олдига борди. Унинг пешонасидан ўпди:
— Ука, яша, ука, менинг укам катта бўлиб, директор бўлади, деб сира ўйламаган эдим. Сени мана шу елкаларимда кўтариб катта қилганман. Шундоқ тўйга қуруқ келиш айб. Шунинг учун таъминот бўлими номидан сени бир машина картошка билан мукофотлаймиз. Эртагаёқ омборингга тушириб берамиз. Аҳадга айт, омборни супуриб-сидириб қўйсин.
Навбатдаги сўз завод боғчасининг мудираси Расулевага тегди.
— Бир нима дейишга ҳайронман. Умид билан бир ёстиққа бош қўйганмиз. Шу пайтгача мени урмадингиз, сўкмадингиз. Тўрт боланинг ота-онаси бўлдик. Боғчамиз номидан сизга шу гиламчани совға қиламиз.
Оқ халат кийган тўртта жувони эни икки ярим, бўйи уч ярим метрлик гиламни опчиқиб, минбар олдига ёзиб қўйишди.
Ана шундан кейин ошхона мудирига сўз тегди. У каттакон патнисда устига атиргул нусхаси туширилган элакдек торт кўтариб директорнинг олдига келтириб қўйди.
— Энди, куёв бола, оз бўлса ҳам кўпдек кўрасиз. Бу хамир учидан патир. Бугунги ўтириш харажатини ошхона коллективи ўз бўйнига олди. Азбаройи сизнинг юбилейингизга совға бўлсин деб.
Юбилей охирлаб қолганда бир одам рўйхатда бўлмаса ҳам сўз сўраб қўлини кўтарди. Унинг илтимосини қайтариш қийин бўлди.
— Биз бегона одам. Тоес, жудаям бегона эмасмиз, гапирсак ярашади. Яъни, директоримизга ўгай ука бўламиз. Ота биру она бошқа. Шунинг учун ҳам моянамиз кам, ишимиз ҳам унча даромадли эмас. Мен акамизни ўгай бўлса ҳам табриклаш билан бирга, ўгайлик қилмасликларини илтимос қилиб қоламан.
Юбилей тугаб, қадаҳларга гал келди. Барибир ўгай ўгайлик қилар экан, охирида сўзга чиққан йигитга зўрға пойгакдан жой тегди. Аммо, у ҳам ҳақини юбормайдиган хилдан экан. Ҳаммадан кўп ичиб олиб, «Тўйлар муборак»ни бошлаб юборди.
Манти антиқа бўлган экан, аммо ошдан кейин жонивор ёмонам исроф бўлди-да.