Кўзойнагининг бир пойи дарз кетган бу одамни илгарилари ҳам бир-икки кўрганман. У, доимо НЭП давридан қолган қўш қулфли портфель қўлтиқлаб юрарди. Башараси лазаримда муҳри ўчиб кетган совунга ўхшарди. Уни кўпинча редакция коридорларида, почта қутиларининг ёнида кўрардим. Ўзи ким, нима тирикчилик қилади, унисига эътибор қилмаган эканман. Мана, бугун икковимиз бақамти келиб турибмиз. Гап бундоқ бўлган эди: қадрдон бир ошнам фарзанд кўрди. Эр-хотин ёш отани табриклагани бордик. У билан туғуруқхонадаги чақалоқнинг саломатлигига жиндак ичиб юбордик. Бундай пайтларда, ичиш, умуман, гуноҳ саналмаса керак, деб ўйлайман. Хуллас, табиатим равшан, ширакайфгина бўлиб уйга қайтсам, эшигим олдида ўша олқиндибашара одам мени кутиб турибди.
Одатда кайфи бор одам бировга бошдан-оёқ бир йўла қараёлмайди. Бўлиб-бўлиб қарайди. Аввал туянинг тиззасидек едирилиб, тақир бўлиб кетган пешонасини, кейин тарвузни бутун ютгандек думалоқ қорнини, ана ундан кейин ҳар хил сиёҳ узун-узун томиб беқасамга ўхшаб кетган шимини кўрдим. Димоғимга бирдан гуп этиб моғор ҳиди урилгандек бўлди.
Докторхона деворларида одамнинг совундан ясалган башараси, кўли, қулоғи ва бурнининг нусхаси илиғлиқ бўларди. Бу одамнинг ҳаммаёғи бирваракайига ўша докторхонанинг деворига ўхшаб кетди.
— Ука, — деди олқинди, — зарур бир иш билан келган эдим.
Уйга таклиф қилдим. Кирдик. У лойга ботган туфлисини остонадаги латтага суртмай, тўппа-тўғри гиламни босиб кириб келаверди. Индаёлмадим. Ўтирди. Маҳсига ўхшаб кетган портфелидан бешта тухум олиб, стол устига кўйди.
— Қуруқ келишга кўнглим бўлмади. Болаларингизга насҳиба. Товуқ ўзимизники.
У тилини танглайига босиброқ гапирар экан, «с» деганда «сҳ»га ўхшашроқ товуш чиқарди.
Боя меҳмонга кетаётиб, шошилиб стол устини йиғиштирмаган эканмиз. Меҳмон лаган четидаги қошиқни олиб, ўйнаб ўтирди. Қошиқнинг орқаси билан иягини қашиди. Жуда ғашим келди. Бир нима деёлмай, диққатим ошиб кетяпти. У қошиқ билан лаган ўртасига уйиб қўйилган шовлани атрофга ётқизиб, лаганнинг гулини очди-ю, тикилиб туриб қолди.
Бир чеккаси чарчаганлигим, бир чеккаси кайф, кўзимни уйқу босиб келяпти. Кафтимнинг орқаси билан оғзимни тўсиб, тинмай эснаб турибман. Охири у кир дастрўмолига бурнини шилқиллатиб қоқиб, мақсадга ўтди:
— Ука, газетага мақола ёзсангиз. Уч-тўрт сўм ишлаб олсҳангиз. Материал жуда пишиқ.
У ўзи ишлайдиган идоранинг бошлиғидан нолиб кетди. Уни порахўр, бюрократ, ёмон одам, жудаям ёмон одам, деди.
— Аниқ фактлар борми? — дедим.
— Бор, — деди у тантана билан, — газетага ёзаверинг, мақола юзасҳидан текшириш ўтказилганда ҳаммаси очилади. Бу иккинчи масҳала. Тўйларга борсҳа ҳаммадан олдин масҳт бўлиб олади. Буфетчидан пора олганини ўз кўзим билан кўрганман. Сҳиз ёзаверинг…
Унга бировни айблаш учун бу гаплар асос бўлолмаслигини, бунақа материални, умуман газеталар босмаслигини уввало тушунтираманки, қани тушунса.
— Ҳозир кайфингиз бор экан, кейинроқ гаплашамиз, бўлмасҳа.
— Кейин гаплашишнинг ҳожати йўқ, — дедим, — ўзингиз фактларни аниқ қилиб, редакцияга олиб боринг. Ўша ерда гаплашамиз.
Кейинги гапим малол келди шекилли, у қўлини силтаб ўрнидан турди.
— Меҳнаткашларнинг шикояти шунақа қолиб кетаверар экан-да! Хўп, майли, гаплашадиган жойда гаплашиб кўрамиз. Сҳизларни ҳам текширадиганлар бордир. Биз бечоралар арзимизни кимга айтамиз? Азбаройи ҳукуматимизга ёрдам бўлсҳин, ҳукумат идораларида ноқобил одамлар ўтирмасҳин деб атайин арз қилгани келсҳам, сҳиз эсҳнаб ўтирибсҳиз-а! Майли, гаплашиб қўямиз. Кеча қаерда бўлганингизни, бугун қаерда ичганингизни биламиз.
Олқинди зарда билан ўрнидан туриб, портфелини буклаб, жавраганича чиқиб кетди. У кетди-ю, уйда аллақандай моғор ҳиди билан бешта палағда тухум қолди.
Орадан беш-олти кун ўтди. Уни икки марта кўрдим. Автобусда кета туриб, деразадан унинг почта қутисига конверт ташлаётганига кўзим тушиб қолган эди. Ўтган куни уни яна редакциямизда ишлайдиган фельетончи йигитнинг орқасидан эргашиб кетаётганини кўрган эдим.
Бугун ишга келсам, муҳаррир йўқлатган экан. Кирдик. Муҳаррир столдан бош кўтармаёқ гапира кетди:
— Ўн тўртинчи январда қаерда ичган эдингиз? Нима дейишимни билмай, ҳайрон бўлиб қолдим.
Ўйлаб-ўйлаб топдим. Ошнамнинг фарзанд кўриши саломатлигига ичган бир рюмка вино эсимга тушди. Эсимга тушди-ю, вино эмас, заҳар ичгандек бўлдим.
— Мана, — деди муҳаррир, майда қилиб ёзилган олти варақ қоғозни қўлимга тутқазар экан. — Ўқинг!
Ўқишга тушиб кетдим. Хатда менинг пиянисталигим, кўчаларда маст бўлиб гандираклаб юришим, бир ичганда икки шишани кўрдим демай шимиришим, арз қилиб келганлардан пора олишим, мисол учун М. фамилияли бир меҳнаткашдан бешта тухум олганлигим ёзилган эди. Хат охирида… «Бунақа порахўр, пиянисталарга матбуот даргоҳидан жой берилмасин!» деб талаб қилинган эди.
Хатга аниқ имзо қўйилмаган. Фақат, маҳалла меҳнаткашлари, деб бир хил сиёҳда бир одамнинг қўли билан ўн олти хил имзо чекилган эди.
Хатни ўқиб туриб, олқиндини эсладим.
Муҳаррир бўлган воқеани гапириб берди: — Бу иғвогар отнинг қашқасидек маълум нарса. Идораларга ёзган шикоятлари ёлғон чиққанидан, иғвогарлиги, туҳматчилиги очилиб қолганидан ўзи редакцияларга боролмай, ходимларимизнинг йўлини тўсиб, уйига бориб, оғзаки мухбирлик қилиб юрибди. Эҳтиёт бўлинглар, иғвогар бамисоли калтакесак бўлади. Аллақайси ковакдан чулдираб овози чиқади-ю, ўзи кўринмайди. Эзғилаб ташлайман десанг, дарров ковакка кириб кетади. Шу кириб кетганича кечалари ҳам чулдираб ухлатмайди. Иғвогарни йўлга ҳам солиб бўлмайди. Бу жиҳатдан у қўнғизга ўхшайди. Қўнғиз тўнкарилиб қолиб ўнгланолмай, ғўнғиллай беради. Ўнглаб қўяй, деб қўл узатсангиз, қўлингизни саситиб юборади.
Каллам гувиллаб, кўзимга докторхона деворидаги совундан ясалган маразнинг башараси ва ахлат челагида ётган бешта палағда тухум кўриниб кетди.
1962 йил.