Яқинда район Маданият уйига бордим. Инструкторни тополмай ҳайрон бўлиб турган эдим, қоровул чол чойга таклиф қилиб қолди. Раҳмат айтиб, узр сўрадим.
— Бўлмаса, болам, клубга бора қолинг. Томоша қиладиган нарсалар кўп.
Бу гап менга маъқул тушди-ю, кирдим. Чинакамига антиқа клуб экан. Бир чеккадан томоша қила бошладим. Кираверишда ҳар бири эллик килограммдан келадиган йигирмата қадоқ тош бахмал қопланган столга териб қўйилган. Деворда яланғоч полвонларнинг ҳар хил суратлари.
Сал нарироқ бордим. Ажойиб плакатлар осилган, каттакон фанерда мойли бўёқ билан пашшанинг қанот кериб турган сурати, унинг ёнида картон қоғозга пашшадан тарқайдиган микроблар сурати ишланган. Ҳар хил схемалар. Ҳар хил ҳашаротларнинг сурати.
Ундан сал нарига ўтдим. Ичига сомон тиқилган бўри, тулки, бўрсиқ, кирғовул, ўрдаклар қалашиб кетган.
Залнинг охирига бордим. Саҳнага яқин жойда деворга болта, теша, темир чангак осиб қўйилибди. Унга яқин картонга ўт тушган уйлар, ўт ичида қолган болани опчиқаётган ит, қўлида папирос билан ухлаб қолган киши суратлари чизилган.
Энди залнинг бу тарафига ўтдим. Бунда деворнинг ўзига бир товоқ палов, бир-бирига мингаштирилган икки сих кабоб, буғи чиқиб турган икки коса мастава, бир тарелка чучвара сурати солинган.
Яна нари кетдим. Иккита катта шкаф. Бирида тиржайиб турган одам скелети. Биттасида сартарошлик буюмлари. Иккала шкаф ҳам қулф.
Ҳайрон бўлиб ташқарига чиқдим. Чол яна чой тутди. Чой устида клубдаги буюмларни кўриб ҳайрон бўлаётганимни айтиб қолдим.
— Ҳайрон бўладиган нимаси бор. Ҳаммаси қонуний, ҳаммасининг ҳам инвентарь номери бор. Бу нарсаларни кўз қорачиғидек асраймиз. Ҳар йили инвентаризация пайтида бирма-бир санаб чиқамиз. Баҳоларни ведомостга қараб солиштириб кўрамиз.
— Майли, — дедим. — Албатта пулга келган нарса бўлгандан кейин асраш керак. Аммо бу нарсалар қандоқ қилиб клубга келиб қолди, ахир?
— Э, шундоқ демайсизми, мулла. Сабаби бор. Бесабаб ҳеч нарса бўлмайди. Эшитинг. Бир чеккадан тушунтириб берай.
Қоровул шундай деди-ю, ўрнидан туриб, мени яна клубга олиб кирди. Бир чеккадан тушунтира бошлади:
— Клубимизнинг биринчи мудири полвон эди. Манови тошларни ўша киши олдирганлар. У кишидан кейин илгари санитария идорасида ишлаган бир йигит мудир бўлган эдилар. Манови пашшанинг суратини шаҳарга тушиб, каттакон художникка икки юз сўмга ишлатиб келган эдилар. Яхши одам эдилар, у киши ҳам пешонамизга сиғмадилар. Илгари овчилик қилган бир қизиқчи йигит мудирликни қабул қилганди. Манови бўри, тулки, қирғовулларнинг ичига икковимиз сомон тиқиб, қотириб қўйганмиз. Ундан кейин пожарнийда ишлаган антиқа серуйқу киши мудирликка ўтди. Манови болта, чангакларни ўша киши деворга михлатган эдилар. Ундан кейин ошпаз йигит мудирликка келди. Аммо пармуда сомсага уста эди. Мен жилд очиб бериб турардим, у тугиб ташлайверарди. Деворга уч юз эллик сўмга кабоб, палов суратини чиздирган. Ишқивоз одам эди, бечора. Ўлиб кетибди, деб эшитдим. Рост бўлса, худо раҳмат қилсин.
Кейин сартарош йигит мудир бўлди. Клубга ким кирса, бўйнига сочиқ осиб кўрарди. У киши ҳам пешона-мизга сиғмадилар. Аммо-лекин соқол олдириш текин бўлиб қолганди. Ҳай, майли. Ҳозирги мудиримиз бўладиган бола. Мияли, эсли-ҳушли, докторликка ўқийди. Анови одам суягини бухгалтер билан жанжаллашиб юриб, билмадим, неча сўмга олдирди экан.
Ичимда ўйлар эдим. Агар яна беш-олтита мудир ўзгарса, клуб биринчи категорияли музейга айланиб кетиши турган гап.