Неъмат Бобоев билан бир ҳовлида турамиз. У ёшликдан тепкилашиб катта бўлган оғайним бўлади. Чилонзордан уй олганимизда ҳам икковимиз бир жойга тушиб қолганмиз. У учинчи қаватда, мен иккинчи қаватдаман. Кечқурунлари ҳовлида домино ўйнаймиз. Термосда чой дамлаб тушиб роса чойхўрлик қиламиз. Неъмат қурмагур жуда одамжон нарса. Ҳар гапига мақол, матал қўшиб гапиради. У шундоқ меҳрибон, шундоқ меҳрибон…
Мана шу энг яқин оғайним бир кун пастга пижама кийиб бир қўлида термос, бир қўлида пиёла билан тушди.
— Қалай, ишлар жойидами? — дедим курсидан унга жой кўрсатиб.
— Аслида юзтадан отиб ташласак ҳам бўладиган.
Унинг гапига тушунолмай ҳайрон бўлиб турган эдим, ўзи ёрила қолди.
— Сабаби шуки, бугун министрликдан буйруқ олдим. Яъни сизларнинг заводларинга директор бўлдим.
Ҳақиқатан ҳам бунақа янгилик учун юзта эмас, икки юзтадан отсак ҳам бемалол бўлаверади. Аммо биз бунақа қилмадик. Мен дўстимни астойдил табрикладим. Тўғриси, илгариги директоримиз сал қўполдўзроқ эди. Мен неча йилдан бери заводда инженер бўлсам унга биронта таклифимни ўтказолган эмасман. Бу тўғрида Неъматга кўп гапирганман. Неъмат бу гапларни эшитганда куйиб ёниб кетарди. Директоримизни бюрократ, лақма, принципи йўқ, қўпол ва яна алланималар деб сўкарди. Унинг директор бўлиб келишига суйинганимнинг сабаби ҳам шу-да! Ҳар қалай у тушунган одам. Ихтироимдан хабардор. Чертёжимнинг кўп жойларини ўзи билан маслаҳатлашганман. У доимо: «Агар шу ихтиро амалга ошса, завод йилига камида икки юз минг иқтисод қилади» деб мени ишонтирарди. Мана, Неъматнинг ўзи директор. Ура!..
Эрталаб ишга у вақтли кетиб қолган экан. Қўшниларнинг айтишига қараганда у ҳаво ранг «Волга»да кетибди. Ҳай, мен ҳам заводга етиб келдим.
Смена охирлашиб қолган эди. Телефонда секретарь қиз мени директор чақираётганини айтиб қолди. Бордим. Эшикни очиб киришим билан Неъмат башарамга қараб:
— Сизда маданият деган нарса борми? — деб қолса бўладими.
Ҳайрон бўлиб эшик билан унинг столи оралиғида тўхтаб қолдим.
— Секретардан, кирсам мумкинми, деб сўраш керак.
— Жинни бўлдингми, Неъмат.
— Мен сизга Неъмат эмасман, ўртоқ Баббаев бўламан, ўртоқ Хажжайип.
Муз-муз бўлиб кетдим. Индамай чиқиб кетдим-да, қабулхонадаги диванга ҳасрат-надомат билан ўтирдим. Бир маҳал устига чарм қопланган эшик тепасидаги қўнғироқ жиринглади. Секретарь қиз сочларини тўғрилаб ичкарига кириб кетди. У қайтиб чиқди-да менга, киринг, деди. Кирдим.
Боя дурустроқ қарамаган эканман, илгариги директоримизда учта телефон бўлгучи эди. Энди бешта бўлиб қопти. Столдаги қизил мовут дастурхон эди, энди пушти бахмал ёпилган. Неъмат бурчакдаги пўлат сандиқдан ниманидир олаётган экан, менга қарамай калласини бир томонга сал ташлаб туфлисини ғирчиллатиб жойига келиб ўтирди.
Индамадим. Ўзи стол ойнасини бир оз чертиб ўтириб гап бошлади.
— Ўртоқ Хажжайип, сизни чақиртиришимнинг сабаби шуки, биз сиз билан бевосита завод хўжалигига жавобгар кишилармиз. Ишлаб чиқаришни минимумдан максимумга кўтаришда командирлик қилишимиз лозим.
Э, аттанг, дедим ичимда. Ҳар гапига мақол, матал қўшиб гапирадиган, бир оғиз гапи билан одамнинг ичига кириб кетадиган бола тамом бўпти-ку!
— Менга қара, қўй бу олифта гапларни. Тўппа-тўғри, одамга ўхшаб гапиравер.
Неъматнинг кўзлари дум-думалоқ бўлиб кетди. Афтидан у раҳбар ходим, албатта жиддий гапириши шарт, кулиш, ҳазил қилиш раҳбар обрўсини тўкади, деб ўйласа керак, қўрқиб кетди. Яна ўзим гап бошладим.
— Албатта менинг чертёжим масаласида чақирган бўлсанг керак. Шуни энди амалга оширсак, бўлар, а?
Неъмат ранглари оқариб анграйиб турарди. Гапим тамом бўлиши билан бошини сарак-сарак қилди.
— Бу ердагилар ҳам, эски директор ҳам икковимизнинг ўртоқ эканлигимизни яхши билишади. Агар лойиҳангни амалга оширадиган бўлсам, албатта: ўз ўртоғини қўллаяпти дейишади. Умуман бу лойиҳа бизга тўғри келмайди.
— Хўш, нега тўғри келмас экан.
— Биринчидан, бу дастгоҳни ясаш учун бир неча одам овора бўлади. Қуюв цехи ҳам, йиғув цехи ҳам планни бажаролмай судралаётган экан, унинг устига пландан ташқари хонаки қилиб сенинг дастгоҳингни юкласак уларга жавр бўлади.
— Беш олти кун жавр бўлгани билан бу ёғига коллективимизнинг қўлидан оғир ишни олади-ку.
— У кейинги гап. Нақди керак бизга. Бор дастгоҳларимиз бинойидек кунимизга яраб турипти.
Шундай тутақиб кетдимки, ўрнимдан туриб қолганимни ўзим билмабман.
— Ҳой, менга қара. Ўзинг эмасмидинг, шу дастгоҳ битса завод йилига икки юз минг иқтисод қилади, деган. Ўзинг эмасмидинг, эски директорни бюрократ, ландавур, принципи йўқ лақма деган…
Неъмат қўлларини икки томонга ёзди.
— Ташқаридан қараганда ҳаммамиз ҳам шунақа деймиз. Жавобгарлик бўйнимизга тушганда ўйлаб қоламиз.
— Ўз оғайнисининг ишини амалга оширяпти дейишларидан қўрқаман, дейсан. Нима, шахсий ишимга қарашяпсанми. Ҳамма ҳам ошна бўлса, бутун коллектив бир оғайни бўлса, қандоқ яхши.
Неъмат ўрнидан туриб кетди.
— Бас қилинг, ўртоқ Хажжайип, гап тамом!
— Хўп, — дедим — кечирасиз ўртоқ Баббаев.
Чиқиб кетдим.
Қечқурун Неъмат яна термос кўтариб тушди. Мен унинг олдига бориб, мумкинми, ўтирсам, ўртоқ Бабаев, дедим.
— Отимни айтсанг ўласанми. Ўтиравер, — деди.
— Ахир боя заводда кабинетингда…
Неъмат илжайди.
— У завод, бу кўча, уй. Хўш соғлигинг яхшими, ғалати тарвуз олиб келдим, холодильникка тиқиб қўйибман, ҳозир чиқиб қотирамиз.
Ё тавба. Шу ёшга кириб бир умр бирга бўлган оғайнимнинг қанақалигини билмаган эканман. Шунча вақтдан бери одамнинг жонидек бўлган йигит орқаси стулга тегди-ю бошқача бўлди, қўйди-я.
Шу кеча роса домино ўйнадик, мен уни ютавериб тўрт марта стол тагидан эмаклатиб ўтказдим. Пешонасига эчкининг суратини ёпиштирдим. Ҳамма ўйинларимиз самимий, беғараз ўтди. Аммо…
Аммо эртасига ишга борганимда у яна бошқача бўлиб қолибди. Нуқул ўртоқ Хажжайип дейди. Отини айтсам чирсиллаб, ўртоқ Баббаев дегин деб кўрсатма беради.