Саид Аҳмад. Хотинбоз чумчуқ (ҳажвия)

Бир журналда «Хотинбоз чумчуқ» деган ҳикоя босилди.
Ҳикояда нималар дейилганини бу ёққа қўйиб, уни ким ёзганидан гаплашайлик.
Чойхоначи Алимат бува ували-жували чол. Неваралари шундай кўпки, номларини адаштириб Солини Вали, Валини Соли деб янглишиб юради. Алимат бува невараларига қайси эртакни айтса, буни айтгансиз, деб жанжал қилишади. У ўйлаб, ичидан тўқиб эртак айтадиган бўлиб қолган. Айниқса эртакка тўймайдиган битта Кенжавой деган невараси ҳам бор. Чой устида хам, ош устида ҳам:
— Бува, давай, эртак айтиб беринг, — деб ҳархаша қилаверади.
Чол дунёдаги жамики эртакларни айтиб бўлган. Янгисини тўқиб чарчаган. У охири ўйлаб-ўйлаб эртак тўқиди, яъни:
— Бир бор экан, бир йўқ экан, битта чумчуқ бор экан…
Орадан анча вақт ўтиб, нима ҳам бўлди-ю, бир журналда ўша «Чумчуқ» лоп этиб чиқиб қолди. Чол мундоқ қараса, ўзи тўқиган эртак ҳикоя бўлиб чиқибди. Ҳикоячанинг тепасига Кенжа Алиматов, деб ёзиб қўйипти. Кенжа — Алимат отанинг ўша зумраша невараси, энди ўн тўрт ёшга кирган. Самовардагилар «Хотинбоз чумчуқ»ни роса чўзғилаб ўқиб чиқишди.
Ҳай, бу ҳам ўтди. «Хотинбоз чумчуқ» одамларнинг эсидан ҳам чиқиб кетди. Аммо орадан бир ой ўтар-ўтмас газетада «Хотинбоз чумчуқ» сарлавҳаси остида мақола чиқди. Газета қўлма-қўл бўлиб кетди. Ўқиган ҳам ўқиди, ўқимаган ҳам ўқиди. Мақола шундай бошланарди:
«Ёзувчи Кенжа Алимат ўзининг «Хотинбоз чумчуқ» асари орқали орамиздаги хотинбозларни сатира ўти билан куйдиришга уринган ва уни муваффақиятли ҳал қила олган.
Асарда ёзувчининг катта ҳаёт тажрибаси борлиги яққол сезилиб турибди. Унинг кўзи ўткир, фикри тиниқ. Айниқса тили ўйноқ ва жозибадор. Табиат манзараларини жуда уста рассомдек нозиклик билан чизади.
Автор ҳаётни ўз кўзи билан кўради. Ундаи маълум даражада фалсафий хулосалар ҳам чиқаза олади. Ҳаёт тажрибаси, классикларни қунт билан ўрганиши, ўзидан олдин шу мавзуга қўл урган етук авторларнинг асарларидан ижодий фойдаланиши автор маҳоратига ўз таъсирини ўтказган.
Айниқса, асар охиридаги хотинбоз чумчуқнинг бошқа чумчуқлар орасида фош бўлиб, ўз хотини томонидан ушлаб олиниш картинаси ниҳоятда ёрқин, ўқувчининг у ёқи бу эсида қоладиган даражада аниқ тасвирланиши муваффақиятни таъминлаган… Ўқувчи хотинбоз чумчуқнинг прообразини кўз олдига келтириб туради. Ундан жирканади, нафратланади, ғазабланади, в. б.
Хотинбоз чумчуқ Кант айтгандек, мен бор — олам бор, деб ўйлайди.
Автор чумчуқ қиёфасини яратишда новаторлик йўлидан боради. Персонажини индивидуаллаштиради. Характер яратади. Мисолларга мурожаат қиламиз:
«Унинг иккита қаноти бор, бир тумшуқ, иккинчи оёғи мавжуд».
Қаранг! Нақадар тиниқ, аниқ, ажойиб, ноёб портрет.
Кенжа Алимат чумчуқ ини орқали салбий чумчуқларнинг хусусий мулкчилигини аламли сатрларда фош қилади.
…Кекса тол поялари орасида ўзига хос хашаклардан ҳаромхўрлик билан йиғилган уя…
Юқоридаги мисоллар автор маҳоратини белгиловчи омиллар сифатида бизни қувонтиради. Яна мисол…
«Хотинбоз чумчуқ гулзор олдида бир оёғида ромашка ушлаб, тумшуғи билан унинг баргларини битталаб юляпти:
— «Келади, келмайди, келади…»
Ана гулзор томондан олифта патли сатанг чумчуқ пайдо бўлди.
Хотинбоз чумчуқнинг юраги ўйнади. Шошиб унинг истиқболига чиқди».
Бундай тасвирлар асарда кўп.
Аммо асар бир қатор камчиликлардан ҳам холи эмас.
Айниқса композицион тарқоқлик сезилади. (Чумчуқлар ҳар ёққа тарқаб учиб юришади.)
Хотинбоз чумчуқнинг чирқиллаши жибилажибоннинг сайрашини эслатиб қўйяпти. Сатанг чумчуқ Қарқуноқнинг худди ўзгинаси.
Асар сюжети кўпроқ очеркни эслатади.
Автор бундан буён чумчуқлар орасида кўпроқ бўлса, уларнинг ҳаётини ўрганса, тили, одатларини қунт билан кузатса, фақат ютади, яна ижод чўққиларига парвоз қилади.
Умуман олганда «Хотинбоз чумчуқ» кенг китобхон оммасининг ўсиб бораётган дидини, талабларани қондира оладиган ажойиб сермазмун асардир.
Биз талантли Кенжа Алиматдан ариқ бўйларидан совун ўғирлайдиган Зағизғон, узумларимизни чўқиб кетадиган Чуғурчиқ, гилосларимизни еб қўядиган Тутхўрак сингари паррандалар ҳақида полотнолар кутишга ҳақлидирмиз…»
Ана шу мақола босилиб чиққан куни эртакчи чол Алимат буванинг зумраша невараси, яъни «ҳаётдан фалсафий хулосалар чиқариб оладиган ёзувчи Кенжа Алимат» томда ўз тенги болалар билан каптар қувиб юрарди.