Луқмонбек маҳаллада отнинг қашқаси. Эрталаб бозорга кетаётганида икки қўли кўксида, ҳаммага тавозе билан салом беради. Қайтишда кайфи тарақ бўлиб, эрталаб са-ломига алик олганларни туртиб ўтади. У илгарилари одамларникида бинойидек ғишт қуйиб, том суваб, тирикчилигини ўтказиб юрарди. Нима бало бўлди-ю, бозорга айланишиб катта-кичикнинг фарқига бормай қўйди. Чўнтаги пул кўрди. Тили бийрон, қўли пахса бўлди. Маҳалланинг қариялари, Луқмон пул унадиган бўлса, эски маҳсини шимишдан ҳам тоймайди, дейишади. Бу гап рост.
У биргина стадионнинг орқасидан бинойидек участкали ҳам бўлиб олди. Билмаган одам албатта бу гапга ишонмайди. Тошкентдаги «Пахтакор»га эллик минг одам сиғишига ҳамма ишонади. Футбол ишқибозларининг ярми лимонад ичганда ҳам ўйиндан кейин йигирма беш минг дона шиша қолади. Луқмонбек умрида футболга ишқибоз бўлмаган. У ўйиндан кейин шиша йиққани боради. Ёнига жиянини олиб, қўш қоп билан шишаларни бир чеккага уяверади. Қарабсизки, ярим соатга қолмай, юз-юзлаб шиша йиғилиб қолибди. У ўша куннинг ўзидаёқ «бу бойликларни» дўконга топшириб, икки чўнтагини қаппайтириб олади. Бунақа иш учун уни ҳеч ким «испикулан» демайди. Луқмонбек бир сезон шундай қилди-ю, кейин ундан бошқа ҳам шиша шинавандалари кўпайиб, унга нон қолмади. Стадиондан насибаси қирқилган Луқмонбек ўйлаб-ўйлаб ўзи қалтисроқ бўлса ҳам даромади яхши бир иш топди.
Қўлига ҳасса ушлаб, бошига нари-бери салла чулғаб, чекка-чекка маҳаллаларга бориб, хонадонлар эшигини қоқади, фалон қабристоннинг ремонти учун бунча сўмдан фуқарога солиқ тушди, дейди. Бунақа нозик нарсалардан халқ пул аямайди. Албатта, ахийри бир кун борадиган жойим деб, белгиланган «солиқни» унинг қўлига беради. Луқмонбек участкасининг томини шу тариқа мозор пули билан ёпиб олди. Луқмонбекнинг бир андишаси ҳам бор эди: қилиб юрган ишларим маҳалла фуқароларининг қулоғига етмаганмикин? Шу «иғвогар» чолларнинг оғзига бир нима билан уриб қўйиш керак. У шундай қилди ҳам. Маҳалланинг тобути эскиб қолгани сабабли савоб учун янги тобут ясатиб берди. Энди милициядан одам келиб, Луқмон қанақа одам, деганда, албатта, кўп ҳимматли бола дейишлари аниқ.
Бу томонидан хотиржам бўлган Луқмонбек ишни катта қилиб юборди. Кечалари санқиб, автомат телефонларнинг қулоғини силкитиб, у ёқ-бу ёғини ковлаштириб, тангаларни дўпписига тўкиб олади. Автобусларда олд томондан билетга узатилган пулни тиқилинчда ёнига солиб қўяди. Ошхоналарда-ку, нуқул тушлигини текин қилади. Айтишларига қараганда, гугурт қутичани тўлдириб олган пашшадан биттасини косага ташлаб, шовқин кўтарармиш:
— Бу қанақа бемазагарчилик! Ошдан пашша чиқди. Тўполонга одам йиғилади, директор ҳам пайдо бўлади. Охири уни юпатиб, ўтган ишга салавот, деб овқатга ҳам пул олмай, яна ундан узр сўраб эшиккача иззат билан кузатиб қўйишади. Эртасига бошқа ошхонанинг таомидан худди шунақа пашша чиқади…
Луқмонбекнинг бу тариқа қилмишларини маҳалла қариялари билиб юришган экан. Чолларнинг гапини Луқмонбек аввало эламади, кейин унинг кирдикорларини бирма-бир айтиб, тахтага тортишгач, нафаси ичига тушиб, ғиринг деёлмай қолди.
— Ҳали ёшсан. Бирор ҳунарнинг бошини ушлаб ол. Бўлмаса бир кунмас бир кун хор бўласан. Элнинг назаридан қолишга қолдинг. Ҳали ҳам бўлса эсинг борида этагингни ёпиб ол. Ҳаром иш тез қаритади одамни.
Луқмонбекнинг рангига қон югургандек бўлди.
— Ҳали мен ҳаромхўр бўлдимми? Ҳо, топганимиз ҳарому садақамиз ҳалол бўпти-да.
Луқмонбек бу билан маҳаллага ясатиб берган тобутини айтмоқчи эди. Буни қариялар унинг оғзидан чиқмай турибоқ пайқашган эди.
— Ука, тобутинг ўзингга буюрсин. Унга ҳали ўлик солганимиз йўқ. Ювилган ўликни қандоқ қилиб ҳаромдан келган тобутга солиб бўлади? Кириб ола қол, тобутхонанинг бир чеккасида ётибди.
Луқмоннинг тилига калтак келганиданми, ё шошиб турганиданми, бир нима деб жавоб қайтара олмади. Тез-тез соатига қараб, ўрнидан турди. То эл ухлагунча эшигининг олдида папирос чекиб у ёқдан-бу ёққа юраверди. Охири муюлишдан юк машинасининг чироғи кўриниши билан шошиб дарвозасини оча бошлади. Машина ичкарига кириши биланоқ яшил дарвозанинг икки қаноти бекилди. То тонг ёришгунча тунука товуши эшитилиб турди.
Эрталаб ишга кетаётганлар унинг дарвозаси олдида тобут кўриб ҳайрон бўлишди. «Бечора кеча чойхонада суҳбатнинг гули бўлиб ўтирган эди-я, одамзоднинг умри шу-да! Эртага нима бўлишингни билмайсан». Бирпасда тумонат йиғилди. Ҳар ким ўзи билганча марҳумни таърифлади.
— Бечора, дуруст бола эди.
— Худо урган расво десангиз-чи.
— Унақа деманг, ўлганнинг орқасидан ёмонлаб бўлмайди.
— Тўғрисини айтиш керак-да!
Шу гапларнинг устига участковой келиб қолди. У кечаси шу уйга артелдан ўғирланган тунука туширилганини эшитган, мол билан қўлга тушириш учун атайлаб саҳарлаб келган эди. У эшик олдида тобут кўриб ҳайрон бўлди.
— Нима гап?
— Луқмонбекдан айрилиб қолдик, ўртоқ начайлик, — деди бир мўйсафид кўзига ёш олиб.
Милиционер уйга киришини ҳам, кирмаслигини ҳам билмай, туриб қолди. Шундай бир бахтсизлик юз берган жойга нима деб киради? Ўғрисан, деб ўликни ушлайди-ми? Дарҳақиқат, милиционернинг боши қотган эди. У ўйлаб-ўйлаб, бошини қашиганича орқасига қайтди.
У кетиши билан кўзларини ишқалаб Луқмонбекнинг ўзи чиқиб қолди. Нима бўлди? Ўлик тирилдими? Ё Луқмонбекнинг арвоҳими?! Юраги ёмонроқлар тўдадан суғурилиб жўнаб қолди. Қани бировдан садо чиқса-чи! Луқмонбекнинг ўзи тилга кирди:
— Ўзи нима гап?
— Ўлмаганмидинг?!
Сир очилди. Маълум бўлишича, кеча Луқмонбек маҳаллага ясатиб берган тобутини писанда қилгани учун аччиғи келган маҳалла қариялари тобутни азонда Луқ-монбекнинг эшиги тагига ташлаб кетган экан.
Биров кулиб, биров сўкиниб эл тарқади. Луқмонбек тобутнинг бир чеккасига ўтириб папирос тутатар экан, такси ҳайдаб кетаётган шофёр йигит кабинадан бош чиқариб гап қотди:
— Бек ака, ўрнашиброқ ўтиринг, йўлда тушиб қолиб одамларни овора қилиб юрманг!
Жаҳли чиқиб кетган Луқмонбек ичкарига қараб қичқирди:
— Ҳой, тирикмисанлар, болтани олиб чиқларинг! Бояга такси йўловчини ташлаб келаётганида Луқмонбек тобутни тилка-пора қилиб бўлган эди. Шофёр бола яна гап отди:
— Кичикроқ келиб қолдими? Уста размерингизни билмас экан-да!
Луқмонбек унга қўлидаги болтани отмоқчи бўлиб турган эди, муюлишдан милиционер кўринди. Қандоқ қилиб дарвозага кириб кетганини ўзи ҳам билмай қолди.
1960 йил.