Унинг асли исми Лаълихон бўлса ҳам, дугоналари Лаъли Бадахшон деб чақирардилар.
Лаъли Бадахшоннинг асл башараси қанақалигини ҳали ҳеч ким билмайди. Мен ҳам уни ўн йилдан бери танийман. Аммо башарасидаги чоракам бир кило бўёқ асли юзининг қанақалигини билдирмайди. Сочи ҳалигача ўрим кўрмаган. Қош-кўзини тутиб кетган сочлари елкаси-ю, қулоқ-чаккасидан айланиб, худди калта паранжи ёпинганга ўхшатиб кўрсатади.
Қоши қорамой суртгандек йилтирайди. Киприкларига негадир ҳаво ранг бўёқ суртган. Қизил сиёҳ ичгандек лаби қип-қизил. Кўйлаги ҳамиша тиззасидан юқорида туради. Биров билан хайрлашаётганда панжаларини қўлтиғининг тагига обориб қимирлатади.
У кинони, танцани, машинада юришни жонидан яхши кўради. (Шуни ҳам айтиб қўяйки, бир ўтирганда икки кило морожнийни кўрдим демайди). Қачон қарасангиз, жағи қимирлаб туради. Ё шоколад, ё конфет сўриб турганини кўрасиз.
Мана шу Лаъли Бадахшон ўзи тенги йигитларни назарига илмай юрарди. Машинаси бўлмаса, театрларда олдинда ўтирмаса, оладиган маоши ўзидан ортмаса, нима қизиғи бор? Эр бўлгандан кейин моянасига қўшимча пенсияси ҳам бўлиши керак-да.
Хуллас, Лаъли Бадахшон ниятига етиб, тепакал, қадди сал букилганроқ эрга чиқди. Агар Лаъли Бадахшоннинг йигирма икки ёшини куёвнинг етмиш саккиз ёшига қўшса, янги йилда роппа-роса юзга киришар экан. Эрининг маоши мўлжалдан сал ошиқроқ, каттагина пенсия ҳам олади. Унинг устига «Волга»си бор.
Сал кунда Лаъли Бадахшон эрини ўз кепатасига солиб олди. Унга тор шим тиктирди. Ўпкадек қип-қизил галстук тақиб қўйди. Тепа тарафида сочи бўлмаса ҳам, ён томонига ишониб, чаккасидаги попраткасини устаранинг тиғидек учли қилдирди. Соқол ҳам қулоғини ушлаганча кетди. Тупукдеккина мўйловининг ўзи қолди.
Энди куёв тўра циркнинг отидек гижинглаб, келин боланинг кетидан сумка кўтариб юрадиган бўлди.
Омонат кассадаги пулларнинг ранги ўча бошлади. Ресторан чолғучилари улар столга ўтиришлари билан тепаларига келиб, сурнай чалишади. Куёв яшариш учун эрталаб туриб радионинг қулоғини бурайдиган, жисмоний тарбияни охиригача адо этиб, токнинг зангидек бужмайиб қолган бўйинларини ҳўл сочиқ билан аввал кўкариб, кейин қизариб кетгунча ишқайдиган бўлди.
Бугун янги йил арафасида шахсий «Волга»нинг багажхонасини тўлдириб бозордан қайтаётганларида куёв бола йўл четида олазарак бўлиб турган ўрта яшар чирой-лигина жувонни кўриб, бесаранжом бўлиб қолди. Маши-надан туша солиб, унга қараб югурди. Лаъли Бадахшон унинг бу аҳволини кўриб, ҳанг-манг бўлиб қолди.
Бу қанақа шармандалик? Ўз хотинининг кўз олдида-я!
Лаъли Бадахшон ундан кўзини узмасди. Эри бўлса, жувонни бағрига босиб кўришди. Уни авайлаб скамейкага ўтқазди-да, елкасига қўлини ташлаб, нималардир дея бошлади. Лаъли Бадахшон чидамади. Зарда билан улар тарафга юрди. Қараса, эри жувоннинг икки қўлини ҳовучлари орасига олиб илжайди. Лаъли Бадахшоннинг жон-пони чиқиб кетай деди.
Эри ёнини ковлаб кармонини олди. Ундан иккита эллик сўмлик олиб, жувонга узатди. Лаъли Бадахшоннинг сабри тугади. Тарс-турс юриб, улар тепасига келди. Эри дик ўрнидан турди-да, жувонга уни таништира бошлади.
— Мастон, бувинг билан танишиб қўй.
Лаъли Бадахшон шошиб қолди. Чунки у йигирма икки ёшга кириб, эллик яшар неварасини энди кўраётган эди.