Театр месткомининг мажлиси. Бугун коллектив кекса артист Латиф Ибодовни пенсияга кузатмоқчи.
Бадиий раҳбар Мухторов кекса артистнинг хизматларини тўлиб-тошиб гапиради.
— Латиф ака коллективимиз ўртасида жуда катта ҳурматга сазовор бўлган киши. У ҳамиша ижодий изланиш билан яшади. Спектаклларимизни томошабинларга манзур қилишда Латиф акамизнинг хизматлари беҳисобдир. У ўзига берилган ролларни астойдил, сўзсиз ижро этган энг қобил санъаткордир.
Одатда театр бадиий кенгашларида ва умуман, мажлисларда расмий гаплар кам бўларди. Мажлис худди бир пиёла чой устида бўлаётган суҳбатдек жуда самимий ўтарди. Бу гал ҳам худди шунақа бўлаяпти. Бадиий раҳбар олдидаги стакандан чой ҳўплагунча халқ артисти Мирзахон ака гап бошлади:
— Латифхонни жуда яхши таърифладингиз. Айниқса, сўзсиз роль бажаради деганингиз менга ёқди. Латифхоннинг театримизга келганига ўттиз тўрт йил бўлган бўлса, бирон оғиз гапирганини билмайман. Мени тўғри тушунинглар. Унинг овозини биронта томошабин эшитмаган…
Кимдир «йўғе» деб юборди. Мирзахон ака яна гапирди:
— Ахир, Латифхон ўттиз тўрт йилдан бери массовкада чиқади. У шу ўттиз тўрт йил ичида саксон олти марта дорга осилди. Юз ўн икки марта калласи кесилди. Эллик етти марта оёқ-қўлига кишан урилди, менинг ўзим тахминан юз эллик марта қамчиладим. Шунча кўргиликларни кўриб ҳам Латифхон бирон марта ғиринг, деб овоз чиқазмаган. Тўғрими?
Бурчакда бурнининг учигача терлаб ўтирган Латифхон Ибодов нима дейишини билмай атрофга қаради. Мирзахон яна давом этди:
— Буларнинг ҳаммаси тўғри, Некалайнинг турмасида ётди. Бухоро амирининг зиндонида оёғига кунда урилиб ётди. Хива хони калласини кестирди. Қўқон хони дорга осди. Шундай қилиб, ҳурматли Латиф акамиз ўттиз тўрт йилдан бери дордан олиниб, дорга осилиб, зиндондан олиниб, турмага ташланди. Ахир менинг ўзим уни қирқ етти марта кўкрагидан отиб ташлаганман.
Мирзахоннинг гапи чўзилиб кетди шекилли, бадиий раҳбар стаканни қалам билан урди.
— Ҳозир, ҳозир, гапимни ҳозир тамом қиламан. Илтимосим шуки, дўстимиз Латифхонни пенсияга чиқаришни бирон ойга тўхтатиб турсак.
— Нечун? — деди бадиий раҳбар энсаси қотгандек.
— Сабаби шуки, Латифхон ўттиз тўрт йилдан бери театримиз саҳнасида ўйнаб, бирон оғиз гапирмади. Унга ҳаммавақт ўладиган, аммо ғиринг деб оғиз очмайдиган роль бердик. Пенсияга чиқиш олдидан биронта каттароқ роль берайлик. Овозини томошабин эшитсин, ўзи ҳам ўйнаган шу ролни эслаб юрсин. Мен бадиий совет аъзоси сифатида унга каттароқ роль берилишини талаб қиламан.
Директор билан бадиий раҳбар, тўғрисини айтганда, ўттиз тўрт йилдан бери биронта ролни қойил қилмаган Латифхондан қутулишмоқчи эди. Аммо Мирзахон уларнинг бу ниятларини барбод қилиб қўйди.
Мирзахон театрнинг энг истеъдодли артисти, у лауреат, у халқ артисти, у орденли. Унинг гапини қайтариш на директорнинг, на бадиий раҳбарнинг қўлидан келарди.
Мажлис Латиф Ибодовни пенсияга кузатиш масаласини келаси мажлисга қолдириб, унга қанақа роль берилишини бадиий советда кўрадиган бўлди.
Ўттиз тўрт йилдан бери саҳнада замбил кўтариш, хонларни елпиш, ўлиш, отилиш, осилишдан бошқа иш қилмаган Латиф Ибодовга «Бой ила хизматчи»даги Солиҳбой ролини ўйнаш топширилди.
Оббо Латифхон тушмагур-ей, қуйиб кўйгандек бойнинг ўзи бўлди қўйди. Ҳар сўзда чапак, ҳар пардада одамлар ўринларидан туриб кетиб, парда ёпгани қўйишмайди.
Пенсияга кузатиш ҳам келган жойида тўхтади-қўйди. Латиф Ибодов шунча йилдан бери дорга «осилиб», «отилиб», «сўйилиб» юрган бўлса, артистлигининг ўттиз бешинчи йилида ўзи одам «ўлдирадиган», дорга «осадиган», «чопиб ташлайдиган», «отиб ташлайдиган» бўлди.
Бу, албатта ролда.
Саҳнанинг пастида бунақа ишларни қиладиганнинг боши ўнта!