Раҳмонали кўнгли пошшо бўлиб келарди. Бугун ҳам хотинини доғда қолдириб, ўша жойга борди. Маишат кечагидан ҳам зўр бўлди. Бугун хотинига нима баҳона қилса экан? У уйга яқинлашган сари баҳона топишга шошарди. Шунга ҳам баҳонами? Кечаги мажлиснинг давоми бўлди, деб қўяқолади-да!
Такси уларнинг эшиги олдига келиб тўхташи билан орқама-орқа яна бир такси келди. Ундан рўмолга ўралган бир аёл тушди. Раҳмоналининг юраги орқасига тортиб кетди. Бу унинг хотини Зарофат эди. Оббо, пойлаб борганга ўхшайди. Билган, қаердалигини, кимнинг уйидалигини билган. Иккала такси ҳам қоронғу кўчани ёритиб орқага қайтишди. Раҳмонали юраги бетламай бўшашиб сўради:
— Зарофмисан?
Зарофат жавоб ўрнига ҳўнграб йиғлаб юборди.
Раҳмоналининг баданига титроқ кирди. Оёги қалтиради. Энди нима қилсайкин? Тонсинми? Кўзини бақрайтириб туриб-а?
Зарофат пиқ-пиқ йиғлаганича унинг ёнидан ўтиб эшикка калит солиб очди. Эр-хотин олдинма-кетин ҳовлига киришди. Раҳмоналининг калласи мокидай ишларди-ю, бефойда эди. Нима десайкин? Тониб бўлмайди. Бошқа баҳонанинг иложи йўқ. Ҳаммасини кўрган. Билган. Қиёмат қилади. Ҳар ҳолда ҳовлида гап бошласа, тўполон бўлиб, қўни-қўшнилар эшитиши мумкин. Нима бўлса ҳам уйга кириб гаплашиш керак. Унинг кўнглини олиш керак. Хотинларни яхши гап билан йўлга солса бўлади. Қани, бир уриниб кўрсин.
Раҳмонали шу ўйлар билан ичкарига кирди. Хотини столга бошини қўйиб ҳамок пиқиллаб йиғларди.
Бу аҳволда уни ҳеч нарсага кўндириб бўлмайди, деб дилидан ўтказди Раҳмонали. Тўғрисини айтиб, тавба қилиш керак. Бундан бошқа йўл йўқ! Раҳмонали журъатсизлик билан хотинининг тепасига келди.
— Хотин, нима десамикин? Нима бўлганини ўзинг билиб турибсан. Аҳмоқлик қилдим. Нима қилай, эгилган бошни қилич кесмайди.
Зарофат ялт этиб унга қаради. Раҳмоналининг юраги жиғ этиб кетди. Муз парчасини ютворгандек анча вақтгача ўзига келолмай энтикиб туриб қолди.
— Бунақа қарама-да, айбимни бўйнимга оляпман-ку, тағин нима дейсан. Шу икки боланинг ҳурмати, энди бундай қилмайман. Кечаги мажлис ҳам ёлғон эди. Кеча ҳам ҳали ўзинг кўрган жойга борган эдим. Унинг қош-кўзларига учибман. Ширин сўзларига учибман. Айб ўзимда, бола-чақалик кап-катта одам бегона хотинга айланишиб юрибман…
Зарофат яна унга қаради. Энди унинг кўзларидан ўт чақнарди. Раҳмонали бу қарашларга тоб беролмади. Бутун вужуди карахт бўлиб қотиб турарди. У кўзларини чирт юмганича, яна гапирди.
— Истасанг, иккинчи бундай қилмасликка расписка бераман. Кўр эканман, қадрингни билмаган эканман. Майли, ур, урақол мени, теп, орқамга теп, розиман, мендақа ярамас эрнинг жазоси шу.
Зарофат унинг гапларига чидолмай нариги уйга чиқиб кетди. Орқасидан Раҳмонали эргашиб кирди.
— Энди қўйгин, жон хотин, эркак бошимни хам қилиб тўғрисини айтяпман. Наҳотки кечирмасанг. Энди у хотиннинг башарасига ҳам қарамайман. Тамом. Пой-лаб борибсанда-а, ҳаммасини кўрибсанда-а, шунчаки, кўнгли учун бордим. Турган-битгани бўёқ.
— Нари туринг, яқин келманг! Эссиз одамгарчилик.
Раҳмонали тиз чўкди:
— Оёғимдан ўп десанг ўпаман. Орқамдан эмаклаб юр десанг эмаклаб юраман, мени кечирсанг бўлгани. Энди ишдан бир секунд ҳам кечикмай уйга келаман. Кўрасан, бундан буён моянамга ҳам барака киради. Айтди дерсан. У ярамас хотинга энди ҳеч нарса олиб бермайман.
Зарофат ўгирилиб қараган эди, Раҳмонали орқасида, оёғининг тагида тиз чўкиб, кўзларини пир-пиратиб турибди. Зарофатнинг раҳми келиб кетди. Бир зумда калласидан: қилмишига пушаймон бўлиб турибди-ку, ҳаммасини айтиб беряпти-ку, майли бу галча кечира қолай, деган ўй ўтди.
— Туринг ўрнингиздан. Уят керак. Бу галча кечирдим, иккинчи шунақа иш қилсангиз, остонага қадам қўймай ўша ёқдан даф бўлинг.
Раҳмоналига жон кирди. Хотинининг оёғидан, билакларидан, елкаларидан йиғлаб-йиғлаб ўпди.
— Муни қара-я, борибсан-а, кўрибсан-а.
Зарофат пиқиллаб кулиб юборди:
— Ҳеч қаёққа борганим йўқ. Сизни кутиб ўтириб ухлаб қопман. Туш кўрсам, сиз ўлиб қопсиз. Идорангиздагилар қабристонда митинг қилиб кўмиб қўйишди. Уйғониб кетиб бирам кўнглим ғаш бўлдики, ётиб ётолмадим, ўтириб ўтиролмадим. Хаёлимда сизга бир нима бўлгандек, ё автобус, ё трамвай уриб кетгандек бўлаверди. Идорангизга бормоқчи бўлиб таксига чиқаётсам, ўзингиз келиб қолдингиз. Мен бу ёқда қандоқ ташвишлар қилиб юрибман-у, сиз бўлсангиз…
— Бўлди, бўлди, бу ёғини гапирма. Гапни тамом қилдик-ку. Айлантирма.
Раҳмонали ечина туриб, э аҳмоқ деб, пешонасига битта урди.
Бу ҳангома эр-хотиннинг орасида қолиб кетди. Аммо Раҳмонали эрталаб ишга кетаётганида хотинининг қўлидан ўпиб, ишдан келганида пешонасидан ўпишини эшитганлар нима гаплигини билолмай ҳайрон.
Борди-ю, олган маошининг тийин-тийинигача санаб хотинининг қўлига беришини эшитсалар, нима дейишаркин?
Ҳар қалай, уйдаги гапнинг кўчага чиқмагани дуруст бўлди. Раҳмонали бу сирни мендан бошқа кишига айтмаган. Мен ҳам ҳалигача сир сақлаб юрибман.