Маҳалламизда бир кампир бор. Доимо эшигининг олдига шолча солиб, чаккасига райҳон тақиб, чой ичиб ўтиради. Ўтган-кетган хотинларнинг қўлига чой тутқазиб, гапга солади. Шу хотинни кўрганимда: «Нима бало, қиладиган иши йўқми, невараларининг йиртиқ-ямоғига қараса бўлмайдими», деб дилимдан ўтказаман.
Бир куни ишдан қайтсам, кампир қўлидаги садарайҳон билан ўзини елпиб ўтирибди. Мени кўриши билан қўлимга шошиб-пишиб бир пиёла чой тутқазди. Қари нарса, қўли қайтмасин, деб чойни олдим.
— Болам, сени ёзувчи-мухбир деб эшитаман! Шу ростми? — деди кампир.
— Шундай, она, — дедим кулиб.
— Оҳ онагинанг айлансин, уйимдан илон чиққан! «Муштум»га ёзадиган гап бор. Бола-чақали одамсан, уч-тўрт сўм ишлаб қол.
Кампиршонинг нима дарди бор экан, деб шолчанинг четига чўнқайдим. Кўчанинг нариги бетидан ўтиб кетаётган қўшнилар менга қараб, негадир илжайиб қўйишди.
— Келинимдан ўтдек куйганман. Ўғилгинамни яхши биласан, қўйдек ювош бола. Келиним яшамагур уни ҳам расво қилди. Болагинамга эга чиқиб, бурнидан ип ўтказиб олди бу доғули. Онаси ёмон хотин. Теги паст. Қудам кўчада эшак аравага тескари миниб, болаларга ҳуштак бериб, шиша йиғади. Шундай одамларнинг боласи ким бўлади? Машойихлар «қазисан-қартасан, асли наслингга тортасан» деб, билиб айтишган экан.
Кампир кўзига ёш олди.
— Ўғилгинамнинг бўйнига миниб олган, бу жувон сўхта. Учта бўйига етган синглиси бор. Қарамайди. Топганини хотинига тиқиштиради. Ўғлимнинг топганига бир маҳаллани боқса бўлади. Баракаси йўқ. Келиним ўлгурнинг ўзи текстилда ишлаб, жарақ-жарақ пул олади. Билмайман, бу гумдон бўлгур пулини қаёққа қўяди…
Кампир шу саволни берди-ю, дарров ўзига ўзи жавоб берди:
— Қаёққа қўярди. Ўлгурнинг айёрлигини қаранг. Ҳар хил гирдин-гирдишиндан посон-посон кўйлак тиктириб, текстилнинг ётоқхонасидаги бир ўртоғиникига яшириб юрар экан. Бу ердан исқирт кўйлагини кийиб чиқиб кетиб, у ерда посон бўлиб олар экан. Икки марта кетидан пойладим. Тилла соат ҳам олибди. Кеча атайин ишдан чиқадиган вақтини пойлаб бордим. Эгнига гунафшаранг понбарқут кўйлак кийиб олибди. Вой, яшамагур, дедим ичимда. Бир тўполон чиқазиб, обрўсини уч пул қилай дедиму, яна шайтонга ҳай бердим. Уйда бўйи етган қайнисингиллар бор-а! Ҳеч бўлмаса тул эгачисини андиша қилса бўлмайдими? Ўзи ўғлим ношуд. Хотинники гаҳ, деганда қўлга қўнадиган қилиб олмадими, бундай эркакдан оғилдаги бузоқ яхши. Бу ер ютгурни бир «Муштум»га ёзинг. Текширгани келишса, кўйлагини бекитиб қўядиган ўртоғининг уйини кўрсатиб бераман.
Индамай қулоқ солиб ўтираверсам, кампирнинг гапи чўзилиб кетадиганга ўхшади. Ишим зарурлигини баҳона қилиб, ўрнимдан турдим. Кампир орқамдан жавраб қолди:
— Ҳой, «Муштум»да қачон чиқади? Яхшилаб ёз! Кампирнинг келинини танир эдим. У комбинатнинг кўзга кўринган ип йигирувчиси эди. Газеталарда жуда кўп сурати чиққан, хотин-қизлар қурултойига ҳам делегат бўлган эди. Шундай ишчан, топиш-тутиши яхши бу жувоннинг кампир айтганча ёмон кийиниб юришига ажабланардим. Наҳотки, қайнонасидан беркитиб кийинса, наҳотки, кампирнинг гаплари рост бўлса! Бунга гоҳ ишониб, гоҳ ишонмай юрардим, яқинда ишдан қайта туриб, шу келин билан автобусда ёнма-ён ўлтириб қолдим. У сал хомушроқ кўринар эди.
— Ҳа, қўшни, нима бўлди? — дедим унга.
— «Муштум»га ёзмадингизми? «Катта мухбир» материал берган эканлар-ку. Ҳар куни «Муштум» пойлаб эсимиз кетяпти, — деди у пичинг қилиб.
Кампири тушмагур «Сени «Муштум»га уриб шарманда қиламан» деб уни қўрқитмоқчи бўлганга ўхшайди.
— Шу гаплар ростми, ёлғондир-ов?!
— Ёлғон, — деди келин кулиб. Автобусдан тушиб, кўчамизга бурилдик.
— Кўйлак олсам, «қайинсингилларингга нега олмадинг» деб жанжал қилади. Қайси биттасига олай? Эримнинг топганига-ку онаси хўжайин. Тийинини бегона қилмай, қизларига сеп йиғади. Меникидан ҳам юлади. Невараларига едирмай-ичирмай лозимандага сарфлайди. Рўзғорни мен қиламан. Ўн бир жонмиз, ахир. Эридан ажрашган эгачимнинг тўрт боласи бор. Ўзимнинг уч болам. Икки қайинсингил. Қизлар на рўзғорга қарашади, на бирон жойда ишлашади. Сўлоқмондай бўлиб, эртадан-кечгача сақич чайнаб, тошойнанинг олдидан кетишмайди. Бирон жойга ишга киритиб қўяй десам, онаси кўнмайди. Эркаклар билан ишласа, шарми ҳаёси қолмасмиш. Уч боламга кийим оладиган бўлсам, эгачимнинг ҳам тўрт боласига олишим керак. Яқинда медаль билан мукофотланган эдим. Тақиб келган куним кампир севинчимни ҳам татитмади. Нега эгачингга ҳам олиб келмадинг, деб жанжал қилса бўладими, бу гапга кулайми, йиғлайми, ахир. Бор-э, деб кетиб қолай дейману, яна шаштимдан тушаман. Эримнинг ҳоли нима кечади, деб ўйлайман. Ўзи яхши йигиту, онасига лом-мим деёлмайди-да. Индамай кириб, индамай чиқиб кетади. Ҳамма гапни мен эшитаман. Катта кизининг рўзғорини ҳам шу кампир бузган. Магазинда ишлайдиган топармон-тутармон бир йигитни ичкуёв қилиб, роса соғиб ичди. Ишдан бўшаб қолгандан кейин машмаша қилаверди. Охири куёв бир сидра кийим билан чиқди-кетди. Бу кампирнинг устидан қаёққа бораман, бирон жойда ишласа бошқа гап эди, ҳеч бўлмаса пенсия олгандаям-ку райсобесга устидан арз қилардим. Сира-сира менга кун бермайди. Ҳар ҳунар, ҳар соҳанинг министрлиги бор, бу кампирлар қайси министрликка қарар экан? Ўзинг ишлаб топганингга ўзинг эга бўлмасанг…
Келиннинг ҳам ҳасратидан чанг чиқиб кетди. У билан хайрлашиб, уйга келдим. Ойим тоғорада нимадир кўтариб кирди.
— Сомса ёпган эдим. Томоғимдан ўтмади. Келиним бечора ишдан чарчаб келган, бирга ея қолай деб, атайин иссиғида олиб келдим.
Шу пайт қўшни кампирнинг боласи «Муштум» сўраб чиқди.
— Бу кампир мунча «Муштум» сўрайди? Мен ойимга бўлган воқеани айтиб бердим.
— Бу ишга сен аралашма. Кампир мазаси йўқ аёл. Толька келинини қийнагани-қийнаган. Маҳалладаги кампирларнинг обрўсини тўкаётган ҳам шу. Уззукун йўлакка ўтириб олиб, ўтган-кетганни исплетний қилади. Кўрсанг ҳам, кўрмасликка солиб кетавер, болам.
Ойимнинг гапига кула-кула ичкарига кириб кетдим. Қулоғимдан келиннинг бояги гапи нари кетмасди. «Бу кампирлар қайси министрликка қарайди, нодонлиги, қолоқлиги билан тинч рўзғорни татитмаётган бекорчилар устидан қаерга, кимга шикоят қилса бўлади?»
1956 йил.