(Зарарлик касб)
Трестнинг ҳисоб-китоб ишлари бошлиқнинг таъбири билан айтганда, мўшний. Битта ҳайҳотдек катта хонада бош бўғолтир, учта ёрдамчиси, тўртта кичик бўғолтир, иккита ҳисобчи ва кассир Донохон ишлайди. Хонадагиларнинг Донохондан бошқа ҳаммаси чекадиганлардан. Чекканда ҳам тутунини тутунга улаб чекадиган кашандалар. Айниқса Хидиров деган биттаси бор, бай-бай-бай, сигаретни чекяптими, еяптими билиб бўлмайди. Кўз очиб юмгунча олдидаги тоғорадек кулдон тахта омборхонасидаги хода уюмига ўхшаб қолди. Чекиш авжга чиққан пайтларда ким қаерда ўтиргани кўринмай кетади. Шундай пайтларда қоғозларни тимирскилаб топиб, бир хонада бўлишларига қарамай, бир-бирлари билан телефонда гаплашишади.
Донохон тамаки тутунидан сасиб-бижғиб уйига келганда қайнонасидан, эридан эшитадиганини эшитади.
— Ҳой келин, нима бало, чилимнинг сувига бош ювганмисиз, сасиб кетибсиз-ку.
— Йўқ, — дейди пичинг билан эри. — Бизди хотин чилимди сувига бош ювмаган, тамакини қайнатиб «пепси-кўла» қилиб ичган. Э, боре, атир-патир суртиб ол, бўлмаса кечаси нариги уйга чиқиб ётаман.
Бу хил ҳаёт жонига теккан Донохон кашанда ҳамхоналари устидан вазирликка шикоят ёзиб юборди. Шикоятга ҳадеганда жавоб келавермади. Икки-уч марта телефон ҳам қилди. Охири, қўнғироқ қилганида, аризангиз коллегияда кўриладиган бўлди, деб жавоб қилишди.
Охири, вазирлик коллегиясининг қарори келди. Қарорда Донохоннинг маоши узоқ қаҳратон шимол конларида, газ ва кимё саноатида, атом электрстансияда ишлайдиганлар маоши билан тенглаштирилган эди. Ва шу ойлик устига қўшимча етмиш фоиз компенсасия тўлансин, ҳамда у ҳар куни бир пакет сут, 50 мисқол сарёғ билан таъминлансин, харажатлар режадан ортиқ етиштирилган маҳсулот ҳисобидан олинсин, деб кўрсатилган эди.
Бу қарордан Донохоннинг кўнгли унчалик тўлмади.
«Тамаки тутунидан сасиб кетган жемпирларимга, кўйлагу кастюмларимга, сочларимга ўрнашиб қолган сассиқ ҳидга ким кампенсасия тўлайди» деб нолиб, вазирликка яна ёзди.
Ҳозир Донохон коллегиянинг адолатли қарорини кутмоқда.