I
Жавлонбек район марказига етганда тонг ёришиб, кўчалар гавжум бўлиб қолганди. Будка олдини супураётган чўткачи Муллақанд туёқ товушини эшитиб қаддини ростлади.
— Баҳай, ака Жавлун? Сутра кужо рафте? Иби, сабил эчкини қайга олиб кетобсиз. Э, тушиндим, тушиндим, случкагаме? Бо сизга як маслаҳат. Марзия опайнинг серкасига свидания қилдирманг. Хонанг пажар бўлгур шерга ўхшаб звер бўлиб кетган. Ледининг куни сарига тушмасин аҳи.
Жавлонбекнинг энсаси қотди. Эшакдан ҳам тушмай, сендақа маслаҳатгўйдан ўргилдим-е, дедию эшагига ҳала берди.
— Қаёққа? Ҳеч бўлмасам эшокингизнинг туёғини мойлаб қўяй. Импорний мойлардан бор.
Эшак йўртиб кетди. Эчки ҳам худди онасига эргашган боладек орқада соқолини селкиллатиб борарди.
Ўзинг бир ямоқчи, чўткачи бўлсанг, энди сенинг маслаҳатингга куним қолдими.
Муллақанд Ледининг номини тилга олгандаёқ Жавлонбекнинг юраги жиз этиб кетганди. Леди унинг жондан азиз қадрдон ити эди. Бугун унинг ёруғ дунёдан кўз юмганига қирқ кун бўлди. Жавлонбек қирқ кун чиллада ўтирди. Бугун чиллагузарон қилиб биринчи маротаба Ледисиз овга кетяпти. Қандоқ ит эди-я. Фақат одамга ўхшаб гапиролмасди, холос. Аммо нима десанг, тушунарди. Зарда қилишни, уялишни, илтимос қилишни биларди. Худойи таоло ит умрини қисқа қилиб яратган. Ледидан бирон насл олиб қолиш керак. Шу ниятда Жавлонбек уни Леди чўпоннинг бўрибосарига оборди. Бўрибосар эътибор берсин деб, бўйнига мусобақаларда олган медалларини осди. Икки қулоғининг тагига хотинининг франсуз атиридан пича суртиб қўйди. Чўлда бўрилар билан олишиб юрган ит атирни билармиди. Ит дум ҳидлайди.
Бўрибосарнинг калласи «Запорожец» машинасидек келади, десам ишонаверинг. У ит эмас, самосвалнинг ўзгинаси. Леди унинг олдида самокатдай бўлиб қолди. Бўрибосар бунақа ишларни кўравериб пишиб кетган экан, Ледининг у ёқ-бу ёғини ҳидлаб ўтирмай, гарданидан шартта тишладию пичан ғарамининг орқасига олиб ўтиб кетди.
Анча пайтгача медалларнинг жиринглагани эшитилиб турди.
Ўша куни Жавлонбек Абди чўпонга тўн кийдириб, бир учига 25 сўмлик тугилган қийиқчани берди. Абди чўпон, энди қуда бўлиб қолдик, юз кўришиб турайлик, деб хайрлашди.
Эртасигаёқ Ледининг мазаси қочди. Уни мол дўхтирига кўрсатган эди, дўхтир бошини сарак-сарак қилиб, бу итингиз энди одам бўлмайди, бир-икки кунлик умри қопти, деди.
Дўхтирнинг айтгани бўлди. Уч кун деганда Ледининг жони узилди. Жавлонбек кўз-ёшларини дарё қилиб ушбу ғазални битди.
Ледигинам кайдасан, ўтди баҳори сенсиз,
Пишиб тўкилди бу кун маккажўхори сенсиз.
Йўлбарсдек коматингни ҳеч итда кўрмагандим,
Жавлон юрар паришон очу наҳори сенсиз.
Жавлонбек қирқ кунлик жудоликдан кейин бугун кетяпти. Ҳафизахон парранда гўштини емабди. Кўрса аллергияси қўзғаб ҳаммаёғига қизилча тошиб кетарди. Шунинг учун ҳам Жавлон бўри отиб ҳуморини босиб юрарди.
Хўш, у-ку овга кетяпти. Овда эчкига бало борми? Жавлонбек бир иш қилса билиб қиладиганлардан эди. Яхши эчки овда иккита итнинг ишини қилишини бошқа овчилар билишмасди. У ҳар гал овга чиққанда албатта бўри уриб, совхоздан мукофотга аллақанча қўй ундириб келади. Бошқа овчилар бу сир-синоатнинг тагига етолмасдилар.
Жавлонбек тўқайни мўлжалга олиб бораверди. Орқада эчки соқолини селкиллатиб келяпти. Жонвор нима бало еган экан, йўл-йўлакай қумалоқ ташлагани-ташлаган. Қумалоқ ташлаши айни муддао эди.
Қайсидир овчидан қолган қамиш капага етганда Жавлонбек эшакдан тушиб, эчкини ўттиз метрча наридаги ёввойи жийдага бойлади. Эшакни ҳеч нарсага бойламади. Эшак шунақа ҳайвон, турган жойида эшакка ўхшаб тураверади.
Атроф жимжит. Яқин ўртадаги қўлга тушган ёввойи ўрдакнинг ғақ-ғуқи эшитилиб турибди. Жавлонбек эшакка хашак ташлади. Эчкининг олдига алюмин тоғорада ем қўйди. Ўзи термосдан чой қуйиб олисларга тикилганча ўй суриб кетди. Унинг ўйи нима бўларди. Ледини ўйлайди-да. У бу жойларга Леди билан кўп келган, кўп ғаройиб овлар қилишган эди.
Эчки безовталана бошлади. Арқонни узмоқчи бўлиб орқасига тисарилди. Жавлонбек ҳушёр тортди. Атрофга разм солди. Боя улар келган томондан қумалоқ ҳидлаб бир бўри келяпти…
Бошқа овчилар ҳудди мана шу тадбирни билишмасди. Бўри эчки қумалоғини ҳидлаб-ҳидлаб келаверади. Пистирмада овчи борлигини ўйламайди.
Жавлонбекнинг мўлжали тўғри чиқди. Бўри келяпти. Ердан бош кўтармай ҳар битта қумалоқни битталаб ҳидлаб келяпти. Жавлонбек ўзини панага олди. Милтиқни шайлаб, тайёр бўлиб турипти. Эшак эшак-да. Парвойи палак. Аммо эчки безовта. Осмонга сакрайди. Арқонни узаман, деб талпинади. Бўри тўхтади. Атрофга бир-бир кўз ташлади. Ана, у эчкига яқин келиб қолди. Беш метр қолди. Икки метр қолди. У ҳозир бир ҳамла билан эчкининг кекиртагидан олади…
Жавлонбек варанглаб ўқ узди. Бўри бир метр баландга сакраб ерга шалоп этиб тушди. Жавлонбек яна тепки босди. Бўри тўнкарилиб қолди. Икки оёғини тинимсиз силкитиб чамаси уч минутча жон беролмай охири тинчиб қолди. Жавлонбек кападан чиқмади. Бўри ёлғиз юрмаслигини билади. Мабодо у ёлғиз бўлганда ҳам бошқа бўри қон исини туйиб шу томонга келади. Чўл шамоли қон ҳидини атрофга олиб кетади. Бир эмас икки, учта бўри келиши ҳам мумкин. Унинг айтгани чиқди. Бир қўнғир бўри шу томонга ўқдек отилиб кела бошлади. Эчкини, ётган бўрини кўрди. Кўпни кўрган, кўп қопқонлардан қочган, тажрибали бўрига ўхшайди. Атрофга аланглаб бир дам ўтирди. Аммо димоғини қитиқлаётган қон ҳиди унинг иродасидан ғолиб келди. Эчки томон дадил кела бошлади. Ана, тўрт метр қолди. Уч метр қолди. Жавлонбек ўқ узди. Ўқ калласига тегдимикан, ҳар ҳолда бўри ёнбошига йиқилганча қимирламай қолди. Бош кўтармади ҳам, оёқ силкитмади ҳам… Жавлонбек милтиққа ўқ солиб ўтираверди. Кападан чиқмади. Эшакка барибир. Нималар бўлаётгани билан иши йўқ. Эшаклигини қилиб ҳашак кавшаяпти…
Кўкраги оқ, ўзи қоп-қора бўри аллақайдан пайдо бўлди. Жавлонбек то милтиғини қўлга олгунча бўрилар тепасига келди. Гўё қайси бирини аввал есамикин, деб ўйлаётганга ўхшарди. Ўлигидан тириги маъқул, деб ўйлади шекилли, эчки ёнига келди. Шунда Жавлонбек яна ўқ узди. Ба фармони худо, ўқ еган бўрининг бунақа сакрашини Жавлонбек умрида биринчи кўриши эди. У ўқ тегиши билан одам бўйи сакради-ю ҳавода муаллақ туриб қолди. На юқорига учиб чиқиб кетади, на ерга тушади. Худди лентаси узилган мультфильмнинг ўзгинаси. Жавлонбек энди бас, учтасини урдим, ов деган ҳадеб барор келавермайди, буёғига ўзим бўрига ем бўлиб кетмай деб, ташқарига чиқди. Узоқда орқасида тўзон буруқсатиб қизил «Жигули» келаётганини кўрди. Ким бўлди экан бу?
«Жигули» унинг ёнгинасига келиб тўхтади. Ундан кўкрагига «Меҳнат ветерани» медали таққан бир йигит тушди.
— Нима қилиб қўйдингиз? — деди у алам билан.
— Нимани нима қипман? — деди Жавлонбеқ.
— Бу итни болалигида Доғистондан уч минг сўлкавойга сотиб олганман.
Жавлонбек ҳайрон бўлиб жонсиз ётган учта бўрининг тепасига келди. Уларнинг биттаси, кўкраги оқ, бошқа ёғи қоп-қора овчарка ит эканини билди. Ичида, овчи бўлмай ўл, қора бўри бўлмаслигини билмасмидинг, деган бўлди.
— Пулини тўлайсиз, — деди ветеран. — Ҳозир бозор иқтисоди. Бир ҳафта олдин ўн тўрт мингга бермагандим.
Жавлонбек бу йигитни қаердадир кўргандек эди. Эслади. Автобус ҳайдайдиган Абдулазиз отасига йил оши берганда шу йигит билан бир лагандан ош еган эди. Ўшанда таниш-билишлари уни Хўжақул деганмиди, Жумақул деганмиди… Итни Доғистондан олиб келганман деганидан, у бу чўллардан арзон-гаровга қоракўл сотиб олиб, Кавказда пуллайдиган учарлардан бўлса керак, деб ўйлади.
— Бўпти, тўлайман, — деди Жавлонбек. — Аввал машинанниг юкхонасини очасан.
— Э, қизиқ одам экансиз-ку, итимни отиб қўйиб ўзимга дўқ урасиз-а. Нима ҳаққингиз бор, инспектормисиз, ё таможнийда ишлайсизми?
— Очмайсанми, очмайсанми? Энди ўзингдан кўр! Жавлонбек милтиқ озғини Хўжақулнинг киндигига тўғрилаб, бармоғини тепкига…
…Шу пайт машина ичидан «вой» деган товуш эшитилди. Жавлонбек шошиб ўша томонга қаради. Шунда Хўжақул ажиб бир чаққонлик билан унинг қўлидаги милтиқни тепиб юборди. Жавлонбекнинг бармоғи бехос тепкини босиб юборган эди, милтиқ ерга тушмаёқ варанглаб отилиб кетди. «Жигули»нинг орқа эшиги очилиб ўқ еган каптардек потирлаб бир аёл чиқдию қамишлар орасига ўзини урди. Жавлонбек уни таниди. У девор-дармиён қўшниси Раббим чукчининг келини Сумбулхон эди. Жавлонбек нима бўлаётганига ақли етмай анграйиб тураркан, эшаги ўқ овозидан қўрқибми, йиғлаётгандек ўксиб-ўксиб ҳанграй бошлади. Жавлонбек бу ҳаром ўлгурнинг бунақа одати йўқ эди-ку, деб ўгирилиб қараса эшагининг думи йўқ. Ўқ учириб кетибди. Дум ўрнидан чак-чак қон томаяпти. Думи қаёққа кетди, деб атрофга аланглади. Ёввойи жийда шохига илиниб қолган дум калтакесакнинг чўрт узилиб кетган думига ўхшаб ликиллаб турибди. Эшак ҳамон хониш қилади. Жавлонбекнинг унга раҳми келди. Ёнидан дастрўмолини олиб эшакнинг думидан қолган икки энликкина тўмтоқ жойини яхшилаб танғиб қўйди. У шу иш билан аидармон бўлиб Хўжақулнинг жуфтакни ростлаб қолганини билмай қолибди. У гаранг эди. Жони жиндек ором олган эшак сал-пал тинчиб, нафасини ичига ютаётгандек ора-сира ғингшиб қўярди.
Жавлонбек қараса милтиқ йўқ. Ярамас Хўжақул мплтиғини олиб кетибди. Ким билади, орқамдан отиб қўймасин, деб ўйлаганми? Ё бошқа нияти бормиди, Жанлонбек буни билмасди. У жийда шохида ҳали ҳам жони узилмай ликкиллаб турган думни олиб қаради.
Одамзот қизиқ бўлади-да. Думни олиб нима қилади? Ё дўхтирга обориб улатиб оладими, Жавлонбек бор-е, деб думни улоқтирди.
Жавлонбек бўриларнинг тепасига келса, биттаси йўқ. Оббо аблағ-е, биттасини обкетибди-ку, дея минғиллади. Шошганидан итнинг ўлиги деб янглишиб обкетдимикин?
У қолган биттасини эшакка ўнгариб совҳоз идораси томон кетди.
Директор йўқ экан. Бўрининг ўлигини бош бухгалтер хонасига опкириб гурсиллатиб полга ташлади.
— Мана, совхоз қўйларига қирон солган аблаҳ. Кўриб қўйинглар!
Дора Моисеевна деган ҳомиладор ҳисобчи хотин бўрини кўрдию кўзлари олайиб диванга ёнбоши билан йиқилди. Икки киши уни суяб ташқарига обчиқиб кетишди.
— Ҳа, эси йўқ, — деди бухгалтер. Шу ўлгирни остонага ташлаб кирсанг ишонмасмидим. Ё ташқарида қолса тирилиб кетармиди? Моисеевна бола ташлаб қўйса, пақ эридан балога қолардинг. Опчиқиб кет, бу ўлаксани.
— Қўй ёзиб бермайсизми? — деди Жавлонбек.
— Қўй йўқ. Эчки ёзиб бераман.
Жавлонбек деворга ёпиштириб қўйилган эълонга ишора қилди. Унга «Кимда-ким бўри овлаб келса биттадан учтагача қўй мукофот олади» деб ёзилган эди.
— Бунда эчки дейилмаган, қўй дейилган. Мен сиздан учта қўй сўраётганим йўқ. Битта бўлса ҳам етади.
Бош бухгалтер бу закон биладиган овчига бас келолмаслигини билиб тўнғиллаб ферма мудирига хат ёзиб берди.
— Ол буни. Шу хат билан бўрининг ўлигини фермага топшир, қўй беради.
Жавлонбек бўрини кўтармай думидан судраб ташқарига олиб чиқди. Бир қозоқ келинчак ҳали ўзига келмаган Дора Моисеевнага қайноқ чой ичиряпти.
— Иш, истиқ-истиқ шай иш. Казир миқтидайин бўласан, айналайин.
Дора кўзини очди. Очди-ю, бўрини кўриб яна ҳушидан кетди. У бехуш ётардию жағи қимирларди. Шу ётишида ҳам жевачка чайнарди.
Жавлонбек: «Э, нозик бўлмай ўл, қичиқ қилишини қаранглар-а» деди қўл силтаб ферма томон кетаркан.
Жавлонбек ферма мудирининг ҳай-ҳайлашига қарамай бир қора қўчқори танлаб, шохидан судраб чиқди.
У район марказига ғолибона — тантанавор бир қиёфада кириб келди. У гўё ё ҳаёт, ё мамот жангида ёвни яксон қилган қаҳрамон кайфиятида эди. Ўтган ҳам, кетган ҳам эшакка ўнгарилган қора қўчқорга қарар, «Э, қойил-е, Жавлонбек мерган», деяётганга ўхшарди. У ўзимни бир кўрсатиб қўяй, деб атай Муллақанднинг дўкони олдидан ўтди. Бунақа ишлар менга писанд эмас, қанча бўри бўлса менга қўйиб беринглар, шартта-шартта отиб ташлайвераман. Бундан буён совхознинг қўйлари меники, дегандек мағрур эди.
— Поздравляю с бараном, ака Жавлун, — деди ҳайратда қолган Муллақанд. — Э маладес. Иби, бо бу эшок баччанинг думига нима бўлди?
— Эшакнинг қўлини ҳалолладим. Раббим чукчи суннат қилиб қўйди.
— Ундоқ чикин бўлса бу сабилнинг думи қайга?
— Думи хуржинга, — деди Жавлонбек унга ҳамоҳанг лаҳжада.
Эшак бечора икки энлик қолган чўлтоқ думини одати бўйинча ликиллатаверганидан танғиб қўйилган дастрўмол ечилиб бир чеккасигина қотиб қолган қонга ёпишиб турар, шамолда қип-қизил бўлиб ҳилпирарди.
Муллақанд қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Э, ака Жавлун, бу эшокни ҳайдаб юборинг. Бу эшок Сталин давридан қолган эски тузумнинг эшоки. Кўрмайсизми, қизил байроғини орқасига кўтариб келопти.
Жавлонбек шу билан пачакилашиб ўтираманми, деб эшагини йўртиб кетди. Кўча бошидаги дорихонадан Раббим чукчи женшень деган дори олиб чиқаётганди.
Раббим чукчи бу атрофларда қўли гул суннат устаси эди. Ўн мингдан ортиқ бола унинг қўлидан ўтган, десак хато бўлмас.
У суннат қилган гўдакларнинг олди элликка кириб, невара-чеваралик бўлиб кетишди. Унинг дилини бир армон ўртарди. Худо менга ҳам бир невара берсаю, юртга ош бериб ўзим суннат қилсам, деб тонг-саҳарларда нола қиларди. Аммо унинг илтижолари шамолга учгандек самара бермасди.
Нариги қишлоқда донг таратган, замонасининг етук сартарошларидан уста Пўлат дегувчи киши бўларди. (Аллоҳ уни раҳмат қилган бўлсин). У ҳам ана шундай армон билан оламдан кетганди. Унга соч олдирамиз, деб узоқ-узоқлардан биров эшакда, биров туяда, яна биров отда келарди. Серфарзанд кишилар болаларини аравага ўтқазиб олиб келишарди. Шу уста Пўлат қирқ ёшга кирганда қўчқордек ўғил кўрганди. Уста бир йил кутди, икки йил кутди, қирқ йил кутди, боланинг бошидан соч тугул тук ҳам чиқмади. Боламнинг сочини ўзим оламан деб ният қилган уста Пўлат ниятига етолмай ўтиб кетди.
Уста Раббим жуда содда, соддалиги етмагандек, лақмагина одам эди. Ким нима деса, ишонаверарди.
Кейинги пайтларда Чукоткалиларнинг соддалиги тўғрисида юзлаб латифалар пайдо бўлган. Қишлокдаги гап-гаштакларда ўша латифаларни айтиб мириқиб кулишарди.
Уста Раббимни чукчи дейишарди. Бу лақаб унинг соддалигига мос тушишидан ташқари касбига ҳам бир пшора эди.
Раббим чукчи, э, худо, уста Пўлатнинг кунини бошимга солма, деб илтижо қиларди. Унинг илтижолари ижобат бўлмасди. Ўзинг учун ўл етим. Худойи таоло «Сендан ҳаракат, мендан баракат» деган. Харакатимни қилиб қолай, деб одамларнинг маслаҳати билан номи дори бўлса, боласига ичираверди. Машина мойдан тортиб кўршапалакнинг ёғигача ялатди. Ўргимчак тўридан ҳап дори ясатиб, юттирди. Тўққиз ўғил кўрган хотиннинг хонасидан бир хокандоз тупроқ опкелиб боласининг тамасига суртди. Нафи бўлмади. Бухородаги Олот туз конида чўмилтирди. Андижоннинг Сегаза қумига обориб, бўғзигача кўмди. Табибларга кўрсатди. Дўхтирларга боқтирди. Фолбинга фол очтирди. Домлага ўқитди. Экстрасенсларга қаратди. Ҳатто мол дўхтирига ҳам кўрсатди…
Шу топда у Жавлонбекка дуч келдию Хизрга йўлиққандек кўзлари яшнаб кетди. Эшакка ўнгарилган қора кўчқордан кўзини узолмай туриб қолди.
Оҳ, оҳ, қора қўчқор экан-ку, — деди Раббим чукчи. — Худди шунақасини қидириб юрган эдим. Тўрт чоршанбадан бери кўй бозорга қўчқор келмайди. Жон укам, шуни менга сотинг, қанча десангиз берай. Ўзингиз биласиз, ёлғиз ўғлим нимжон бўлиб қолган. Уйлантирганимга тўкқиз йил бўлди, фарзанд йўқ. Табиблар, қора қўчқорнинг нозик жойини чала пишириб едиринг, фойда қилади, дейишяпти. Келиним, онамникига кетаман деб ҳархаша қилгани-қилган. Шуларнинг тотув яшаб кетишига сабабчи бўлинг, қўчқорни менга сотинг. Ўғил туғса отини Жавлонбек қўяй, хўп денг.
Жавлонбекнинг унга раҳми келди. Аммо боя келинининг тўқайга қочгани эсига тушиб, йўқ, бўлмайди деб эшагига хала чўп босди.
Уйига келса хотини Ҳафизахон кир ювиб, синкага солинган кўйлак-иштонларни дорга ёяётган экан.
— Хўжақул деган бир ошнангиз милтиғингизни ташлаб кетди… — У «милтиғингизни» дегандаёқ Жавлонбек тамом бўлганди. Оббо худо урди, бўлган воқеани хотинимга айтиб кетган, деб ўйлади. — …Тўртта ўрдак билан беш-олтита балиқ бериб юборган экансиз, ошхонада ётибди. Ўзингиз тозалаб, ўзингиз пиширинг. Кўрсам аллергиям тутади.
Жавлонбек хайрият-е, деб ўзини ўнглаб олди. Ҳеч нарса демапти. Нима ҳам дерди у ярамас. Ўзининг тили қисиқ бўлиб турипти-ку. Мен ундан эмас, у мендан қўрқсин.
— Ов зўр бўлди, хотин. Сен емайсан, деб, йигирмата ўрдак билан бир қоп балиқни йўлда одамларга тарқатдим.
— Айтганча, эсимдан чиқай дебди, — деди Ҳафизахон. — Жавлон акам билан ерсизлар, деб Раббим чукчининг келини Сумбулхон иккита иссиқ жиззали нон чиқазибди. Дастурхонга ўраб қўйганман, еб олинг.
Жавлонбек уйга кирди. Хонани димоқни қитиқлайдиган иссиқ жиззали нон ҳиди тутиб кетганди. Жавлонбек зўр иштаҳа билан дастурхонни очди. Сўлқиллаб турган нонга қўл узатди. Зум ўтмай қўлини қайтарди. Негадир сапчиб ўрнидан турди-ю, орқасига икки қадам чекинди. Деразадан хотинини чақирди.
— Ҳафиз, ҳо, Ҳафиз!
— Ҳа, нима гап? — дея ичкарига кирди Ҳафизахон.
— Манаву нонларни ҳозироқ эгасига қайтариб бер.
— Вой, нега? Сумбулхон атайин чиқазган-а.
— Э, ўша Сумбулхонингни… Опчиқиб бер. Мен ҳаром қўл теккан таомни емайман. Мендан сенга насиҳат, сен ҳам ема!
У шундай деб кўчага чиқиб кетди. Анчагина юргандан кейин орқасида шип-шип этган енгил оёқ товушини нпитгандек бўлди. Ўгирилиб қаради. Кўзлари ёшга тўлган Сумбулхон унга эргашиб келаётганини кўрди.
— Бек ака, — деди у синиқ товушда. — Қандоқ қилай, турмушим турмуш эмас. Умрим ўтиб кетяпти. Айни ўйнаб-куладиган пайтимда муздек ёстиқни бағримга босиб ётибман. Кетай десам, қайнотам ўламан саттор, жанобингни бермаймиз, дейди. Эрим бўлса унақа… Айтинг, нима қилай?
Жавлонбек жавоб қилмади. Нарироқ бориб орқасига яна ўгирилди. Сумбулхон тут тагида мунғайиб турарди. Жавлонбекнинг унга раҳми келди. Орқасига қайтиб уни юпатгиси, йўл-йўриқ кўрсатгиси келди.
— Бечора, — деди у. — Сенга ҳам қийин.
У то Муллақанднинг дўконига етгунча ўзидан-ўзи қийин, қийин жуда қийин, деб жавраб борарди…
II
— Бўлди, бўлди-е! — деди Ҳафизахон кўрпани елкасига тортиб. — Битта гапни ҳадеб қайтараверасизми? Дадангизнинг ғорга кирганларини бир эмас, олти марта айтдингиз. Ҳар гал ҳар хил айтасиз Бўлди-да, ов ҳам ўлсин…
— Ҳа, малол келдими? Ёқмаса, эшитма, — деди ранжиб Жавлонбек.
— Эшитмаганга қўясизми? Дадангиз ғорга ким билан киргани ҳам минг хил бўлиб кетди. Ёлғон гапни эплаган гапиради. Аввал яхшилаб ўйлаб, кейин ёлғон гапиринг-да.
— Хўш, нимаси ёлғон экан?
— Қўрққан олдин мушт кўтарар бўлмай ўлсин. Айт, дедингиз, айтганим бўлсин. Биринчи марта айтганингиз-да, дадам бир татар ўртоқлари билан борганлар, унга «айда, охотага борабиз», деганлар. Кейинги айтганингиз-да, бир тожик ўртоқларига «Рафиқжон, ба шикор рафтем» деганлар, ундан кейингисида бир туркман ўртоқларига «ова гиттик, сенда боржақ», деганлар, ундан кейингисида ўрис ўртоқларига «на охоту, пойдем», деганлар, ундан кейингисида грузин ўртоқларига, «геноцивала, геноцивала» деганлар, ана энди қирғиз ўртоқлари билан борганлар, деяпсиз. Қайси бири тўғри?
Жавлонбек хотинидан бунақа гап кутмаган эди. Чаккасини қашлаб, илжайди.
— Оббо, хотин-е, ҳаммасини каллангга жойлаб юрган экансан-да! Дадам раҳматли айтган гаплари жудаям эсимда туравермайди. Ўртоқларини адаштириб юборган бўлсам бордир. Биласан-ку, скелерозман. Баъзида сенинг отинг ҳам эсимдан чиқиб қолади.
Жавлонбек зўр баҳона топганидан мамнун илжайди.
— Скелерозмисиз? Хотирангиз бўшашиб кетибдими? Ундай бўлса, эсингиздан чиқмай туриб, кечаги олган икки минг сўмни чўзиб қўйинг.
— Қачон сендан пул олибман? Унақа туҳмат қилма, хотин.
— Кеча соат иккидан ўн беш минут ўтганда, тушлик қилиб ўтирганимизда олгандингиз-ку.
— Эсинг жойидами? Кеча соат иккида аканг билан тахта искалатида эдик. Тушлик бўлиб қолиб ўша ердаги исталовойда лағмон едик. Лағмон яхши экан, аканг бир порси олиб машинада кеннойингга оборди. Мен косага гаров бўлиб исталовойда қимирламай ўтирдим. Ишонмасанг, кеннойингдан сўра, акангдан сўра. Исталовой бош ошпазидан сўра! Гаров бўлиб ўтирганимда радиода Насим Ҳошим ашула айтаётган эди. Икки марта момақалдироқ бўлиб чақмоқ чақди. Радио бўмба портлагандек варанглаб кетди. Иккидан кирқ етти минут ўтганда лағмонхона тўғрисидаги дўконга бир машина арақ тушди. Ҳамма ёпирилди. Дўкончи, бугун сотилмайди, деб одамларни тарқатиб юборди. Бешта кам иккида аканг косани олиб келиб, мени гаровликдан қутқарди…
Ҳафизахон қаҳ-қаҳ уриб кулди.
— Э, омон бўлинг, скелероз одам шунақа бўладими? Бўлган ишни минут-минутигача биласиз. Дадангиз раҳматли ҳам худди ўзингизга ўхшаган эканлар. Ёлғонни қийиб қўярканлар. Қайнонам раҳматли, қайнотангизнинг гапларига кўпам ишонаверманг, ёлғонни гувала қилиб думалатиб кўядилар, деб айтган эдилар. Нега ёлғон гапирасиз, деб сўраганларида, мажбурман, ёлғон гапирмасам, овчилар союзидан ўчиришади, деган эканлар.
— Шунақа дейсан-ку, хотин, дадам зўр овчи бўлганлар, агар раҳматли Ҳиндистонда яшаганларида, кунига ўлдим деганда тўртта шер, иккита фил отишлари ҳеч гап эмасди. Точний урардилар. Бир грузин майор военкоматимизга бошлиқ бўлганди. Ўзинг биласан, грузинлар кийик шохида вино ичишади. Дадамга, агар кийик отиб шохини келтириб берсанг, сенга «участник войни», деб испарапка ёзиб бераман, деган. Дадам қўштиғни елкага илиб тоққа равона бўладилар. Қарасалар, бир кийик баланд тошда иккита боласи билан пастга қараб турганмиш. Дадам агар отсам, икки нораста боласининг уволига қоламан, дебдилар-у, милтиқдан сочма ўқни олиб, ўрнига простой ўқ жойлабдилар. Мўлжаллаб туриб тепкини босган эканлар, ба фармони худо, ўқ кийикнинг калласидан бир миллиметр юқорига тегиб, шохини чўрт учириб юборибди. Кийик нима гаплигини билолмай енгил бўлиб қолган бошини ликиллатиб кўрармиш. Кийик шохлари тошдан-тошга урилиб шундоққина дадамнинг оёқлари олдига тушибди. Военком номардлик қилиб испарапка бермабди, «камаржоба, камаржоба», деб қўя қопти.
— Хўш, дадангиз яна нима қиптилар? — деди Ҳафизахон атайин, уни калака қилиб.
— Э, кўп антиқа овлар қилганлар. Қайси бирини айтай? Шу десанг, дадамни Сталин ҳам ниҳоятда ҳурмат қилган. Усмон Юсупов ҳар Москвага борганда Сталин ундан, овчи ошнам Толиб Йўлдошевич яхши юрибдими, ўғли Жавлонбек ҳам катта йигит бўлиб қолгандир, мендан салом айтиб қўй, деб тайинлар экан.
— Мюнхаузен салом айтмаганми? — деди Ҳафизахон ўзини гўлликка солиб.
— Салом айтган. Албатта салом айтган бўлиши керак. Айтганча, у ким ўзи?
— Дадангизнинг қадрдон ҳамкасб ошналари, — деди Ҳафизахон лақиллатаётганини сездирмай жиддийлик билан.
— Энди эсимга тушди. Телеграмма келган, олтмишга кирганларида.
Ҳафизахон пиқирлаб кулиб юборди.
— Нега куласан?
— Чап қулоғингиз ўнгига қараганда анчагина кичик экан.
— Энди билдингми? — деди Жавлонбек тўнғиллаб.
— Ҳеч эътибор бермаган эканман.
— Нима деяётган эдим, — деди Жавлонбек калаванинг учини йўқотиб.
— Сталин салом айтган, деяётган эдингиз, — деб гапни юриштирди Ҳафизахон.
— Шу десанг, хотин, политбюро аъзоларидан Тошкентга кимки келса Чимёнгами, Оҳангаронгами овга олиб чиқишарди. Биронта ов дадамсиз ўтмасди. Хрушчев Тошкентга келганда дадам уни Мирзачўлга, тулки овига олиб борган. Хрушчев йўлда: «Тулкини қопқонда овлаш керак, отса, териси тешилиб сифати бузилади, афсус қопқонинг йўқ экан», дейди. Шунда дадамиз хотиржам бўл Никита, терисини бузмай ўқ узиш қанақа бўлишини сенга кўрсатаман, дейдилар.
Улар Крупская колхозига келишганда тепаликдаги туйнукдан ниҳоятда чиройли бир тулки чиқиб атрофни кузата бошлайди. Хавф-хатар йўқлигини билгандан кейин тош устига ётиб ўзини офтобда тоблайди. Хрушчев от, отмайсанми, деб қисталанг қилади. Дадам уни жеркиб ташлайдилар. «Жим турасанми — йўқми? Никита, сабр қилсанг-чи, бунча бесабрсан, ўқ тешмаган сифатли тери керак бўлса, пича кутиб тургин-да», — дейдилар.
Тулки ўрнидан туриб керишади.
Тилло ранг мўйнаси офтобда ялт-ялт қилиб кўзни олади. Кейин у думини гоҳ кўтариб, гоҳ тушириб раққосаларга ўхшаб айланиб-айланиб ўйнай бошлайди. Дадам мўлжалга олиб туриб, тулки думини кўтарганда тепкини босадилар…
Дадам туйнук олдида ётган тулкини гижгагидан кўтариб у ёқ-бу ёғига ҳам қарамай Хрушчевга узатадилар.
— Мана, терисининг бирон жойини ўқ ялаган бўлса, мени дўстларинг рўйхатидан ўчириб қўявер.
Дарҳақиқат, тери бутун эди. Хрушчев дадамни бағрига босиб «Слушай, ти герой», дейди.
Дадам раҳматли ана герой бўламан, мана герой бўламан, деб икки йил радионинг ёнидан кетмадилар. Хрушчев ишдан тушгандан кейин ҳафсалалари пир бўлиб, геройликдан умид уздилар. Яна овчиликка шўнғиб кетдилар. Бир куни Муллақанднинг дадаси билан овга чиқиб…
— … Жавлонбекнинг дами ичига тушиб кетди.
— Нимагаям шу гапни айтдим. Айтай десам, Муллақанднинг дадасидан бошқа одам қуриб кетганмиди-я! Э, каллам қурсин».
— Абрам тоғани айтяпсизми? — деди Ҳафизахон ҳайрон бўлиб, — У киши ҳам овчимидилар? Ахир, товуқни ҳам бировга сўйдирадиган одам қандоқ ов қилади?
«Қўлга тушдим», деб яна ўйлади Жавлонбек. Бу хотинни алдаш қийин. Шошма, хотин, сен шохида юрсанг, мен баргида юраман. Битта хотинни алдаёлмаган эркак, эркакми?
— Шу десанг, хотин, дадамиз жуда шум бўлганлар-да! Бир чўпон дўстимникига овчилар билан тўйга борамиз, ашула айтиб, беш-тўрт сўм ишлаб оласан, чўпонлар артистларга кўп қистиришади, деб алдаб, овга олиб боришган экан… Энди бўлди, ухлайлик. Вақт ҳам алла-палла бўлиб қолди. Эртага ишларим кўп.
— Йўқ, бугун ухламайсиз. Қаёқдаги гаплар билан уйқумни қочириб, энди ўзингиз ухламоқчимисиз? — деди Ҳафизахон зарда билан.
— Гапимга ишонмасанг, нимани айтай?
— Нима бўлса айтаверинг. Рост бўлса эшитавераман.
— Бўпти, агар ов тўғрисида бўлса кечаю кундуз сув ичмай гапираверганим бўлсин.
Жавлонбек бир муддат ўйланиб, гап бошлади.
— Бундан бир ҳафта олдинмидийкин, телестудия олдидаги фонтан орқасидан ўтаётсам, оёғим тагидан юзтача бедана пирр этиб кўтарилса бўладими?
— Бўлмайди, — деди Ҳафизахон. — У ерда шунча бедана нима қилади?
— Элликтача десам ишонасанми?
— Йўқ, ишонмайман. Буёғи метронинг «Пахтакор» станцияси, буёғи панорама киноси, сал нарида политехника институти, одам демаганинг қайнаб турибди. Беданага бало борми?
— Ўнта десам, ишонасанми? Бешта десам-чи? Ишонмайсанми? Ростини айтсам, битта бедана париллаб учди.
— Э, қанақа одамсиз, телестудия олдидаги юзлаб машиналардан томган бензин ҳиди тутиб кетган жойда бедана нима қилади?
— Очиғини айтайми, айтмайми? Айтсам, оёғим тагидан бир нима парр этиб учгандек бўлганди.
— Мусича бўлса керак, — деди Ҳафизахон. — Мусича жуда бефаҳм қуш бўлади. Трамвайнинг изига ҳам ин қуриб, тухум босиб, жўжа очаверади. Трамвай айланиб ўтади, деб ўйлайдими?
— Хотин, бўлди қил, ухлайман.
— Йўқ, ухламайсиз. Агар айтадиган гапингиз тамом бўлган бўлса, энди мен айтаман.
— Нимани айтасан?
— Эшитганингизда биласиз! Менга қаранг. Онангиз раҳматли, қайнотангиз оғизларида овчилар, аслини олганда овчиларнинг милтиғини кўтариб юрадиган, ов қилган жойда гулхан ёқиб битта-яримта ўрдакними, қашқалдоқними пишириб берадиган дастёр эдилар, деб айтардилар. Сиз ҳам худди дадангизларга ўхшаган овчисиз. Нима кўп, мухбир ошнангиз кўп. Нима кўп, ёзувчи ўртоғингиз кўп. Битта чумчуқ отсангиз, уч марта газетада чиқаришади.
— Ҳой, оғзингга қараб гапир! Сен билан эртага гаплашаман.
— Йўқ, ҳозир гаплашасиз. Анави бурни катта ёзувчи ошнангиз нима деб ёзди. Бир кунда иккита бўри билан ит отди, деб ёзди-я? Бунга қайси аҳмоқ ишонади? У ҳам майли-я, бухоролик ёзувчи дўстингиз, бўрининг тирноғи унга даво, бунга даво, деб ёзди. Ким ҳозир бунақа ирим-сиримларга ишонади? Бешариқлик ёзувчи қадрдонингиз Жавлонбек эшакка доялик қилди, деб ёзиб чиқди. Ишхонадаги дугоналарим олдида шармандайи шармисор бўлдим. Хўтикчагина соғлом ўсаяптиларми, деб сўрашади. Ўлмай ўлгир. Леди-ку юзимизни ерга қаратиб кетди. Уни тўй куни қурбон бўлган келинчак, деб эрмак қилишади. Э, медалиям қурсин, дипломиям ордона қолсин!
Жавлонбекнинг дами ичига тушиб кетди. Кўрпага бурканиб олди. У қанча ухлаганини билмайди. Кўзини очса, тонг отиб, бошига офтоб келиб қопти. Хотини кўзи юмуқ, мудраганча ҳали ҳам гапирарди.
— Ўғлингиз ҳам ўзларингга ўхшаган чиқди. Жуғрофия ўқитувчиси арз қилиб келди. У болаларга, дадам билан икковимиз Сирдарёдан ҳатлаб ўтганмиз, деб мақтанибди.
— Яна нима депти? — деди Жавлонбек офтобдан кўзи қамашиб.
— Ҳайвонот боғидаги битта фил билан иккита шерни дадам икковимиз тутиб келганмиз, депти.
— Воҳ, аҳмоғ-е, жуда оширворибди-ку. Битта шер демайсанми, дурак. Ёввойи фил-ку майли, тутиш осон. Аммо шер…
Ҳафизахон, боринг-е деб юзини бурди.
Жавлонбек караса, ҳали-бери хотинининг жағи тинадиган эмас. Апил-тапил кийиниб, кўчага чиқиб кетди. Орқасидан хотини жавраганча қолди.
Муллақанд аллақачон дўконини очиб бўлган экан. Уни кўриб ҳар галгидек сўради.
— Сутро кужо рафте ако Жавлун?
— Гапни кўй, чой-пойинг борми?
— Айни момент, ако. Ҳозир қайноқ чой тахлайман. Дунёга нима гап?
— Нима гаплигини сендан сўраймиз. Айтганча, жиянинг эри билан Америкага кетиб қолибдими? Эри чўрт сним. Аммо-лекин ўзи зўр қўшиқчи бўлганди. Оғизга тушиб, радиоларни обод қилаётганди. Халқ артисти бўлганди-я? Нима жин урди уни?
— Э, сиз сўраманг, мен айтмай, ака Жавлун. Айтсам, забоним куяди. Менга касайсаси бўлмаса ҳам айтай. Бухородан чиққан булбул энди Америкага сайрайди, ай, жалка.
— Ишқилиб, ўзинг Исройилга кетиб қолмайсанми? — деди Жавлонбек унинг жиғига тегиш учун.
— Кетадиганлар кетаверсин. Мен кетмайман. Шу ерга туғилдим, шу ерда ўламан. Ўзбекнинг липошкасини мен еган, қарзимни узай.
Шу пайт осмони фалакдан ёввойи ўрдакларнинг ғақ-ғақ товушлари эшитилди.
Жавлонбек тўдасидан ажралган мажруҳ ўрдакдек кўкка маъюс қараб турарди. Муллақанднинг гапи хаёлни бўлди.
— Сизди газитга ёзиптими? Таможнийнинг итини откан, дептими-е, мелисани тулки ўғриси қилган, дептими-е, моча эшакка акушер бўлган дептими-е… Ишқилиб, одамлар оғзи тўла гап. Сизга маслаҳат, адвокат олинг. Айтганча, Рўзимат мерган итига тилла тиш қўйдирган эмиш… Эшитдингизми?
Бир пайтлар Тошкентнинг иккита машҳур жойи бўларди. Бири Чорсу билан Хадра оралиғидаги Асқар полвоннинг самовари бўлса, иккинчиси Каллахона маҳалласига кираверишдаги Тоға чегачининг дўкони эди.
Асқар полвоннинг самоварига отарчи-артистлар тўпланишиб, тўй-маърака қиладиганлар билан шу ерда шартнома тузишарди. Тоғанинг дўкони эса буёғи Фарғона-Андижону, у ёғи Чимкент, яна буёғи Хўжанд аскиячиларининг дийдор кўришадиган кўп файзли жойи эди.
Бугунги кунга келиб шаҳримизнинг энг гавжум жойларидан бири Муллақанднинг дўкони бўлиб қолди. Муллақанд ўн-ўн бешта йиғма курси ясаб дўконнинг ичкарисига тахлаб кўйган. Айниқса жума кунлари Тошкентдек шаҳри азимда қанчайики овчи бўлса, эрта азондан шу ерга тўпланади. Муллақанднинг электр плитаси бир дам бўлсин ўчмайди. Тепасидаги тунука чойнак вақирлаб қайнагани-қайнаган.
Овчилар жума куни тўпланишлари бежиз эмасди. Мусулмончиликда жума куни то пешин намозигача ов қилиш бехосият ҳисобланади. Елкасида милтиқлилар, қармоқ кўтарганлар, матраб судраганларнинг бари Муллақанднинг дўконида дунё янгиликларидан гаплашиб, жума намозининг тугашини кутишади. Қайси жонивор «Қизил китоб»га кирди, қайси бири чиқди, қайси жониворни отишга рухсат бўлди, қайси бири таъқиқланди, шу срда билинарди.
Гапнинг очиғини айтсам, овчидек аҳил халқни умримда кўрмаганман. Ов мавсумида тоби қочиб қолган мерганларга овга борганлари насиба олиб келишни шарт қилиб қўйилган. Ўрдакми, қирғовулми, тўрттагина беданами, балиқми, ишқилиб, бир улуш олиб келиб йўқлаб қўйиш шарт. Бу қоидани бузганлар «овжўра»ликдан чиқарилади.
Бугун салкам бир ойдирки, Муллақанднинг дўкони ҳувиллаб қолган. Ҳар жума дўконга файз киритадиган овчилардан дарак йўқ.
Ораларидан қил ўтмайдиган овчилар ўртасидан қора мушук ўтди. Бир-бирига рақиб, бир-бирига ёв. Бири ов қилган жойга бошқаси бормайди. Бири мўлжалга олган қуённи бошқаси ҳуркитади. Ораларида қандайдир кўзга кўринмайдиган таранглик анчадан бери бор эди. Бу таранглик тортилиб-тортилиб пўлат занжирни ҳам узиш даражасига етди. Охири бу занжир Жавлон овчининг юбилейи куни узилди. Ота-боболаридан бошланган аҳиллик бир кундаёқ барбод бўлди. Занжирнинг бир томони Овчилар уюшмаси бўлиб, Муллақанднинг дўконида қолди, бир учи мерганлар иттифоқи бўлиб ўзига макон қидириб кетди. Уларни бирлаштириш учун кимлар ўртага тушмади дейсиз? Тоғдан овчилар тушиб муросайи-мадорага келтирмоқчи бўлишди. Чўлдан мерганлар келиб «бхай-бхай» бўлинглар дейишди. Бўлмади. Фақат ўзини ўйлайдиганлар уюшмасига қўшилмаймиз, деб булар айтди. Жанжалкашлар иттифоқига ўлсак ҳам қўшилмаймиз, деб улар айтди.
Хуллас, овдан ғов чиқиб Ҳасан-Ҳусанлар «пом» бўлиб кетишди.
Тошкентда Тўхли мерган деган бир табаррук отахон бўлардилар. Уйларида икки бургутлари, биттадан миққий лочинлари бўларди. Ҳовлилари кўчага тушиб, «дом»дан уй беришганда туролмай, Оҳангаронда яшайдиган ўғилларникига кўчиб кетган эдилар. Ёшлари тўқсондан ошиб овга ярамай қолган, фақат хонаки бургутлари билан гаплашиб, тоғу тошларда ўтган шамолдек югурик йилларини эслаб ўтирардилар.
Отахон Тошкент овчилари ўртасига ола аралашибди, деб «Жигули»нинг орқа ўриндиғида икки бургутни икки ёнларига олиб, шу баҳонада жума намозини Хасти Имомда ўқийман, деб Тошкент қайдасан, деганча йўлга тушибдилар.
Бу хабар ҳам одатдагидек биринчи бўлиб Муллақанднинг қулоғига етди. Шунинг учун ҳам бугун ҳаммадан олдин туриб, дўкон атрофини ёғ тушса ялагудек қилиб тозалаб қўйди.
Жавлонбекнинг бу гаплардан хабари йўқ эди. Хотиржам ўтириб Муллақанд дамлаб берган чойни хўриллатиб ичарди.
— Эшитдингизми, мулла Жавлун, пир келаётганмишлар.
— Йўғ-е, — деди Жавлонбек ҳайрон бўлиб. — Тинчликми? Қари одам йўлда уриниб қолмасмикинлар?
— Сизларнинг ноаҳилликларингиз шундоқ отахонни ҳам беспокойса қилопти. Нимани талашасизлар? Ота-боболарингдан қолган хазинани талашяпсизларми?
Жавлонбек ўйланиб қолди. Кўнгли бир нарсани сезгандек бўлди. Отахон бўладиганини бўлади, бўлмайдиганини бўлмайди, деб чўрт кесиб кетадилар. У кишига гап қайтариб бўлмайди.
— Маҳмуд мўйловга айтайми, палов тахласин, — деди Муллақанд.
— У кишига ош ботмайди. Ҳазми осонроқ овқат қилиш керак.
— Э, омон бўлинг, ака Жавлун. Ўзингиз мусулмон бўлсангиз ҳам, таомилни билмайсиз. Ахир рўза-ку! Ифторга у-бу тахлаб қўйиш керак.
Жавлонбек ҳижолат кўзини қаёққа яширишни билмай қолди.
Бу хабар мерганлар иттифоқига ҳам етганди. Тўрт-беш мерган тўпланиб, пир нима десалар, шу бўлади, деган қарорга келиб қўйишган эди.
Муллақандга, икки томондан ўн беш кишидан Маҳмуд мўйловнинг ошхонасига тўпланишсин, отахон шу ерга келадилар, деб битилган хат келди.
Ошхонада ўн бештаси у томонга, ўн бештаси бу томонга қараб, бир-бирига орқа ўгириб, отахонни кутарди.
«Жигули» келди. Унда икки бургутни икки ёнларига олиб отахон ўтирардилар. У киши машинадан тушмадилар. Бир-бирига тескари ўтирган шогирдларига деразадан қараб битта гап айтдилар.
— Аҳмоқлар!
Ҳеч кимдан садо чиқмади.
— Билиб қўйинглар, дуоибанд қилсам, у дунё-бу дунё овларинг ўнг келмайди. Қани, ўрниларингдан турларинг!
Мўйловли, мўйловсиз, пакана, новча овчилар гурр этиб ўрниларидан турдилар.
— Бундан буён сен овчи, мен мерган, деган гап йўқ. Икковинг ҳам бирсан. Тамом, Аллоҳу акбар!
Отахон бошқа гап айтмадилар. Шофёр болага, ҳайда дедилар-у, жўнаб кетдилар…
Ўрта Осиё ва Қозоғистонда, янгича қилиб айтганда, Марказий Осиёда отахоннинг бир гапини икки қиладиган мард топилармикан?
Жавлонбек икки кун ўтиб аптекадан хотинига пахта олишга чиққан эди. Муллақанднинг дўконида бошқа одам ўтирганини кўрди. Ундан Муллақанд қани, деб сўраган эди, дўстингиз Изроилга жуфтакни ростладилар, деб жавоб қилди.
Жавлонбек, вой липошка тешиб чиққур-е, деб кулиб қўйди.